3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам


МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ.

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат қилади.

Катталар кичиклар манфаати учун, кичиклар катталар манфаати учун, бойлар фақирлар манфаати учун, фақирлар бойлар манфаати учун, тенгдошлар тенгдошлар манфаати учун, эркаклар аёллар манфаати учун ва аёлллар эркаклар манфаати учун харакат қилишади. Агар фаразан шундай бўлмаса эди, унда ҳар бир инсон ўзи ер ҳайдаб, деҳқончилик қилиб, ўтин териб, экин суғориб, уруғчилик қилиб, йиғим-теримни ҳам ўзи бажариб, ҳосилги тозалаш, ун қилиш, ҳамир этиш, нон қилиш ва пишириш каби барча юмушларга ўзи имкон топиши керак бўлар эди. Бунинг эса имконияти йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикмати шундаки, ҳар бир қавм маълум бир манфаатнинг турини ҳосил қилиш ҳаракатида бўлиб, Ҳақ таоло уларнинг ҳар бирига амалларини чиройлик кўрсатиб қалбларига унинг муҳаббатини солиб қўяди. Шу билан улар ўзларининг фойда ва зарарларига эга бўлишади. Ижтимоий илмлар асосчиси “Ал-Муқаддимату либни-Холдун” асарининг муаллифи буюк олим Ибн Халдун шундай ёзади:
“Оддий буғдойдан бўлган нонни ҳар бир киши ўзи мустақил ҳосил қила олмайди. Балки харакат қилса олти ёки ўн кишининг ёрдамига муҳтож бўлади. Мисол учун темирчидан ер ҳайдашга темир олади. Дурадгордан омоч, молбоқардан хўкиз, ўроқчидан ўроқ ва бошқа деҳқончилик учун керак бўладиган барча ёрдамга эҳтиёжи тушади. Уларнинг ҳар бири ўз амалига тақсимланади. Ёки ҳаммалари тўпланишиб ўз касблари билан егуликни ҳосил қилишга интилишади. Турли касб эгалари жамоат бўлишганларидан кейин ишчиларнинг зарурат ва эҳтиёжларидан зиёда нарса ҳосил бўлади”.

МАСЛАҲАТЛАРНИНГ ТУРЛАРИ.
ЭЪТИБОРЛИ МАСЛАҲАТЛАР ВА ЭЪТИБОРИ ЙЎҚ МАСЛАҲАТЛАР.

Чегараланмаган маслаҳатлар ва ноаниқ маслаҳатлар.
Унинг эътиборли эканлигига шариатда далил келган маслаҳатга мўътабар маслаҳат дейилади. Шариатда эътиборсиз дея собит бўлган маслаҳатга эътиборсиз маслаҳат дейилади. Уламоларимиз чегарасиз маслаҳатлар учун улар ноаниқ маслаҳатлар бўлиб қолмаслиги, шариатда зиддиятга йўл қўйилмаслик мақсадида муайян шартларни жорий қилишган.
Ўтимсиз маслаҳатлар ва ўтимли маслаҳатлар.
Намознинг манфаати уни ўқигувчидан бошқага ўтмайди.
(Шунинг учун уни ўтимсиз манфаат дейилади).
Аммо адолатнинг манфаати бошқаларга ҳам ўтади. Агар бу икки манфаат бир-бирига қарама қарши бўлиб қолса, ўтимли манфаат ўтимсиз манфаатдан устун қўйилади. Шу сабабли чўкаётган одамни қутқариш учун намозни бузиш вожиб бўлади.

МУТЛАҚ  МАНФААТЛАР  ВА НИСБИЙ МАНФААТЛАР.

Имом Шотибий роҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди:
(Имом Шотибий усули фиқҳнинг улуғ олимларидан бўлиб, “Ал-Мувафақот” номли машҳур китобнинг муаллифидир. Бу зот шариатнинг мақсадлари деган истелоҳни биринчилардан бўлиб қўллаган)
“Албатта манфаат ва зарарлар мутлақ ҳақиқий бўлмайди, балки бир нарсага қўшилиб (яъни нисбий) бўлади. Бирор нарсага қўшилиб манфаат ёки зарар бўлишининг маъноси, бир ҳолатда зарар бўлса бошқа ҳолда фойда бўлади. Бир шахсга нисбатан фойда бўлса, бошқа шахсга зарар бўлади. Баъзи вақтда фойда-зарари бор нарсани бошқа пайтда фойда-зарари йўқ бўлади. Мисол учун емоқ ва ичмоқ инсон учун зоҳирда манфаат ҳисоблансада, лекин унинг манфаати емоққа истак бўлиб, таом эса покиза ва мазали бўлганда фойда бериши мумкин. Ёқимсиз ва аччиқ бўлса емоқдан манфаат ҳосил бўлмайди. Нарсалар ўз ҳолича мутлақ зарарли ҳисобланмайди. Уни касб этиб ҳосил қилишда ҳам мутлақ зарар билинмайди. Бу зарар ўша вақтда бўлсин ёки кейинроқ бўлсин фарқи йўқ. Бу ишларнинг бир жойда жамланиши ўта мушкулдир. Кўпгина манфаатли нарсалар бор, баъзилар учун унинг фойдаси йўқ, балки зарардир ёки баъзи вақт ва ҳолатда зарар бўлиб, бошқа пайтда зарар бўлмайди”.
(Демак хулоса шуки, маслаҳатлар доим нисбий бўлиб баъзи ўринлардагина мутлақ бўлиши мумкин).

ХОЛИС  (ЯЪНИ ФАҚАТ МАНФААТДАН ИБОРАТ БЎЛГАН) МАСЛАҲАТЛАР ВА ФАСОД АРАЛАШГАН МАСЛАҲАТЛАР.

Холис маслаҳатлар яъни соф манфаатларнинг топилиши ниҳоят даражада нодирдир.
(Яъни ҳар бир нарсанинг фойдаси юз фоиз бўлмайди. Юз фоиз фойдали нарса бўлса ҳам у ниҳоят даражада оз топилади).
Мисол учун емоқ, ичмоқ, киймоқ, турар жой ва улов кабилар манфаатли ҳисобланади. Лекин уларни топишда машаққат ва чарчоқ мавжуд. Энди шу машаққат ва чарчоқни деб фойдаси кўп бўлган манфаатларни тарк қилинмайди.
(Яъни бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйилмайди).

ВОҚЕАЛИКДАГИ БОР МАСЛАҲАТЛАР ВА БЎЛИШИ КУТИЛАДИГАН МАСЛАҲАТЛАР.

Воқеаликда бор манфаатлардан емоқ, ичмоқ, киймоқ, маскан, улов ва мубоҳ нарсаларни овлаш ҳамда ўтин териш кабилар кирса, бўлиши кутиладиган манфаатларга тижорат, таълим, саноат ва деҳқончилик кабилар киради.
(Яъни ейиш, ичиш, кийиниш, миниш ва масканда туриш билан воқеаликда манфаат ҳосил бўлади. Шунинг билан бирга ҳалол овларни ким овласа унга эга чиқади, тоғ ва адирларда ётган ўтинлар ҳам йиғиб олганники. Яъни булар воқеаликда кўриниб турган манфаатлардир. Аммо тижоратчи савдосидан фойдани бўлиш ёки бўлмаслигини кутади. Илм ўқиш фойда эканлигини билиб бир киши таълим олади. Лекин бу киши учун ҳам фойда ҳали воқеаликда йўқ. Демак шу кабилар бўлиши кутиладиган манфаатлардан ҳисобланади. Гоҳо булардан фойда чиқмай қолиши ҳам мумкин).
Яна рўёбга чиққан аниқ маслаҳатлар ва тақдирий яъни фараз қилинган маслаҳатлар бўлади. Тақдирий деганда йўққа бор деб, борга йўқ деб ҳукм беришга тушунилади. Зимма деб инсонга бир ишни илтимос ёки буйруқ билан юклашга айтилади. Гарчи у инсон бу ишга лойиқ бўлмасада, қарзни бир кишининг зиммасига юкланса, унда шу миқдор бор деб фараз қилинади, лекин аслида ўша миқдорнинг ўзи ҳам, ўрни ҳам йўқ. Мулкнинг борлиги молда деб фараз қилинади. Лекин ҳақиқатда мулкнинг қоимлиги мулкда эмас. Бундай фараз қилинишнинг сабаби ҳукмларни жорий бўлишлиги учундир.
(Яъни фараз қилинган ҳар бир нарсани бор деб тушунилса ҳукм шунга қараб жорий бўлади. Мисол учун бир кишининг қўлида пули йўқ, лекин бошқаларнинг ундан қарзи бор. Ўша қарзларни ҳисобласа нисобдан ортади. Демак ушбу қарзларни унинг мулкида бор деб фараз  қилинади ва бой деб ҳисобланади.Энди у закот беради, қурбонлик қилади ва бошқа ҳукмлар унда жорий бўлади. Буни акси ўлароқ, бир кишининг қўлида нисобдан ортиқ пули бор лекин бошқалардан қарзи икки ҳисса нисоб миқдорида. Демак бу кишининг қўлидаги молни йўқ деб фараз қилинади ва фақир ҳисобланиб, закот олиши жоиз бўлади).
Яна маслаҳатлар ичида фарзи айнлари ва фарзи кифоялари ҳам бор. Фарзи кифоя бўлган манфаатларга фақирларга ёрдам бериш кабилар кирса, фарзи айн манфаатларга намоз, рўзага ўхшаш ибодатлар киради.
(Яъни жамоатдаги фақирларга ҳамманинг ёрдам беришлиги шарт эмас, балки баъзи бой кишилар ёрдам қилишса қолганлардан соқит бўлади. Шуни фарзи кифоя дейилади. Аммо намоз, закот, рўза каби ибодатларни жамиятдаги ҳар бир шахс ўзи адо қилишлиги керак. Маълум бир гуруҳ намозни ўқиса қолганлардан намоз ўқишлик соқит бўлмайди. Мана шуни фарзи айн дейилади).
Фарзи айннинг манфаати асосан бажарувчининг ўзида қолса, фарзи кифоянинг манфаати бошқаларга ҳам ўтади.
Яна эвазлик манфаатлар ва ихтиёрий манфаатлар ҳам бор. Эвазлик манфаатлар кўпчиликни ташкил қилса ихтиёрий манфаатлар нодир бўлади. Иззуддин ибн Абдуссалом шундай дейди: “Аллоҳ таоло бандаларига кўплаб манфаатларни ҳосил қилишлари учун олди-сотдини мубоҳ қилди, ижарага ҳақ бериш ва ваколат кабиларга рухсат берди. Бу каби манфаатларнинг санаб адоғига етиб бўлмайди. Агар фаразан олди-сотди ҳалол қилинмаганида эди, бандаларнинг ейиш, ичиш, кийиниш, маскан тутиш ва деҳқончилик каби яна бошқа кўплаб манфаатлари йўққа чиқарди. (Бу манфаатлар Аллоҳ таоло томонидан жорий қилингани шубҳасиз ва бунларда миннат ва таъналар йўқ).  Шу ўринда ҳадя, васият ва садақаларнинг эътибори йўқдир. Чунки буларнинг сони эваз манфаатлари олдида деярли йўқ ҳисоб. Чунки ихтиёрий манфаатларнинг ҳосил бўлиши уни бажарувчининг саҳийлигига боғлиқ. Лекин барибир бу манфаатлар амалга ошган тақдирда ҳам орқасидан миннат ва машаққат бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас”.
Яна маслаҳатлар ичида азиматлари ва рухсатлари бор.
(Яъни азимат деб бир ҳукмни қилишни қаттиқ талаб этишга айтилса, рухсат бажаришлик қаттиқ талаб қилинмаган ҳукмга айтилади).
Агар икки далил бир-бирига зид келиб, бири рухсатни иккинчиси азиматни тақазо қилса уламолар қайси бирини олишда ихтилоф қилишган. Баъзилар рухсатни олиш керак, чунки у юмшоқроқ ва осонроқдир десалар, бошқалари азиматни олиш керак чунки бу эҳтиётлироқ, дейишган.
(Мисол учун сафардаги тўрт ракаатлик фарз намозларини икки ракаат қилиб ўқишлик яъни қаср ҳақида Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибни Ҳанбал роҳматуллолҳи алайҳимлар рухсатни олдинга суришган. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи эса намозни сафарда қаср қилиб ўқиш азимат, эҳтиёж юзасидан қаср қилишни вожиб деймиз дейдилар).
Яна маслаҳатнинг турларидан баъзилари очиқ маслҳатлар ва баъзилари дақиқ маслаҳатлар ҳисобланади. Манфаат ва зарарларни ҳар ким ҳам тўлалигича ажратиб олиши мушкул. Бу кабиларни фақат фаҳм-фаросатлик ва тўғри табиатли кишиларгина фарқига бориши мумкин. Бу соҳада инсонлар фарқлидирлар. Фойда ва зарарлар ичида ҳамма бирдек ажратадиганлари ҳам бор. Баъзи фойда-зарарларни фақат хос кишиларгина фарқига боришади. Яна фойда ва зарарларни шундайлари борки, уни фақат хосларнинг хосларигина ажрата олади. Аслида фойдадан зарарни ажратиш у қадар қийин иш эмас, балки фойдаларнинг қай бири фойдалироқ ёки зарарларнинг қайсиниси зарарлироқ эканлигини ажратиш мушкулдир.
Яна маслаҳатларнинг қатъий ва зоннийлари ҳам бўлади.
(Қатъий маслаҳат деб аниқ илм билан собит бўлган унинг аниқлигига путур етказадиган бошқа далил келмаган маслаҳатга айтилади. Зонний маслаҳатлар деб аниқ илм билан собит бўлмаган маслаҳатга айтилади. Маълумотлар аниқ ёки ноаниқлигига қараб бешга бўлинади.
1. Қатъий илм. Аниқлиги юз фоиз бўлган маълумотга қатъий илм дейилади.
2. Зонн  (гумон). Аниқлиги юз фоизга етмаган аммо эллик фоиз дан ошган маълумотга зонн яъни гумон дейилади.
3. Шак. Маълумотнинг аниқлиги ёки ноаниқлиги элликка эллик бўлса шак дейилади.
4. Ваҳм. Аниқлиги эллик фоизга етмаган, ноаниқлиги эллик фоиздан ортиқ бўлган маълумотга ваҳм дейилади.
5. Ноаниқлиги юз фоиз бўлган маълумотга жаҳл дейилади. Демак маслаҳатлар юз фоиз илм билан ёки юз фоизга етмаган илм билан собит бўлар экан).
Дунёнинг маслаҳатлари яъни фойда ва зарарлари тажрибалар, одатлар ва зоннлар билан билинади.
(Кишилар бир ишни кўп тажриба қилганликларидан унинг фойда зарарини билишади. Бир ишга доим одат қилинса ҳам унинг манфаати ёки зарари маълум бўлиб қолади. Зоннинг таърифини юқорида айтдик).
Шариатдаги аксар ҳукмларда зонн қатъий илм ўрнида қабул қилинади.
(Лекин бу қоида ақидада қабул қилинмайди).
Агар бир маслаҳат юзасида аниқ илм собит бўлмаса зонний илмга суянишлик тўғри бўлади.
(Демак бундай пайтда шак, ваҳм ва жаҳл қабул қилинмас экан).
Баъзи ҳукмлар фақатгина қатъийлик яъни аниқ илм билан собит бўлади. Бу ўринда зоннийлик яъни аниқлик бироз етишмаган илм билан собит бўлмайди. Зонн билан собит бўладиган ҳукмларнинг ҳам кучли ва заифлари бўлади. Албатта кучли зонн заифидан афзал ҳисобланади. Зонний далолатларнинг аксари тўғри чиқиб, нотўғриси кам бўлганлигидан шариатда уни илм ўрнида қабул қилинган. Шунинг учун нодир зарарлар деб, ғолиб манфаатлардан воз кечилмайди ёки далили қатъий эмас, балки зонний экан деб ҳам юз ўгирирлмайди.
(Мисол учун тижоратни фойдали эканлигини айтилганда зарар кўрганларнинг эътиборини қилинмайди. Чунки фойда кўрганлардан зарар кўрганлар доим оз бўлади. Шу озчиликнинг зарари деб тижоратдан воз кечилмайди. Балки улар ўзлари эплай олишмаган, аслида тижорат фойдали касб деб айтилаверади).

Аслида аксар манфаатлар қатъий илмга эмас, балки зонний илмга асосланади.


1 ўн йил аввал 6424 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
1 ўн йил аввал 6550 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
1 ўн йил аввал 6683 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
1 ўн йил аввал 5475 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
1 ўн йил аввал 6081 fiqh.uz