5-дарс. 2-фасл. Қоидалар


- Таърифи:
Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади.

“У умумий ҳукм бўлиб шаръий далилга суянган бўлади, шу билан бирга жумлаларнинг баёни қофияли, бошқа жумлалардан ажраб туради. Яна қоида қайси масаланинг устига қўйилган бўлса ўша масаланинг жузъиётларига доимий ёки кўпинча қўлланилади.
Қоидаларнинг тузишдан бир неча фойдалар назарда тутилади:
1. Бир неча масалаларнинг ечимини бир йўлга тартиблаб қўйиш;
2. Майда масалаларнинг ёдда туришини осонлатиш;
3. Фатвога ёрдам бериш;
4. Шариатнинг мақсадларини тушунишни қулайлаштириш;
5. Оммага фиқҳни ўрганишни осонлаштириш ва ҳоказо.
Ушбу қоидалар гоҳида умумий бўлиб, баъзида муайян бир мазҳабга хос бўлади. Яъни ҳамма уламолар иттифоқ қилган қоидалар ҳам ва у тўғрисида уламолар ихтилоф қилишган қоидалар ҳам бор. Баъзан бу қоидаларга ҳадиси шарифнинг ўзини келтириб қўйилса, баъзида ҳадисдан умумий маънони олиб қоида қилинади. Шу билан бирга бу қоидалар фиқҳий ҳукмларни чиқариб олиш учун далил бўла олмайди. Чунки қоидаларда бир қанча истиснолар ҳам ворид бўлади. Яна қоидалар қатъий илмга асосланмайди, балки уларнинг далолати зонний бўлади. Чунки қоидаларнинг аксари бир масалани ўрганиш жараёнида ҳосил бўлган хулосадан олинади. Бу каби хулосалар гоҳида нуқсонли бўлиши табиий.

НАМУНАЛАР.
1-ҚОИДА.
الأمور بمقاصدها
ИШЛАР МАҚСАДГА КЎРА БАҲОЛАНАДИ.

Шоядки бу қоида Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
“Албатта амаллар ниятлар эътибори биландир”,-деган муборак ҳадисларидан олинган бўлса ажабмас. Ушбу қоиданинг татбиқини вакиллик масаласида кўрсак бўлади. Бир киши бошқа бир кишини савдо моли сотиб олиши учун вакил қилса, вакил савдо молини олишда вакил қилувчининг номидан оляпман, деб ният қилса ёки шу вакил қилувчининг пулидан тўласа савдо вакил қилувчининг савдоси ҳисобланади. Аммо вакил савдони ўзи учун ният қилса ёки вакил қилувчининг пулини ишлатмай ўзининг пулидан тўласа бу савдо ўзининг савдоси ҳисобланади. Яна бир киши ёмғир суви тўпланса ишлатаман деган ният билан очиқ жойга бир идиш қўйса, тўпланган сув унинг мулки ҳисобланади, аммо нияти бўлмаса идишда тўпланиб қолган ёмғир сувини ким олса ўшаники бўлади. Агар ов ниятида бир жойга тўр ташланса ёки чуқур қазилса тушган ўлжа тўр ташлаган ёки чуқур қазиган кишиники ҳисобланади. Лекин тўр ташлаш ёки чуқур қазишда ов нияти бўлмаса, тўрга илинган ёки чуқурга тушиб қолган ўлжа ким олса ўшаники бўлади.
Агар киши йўлдан бир нарса топиб эгасига бериш ниятида олса, ўша нарса унинг қўлида омонат ҳисобланади, унинг айбисиз омонат йўқолса зомин бўлмайди, лекин топилган нарсани ўзи учун олса у бировнинг мулкини тортиб олган ҳисобланади, ҳар қандай ҳолда ҳам уни тўлайди. Ушбу қоида шариатнинг мақсадларига хилоф бўлган барча ҳийлаларни ботил қилади.

2-ҚОИДА.
الأصل في المعاملات الإباحة
МУОМАЛАЛАРДАГИ АСЛЛЛИК МУБОҲЛИКДИР.

Яъни ҳар қандай муомала, олди-берди аслида мубоҳдир, фақат унинг ҳаромлиги тўғрисида бирор далил келган бўлсагина ўша ҳаром ҳисобланади. Бу қоида жумҳур уламоларимизнинг сўзлари ҳисобланади. Бу ўринда:
“Муомалалардаги асллик ҳаромликдир, токи унинг мубоҳлигига далил келмагунча”,-деган заифроқ фикр ҳам бор.
Яна баъзилар:
“Муомалалардаги асллик мубоҳ ёки ҳаромлигига далил келмагунча (ҳукмини айтмай) тўхтаб туришдир”,-дейишади.

3-ҚОИДА.
الأصل في العقود والشروط الصحة
АҚДНОМАЛАР ВА ШАРТНОМАЛАРДАГИ АСЛЛИК ДУРУСТЛИКДИР.

(Яъни ҳамма ақдлар ва шартлар аслида дуруст деб ҳисобланади).
Фақат шариатни жорий қилувчи Зот ботил деган ёки ундан қайтарган ақд ва шартномалар дуруст ҳисобланмайди. Тўрт мазҳаб уламоларимиз ичида шартларни энг кўп дуруст деган киши имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳ ҳисобланадилар.

4-ҚОИДА.
الأصل براءة الذمة
АСЛИДА (ИНСОННИНГ) ЗИММАСИ ПОКДИР.

(Яъни маҳкама қарор чиқариб, бир кишининг жиноятини исботламагунча у айбсиз ҳисобланади).
Бир киши бошқа кишига пул берса, кейин нима учун берганлиги тўғрисида тортишиб қолишса, берган қарз эди десаю, олган совға деб бердинг, деса қози олганнинг совға деган гапини қабул қилади. Чунки иккисидан бирининг гапини қувватлашга гувоҳлар йўқ, аммо олган ўзининг зиммасининг поклигини даъво қилмоқда. Шу ўринда инсоннинг зиммаси покдир деб уни оқланади.

5-ҚОИДА.
العبرة في العقود للمقاصد والمعاني لا للألفاظ والمباني

АҚДНОМАЛАРДА ЛАФЗЛАР ВА УЛАРНИНГ ТУЗИЛИШ ЭЪТИБОРИ ЙЎҚ, БАЛКИ МАЪНО ВА МАҚСАДЛАРНИНГ ЭЪТИБОРИ БОР.

Ушбу қоида ўзидан олдинги инсоннинг зиммаси аслида покдир деган қоидадан кўра хосроқдир. Бунинг татбиқини совғада кўрсак. Бир киши бошқа кишига совға берса ва эвазига бир нарса сўраса, аввал беришида совға ҳисобланиб, шарт қўйгандан сўнг савдога айлданиб қолади. Яъни бир нарса эвазига берилган совға савдо ҳисобланади. Ҳадя нарсадан фойдаланиб туриш эвазига берилса ижара ҳисобланади. Энди ушбу қоидани музорабадаги татбиқини ўрганамиз. Бир кишига пул бериб буни ишлатгин ва фойдасини ҳаммасини ўзингга ол, менга пулни ўзини қайтарасан деса бу қарз бўлади. Ҳамма фойдани пул берган киши олиб, ишлаган кишига фақат ойлик берилса буни ибзоъ яъни иш учун ҳақ бериш дейилади.

Музораба деб пул эгаси билан ишбилармоннинг фойдадаги шерикчилигига айтилади. Шунингдек банкларга пулни сақлаб бериш учун қўйишлик вадиаҳ дейилади. Яъни омонат топшириш дегани. Ҳақиқатда эса бу қарз ҳисобланади. Баъзилар бу муомалани хасм ёки хосм (яъни вексел, банкнинг қарз ҳужжатлари) деб номлашсада аслида бунинг барчаси қарз ҳисобланади...


1 ўн йил аввал 5474 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
1 ўн йил аввал 6550 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
1 ўн йил аввал 6424 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
1 ўн йил аввал 6682 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
1 ўн йил аввал 6081 fiqh.uz