Нақд пулларга тилла, кумуш, қоғоз пуллар ва бошқа шунга ўхшашлар киради.
Товарлар деб нақд бўлмаган ҳар қандай молларга айтилади. Буларга дарахтлар, ҳайвонлар, кўчмас мулклар ва кўчирса бўладиган мулк кабилар киради. Товарлар закот бобида икки қисмга бўлинади.
1. Сақласа бўладиган товарлар – уй анжомлари ва ҳунармандчилик асбоблари.
2. Тижорат товарлар – газламалар, кийим-кичиклар, тижорат учун тайёрлаб қўйилган кўчмас мулклар. Ушбу тижорат товарларидан закот чиқарилади. Лекин аввалги сақлаш ёки ишлатиш учун бўлган уй асбоб анжомлари ҳунармандчилик мосламаларидан закот берилмайди.
Нақд пуллар.
Қуръони Каримда тилла, кумуш, вариқ яъни ишлов берилган кумуш, дирҳам яъни кумуш тангалар ва бидоъа яъни нақд пул ўрнига ўтадиган нарсалар номлари билан нақд пуллар зикр қилинган. Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 34-35 оятида шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Албатта, ҳибр ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар. Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башаротини беравер”.
“Бир куни ўша (олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилади ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: “Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!” дейилур”.
Ушбу оятдаги азобга дучор бўлган тилла ва кумушни тўпловчилардан мурод жумҳур уламолар наздида закотини бермаганлардир. Агар молнинг закоти берилса, соҳибида қолган мол хазина қилиб тўпланган дейилмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида нақд пуллар тилла танга (динор) ёки кумуш танга (дирҳам) сифатида бўлган.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасининг 19-оятида шундай дейди:
“Бирингизни ушбу пулингиз ила юборинг, назар солиб, яхши таомни танлаб, ундан ризқ келтирсин”.
Ушбу оятдаги вариқ калимаси нақд пул бирлиги сифатида зарб қилинган кумуш тангалардир. Оятда нақд пуллар қадим ўтмишда ҳам ишлатилганлигига қуръоний далил бор. Ояти каримада “Ғор соҳиблари”нинг қиссасидан хабар берилмоқда.
Юсуф сурасининг 20-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Ва уни арзон баҳога, саноқли дирҳамларга сотдилар”.
Бу оятда ҳам саналадиган нақд пулларнинг (тортиладиган эмас) қадимий эканлиги яъни Юсуф алайҳиссалом даврларида ҳам бўлганига ёрқин қуръоний далил бор.
(Демак қадимда одамлар фақат айрбошлаш билан эмас, балки нақд пуллар билан ҳам савдо қилишган экан).
Яна Юсуф сурасининг 62-оятида шундай дейилади:
У ўз йигитларига: “Уларнинг сармояларини юклари ичига солиб қўйинглар”, деди.
Оятда “Уларни бидоъатлари” дейилган. Бундан нақд пул ўрнига ўтадиган матолар назарда тутилмоқда. Яна шунингдек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати шарифларида ҳам нақд пуллар тилла, кумуш, вариқ, динор, дирҳам исмлари билан зикр қилинган. Хусусан закот ҳақидаги ҳадисларда Росулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“Қайси бир тилла ва кумуш эгаси уларнинг ҳаққини адо қилмаса, қиёмат куни бўлганда у учун оловдан бўлган темирлар тайёрланади. Бас уни жаҳаннам ўтида қиздирилади. Сўнгра у билан унинг биқинига, пешонасига ва орқасига босилади. Қачонки совуб қолса қайтадан қиздирилади. Бу кун шундай кунки унинг миқдори эллик минг йилга тенг келади. Ушбу азоб токи бандалар ўртасида ҳисоб-китоб тугаб жаннат эгаси ўз йўлини, дўзах эгаси ҳам ўз йўлини кўришлигига ҳукм чиқарилгунга қадар бўлади”. (Имом Муслим ривояти).
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Беш увқиядан оз бўлган вариқ учун закот йўқдир”.
Яна шунингдек пул бирликлари рибо тўғрисидаги ҳадисларда ҳам зикр қилинган. Жумладан Имом Муслим қуйидаги икки ҳадисни ўзларининг саҳиҳ тўпламларида келтирадилар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“Тилла тилла билан, кумуш кумуш билан,...”.
Ушбу ҳадисдаги тилла ва кумушдан мурод жумҳур фуқаҳоларимиз наздида нақд пуллардир.
Динорга динор алмаштирилса бирини оз ва бирини кўп қилиш йўқ, дирҳамга дирҳам алмаштирилса бирини оз ва бирини кўп қилиш йўқ. Имом Муслим ва Бухорийлар Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини Ҳайбарга ишбоши қилиб жўнатдилар. Шунда у киши жаниб номли сифатли хурмо келтирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳайбарнинг ҳамма хурмолари шунақами?”-деб сўрадилар. Ҳалиги киши: “Йўқ! Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки ундай эмас, биз бу хурмонинг бир соъси учун икки соъ, икки соъси учун уч соъ жамъ номли нави пастроқ хурмога алмаштирамиз”,-деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай қилма! Жамъни дирҳамга сотиб сўнгра жанибн дирҳамга сотиб ол!”,-дедилар.
Икки хилдаги хурмони айрбошлашда дирҳамни восита қилиш билан фазл рибосидан холос бўлинмоқда, шу билан бирга бунда савдони нақд пул орқали амалга оширишга қизиқтириш бор. (Бугунги иқтисод мутахассислари бу тадбирнинг нақадар мукаммал бўлганини бир овоздан тан олишади).
Яна ўз нафсини пулга қул қилиб олган яъни пулни илоҳ даражасида кўрадиган кишилар тўғрисида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динор ва дирҳам сўзларини ишлатганлар.
“Дирҳам ва динорнинг қули бахтсиз бўлди”. (Имом Бухорий ривояти).
Мусулмон фуқаҳолардан Имом Ғазолий, Ибн Таймия, Ибн Қаййим ва Ибн Обидинлар, тарихчилардан Ибн Холдун ва Мақризий кабилар нақд пуллар тўғрисида батафсил сўз юритишган. Дарҳақиқат ушбу олимларимиз айрбошлашнинг машаққати, нақд пулларнинг вазифалари, тоза нақд пулларнинг хусусиятлари тўғрисида ҳам бир неча баҳслар қилишиб, холис тилла ёки кумуш билан аралашмаси бор тилла ёки кумушнинг фарқини ажратишган. Баъзилар нақд пулларни иккига бўлиб, бири тилла ва кумушга ўхшаб табиатан нақд пул бўлади, иккинчиси танга ва шунга ўхшаш ясалган нарсалар нақд пул ҳисобланади, дейишган. Ибн Ҳазм, Ибн Таймия ва Ибн Қаййим каби уламоларнинг фикрича нақд пуллар зарб қилиб ясалган бўлиши керак. Кўпинча буларга Роғиб Асфиҳоний ва Имом Ғазолийлар ҳам бу борада ушбу қараш билан ҳамфикр бўлишган. Бу икки алломанинг далилларига бир оз кейинроқ изоҳ бериб ўтамиз, иншаа Аллоҳ. Ушбу олимларимизнинг нақд пуллар тўғрисида қилган таърифларидан бугунги иқтисод олимларининг тузган таърифлари ҳам у қадар фарқ қилмайди. Инсонлар ўртасида қайси ном нақд пул ўрнига истеъмол қилинса ўша ривож топди.
(Баъзилар уни сўм деса, бошқалари рубл, яна бошқалари доллар дейишади).
Роғиб Асфиҳоний айтади: “Нақд пул хизматчидир, унга хизмат қилинмайди. Нақд пул қўлга киритиладиган барча нарсалар учун ишлатилиши керак. Касб қилинадиган бирор нарса пул учун хизматчи бўлмаслиги лозим, гарчи аксар инсонлар ўз обрў-эътиборларини, баданларию, жонларини мол учун хизматчи ва қул қилиб, ўзларини арзимас мато учун хор тутсалар ҳам, буни тўғри иш деб қабул қилмаслик лозим[1]”.
Билазурий ўзларининг “Футуҳул Булдон” китобида Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтиради: У киши:
“Дирҳам (каби пул бирликларини) туянинг терисидан ясаттирсам”,- деганларида, “Унда туя қолмас эканда”,-дейишди. Шунда мақсадларидан қайтдилар. Бундан кўриниб турибдики нақд пулларни фақатгина тилла ёки кумушга хослаб қўйишлик мажбурий эмас, балки теридан ва бошқа ҳар қандай нарсадан ҳам нақд пул сифатида фойдаланиш мумкин экан. Яна шу билан бирга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган асардан маълум бўладики, қайси бир матони нақд пул ўрнида ишлатилса унинг пуллик эҳтиёжи ортиб кетиб, ўзининг вазифасидан четга чиқиб қолар экан”[2].(Худди туянинг терисидан пул ясалса туя қолмаганидек).
Дарҳақиқат бугунги кундаги нақд пулларнинг қоғозлари ҳам нодир мато ҳисобланади. Нақд пуллар фақат тилла ва кумуш билангина ясалмайди, балки урф ҳамда истеъмолдаги нарсаларнинг эътибори ҳам бор дейдиганларнинг сўзларини қувватлайдиган фикрни Ибн Таймия ўзининг “Фатоваи Кубро” номли китобида келтиради:
“Дирҳам ва динорларнинг табиий ва шаръий чегаралари йўқдир. Дирҳам ва динор деганда уларнинг айнан ўзлари эмас, балки ўзаро муомаладаги васила вазифаси мақсад қилинади. Улар ёлғиз василалардир, ундан бошқа ғараз йўқ, уларнинг моддаси, сурати, нақши қандай бўлишидан қатъий назар улар орқали мақсад ҳосил бўлса бўлди”[3].
Балки баъзи уламолар нақд пулларни фақатгина рамз ёки аломат эканлигини очиқ-ойдин айтишган. Роғиб Асфиҳоний айтади:
“Ҳар ким ўзидан бошқага ёрдам қилса, шу ёрдам эвазига нима биландир жавоб қайтиш керак. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу эваз учун нақд пулларни белги қилиб қўйди. Инсонлар бировдан кўрган манфаатлари учун уни берадилар, бировни ҳожатини чиқариб қилган меҳнати эвазига уни оладилар. Сўнгра иш ҳақлари учун олган ушбу белгини бошқа кишига олиб бориб берадилар. Ва эвазига ўзлари учун зарур бўлган нарсаларни оладилар. Шу сабабли ўрталаридаги ишлар интизомга тушади[4]”.
Имом Ғазолий тилла ва кумушдан иборат нақд пулларнинг айнан ўзининг фойдаси йўқ икки тошга ўхшатган.
“Тилла ва кумушдан мақсад уларнинг қийматдир. Улар суратда ҳеч нарса бўлмасалар ҳам лекин маънода ҳамма нарсадирлар. Нақд пулларнинг хусусияти ифода қиладиган хос бир сурат йўқдир. У бир рангсиз ойнага ўхшайди лекин ойна ҳар бир рангни кўрсата олади. Шунингдек нақд пулларнинг ўзида ҳеч нарсанинг мақсади йўқ лекин у билан барча мақсадларга эришилади. Ҳудди ҳарф каби. Ёлғиз ўзи маъно касб қилмасада бошқалар билан қўшилганда ундан маънолар зоҳир бўлади[5]”. Имом Ғазолий яна айтади:
“Нақд пулларнинг айнан ўзида инсонлар учун маъно йўқ. Чунки улар оддий тош кабидирлар. Нақд пуллар қўлларда айланиб инсонлар ўртасидаги муносабатларга васийла учун яратилган. Улар миқдорларни танитадиган ва мартабаларни қийматини белгилайдиган белгидир. Бу икки аломат яъни тилла билан кумуш бошқа нарсага етишиш учун васийладир. Айнан ўзидан мақсад ҳосил бўлмайди. Уларнинг моллардаги тутган ўрни каломдаги ҳарфнинг тутган ўрнига ўхшайди. Тилшунослар айтадики: “Ҳарфнинг ўзида бирор маънонинг ифодаси йўқ, лекин уларсиз бирор маънони ифодалаб бўлмайди. Рангсиз ойнада бошқа ранглар кўринганидек[6]”.
Мусулмон уламолар нақд пулларни зарб этиш давлатнинг вазифаси эканига иттифоқ қилишган. Пул бирликлари собит туришига масъулларни даъват қилишган ва қалбаки пулларнинг ясалишини олдини олишга катта эътибор беришган. Яъни пул бирликлари сохталашиб арзон ва қимматлашса ёки касодга учраб йўқ бўлиб кетса янгисини чиқариш зарур дейишган. Ибн Қаййим айтади:
“Дирҳам ва динорлар савдо молларининг баҳосидир. Баҳо эса молларнинг қийматини билдирадиган меъёрдир. Шундай экан ушбу меъёр кўтарилиб ёки тушиб кетмай маълум белгиланган чегарада туриши лозим”[7].
Исломда нақд пуллар закот молларидан бири ҳисобланади. Агар нисобга етса йилда бир марта закотини чиқариш вожиб бўлади. Яна шу пул бирликлари рибавий моллар жумласидан бўлиб, бир хил жинсдаги нақд пулларни алмаштиришда тенгма-тенг ва қўлма-қўл бўлишлиги вожибдир.
(Бирини кўп, бирини кам қилиб бўлмайди, бирини нақд, бирини насия ҳам қилиб бўлмайди).
Аммо пул бирликларини алмаштиришда жинси ҳар хил бўлса, бири кўп ва иккинчиси кам бўлишининг зарари йўқ. Лекин шунда ҳам насия дуруст эмас. Яъни қўлма-қўл бўлишлиги шарт. Шу амалиёт орқали фойда топиш мумкин. Лекин пулни олдиндан бериб қўйиш ёки кечиктириш жоиз эмас.
________________________________________
[1] Зариъа 274 саҳифа.
[2] Футуҳул Булдон 456 саҳифа.
[3] Фатаво 19/251
[4] Зариъа 251 саҳифа.
[5] Эҳё улумуд дин 4/88
[6] Эҳё улумуд дин 4/90
[7] Эъломул муқиъин. 2/137