Сажда оятини эшитиб кетиш


Савол: Автобусда кетаётганда Қуръон ўқиб кетаман. Кўп ҳолларда эса телефон наушниги орқали эшитиб кетаман. Шунда сажда оятлари чиқади. Уни ўқиганда сажда қилишим лозимми? Бир неча марта ўқисам ёки эшитсамчи? Агар сажда оятларини ташлаб кетсам, нима бўлади?
Жавоб:Сажда оятини ўқиганда ёки эшитганда бир марта Аллоҳ таолога сажда қилиш вожибдир.
Ҳанафий мазҳабига кўра Қуръони каримда ўн тўрт оятда саждаи тиловат мавжуд.
Ҳанафий мазҳабининг далиллари сифатида битта оят ва битта ҳадис келтирамиз:
Аллоҳ таоло ўз каломида деган:

فما لهم لا يؤمنون واذا قرئ عليهم القرآن لا يسجدون

“Бас, нега улар имон келтирмайдилар?! Уларга Қуръон қироат қилинганда, (Яратганга) сажда қилмайдилар?”. (Иншиқоқ сураси, 20-21-оятлар).
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

اذا قرأ ابن آدم السجدة فسجد اعتزل الشيطان يبكى يقول: " يا ويله، أمر ابن آدم بالسجود فسجد فله الجنة وأمرت بالسجود وأبيت فلى النار

“Қачон Одам боласи сажда оятини қироат қилса-ю, сажда қилса, шайтон четга қочади-да, йиғлаган ҳолда: “Эй ҳолимга вой! Одам боласини сажда буюрилди, у сажда қилди. Энди унга жаннат бўлади. Мен ҳам саждага буюрилган эдим, бироқ мен бўйин товладим. Энди менга дўзах бўлади”, деган.
Сажда оятларини ўқиган ёки эшитган вақтда саждаи тиловат қилиш юқоридаги каби далилларга биноан вожиб ҳисобланади. Бунда "Аллоҳу акбар" деб бир марта сажда қилинади ва яна "Аллоҳу акбар" дейилади. Саждада "Субҳона роббий ал-аъло" айтилади.
Сажда оятларини ўқиган ёки эшитган вақтда одамларга машаққат бўлмаслиги, кўпчилик сажда оятининг ҳукмини билмаслигини эътиборга олиб, мазҳабимиз китобларида сажда оятларини махфий ўқишнинг афзал, яхшироқ (истеҳсон) эканлиги таъкидланган. (Убайдуллоҳ ибн Тож уш-шариъа. Мухтасар ал-Виқоя. Қозон-1911. 24-бет). Шунинг учун одамлар кўп жойларда, автобус, поездларда, умуман, бирор иш қилаётган одамлар ёнида сажда оятларини ичдан, махфий ўқиш керак.
“Шарҳи Ниқоя”да Мавлоно Алий ал-қори айтишича, сажда оятини ўқилган вақтда ёки эшитган аснодаёқ сажда қилиш мустаҳабдир, шарт эмас. Шунинг учун уни ўзига қулай вақтда, макруҳ вақт бўлмаган пайтда қилиб олаверади. (“Шарҳи Ниқоя”. 1-жилд. Қозон-1904. 208-бет). Имом Бухорий ва Имом Муслим Зайд ибн Собит разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “ан-Нажм сураси”даги сажда оятини ўқиганларида тиловат саждасини бажармаганликлари, аслида, бунинг сажда оятини ўқиган онда сажда қилиш вожиб эмаслигини билдиришини фуқаҳоларимиз таъкидлаганлар. Зотан, сажда оятини ўқиган вақтда инсон таҳоратсиз бўлиши ёки тиловат саждаси қилиш макруҳ вақт бўлиши мумкин. Бинобарин, уни кейинроқ, ўзига қулай вақтда бажариши мумкин. Бироқ, сажда қилишни умуман тарк қилиши мумкин эмас. Чунки, у юқорида айтганимиздек вожибдир.
Буни Имом Моликнинг “ал-Муватто” асарида ривоят қилинган Ҳазрати Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бўлган воқеа ҳам тасдиқлайди. Ҳазрати Умар бир куни жумъада минбарда турганларида сажда оятини ўқибдилар. Кейин дарҳол тушиб одамлар билан бирга сажда қилибдилар. Бошқа жумъада яна битта сажда оятини ўқибдилар. Шунда одамлар сажда қилишга тайёргарлик қилаётганларини кўриб: “Пайғамбарингиз менга ўргатган бир нарса бор:Аллоҳ таоло уни, яъни саждаи тиловатни ўзимиз истаган вақтда вожиб қилган”, деб сажда қилмадилар, одамларга ҳам ўша вақтда сажда қилдирмадилар. Демак, сажда, юқорида айтганимиздек, инсоннинг ўзи истаган, ўзига қулай вақтида адо қилиниши вожиб бўлган амал экан.
Автобус ёки поездларда, машиналарда улар юриб кетаётганда битта сажда оятини такрор-такрор ўқиш билан битта сажда қилиш вожиб бўлади. Битта сажда оятини бир неча марта ўқиш билан бир марта сажда қилинади. Бу айтганимиздек, ўзи истаган, ўзига қулай вақтда қилинади. Автобусда ёки поездда ўша ондаёқ сажда қилиш лозим келмайди. Зотан, динимизда ҳараж-машаққат йўқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча жойида буни таъкидлаган, ўзининг инсонларга осонликни ирода қилишини айтган. Имом Бухорий ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Албатта дин (жуда) осондир...”. Бир неча оятдаги сажда оятларини ўқиш билан шунча сажда лозим бўлади.
Сажда оятининг фақат ўзини ташлаб кетиш макруҳ бўлади. Чунки, саждадан ўзини тортишга, Маъбуднинг тоатидан юз ўгиришга ўхшаб қолади. Шунинг учун сажда қилишга имконияти бўлмаган одам сажда ояти билан бирга унинг олдидан ёки кетидан бир неча оятларни қўшиб ўқимай қўйиши мумкин.

 


1 ўн йил аввал 13969 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сўйилган ҳайвонни қайноқ сувга солиш
Одатда ҳаммамиз товуқни сўйганимиздан кейин унинг патлари осон юлиниши учун қайнаган сувга солишга ўрганганмиз. Хусусан, товуқ гўшти етиштирувчи фабрикаларда ҳам товуқлар сўйилганидан кейин патлари юлиниши учун давоми...
1 ўн йил аввал 29357 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Пломба
САВОЛ: Ҳазрат, «Захоирул ашрафия» номли китобда «тиш таҳоратда ички аъзога, ғуслда эса ташқи аъзога ўтади», деб ёзилган экан. Шу китобда, тишга пломба қўйиш мумкин эмас, деб қаттиқ таъкидланган давоми...
8 йил аввал 16978 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳайз пайтида жинсий яқинлик
САВОЛ: Уйланганман, турмуш ўртоғим сафарга чиқиб, бир неча кундан кейин келди. Қайтиб келган куни тунда яқинликни таклиф қилган эдим, ҳайз кўрганлигини айтиб рад қилди. Мен ҳам бунга рози бўлиб ухлаб қолдим. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Эр-хотин яқинликдан сўнг бир-бирига қараши
САВОЛ: Халқда эр-хотин яқинликдан сўнг бир-бирига қараб бўлмай, бошқаларни ҳам унга кўзи тушмаслиги керак, шу ҳолда ҳовлига чиқса юзини ёпиб чиқиши даркор, деган гаплар бор. Аслида қандай?  давоми...
8 йил аввал 22802 fiqh.uz