Асаба биғойриҳи тўртта меросхўр билан чегараланади. Уларнинг барчаси аёллардир:
1. Сулбий қиз; Сулбий қиз ака ёки укаси билан бирга бўлганда асаба бўлади. (У ўғилдир).
2. Ўғилнинг қизи; Ўғилнинг қизи ака ёки укаси билан ва ёки амакисининг ўғли билан бўлганда асаба бўлади. (У ўғилнинг ўғлидир). Унинг сулбий қиз билан даражаси бир ёки пастроқ бўлишининг фарқи йўқдир. Агар қиз ўшандан бошқа мерос олмаса:
3. Туғишган опа ёки сингил; Туғишган опа ёки сингил ака ёки укаси билан бирга бўлганда асаба бўлади. (У туғишган ака ёки укадир):
4. Ота бир опа ёки сингил; Ота бир опа ёки сингил ака ёки укаси билан бирга бўлганда асаба бўлади. (У ота бир ака ёки укадир).
Ушбу тўртта аёл ўзининг ака ёки укаси билан бирга бўлганда асаба бўлади ва улар ўртасидаги тарика ўғилга икки қиз насибаси, қоидаси асосида тақсимланади.
Хулоса қилиб айтганда, асаба биғойриҳилар қуйидагилардир:
Қизлар ўғиллар билан бирга, ўғилнинг қизлари ўғилнинг ўғиллари билан бирга, туғишган опа-сингиллар туғишган ака-укалар билан бирга ва ота бир опа-сингиллар ота бир ака-укалар билан бирга асаба бўладилар.
Асаба биғойриҳининг шартлари:
Асаба биғойриҳилар маълум шартлар бўлмаса рўёбга чиқмайди:
Биринчидан:
Аёл фарз соҳиби бўлишлиги шарт. Агар фарз соҳиби бўлмаса, у асаба биғойриҳига айлана олмайди. Масалан: Туғишган ака ёки уканинг қизи туғишган ака ёки ука билан бирга асаба бўла олмайди. Чунки бу қиз фарз соҳиби эмас. Шунингдек туғишган амма ҳам туғишган амаки билан бирга асаба бўла олмайди. Ва ҳоказо...
Иккинчидан:
Асаба қилувчи асаба бўлувчи қизнинг даражасида бўлмоқлиги лозим. Ўғил ўғилнинг қизини асаба қила олмайди. Чунки унинг даражаси юқори бўлганлиги учун қизни ҳажб қилиб қўяди. Шунингдек туғишган ака ёки уканинг ўғли ҳам туғишган опа ёки сингилни асаба қила олмайди. Чунки даражалари баробар эмас. Бу ҳолатда туғишган опа ёки сингил ўзининг фарз улуши бўлган яримни олали.
Учинчидан:
Асаба қилувчи фарз эгаси бўлган аёлнинг қувватида бўлиши лозим. Ота бир ака ёки ука туғишган опа ёки сингилни асаба қила олмайди. Чунки туғишган опа ёки сингилнинг қариндошлик қуввати ота бир ака ёки уканинг қариндошлик қувватидан кучлироқдир.
Қоида:
Қайси бир аёлнинг ёлғиз қолган пайтда насибаси ярим бўлса, бир нечта бўлганларида насибалари учдан икки бўлса, шу аёл ўзининг ака ёки укаси билан бирга асаба бўла олади.
Ушбу қоида биз юқорида санаб ўтган тўртта аёллар синфига хосдир. Улар қиз, ўғилнинг қизи, туғишган опа ёки сингил ва ота бир опа ёки сингил. Валлоҳу Аълам.
Асаба биғойриҳининг мерос олишлигига далиллар:
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
لِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ
“...Бир ўғилга икки қиз насибасича...”.
Яна бошқа ўринда шундай марҳамат қилади:
وَإِنْ كَانُوا إِخْوَةً رِجَالًا وَنِسَاءً فَلِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ ۗ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ أَنْ تَضِلُّوا ۗ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
“...Агар (меросхўрлар) эркак-аёл биродарлар бўлсалар, бир эркак икки аёл ҳиссаси асосида оладилар...”.
Уламолар ояти каримадаги “биродарлар”дан мурод ота-она бир туғишган ёки ота бир ака-ука ва опа-сингиллар эканлигига иттифоқ қилишган. Бу калимага она бир ака-ука ва опа-сингиллар кирмайди. Чунки уларнинг мероси асабалик билан эмас, балки фарз соҳиби юзасидан бўлади. Аллоҳ таолонинг: “...Агар улар бундан кўп бўлсалар, учдан бирига шерикдирлар...”, деган сўзига кўра эркак ва аёл баробардирлар.
Асаба биғойриҳи деб номланишининг сабаби:
Асабаларнинг ушбу тури асаба билғойр деб номланади. Чунки ушбу тўрт тоифадаги аёллар маййитга қариндош бўлганликлари сабабли асаба бўлмай, балки уларни асаба қилувчи бошқа шахс борлиги учун асаба бўлмоқдалар. Ана ўша асаба қилувчи шахс топилса, бу аёллар асаба бўладилар, агар улар топилмаса бу аёллар фарз йўли билан мерос оладилар.
Асаба маъал ғойр (бошқа билан бирга асаба бўлиш):
Асаба маъал ғойр туғишган ёки ота бир опа-сингилларга хос бўлиб, улар қизлар билан бирга келиши ва улар орасида ўғил ака ёки ука бўлмаслиги шартдир. Туғишган ёки ота бир опа-сингил, қиз билан ёки ўғилнинг қизи билан даражаси қанча пастласа ҳам асаба бўлади. Ушбу ҳолат асаба маъал ғойр дейилади. Асабаларнинг ушбу тури опа-сингиллар қизлар билан бирга бўлишига хосдир. Мерос уламоларининг ушбу сўзлари бунга далолат қилади:
“Опа-сингилларни қизлар билан бирга асаба қилинглар”.
Ушбу калима мерос уламоларининг сўзи бўлиб, у ҳадис эмасдир. Аллома Божурий Шаншурийга ёзган хошиясида буни очиқлаб айтган. “Назму Роҳбия”да қуйидагиларни айтади:
Опа-сингиллар қизлар билан бирга келсалар,
Бас улар, улар билан асабалардир.
Албатта опа-сингиллар қизлар билан бўлганда асаба бўлиб, қизларнинг насибасига эмас, балки опа-сингиллар насибасига нуқсон етади. Агар биз қизларга ўзларининг фарз насибасини берсак, масала авл бўлиб, қизларнинг насибасига нуқсон етади. Опа-сингилларни соқит қилиб юбориш мумкин эмас. Улар асаба бўлиб, хоссатан ўзларининг насибасига нуқсон етади. (Ҳошиятул-Божурий 108-саҳифа).
Асаба маъал ғойрнинг мерос олишига далиллар:
Асаба маъал ғойр мерос олишига имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилган ҳадис далил бўлади:
“Абу Мусо ал-Ашъарийдан қиз, ўғилнинг қизи ва сингилнинг мероси тўғрисида сўралди. У киши: “Қизга ярим, сингилга ярим”, деди. Сўнгра сўровчига:
“Ибн Масъуднинг олдига бор. У бу масалада менга мувофиқ келади”, деди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан сўралганда, у киши:
“Албатта, мен бу масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукм қилганларидек ҳукм қиламан. Қизга ярим, ўғилнинг қизига учдан иккини тўлдириш учун олтидан бир, қолгани эса сингилгадир”, деди... Биз Абу Мусонинг олдига бориб, воқеанинг хабарини берганимизда, у:
“Модомики орангизда ушбу олим бор экан, мендан масала сўраманглар”, деди”.
Дарҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туғишган сингилни қизлар билан бирга қилиб, қолган меросни бердилар. Шу билан улар асаба маъал ғойрга айланишди.
Муҳим эслатма:
Агар туғишган опа-сингиллар асаба маъал ғойр бўлишса, улар худди туғишган ака-укага ўхшаб қолишиб, ота бир ака-ука ёки опа-сингилларни (эркак ёки аёл бўлсин) ҳажб қилишади. Шу билан бирга улардан кейин келадиган ака-уканинг ўғли, туғишган амакилар ёки ота бир амакилар каби асабаларни ҳам ҳажб қилишади.
Яна шунингдек ота бир опа ёки сингил қизлар билан асабага айланса, уларнинг қуввати ота бир ака ёки укага тенг бўлиб, ака-уканинг ўғли ва улардан кейингиларни ҳажб қила олади. Ушбу фикрни ойдинлатиш учун баъзи мисолларни келтирамиз:
Биринчи мисол. Маййитнинг ортидан бир қиз, туғишган сингил ва ота бир ака колди.
Тарика 2
Қизга 1
Туғишган сингил асаба маъал ғойр 1
Ота бир ака ҳажб бўлади 0
Қизга фарз эгаси бўлгани учун ярим, қолган мол туғишган сингилга. Чунки у қиз билан бирга асаба маъал ғойр бўлди. Унинг қариндошлик қуввати туғишган ака қувватига тенг бўлди ва ота бир акани меросдан тўсди.
Иккинчи мисол. Маййитнинг ортидан эр, Ўғилнинг қизи, икки туғишган опа-сингил ва ота бир ака колди.
Тарика 4
Эр 1
Ўғилнинг қизи 2
Икки туғишган опа-сингил. Асаба маъал ғойр 1
Ота бир ака ҳажб бўлади 0
Эр меросхўр фаръи борлиги учун тўртдан бир олади. Ўғилнинг қизига фарз соҳиби сифатида ярим тегади. Қолган тўртдан бир туғишган икки опа-сингилга берилади. Чунки улар асаба маъал ғойр бўлиб, қариндошлик қуввати туғишган ака қувватига тенг бўлади. Ота бир акани туғишган икки опа-сингил ҳажб қилади.
Учинчи мисол.
Тарика 3
Иккита қиз 2
Ота бир сингил асаба маъал ғойр 1
Туғишган аканинг ўғли ҳажб бўлади. 0
Икки қизга учдан икки берилади. Ота бир сингилга асаба бўлганлиги учун қолган мол тегади. У учдан бирдир. Унинг қариндошлик қуввати ота бир ака қувватига тенг келганлиги учун ўзидан кейинги асабаларни ҳажб қилади. Бу мисолда ҳажб бўлган асаба туғишган аканинг ўғлидир.
Тўртинчи мисол.
Тарика 6
Қиз 3
Ўғилнинг қизи 1
Она 1
Ота бир сингил асаба маъал ғойр 1
Туғишган амаки ҳажб бўлади 0
Бу мисолда қиз фарз соҳиби ўлароқ ярим олади. Ўғилнинг қизига учдан иккини комил қилиш учун олтидан бир берилади. Онага олтидан бир ва қолгани асаба маъал ғойр бўлган ота бир сингилга тегади. Бу ҳам олтидан бирдир. Ота бир сингилнинг қуввати ота бир ўғилнинг қувватига тенг келганлиги учун ўзидан кейинги туғишган амакини ҳажб қилмоқда. Худди шундай давом эттириш мумкин.
Мулоҳаза:
Она бир ака-ука опа-сингиллар қизлар билан мерос олмайдилар. Балки улар қизлар сабабидан ҳажб бўладилар. Она бир опа-сингиллар қизларга қўшилиб асаба бўлолмайдилар. Буни яхши билиб қўйиш керак.
Асаба билғойр билан асаба маъал ғойрнинг фарқи:
Юқорида кўриб ўтганимиздек асаба билғойрнинг барчаси фарз эгаси бўлган аёллар бўлиб, улар ака ёки укалари билан бирга асабага айланишади. Қиз ўғил билан, туғишган сингил туғишган ака билан ва ҳакозо. Буларнинг ҳукми бир эркакка икки аёл насибасича тартибида бўлади. Аммо асаба маъал ғойрлар опа-сингиллар қизлар билан бирга келганда бўлади. Улар фарз эгалари улушларини олиб бўлгач, қолган молни олишади. Шундан улар ўртасидаги фарқ билинади. Асаба билғойрларда доим асаба бинафсиҳи топилади. У ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган ака ёки ука ва ота бир ака ёки ука. Асаба маъал ғойрларда эса асаба бинафсиҳи бўлмайди. Асаба билғойрда асабалик эркакдан аёлга ўтиб, аёл асабаликда эркакка шерик бўлади. Аёлнинг фарз насибаси бекор бўлиб, эркакка икки аёл насибаси қоидасига амал қилиб улуш берилади... Аммо асаба маъал ғойрда асабалик эркакдан аёлга кўчиб ўтмайди. Сингил қизга ёки ўғилнинг қизига ўз насибасида шерик бўлмайди, балки қиз ўзининг фарз насибасини мерос қилиб олади, сингил эса қолган молни олади. Қисқача қилиб айтганимизда булар ўртасидаги фарқ шундан иборатдир. Валлоҳу Аълам.
Инсон икки тарафдан мерос оладими?
Баъзан бир шахсда мерос олишлик учун турли бўлсада, икки жиҳат топилиб қолади. Бир жиҳатдан фарз эгаси бўлса, иккинчи жиҳатдан асаба бўлади. Ёки бир жиҳатдан фарз эгаси бўлиб, иккинчи жиҳатдан раҳм билан олиши мумкин. Ушбу турдаги мероснинг мисоли қуйидагича:
Бир аёл ўлиб ортидан момоси, она бир акаси ва туғишган амакисининг ўғли бўлган эри қолган бўлса, момога олтидан бир, она бир акага ҳам олтидан бир, эрга эр-хотинлик сабабли фарз насибаси бўлган ярим берилиб, қолган молни шу эр асаба бўлиб ҳам олади. Чунки у туғишган амакининг ўғлидир.
Бир эр ўлиб ортидан холасининг икки қизи қолди. Бу қизларнинг бири унинг хотинидир. Хотин ўзининг фарз насибаси бўлган тўртдан бирни олади. Қолган молга холанинг иккинчи қизи билан раҳм қариндош бўлганлиги учун шерик бўлиб мерос олади. Қолган мол улар ўртасида муносафа (тенглик) асосида тақсим қилинади. Бу мисолда хотин икки жиҳат билан мерос олмоқда. Бири эр-хотинлик жиҳати бўлса, иккинчиси раҳм қариндошлик жиҳатидир.
Бир киши ўлиб ортидан туғишган синглиси, аммасининг қизи бўлган хотини қолди. Хотин ўзининг фарз насибаси бўлган тўртдан бирни олади. Туғишган сингил фарз насибаси бўлган яримни олиб, қолганини радд (қайтариш) билан олади. Хотин фарз эгаси бўлган туғишган сингил борлиги учун раҳм қариндошлик сабаби билан мерос олмайди. Валлоҳу Аълам.
Асабаларнинг қисмлари:
Асабалар икки қисмга бўлинади:
1. Насабий асабалар;
2. Сабабий асабалар.
Насабий асабалар насаб сабабидан асаба бўлганлардир. Аммо сабабий асаба деб, қулини озод қилганлиги сабабидан бўлган асабага айтилади. Озод бўлган қул вафот топганда, унинг ҳеч бир насаб қариндоши бўлмаса, ундан қолган меросни сабабий асаба ўлароқ уни озод қилган шахс олади. Бу унинг қилган яхшилигига мукофотдир.
Насабий асабанинг турлари:
Насабий асабалар меросда асосий асаба ҳисобланади. Улар уч турга бўлинади:
1. Ўзи асаба бўлиш, (Асаба биннафс);
2. Бошқанинг сабабидан асаба бўлиш (асаба бил ғойр);
3. Бошқа билан бирга асаба бўлиш (асаба маъал ғойр).
Агар асаба калимаси ҳеч қандай қайдларсиз мутлақ ишлатилса, бунда биринчи турдаги асаба тушунилади. Иккинчи ёки учинчи турдаги асабалар доим асаба бил ғойр ёки асаба маъал ғойр деб қайд билан келтирилади. Инша Аллоҳ бу турларнинг ҳар бирининг ҳукмини тафсилоти билан келтирамиз.
Асаба биннафс (ўзи асаба бўлиш):
Асаба биннафс унинг маййитгача бўлган насабида аёл киши бўлмаган ўғил болага айтилади. Унинг тўртта мартабада жиҳатлари бордир:
1. Бунувват (фарзандлик) жиҳати. Бунга маййитнинг фарзандлари, фарзандининг фарзандлари қанча пастласалар ҳам киради.
2. Убувват (оталик) жиҳати. Бунга маййитнинг отаси, саҳиҳ бобоси қанча юқориласа ҳам киради.
3. Ухувват (биродарлик) жиҳати. Бунга туғишган ака-укалар, сўнгра ота бир ака-укалар кейин туғишган ака-укаларнинг ўғли сўнгра ота бир ака-укаларнинг ўғли қанча пастласалар ҳам киришади. Ухувватлик (биродарлик) жиҳати туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва уларнинг ўғиллари билан чегараланади. Аммо она бир ака-укалар она билан боғланганликлари учун асаба бўлиша олмайди, балки улар фарз эгалари ҳисобланишади.
4. Умумат (амакилик) жиҳати. Бунга туғишган амаки, ота бир амаки, туғишган амакининг ўғли ва ота бир амакининг ўғли қанча пастласа ҳам киради. Ушбу жиҳатлар мартабаси мана шу тартибда бўлади. Бунувват жиҳати убувват жиҳатидан олдиндир, убувват жиҳати ухувват жиҳатидан муқаддамдир. Ва ҳакозо.
Асаба биннафснинг ҳукми.
Биз ўтган дарсларимиздан асаба биннафснинг тўртта жиҳати борлигини билдик. Мерос ушбу тўрт жиҳатнинг ўртасида юқоридаги тартиб билан бўлинади. Агар улардан биттаси қолган бўлса, мероснинг барчасини ўша олади. Ёки фарз эгалари билан қолган бўлса, фарз эгалари ўз улушларини олгандан сўнг, ортиб қолган мероснинг барчасини олади. Агар мерос фарз эгаларига тақсимлаш билан тугаб қолса, асабага ҳеч нарса тегмайди. Мисол учун бир аёл ўлиб ортидан эр, туғишган сингил, ота бир ака қолган бўлса, эрга ярим тегиб, туғишган сингилга ҳам ярим тегади. Натижада ота бир акага ҳеч нарса қолмайди. Чунки фарз эгалари (эр ва туғишган сингил) тариканинг барчасини олиб қўйишди.
Агар асаба биннафслар бир неча бўлишса, улар ўртасидаги устунлик қуйидаги тартибда бўлади:
Биринчидан: Жиҳатдаги устунлик.
Агар асаба биннафслар бир нечта бўлишса, жиҳат устунлиги муқаддам туради. Жиҳатларда ҳам бунувват (ўғиллик) жиҳати бошқа жиҳатлардан олдинда туради. Маййитнинг болалари молнинг ҳаммасини ёки фарз эгалари ўз насибаларини олиб бўлишгач, қолган молнинг ҳаммасини олишади. Агар фарзандлар бўлмаса, уларнинг фарзандлари қанча пастласалар ҳам, барчалари фарзанд йўқлигида фарзанд мақомида бўлишади. Агар бир киши ўлиб ортидан ўғил, ота ва туғишган ака қолган бўлса, бу ўринда асаба ўғил бўлади. Чунки бунувват (ўғиллик) жиҳати бошқа жиҳатлардан кўра олдинда туради. Ота фарз соҳиби бўлади. Туғишган акага ҳеч нарса тегмайди. Чунки унинг жиҳати орқададир. Ва ҳакозо... Буни жиҳат юзасидан муқаддам бўлиш ёки жиҳатдаги устунлик дейилади. Аммо жиҳатдаги устунлик туғишган ака-укалар ёки ота бир ака-укалар бобо билан бирга бўлган пайтда ўтмай қолади. Уларнинг жиҳатлари кейин келсада, лекин бобо бирга қолганликлари учун кучли фикрга кўра мерос олишади. Бу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг мазҳабларидир. Бугунги кун шаръий маҳкамаларда ҳам ушбу фикрга амал қилинади. Инша Аллоҳ бобонинг ака-укалар билан мерос олиши баҳсида бу хусусда сўз юритамиз.
Иккинчидан: Даражадаги устунлик.
Асаба биннафслар бир нечта бўлиб, уларнинг жиҳатлари ҳам баробар бўлиб қолса, улар ўртасида устунлик даража билан белгиланади. Қайси бирлари маййитга яқинроқ даражада бўлса, ўша меросга ҳақдорроқ бўлади. Масалан:
Агар бир киши ўлиб, ортидан ўғли ва ўғлининг ўғли қолган бўлса, мероснинг барчаси ўғилга тегиб, ўғилнинг ўғлига ҳеч нарса қолмайди. Чунки ўғилнинг даражаси набиранинг даражасидан кўра асабаликда маййитга яқинроқдир. Яна шунингдек бир киши ўлиб, ортидан ота бир ака ва туғишган аканинг ўғли қолган. Булар ўртасидаги жиҳат бир хил бўлсада (яъни ухувват (биродарлик) жиҳати), аммо қариндошлик даражалари ҳар хилдир. Ота бир аканинг даражаси туғишган ака ўғлининг даражасидан кўра маййитга яқинроқдир. Шундай кўринишда мероснинг барчаси ота бир акага тегади. Буни даражадаги муқаддамлик дейилади.
Учинчидан: Қариндошлик қувватидаги устунлик.
Агар асаба биннафслар жиҳатда ва даражада баробар бўлиб қолсалар, қариндошлик қувватидаги устунликка қаралади. Кимнинг қариндошлик қуввати кучли бўлса, ўша асаба бўлади. Мисол учун, бир киши ўлиб, ортидан туғишган акаси, ота бир акаси қолган бўлса, мероснинг ҳаммаси туғишган акага берилади. Ота бир акага эса ҳеч нарса тегмайди. Туғишган аканинг ўғли ва ота бир аканинг ўғли қолган бўлса, мероснинг ҳаммаси туғишган аканинг ўғлига тегади. Шунингдек туғишган амаки билан ота бир амаки қолган бўлса, туғишган амаки молнинг ҳаммасини олади. Ота бир амакига эса ҳеч нарса тегмайди. Ушбу муқаддамлик қариндошлик қувватида муқаддамлик дейилади... Шу ўринда баъзи нарсаларни мулоҳаза қилишимиз керак. Қариндошлик қувватидаги устунлик бунувват (фарзандлик) ва убувват (оталик) жиҳатида бўлмайди, балки бу ухувват (биродарлик) ва умумат (амакилик) жиҳатида бўлади. Биз зикр қилиб ўтган жиҳат, даража ва қариндошлик қувватидаги устунлик мерос илмининг олими Жаъбарий келтирган қоидага бино қилингандир.
Бас жиҳат олдиндир, сўнгра яқинлик,
Иккисидан кейин қувват муқаддам.