Исломда мол муомаласи амал муомаласидан фарқ қилади. Амалга маълум ҳақ таъйин қилиш жоиз. Амал орқали даромадга шерик бўлиш ҳам мумкин. Мол эса икки турли бўлади.
1. Қарзга бериладиган мол;
2. Ижарага бериладиган мол;
Ижарага берилган мол учун ҳақ таъйин қилиш жоиздир. Қарзга бериладиган мол эса бундан фарқ қилади. Агар мол қарзга берилса унинг эгалик ҳуқуқи қарз муддати мобайнида қарз берувчидан кўчиб қарз олувчига ўтади. Эгалик ҳақи билан бирга зоминлик ҳақи ҳам қарздорнинг зиммасига тушади. Яъни маблағга талофат етса тўлаш, вақти келса айнан олган миқдорини қайтариш масъулиятини қарздор ўз бўйнига олади. Шундай экан қарздор олган қарзини ишлатиб ёки фойдаланиб даромад топса ушбу даромад ёки манфаат унинг ўзига бўлади. Чунки фиқҳий усул қоидамизга кўра:
الخراج بالضمان
Харож зоминлик билан биргадир, яъни ким зарарни бўйнига олса фойдани ҳам шунга берилади. Ёки:
الغنم بالغرم
Ғанимат ғаромат билан биргадир, яъни жаримани тўлаган ўлжани олишга ҳақли бўлади. Қарздор тўлашни зиммасига олиб, яна қарз берувчига фойдани ҳам берса адолатли бўлмайди. Чунки яна бир фиқҳий қоидага кўра:
إن الأجر والضمان لا يجتمان
Ажр ва зоминлик жамланмайди, яъни фойда ва тўлов жам бўлмайди. Қарз берувчи фойдадан талаб қилиб, шу билан бирга яна зарарни ҳам тўлатиб олиши тўғри эмас.
Агар нақд пуллар ишлаб чиқаришни молиялаш учун тикилса мол ва иш юритиш унсури жамланади. Бунда зарарни мол эгаси зиммасига оладими ёки иш юритувчими? Агар маблағ эгаси фақат фойдани олиб, иш юритувчи ҳамма хатарни ўз зиммасига олса ва иш чаппасига кетса қарздор ҳам ишлаган амалига куйиб, яна мол эгасига зарарни ҳам тўласа тўғри бўладими!? Аслида фойдага шерик бўлишгач хатарда ҳам ҳиссалари тенг бўлиши лозим эди. Ишлаган иш хатарини зиммасига олса, пул тиккан пул хатарини бўйнига олиши лозим. Мол эгаси ўз пулининг талофатга учраш хатарини зиммасига олмаслиги адолатдан бўлмайди. Чунки агар пул уйида турса ундан фойда кўролмас ва яна ўзи ҳам ишлатиб фойдалана олмас эди. Демак уни ишлатадиган кишига фойда кўриш учун тикдими, хатарини ҳам зиммасига олиши лозим. Бошланган ишни юриши учун икки тараф ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак. Ишчи ишнинг хавф-хатарини, пул тиккан пулнинг хавф-хатарини бўйнига олсин. Агар маблағ эгаси фақат фойда олишни кўзласа ва бошқа хатарларни зиммасига олмаса, бунда у барча хатарни ишчининг зиммасига юклаб қўйган бўлади. Лекин Исломда сармоядор эмас балки ишчи ҳамма хатарни мол эгасига юклаши, қилган иши учун фақат ойлик олиб, қолган нарсага сармоядор ўзи жавоб берсин дейиши мумкин. Аммо сармоядор ўз сармояси хатарини ишчининг зиммасига юклаши дуруст эмас. Яъни пулни ишчига топшириб, ҳар ой маълум миқдор фойдани берасан, маблағга етиши мумкин бўлган барча хатарларга ҳам ўзинг жавобгарсан дейишга рухсат йўқ. Ҳар қандай иш хатардан холи эмас. Агар мол эгаси хатардан қочса ишчининг зиммасига иккита хатар юкланиб қолади.
А) Ўзининг меҳнати хатари;
Б) Бошқанинг маблағига етиш эҳтимоли бўлган зиён хатари.
Албатта мол эгаси ўз молининг хатарини зиммасига олишга қодирдир. Ишчининг меҳнат хатари эса доимий тарзда унинг ўзи билан бирга турибди. Лекин шу билан бирга ишчи ўз амалининг хатари билан қўшиб бошқанинг молига етадига хатарни кўтаришга қодир эмас. Агар зиёнга учраса у маблағни қаердан олади? Ўзида мол йўқлигидан бошқадан маблағ олиб, ўз амали билан шерикликка қилмоқда. Шундай экан ҳар икки шерик ўзи тиккан нарсасига масъул бўлиб, шунинг эвазига чиққан фойдадан ҳисса олса мақсадга мувофиқ бўлади. Ижарага берилган молнинг мулкияти ижарани олувчига кўчиб ўтмайди. Балки у мулкият зоминлик билан бирга ижара берувчининг ўзида қолади. Яъни агар ижара олувчи мулкдан фойдаланишда ҳаддидан ошмаса, бепарволикка йўл қўймаса ёки ноқислик қилмаса мулкнинг ўзи ёниб кетиши, талофатга учраши ёки эскириши каби хатарлар ижара берувчининг зиммасида бўлади. Аммо мулкни ишлатишда ҳаддидан ошиши, бепарволикка йўл қўйиши ёки қусурга учратиши ижарага олганнинг зомин бўлишига сабаб бўлади. Мулкни ўз эгасига қайтараётган вақтда яъни ижара шартномаси тугагач ижарага олган мулкининг айнан ўзини қайтариб беради. Қарздаги каби мислини қайтариб бермайди. Бу ерда юқоридаги икки қоиданинг айнан ўзи татбиқ бўлади:
الخراج بالضمان
Харож зоминлик билан биргадир, яъни ким зарарни бўйнига олса фойдани ҳам шунга берилади. Ёки:
الغنم بالغرم
Ғанимат ғаромат билан биргадир, яъни жаримани тўлаган ўлжани олишга ҳақли бўлади.
Бу ўринда ажр ва зоминлик бир тарафга жамланмайди. Ижара ҳақини ижарага олган тўласа, зоминлик хатари ижара берувчига юкланади.
Ер ижарага қўйиш учун лойиқ мулк ҳисоблансада, фуқаҳолар бу ўринда турли фикрни билдиришган. Баъзи уламолар ерни ижарасини жоиз санамаганлар. Балки ерни қарзга бериладиган нақд пуллар ва бошқа моллар каби тавсифлаб, ундан чиқадиган фойдага шерик бўлишни жоиз деганлар. Рибонинг ҳаром қилиниш ҳикмати тўғрисида баҳс олиб борган ҳамаср боҳислар ва фуқаҳолар уни ерга ҳам солиштириб кўришган ва агар ер табиий ҳолатида бўлиб, унга ишлов берилмаган, иморатлар қурилмаган бўлса у ердан ижара ҳақи олиш ҳаром эканлигини айтишган.
(Демак биз араб тилидаги فائدة (нақд фойда) ва ربح (тушган фойда) тушунчасини ажратиб олишимиз лозим экан. Қарз берувчи маълум вақтга маълум миқдорни белгилаб қўйса бу фойда (яъни нақд фойда рибо) дейилади. Лекин қарз берувчи бўлажак фойдадан маълум қисмига шериклигини белгиласа бу рибҳ (яъни тушган фойда) дейилар экан).
Қарз берувчи фойдани таъйин қилса унинг миқдори маълум бўлади. Аммо рибҳнинг яъни бўлажак фойданинг миқдори аниқ бўлмайди. Баъзан рибҳ кўзланаган фойдадан бир неча баробар ортиб кетиши мумкин. Шунда фойдани белгилаб қўйган алданганлиги ва зулмга учраганлигини эътироф қилади. Агар рибҳ фойдадан камайиб кетса қарзни олган алданган ёки зулмга учраганини сезади. Шу сабабли бу икки йўлнинг адолатлироқ томони қарзни рибҳ асосида беришдир.
(Яъни аниқ миқдордаги фойдага эмас, балки бўлажак фойдадан маълум қисмига шерик бўлиш учун қарз бериш адолатли ҳисобланади).
Фойдага қарз бериб қўйган маблағ эгаси ишдан ҳосил бўлаётган натижа билан иши бўлмайди, балки қарз олувчидан ундирадиган ўз ҳақининг ташвишини қилади. Кўпинча қарздорнинг маҳорати, ҳикмати ва иш юритиш услубидан кўзини юмади. Бу шерикчиликнинг қоидасига тўғри келмайди. Агар маблағ эгаси ўз пулини рибҳ асосида амалга тикса бунинг натижасига қизиқиши ортади. Чунки унинг оладиган даромади бўлажак натижага боғлиқ. Шунда икки тарафнинг ҳам фойдаси натижага кўра ҳосил бўлади. Рибҳ яъни бўлажак фойда кўпайса икки тарафнинг ҳам маблағи кўпаяди.
Рибонинг ҳаром қилиниш ҳикматларидан яна бири сармоянинг фойдасини ишлаб чиқариш режаларига боғлиқ қилиб қўйишдир. Бунда мол эгаси билан ишлаб чиқарувчи томон ўртасида даромад касб қилиш учун мувозанат юзага чиқади. Агар ушбу тавозун бўлмаса зарар кўрилган вақтда мол эгаси ишлаб чиқарувчининг зиёни ҳисобига бойишни бошлайди. Истеъмол учун бериладиган қарзлар зарурий эҳтиёжларни қоплаш учун ишлатилади. Яъни бунда қарздор муҳтож бўлади. Маблағ эгаси эса муҳтож одамнинг эҳтиёжлари билан савдолашиши инсофдан эмас. Қийналиб турганлиги учун қарз олган тарафдан фойда талаб қилиш, бунинг устига ўзи зарарни зиммасига олмаслик, қийинчилик ортса фойда миқдорини ҳам кўпайтириб бориш рибонинг энг жирканч кўринишларидан биридир. Заруратга ишлатиш учун олинадиган қарзларда сармояни ўстириш маъносининг ҳеч қайси кўриниши бўлмайди. Демак бундай қарзлардан савобдан бошқа фойда талаб қилиш дуруст эмас. Агар истеъмол қарзлари даб-даба, ҳашам ва ўйин каби нарсалар учун берилса яхши оқибатларга олиб келмайди. Чунки киши ўз пулини шу каби беҳуда нарсаларга сарфлаши номаъқул ҳисобланади, шундай экан бировнинг пулига буларни қилиш қандай бўлади? Агар истеъмол қарзлари кундалик эҳтиёж моллари, жиҳозлар ёки уй асбоб-анжомларини сотиб олиш учун берилса, қарздор шу нарсаларни сотиб олса яшаш тарзи яхшиланади, унинг даромади ортади, деган даъво билан берилган қарзга фойда қўйиш ҳам тўғри эмас. Чунки аслида бу нарсалар билан фойда ҳосил бўлмайди. Гарчи эҳтимолий фойда бўлса ҳам буни ишлаб чиқаришдаги фойдаларга қиёс қилиш ва шу баҳона билан берилган қарздан рибо талаб қилиш зулмдан бошқа нарса эмас.
Бугунги кунимиз инсонлари орасида истеъмол қарзлари тўлиб тошди. Одамлар ўз имкониятларидан ҳам ортиқроқ турмуш тарзини хоҳлашиб, шуни ҳосил қилиш ташвишига тушишди. Аксар ҳолларда бу қарзлар кўпайиб исроф ва бузғунчиликларни келтириб чиқармоқда. Бошқарув ва тасарруф ёмонлашиб, қарзга ботиб қолишлар кўпаймоқда. Агар қарзлар ишлаб чиқаришга берилса, гоҳида ишлаб чиқаришдан ҳам фойда ҳосил бўлмаслиги мумкин. Бунда қарз олган зулмга учрайди. Агар фойда кўзланган миқдордан бир неча баробар ортиб кетса, қарз берган мазлум бўлиб қолади. Демак икки тараф ҳам фойдага қарз олди-бердини тарк қилиб, ҳосил бўладиган рибҳга (яъни даромадга) шерик бўлишлари афзал йўлдир. Бунда фойда ҳам хатар ҳам баробар бўлиб, икки томоннинг хавфи ва умиди тенглашади.