Тарика маййитнинг ўз молидан меросхўрларига қолдирган мулкларидир ёки киши ўзидан кейингиларга васият қилиб қолдирган нарсасини ҳам тарика дейилади. Маййитдан қолган мол билан аввал маййитнинг ўзини кафанланади, дафн қилинади ва қарзлари адо этилади. Мерос ёки васиятга ушбу ҳаражатлар кирмайди. Тарикаларга солинадиган солиқлар сармояга қаратилган тўғридан-тўғри ва ўсиб борувчи солиқлар туридан ҳисобланади.
Бу каби солиқлар кейин пайдо бўлган қонунлар асосидаги солиқлар жумласидан бўлиб, Исломда бундай солиқ тури маъруф эмас. (Яъни қадимдан мусулмонларда меросга солиқ солиш бўлмаган).
Умумий молиявий солиқларнинг мутахасислари ушбу солиқни маблағ ёки сармоя мерос қолдирувчидан меросхўрга ёки васият қилинувчига ўтишлик муносабати билан олинадиган солиқ деб тушунтирадилар[1].
Ушбу солиқни ўйлаб чиққан мутахасислар уни қонунлаштириш учун турли сабабларни айтишади:
а) Баъзилар:
“Албатта солиқ омма учун ишлатилади, давлат мерос қолдирувчини ҳам ва унинг тарикасини ҳам ҳимоясига олган, шунинг учун тарикадан солиқ олишга ҳақи бор”, дейишади.
б) Бошқалари эса:
“Солиқ тарикадаги давлатнинг ҳиссасидир. Чунки давлатда ҳам ворислик ҳақи бор. Давлат меросхўрлардан биридир. Баъзи холатларда, хусусан маййитнинг бирорта қариндоши қолмаганида давлат ёлғиз меросхўр бўлиб қолади. Агар майиитнинг ҳеч бир мерохўри топилмаса давлат унга эгалик қилади”,-деган иддаони олдинга суришади.
Тўғри, Исломдаги мерос низоми аслида қариндошлик асосига қурилган бўлса-да, лекин шахсни давлат билан боғлаб турадиган фуқаролик алоқаси ҳам назардан четда қолмаган. Аммо ушбу алоқа ҳам мерос низомидаги қариндошлик алоқасидан узоқ эмас.
в) Учинчи бир тоифа:
“Мерос давлат қарор топтирган қонуний низомдир. Унинг тарикада шерик деб эътибор қилмоқлик ёки фараз қилмоқлик юзасидан ҳақи бор”,-дейишади.
г) Тўртинчи гуруҳ:
“Тарикаларга солиқ солиш аслида даромадга солиқ солиш демакдир. Лекин вафот сабабли молни бошқа кишига кўчгунига қадар кечиктирилган холос. Бошқача қилиб айтганда ўлимгача кечиктирилган солиқ қарзи дейиш мумкин. Агар ушбу солиқни вафотдан кейинги тарикага солинмаса, унинг тириклигида даромад солиғини кўпроқ солиш лозим бўларди”, деган фалсафани айтишади.
(Бу ҳам нотўғри тушунчадир. Чунки ўзи шундоқ ҳам кишининг тириклик чоғида даромадига солиқ солинади. Ҳеч қачон, “Ҳозир кўпроқ солиқ солайлик, ўлгандан кейин солиқ олмаймиз”,- дейилмайди).
д) Яна бошқа баъзилар:
“Тарикалардан олинадиган солиқлар аслида тирик қолган меросхўрнинг даромадига солинган солиқ ҳисобланиб, ўлиб мерос қолдираётган кишининг сармоясига солинган солиқ эмас”,-дейишади.
(Ўлган шахс тириклик чоғида даромад солиғини тўлаган, меросхўр ҳам вақти келиб солиқларини тўлайди. Энди нима учун яна меросни ўзидан солиқ олинади? Бу тушунча ҳам ноқисдир).
е) Яна мутахасисларнинг бошқа гуруҳи:
“Тарикаларга солинган солиқлар давлатнинг ҳукмронлик юзасидан амалга ошираётган ишларидандир. Давлат ўзининг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий режаларини рўёбга чиқариши учун солиқ солишга ҳақи бор. Меросга солинадиган солиқлар давлатни ушбу амалиётга чорлайди. Бу солиқ сармояга солинадиган солиқ шаклларининг энг муҳимидир. Иқтисодий жиҳатдан ушбу солиқ кам харажат билан кўп даромад келтиради. Адолат жиҳатидан меросҳўрнинг харакатсиз қўлга киритган маблағидан олинади. Меросхўр мерос қолдирувчига узоқ қариндош бўлса кўпроқ, яқин қариндош бўлса камроқ олинади. Яна ушбу солиқ туфайли ўзаро инсонлардаги бойлик ва даромаднинг тафовути ҳам камаяди. Меросдан солиқни тўловчи шахс (ушбу маблағни машаққатсиз топгани учун) оғирликни сезмайди”,-деган фикрни билдиришади.
(Бу ҳам номаъқул сабабдир. Агар мерос қолдирувчининг қарзи кўп бўлса, уни ким тўлайди? Албатта меросхўр. Ушбу қарз машаққатини зиммасига олганлигидан, меросга ҳам ҳақли бўлмоқда. Шундай экан тўлашни зиммасига олгач, меросни ҳам у олади ва унинг ҳақига сабабсиз солиқ солиш тўғри бўлмайди).
Бу солиқ ўсувчи солиқлар жумласидан бўлиб, нисбий солиқ ҳисобланмайди. Солиқнинг миқдори маблағнинг ортиши ва қариндошлик даражасини узоқлашиши билан зиёдалашади. Яқин қариндош мерос қолдирувчининг даромадига бевосита ўзи ёнма-ён ишлаб ёки билвосита ишлашга имконият яратиб бериш орқали ҳисса қўшган.
(Шу сабабли яқин қариндош кўпроқ мерос олади ва камроқ солиқ тўлайди. Агар тамал тоши нотўғри қўйилса, бинони булутларгача кўтарсанг ҳам қийшиқ бўлиб тураверади).
Бу солиқ тарикани меросхўрларга тақсимлашдан аввал ҳаммасига солиниши мумкин ёки тақсимлангандан сўнг ҳар бир меросхўрнинг насибасига алоҳида солиш ҳам мумкин. Иккинси тур кўринишда мукаллафнинг оилавий ва шахсий аҳволи, қариндошлик даражаси, тарикадан унга теккан насибанинг миқдори эътиборга олиниши юзасидан биринчи кўринишдаги солиқдан адолатлироқдир. Ушбу икки турдаги солиқни жамлаб татбиқ қиладиган тузумлар ҳам йўқ эмас[2].
Ислом нуқтаи назаридан ушбу солиқ турларини нима деб баҳолаймиз?
а) Ким закоти берилган молдан мерос қолдирса, меросни олган шахс уни ўз мулкига қўшади ва бир йил ўтгач закотини беради. Агар мерос экин ёки мева бўлса ҳосилни тўплаган вақтида закот чиқаради. Ислом уламоларидан жуда озлари йил давомида қўлга киритилган молни ўша пайтни ўзида закотини бериш керак, дейишган. Фаразан мероснинг закотини давлат ушбу фикр асосида олса ҳам, бунда меросга қолган молларнинг зоҳирларидан олади ва албатта закотнинг нисобини ҳам эътиборга олади. Шу билан бирга закотни ўз ўринларига сарфлаш вожибдир. Албатта бу солиқнинг ўзидан ҳам ва сарфлаш ўринларидан ҳам катта фарқ қилади.
б) Давлат фарз эгалари, асаба ва қариндошларидан ҳеч ким қолмаса меросга эгалик қилади. Бу тўрт мўътабар мазҳабнинг ижмоъсидир. Мерос илмидаги меросхўрларнинг мартабасини аниқлаб ўрганилганда давлат ворис сифатида меросни оладими ёки мол эгасиз қолмасин учун оладими, деган фикрда уламолар ихтилоф қилишган.
в) Давлат фарз эгаларидан ортган молни қачон асабаблардан ҳеч ким бўлмасагина олади. Фарз эгаларидан ортган мол уларга қайтарилмайди. Балки байтул молга берилади. Бу шофеъий ва моликийларининг аввалги фуқаҳолари фикридир. Ушбу мазҳабларнинг кейинги уламолари асаба бўлмай фарз эгаларидан мерос ошиб қолса яна фарз эгаларига қайтариб берилади. Чунки байтул мол мерос олишда улар сафидан саналмайди ва шариат қоидасига кўра меросни сарфлашда мусодарачи ҳам ҳисобланмайди.
г) Давлат агар фарз эаглари ва асабалар бўлмагандагина меросни олади. Бу ҳолда қариндошларга тарикани берилмайди. Чунки қариндошлар маййитга фарз эгалари ва асабалардан кўра узоқроқ бўлганлари учун мерос олиш хусусида ихтилоф қилишган. Ҳанафий ва ҳанбалийлар уларни меросда ҳақи бор дейишади. Моликий ва шофеъийларнинг қадимги уламолари уларга мерос берилмайди десаларда, кейинги фуқаҳолари, улар ҳам фарз эгалари ва асабалар бўлмаса меросни оладилар. Чунки давлат ушбу ўринда меросхўр ва мусодара қилувчилар сафига кирмайди, дейишади..
д) Байтул молга олинадиган меросдан тушган кирим тарикаларга солинган солиққа ўхшамайди. Чунки солиқлар ҳар қандай ҳолатда ҳам солинаверади. Фарз эгалари, асабалар, қариндошлар бор ёки йўқлигини эътиборга олинмайди. Маълум шаклдаги насибани олинади. Тариканинг меросхўри йўқлиги ёки фарз эгалари, асабалар йўқлигидан ортиб қолдими, ушбу ортганни уларга қайтариш керакми ва ҳоказо мулоҳазалар солиқ тизимларида йўқдир.
е) Шу каби маълумотлардан кўриниб турибдики, меросга солиқ солишни фароиз уламолари ва фуқаҳолар ҳузурида енгил қабул қилдириш мумкин эмас. Чунки тариканинг тақсимотини Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзи белгилаган. Бу Қуръоний тақсимот бўлиб унда ижтиҳодга ўрин йўқ.
ж) Тарикаларга солиқ солиш шаръий баҳсларда деярли учрамайди, учраган ўринларда ҳам бу солиқни дуруст эмаслиги айтилган.
________________________________________
[1] (ал-Молия ал-Омма ал-Маҳжуб 273).
[2] (ал-Молия ал-Омма. Ал-Маҳжуб 273).