САВОЛ: Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари! Менга аввалроқ бир ҳожи ака «пул савдоси»(яъни, биз «қора бозор» деб атайдиган, бозорларда миллий сўмимизни хорижий валюталарга ва аксинча айирбошлаш) ва ундан олинган фойда «ҳалол» деб айтган эдилар. Ҳозирги кунда илм-фан тараққиёти ва интернет имкониятлари билан электрон бозорларда ҳам пул савдосини амалга ошириш мумкин. Бу электрон бозорларнинг қонун талаблари «қора бозор»да амал қилинадиганларига қараганда анча тартибли,
ҳаққоний савдо тўла таваккалчилик йўли билан, яъни валюта курси ёки ўсади, ёки тушади тарзида олиб борилади. Кимнинг қайси йўлни танлаши ўз аналитик ва интуитив қобилиятларига боғлиқ. Холислик юзасидан бундай бозорларга манфий ёндошадиганларнинг асосий учта аргументларини ва бозор тарафдорларининг бу аргументларга қарши жавобларини айтиб ўтишим лозим, биратўла сизда ҳам яққолроқ тушунча ҳосил бўлишидан умидворман.
1. Бу бозорларда бўладиган савдода қимор (азартга берилиш) элементлари ҳам бор. Бу гапда жон бор. Лекин одам азартга берилувчан ўйинчими ёки профессионал савдогар, бу биринчидан ҳали бозорда ишламаган одам била олмайдиган нарса, иккинчидан одамнинг ўзига боғлиқ. Бу бозорларда суяги қотган профессионалларнинг ўз китобларида ёзишларича, бу бозорга кирувчи ҳар бир инсонда дастлабки босқичда профессионализмдан кўра қизиқ-қонлик устун бўлади, вақт ўтиши билан, инсон ўз устида ишлаши билан қизиққонликни йўқотса бўлади, дейдилар.
2. Иккинчи аргумент: бу бозорларда ишловчилар жисмоний меҳнат билан шу-ғулланмайдилар, улар компютер олдида ўтириш ва таҳлил билан шуғулланадилар, яъни савдони ҳалол қилиш учун бирон-бир товарнинг бир жойдан бошқа жойга кўчиши лозим, деган фикрга асосланадилар. Лекин ҳозирда интернетда нафақат пул билан, хатто товарлар савдоси билан ҳам шуғулланиш мумкин, ваҳоланки буни ҳам компютер олдидан жилмасдан амалга ошириш мумкин, чунки тегишли компаниялар ўзлари товар кимдан кимга кетиши кераклиги ҳақида қайғурадилар ва улар бу ишларни одатда арзга ҳожат қолдирмасдан амалга оширадилар. Мен сўз юритаётган пул бозорларида ҳам худди шундай, яъни катта-катта банклар пул кимдан кимга кет-япти, ким кимга қанча бериши керак, ўзлари ҳал қиладилар. Савдогар фақат ҳар бир савдоси учун қанча пул сарфлаётганини билиб борса бас, хатто унинг қанча пул топаётганлиги ёки йўқотаётганлиги ҳисобини ҳам унинг учун компютерлар бажариб беради (хоҳласа ўзи ҳам бажариши мумкин).
3. Учинчи аргумент: бу бозорлар ҳақида умумий тушунча шундай, бу ерда фақат пул савдоси бўлганлигидан, ишлаб чиқариш йўқ. Хулоса қилиш мумкинки, кимдир ютса, демак кимнингдир пул йўқотиши ҳисобига пул топмоқда. Лекин, ҳозирги кунда мамлакатлар иқтисодиёти шунақанги даражада ривожланганки, мамлакат иқтисодиётидаги ишлаб чиқариш унинг миллий валютаси курсидаги ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ, яъни ишлаб чиқаришга ва умуман иқтисодиётнинг ўсишига таъсири катта. Шу нуқтаи назардан электрон бозорлар тарафдорлари бу аргументни ҳам йўққа чиқаришади.
Бу саволни сўрашимдан мақсад, менинг Университетдаги диплом ишим айнан шу мавзуга тегишли бўлиб, ўзимнинг ҳам яқин келажакда иншоаллоҳ шу иш билан шу-ғулланиш ниятим бор. Саволларим:
1. Шу бозорларда савдо қилиб, пул топиб, «топгани ҳалол» деб баралла айтиш мумкинми?
2. Худди шу усулда компаниялар акциялари билан ҳам олди-сотди ишларини юритиш мумкин. Биратўла акъиялар хусусида ҳам ҳукм берсангиз. Жавобингиз учун раҳмат.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Робитатул Оламил Исламий ҳузуридаги Ислом Фиқҳи Академиясининг 1404 ҳижрий сана, 11-16 Робиъус-сонийда бўлиб ўтган мажлиси қарори таржимаси.
«Ислом Фиқҳи Академияси биржа ва ундаги бўладиган акция, қарз қоғозлари, савдо моллари, пуллар ва бошқа савдолар билан яқиндан танишиб чиққанидан ва муноқаша қилганидан кейин шариат аҳкомлари асосида қуйидаги қарорларни қабул қилди:
Биржанинг ғояси доимий бозор мавжуд қилиш ва унда иштирок этувчилар учун олди-сотдига, молларини савдога қўйиш ва талаб қилишга шароит яратишдир. Бу жуда ҳам фойдали ва яхши иш бўлиб, билмайдиган ва ҳушёр бўлмаган кишилар, олди-сотдига муҳтож, аммо ҳақиқий баҳони билмайдиганларнинг баъзи ғаразгўйлар томонидан алданиб қолишларини ман қилади. Шунингдек, сотувчи ва олувчиларга катта ёрдам беради.
Лекин шу билан бирга, биржа савдосида шариат рухсат бермаган қиморга ўхшаш, бировнинг ҳисобидан фойда кўриш ва одамларнинг молини ботил йўл билан ейиш каби муомалалар ҳам бор. Шунинг учун биржа ҳақида умумий ҳукм чиқариб бўлмайди. Балки, унда бўладиган ҳар бир муомалага алоҳида тўхтаб ўтишга тўғри келади:
Қарз қоғозларининг устига фойда қўйиб сотишнинг барча турлари рибо бўлгани учун шаръан жоиз эмас.
Насия савдонинг барча турлари акъия ёки савдо моллариники бўлса ҳам, модомики сотувчининг мулкида эмас экан, биржадаги услубда сотиш шаръан жоиз эмас. Чунки, бунда шахс ўзининг қўлида бўлмаган нарсани кейинроқ бошқа тарафдан сотиб олиб бериш шарти билан сотади. Бу эса Расул алайҳиссаломдан ривоят қилинган «Ўзингда бўлмаган нарсани сотма» деган ҳадисга биноан шариатда ман қилингандир. Шунингдек, имом Аҳмад ва Абу Довудлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом «Савдо моллари сотилган жойида токи тожирлар ўз молига қўшиб олмагунча қайтадан сотилмас», деганлар.
Биржадаги қўлма-қўл бўлмаган савдолар шариатдаги салам савдосига ўхшамайди. Уларнинг орасида иккита фарқ бор. Биринчиси: Биржадаги қўлма-қўл бўлмаган савдода нархни кейин берилади. Салам савдосида эса нарх савдо мажлисида берилади. Иккинчиси: Биржа савдосида савдо моли биринчи сотувчи қўлида турган ҳолида бир неча марта савдо қилиниб, олиб-сотилади. Бунда сотувчи ва харидор орасида фақат фойда олинади. Худди қимордаги каби фойда ёки зарар кўриш эҳтимоли бўлиб туради. Саламда эса, қўлида йўқ нарсани сотилмайди». Валлоҳу аълам.