Фиқҳ ва фақиҳлар


«Фиқҳ» сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарса-ни нозик жойларигача тушунишни англатади.
Шариат истилоҳида эса «шаръий далиллардан фаърий ҳукмларни чиқаришга фиқҳ» деб айтилади.
Ушбу таърифдаги «шаръий далил» деганимизда, асо-сан, Қуръони Карим ва Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тушинамиз.

«Фаръий ҳукмлар» эса аслийнинг тескариси, яъни шохобча, кичик аҳамиятли, десак ҳам бўлади.
Шариатда эса, ибодатлар ва муомалотни ўз ичига олувчи ҳукмлардир.
Фиқҳнинг маъносига Қуръони Каримнинг «Тавба» су-расидаги қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилади:
«Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар дийнда фақиҳ бўлиб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар» (122-оят).
Бу оят дийний илмларни чуқур эгаллаган уламоларни кераклигича тайёрлашга Ислом жамияти алоҳида эътибор бериши лозимлигини кўрсатади. Шу билан бирга, уламолар-нинг жамиятдаги ўринлари ва масъулиятлари юксак эканини ҳам таъкидлайди.
Шунингдек, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида дийнда фақиҳ бўлишни юқори баҳолаганлар.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни дийнда фақиҳ қилиб қўяди», – дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Фиқҳ илмининг тарихига назар соладиган бўлсак, Ис-ломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаган эди.
Дастлаб Маккаи Мукаррамада ўн уч йил давомида асо-сан ақийдага тааллуқли оятлар тушди. Кейинроқ, айниқса Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилингандан сўнг, ҳукмга те-гишли оятлар ҳам туша бошлади. Уларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали унча кўпаймаган мусулмонлар жамоасига ўқиб, тушунтириб берар эди-лар. У вақтдаги мусулмонларнинг деярли барчаси араблар бўлиб, араб тилини нозик жойларигача яхши тушунишар, Қуръони Карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳеч қийналмай англашар ва уларга амал қилишар эдилар.
Мабодо баъзи тушунмовчиликлар бўлса, дарров Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраб олишар эди. Ўша вақтда саҳобаларнинг содда ҳаётларидаги асосий ишлари ҳам шундан иборат эди.
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб Қуръони Карим оятлари туши-ши ниҳоясига етиб  қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг кўплари ҳукмларга тегишли эди.
Турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил даво-мида тушиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларида тадбиқ қилиш вазифаси турар эди.
Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар эскиларидан шаръий масалаларни сўрай бош-лашди.
Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирлик-лари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар. Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган саҳобаларга тўрт халийфани, Абдуллоҳ ибн Маъсуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳумни мисол қилиб келтирадилар.
Шунингдек, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаё-тида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш учун ўз вакил-ларини юбора бошладилар.
Жумладан, Яманга Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни юборишни ирода қилдилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўз иш жойларига жўнаб кетаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у киши ўртасида қуйи-даги ривоятда зикри келган суҳбат бўлиб ўтди.

Муоз ибн Жабалнинг Ҳимс аҳлидан бўлган соҳибла-ридан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни Яманга юборишни ирода қилганларида:
«Сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» – дедилар.
«Аллоҳнинг китоби ила», – деди.
«Аллоҳнинг китобидан топмасанг-чи?» – де-дилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг суннати ила», – деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг суннатидан ҳам,  Аллоҳнинг китобидан ҳам топмасангчи?» – дедилар.
«Фикрим билан ижтиҳод қиламан, бўш кел-майман», деди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўкрагига урдилар ва: «Аллоҳ Расулининг вакилини Аллоҳнинг Расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», – дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги ил-мий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил ҳам бўлиб келмоқда.
Ҳижрий биринси асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи асрда Ислом дийни дунё бўйлаб кенг тарқалди. Араб бўлмаган турли халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табийки, улар ўзларига Қуръони Карим ва Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар. Бир тарафдан, тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ. Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак.
Шундай қилиб, аста-секин, кишиларга дийний ҳукмлар-ни ўргатадиган, уларниг саволларига жавоб берадиган ки-шилар ажраб чиқа бошлади. Кейинчалик, шароит бутун бошли китоблар таълийф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди.
Бу ҳақийқатни халийфа Жаъфар Мансур ва имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади.
Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўлганларида йўллари турлича бўлиб, имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар.
Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш Жаъфар Мансур имоми Молик билан мажлис қурди ва у кишига, яқин орада мен билан сендан билимлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб туриб-сан, мен манови иш ила машғул бўлиб қолдим (яъни халий-фалик). Сен одамларга дийний ишларни енгиллаштириб берсанг, деди.
Имом Молик рози бўлдилар ва «Муваттоъъ» китобини таълийф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида «Муваттоъъ» ки-тоби билан танишган халийфа Жаъфар Мансур қойил қолди ва имоми Моликка:
«Жуда яхши қилибсан, агар хоҳласанг, ҳамма одам-ларни шу китобга жамлайман»,–деди.
Имом Молик:
«Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхши-ликни олиб кетди»,–дедилар.
Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, имоми Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар.
Аста-секин Ислом оламининг турли жойларида фақиҳ уламолар етишиб чиқа бошладилар. Мазкур уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манбаъ қилиб олганлар.
Биринчиси: Қуръони Карим. Яъни, фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръонга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади.
Иккинчиси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг суннатлари. Агар фақиҳ бирор масалага жавобни Қур-ъондан топа олмаса, суннатга мурожаат қилади. Уни топиб, ҳукмини баён ҳам қилади.
Учинчиси:  Ижмоъ–бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламоларининг бир овоздан бирор масалани қабул қилиш-ларидир. Мисол учун, Қуръони Каримни китоб шаклига кел-тириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам таъкидлан-маган.
Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва-фотларидан кейин урушларда Қуръонни ёд биладиган қо-рилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан халийфа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга амр бер-дилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Бу иш ижмоъ орқали амалга ошди.
Тўртинчиси: Қиёс. Яъни, аввалги манбаъларда ҳукми келмаган масалани, шунга ўхшаш мазкур манбаъларда ҳук-ми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.
Мисол учун, Қуръонда хамр, яъни ўша вақтда узум, ар-па, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олина-диган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб, улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам ҳаром деб атаганлар.
Фақиҳларимиз суянадиган масдарлардан яна урф, масолиҳул мурсала, шаръу ман қаблана шаръун лана каби баъзи манбаълар ҳам бор. Улар мазкур тўртта асосий ва қолган ёрдамчи манбаъларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Ўша даврда кўплаб фақиҳлар етишиб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан фиқҳий ишлари ҳам қолиб кетган.
Аммо мусулмонлар оммасига кенг тарқалган, шогирдла-ри ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар «фиқҳий мазҳаб соҳиблари» деб тан олинган.
Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан «расмий фиқҳий мазҳаблар» деб тан олинган. Булар қуйи-даги мазҳаблар:
1. Ҳанафий мазҳаби.
Шом, Туркия, Туркистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангла-деш, Ўрта Осиё ва бошқа юртларда кенг тарқалган.
2. Шофеъий мазҳаби.
Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд ва Африканинг баъзи давлатларида тарқалган.
3. Моликий мазҳаби.
Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва Африканинг бошқа давлатларида тарқалган.
4. Ҳанбалий мазҳаби.
Арабистон ярим оролида тарқалган.
Бу илмнинг аҳамиятини билиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган ҳар бир маълумотдан фойдаланмасликка аҳд қилайлик. Фиқҳ илмининг аҳамиятини яхшироқ англаб етиш учун фақат биргина мисол келтириш билан кифояланишни келишиб олайлик. Келинг, ўша масала таҳоратда юзни ювиш бўлсин. Табийки, аввало Қуръони Каримни қўлга оламиз. Аммо муқаддас китобимизда «Таҳорат китоби» номли сурани топа олмаймиз. Зотан, Аллоҳнинг китоби бу каби масалалардан олийдир.
Нима қиламиз? Қуръони Каримни тўлиқ ёддан бўлмаймиз. Ёд билганларимиз, маъносини билмайди. Бир иложини қилиб «юз» сўзи бор оятларни топамиз. Уларнинг ичидан «юз ювиш» ҳақида сўз юритилган оятни топамиз.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Эй иймон келтирганлар, намозга турган вақтингизда юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқларигача ювинг, бошларингизга масҳ тортинг ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювинг)», деганлигини биламиз.
Мана, Қуръонда таҳорат қилган одам юзини ювиши ҳақида амр бор экан, деймиз.
Бу маълумот бизга озроқ кўринади ва ҳадисларга мурожат қилишга ўтамиз. Фиқҳий боблар асосида жамланган ҳадис китобларида фақиҳларнинг тасири бор деб бошқа услубда жамланган ҳадис китобларига қарайдиган бўлсак, ўзимизга керак ҳадисларни топа олмай гаранг бўламиз. Охири, бир амаллаб ўзимизга керакли ҳадисларни топамиз ва юзни ювиш ҳақидаги ибораларга синчковлик билан назар соламиз.
Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қули Ҳумрон розияллоҳу анҳудан риоят қилинади: «Усмон таҳоратга сув чақирди ва таҳорат қилди: Икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди ва «Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб икки ракъат намоз ўқисаю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди». Бешовлари ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан таҳорат қилишни мукаммал ўрганиш билан бирга аъзоларни, жумаладан, ўзимиз баҳс қилаётган юзни ҳам уч марта ювишни ўрганиб олдик. Бу, албатта, араб тилини яхши билган кишиларга муяссар бўладиган иш.
Энди худди шу масаланинг ўзини фиқҳ илми устозлари юқоридаги оят ва ҳадисдан қандай тушунганлари билан танишиб чиқайлик.
Бунинг учун, элимизда маълум ва машҳур бўлган фиқҳ китоби «Мухтасари Виқоя»нинг матни ва шарҳидан фойдаланамиз.
«Бас, таҳоратнинг фарзи юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача, икки қўл ва икки оёқни чиғаноқлари ҳамда тўпиқлари билан ювмоқ. Бошининг тўртдан бирига ва соқолидан башарасини тўсиб турганига масҳ тортмоқдир».
Демак, юзни ювиш таҳоратнинг фарзларидан бири экан. Бу амалнинг фарз эканини фақиҳлар узоқ ва машаққатли таҳлиллардан кейин аниқлашган. Сиз билан биз бу ҳақда ўйлаб ҳар кўрмаган эдик. Чунки, Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам таҳоратда юзни ювиш фарз деган гап йўқ. Зотан, бу нарса уларнинг вазифаси ҳам эмас. Юзни ювиш ҳақидаги гап Қуръони Каримда буюруқ майлидаги феъл ила ифода этилган, Аллоҳнинг буюриғи фарз бўлади, дейдиган бўлсак, бошқа оятларда буюруқ майлида келган феъллар фарзни ифода қилмаганини кўрамиз.
Мисол учун «Жума» сурасидаги: «Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг» деган оятни олиб кўрайлик. Ушбу ояти каримадаги илоҳий фармонга биноан, намоз тугагандан кейин ҳамма тарқалиб кетиши лозим. Аммо амалда бу ҳолни кўрмаймиз. Тарқалган тарқалади, қолганлар ибодат, дуо каби ишлар билан машғул бўлиб ўтирсалар ҳечқиси йўқ.
Ёлғиз Аллоҳнинг охириги китоби Қуръонда буюруқ майлида келган икки феълнинг бири фарзни, иккинчиси мубоҳни англатишини сиз билан биз қаердан била оламиз? Аммо фақиҳлар буни ўз қоидаларни ишга солиб, барча бунга оид нарсаларни чуқур таҳлил қилиб ҳаммасини ўз жойига қўйганлар.
Икки оятни ва унда зикр қилинган талабни атрофлича чуқур ўрганиб чиқиб таҳоратда юзни ювиш фарз эканини, жума намозини ўқиб бўлганидан кейин тарқалиш фарз эмаслиги аниқлаганлар.
Ўрганаётган оят ва ҳадисимиздан таҳоратда юзни ювиш борлигини билган эдик. Аммо фақиҳларни ўша нарсани:
«Юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача ювмоқ», демоқдалар. Улар «юз» араб тилида нимани ифода қилишини арабларнинг асл луғатларидан ўрганишган ва уларда қўйидаги баёнотни топишган:
«Юзнинг узунасига бўлган чегараси пешонанинг соч ўсган жойидан жағнинг остигачадир. Юзнинг кўндалангига чегараси бир қулоқнинг юмшоқ жойидан иккинчи қулоқнинг юмшоқ жойигачадир».
Бу билан ҳам кифояланиб қолмасдан фақиҳлар юзга оид майда аъзоларни ҳам аниқлаб, айтиб ўтишган ва таҳоратда уларни ювиш ҳам фарзлигини баён қилишган:
«Икки лабнинг ва буруннинг уст қисмлари ҳам юздан ҳисобланади. Қош, киприк, мўйлаб, юздаги қиллар, пастки лабнинг ўртасига чиқадиган жунлар ва соқолнинг юздаги қисмини ювмоқ ҳам фарздир».
Оят ва ҳадисдаги «юз» сўзини қойилмақом қилиб англатиб бўлган фақиҳ сўнгра «ювиш»ни таҳлил ва тадқиқ қилишга ўтади. Бу сўзни ҳам таҳоратга оид маъносини:
«Бу ердаги ювишдан мурод аъзодан камида икки қатра томадиган даражада сувни ўтқазиш ёки қуйишдир», деб баён қилади.
Кейин неча марта ювишнинг ҳукмини айтади:
«Аъзоларнинг бир марта ювмоқ фарздир, уч марта ювмоқ суннатдир».
Бир марта ювиш Қуръоннинг амрига биноан фарз, уч марта ювиш Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларига биноан суннат.
Шу билан, мисолимизга якун ясаймиз ва инсоф билан тафаккур қилишга киришамиз. Битта ишнинг оят ва ҳадис бўйича англаб етишда фақиҳларнинг хизматлари шунчалар катта бўлса, диний аҳкомларнинг барчасини тушуниб етишдаги хизматларини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.
Оят ва ҳадисда келмаган ҳукмларни айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса ҳам керак. Йўқ! Келинг, бу борада ҳам жуда қисқача бўлса ҳам фақиҳларнинг беқиёс хизматларини тўлиқ англаб етиш учун бир икки мисолни кўриб чиқайлик.
Фақиҳлар нафақат оят ва ҳадисларни балки, шаръий масалаларга боғлиқ сиз билан бизга энг арзимаган бўлиб кўринадиган нарсаларни ҳам мислсиз диққатлик билан ўрганадилар. Ўрганибгина қолмай, уларга шаръий ҳукмларни ҳам чиқарадилар.
Мисол учун, имом Ибн Нужайм ўзининг «ал-Ашбоҳ ван Назоир» китобида қуйидаги масалани зикр қилган:
«Агар қудуққа бутун тезак тушса, уни нажас қилмайди. Яримтаси тушса нажас қилади. Фарқ шулки, бутун тезак қудуққа тушганда уни тарқалишини ман қиладиган пардаси бўлади, яримта тезакда эса у бўлмайди».
Ҳайвондан тушадиган тезакда ундаги нажасни тарқалиб кетишини ман қиладиган парда бўлишини умримизда ўйлаб кўрмаган бўлсак керак. Ўша парда йиртилганда нажса сувга тарқалишини ҳам хаёлимизга келтирмаган бўлсак ажаб эмас.
Аммо муҳтарам фақиҳларимиз буни аллақачон ўрганиб чиқиб китобларига ёзиб қўйганлар.
Фақиҳларимиз одамларнинг оғизларидан чиқадиган ҳар бир сўзнинг фарқини ва ундан чиқадиган ҳукмларни ажойиб тарзда йўлга қўйганлар.
Эски фиқҳ китобларимизда, бир киши отдан тушсам, хотиним талоқ бўлсин, деган одамнинг ҳукми нима бўлади, деган масала ўртага қўйилган. Отдан тушмаса бўлмайди. Отдан тушса, хотини талоқ бўлади.
Фақиҳлар учун бу масалани ечиш ҳеч гап эмас. Улар ўша одамнинг отини бирор дарахга яқин олиб борилсин ва у отдан эмас дарахтдан тушсин, ҳач нарса бўлмайди дейдилар.
Мана сизга, фиқҳ илмининг аҳамияти!
Мана сизга, фақиҳларнингн хизмати!
Муҳтарам китобхон!
Жанобингиз Қуръони Карим оятлари, уларнинг маънолари ва тафсирлари билан таниш бўлсангиз керак.
Шунингдек, ҳадиси шарифлар ва уларнинг шарҳларини ҳам ўқиган бўлсангиз керак.
Ушбу камтарона китобни диққат билан ўқисангиз, аввалги тушунчаларингиз билан фиқҳий тушунча орасидаги фарқни яққол сезишингиз турган гап. Ҳа, беҳудага фиқҳни дақиқ маъноларни англатувчи илм деб аталмаган!
Ана шундагина фиқҳнинг ва фиқҳий мазҳабларнинг қадрига етишимиз мумкин бўлади.
Қуръони Карим, Суннати Мутоҳҳара, Исломий илмлар ва хусусан фиқҳий илмлар сабабли араб тили жуда ҳам ривож-ланди, оддий саҳровий халқ тили шеър ва хутба тилидан ду-нёдаги энг тараққий этган илмий тил даражасига кўтарилди. Исломнинг муқаддас китоби Қуръони Карим тили бўлгани туфайли бу тил абадийлашди, улуғланди ва ривожланди.
Бу борада фиқҳ илми ва фуқаҳолар ўзига яраша хизмат қилдилар. Улар ояти карима ва ҳадиси шарифлардан шаръ-ий аҳкомлар чиқаришда араб тилининг хусусиятлари ва им-кониятларини кенг тарзда ишга солар эдилар. Бошқалар ҳар бир матннинг иборасидан маъно чиқарадиган бўлса, фақиҳлар матннинг иборасидан, ишорасидан, далолатидан ва тақозосидан маъно чиқарар эдилар.
«Фиқҳ» сўзининг луғатдаги маъноси ҳақида сўз юритга-нимизда, бу сўз бир нарсани нозик ерларигача чуқур тушу-ниш маъносини билдиради, деган эдик. Фақиҳлар ўша маънони амалда татбиқ қилишди. Араб тилидаги шаръий ҳукмга оид ҳар бир сўзни чуқурн ўрганиб, охиригача етиб, маъноларини юзага чиқаришди. Ҳар бир сўзнинг луғатдаги ва истилоҳдаги маъноларини келтиришни йўлга қўйишди.
Натижада, ўзига хос фиқҳий атамалар, сўзлар ва ис-тилоҳлар юзага келди. Булар аста-секин кўпайиб борди. Уларнинг баъзиларини барча фиқҳий мазҳаблар бирдек иш-латса, баъзиларини ҳар бир мазҳаб ўзига хос ишлатадиган бўлди.
Вақт ўтиши билан фиқҳий луғат китобларига эҳтиёж туғилди. Китоб ёзиш ишида ҳаммадан пешқадам бўлган фақиҳлар бу ишни осонлик билан йўлга қўйдилар. Ҳар мазҳабдан фиқҳ луғати бўйича китоб ёзадиган уламолар пайдо бўлди. Уларнинг асарлари уламолар, илм толиблари ва оддий кишиларга илмий хизмат қила бошлади. Эътибо-рингизга фиқҳ луғати бўйича битилган баъзи китобларни тақдим этамиз.  
1. «Толбатут Толаба».
Бу китобнинг муаллифи машҳур ҳанафий олим Нажмуд-дийн Абу Ҳафс Умар инб Аҳмад ибн Исмоил ибн Луқмон На-сафийдир.
«Толбатут-толаба»нинг муаллифи ҳанафий уламолар-нинг китобларида зикр қилинган истилоҳ ва лафзларни шарҳ қилган. Шунингдек, ўша лафзларнинг луғавий шарҳига ҳам эътибор берган.
«Толбатут-толаба» фиқҳий китоблар тартибида бўлиб, унда боб ва фасллар йўқ. Баъзи фиқҳий истилоҳларни шарҳ қилишда Қуръон, Суннат ва луғатдан далиллар келтирилган.
2. «Муғраб фий тартиби Муъраб».
Бу китобнинг муаллифи ҳанафий уламолардан Абул Фатҳ Носир ибн Абдуссаййид ибн Али Мутарразийдир.
«Муғраб фий тартиби Муъраб»нинг муаллифи ҳам ҳа-нафий фуқаҳоларнинг китобларида ишлатилган лафзларни шарҳ қилган. У ҳар бир сўзнинг ҳарфларини аниқлаб, шаръ-ий ва луғавий жиҳатдан батафсил шарҳлаган.
«Муғраб фий тартиби Муъраб» китобининг тартиби алифбо ҳарфлари бўйича бўлган. Бу китоб мўътабар китоб-лардан бўлиб, ҳанафий фиқҳнинг лафзларини ўрганишда ҳар бир толиби илм, тадқиқотчи ва олимга фойда беради.
3. «Мисбоҳул мунийр фий ғарийбиш-Шарҳил Кабийр».
Бу китобнинг муаллифи Шофеъий мазҳабидаги уламо-лардан Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али Файйумийдир (ҳижрий 770-санада вафот этган).
Унда муаллиф фиқҳий алфозларни Шофеъий мазҳаби асосида шарҳ қилган. Китобдаги сўзлар шарҳи алифбо ҳарфлари тартибида келган.
«Мисбоҳул мунийр фий ғарийбиш-Шарҳил Кабийр»нинг соҳиби кўплаб ҳадиси шарифларни далил сифатида келтир-ган. Ҳар бир сўзнинг ҳам луғавий, ҳам фиқҳий маъноларини очиб берган. Ҳар бир исм ва сифатнинг кўплигини ҳам кел-тирган.
4. «Ал-Ҳидоя ал-Кофия аш-Шофия ли баяни ҳақоиқил имоми Ибн Арафа ал-Вофия».
Бу китобнинг иккинчи номи «Шарҳи ҳудуди Ибн Арафа лир-Рассоъи»дир. Унинг муаллифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Қосим Ансорий Рассоъдир. Бу китоб моликий фиқҳи бўйича луғат китобидир.
«Ал-Ҳидоя ал-Кофия аш-Шофия ли баяни ҳақоиқил имоми Ибн Арафа ал-Вофия» фиқҳий истилоҳларнинг нозик таърифларидан иборатдир. Бу китоб Моликий мазҳабидаги уламоларнинг катта эҳтимомига сазовор бўлган.
Муаллиф олдин таърифни келтириб, кейин унинг лафз-ларини, қайдларини, унга кирадиган ва ундан чиқадиган нарсаларни зикр қилади. Шунингдек, далилларини ва са-бабларини ҳам баён қилади. Таърифдан олинган кучли ёки машҳур қавлни ҳам айтиб ўтади. Бу китоб одатдаги фиқҳий боблар тартибидадир.
Мазкур фиқҳ илми уламолари ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.
Биринчиси: Қуръони Карим.
Яъни, фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръонга мурожат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади.
Иккинчиси: Пайғамбар алайҳисаломнинг сун-натлари.
Агар фақиҳ ўша мазкур масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, суннатга мурожаат қилади. Уни топиб ҳукмини баён ҳам қилади.
Учинчиси: Ижмоъ.
Ижмоъ-бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламолари-нинг бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир.
Мисол учун, Қуръони Каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам таъкидланмаган.
Аммо Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва-фотларидан кейин урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан ха-лифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қуръонни жамлаш-га амр бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Бу иш ижмоъ орқали амалга ошди.
Тўртинчиси: Қиёс.
Яъни, аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани, шунга ўхшаш мазкур манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.
Мисол учун, Қуръонда хамр, яъни, ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламо-лар шунга қиёслаб улардан бошқа маст қилувчи ичимлик-ларни ҳам ҳаром деб атаганлар.
Фақиҳларимиз суянадиган яна бошқа манбалар ҳам бор. Улар масолиҳи мурсала, урф, шаруъ ман қоблана шаръун лана, истиҳсон, истисҳоб ва мазҳаби саҳобийлардир.
Фуқаҳоларимиз мазкур тўртта асосий ва қолган ёрдам-чи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар.

Ақийда бўйича аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг йирик намояндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларнинг ҳар бири ўзига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида зикр қилинадиган бошқа сабабларга кўра фиқҳий мазҳабларда хилма-хиллик юзага келган. Буни баъзи кишилар «дийнга зарар келтирувчи шахсий хилофлар» деб ўйлайдилар ва ўзларича танқид қиладилар, қоралайдилар. Гоҳ-гоҳида фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликка чақирувчилар ҳам чиқиб туради. Улар доимо жуда ҳам оз-чиликни ташкил этиб, маълум бир тоифага мансуб кишилар бўлади. Бундай кишилар, асосан, фиқҳдан бехабар, илм ос-тонасига эндигина қадам қўйган ёки ҳақийқий илмдан бе-баҳра қолган одамлар бўлади. Улар, ўзларича, фиқҳий мазҳабчиликни айб ва нуқсон деб биладилар, ўз фикрлари-ни исботлаш мақсадида ҳатто улуғ мазҳаббоши имомларга тил теккизишгача етиб борадилар.
Бу ҳақда Робитатул Оламил Исломий фиқҳ академияси мудири, фазийлатли доктор Аҳмад Муҳаммад Муқрий ўз мақолаларидан бирида шундай ёзадилар: «Вақти-вақти би-лан Ислом фиқҳини ўз ижтиҳодлари ва илмлари ила бойит-ган мужтаҳид имомлар, атоқли уламоларга қарши та-нқидларни эшитиб турамиз. Одатда, бундай танқидлар, ула-моларни танқид қилиш у ёқда турсин, балки уларнинг мазҳаблари, усуллари ва қоидаларига назар солишга ҳам қурби етмайдиган, эндигина талаби илмни бошлаётган ки-шилар тарафидан бўлади».
Бу фикрни уламоларнинг ҳаммалари қўллаб-қувватлайдилар. Аввал ҳам, ҳозир ҳам ғайратли уламолар фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчи тоифа ва шахсларга раддиялар бериб келишган. Жумладан, суриялик машҳур олим Муҳаммад Саийд Рамазон Бутий мазҳабсизликка чақирувларни «Исломдаги энг хатарли бидъат» деб билади-лар. У киши мазҳабсизликни «дийнсизликка олиб борувчи кўприк» деб атайдилар. Бошқа уламолар ҳам шу қабилдаги фикрларни қувватлайдилар. Мазҳабни инкор қилувчилар: «Қуръон ва суннат турганда уларга амал қилмай, яъни Аллоҳнинг ва унинг Расулининг айтганини қилмасдан Абу Ҳанийфанинг айтганини қиламизми?» дейишади.
Шунингдек, улар мазҳаблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида бўлмаган, демак, бидъат нарса, шунинг учун унга амал қилиш керак эмас, дейдилар. Яна улар мазҳаблар ихтилофга сабаб бўлади, шунинг учун улар-ни инкор қиламиз, дейишади ва ҳоказо.
Ўз навбатида мазҳаб тарафдорлари ҳам мухолифларга қаттиқ зарба берадилар. Уларни турли айблар билан айб-лайдилар. Оқибатда орада келишмовчилик, уриш-жанжал чиқади. Ҳозирги пайтда ҳам шундай ҳолатлар учрайди.
Аслини олганда, илмий  қарашлар орқали бундай ихти-лофларнинг олдини олиш ёки уларга барҳам бериш мумкин.
Аввало, фиқҳий мазҳабга амал қилиш Қуръон ва сун-натни тарк қилиб, ўзимизга ўхшаш бир инсоннинг айтганига амал қилиш дегани эмас. Фиқҳий мазҳабларимиз раҳна-молари Аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабининг кўзга кўринган алломаларидир. Улар ақийда бобида ҳеч қандай хилоф қилганлари йўқ, қилишлари мумкин ҳам эмас. Демак, шундай катта уламолар кишиларни Қуръон ва суннатга амал қилмай, ўзларининг фикрларига чорлашлари умуман мантиққа тўғри келмайди.
Фиқҳий мазҳаб имомлари Қуръон ва суннатни кишилар-га осонлик билан тушунтирган ва уларга амал қилиш йўлларини мусулмонларга ўзига хос услуб билан баён қилиб берган катта алломалардир. Улар ҳеч қачон ўзларига ортиқча илоҳийлаштириш ёки қандайдир устунликни талаб қилмаганлар. Балки, ўз меҳнатлари, илм, одоб ва тақволари билан мусулмонлар эҳтиромига сазовор бўлган зотлардир.
Уламоларимиз, фиқҳий мазҳаблар имомларини ва улар-нинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар:
Бу дунёдан яхши яшаб, яхши ўтиш худди тоғнинг чўққисига эсон-омон чиқишга ўхшайди. Қуръон ва суннат ўша чўққига чиқишни кўрсатадиган харита ва қўлланма. Мазҳаб имомлари эса, ушбулардан фойдаланиб чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилар.
Фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчилар эса, ўша тоғнинг тагига келиб, харита ва қўлланмани олиб, ўзига янги йўл то-пиб, чўққига чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ўхшайди. Илми, кучи, имконияти бўлса, чўққига чиқиш эҳтимоли бор. Бўлмаса, қулайди. Чўққига чиқишга ёрдам берадиган илм, куч ва имконият эса, камида мазҳаббоши имконига тенг ёки ундан кўпроқ бўлиши керак. Энди тушунарли бўлган бўлса керак?
Мазҳаблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида бўлмаган, деган эътироз ҳам шунга ўхшаш. Бу гапни ақийда, ибодат бобида айтса, бўлади. Аммо услуб, ту-шуниш, баён қилиш бобида бу гап тўғри келмайди. У вақтда Қуръон китоб шаклида бўлмаган, барча Қуръонларни куй-дирайлик, дейилмайди-ку?! Шунингдек, тафсир, ҳадис каби илмлар, уларга тегишли китоблар ва яна кўп нарсалар илк босқичда бўлмаган.
Мазҳабдаги ихтилофларга келсак, бу алоҳида масала. Аввал қайд қилинганидек, ақийда бобида ихтилоф дуруст эмас, шунинг учун бу нарса Қуръон ва суннатда тўлиқ баён қилинган. Шунингдек, дийнимизнинг асл рукнларида ҳам хилоф дуруст эмас. Чунки, Қуръон ва суннатда буларнинг ҳам баёни келган. Ҳеч ким ижтиҳод ҳам қила олмайди, их-тилоф ҳам. Ҳеч ким беш вақт намознинг тўрт ёки олти вақт бўлишини айтмаган ёки ҳажни Зулҳижжадан бошқа ойга кўчириш, Арафотдан бошқа жойда вуқуф қилишни ўйлаб ҳам кўрмайди. Биз «фиқҳий ихтилофлар» деб айтаётган ма-салалар давр, жамият, ҳаёт тарзи ўзгариши билан ўзгариб турадиган ва, асосан, баъзи шаклий нарсаларда, холос. Ва бу нарсаларда турли-туманлик бўлишининг ўзи табиийдир. Бу борадаги ихтилоф зарардан кўра фойда келтиради.
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг «Умматимнинг ихтилофи раҳматдир», деган ҳадис-ларини худди шу фиқҳий ихтилофларга тегишли, дейдилар.
Дунё собит ва ўзгарувчан нарсалардан иборат. У собит нарсаларнинг саботи ва  ўзгарувчан нарсаларнинг ўзгариши билан обод. Ўзимиз яшаб турган ер куррасини олиб кўрайлик. Унда катта, маълум ва машҳур уммонлар, қуруқликлар, денгизлар ва юксак тоғлар бор. Улар собит ту-радилар. Ўзгарувчан бўлсалар, асло яхши бўлмайди, дунё-нинг низоми бузилиб кетади.
Шунингдек, мазкур нарсалар билан бирга яна сой ва да-рёлар, кичик дарахтзорлар, ер майдонлари ва ҳоказолар бор. Улар ўзгариб туради. Чунки, ҳаётнинг ўзи шуни тақозо қилади. Дунё уларнинг ўзгариши билан ободдир.
Худди шунингдек, дийнда ҳам собит нарсалар бор. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас. Масалан, ақийда масала-лари. Бугун Аллоҳга ёки иймон келтириш лозим бўлган бо-шқа нарсаларга ишониб туриб, кейин уни ўзгартириб бўлмайди.
Шунингдек, дийннинг рукни ҳисобланган, асосни ташкил этган нарсалар ҳам собит бўлади. Бундоқ масалаларни Аллоҳ таоло ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашу-вига йўл қўймаган.
Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса бўш қўйиб, мусулмонлар ақлларини ишлатиб, ижтиҳод қилишларига йўл очиб берган. Фиқҳ уламолари, асосан, худди шу масалаларда иждиҳод қиладилар. Уларнинг ҳуж-жат ва далилларни тушуниш даражалари, масалани ҳал этиш услубларига қараб ижтиҳодларининг натижаси турли-ча чиқади. Биз эса, буни «ихтилоф» демоқдамиз.
Улуғ мужтаҳидларимиз Қуръони Карим ва суннати наба-вия асосида, шариат қоидаларини маҳкам тутиш билан бир-га, ҳар замон ва маконга салоҳияти бор Ислом дийнининг ғоялари, мақсадлари, инсонларнинг имконлари ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб, иш юритганлар. Келинг, бу фикрни тасдиқлаш учун бир-икки мисол келтирайлик:
1. Фиқҳий китобларимизда олди-сотди масалаларига кенг ўрин берилади. Чунки, бу иш, асосан, ризқ топишга қаратилган, ризқнинг ҳалол бўлиши учун эса, иш шариатга мувофиқ бўлиши керак. Савдода «хиёр» деган нарса бор. Яъни, бир киши бирор нарсани сотиб олса, ўзаро келишувга биноан, маълум муддатда савдодан айниб, сотиб олган нар-сани эгасига қайтариб бериш ихтиёри «хиёр» дейилади. Бу жуда кенг масала бўлиб, фиқҳ китобларида батафсил муҳокама қилинади.
Шу бобда «Харидор сотиб олган кийимни хиёр даврида қора рангга бўяб қўйса, сўнг эгасига қайтариб берса, қора рангга бўялгани нуқсонми ёки зиёда, фазлми?» деган савол тушган. Шунга биноан, қора рангга бўяш нуқсон бўлса, қайтиб бераётиб сотувчига нуқсоннинг ҳақини қўшиб бери-ши, зиёда бўлса, ўз ҳақини сотувчидан олиши керак.
Ушбу саволга жавоб излаб эски фиқҳ китобларига му-рожаат қилсак, баъзиларида, хиёр вақтида қорага бўяш зиё-дадир, дейилган, бошқаларида эса, бу иш нуқсон, деб баҳоланган. Бир саволга икки хил жавобни кўриб, яна жиғибийрон бўласиз, оддийгина саволга икки хил жавоб, фақиҳлар ихтилоф қилгани дунёга келган эканлар-да, ўзи, дейсиз. Лекин шошманг, азизларим, олдин мазкур китоблар кимники ва қачон ёзилгани ва бошқа маълумотларни ўрган-сангиз, ҳамма нарса равшан бўлади. Фақиҳларни айблашга шошмаслик керак, улар ҳужжат, далилсиз бир иш қилмайдилар. Кийимни қорага бўяшни зиёда ва фазл ҳи-соблаган уламолар аббосийлар ҳукмронлиги даврида яша-ган зотлар. Маълумки, аббосийлар қора рангни ўзларига шиор қилиб олган эдилар. Қора рангли нарса у даврда қадрли ҳисобланар эди.
Шунинг учун ҳам, ўз даврининг талабларидан келиб чиқиб, кийимни хиёр вақтида қорага бўяш зиёда ва фаз-лдир, деб фатво берганлар. Уларга қарама-қарши фатво чиқариб, кийимни қорага бўяш айб ва нуқсондир, деган уламолар аббосийларга мухолиф ҳукмдорлар даврида яша-ганлар. Улар ҳам ўз шароитларидан келиб чиқиб фатво бер-ганлар.
Демак, икки тарафнинг фатвоси ҳам ўз замонаси учун тўғри ва ўринли. Бунинг нимасини ихтилоф дейишимиз мум-кин?
2. Шунингдек, уламоларимиз фатво чиқаришда ўзлари яшаб турган юрт ва жамиятнинг шарт-шароитларини ҳам эътиборга олганлар.
Мисол учун, имом Шофеъий Ҳижозда яшаб турган пайт-ларида ўзларида маълум фатволар чиқарган масалалар бўйича Мисрда яшаб турганларида мутлақо ўзгача фатволар чиқарганлар. Буни ҳам ихтилоф деб бўлмайди.
Сиз билан бизга ихтилоф бўлиб кўринаётган нарсалар-нинг ўзига яраша сабаблари бор. Бу нарсалар алоҳида ки-тобларда батафсил баён қилинган. Биз эса, яна бир-икки ки-чик мисол келтириш билан кифояланамиз.
3. Ҳаммангизга маълум ва машҳурки, тоҳаратда бошга масҳ тортиш фарз. Ҳамма бошига масҳ тортади. Аммо фиқҳ имомлари бу масаланинг энг нозик жиҳатларигача ўрга-нишган. Одамлар тарафидан тушган ёки тушиши мумкин бўлган «Бошнинг қанча қисмига масҳ тортиш фарз?» деган саволга жавоб беришган. Ана шунда жавоблари икки хил чиққан.
Имом Абу Ҳанийфа «Бошнинг тўртдан бир қисмига масҳ тортиш фарз», десалар, имом Шофеъий «Ҳаммасига масҳ ториш фарз», деганлар. Хўш, бунга нима сабаб бўлди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тоҳаратнинг баёнида: «Вамсахуу би руъусикум»–«Ва бошларингизга масҳ тортинг», деган. Имом Абу Ҳанийфа: «би руъусикум»даги «бо» ҳарфи араб тили қоидалари бўйича «баъзи» маъносини англатади, шунинг учун оятнинг маъноси, бошингизнинг баъзисига масҳ тор-тинг, дегани бўлади. Баъзи дегани тўртдан бири, дейишга сабаб эса, Набий алайҳиссалом бир жойда тоҳарат қилганларида саллалари остидан бошларининг олд қисмига масҳ тортганликлари ривоят қилинган, дейдилар.
Имом Шофеъий эса: «би руъусикум»даги «бо» ҳарфи араб қоидаси бўйича илсоқни, яъни ёпишишни билдиради. Оятнинг маъноси: бошингизга қўлингизни ёпиштириб масҳ тортинг, дегани бўлади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-саллам ҳам доимо бошларининг ҳаммасига масҳ тортиб юр-ганлар», дейдилар.
Амалда эса, Шофеъий мазҳабидаги кишилар ҳам, Ҳа-нафий мазҳабидаги кишилар ҳам бошларининг ҳаммасига масҳ тортадилар. Имомларнинг баҳси эса, фақат илмий баҳс, баъзан ўрни келганда ишлатиш учун захийра бўлиб қолади. Шунга ўхшаш, араб тили қоидалари, ҳарфларнинг далолат-лари асосида фақиҳларимизнинг турлича тушунишлари бошқа масалаларда ҳам бўлган.
4. Талоқ қилинган аёл идда ўтириш лозимлигини ҳамма билади. Аммо идданинг муддати ҳақида бир мазҳаб уламо-ларидан сўрасангиз, уч марта ҳайз кўргунча деса, иккинчи мазҳаб уламолари: уч марта ҳайздан поклик муддати ўтиши керак, дейишади.
Масала битта бўлса, нима учун жавоб ҳар хил? Ёки да-лиллар ҳар хилми? Далилга келсак, икки томон учун ҳам Аллоҳ таолонинг: «Вал муталлақоту ятараббасна би анфу-сиҳунна саласата қуруъ»–«Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуруъ кутадилар», деган ояти каримаси асос бўлган.
Жавобнинг турлича бўлиши «қуруъ» сўзидан келиб чиққан. Бу сўз араб тилида икки маънони, ҳам «ҳайз» ва ҳам «ҳайздан поклик» маъноларини англатади. Демак, имом-ларнинг айримлари ўша сўздан хайз маъносини олиб, идда-нинг муддати талоқдан сўнг уч ҳайз кўргунча кутиш, деса, бошқалари поклик маъносини олиб, идданинг муддати уч марта ҳайздан поклик муддатининг ўтиши, деганлар.
Албатта, уламолар бу маъноларни ўзларича ёки гапим бошқаникига ўхшаб қолмасин, деб эмас, балки қўшимча кучлантирувчи далиллар асосида олганлар.
5. Баъзи ривоятлар бир мужтаҳидга етган бўлса, бо-шқасига етмаган бўлиши ҳам туричаликка сабаб бўлган.
6. Усули фиқҳ қоидалари турлича бўлиши ҳам фиқҳий аҳкомларнинг турлича бўлишига сабаб бўлган.
Мисол учун, баъзи мазҳаблар рукуъга бораётганда ва ундан тураётганда икки қўлни кўтаришни якка ривоятга суя-ниб олганлар. Ҳанафий мазҳаби қоидаси бўйича, намозга ўхшаш омма орасида


1 ўн йил аввал 8465 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
1 ўн йил аввал 6552 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
1 ўн йил аввал 6428 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
1 ўн йил аввал 6685 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
1 ўн йил аввал 5477 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
1 ўн йил аввал 6082 fiqh.uz