Ширкати амвол, ширкату аъмол ва ширкату вужуҳлар икки суратда тузилса бўлади:
1. Муфоваза ширкати;
2. Инон ширкати.
Муфоваза ширкати – муфоваза луғатда тенг, баробар деган маъноларни англатади.
Истилоҳда:
أن يتعاقد اثنان فأكثر على أن يشتركا في عمل بشرط أن يكونا متساويين في رأس مالهما وتصرفهما ودينهما.
“Икки ва ундан кўп киши сармоя, тасарруф ва динда тенг бўлишлари шартига кўра бир амалда шерик бўлишга битм тузишларидир” (ал-Фиқҳул ислом ва адиллатуҳу).
Холид Сайфуллоҳ ўзларининг “Қомусул фиқҳ” асарларида муфоваза ширкатига шундай таъриф берганлар: “Сармоя ва тасарруфда тенг ҳамда тижоратнинг вожиботлари шерикларнинг бирига тегишли бўлса, иккинчисига ҳам тааллуқ топадиган бир кишидан ортиқ кишиларни бир-бирлари билан шерик бўлишларига муфоваза ширкати дейилади”. Ширкатнинг ушбу турида томонлардан бири шеригининг номидан вакил ва кафил бўлади, яъни шериклардан биридан бирортаси қарз бўлса, иккинчиси унинг номидан вакил бўлиб, ўша ҳақни қарздордан талаб қилиши мумкин. Агар томонлардан бирининг зиммасида қарз бўлса, иккинчиси унинг номидан кафил бўлиб, қарзни адо қилиши мумкин.
Ушбу ширкатда томонлар сармоя, фойда, дин, иш юритиш ва зиммадорликда бир-бирлари билан теппа тенг бўлганликлари учун муфоваза ширкати деб номланади. Баъзилар муфовазани “тафвийз” сўзидан олинган деб, ишни бир-бирларига топшириш деган маънони англатади деганлар.
Муфоваза ширкатига биноан икки шерикдан бири бирор нарса сотиб олса, сотиб олинган нарса бошқа шерикка ҳам мулк бўлади. Муфоваза ширкатида савдо-сотиққа тегишли ҳукмлар қуйидагилар:
1. Томонлардан бири хиёри айб, хиёри рўят, хиёри шарт билан бирор нарса сотиб олса, ушбу ихтиёр иккинчи шерикда ҳам бўлади. Агар шериклардан бири оилавий рўзғор ёки ўзига кийим кечак сотиб олса, истиҳсон йўлига кўра иккинчиси унда шерик бўлмайди;
2. Томонлардан бирининг зиммасига тижоратнинг зиммадорлиги, қарз, ғасб, талофат етказиш, кафолат каби бирор нарса вожиб бўлса, шеригининг зиммасига ҳам ўша нарсалар вожиб бўлади ва уларни ундан ҳам талаб қилиш мумкин бўлади;
3. Томонлардан бири бирор кишини ширкатга тегишли ишларда ижарага олиб ишлатса, унинг ижара ҳаққи икки шерик зиммасига бўлади;
4. Шериклардан ҳар бири гаров олишлари ва гаровга нарса қўйишлари мумкин;
5. Томонлардан бирининг зиммасига вожиб бўлган жиноят тўловлари, маҳр ва нафақалар иккинчи шерик зиммасига вожиб бўлмайди.
Агар икки шерикдан бирига ширкати муфоваза қилишга ярайдиган бирор маблағ ҳадя ёки мерос йўли билан ўтса, муфоваза ширкати тугайди. Агар қайси ўринда ширкати муфоваза тугаса, лекин ширкати инон дуруст бўлиши учун бирор моне бўлмаса, муфоваза ширкати инонга айланиб кетади.