Қадимда фақиҳлар зарурат юзасидан айрим мавзулар бўйича алоҳида китоблар ёзгани маълум ва машҳур. Намоз китоби, Рўза китоби, Ҳаж китоби кабилар. Ўша эски услубга амал қилиб замондош фақиҳларимиздан баъзилари ўзлари аҳамиятли деб билган мавзулари бўйича алоҳида китоб би-тишга ҳаракат қилдилар. Албатта, Намоз китоби, Рўза кито-би, Ҳаж китоби, Закот китоби каби таълим учун турли тил-ларда ва услубларда нашр қилинган асарларни илмий иш деб баҳолаш қийин, аммо баъзи жиддий илмий ишлар сира-сига кирадиган китоблардан намуна келтиришга ҳаракат қиламиз.
1. Ибодат.
Бу мавзу бўйича ёзилган янги китобларга Асъад Маҳмуд Саъийд Соғурчининг «Ат-тайсир фил фиқҳил Ҳанафий» номли китобини олишимиз мумкин. Муаллиф бу китобни «Танвийрул абсор» ва «Раддул Мухтор» китобларидан фойдаланиб ёзган. Унда фақат ибодатлар қисми–Намоз, Рўза, Закот ва Ҳаж китоблари бор. Масалалар батафсил ёритил-ган ва далиллар келтирилган. Китобнинг биринчи нашри «Дорул Калимит Тоййиби» тарафидан ҳижрий 1423 – милодий 2002 санада Байрутда амалга оширилган.
2. «Фиқҳуз-закоти».
Машҳур олим шайх Юсуф Қаразовий «Фиқҳуз-закоти» китобига ёзган муқаддимасини ҳижрий 1389 – милодий 1969 санада ёзган. Мазкур муқаддимада закот ибодати даврнинг энг муҳим масаласи бўлиб тургани, шу пайтгача бу борада жиддийроқ илмий иш қилинмагани, ҳатто, Миср Вақф вазирлиги ушбу долзарб мавзуда илмий мусобақа ҳам эълон қилгани ва китоб мазкур ҳолатни эътиборга олиб битилгани ҳақида ёзилади.
«Фиқҳуз-закоти»да тафсир, ҳадис шарҳи, молиявий ва шаръий сиёсат китоблари, турли мазҳабларнинг фиқҳ ки-тобларидаги сочилиб турган маълумотлар жамланган ва таҳлил қилиниб, замона талабига мос ечимлар чиқарилган. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, «Фиқҳуз-закоти» ки-тоби бу мавзудаги энг яхши китоб ҳисобланади. Китобнинг бош мавзулари қуйидагилардан иборат:
– Закот ва садақанинг маъноси ҳақида;
– Закотнинг фарзлиги ва унинг Исломдаги ўрни;
– Закотнинг кимларга фарз бўлиши;
– Закот фарз бўладиган моллар ва уларнинг миқдори;
– Закот фарз бўладиган молларнинг умумий шартлари;
– Ҳайвонот бойликлари закоти;
– Тилла ва кумушнинг (пул бирликлари) закоти;
– Тилла ва кумуш тақинчоқлар, идишлар ва санъат асарлари закоти;
– Тижорий бойликлар закоти;
– Зироат бойликлари закоти;
– Асал ва ҳайвонот бойликлари закоти;
– Денгиз ва кон бойликлари закоти;
– Иморатлар, заводлар ва шунга ўхшашлар закоти;
– Касб ва ҳунар закоти;
– Улуш ва чеклар закоти;
– Закот оладиган тарафлар:
– Ҳаққдор синфлар ҳақида мулоҳазалар;
– Закот олмайдиган синфлар;
– Закотни адо этиш йўли;
– Закотда ниятнинг ўрни;
– Закотда қийматни бериш;
– Закотни бошқа юртга нақл қилиш;
– Закотни эрта ёки кеч бериш;
– Закотни адо этиш бўйича турли масалалар;
– Закотнинг якка шахс ва жамиятга таъсири;
– Фитр закоти;
– Молда закотдан бошқа ҳам ҳақнинг борлиги;
– Закот ва солиқ.
«Фиқҳуз-закоти» барчага машҳур ва маъқул бўлган китоб ҳисобланади. Унинг биринчи нашри ҳижрий 1389 – милодий 1969 санада чиққан бўлса, ҳижрий 1406 – милодий 1986 санада олтинчи нашри «Муассасатур-рисола» томонидан амалга оширилган.
3. «Ат-ташрийъул жиноийю фил Ислам».
Бу китобнинг муаллифи Абдулқодир Авда. У бу китобда Ислом шариатининг жиноят бўйича ҳукмларини замонавий қонунлар билан солиштирган. Ҳар бир мавзу бўйича батаф-сил сўз юритган. Шариат ҳукмлари ҳақида сўз юритганида Моликий, Ҳанафий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларига мурожаат қилган. Ўзининг таъкидлашича, китобни фиқҳий тилда эмас, қонунчилар тилида ёзган. «Ат-ташрийъул жино-ийю фил Ислам» китоби фақиҳлар ва қонунчиларнинг таҳсинига сазовор бўлган. Унинг еттинчи нашри ҳижрий 1406 – милодий 1986 йилда «Муассасатур-рисола» тарафи-дан Байрутда амалга оширилган.
4. «Осорул ҳарби фил фиқҳил Исламий».
Суриянинг пойтахти Дамашқдаги дорулфунуннинг шариат куллиясида Ислом фиқҳи ва Усулул фиқҳ бўйича устоз Ваҳба Зуҳайлийнинг бу китобининг номини «Ислом фиқҳида урушнинг таъсири» деб таржима қилиш мумкин. Муаллиф бу китобда ушбу мавзу юзасидан исломий мазҳаблар ва янги халқаро қонунлар орасида таққослаш ҳам олиб борган. Китобнинг биринчи нашри 1963 йили амалга оширилган ва кўпчилик томонидан жуда яхши қабул қилиб олинган. Турли шахс, муассаса ва халқаро ташкилотлардан муаллифга ташаккурномалар келган. Чунки, китобнинг мавзуси жуда муҳим бўлган ва бу мавзуда олдин батафсил баён қиладиган китоб бўлмаган.
Китобда муаллиф тинчлик, уруш, бетарафлик, урушнинг шахслар, мол-мулклар, иқтисодий ва сиёсий халқаро алоқаларга таъсири ҳақида сўз юритган. Шунингдек, ажна-бийлар ва Ислом диёрларидаги ғайримусулмонлар ҳукми ҳамда урушни тугатиш йўлларини баён қилган.
Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий «Осорул ҳарби фил фиқҳил Исламий» китобида дунё бўйича яқинда амал қилиш бошланган тинч-тотув яшаш, дийний эркинлик, ижтимоий тенглик, урушдаги ахлоқ, асирларга нисбатан адолатли бўлиш, шартномалар аҳамияти ва уларга амал қилишдаги вафодорлик каби ишларда Ислом шариати бошқалардан анча ўзиб кетганини исбот қилган. Шу билан бирга, муал-лиф ғаразгўй шарқшунос ва ёзувчиларнинг бу борадаги туҳматларига раддиялар берган.
Умуман олганда «Осорул ҳарби фил фиқҳил Исламий» китоби уруш муаммоси бўйича Ислом фиқҳи маълумотлари-ни янгилаш ва фиқҳий ижтиҳодларни Қуръони Карим, Сун-нат ва саҳобалар амали асосида нозик таҳлил қилишдан иборатдир.
«Осорул ҳарби фил фиқҳил Исламий» китобининг бош мавзулари қуйидагилардан иборат:
– Урушнинг таърифи ва унинг шаръий ва қонуний келиб чиқиши;
– Уруш чиқишига таъсир қилувчи омиллар;
– Дунёнинг икки ёки учга бўлиниши;
– Урушнинг мусулмонлар ва бошқалар ўртасидаги тинч-лик алоқаларига тасири;
– Урушнинг халқаро сиёсий алоқаларга таъсири;
– Асирлар, ярадорлар, беморлар ва ўлганларга муноса-бат;
– Урушнинг шахслар ва мол-мулкларга таъсири;
– Урушнинг тугашидан чиқадиган таъсирлар;
– Урушнинг Ислом билан тугаши ва унинг таъсирлари;
– Урушнинг сулҳ билан тугаши ва унинг Исломдаги ҳук-ми;
– Урушнинг фатҳ билан тугаши ва унинг таъсирлари;
– Урушнинг жангни тарк қилиш ила тугаши;
– Маҳкамага мурожаат ва урушнинг у билан тугаши;
– Урушнинг Исломдаги қонуни.
«Осорул ҳарби фил фиқҳил Исламий» китобининг тўртинчи нашри «Фикр» нашриёти томонидан 1992 йили Дамашқда амалга оширилган.
Фиқҳ китоблари ёзилиш шаклига кўра ҳам бир неча тур-га тақсимланади. Баъзиларида алоҳида бир мазҳабнинг, тўғрироғи, муаллифнинг фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар истинбот қилган ҳукмлари ҳеч қандай далилсиз, тўғридан тўғри ёзиб кетилаверган.
Бошқа бир турдаги китобларда бир неча фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар истинбот қилган ҳукмлари ҳеч қандай далилсиз, тўғридан-тўғри ёзиб кетилаверган.
Учинчи турдаги китобларда муаллифнинг фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар истинбот қилган ҳукмлари билан бирга уларнинг ҳужжат ва далиллари ҳам ёзилган.
Тўртинчи турдаги китобларда бир неча мазҳабнинг қа-рашлари билан бирга уларнинг ҳужжат ва далиллари ҳам ёзилган. Келаси сатрларда ҳар бир турга алоҳида тўхтаб ўтамиз.