Ақиқа ва унга тегишли ҳукмлар
Ислом таълимотида фарзанд туғилганидан кейин ақиқа тарзида бир жонвор сўйилади. Бу борадаги ҳукмлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларидан олинган. Шунинг учун ҳам бу борада бир алоҳида боб тузилса яхши бўлади деб билдик.
Ақиқа лафзининг луғавий маъноси.
Ақиқа лафзи араб тилидаги “аққун” ўзагидан олинган бўлиб, икки ҳил маънони англатади.
1. Ота-онага итоатсизлик маъносини англатади. Масалан фалон шахс ўз фарзандини “оқ қилипди” дейилса, ўша шахс фарзандини “итоатсиз” эканига қарор берибди деган маънони билдиради.
2. Ақиқа ибодатини амалга ошириш маъносини англатади.
Бу икки ҳил луғавий маъно Имом Насои ва Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳлар ривоят қилган ҳадисда зкир қилинган. Ўша ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ақиқа борасида савол берилиб У зот мазкур икки маънони ишлатганлар.
عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ قَالَ سُئِلَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- عَنِ الْعَقِيقَةِ فَقَالَ «لاَ يُحِبُّ اللَّهُ الْعُقُوقَ». كَأَنَّهُ كَرِهَ الاِسْمَ وَقَالَ « مَنْ وُلِدَ لَهُ وَلَدٌ فَأَحَبَّ أَنْ يَنْسُكَ عَنْهُ فَلْيَنْسُكْ عَنِ الْغُلاَمِ شَاتَانِ مُكَافِئَتَانِ وَعَنِ الْجَارِيَةِ شَاةٌ
Амр ибн Шуъайб отасидан, у бобосидан ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ақиқа тўғрисида сўралди. Шунда у зот худди (ақиқа) исмини ёқтирмагандек: “Аллоҳ таъало оқ бўлишни хуш кўрмайди”, дедилар ва “Сизлардан ким боласи учун жонлиқ сўйишни хоҳласа, ўғил болага иккита баробар қўй, қиз болага битта қўй сўйсин”, дедилар ”.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг гўзал бир қўшимча кўрсатмалари бор. Унда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ақиқа борасидаги саволга жавоб бериб “Ақиқа яхши нарса. Фарзанд туғилса унинг номидан жонлиқ сўйинглар. Аммо оқ бўлиш, яъни ота-онага итоатсиз бўлишдан сақланинглар. Чунки Аллоҳ таоло ота-онага оқ бўлишни хуш кўрмайди”- деб оқ бўлиш масаласини ҳам баён қилдилар.
Ақиқанинг ақиқа деб номланишининг сабаби
Аллома Асмаий раҳматуллоҳи алайҳи “Ақиқа лафзи луғатда янги туғилган боланинг туғилган вақтдаги сочларига айтилади. Бола туғилгандан кейин қачон унинг сочлари олинса ўша вақтда унинг номидан бир жонлиқ ҳам сўйилади. Шунинг учун ҳам урфда сўйилган жонворни ҳам “ақиқа” дейдилар”-деган.
Исломда ақиқа
Исломда ақиқа деб бола туғилганидан кейин унинг номидан сўйиладиган жонлиққа айтилади.
Исломдан аввалги ақиқа
Пайҳамбаримиз алайҳиссаломнинг бир қанча ҳадисларида Исломдан аввалги қилинган ақиқалар борасида маълумотлар бор. Биз шулардан иккитасини келтириш билан кифояланамиз.
عَنْ بُرَيْدَةَ قَالَ : كُنَّا فِى الْجَاهِلِيَّةِ إِذَا وُلِدَ لِأَحَدِنَا غُلاَمٌ، ذَبَحَ شَاةً، وَلَطَّخَ رَأْسَهُ بِدَمِهَا، فَلَمَّا جَاءَ الإِسْلاَم، كُنَّا نَذْبَحُ الشَاة يوم السابع، وَنَحْلِقُ رَأْسَهُ، وَنَلْطَخُهُ بِزَعْفَرَانٍ
Бурайда розияллоҳу анҳдан ривоят қилинад:
“Жоҳилият пайтида биримиз қачон фарзанд кўрса, бир қўйни сўйиб боланинг бошига унинг қонини суртар эдик. Ислом келгач еттинчи куни бир қўй сўйиб, боланинг сочини оладиган ва унинг бошига заъфарон суртадиган бўлдик ”.
عَن أبي هُرَيرة رَضِي اللهُ عَنْهُ قال : قال رَسُول اللهِ صلى الله عليه وسلم : إن اليهود تعق عن الغلام كبشا ولا تعق عن الجارية ، أو تذبح فعقوا أو اذبحوا عن الغلام كبشين ، وعَن الجارية كبش
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Яҳудийлар ўғил болага ақиқа қилиб, қиз болага қилмайдилар. (Сизлар) Ўғил болага иккита қиз болага битта қўй (сўйиб) ақиқа қилинглар”- дедилар ”.
Ушбу ҳадислардан Исломдан аввал яҳудийлар ҳам ақиқа қилганлари маълум бўлади. Лекин улар ўз пасткашликларини ақиқада ҳам кўрсатганлар. Улар ўғил фарзанд туғилса бир жонлиқ сўйишар, қиз фарзанд туғилганда эса, ёмон кўришиб ҳеч нарса сўйишмас эди. Ислом келгач уларга хилоф қилиб инсониятни бундай пасткашликлардан қутқарди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Яҳудийлар ўғил бола туғилса бир жонлиқ сўядилар. Сизлар (эса) иккита жонлиқ сўйинглар. Яҳудийлар қиз фарзанд туғилса хафа бўлиб ҳеч нарса сўймаган. Сизлар (эса, хурсанд бўлиб) бир жонлиқ сўйинглар”-деганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ушбу сўзлари билан Исломдан аввалги урф одатларни жумладан туғилган боланинг бошига сўйилган жонлиқни қонини суртишни ҳам ислоҳ қилганлар. Хозирги замонамиздаги хўроз сўйиб унинг қонини болани бошига суртиш ҳам мушрикларнинг одатларидандир. Бундай ишларни асло қилмаслик лозим.
Ақиқанинг Исломдаги эътибори ва унинг шаръий далили
Ақиқанинг тарихи зикр қилинган бир қанча ҳадислар бор. Қуйида келтириладиган қовлий ва феълий ҳадислардан ақиқа Исломда такидланмаган суннат ва мустаҳаб эканлиги маълум бўлади.
سَلْمَانُ بْنُ عَامِرٍ الضَّبِّىُّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، يَقُولُ: «مَعَ الْغُلاَمِ عَقِيقَةٌ، فَأَهْرِيقُوا عَنْهُ دَمًا، وَأَمِيطُوا عَنْهُ الأَذَى»
Салмон ибн Омир Зоббий розияллоҳу анҳу айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ғулом ила ақийқа бордир. Унинг учун қон чиқаринг ва ундан нопокликни кетказинг”-деб айтаётганларини эшитганман. (Бухорий ривояти).
عن أم كرز رَضِي اللهُ عَنْها أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال عن الغلام شاتان وعن الجارية شاة لا يضركم ذكرانا كن أم إناثا
Умму Курз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўғил бола номидан икки қўй ва қиз бола номидан бир қўй (сўйинглар. Сўйладиган қўйнинг) эркак ёки урғочилиги сизларга зарар қилмайди, дедилар”. (Насоий ривояти).
عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ قَالَ سُئِلَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْعَقِيقَةِ فَقَالَ لَا يُحِبُّ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ الْعُقُوقَ وَكَأَنَّهُ كَرِهَ الِاسْمَ قَالَ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّمَا نَسْأَلُكَ أَحَدُنَا يُولَدُ لَهُ قَالَ مَنْ أَحَبَّ أَنْ يَنْسُكَ عَنْ وَلَدِهِ فَلْيَنْسُكْ عَنْهُ عَنْ الْغُلَامِ شَاتَانِ مُكَافَأَتَانِ وَعَنْ الْجَارِيَةِ شَاةٌ
Амр ибн Шуъайб отасидан, у бобосидан ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ақиқа тўғрисида сўралди. Шунда у зот худди (ақиқа) исмини ёқтирмагандек: “Аллоҳ таоло оқ бўлишни хуш кўрмайди”, дедилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз сиздан биримизнинг фарзанд кўриши тўғрисида сўраяпмиз”, дейишди. У зот: “Сизлардан ким боласи учун жонлиқ сўйишни хоҳласа, ўғил болага иккита баробар қўй, қиз болага битта қўй сўйсин”, дедилар ”.
عَنْ سَمُرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: كُلُّ غُلاَمٍ رَهِينَةٌ بِعَقِيقَتِهِ، تُذْبَحُ عَنْهُ يَوْمَ السَّابِعِ، وَيُحْلَقُ رَأْسُهُ، وَيُسَمَّى
Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир ғулом ақийқаси эвазига гаровдадир. Унинг учун еттинчи куни сўйилади, сочи олинади ва исм қўйилади», дедилар”. (Термизий ривояти).
Ушбу ҳадислар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қовлий, яъни сўзлари билан бўлган кўрсатмаларидир. Қуйида эса У зотнинг феълий, яъни ўзлари қилиб кўрсатишлари билан собит бўлган кўрсатмалари зикр қилинади.
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُما قَالَ :عَقَّ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْحَسَنِ وَالْحُسَيْنِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا بِكَبْشَيْنِ كَبْشَيْنِ
Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (ўз набиралари) Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга иккита иккитадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар”. (Насоий ривояти).
عن علي بن أبي طالب قال : عق رسول الله صلى الله عليه و سلم عن الحسن بشاة وقال يا فاطمة أحلقي رأسه وتصدقي بزنة شعره فضة قال فوزنته فكان وزنه درهما أو بعض درهم
Али Ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (набиралари) Ҳасанга бир қўй сўйдилар ва “Эй Фотима уни сочини олгин ва сочини оғирлигича кумуш садақа қилгин” дедилар. Кейин мен уни ўлчовдим бир ёки ярим дирҳам (оғирлигича) чиқди”. (Термизий ривояти).
Ақиқадан кўзланган мақсад
Ақиқани болага тасири.
Мишкотул Масобеҳ китобининг ақиқа бобида ақиқани нима мақсадда қилиниши борасида бир ривоят келган.
عن الحسن عن سمرة رَضِي اللهُ عَنْهُ قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : الغلام مرتهن بعقيقته يعق عنه يوم السابع ويسمى ويحلق رأسه
Ҳасан Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Бола ўз ақиқасининг эвазига гаровдадир. Еттинчи куни унинг номидан (жонлиқ) сўйилади ва исм қўйилади ҳамда сочи олинади”- дедилар. (Термизий ривояти).
Янги туғилган бола ўз ақиқасининг гарови бўлиши борасида Мишкотнинг шарҳи Мирқот китобида қуйидагича ёзилган.
Бола ўз ақиқасининг гарови бўлишининг маъноси шуки, гўёки бола ҳудди бировдан қарз олиб эвазига бирор нарсани гаровга қўйилгандек бўлади. Олинган қарз қайтариб берилмагунча гаровга қўйилган нарсадан тўлиқ фойдаланиб бўлмайди. Фарзанд нематига шукр қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннат қилганларидек ақиқа қилиш билан тамомига етади. Бола ўз ақиқасининг гарови бўлишининг яна бир маъноси шуки, унинг Аллоҳ таолога маҳбуб бўлиб соғ-саломат униб ўсиши ақиқасига боғлиқ бўлади.
Набавий ҳадислар асосида ақиқанинг ҳақиқати ва руҳияти
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари воситасида У зотнинг ақиқа борасидаги кўрсатмаларини чуқур ўрганилса ақиқанинг ҳақиқати ва руҳияти тарзида тўрт иш намоён бўлади.
1. Ақиқанинг ҳақиқати шуки, унда бошқа дин вакилларига мухолиф иш тутиш бор. Уларда ҳам ақиқа каби урф-одатлар бўлган. Лекин Ислом ақиқани урф-одатдан ибодат даражасига кўтарди. Улар қиз фарзанд кўрганлари учун хафа бўлиб бирор жонлиқ сўйишмас эди. Ислом эса бундай пасткашликни кетказиб ўғил бўлсин ёки қиз бўлсин ҳар иккисига ҳам ақиқа қилишни тарғиб қилди.
2. Муҳаддис ва бошқа уламоларимизнинг сўзларига кўра ақиқа боладан бало-офатлар ҳамда нопокликлар узоқ бўлишига сабаб бўлади.
3. Унда Илоҳий неъматга шукр қилинади. Чунки Аллоҳ таоло бизларга ўғил бўлсин ёки қиз бўлсин фарзанд неъматини берди.
4. Унда жонни фидо қилиш ҳиссини изҳор қилиш бор. Яъни “Эй Аллоҳ! Биз Сени розилигингни ҳоҳлаб ақиқа тарзда бир жонлиқ сўйдик. Биз Сени ҳукминга бўйсунган ҳолда Сен учун энг яхши кўрган нарсамизни хатто ўз жонимизни ҳам фидо қилишга тайёрмиз” деган маъни бор.
Ақиқада жонвор сўйилишининг сабаби
Баъзи кишиларнинг қалбида “Жонвор ҳам Аллоҳ таолонинг махлуқи. Унга меҳрли бўлиш лозим. Уларни сўйиш бераҳмлик ҳисобланади” деган фикр бўлади. Тўғри! Аслида меҳр ҳисси яхши нарса. Аммо бундай фикирлаш нотўғри бўлиб, нафсга берилишдан бошқа нарса эмас.
Агар биз ҳайвонларни ҳуқуқлари зикр қилинган ҳадисларни ўргансак Исломни ҳақ дийн эканини янада яхшироқ ҳис қиламиз. Маслан Саҳеҳи Бухорий китобида Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинишича Пайҳамбаримиз алайҳиссалом “Бир аёл бир мушук сабабли азобга мубтало бўлди” -деганлар. Ушбу қиссанинг тафсилотини
“Бир аёл ўз уйига бир мушукни қамаб қўйиб, очидан птирчилаб ўлгунга қадар унга на сув на овқат берди. Шу сабабли аёлга азоб бўлди”-деб баён қилганлар.
Ҳайвонларнинг ҳуқуқлари борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан яна бир ривоят бор.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: بَيْنَا رَجُلٌ يَمْشِي بِطَرِيقٍ اشْتَدَّ عَلَيْهِ الْعَطَشُ، فَوَجَدَ بِئْرًا فَنَزَلَ فَشَرِبَ، ثُمَّ خَرَجَ فَإِذَا كَلْبٌ يَلْهَثُ يَأْكُلُ الثَّرَى مِنَ الْعَطَشِ، فَقَالَ الرَّجُلُ: لَقَدْ بَلَغَ هَذَا الْكَلْبَ مِنَ الْعَطَشِ مِثْلُ الَّذِي كَانَ بَلَغَ مِنِّي، فَنَزَلَ الْبِئْرَ فَمَلَأَ خُفَّهُ مَاءً فَسَقَى الْكَلْبَ، فَشَكَرَ اللهُ لَهُ فَغَفَرَ لَهُ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَإِنَّ لَنَا فِي الْبَهَائِمِ لَأَجْرًا؟ فَقَالَ: فِي كُلِّ ذَاتِ كَبِدٍ رَطْبَةٍ أَجْرٌ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одам йўлда бора туриб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқ топиб, тушиб, сув ичди. Сўнгра чиқиб, қараса, бир ит чанқоқдан тили осилиб, тупроқ емоқда. Ҳалиги одам «Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди», деди-да, қудуққа тушиб, махсисига сув тўлдириб чиқиб, итга тутди. Бас, Аллоҳ уни тақдирлади ва мағфират қилди», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?» дейишди.
«Ҳар бир ҳўл жигари бор нарсада ажр бордир!» дедилар».
Икки Шайх ривоят қилганлар.
Ушбу ривоятлардан Ислом дийнида ҳайвонларнинг ҳуқуқлари ва уларга бўлган меҳр ҳисси қай даражада бўлиши маълум бўлади. Агар Аллоҳ таоло бизларга меҳр ҳиссини ҳам фидо қилишга буюрса ўша меҳр ҳиссини қурбон қилишимиз ҳам ибодатга айланади. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғлини қурбонлик қилишга буюрилган эдилар. У зотда ҳам меҳрибонлик ҳисси олий даражада бўлган. Аммо, у зотнинг Аллоҳ таолога бўлган итоат ҳисси фарзандига бўлган меҳр ҳиссидан зиёдароқ бўлган. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг ўша имтиҳонида муваффақият қозонганлар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳам “Роббингиз учун намоз ўқинг ва жонлиқ сўйинг” деб буюрган. Пайҳамбаримиз алайҳиссаломда ҳам меҳр ҳисси мукаммал бўлган. Аммо Илоҳий буйруқдан кейин ўша меҳр ҳиссини ҳам қурбон қилганлар.
Бу борада шуни ҳам яхши билиб олиш керакки Аллоҳ таоло биз учун бу дунёни неъматларга тўлдириб “Барча неъматлар инсон учун яратилган” деган. Жонворлар ўша неъматлар жумласидан бўлиб улар ҳам инсон учун яратилган. Хозир техника ривожланган давр бўлса ҳам инсонларнинг яшаши учун жонворларга бўлган эхтиёжи жуда катта. Истемол қиладиган нарсамизнинг кўп қисмини гўшти ҳалол қилинган ҳайвонлар, паррандалар ва сув ҳайвонлари ташкил қилади. Масалан оёғимизни асраш учун тайёрланадиган кўпгина пойафзаллар асосан ҳайвонларнинг терисидан олинади. Даволанишимиз учун ишлатиладиган кўпгина қиммат дори воситалари ҳам жонворлардан олинади. Юкларни ташиш ва улов сифатида фойдаланишда ҳам ҳозир дунё аҳлининг маълум бир қисми шу ҳайвонларга мухтож. Бундан маълум бўладики жонворлар ҳам Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган бир неъматдир. Ушбу неъматлардан Исломий ҳукмлар асосида фойдаланилса у ҳам ибодат бўлади. Агар биз ушбу неъматларни ўз ўрнида ишлатмасак Аллоҳ таолонинг берган неъматларига ношукурлик қилган бўламиз. Демак ақиқа ва қурбонлик каби ибодатларда жонворлар сўйилса ва гўштлари истемол қилинса, бу Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукр қилиш ҳисобланади. Бу борада кимнинг ҳаёлига “Жонворларни сўйиш, бу бераҳимлик ва уларни бекордан бекорга зое қилишдир” деган нарса келса нотўғри ўйлаган бўлади. Чунки ўзларини “Вегетерян” дейювчилар ва мол ва турли ҳайвонларга ибодат қилувчилар ҳам ўзларини жонворларга меҳрибон қилиб кўрсатгани билан уларни терисидан тайёрланган пойафзал ва кийимларни суйиб фойдаланадилар.
Ақиқага тегишли баъзи ҳукмлар
Исломда ақиқа қилиш
Исломда ақиқани кўриниши шуки, бола туғилганидан кейин еттинчи куни унинг сочи олинади ва ўша сочни оғирлигича тилла ёки кумуш садақа қилинади. Кейин ҳоҳловчилар болани бошига заъфарон суртишлари мумкин. Сочи олингандан кейин унинг номидан жонлиқ сўйилади.
Ақиқа кунини таъйин қилиниши
Бу борада Оиша розияллоҳу анҳодан ҳадис ривоят қилинган.
فقالت عائشة رضي الله عنها : ... و ليكن ذاك يوم السابع فإن لم يكن ففي أربعة عشر فإن لم يكن ففي إحدى و عشرين
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
“ ва бу еттинчи куни бўлсин. Агар (еттинчи куни) бўлмаса ўн тўртинчи куни бўлсин. Агар (ўн тўртинчи куни ҳам) бўлмаса йигирма биринчи куни бўлсин”. (Имом Ҳоким ривояти).
Ушбу ривоятга биноан ақиқа еттинчи куни қилинса яхшироқ бўлади. Чунки ҳадисда “Агар (еттинчи куни) бўлмаса ўн тўртинчи куни, агар (ўн тўртинчи куни ҳам) бўлмаса йигирма биринчи куни бўлсин” дейилган.
Ақиқа қилинмай узоқ муддат ўтиб кетган бўлса нима қилинади?. Бу борада Ашраф Али раҳматуллоҳи алайҳи осон йўлни баён қилиб “Бола қайси куни туғилса келгусидаги ўша кундан бир кун аввал ақиқа қилинади”-деган. Масалан бола жума куни туғилса келгусидаги қайсидир пайшанба куни ақиқа қилинади. Демак ақиқа келгусидаги қайсидир пайшанба куни қилинса гўёки еттинчи куни қилинган бўлади.
Ақиқа қилинадиган жонворлар
Ақиқа қилинадиган жониворлар ҳам уч қисмга бўлинади:
1. Туя (эркак, урғочиси);
2. Мол, қўтос (эркак, урғочиси);
3. Қўй, эчки (эркак, урғочиси).
Булардан ташқари жониворларни, жумладан от, кийик, курка, товуқ, хўроз кабилар қурбонлик қилиш бидъатдир.
Қурбонлик қилинадиган жониворларни ёши туяда беш ёш, мол ва қўтосларда тўлиқ икки ёш, қўй ва эчкида бир ёшдир. Агар булардан бир кун ҳам кам бўлса, ақиқага сўйиш жоиз бўлмайди. Лекин, бир ёшга кирмаган қўйнинг жуссаси бир ёш қўй жуссасичалик бўлса, яъни олти ойлик қўзи бир ёшлик қўй жуссасичалик гавдаси бўлса, уни ақиқа қилиш жоиз бўлади. Лекин, олти ойга тўлмаган қўзини жуссаси бир ёшлик қўй каби бўлса ҳам, уни ақиқага сўйиш қилиш жоиз бўлмайди. Ёш белгилашда ҳижрий йил эътиборга олинади.
Ақиқанинг гўштига тегишли масала
Ақиқа қилган киши ақиқа гўштини ҳоҳласа хом ёки пиширган ҳолда тарқатиши ёки ҳаддидан ошмаган ҳолда зиёфат қилиб бериши мумкин.
Ҳоҳласа қариндош уруғларига тарқатиши ёки уларга таом қилиб едириши ҳам мумкин. Ақиқа қилган кишининг ўзи ейиши мумкин эмас деган гап йўқ. Ҳеч қандай истисносиз барча ейиши мумкин.
Ақиқада сўйилган жонлиқнинг гўшти борасида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят бор.
...” فقالت عائشة رضي الله عنها : ...تقطع جدولا و لا يكسر لها عظم... “
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
“(ақиқанинг гўшти) бўлаклаб (яъни кесиладиган жойдан) кесилади суяги синдирилмайди”. (Имом Ҳоким ривояти).
“Жадул” луғатда бир аъзони билдиради. Демак ҳадиснинг мазмуни “Ақиқага сўйилган жонлиқнинг гўшти аъзоларига қараб суякларни синдирмасдан бўлакланади” деган маънода бўлади. Аммо шундай қилиш шарт деб тушунмаслик керак, балки бу мустаҳабдир.
عن ابن ابى شيبة:” ان النبى صلى الله عليه وسلم بعث من عقيقة الحسن والحسين الى القابلة برجلها
Ибн Аби Шайба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайинларнинг ақиқасидан дояга (сўйилган) жонлиқни оёғини бериб юбордилар”. (Имом Маҳаллий ривояти).
Бу ривоятдан дояга ҳам бирор улуш жўнатиш мустаҳаб эканлиги маълум бўлади. Аммо буни ҳам “лозим иш” деб билмаслик керак.
Ақиқага тегишли бошқа масалалар
1. Ўғил бола томонидан иккита қўй ёки сигир ва туянинг икки ҳиссаси ва қиз бола томонидан бир қўй ёки сигир ва туянинг бир ҳиссаси ақиқа қилинади. Ўғил бола томонидан бир қўй сўйилса ҳам ақиқа қилинган ҳисобланади. Масалан битта молни уч ўғил ва бир қиз томонидан ақиқага сўйиш мумкин. Шунда икки ҳиссадан ўғил болаларга ва бир ҳисса қиз болага тўғри келади.
2. Имом Бағавий раҳматуллоҳи алайҳи “Ақиқа борасидаги ривоятлар чуқур ўрганилса соч олинишидан аввал жонлиқни сўйиш мустаҳаб экани маълум бўлади”-деган.
3. Имом Курз раҳматуллоҳи алайҳидан марфуъ ҳадис ривоят қилинишича “Ўғил ёки қиз фарзанд туғилганда сўйиладиган жонлиқнинг эркак ёки урғочи бўлишининг фарқи йўқ” дейилган.
Ақиқа борасидаги урф-одатлар
1. Баъзилар ақиқага сўйилган жонлиқнинг “Суякларини синдириш гуноҳ бўлади” деб тушунадилар. Гўштини аъзоларига қараб суякларни синдирмасдан бўлаклаш мустаҳабдир. Уни шарт деб билмаслик керак.
2. Баъзилар ақиқа қилишда “Ўғил болага қўчқор қиз болага қўй сўйилиши керак” деб биладилар. Юқорида зикр қилинган ҳадисда бу гапнинг нотўғри экани очиқ айтилган.
3. Баъзилар “Ақиқа маросимига тайёргарлик кўриб бориш керак. Туғилган гўдакка ва унинг ота-онасига махсус совғалар олиш керак” деб биладилар. Булар ҳам нотўғри ва шаръан асоссиз гаплар ҳисобланади.
Мазкур урф-одатларнинг зарари ва ман қилиниши
Ҳозирги вақтда ақиқа маросими учун махсус тайёргарликлар кўрилади. Ҳатто обрўли шахсларнинг рўйхати тузилиб уларга таклифномалар юборилади. Ақиқа маросими ўтказиладиган жой эса турли туман чироқлар ва шарлар билан безатилади. Маросимга келадиганлар “Туғилган бола ва унинг ота-онасига совға-саломлар олиб бориш керак, бўлмаса уят бўлади” деб биладилар ва шу тарзда ўтган ақиқа маросимини чиройли бўлди деб биладилар. Бундай кўринишдаги ақиқа ибодат мақомидан ўзгаларга кўз-кўз қилинадиган урф-одат мақомига тушиб қолади. Аслида Ислом шариъати бу борада энг осон йўлни таълимини берган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта дин осондир ким унга қаттиқлик қилса мағлуб бўлади” деганлар.
Шак шубҳасиз дин осондир. Кимки дийнда қаттиқлик қилса дийн унга ғолиб келади.
Ушбу сўзлардан Исломда кўрсатилмаган инсонларнинг ўзлари ўйлаб топган урф-одатлари инсонларга кўп қийнчиликлар туғдириши маълум бўлади.
Ақиқа жуда осон бир ибодат бўлиб, унинг йўли ҳам жуда осон. Аммо инсонлар ўзлари унга ҳар ҳил ишларни аралаштириб ўзларига машаққат орттиришади. Бунинг натижасида ақиқанинг руҳияти ва ундан кўзланган мақсадлар амалга ошмайди. Хатто кўпчилик фарзандларига ақиқа қила олмай қийналадилар. Бир жонлиқни сўйиб қўйсалар ақиқа адо бўлади, қолгани ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.
Аллоҳ таоло бизларга Ислом дийнини фаҳмлашни ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган нарсаларга амал қилишни тавфиқини берсин!!!
Қўшиш мақул кўрилса қўшилади
Албатта, ақиқанинг ҳикматлари ва фойдалари кўпдир.
Биринчидан:
Валийюллоҳ Деҳлавий айтади: “Ақиқада кўплаб манфаатлар бўлиб, булар миллий, маданий ва шахсий манфаатлар сифатида намоён бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ақиқани шариатда қолдирдилар, ўзлари унга амал қилдилар ва одамларни унга тарғиб этдилар. Ушбу манфаатлардан бири, боланинг насабини лутф билан кўпчиликка билдириб қўйилишидир. Зеро бола катта бўлганда унинг насаби тўғрисида ҳар хил ёқимсиз гаплар тарқалиши мумкин. Ақиқаси қилинган болада бундай ноқулайлик содир бўлмайди. Чунки ақиқа жараёнида кимнинг фарзанд кўрганлиги танишлар орасида маълум бўлади.
Ақиқада саҳийлик намоён бўлади, бахилликдан юз ўгирилади. Насронийларда фарзанд туғилса, болани сариқ сув билан бўяшарди ва уни “Маъмудия” деб номлашарди. Кейин: “Бола шу билан насронийга айланади”, дейишарди.
Аллоҳ таоло ушбу исмнинг шаклида оят нозил қилди:
صِبْغَةَ اللّهِ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللّهِ صِبْغَةً وَنَحْنُ لَهُ عَابِدونَ
“Аллоҳнинг бўёғини (лозим тутинг). Аллоҳнинг бўёғидан чиройлироқ бўёқ бергувчи ким бор?! Ва биз Унга ибодат қилувчилармиз”. (Бақара 138)
Фарзандга ақиқа қилиш билан унинг ҳаниф динга тобеъ эканлигини, Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар миллатига эргашганлигини кўрсатилади. Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз фарзандларини қурбонлик учун олиб борганлари, сўнг Аллоҳ таоло у зотга қурбонлик учун қўй жўнатганлиги воқеаси машҳурдир. Гўдак учун қўй сўйиш шундай улуғ инсонларга эргашишдир. Соч олиш, қурбонлик қилиш ҳам ҳаж амалларидан ҳисобланади. Ақиқада ҳам бу икки амал мавжуд бўлиб, киши гўё бу амаллар билан ҳаниф миллатнинг амалига эргашаётганини кўрсатади.
Фарзанд туғилиши билан ақиқа қилиш, фарзандини Иброҳим алайҳиссаломга ўхшаб Аллоҳ йўлида фидо қилишга ўхшайди. Ана шунда эҳсон ва бўйсунишнинг силсиласи худди Сафо ва Марво орасини саъй қилишда зикр қилганимиздек давом этади.
Иккинчидан:
Ақиқада фарзанд неъмати учун Аллоҳ таолога шукр қилиш намоён бўлади. Зеро фарзанд улуғ неъматлардан биридир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
ٱلْمَالُ وَٱلْبَنُونَ زِينَةُ ٱلْحَيَوٰةِ ٱلدُّنْيَا ۖ
“Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир...”. (Каҳф 46)
Аллоҳ таоло инсонни фарзанд кўрганда хурсанд бўладиган табиат ила яратган. Инсон ушбу неъматни берувчи Аллоҳ таолога шукр қилиши керак. Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ворид бўлган асарда келишича, фарзанд кўрган кишига қуйидаги табрик сўзи айтилади:
بارك الله لك في الموهوب وشكرت الواهب وبلغ أشده ورزقت بره
“Аллоҳ сенга ҳиба қилинганни муборак қилсин, Берувчига шукр қилдинг, уни камолот ёшига етказсин ва сени унинг яхшилиги ила ризқлантирсин”.
Ақиқа Аллоҳ таолога шукр қилишнинг ва Унга қурбат ҳосил қилишнинг бир туридир.
Учинчидан:
Ақиқада туғилган болани балолардан қутилтириш ва унинг фидясини бериш бордир. Аллоҳ таоло қурбонлик учун сўйилиши керак бўлган Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига бир қўйни фидя ўлароқ берди. Ислом келишидан олдинги жоҳилият даврида одамлар қўйни сўйишиб, уни ақиқа дейишарди ва унинг қонини гўдакнинг бошига суртишарди. Ислом ақиқани давом эттирди ва гўдакнинг бошига қон суртишни эса қайтарди. Туғилган фарзанд учун сўйиладиган жонлиқ, қурбонлик ва ҳадий каби диёнат юзасидан сўйилиши лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким боласи учун жонлиқ сўймоқчи бўлса, қилаверсин”, дедилар. У зот фарзанд учун сўйиладиган ҳайвонни қурбонлик деб атадилар. Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом учун сўйиладиган қўйни ҳам қурбонлик деган. Уни сўйиш орқали Аллоҳ азза ва жаллага қурбат ҳосил қилинади. Ақиқанинг шариатда жорий бўлиши боланинг чиройли тарзда униб улғайишига, келажак ҳаётида шайтоннинг зараридан омонда бўлишига сабаб бўлади. Гўдакнинг ҳар бир аъзоси учун сўйилган қўйнинг ҳар бир аъзоси фидо этилган ҳисобланади.
Тўртинчидан:
Ақиқа қилиш орқали ҳар бир инсон фарзанд кўрганлигини ва унга маълум исмни қўйганлигини эълон қилади. Бу эса қўни қўшни, дўст биродарлар орасида тарқалади. Улар табриклаш учун келишади. Ақиқадан ризқланишади. Натижада мусулмонлар орасидаги дўстлик ва биродарлик мустаҳкамланади.
Бешинчидан:
Ақиқа қилиш орқали Исломда ижтимоий фаолиятнинг намунаси кўринади. Ақиқа қилган киши бир жонлиқни сўйиб, бева бечораларга, қўни қўшниларга ҳамда ўзининг яқинларига тарқатади ёки дастурхон ёзиб уларни чақиради. Кўпчиликнинг хурсандчилик сабабидан бир жойга йиғилиши жамиятдаги бирдамликни қувватлантиради.
Ибн Ҳож айтади: “Ақиқа амалиётида суннатга эргашиш ва бидъатдан узоқда бўлиш каби фойдалар ҳосил бўлади. Фаразан ақиқада барака бўлмайди, дейилсада, лекин у сабабли туғилган гўдак ҳадисда келганидек бало офатлардан ҳимояланади. Суннатга амал қилишда барча яхшилик намоён бўлади. Бидъат эса бунинг зиддини келтириб чиқаради”.