САВОЛ: Ҳазрат, «Захоирул ашрафия» номли китобда «тиш таҳоратда ички аъзога, ғуслда эса ташқи аъзога ўтади», деб ёзилган экан. Шу китобда, тишга пломба қўйиш мумкин эмас, деб қаттиқ таъкидланган экан. Илтимос, китобнинг шу мавзуъини шарҳлаб берсангиз.
ЖАВОБ: Сиз айтган китобни билмайман. Аммо сиз келтирган маълумотга кўра айтадиган бўлсак, мазкур китобдаги ўша гап тўғри эмас.
Жумҳур уламолар, тишга нафақат пломба қўйишни, балки уни бирор метал билан қоплашни ҳам жоиз деганлар ва ўз сўзларига бир қанча шаръий далиллар ҳам келтирганлар.
عَنْ عَرْفَجَةَ بْنِ أَسْعَدَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أُصِيبَ أَنْفِي يَوْمَ الْكُلَابِ فِي الْجَاهِلِيَّةِ، فَاتَّخَذْتُ أَنْفًا مِنْ وَرِقٍ فَأَنْتَنَ عَلَيَّ، فَأَمَرَنِي النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ أَتَّخِذَ أَنْفًا مِنْ ذَهَبٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ.
Арфажа ибн Асъад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жоҳилиятда Кулоб воқеъаси куни бурним ярадор бўлди. Шунда кумушдан бурун қилиб олувдим, сасиб кетди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тилладан бурун қилиб олишимни амр қилдилар».
Термизий ва унинг Икки Соҳиби ривоят қилган.
Уламоларимиз ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб, бурундан бошқа аъзолар зарар топиб, ўрнига сунъий нарса қўйиш эҳтиёжи туғилиб қолса, уни тилладан қўйиш жоиз, деган фатвони чиқарганлар.
Бу масала, хусусан, сунъий тиш қўйдиришда кўп асқатади. Бу борада имом Термизий: «Аҳли илмларнинг бир қанчалари тилла тиш қўйдирганлари ривоят қилингандир», деганлар.
Имом Тобароний Абдуллоҳ ибн Амрдан қилган ривоятга кўра, у кишининг оталарининг тиши тушганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилла билан маҳкамлаб олишга амр қилган эканлар.
رَوَى ابْنُ قَانِعٍ بِسَنَدِهِ فِي «مُعْجَمِ الصَّحَابَةِ» عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ أُبَيِّ بْنِ سَلُولٍ، قَالَ: انْدَقَّتْ ثَنِيَّتِي يَوْمَ أُحُدٍ، فَأَمَرَنِي النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ أَتَّخِذَ ثَنِيَّةً مِنْ ذَهَبٍ.
Ибн Қонеънинг «Мўъжамус-саҳабаҳ» номли китобида Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулдан ривоят қилинади:
«Уҳуд куни тишим тушиб кетди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тилладан тиш қўйиб олишни амр қилдилар».
Баъзи кишилар, сунъий тилла тиш қоплама бўлиши эътиборидан, асл тиш тилланинг остида қолиб кетиб, ғусл ва таҳорат пайтида унга сув тегмай қолади-ку, деган мулоҳазага ҳам борадилар. Бунга уламоларимиз: «Аввало, мазкур қоплама жабийра ўрнида, сув тегмаса ъам ҳечқиси йўқ. Қолаверса ўша сунъий тилла тишни таҳоратли ҳолда қўйдирса, мазкур мулоҳазага ўрин қолмайди», деган жавобни берганлар ва ана шундоқ қилинганда, кейинги таҳорат ва ғуслларда тилла тишга теккан сув асл тишга теккан ўрнига ўтаверишини айтганлар. Зеро, соғлиққа зарар етганда, зарурат юзасидан бўладиган ишларда енгиллик томонини олиш Ислом шариатининг қоидаларидандир.
Кўриниб турибдики, шариатимизда оддий ҳолатларда жоиз бўлмаган нарсаларга зарурат юзасидан рухсат берилиши ҳам мумкин экан. Валлоҳу аълам.