الضرر لا يزال بمثله
Зарар ўзига ўхшаш зарар билан кетказилмайди
(яъни бир зарарни кетказиш сабабли яна ўша миқдорда зарар пайдо бўладиган бўлса аввалги зарарга тегилмайди).
Шундоқ экан бир зарарни унданда каттароқ зарар эвазига кетказишлик умуман дуруст эмас.
Ушбу қоида “Зарар кетказилади” қоидасини қайдлаб, зарарни қанча миқдор эвазига кетказиш мумкинлигини таъйин қилиб беради. Агар олувчининг қўлида мол айбли бўлиб қолса, кейин сотувчининг қўлидалик пайдидаги айби ҳам зоҳир бўлса, олувчи ўша эски айбни сабаб қилиб молни қайтара олмайди. Лекин эски айбнинг эвазига пулидан қайтаришлиги лозим бўлади.
13-ҚОИДА.
يتحمل الضرر الخاص لدفع الضرر العام
УМУМИЙ ЗАРАРНИ ДАФ ҚИЛИШ УЧУН ХУСУСИЙ ЗАРАРНИ КЎТАРИЛАДИ.
(яъни катта зарар кичик зарар билан даф қилинади).
Шу қоидага мувофиқ монополистнинг ўзига ва аҳли аёлига етарли таомидан ортиқчасини ҳукумат олиб кенгчилик бўлгунга қадар халққа сотиб юборишлиги мумкин бўлади. Демак умумий халқнинг зарарини йўқотишлик учун монополистга хусусий зарар етказиляпти. Уч-тўртта савдогар инсонларнинг егулик маҳсулотларини сунъий равишда нархини кўтариб сотишаётган бўлишса, умумий халқнинг манфаати учун ҳукумат нархни чегаралашлиги жоиз бўлади. Ёнғин бутун маҳаллага ўтиб кетмаслиги учун баъзи уйларни бузишлик, жоннинг муҳофазаси учун жоҳил табибни табобат билан шуғулланишини ман қилиб қўйиш, дину-диёнат ишларининг муҳофазаси учун бебош муфтийнинг фатво беришдан тўсиб қўйиш, молнинг муҳофазаси учун касодга учраган кишининг ижара молларини музлатишлик ҳам ушбу қоида асосида бўлади.
14-ҚОИДА.
الضرر الأشد يزال بالضرر الأخف (اخف الضررين)
КУЧЛИ ЗАРАР ЕНГИЛ ЗАРАР БИЛАН ЙЎҚОТИЛАДИ.
(икки зарарнинг енгилроғи олинади).
Шу қоида асосида бой кишига ота-онаси, момо-боболари ва фарзанд-набираларининг нафақаси вожиб қилинади. Ва яна вожиб бўлган нафақани адо этишдан қочиб юрган кишини ҳибс қилишлик, қарзни тўламай юрган кишини ушлаб уни тўлашликка мажбурлаш ҳам шу қоидани татбиқи ҳисобланади. Оғирроқ зарарга йўлиқмаслик учун енгилроқ зарарни қилинади деган қоида ҳам ушбу қоидага ўхшайди.
15-ҚОИДА
إذا تعارضت مفاسدتان روعي اعظمهما ضررًا باركاب اخفهما
ИККИ БУЗУҚ НАРСА БИР-БИРИГА ҚАРАМА-ҚАРШИ БЎЛИБ ҚОЛСА ЕНГИЛИНИ ҚИЛИШ БИЛАН КАТТАСИДАН САҚЛАНИЛАДИ.
Бу қоида ўзидан олдингисига ўхшайди. Шу қоидага асосланиб, бир қанча салбий муносабатларга тушиш жоиз бўлади. Мисол учун шариатга хилоф ишни кўрганда уни қайтаришлик ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Лекин ўша мункарни қайтарса унинг ортидан унданда каттароқ мункар юзага чиқиш эҳтимоли бўлса, унга сукут қилиш жоиз бўлади. Шунингдек ибодатларга ҳақ олиш яъни муаззинлик, имомлик ва Қуръон ҳамда фиқҳ таълими учун ҳақ олишлик аслида дуруст эмас. Лекин шу гапни маҳкам ушлаб, жамиятга татбиқ қилинса диёнат ишлари орқага сурилиб, аксар қобилиятли кишилар тирикчилик ғамида таълимдан узоқлашадилар. Шунинг учун мутааххир уламоларимиз шу каби ишларга ҳақ олишни ушбу қоида татбиқи ўлароқ жоиз деганлар.
16-ҚОИДА.
يختار اهون الشرين
ИККИ ЁМОНЛИКНИ ЕНГИЛРОҒИНИ ИХТИЁР ҚИЛИНАДИ.
Бу қоида ўзидан олдинги қоида деярли бир хил.
17-ҚОИДА.
درء المفاسد أولى من جلب المصالح
МАНФААТНИ ЖАЛБ ҚИЛИШДАН КЎРА ЗАРАРНИ ДАФ ЭТИШЛИК АВЛОДИР.
(Агар иккисидан бирини танлашлик мажбурияти туғилса).
Зарар билан фойда бир-бирига қарама-қарши туриб қолса олдин зарар даф этилади.
(Яъни экинингни суғорасанми ёки уйингдаги ёнғинни ўчирасанми дейилса албатта дастлаб ёнғин ўчирилади).
Икки қўшни ўзининг мулкида, ўзи учун манфаатли бўлса ҳам қўшнисига зарар етадиган тасарруфни қилмаслиги керак. Ушбу қоидадан келиб чиқиб, қўшнига очиқ зарар берадиган ишни ўз уйида бўлса ҳам қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мисол учун тегирмони бор уйнинг атрофи чанг-тўзон бўлиб ётади. Бундан қўшниларнинг уйида осойишталик йўқолади.
(Демак тегирмон қурмоқчи бўлса албатта қўшнидан розилик олиш керак ва қўшниларга зарар етадиган ҳолатларнинг олдини олиши зарур).
Ёки мойжувоз, новвойхона каби ишларда ҳам қўшнининг уйига бадбўй ҳид, тутун ва қурумлар чиқади. Ўз манфаати эвазига бошқаларга зарар беришлик дуруст ҳисобланмайди. Яна шу қоида асосида пулни ишлатишни билмайдиган кишининг молини қози музлатиб қўйишга ҳақлидир. Чўчқа ва маст қилувчи моддаларнинг савдосини қанча фойда бўлишидан қатъий назар ман этишда ҳам шу қоидадан келиб чиқилади.
18-ҚОИДА.
الضرر يدفع بقدر الإمكان
ЗАРАР ИМКОН ҚАДАР ДАФ ҚИЛИНАДИ.
Гарчи мутлақ йўқотишлик имконияти бўлмаса ҳам зарарни имкон қадар йўқотилади.
(Яъни бу зарарни мутлақ йўқотиб бўлмас экан деб ташлаб қўйилмайди, балки уни йўқотишликда қанча имконият бўлса ўша қадар йўқотилади).
Сотиб олинган нарсада айби билиниб қолса, сўнгра олувчининг қўлида ҳам у нарсага нуқсон етган бўлса, эски айбни сабаб қилиб уни сотувчига қайтаришлик мумкин эмас. Лекин сотиб олувчи эски айбнинг нуқсонини маълум миқдорда пулидан қайтариб олиш эвазига тўлдиради. Ота балоғатга етмаган гўдакларининг нафақасини бермай қочиб юрса, боладан ҳалокатнинг зарарини даф қилишлик учун отани ҳибс этиб нафақага мажбур қилинади.
19-ҚОИДА.
الحاجة العامة تنزل منزلة الضروة الخاصة
УМУМИЙ ЭҲТИЁЖ ХУСУСИЙ ЗАРУРАТНИНГ ЎРНИГА ҚЎЙИЛАДИ.
Зарурат деб ҳалокатдан қутилиш учун тушиб қолинган мажбурий ҳолатга айтилади.
(Яъни очликдан ўлаётган одам чўчқанинг гўштини еб бўлса ҳам ўзини ҳалокатдан қутқариши зарурат дейилади).
Ҳожат деб машаққатни енгиллатиш учун қилинадиган ҳаракатга айтилади. Демак ҳожат заруратдан енгил ҳисобланади. Омманинг ҳожати тушиб турган иш якка шахснинг зарурати ўрнида кўрилади. Девонлар ташкил қилиш, нақд пуллар зарб этиш каби ишлар омманинг ҳожати ҳисобланади.
(Дастлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васалламнинг даврларида, у зотдан кейинги Абу Бакр розиаллоҳу анҳу даврларида ҳам давлат кичик бўлганлиги учун девон тузишга эҳтиёж бўлмаган. Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳу халифа бўлгач жуда кўп ерлар фатҳ қилинди. Халифанинг ўзи давлат ишларини бошқаришда қийинчиликларга дуч келди. Омманинг ишини енгиллатиш учун девонлар ташкил қилинди. Шу маънода нақд пуллар зарб қилиш ҳам омманинг қийинчилигини енгиллатади. Дастлаб олди-сотдининг асосий қисми айрбошлаш эвазига бўлар эди. Бозордан бир нарса харид қилмоқчи бўлган одам оладиган нарсасидан каттароқ нарсани кўтариб боришга мажбур эди. Нақд пуллар босилиб чиқарилгач ушбу машаққатлар енгиллашди).
Яна шу жумладан шариатда омманинг эҳтиёжини енгиллатиш учун ижарага рухсат қилинган.
(Ижара йўқ манфаатга пул олишлик ҳисобланади. Аслида шариатда йўқ нарсага пул олиш мумкин эмас. Лекин шу ўринда омманинг ҳожатини хусусий зарурат ўрнига қўйилиб рухсат этилган).
Яна буюртма учун олдиндан пул олишга ҳам шу қоидага кўра рухсат этилган.
(Бу ҳам кўринишда йўқ нарсани савдо қилишга ўхшайди. Мисол учун дурадгорга эшик ва деразани ясаб бериши учун буюртма қилинса, у хом ашёга пули йўқлигини айтиб маблағни олдиндан беришни талаб қилади. Олдиндан маблағни олмаса эшик ва деразани ясаб бера олмайди. Бунга ҳам омманинг эҳтиёжи бўлганлиги учун шариатда рухсат этилган).
Киши вафот топгач ундан қолган молу-давлат меросхўрларнинг ҳаққи ҳисобланади. Шундоқ бўлсада вафот топаётган одамнинг яхшилик қилишлик умидини мутлақ йўққа чиқармасдан агар васият қилса қолдирган молу-мулкининг учдан бири билан васиятини бажаришга рухсат этилади.