“ал-Муқаддима фи-с-солат”


Мазкур “Муқаддимату-с-солат” (“Намоз муқаддимаси”) ёки “ал-Муқаддима фи-с-солат” (“Намоз ҳақида муқаддима”) деб номланган рисола машҳур ҳанафий олими, таниқли юртдошимиз фақиҳ Абу-л-Лайс ас-Самарқандий (911-985) қаламига мансубдир. Унинг “Бўстон ул-орифин”, “Танбеҳ ул-ғофилин” каби асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Ушбу “Муқаддимату-с-солат”да эса намозга оид бирламчи маълумотлар намозхонларга содда тарзда етказилган. Ҳамидуллоҳ Беруний томонидан таржима этилган мазкур рисола илк бор Fiqh.uz сайтида эълон қилинмоқда.

Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм
Оламларнинг парвардигори, меҳрбон ва раҳмли Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Оқибат яхшилиги тақводорларгадир! Золимларга эса фақат душманлик бўлур. Раҳмат ва саломлар инсониятнинг яхшиси Муҳаммадга ва унинг жами оила ва саҳобаларига бўлгай!
Фақиҳ Абуллайс ас-Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи айтади:
Билгинки, намоз барқарор фарз ва мустаҳкам шариатдир. Унинг фарзлиги Китоб – Қуръон, Суннат ва Ижмоъ билан танилган.
Китобдаги далилларга келсак, Аллоҳ таолонинг сўзи бор: “Намозни тўкис адо қилинг ва закотни беринг...!” (Бақара, 110). Демак, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизни намозни барпо қилишга, закотни беришга буюрган. Аллоҳдан бўлган амр бирор нарсанинг лозим бўлишини билдиради.
Яна Аллоҳ таолонинг сўзи бор: “Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни сақланглар – ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Оллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!” (Бақара, 238). Демак, бу ерда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга беш вақт намозларни сақлашимиз кераклигини буюрган. Аллоҳ таолодан бўлган амр бирор нарсани лозим қилишга далолат қилади.
Яна Аллоҳ таолонинг сўзи бор: “Албатта намоз мўминларга тайинланган китоб бўлди” (Нисо, 103). Яъни, “тайинланган китоб” дегани вақти белгиланган фарздир. Демак, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўъмин-мусулмонларга намоз вақтини белгилаган ҳолда фарз қилган.
Суннатдаги далилларга келсак, Абдуллоҳ ибн Амр ва Жарир ибн Абдуллоҳ разийаллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилишларича, ул зоти шариф бундай деганлар: “Ислом беш устунга бино қилинган. Улар Аллоҳни ягона илоҳ эканига ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик келтириш (“калимаи шаҳодат”), намозни барпо қилиш, закотни бериш, рамазон ойи рўзасини тутиш, йўлга қодир бўлган кимсага байтуллоҳни ҳаж қилишдир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтирилган бошқа хабарда зикр қилинишича, ул зоти шариф видолашув ҳажида бундай деганлар: “Эй, одамлар! Беш вақт намозингизни ўқинглар, рамазон ойингизнинг рўзасини тутинглар, раббингизнинг уйига ҳажга боринглар, покиза молларингиздан закотни адо қилинглар! Ўзларингизга шуни лозим тутсангизлар, раббингизнинг жаннатига ҳисобсиз ва азобсиз кирасизлар!”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинишича, ул зот бундай деганлар: “Қайси бир хотин беш вақт намозини ўқиса, рамазон ойининг рўзасини тутса, мол-мулкидан закот берса, эрига итоат қилса, жинсий аъзоларини иффатли сақласа, жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласа, ундан кираверади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинишича, ул зот яна бундай деганлар: “Кимки беш вақт намозни жамоат билан ўқиса, Аллоҳ таоло унга Аллоҳ йўлида ўлдирилган минг шаҳиднинг савобини беради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинишича, ул зот яна бундай деганлар: “Намоз диннинг устунидир. Кимки уни барпо қилса, демак, дин-диёнатни барпо қилибди. Кимки уни тарк қилса, дин-диёнатни бузибди”.
Умматнинг ижмоъсига келса, уммат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдидан то шу кунимизгача намоз ва закотнинг фарзлигига ҳеч қандай мункирнинг инкорисиз, рад қилувчининг рад этишисиз ижмоъ қилиб келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинганига қараганда, умматнинг ижмоъси энг кучли ҳужжатлардан биридир. Зотан, ул зоти шариф: “Умматим залолатга бирлашмайди” деганлар.
Фасл. Билгинки, фарз икки хил бўлади: фарзи айн ва фарзи кифоя.
Фарзи айн бу айримлар бажаргани билан бошқалардан соқит бўлмайдиган амалдир. Унга рўза, намоз, закот, ҳаж, намоз учун таҳорат қилиш, жунублик ва ҳайзу нифосда ғусл қилиш, умумий чақириқ бўлганда ватан ва дин ҳимояси кабилар киради.
Фарзи кифоя эса айримлар бажаргани билан бошқалардан соқит бўладиган амалдир. Унга саломга жавоб қайтариш, акса урганга жавоб бериш, касални бориб кўриш, жанозада Пайғамбар алайҳиссаломга саловот айтиш, амри маъруф ва наҳий мункар – одамларни яхшиликка чақириб, уларни ёмонликдан қайтариш, умумий чақириқ бўлмаганда ватан ва дин ҳимояси кабилар киради.
Фасл. Билгинки, “солат” сўзи Аллоҳ таолодан раҳмат, фаришталардан истиғфор, мўъмин-мусулмонлардан эса дуо маъносини билдиради. Луғатда “дуо” деган маънодан иборат бўлса, шариатдаги маъноси махсус рукнларда маълум амалларни бажаришдан иборатдир.
Фасл. Билгинки, таҳоратнинг синиши икки хил бўлади: ҳақиқий ва ҳукмий. Ҳақиқий таҳоратни синдирадиган нарсаларга келсак, улар пешобга чиқиш, қазойи ҳожатга бориш, қон ва йиринг оқиши ҳамда шунга ўхшаш нарсалардир. Ҳукмий таҳоратни синдирадиган нарсаларга келсак, улар уйқу, беҳушлик, жинни бўлиш, рукуъ ва саждаси бор намозларда кулиш кабилардир.
Фасл. Билгинки, таҳорат икки хил бўлади: оғир таҳорат ва енгил таҳорат. Оғир таҳоратга жунубликдан, ҳайз ва нифосдан кейин ғусл қилиб олиш киради. Енгил таҳорат эса намозга олинадиган таҳоратдир.
Яна билгинки, сув ҳам икки хил бўлади. Мутлақо сув ва бирор нарсага боғлиқ сув.
Мутлақо сув шуки, қаровчи агар уни кўриб қолса, уни умуман сув деб билади. Масалан, осмондан тушадиган сувлар, водийлардаги булоқлар, қудуқ ва ҳовуз сувлари, чучук (дарё) сувлари ва шунга ўхшашлар. Унинг ҳукми ўзи пок бўлиб, бадан ва кийимлардаги ҳақиқий ва ҳукмий нажосатни кетказа оладиган пок қилувчи ҳамдир. Бу жами уламоларнинг фикридир. У билан таҳорат ҳам, ғусл ҳам қилиш жоиз бўлади.
Боғлиқ сув шуки, бирор иложини қилиб, сиқиб чиқарилган сувлардир. Масалан, бодринг, узум, қовун-тарвуз сувлари каби. Бунга совуннинг, ишқорнинг, гулнинг, ошқовоқларнинг суви ва шунга ўхшашлар ҳам киради. Унинг ҳукми ўзи ҳам пок ва жами уламоларнинг фикрига кўра ҳақиқий ва ҳукмий нажосатларни кетказадиган пок қилувчи ҳамдир. Бироқ, бундай сув билан таҳорат ва ғусл қилиш жоиз бўлмайди. Уни шу хилда Имом ал-Кархий ўзининг “Мухтасар”ида ва Имом Таҳовий “Китоб ал-Уйун”ида зикр қилган. Бу ихтиёр қилинган фикрдир! Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний айтишича, у пок, лекин пок қилувчи эмас. Кийим ва бадандан жами нажосатларни кетказа олмайди ҳамда у билан таҳорат ва ғусл қилиш жоиз бўлмайди. Бу Имом Зуфар ва Имом аш-Шофиъийнинг ҳам фиқҳий қарашидир. Уни фақиҳ Абу-л-Лайс ҳам ўзининг “Мухтасар”ида зикр қилган. “Китоб ал-Уйун”да келишича, бундай боғлиқ сувларнинг ўзи пок, лекин пок қилувчи эмас. Кийим ва бадандан жами ҳақиқий ва ҳукмий нажосатларни ҳам кетказа олмайди. Шу хилда унинг поклиги борасида ҳанафийлар орасида ихтилоф бор. Абу Юсуф у нажосатни кетказади, деган. Имом Муҳаммад эса кетказмайди, деган. Ҳали айтганимиздек, бу Имом Зуфар ва Имом аш-Шофиъийнинг ҳам фиқҳий қарашидир. Имом Муҳаммад эса бир ривоятида ушбу масала борасида худди Имом ал-Кархий ва Имом ат-Таҳовий айтганидек, фикрда бўлган. Энг тўғриси унинг айтгани бўлади. Абу Юсуфдан ривоят қилинганки, у “ал-Амолий” асарида: “Ҳар қандай кийимга нажосат етганида, унинг ҳукми шуки, сиқиш мумкин бўлган ҳар бир нарса билан нажосат сиқиб чиқарилади. Шунда асал, думба ёғи, оддий ёғ, сариёғ ва шунга ўхшашлар билан ҳам нажосат кетган ҳисобланади.
Фасл. Билгинки, намознинг шартлари, рукн (устун)лари, вожиблари, суннатлари, одоблари, макруҳлари бор.
Намознинг шартларига келсак, улар олтитадир. Таҳорат олиш, нажосатлардан покланиш, авратни ёпиш, қиблага юзланиш, вақт ва ниятдир. Агар улардан бирортаси тарк қилинган бўлса, хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ билмасдан бўлсин намозга кириш дуруст бўлмайди.
Намознинг рукн – устунларига келсак, улар ҳам олтитадир. Намозни очиш такбири – такбири ифтитоҳ (такбири таҳрима), тикка туриш – қиём, қироат қилиш, рукуъ, сажда ва ташаҳҳудни ўқиш миқдорида охирги ўтириш – қаъдаи охира. Намозхон ўз феъли – ихтиёри билан намоздан чиқиши ҳам ҳанафийларда фарз ҳисобланади. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад фикрича у фарз эмас. Ифтитоҳ такбири, яъни такбири таҳрима Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф фикрларига кўра намоздан ҳисобланмайди, балки у намоздан ташқаридаги фарз бўлади. Имом Муҳаммад фикрига кўра эса такбири таҳрима намоздан ҳисобланади.
Фасл. Биз намозга таҳорат олиш шарт деган эдик. Унинг шарт эканига Китобдан ва Суннатдан далил бор.
“Қуръон”да Аллоҳ таоло бундай деган: “Эй мўминлар, қачон намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни тирсакларгача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни, нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача (ювингиз!)” (Моида, 6). Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизга учта аъзони ювишни ҳамда бошларга масҳ тортишни буюрган. Аллоҳ таолодан бўлган амр бирор нарсанинг лозим бўлишини билдиради.
Суннатдаги далил эса Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадиси шарифдир. Ул зоти шариф бундай деб марҳамат қилганлар: “Ҳар бир нарсанинг калити бор. Намознинг калити таҳоратдир. Намозда бирор ортиқча нарса қилишни ҳаром қиладиган нарса такбирдир, уларни ҳалол қиладиган нарса эса салом беришдир”.
Фасл. Биз ташқи нажосатдан ва ифлосликлардан покланиш шарт, деган эдик. Унга ҳам Китобдан ва Суннатдан далил бор.
Аллоҳ таолонинг сўзи шуки, у: “Либосларингизни пок тутинг!” (Муддассир, 4), деган. Тафсирда “Кийимларингни гўзал, латофатли қилгин!” дейилган.
Суннатдаги далилга келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадис бўлиб, ул зоти шариф бундай деганлар: “Аллоҳ таоло таҳоратсиз намозни қабул қилмайди, ғулулдан ажратилган садақани ҳам қабул қилмайди”. “Ғулул” хойинлик қилиб, ўлжалардан олинган бойликдир.
Фасл. Авратни ёпишни ҳам шарт деган эдик, унинг далили ҳам Китоб ва Суннатда бор.
“Қуръон”да Аллоҳ таолонинг бундай сўзи бор: “Эй одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни тоза либосда бўлингиз)” (Аъроф,31). “Зийнат”дан мурод авратни ёпишдир.
Суннатда эса Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдир. У айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан иштонсиз битта кийимнинг ўзида намоз ўқиш ҳақида сўралди. Ул зоти шариф: “Ахир, ҳар бирингизда иккита кийим: кўйлак-иштон топилмайдими?!” ёки бошқа бир ривоятда “Ҳаммангизда икки кийим: кўйлак-иштон борку?!” деганлар.
Фасл. Намозда қиблага юзланишнинг Китоб ва Суннат билан шарт қилинганини айтган эдик.
“Қуръон”даги Аллоҳ таолонинг сўзи бундай: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қайси тарафдан чиқсангиз, юзингизни Масжид-ал-Ҳаром томонга буринг!... Қаерда бўлсангизлар ҳам юзларингизни у томонга буринглар!” (Бақара,149-150).
Суннатда эса Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадис бор. Ул зоти шариф аъробийга намоз амалларини ўргатаётганида уни қиблага юзланиб туришга буюрганлар.
Фасл. Биз вақтни ҳам Китоб ва Суннат билан шарт қилинган деган эдик.
Китобга келсак, Аллоҳ таолонинг бу ҳақида гапи бор: “Бас, сизлар, (эй мўминлар), тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам, оқшомда ҳам, пешин пайтига киришларингизда ҳам Оллоҳни поклангиз (яъни, У Зотга ҳамду сано айтингиз! Зеро), осмонлар ва Ердаги бор ҳамду сано Уникидир (яъни коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду сано айтур)” (Рум,17-18). Ушбу оятдан намоз вақтлари мурод қилинган. Бу ҳақида шу хилда тафсирларда зикр қилинган.
Суннатдаги далилга келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифдир. Ул зоти шариф бундай деганлар: “Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга Каъба эшигининг қаршисида икки кунгача келганди. Биринчи куни бомдод намозини иккинчи тонг отиши вақтидаёқ ўқиганмиз. Пешинни эса қуёш калишнинг тасмаси миқдорича тиккадан оғган вақтда ўқилди. Аср намози эса ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг баробарича бўлган вақтда ўқилди. Шом намози рўзадор ифтор қиладиган вақтда ўқилди. Хуфтон намози эса шафақ йўқолган вақтда ўқилди”.
Шафақ Абу Ҳанифа фикрига кўра қизилликдан кейинги уфқда кўринадиган оқликдир. Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва Имом аш-Шофиъий фикрларига қараганда, шафақ қизилликдир.
“Иккинчи куни бомдод тонг жудаям оқариб кетганида ўқилди. Пешинни ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг баробарига етган вақтда ўқилди. Аср эса ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлганида ўқилди. Шом намозини рўзадор ифтор қиладиган вақтда ўқилди. Хуфтанни эса кеча учдан бирига қисқарганида ўқилди. Жаброил алайҳиссалом сўнг менга қараб, бундай деди: “Эй, Муҳаммад! Бу икки вақт орасидаги нарса сенинг ҳам, сендан олдинги пайғамбарларнинг ҳам, сенинг умматингнинг ҳам ибодат вақтидир!”.
Фасл. Китоб ва Суннат билан намозда ният қилишнинг ҳам шарт эканини айтган эдик. “Қуръон”да Аллоҳ таоло бундай деган: "Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир" (Баййина, 5). Ихлос фақат ният билангина ҳосил бўлади.
Суннатдаги далилга келсакк, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинганки, ул зот бундай деганлар: “Амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир кимсага ният қилган нарсаси бўлур”. Яъни, амалларнинг фазилати фақатгина холис ният билангина ҳосил бўлади. Бошқа ҳадисда бундай дейилган: “Кимнинг ҳижрати мол-дунёга етишиш ёки хотинга уйланиш бўладиган бўлса, унга ҳижрат қилган нарсаси бўлади".
Фасл. Биз яна Китоб ва Суннатга мувофиқ равишда ифтитоҳ такбирини, яъни такбири таҳримани рукн деб айтган эдик.
Китобга келсак, Аллоҳнинг сўзи бор: “Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир) киши нажот топгандир”. (Аъло,14-15).
Аллоҳ таоло яна бундай деган: “Парвардигорингизга такбир айтинг!” (Муддассир,74).
Суннатга келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда ул зоти шариф бундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг калити бор. Намознинг калити таҳоратдир. Намозда бирор ортиқча нарса қилишни ҳаром қиладиган нарса такбирдир, уларни ҳалол қиладиган нарса эса салом беришдир”.
Фасл. Биз яна Китоб ва Суннатга кўра қиём – намозда тикка туришни рукн деб атаган эдик.
Китобда Аллоҳ таоло бундай деган: “Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!” (Бақара,238).
Суннатдаги далил эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифдир. Ул зоти шариф бундай деганлар: “Бемор тик туриб намоз ўқийди. Кучи етмаса, орқасига ётган ҳолда намоз ўқийверади. Бу ҳолатда боши билан рукуъ ва саждага имо-ишора қилади. Агар унга ҳам қодир бўлмаса, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло гуноҳларни ўтишга ва карамга энг лойиқ зотдир!”.
Фасл. Биз яна Китоб ва Суннатга кўра қироатни намознинг рукни деган эдик.
Китобда Аллоҳ таоло бундай деган: “Бас, (ўзларингизни қийнамай Қуръондан) муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар” (Муззаммил, 20).
Суннатга келадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда ул зоти шариф бундай деганлар: “Қироатсиз намоз йўқ!”.
Фасл. Рукуъ ва саждани ҳам биз рукн деган эдик. Унинг далили Китоб ва суннатдан топилади.
Жумладан, Китоб – “Қуръон”да Аллоҳ таолонинг гапи бор: “Эй, мўминлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Парвардигорингизга ибодат қилиб, яхшилик қилингиз” (Ҳаж,77).
Суннат эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадис ҳисобланади. Ул зоти шариф аъробийга намознинг рукнларини ўргатаётганларида, рукуъ ва саждани алоҳида зикр қилиб таълим берганлар.
Фасл. Охирги ўтириш – қаъдаи охирани ҳам Китоб ва Суннатга кўра рукн, деган эдик.
“Қуръон”да Аллоҳ таолонинг бундай гапи бор: “Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Оллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қиладилар” (Ол-и-Имрон,191).
Суннатга келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда ул зоти шариф бундай деганлар: “Агар ташаҳҳуд миқдори ўтирганидан кейин имомнинг таҳорати синса, намоз тугаган ҳисобланади”. Имомнинг орқасида намоз ўқиётган кимсаларнинг ҳолати ҳам имомнинг ҳолати кабидир.
Фасл. Намоз вожибларига келсак, улар еттитадир. “Қуръон”нинг фотиҳасини, яъни “Алҳамду” сурасини ҳамда у билан бирга “Қуръондан бирор оятни аввалги икки ракъатга таъйинламоқ; аввалги қаъдада ўтирмоқ; охирги қаъдада ташаҳҳуд ўқимоқ; намоз рукнларини адолат билан бажармоқ – таъдили аркон; витрда қунут ўқимоқдир. 
Биз намозхон намоздан ўз феъли билан чиқишини “Қуръон”га кўра фарз бўлишини айтган эдик. Қироатни ошкора қилинадиган намозда ошкора ўқиш, махфий ўқиладиган намозда қироатни махфий ўқишнинг икковини баъзи уламолар вожиб деганлар. Айримлар эса суннат, деганлар. Ушбу ихтилоф натижаси саждаи саҳвнинг вожиб дейилганида маълум бўлади. Агар ушбу қоидани унутиб, жаҳрийни махфий ўқиса ёки махфийни жаҳрий ўқиса ихтилоф юзага чиқади. Бу ҳолатда айримлар саждаи саҳв вожиб бўлади, десалар, айримлар саждаи саҳв вожиб бўлмайди, деганлар. Агар уни қасддан тарк қилса, уламолар иттифоғига кўра саждаи саҳв вожиб бўлмайди.
Фасл. Намознинг суннатлари ўн иккитадир. Иккала қўлни қулоқ юмшоғигача кўтариш; ўнг қўлни чап қўлнинг устига киндик остида қўйиб туриш; сано ўқиш; “Аъузу биллоҳи мин аш-Шайтонир рожийм” дейиш; “Бисмиллоҳир Раҳмонир роҳийм” дейиш; омин айтиш; “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ” дейиш; “Роббана лака-л-ҳамд!” дейиш; рукуъ ва сажда тасбеҳлари – Субҳона роббий ал-ъазийм!” ва “Субҳона роббий ал-аъло!” дейиш; ташаҳҳуд ўқиш; аввалги қаъдада бир оз тин олиш; “Қуръон”нинг фотиҳа сурасини охирги икки ракъатда ўқиш; такбири таҳримадан ташқари намоз рукнларининг орасини ажратадиган такбирлар – “Аллоҳу акбар”ни айтиш; ташаҳҳуд миқдори ўтиргандан сўнг салом лафзини айтиш кабилар суннатдир. Бундан бошқалари одоб (мустаҳаб) бўлади.
Фасл. Агар биз шарт деб атаган нарсаларимиздан бирортасини тарк қилинса, намозга кириш дуруст бўлмайди. Буни хоҳ қасддан бажарилсин, хоҳ унутган ҳолда бажарилсин фарқи йўқ.
Агар биз рукн деб атаган амаллардан бирортасини тарк қилинса, агар унинг қазосини бажариш имконияти бўлса, ҳали намозда деб ҳисобланади. Агар қазосини бажариш имконияти бўлмаса, намоз бузилган бўлади.
Агар биз вожиб деб атаган амаллардан бирортасини тарк қилинса ва уни унутган, билмаган ҳолда бажарган бўлса, унга саждаи саҳв вожиб бўлади. Агар қасддан шу ишни қилса, яъни вожибни қасддан ташлаб кетса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Лекин намози нуқсонли бўлиб қолади ва бунга гуноҳкор бўлади.
Агар биз суннат деб атаган амаллардан бирортасини тарк қилса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Хоҳ буни қасддан тарк қилган бўлсин, хоҳ унутган ҳолда тарк қилган бўлсин, фарқи йўқ. Унинг учун намоз ҳам бузилмайди. Бироқ, агар суннатни қасддан тарк қилса, гуноҳкор бўлади. Бундан ташқари одоб деб аталган нарсаларда эса уларнинг бирортасини тарк қилгани билан ҳеч нарса вожиб бўлиб қолмайди.
Фасл. Билгинки, таҳоратнинг фарзлари, суннатлари, нафллари, мустаҳаблари, одоблари, макруҳликлари ва қилиш қайтарилган нарсалари бўлади.
Таҳоратнинг фарзлари тўрттадир: биринчиси, юзни ювмоқлик. Инсоннинг юзи деб одатда соч чиқадиган жойларидан то жағи остироғигача, қулоқ юмшоғидан то бу қулоқ юмшоғигача бўлган башарасига айтилади. Абу Ҳанифа ва Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳ фикрларича, ювишда икки узори – чаккаси ҳам киради. (Узорда қулоқ юмшоғидан сақолгача бўладиган оқлик тушунилган). Абу Юсуф фикрича ювишга узорни киритиш шарт эмас. Имом аш-Шофиъийнинг ҳам гапи шундай. Таҳоратнинг иккинчи фарзи иккала қўлни тирсакларигача ювишдир. Таҳоратнинг учинчи фарзи бошга масҳ тортишдир. Таҳоратнинг бешинчи фарзи иккала оёқни икки тўпиққача ювишдир. Бунга далил сифатида Аллоҳ таолонинг амри келтирилади: "Эй мўминлар, қачон намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни тирсакларгача ювингиз, бошларингизга масҳ тартингиз (яъни, нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача (ювингиз!)" (Моида,6).
Аллоҳ таоло бизларга учта аъзомизни ва бошга масҳ тортишни буюрган. Аллоҳ таолодан бўлган амр эса бирор нарсанинг вожиб ёки фарз бўлганлигини билдиради.
Бизнинг уч нафар уламомиз (яъни, Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад) фикрича, икки тирсак ва икки тўпиқ ҳам ювишга киритилади. Имом Зуфар ва Имом аш-Шофиъий раҳимаҳумаллоҳ фикрларига қараганда, тирсак билан тўпиқ ювишга кирмайди.
Фасл. Таҳоратнинг суннатларига келсак, улар ўнтадир. Улар таҳоратни бошлашда Аллоҳ таолонинг исмини айтиш, яъни "Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳийм" дейиш; идишга қўлни тиқишдан аввал иккала қўлни уч марта ювиб олиш; сув топилган вақтда сув билан, сув йўқ пайтда эса кесак билан истинжо қилиш; таҳоратда мисвок ишлатиш; мазмаза – оғизни чайиш; истиншоқ – бурунни ювиб, қоқиш; иккала қулоққа масҳ тортиш; сақолга ва бармоқларга хилол қилиш – қўл бармоқлари билан сақол ва бармоқ ораларига намлик етказиш; ювиш фарз қилинган аъзоларни уч мартадан ювишдир.
Фасл. Таҳоратнинг нафлларига келсак, улар олтитадир. Улар истинжодан кейин иккала қўлни деворга ишқаш (ҳозирда совун ишлатилади); деворга ишқагандан сўнг иккала қўлни ювиш; ҳар бир аъзони ювишган пайтда ўзига хос дуоларни эслаш; бўйинга масҳ тортиш; таҳоратдан фориғ бўлгандан кейин иштонга ва жинсий аъзога (васвасанинг олдини олиш мақсадида) сув сепиб қўйишдир.
Фасл. Таҳоратнинг мустаҳаблари ҳам олтитадир. Улар таҳоратнинг бошланишида ният қилиш; бошлашда Аллоҳ таолонинг зикри билан бошлаш ("Бисмиллоҳ"); ўнг тараф билан бошлаш; тартибга риоя этиш; аъзолар қуриб кетмаслиги учун пайдар-пай ювишга риоя қилиш; масҳда бошнинг ҳаммасини қамраб олишдир.
Фасл. Таҳоратнинг одоблари ҳам олтитадир. Улар ҳожатхонада қиблага юзланмаслик ва унга орқа қилмаслик; қазойи ҳожатда айнан қуёшга ва Ойга қараб ҳам ўтирмаслик ва уларга орқа қилмаслик; таҳоратда ҳар бир аъзони ювишда махсус дуолардан бошқа гапларни тарк қилиш; оғизни ва бурунни чайқашда ўнг қўлни ишлатиш; чап қўл билан истинжо қилиш; истинжо вақтида авратни ўзга кимсалардан ёпишдир.
Фасл. Таҳоратнинг макруҳлари ҳам олтитадир. Улар юзга сувни уриш; авратга қарайвериш; тупук ва балғамни сувга ташлаш; оғиз ва бурунни чап қўл билан чайқаш; ўнг қўл билан узрсиз бурун қоқиш; истинжо вақтида сўзлашдир.
Фасл. Таҳоратда қайтарилган нарсалар ҳам олтитадир. Улар истинжо вақтида авратни ўзгалар олдида очиш; сувга сийиш ёки қазойи ҳожат қилиш; ўнг қўл билан узрсиз истинжо қилиш; таҳорат қилиш ва ғусл этишда сувни исроф қилиш; ювиш фарз қилинган аъзоларни ювишда уч мартадан кўпроқ ёки камроқ қилиш; маҳсисиз иккала оёқнинг ўзига масҳ тортишдир. Шунингдек, кўпгина йиртиқлари, тешиклари бўлган маҳсига масҳ тортишдан ҳам қайтарилгандир.
Фасл. Билгинки, истинжо тўққиз хил бўлади. Улардан тўрттаси фарз, биттаси эса вожиб, биттаси суннат, биттаси мустаҳаб, яна биттаси эҳтиёт, яна биттаси бидъатдир.
Фарз бўлган тўртта истинжога келсак, улар жанобатдан, ҳайздан, нифосдан ва дирҳам миқдоридан кўпроқ бўладиган бўлса, нажосатдан истинжо қилишдир.
Вожиб бўлган истинжо эса нажосат дирҳам миқдорида бўлганда, истинжо қилиш вожибга айланади.
Агар нажосатлар дирҳам миқдоридан озроқ бўлса, истинжо суннат бўлади.
Мустаҳаб истинжо эса инсон сийиб, қазойи ҳожат қилмаса, бажарилади. Бу ҳолатда олд тарафи ювиб қўйилади, орқа томон ювилмайди.
Эҳтиётдан қилинадиган истинжога келсак, у бировнинг баданидан бир нарса чиқиб ёки унга бирор ифлос нарса тегиб, лекин уни булғамаса, эҳтиёт юзасидан ювиб қўйиладиган истинжо эҳтиёт истинжосидир.
Бидъат бўладиган истинжо қуйидагича: бировнинг иккала жинсий аъзосида бирор нарса чиқмаса, лекин бошқа жойларидан шаръан нажас бўлган нарсалар чиқса, масалан қон, йиринг кабилар ёки орқадан ел ё қурт чиқса, уларга истинжо қилиш бидъатдир.
Агар учта тош, учта кесак ёки гувала билан истинжо қилиб, артинса, бу жоиз бўлади. Бизнинг уламоларимиз фикрича, нажосатдан тозаланишда уч адад бўлиши шарт эмас, балки тоза бўлиш шартдир. Агар битта тош билан ҳам тоза бўлиш мумкин бўлса, иккинчисини ишлатишга ҳожат қолмайди. Агар учта тош билан тоза бўлса, учинчисига эҳтиёж туғилмайди. Агар учтага ҳам тоза бўлинмаса, то тоза бўлгунча тозалайдиган нарса ишлатавериш мумкин. Тошнинг уч тарафи билан истинжо қилиш мумкин. Шунга кўра, битта тошнинг учта тарафи билан истинжо қилганда поклик ҳосил бўлса, бизнингча, бу жоиз ҳисобланади. Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ фикрича, истинжода адад шартдир. Ўша адад фақат учдир. Яъни, истинжода фақат учта тозалайдиган нарса ишлатиш мумкин. Имом Шофиъий бунга Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг хабарини далил қилиб келтирган. У айтган эди: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жинлар билан учрашган кечада у зот билан бирга эдим. Ул зот мендан истинжо учун тош сўрадилар. Унга кки тош ва битта қотган тезак олиб келдим. Пайғамбар алайҳиссалом икки тошни олдилар ва гўнгни отиб юбордилар. "Бу ифлос нажасдир!" дедилар. Бу ерда "нажас" сўзи ўрнида ҳадис матнларида "ражас", "нагас" сўзлари бир хил маънода келтирилган. Бунга бундай жавоб берамиз: юқоридаги хабар Имом Шофиъийга қарши ҳужжат бўла олади. Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом икки тошни олдилар-да, тезакни ташлаб юбордилар. Учинчи тошни сўрамаганлар. Агар адад шарт бўлса, учинчи тошни ҳам сўраган бўлардилар. Учинчи тошни сўрамаганларидан тозаланишда тозаловчи уч адад нарсани ишлатиш шарт эмас эканлиги равшан бўлади.
Фасл. Истинжо қилиш олти нарса билан жоиз. Улар тош, кесак, тупроқ, латта, кигиз, пахта ва шунга ўхшаш нарсалар. Олти нарса билан истинжо қилиш эса макруҳ. Улар суяк, тезак, сопол, пишган ғишт, ҳайвонларни ўти ва шунга ўхшаш нарсалар.
Фасл. "Истинжо", "истинқо" ва "истибро" амалларининг орасида нима фарқ бор, дейилса, унга бундай жавоб беришинг мумкин. Истинжо сув топилган пайтда сув ишлатиб, у топилмаган пайтда эса тош, кесак кабиларни ишлатиб тозаланишдир. Истибро эса закарни сиқиб, қовуқдан сийдик томчиларини чиқариш бўлиб, унинг учун оёқни ерга уриш, йўталиш керак бўлади. Айрим уламолар ҳожатхонада ўтирган жойидан бир неча қадам отиб, пок ерга ўтиш ва шу орқали сийдик томчилари қолмаганлигига ишонч ҳосил қилишни истибро деганлар. Истинқо эса тош, кесак, тупроқ ва шунга ўхшашлар билан покланишга уринмоқликдир. Айрим уламолар истинқони чап қўл кафти билан орқа аъзони силаб, ёмон ҳидни кетказишга уриниш, деб таърифлаганлар. Бошқа уламолар эса таҳорат олгандан сўнг кийимга ишлатилган сув (оби мустаъмал) тегиб  қолмаслиги мақсадида латта ёки сочиқ билан артинишни истинқо деб атаганлар. Истибро эса табиий совуқлик кетиши учун оёғини депсинтириш, ҳаракатлантириш ҳисобланади.
Фасл. Билгинки, истинжо қилувчи ҳожатхонага киришда ва чиқишда олти нарсани билишга муҳтож бўлади. Аввалгиси, чап оёғи билан кириш. Иккинчиси, Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш бўлиб, у "Аллоҳумма инний аъузу бика мин ар-ражаси ва-н-нажаси ва-л-хабаси ал-мухтабис мин аш-шайтон ар-рожийм" ("Эй, Аллоҳим! Мен сендан ифлосликдан, нажосатдан, бузуқликдан, ифлослик қилувчи, лаънатланган шайтондан паноҳ сўрайман!") дейишдир. Учинчиси, учта тош, учта кесак ёки уч ҳовуч тупроқ билан истинжо қилиш. Тўртинчиси, ҳожатхонадан чап оёқ билан чиқиш. Бешинчиси, Аллоҳ таолога шукр қилмоқ бўлиб, у "Алҳамдулиллоҳиллазий азҳаба ъанний ма йузиний ва амсака алаййа ма йанфаъуний" ("Менга озор етказадиган нарсани мендан кетказган ва менга фойда берадиган нарсани менда тутиб қолган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!") дейишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан икки марта "Ғуфронака, ғуфронака!" деганлари, бошқа ривоятда эса "Роббана ва илайка-л-масийр!" деганлари ривоят қилинган. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг ҳожатхонадан чиқаётганида, "Алҳамдулиллоҳ, ал-ҳофиз мин ал-музий!" дейишлари ривоят қилинган. Олтинчиси, ҳожатхонада гапирмаслик. Бу Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган далилга асосланган. У зот ҳожатхонага киришни хоҳласалар, ридоларини ерга тўшар ва "Эй мени асровчи икки фаришта, бу ерда ўтириб туринглар! Мен ҳожатхонада гапирмасликка Аллоҳга аҳд қилдим" дерди.
Фасл. Инсонлар таҳорат олишни хоҳласалар, аввало уч марта иккала қўлини ювадилар.
Сўнг авратини очишдан олдин "Бисмиллоҳ, ал-алий ал-азийм. Валҳамдулиллоҳ ъала дин ал-ислом" дейди. Сўнг ерга ўтириб, авратини очади ва шундан сўнг истинжо қилади. Истинжо қилиб бўлгандан сўнг "Аллоҳумма ижъалний мин ат-таввобийн ва ижъалний мин ал-мутатоҳҳирийн ва ижъалний мин ибадика ас-солиҳийн ва ижъалний миналлазийна ла ховфун ъалайҳим ва ла ҳум йаҳзанун!" ("Эй, Аллоҳим! Мени тавба қилувчилардан, покланувчилардан, солиҳ бандаларингдан ҳамда қўрқув ва маҳзунлик бўлмайдиган кимсалардан қилгин!") дейди.
Кейин мисвоги бўлса, мисвок билан тишларини ювгай. Агар мисвоги бўлмаса, бармоқлари билан мисвок қилиш ҳам жоиз ва шу кифоя қилади. Сўнг мана бундай дейди: "Аллоҳумма тоҳҳир накҳатий ва наввир қолбий ва маҳҳис мин зунубий!" (Эй, Аллоҳим! Вужудимни покла, қалбимни нурлантир, гуноҳларимни ўчиргин!).
Сўнг мазмаза қилади – яъни, оғзини чайқайди ва "Аллоҳумма аъниний ъала тиловати зикрика ва шукрика ва ҳусни ибодатика!" (Эй, Аллоҳим! Зикрингни ва шукрингни тиловат қилишга ва гўзал ибодат қилишга менга ёрдам бергин!") дейди.
Сўнг истиншоқ қилади – яъни, бурунни чайқайди ва "Аллоҳумма ариҳний роиҳат ал-жаннати варзуқний мин неъматиҳа ва аъузу бика мин духонин жаҳим" (Эй, Аллоҳим, менга жаннат ҳидларини ҳидлантиргин, унинг неъматларидан ризқлантиргин ва жаҳаннам тутунидан ўзинг сақла!") дейди.
Сўнг юзини ювади ва "Аллоҳумма баййиз важҳий би-нури маърифатика йавма табйаззу вужуҳу авлиёика ва ло тасвадду важҳий йавма тасвадду вужуҳу аъдоика!" (Эй, Аллоҳим! Юзимни маърифатинг нури ила дўстларингнинг юзларини ёруғ қилганингдек ёруғ қил ва юзимни душманларинг юзини қора қилганингдек қора қилма!") дейди.
Сўнг ўнг қўлини ювади ва "Аллоҳумма аътиний китобий би-йаминий ва ҳосибний ҳисобан йасиро!" ("Эй, Аллоҳим! Китобимни ўнг қўлимдан бергин ва ҳисоб-китобимни осон айлагин!") дейди. Сўнг чап қўлини ювади ва "Аллоҳумма ла тўътиний китобий би-шимолий ва ла мин варои зоҳрий ва ла туҳосибний ҳисобан шадида!" ("Эй, Аллоҳим! Китобимни чап қўлимдан ва орқа тарафимдан бермагин ва мени қаттиқ ҳисоб-китоб қилмагин!") дейди.
Сўнг бошига масҳ тортади ва "Аллоҳумма ғашшиний би-роҳматика ва анзил алаййа мин баракотика!" ("Эй, Аллоҳим! Мени раҳматинг ила ўрагин ва менга баракатларингдан тушургин!") дейди. Сўнг икки қулоғига масҳ тортади ва "Аллоҳумма ижъалний миналлазийна йастамиъуна ал-қовла фа-йаттабиъуна аҳсанаҳ!" ("Эй, Аллоҳим! Мени яхши гапни эшитиб, унинг гўзалига эргашадиган кимсалардан қилгин!") дейди. Сўнг бўйнига масҳ тортади ва "Аллоҳумма аътиқ рақобатий мин ан-нор ва иҳфазний мин ас-салосил ва-л-ағлол!" ("Эй, Аллоҳим! Бўйнимни дўзахдан озод қил ва мени кишан ва занжирлардан сақлагин!") дейди.
Сўнг ўнг оёғини ювади ва "Аллоҳумма саббит қадамий ъала ас-сироти йавма тазиллу фиҳи ал-ақдом!" ("Эй, Аллоҳим! Менинг қадамимни қадамлар тойиб кетадиган кунда сирот устида мустаҳкам айла!) дейди. Сўнг чап оёғини ювади ва "Аллоҳумма саъйан машкуро, ва занбий мағфуро, ва амалий мақбула, ва тижоратан лан табуро би-афвика ё Ғафур, би-роҳматика ё арҳам ар-роҳимин!" ("Эй, Аллоҳим! Ҳаракатимни шукроналик қил, ғуноҳимни мағфиратли айла, амалимни эса мақбул, тижоратимни касодсиз қилгин! Сенинг афвинг ила, эй мағфиратли зот! Эй, раҳмлилар раҳмлиси, сенинг марҳаматингни сўрайман!") дейди.
Таҳоратдан фориғ бўлганидан сўнг осмонга қараб бундай дейиши мустаҳаб бўлади: "Алҳамдулиллаҳ, ъала итмом ал-вузуъ ва иттибоъ ас-сунна" ("Таҳоратнинг тугаганига, суннатга эргашимлганига Аллоҳга шукр!") дейди. Сўнг яна бундай дейди: "Аллоҳумма субҳонака ва би-ҳамдика, ашҳаду алла илаҳа илла анта, ваҳдака ла шарика лака ва астағфирука ва атубу илайка" ("Эй, Аллоҳим! Сенинг ҳамдинг ила сени пок дея ёд қиламан! Сендан ўзга илоҳ йўқлигига шаҳодат айтаман. Сени якка-ю ёлғиз, шеригинг йўқ зотсан! Сенга истиғфор айтаман ва сенга тавба қиламан!"). сўнг эса ерга қараб бундай дейди: "Аллоҳумма ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ!" ("Эй, Аллоҳим! Мен Муҳаммад Сенинг банданг ва расулинг эканига шаҳодат айтаман!") дейди.
Сўнг эса таҳорат қилиб бўлиб, "Инна анзалнаҳу фий лайлат ал-қадр" сурасини охиригача ўқиши керак бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинишича, ул зоти шариф бундай деганлар: "Кимки таҳоратнинг изидан бир марта "Инна анзалнаҳу фий лайлат ал-қадр" сурасини ўқиса, Аллоҳу таоло уни сиддиқлардан деб ёзади. Кимки уни икки марта ўқиса, солиҳ шаҳидлардан деб ёзади. Кимки уни уч марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунида пайғамбарлар гуруҳидан деб ёзади".
Фасл. Сўнг, билгинки, таҳорат олти хил бўлади. Аввалгиси, қалбини Аллоҳ таолодан ўзга икки оламдаги нарсалардан покласин. Иккинчиси, қалбини ғиллу ғаш, ҳасад каби иллатлардан пок қилсин. Учинчиси, тилини ёлғондан, бузуқ гаплардан, ғиймат ва чақимчиликдан ҳамда бўҳтондан пок қилсин. Тўртинчиси, ботинини – ичини ҳаром ейишдан пок тутсин. Бешинчиси, зоҳирини ҳаром кийишдан покласин. Олтинчиси шаръий таҳорат бўлиб, унда икки ратл сувга таҳорат қилинади. Бир ратли истинжо учун, иккинчи ратли эса жами аъзолари учундир. Шундагина у бандалик қилишга лойиқ ҳисоблангай.
Фасл. Сўнгра билгинки, таҳорат икки тур бўлади. Ҳақиқий таҳорат ва ҳукмий таҳорат. Ҳақиқий таҳоратга келсак, у таҳорат ва сув билан жанобатга, ҳайзга ва нифосга қилинадиган ғусл каби нарсалардир. Ҳукмий таҳорат эса тупроқ билан қилинадиган, сувсиз тош, ғишт, қум, сурматош, зирних каби нарсаларга таяммум кабидир. Ақиқ, забаржад, кийимнинг чанги ва бошқа чангларга ҳам таяммум қилиш мумкин.
Фасл. Сўнгра билгинки, суннат икки тур бўлади. Икковидан биринчиси, ҳидоят бўлиб, уни тарк қилиш залолатдир. Булар азон ва иқомат айтиш, витрда қунут ўқиш, пешиннинг суннати ва шунга ўхшашлардир. Иккинчиси эса фазилат сифатида олинган суннат бўлиб, уни тарк қилиш гуноҳ эмас, булар нафл рўза, нафл намоз ўқиш, садақа бериш ва шунга ўхшашлар кабидир. Муҳаммад ибн ал-Ҳасан раҳимаҳуллоҳдан ривоятки, у бундай деган: "Кимса қачон намозга киришни хоҳласа, таҳорат қилсин!". Фақиҳ Абу-л-Лайс айтадики, унинг маъноси "Агар таҳоратсиз бўлса, таҳорат қилсин!" деганидир. Чунки, Муҳаммад ибн ал-Ҳасан раҳимаҳуллоҳ таҳоратга замирида таҳоратсизликни боғлаб зикр қилган. Ул зот "Намоз китоби"ни таҳоратсизликни зикр қилиб бошлашни ёқтирмаган. Зотан, ушбу китоб шарофатлидир. Шақиқ ибн Иброҳим аз-Зоҳид ал-Балхий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, у бундай деган экан: "Дўппичилар бозорида Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ олдиларида "Намоз китоби"ни ўқидим. Ўшанда менинг бошимда дўппи бор эди. Китобнинг хутбасини бошлаб ўқиганимдаёқ, ул зот менга: "Эй Абу Али, кўк гунбазли само остида, мустаҳкам ер устида бу китобдан кўра шарофатлироқ ва фахрлироқ Аллоҳ таоло китобидан ўзга китобни кўрган эмасман!" деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан ривоятки, ул зот бундай деган: "Ушбу "Намоз китоби" менинг енгим (қўйним)да шунча-шунча вақтлардан бери йиғилиб, терилиб туради. Ҳар қачон унга назар ташласам, ҳар бир қараганимда ундан янгидан-янги фойдалар истифода қиламан!". Муҳаммад ибн Салом раҳимаҳуллоҳдан ривоятки, у бундай деган: "Намоз китобини ўқидим. Уни тўрт марта тўлиқ ўқиб чиққанман, ҳар сафар янги фойдалар истифода қилганман!".
Масала. Агар қайси мусулмон фарзни адо қилса, ундан фарзи қабул бўлмайди, балки агар фарзни тарк қилса, унга савоб бўлади, деб сўралса, унга ҳайз ва нифосли аёл, деб айт. Агар улар фарзни адо қилсалар, Аллоҳ таоло қабул қилмайди, уни тарк қилиш ила савоб оладилар.
Масала. Агар қайси суннат фарзнинг ўрнига ўтади, деб сўрасалар, унга ... (қўлёзмаларда матн нуқсони бор).
Масала. Агар қайси жунубга ғусл лозим бўлмайди, деб сўрасалар, унга бир жунуб ғусл қилса-ю, аъзосидан бир озгина жойига сув етмаган бўлса, ўша жунубдир, деб айт. Чунки, у жами баданини эмас, ана ўша жойинигина ювиб қўяди, холос.
Масала. Агар фарзни суннатдан, суннатни нафлдан фарқини қандай танийсан, десалар, унга бундай дегин: фарз Аллоҳ таоло амр қилган ва Пайғамбар алайҳиссалом бутун умри давомида доимий бажариб юрган нарса бўлиб, у бизларга фарздир. Суннат эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзича бажарган иш бўлиб, уни бутун умри давомида қилган бўлади. Ана ўша нарса бизларга суннатдир. Нафл эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзича бир вақтида қилган, бошқа вақтида эса тарк қилворган иш бўлиб, уни лозим фазилат сифатида баҳолаган бўлади. Ана шу нарса бизларга нафлдир. Бошқа бир жавоб: суннатни тарк қилувчи фосиқ, уни инкор қилувчи бидъатчи бўлади. Нафлни тарк қилувчи эса фосиқ бўлади, инкор қилувчиси эса бидъатчи бўлмайди. Лекин уни тарк қилиш билан даражалари нуқсонли, бажариш билан эса даражалари зиёда бўлади.       

Масала. Агар қайси намозхонга қироатсиз намоз жоиз бўлади, деб сўралса, унга соқов, кар ва лоҳиқ – намоз орасидагина имомга эргаша олмаган кимсага қироатсиз намоз жоиз деб айт.

Масала. Агар таҳорат намоз учун олинадими, таҳоратсизлик вужудга келгани учунми, деб сўраса, унга таҳорат йўқ вақтида таҳорат намоз учун вожиб бўлади, деб айт. Намоз вақти бўлганида у таҳоратсиз бўлса, унга таҳорат вожиб бўлади.

Масала. Агар имон келтириш фарзми ёки суннатми, деб сўраса, унга илк имон келтирувчи Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналигига, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига, жами набий ва расуллар алайҳимуссолатнинг пайғамбарлкларига имон келтириш фарздир, уни такрорлаб, қайтариб юриш эса суннатдир, деб айт.

Масала. Агар Аллоҳ таолони қандай танидинг, деса, унга бундай дегин: Аллоҳнинг кайфияти ва қандайлиги йўқ. Балки Аллоҳни мен ҳақиқатдан ҳам унга арз қилиб танидим. Аллоҳнинг ўзи менга танитгани учун танидим!

Масала. Имон нима, ислом нима ва эҳсон нима? Унга жавоб бер: Имон тил билан иқрор, дил билан тасдиқ ва қалб билан танишдир. Ислом эса Аллоҳнинг амрларига бўйсиниш, қайтарган нарсаларидан узоқ бўлишдир. Эҳсон эса Аллоҳ таолонинг халқига яхшилик қилиш, уларга миннатсиз шафқатда бўлишдир. Бошқа бир жавобда бундай деймиз: Эҳсон – Аллоҳ таолога кўриб турганингдек ибодат қилишингдир. Агар уни кўрмасанг, Ул зот сени кўриб туради.

Масала. Шақиқ ибн Иброҳим аз-Зоҳид ал-Балхий раҳимаҳулло таолодан имон, маърифат, тавҳид, шариат ва дин ҳақида сўралган эди. У бундай деб жавоб берган: "Имон – Аллоҳ таолонинг ягоналигига ва Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига иқрор бўлишдир. Маърифат эса Аллоҳ таолони қандай дейишсиз, кайфиятсиз, ўхшатишсиз танишдир. Тавҳид эса парвардигорини ягона деб билувчининг аввалданоқ ихлос билан қилган иқрори бўлиб, ул зот яккаю ягонадир. Ҳеч қандай ўхшатишга ва нуқсонга эга эмас. Шариат эса парвардигорга унинг буйруқларини адо қилиш ва қайтариқларидан узоқлашиш ила бўйсинишдир. Дин эса мана шу тўрттасига ўлгунча давом қилиш ва мустаҳкам туришдир.

Масала. Сўнгра билгинки, имон, шариат ва дин йигирма хил нарсанинг атрофида айланиб юради. Улардан бештаси қалбга тегишли, бештаси эса тилга, яна бештаси аъзоларга, яна бештаси ташқи аъзоларга тегишлидир. Қалбга оид бешта нарсага келсак, улар Аллоҳ таолони битта деб билишдир. Унинг иккинчи бир шериги йўқ. Ул зот халқни яратувчи, уларга ризқ берувчи, уларни ҳифз қилувчи, уларни бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўзгартирувчидир. Тилга тегишли бештаси Аллоҳ таолога, унинг фаришталарига, унинг китобларига, унинг пайғамбарларига, қиёмат кунига, тақдирнинг яхши ва ёмонлигини Аллоҳдан деб билишга, ўлгандан сўнг қайта тирилтиришга имон келтиришдир. Аъзоларга тегишли бештаси намоз, рўза, закот, ҳаж, намоз учун таҳорат қилиш, жанобат, ҳайз, нифосдан ғусл қилиш ва шунга ўхшашлардир. Ташқи аъзоларга тегишли бўлган бештаси амир ва султонларга, имомларга ва муаззинларга итоат қилишдир, шунингдек, икки масҳига масҳ тортиш ва икки ҳайит намозини ўқишдир. 

Масала. Агар имон махлуқми ёки махлуқ эмасми – у яратилганми ёки яратилган эмасми, деб сўраса, унга имон иқрор ва ҳидоят деб айт. Иқрор бу баданнинг иши бўлиб, у яратилгандир. Ҳидоят эса парвардигорнинг иши бўлиб, у яратилган эмас.

Масала. Агар имон жамъми тафриқами, деб сўраса, унга имон Аллоҳ таолодан жам, бандалар орасида жам деб айт. У қалбда жам бўлади, аъзоларда тафриқа бўлади. 

Подшоҳ ва кўп-кўп ато қилувчи зот – Аллоҳ таолонинг ёрдами ила китоб тугади.


1 ўн йил аввал 7266 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
8 йил аввал 50449 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
8 йил аввал 10839 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
8 йил аввал 37036 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
8 йил аввал 8506 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
8 йил аввал 13289 fiqh.uz