Ноқис мулк.
Том (тугал) мулк деганда унга эгалик қилиш ва манфаат олиш мумкин бўлган мулкка айтилади.
Ноқис мулк деб эса фақатгина эгалик қилиш ёки фақат фойдаланиш ва ёки фойдаланишга берилган мулкка айтилади.
Баъзи уламолар ноқис мулкни заиф мулк деган ибора билан ҳам ишлатишади. Агар сиз машина сотиб олсангиз унга сиз тугал мулк сифатида эгалик қиласиз яъни ҳам эгалик қиласиз, ҳам фойдаланасиз. Агар уни ижарага берсангиз, сизда эгалик ҳуқуқи қолади, лекин фойдаланиш ҳуқуқи ижарага олган кишига ўтади. Шунингдек агар машинангиз бир кишига ориятга берсангиз (яъни орият деб фойдаланишга берилиб эвазига ҳеч нарса олмасликка айтилади) олган кишида фақат фойдаланиш ҳуқуқи бўлиб, лекин унга эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмайди. Бозорларда сотувчиларга савдо нуқталари ажратиб берилса, сотувчи ўша ерда савдо қилиш ҳуқуқигагина эга бўлади.
Демак шунга кўра берилган қарз ҳам ноқис мулклар жумласидан ҳисобланади. Қачон уни эгасига қайтарилса тугал мулкка айланади.
Ихтиёрий мулк;
Ихтиёрий бўлмаган мулк.
Ихтиёрий мулк деб – киши ўз ихтиёри билан ҳосил қиладиган мулкка айтилади. Олди-сотдида, олдим, сотдим каби сўзлар билан мулк ҳосил қилинса, олиш мумкин бўлмаган нарсаларни овлаш, ўриш ва ўтин териш каби харакат билан ҳосил қилинади. Демак шу каби ихтиёрий йўллар билан ҳосил бўлган мулк ихтиёрий мулк дейилади.
Ихтиёрий бўлмаган яъни мажбурий мулк деб – мерос, вақф, шуфъа (яъни қўшничилик ҳаққи) ва ўлжа туфайли собит бўладиган мулкларга айтилади.
Барқарор мулк;
Барқарор бўлмаган мулк.
Барқарор мулк деб – унинг мулклиги соқит бўлмайдиган мулкка айтилади. Сотилган савдо моли қўлга киритилгач, олувчига мол, сотувчига пул бақарор мулк бўлиб ўтади. Никоҳдан кейин эр-хотинлик бўлса келинга берилган маҳр барқарор мулкка айланади. (Мабодо ажрашса маҳр келинда собит қолади). Беқарор мулк деб – унинг мулклиги соқит бўлиш эҳтимоли бўлган мулкка айтилади. Савдо моли ҳам қабз қилинмай туриб беқарор мулк ҳисобланади. (Чунки савдо бузилиши мумкин). Яна бирор нарсани ижара ҳақи унда тўла фойдаланмай туриб беқарор мулк ҳисобланади.
Мулкнинг сабаблари.
Мулк ҳосил қилиш учун рухсат этилган сабаблар:
1. Ўз қўлидаги бойликларнинг ўсиши; Яъни дарахтларнинг мева бериши, ҳайвонларнинг кўпайиши каби.
2. Рухсат этилган нарсаларни қўлга киритиш; Яъни умумий яйловлардан ўт-ўланни йиғиб олиш, ўтинни териш, овни овлаш, урушдан тушган ўлжаларни олиш, қўриқ ерларни ўзлаштириб олиш кабилар.
3. Мерос олиш;
4. Хун олиш;
5. Айрбошлаш йўли билан мулк ҳосил қилиш;
6. Ихтиёрий яхшилик қилувчилардан ҳиба[1], ҳадя[2] ва васиятлар қабул этиш орқали мулк ҳосил қилиш;
*Мулк ҳосил қилишнинг айрим турларида, мулк рухсат нарсаларни йиғиб олишга ўхшаш амалдан пайдо бўлади.
*Баъзиларида эса қўлидаги молнинг ўсиб-униши ва туғилиши каби омиллар билан ҳосил қилинади.
*Камбағал ҳожатмандларга закот ва садақа бериш орқали ҳосил қилинган мулкка эҳтиёждан ҳосил қилинган мулк дейилади.
*Ва яна ўзаро ҳадялашиш каби ижтимоий алоқаларни боғлаш орқали ҳам мулк ҳосил бўлади.
*Яна шунингдек баъзан мулкни эгаси бўлмаган жойдан, яъни умумий ерлардан рухсат этилган нарсаларни олиш билан ҳосил қилинади.
*Урушдаги ўлжалар эса эгасининг ҳурмати йўқолгани сабабли мажбуран олинади. (Яъни босқинчилик қилиб, тинч миллатга уруш қилганлар мағлубиятга учраса уларнинг мулклари ўлжа сифатида қўлларидан олиниб, аскарларга тақсимлаб берилади. Бу ҳолатда ҳосил бўлган мулк мажбуран олинган мулк дейилади).
*Мулкнинг баъзилари савдо сотиқ амалиёти каби икки томоннинг розилиги билан айрибошлаш орқали ҳосил қилинади.
*Яна баъзиларида ҳибани қабул қилиш каби эвазсиз икки томоннинг розилиги билан мулк ҳосил қилинади..[3].
МУЛКНИНГ ҚАЙДЛАРИ.
Мулкнинг сабабларига боғлиқ бўлган қайдлар.
Мулк ҳосил қилиш шариат рухсат этган сабаблар орқали бўлиши вожибдир. Ўғирлик, қароқчилик, монополия, қимор, рибо, алдамчилик, фоҳишалик ва пораҳўрлик каби шариат ман қилган йўллар орқали бўлмаслиги лозим.
Мулкни ишлатишга боғлиқ қайдлар.
Мулк ўзи ҳалол йўл билан топилган бўлсада, уни ишлатишда бир неча қайдлар мавжуд. Мол эгаси ўз молини ишлатишда исроф ва ўта зиқналикдан, мулкни зое қилиш ёки ишлатмай бекор ташлаб қўйишдан сақланиши вожибдир. Яна тилла ва кумуш идишларни ишлатмаслиги, эркаклар ипак кийим ва тилла тақинчоқлардан истеъмолда фойдаланмасликлари, ўз мулкимни ишлатаяпман дея, бошқаларга, қўни-қўшниларга зарар етказмасликлари лозимдир.
Мулкни бир кишидан иккинчи кишига ўтишидаги қайдлар.
Мулкнинг бир кишидан бошқа шахсга рухсат этилган йўл орқали ўтиши аввало икки томоннинг розилиги асосида бўлиши шарт. Бу жараёнда алдамчилик, бўяб сотиш ва мажбурлаш каби ношаръий ишлардан сақланиш керак.
Мулкни тортиб олиш ҳаққи.
Давлат истисно тариқасида кўпчиликнинг манфаатини кўзлаб бировнинг мулкини тортиб олиш ҳаққига эга бўлади. Албатта бундай вазиятда олинган мулк эвазига нарса берилади. Мисол учун бир кишида озиқ-овқат маҳсулотлари бўлиб, инсонлар унга муҳтож бўлишса ва бошқа жойдан топа олишмаса, давлат ўша инсоннинг қўлидаги мулкни сотишга мажбурлаб, омманинг зарарини даф қилади.
Яна шунингдек масжид ва йўлларни кенгайтиришда хусусий ер ва манзиллардан давлатнинг фойдаланиш ҳуқуқи бор.
Яна қарздорлар қарзини тўлашдан бўйин товлашса уларни мулкини сотиб ҳақдорларга олиб берилади.
Қўшни ёки шерикнинг манфаати учун шуфъа ҳаққи сабабли сотилган нарсани ўша нархда уларга олиб бериш жоиздир. Хусусан улар ён қўшни бўлишса, бошқалардан кўра бу мулкни олишга улар ҳақлироқ бўладилар. Демак бунда ҳам уларга зарар етишини олдини олинади. Бошқалардан кўра қўшнининг сотилаётган мулкига аввало қўшни ҳақли бўлади. Бунга одамлар амал қилишмаса, ҳукумат бу ишга аралашиб, мулкни тортиб олади ва ҳақиқий ҳақдорга олиш имконини яратади...
________________________________________
[1] Эвазига ҳеч нарса кўзламай берилган нарсани ҳиба дейилади.
[2] Эвазига олувчининг меҳр-муҳаббатини қозониш учун бериладиган совғага ҳадя дейилади.
[3] Муқаддимату Ибн Халдун 2/910, 912.