9-дарс. 27-қоида


الميسور لا يسقط بالمعسور
Енгилликни қийинчилик билан соқит қилинмайди

Фитр закоти ҳар бир киши учун вожиб бўлади. Унинг миқдори бир соъ яъни тахминан 1,87 кг буғдой миқдорида. Агар шу миқдорга қодир бўлмай ундан камига имконияти бўлса, шу борини беради.

Қарздор қарзининг ҳаммасини бир йўла беришга имконият қилолмаса, имконияти борини бериб, секин-аста бўлса ҳам қарзини узади. (Яъни бир йўла ҳаммасини берарман деб, қарзни суриб юрмайди. Ҳаммасини бирдан бериш қийин деган сабаб билан бор имкониятни соқит қилмайди).

28-ҚОИДА.
يلزم مراعاة الشرط بقدر الإمكان
ШАРТНИНГ РИОЯСИНИ ИМКОН ҚАДАР ҚИЛИШЛИК ЛОЗИМ БЎЛАДИ.

Албатта бу шариатга мувофиқ шарт бўлишлиги лозим. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонлар шартларига биноан (иш тутадилар)”.
Агар пулини омонатга берган одам омонатга олган кишига: “Буни эртаю-кеч қўлингда ушлагин, ҳаргиз бошқа ерга қўймагин”, деса олган одам омонатни уйига қўйса, кейин ўша омонат ҳалокатга учраса, омонатни олган киши уни тўламайди. Чунки омонатни қўйган киши одатда имконсиз шартни қўйган бўлади. Олган киши эса уни сақлашда имкон қадар омонатдорлик қилди. Ўзининг молини асрагандек асради ва молга талофат унинг айбисиз етди. Шунинг учун уни тўлашлик мажбурий эмас.
Агар омонат берувчи: “Бу билан Кўфадан чиқмагин”, деса олган киши омонат билан Басрага борса ва омонат йўқолса олган киши молга зомин бўлади.
(Чунки у шартни бузди ва омонатни сақлашда масъулиятсизликка йўл қўйди. Шунинг учун тўлайди).
Аммо Кўфадан чиқишлиги иш жойи ёки яшаш манзили ўзгарганлиги сабабли мажбурий бўлса омонатни тўлашдан қутилади.

29-ҚОИДА.
الخراج بالضمان
ХАРОЖ ЗОМИНЛИК БИЛАН БИРГАДИР

(Яъни талофатда тўлашни зиммасига олган киши, фойдани ҳам олади).
Бу ҳадиси шариф бўлиб, уни Имом Аҳмад муснадларида, Абу Довуд сунанларида, Ибн Можа, Имом Термизий, Имом Насоий роҳматуллоҳи алайҳимлар ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилишган. Харож – бу ғалла яъни тушадиган фойдадир. Зомон – бу зомин бўлишлик яъни эҳтимолий хатарни зиммасига олиб унга пул сарфлашликдир. Бошқачароқ қилиб айтганда, фойда кўриш учун зарарни зиммасига олишлик зомон дейилади. Мисол учун бир киши машина сотиб олса ва бир муддат мингач машинанинг айби борлиги билинса, ушбу айб билан сотиб олган уни қайтаришига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ижозат берганлар. Сотган киши олганнинг мингани учун ҳақ олиши жоиз бўлмайди. Чунки харидор машинани сотиб олганда ундан фойдаланиш нияти бўлсада шунинг муқобилида агар машинага бирор талофат етса уни ўз зиммасига олган эди. Энди машинадаги айб харидор уни олмасидан  олдин бўлганлиги учун уни қайтаради. Маълум вақт мингани учун эса эҳтимолий талофатни зиммасига олиб, пулини тўлаб қўйганлиги сабабли ҳақ тўламайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа, Термизий, Насаий роҳматуллоҳи алайҳимлар ривоят қилган бошқа бир ҳадис ҳам ушбу маънога далолат қилади. У ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зомин бўлмайдиган нарсанинг фойдасидан қайтарганлар.

30-ҚОИДА.
الأجر والضمان لا يجتمعان
ҲАМ ХИЗМАТ ҲАҚИ ТЎЛАШ, ҲАМ ЗОМИН БЎЛИШ ЖАМ БЎЛМАЙДИ.

(Яъни бир молга ҳам ишлатгани учун хизмат ҳақини тўлаб, ҳамда унинг айбисиз талофат етса тўлаб бермайди).
(Киши бир машинани ижарага олса, маълум муддат фойдалангач унинг айбисиз машинага талофат етса (яъни мисол учун бошқа машинада келиб уни уришса) машинага етган талофатни тўлаб бермайди. Чунки у ижара ҳақини тўлаган.).
Бир кишининг отини олиб ишлатса ва от ўлиб қолса уни тўлаб беради лекин хизмат ҳақи тўламайди.
(Демак ҳақ тўлаган одам зомин бўлмас экан, зомин бўлган киши эса бир вақтни ўзида ҳақ ҳам тўламас экан).
Яна маълум бир маконга етиб олиш учун бир уловни ижарарга олган киши ўша макондан ўтиб кетса ва улов ўлиб қолса, уловни тўлайди ва белгиланган  макондан ўтиб кетган томонига хизмат ҳақи тўламайди. Демак зомин бўлиш ўринларида ҳақ тўлашлик лозим бўлмас экан.
Лекин бир киши уловни маълум жойга фақат ўзим минаман деб ижарага олса ва орқасига бошқа кишини миндирса, манзилга етгач улов ўлиб қолса, ижара ҳақи билан бирга уловни ярим пулини ҳам тўлайди. Ижара ҳақини уловга миниб манзилга етгани учун тўласа, шартга хилоф қилиб бошқа кишини ҳам миндириб олгани учун уловнинг ярим баҳосига зомин бўлади. Бунда олган манфаати учун ижара ҳақи вожиб бўлса, зомин бўлишлик шартни бузганлиги сабабли лозим бўлади. Бу ҳанафийлар қоидаси бўлиб, унга кўра муайян бир нарсанинг молиявий эътибори бор, манфаатнинг молиявий эътибори йўқ. Ушбу таърифда ҳанафийлар жумҳурга хилоф қилишади. Гоҳида шу қоидани ушлашлик билан бировнинг молидан эвазсиз фойдаланиш учун хийлалар эшиги очилиб кетади. Лекин ҳанафийларнинг мутааххир олимлари тортиб олиб ишлатилган нарса вақф ёки етимнинг моли ва ёки фойдаланиш учун тайёрлаб қўйилагн мол бўлса ажри мислни тўлайди дейишади.
(Яъни одатда буларни ишлатган одамлар қанча ҳақ тўлашса шуни беради).
Бу ижтиҳод билан ҳанафийларимиз жумҳурнинг ижтиҳодига яқинлашишади.

31-ҚОИДА.
الغرم بالغنم
ЖАРИМА ҒАНИМАТ БАРОБАРИДА БЎЛАДИ.

Кема юкининг кўплиги сабабли чўкишга яқинлашса, ундаги ортиқча юкни денгизга ташлаш керак бўлади. Ушбу ташлаб юборилган юкнинг нархини кемадаги ҳар бир бош кишига тақсим қилинади. Чунки зарурат юзасидан жонни сақлаш учун ортиқча юкни ташлаб юборилган эди.
(Жон ғанимат қолгани учун жарима ҳам омон қолганларнинг ҳар бирига тенг бўлинади).

32-ҚОИДА.
النعمة بقدر النقمة
НЕЪМАТ ХАРАЖАТ МИҚДОРИДА БЎЛАДИ

(Ёки харажат неъмат миқдорида бўлади).
Бу юқоридаги “Фойда зарарни тўлашни зиммасига олганга бўлади” ва “Жарима ғанимат баробарида бўлади” каби қоидалар маъносида бўлсада лекин ушбу қоидада миқдорга тегишли зиёдалик бор. Ушбу миқдор тақсимотни эгалик ҳиссасига қараб бўлишидир. Мисол учун бир уйга икки киши шерик бўлса, уйнинг таъмири учун қилинадиган харажатни ҳар ким эгалик ҳиссаси миқдорича қилади. Шу билан бирга фойдаланиш ҳам ҳиссага қараб бўлади.

33-ҚОИДА.
لا يجوز لأحد أن يتصرف في ملك الغير بلا إذنه
ҲЕЧ БИР КИШИГА БИРОВНИНГ МУЛКИНИ ИЗНИСИЗ ТАСАРРУФ ҚИЛИШИ ЖОИЗ БЎЛМАЙДИ.

Бировнинг мулкини унинг рухсатисиз ишлатиш эгалик ҳақига тажовуз ҳисобланади. Мулкнинг тасарруфи учун олдиндан бериладиган изн ваколат дейилади. Кейинги ижозат ҳам олдинги ваколатга ўхшайди. Изн деганда мулк эгасининг изни билан шариатнинг ҳам изни тушунилади.
(Шариат рухсат бермаган ишга мулк эгасининг ҳам рухсати ўтмайди. Яъни шариатда ҳаром қилинган ишга мулк эгаси буюрса уни қилишга изн берилди дейилмайди).
Мисол учун музораба шартномаси билан ишлаганда маблағ эгаси иш давомида шаҳарни савдо моли ёки замонини таъйин қилиб қайдласа савдо ишини бажарувчи ушбу қайдларни бузмаслиги шарт бўлади, агар бузса қилинган зарарни тўлайди.

34-ҚОИДА.
لا يجوز لأحد ان يأخذ مال احد بلا سبب شرعي
БОШҚАНИНГ МОЛИНИ ШАРЪИЙ САБАБСИЗ ОЛИШ БИРОР КИШИГА ЖОИЗ ЭМАС.

Агар бировнинг мулкини ўзимники деган гумонда олса, ўзиники эмаслиги маълум бўлгач, тезда эгасига қайтариши вожиб бўлади. Агар ишлатиб ёки йўқотиб қўйган бўлса, у молни айнан ўзи кабисини олиб беради. Ўзидек мол топилмаса қийматини тўлайди.

35-ҚОИДА.
ليس لعرق ظالم حق
ЗОЛИМ ТОМИР УЧУН ҲАҚ ЙЎҚ.

Бу қоида ҳадиси шарифдан айнан олинган бўлиб, уни Имом Бухорий, Имом Абу Довуд ва Имом Термизийлар ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилиб келтиришган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким ўлик ерни тирилтирса у ер ўшаники, золим томир учун ҳақ йўқ”.
(Яъни бировнинг ерига дарахт экиб қўйиш билан у одам ўша ернинг эгасига айланиб қолмайди).
Томирдан мурод дарахтдир, ҳадисдаги золим томир дейилганда бировнинг ерига билиб туриб дарахт эккан одам назарда тутилган. Томирни золим дейишлик ҳам аслида эгасининг зулми эътиборидандир. Бу қоидадаги умумий маънога кўра албатта зулм золим учун эгадорлик ҳақини бермайди. Бир киши бошқа одамнинг ерига билиб туриб кўчат экса ёки  бино қурса у қароқчи ҳисобланади. Унга эккан нарсасини кўчириш, қурган биносини бузиш вожиб бўлади.


1 ўн йил аввал 5019 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
1 ўн йил аввал 6551 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
1 ўн йил аввал 6428 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
1 ўн йил аввал 6685 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
1 ўн йил аввал 5476 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
1 ўн йил аввал 6082 fiqh.uz