Бир мазҳабнинг далилли китоблари
Фиқҳий мазҳабларнинг китобларида ҳар бир масаланинг далилини келтириш ҳолатлари кўп учрайди. Бу ишни тўрт мазҳабнинг барчасида қилинган. Аммо, Ҳанафий мазҳабида далил келтириш оз бўлган деган даъво мавжуд. Бу даъво қанчалик тўғри эканига машҳур ҳанафий олим Мулло Али Қори ўзининг «Шарҳи Мухтасари Виқоя» китобида қуйидагиларни ёзади:
«Бизнинг аввалги асҳобларимиз ўз китобларида суннат-дан далилларни зикр қилиш, улар ҳақида баҳс қилиш, саҳиҳ, ҳасан ва заифини ажратишда бардавом бўлдилар. Бундоқ олимларга Тоҳовий, Абу Бакр Розий, Қудурий ва бошқалар мисол бўла оладилар.
Асҳобларимиздан кейинги даврда келганлари бу ишда камчиликка йўл қўйдилар. Улар аввалги ўтганларнинг иш-ларига суяниб (ҳужжат ва далилларни зикр қилмай) қолдилар. Оқибатда уларга суннат ва шариатни четлаш нисбати берилди. Бирор кишига асҳобларимизни мазкур ёмон хислат ила айблаш ҳалол эмас».
Энди бир мазҳабнинг қарашлари далил билан келтирил-ган китоблар ҳақида сўз юритайлик.
1. «Шарҳи Мухтасари Виқоя».
Мулло Али Қори раҳматуллоҳи алайҳининг ўзи Ҳанафий мазҳабига бўлган юқоридаги туҳматни рад қилиш учун «Шарҳи Мухтасари Виқоя»да ҳар бир фиқҳий ҳукмнинг да-лилини келтирган ва бошқа мазҳабларнинг далиллари би-лан таққослашган.
«Шарҳи Мухтасари Виқоя» китоби Ҳанафий мазҳабида ҳар бир масаланинг далил ва ҳужжати борлигини исбот қилувчи энг кучли китоблардан бири ҳисобланади. Бу асар ҳа-нафий уламолар ичида кенг тарқалган ва мўътабар китоб-дир. Бу китобнинг камчилиги, асосан, муаллифнинг бошқа мазҳабларни танқид қилишга берилиб кетганлигида, холос.
2. «Муғнил муҳтож ила маърифати маъоний алфозил минҳож».
Бу китоб Шамсуддийн Муҳаммад ибн Аҳмад Шарбиний-нинг қаламига мансуб бўлиб бир мазҳабнинг қарашлари да-лил билан келтирилган китоблардандир. Унда Шофеъий мазҳаби далиллари ўз аксини топган.
Шамсуддийн Муҳаммад ибн Аҳмад Шарбиний ўзининг бу китобида имом Нававийнинг «Минҳожут-толибийн» ном-ли китобини шарҳ қилган. Бу ўртача шарҳ бўлиб, такрор ва гапни чўзишлардан холийдир. Ҳар бир ҳукмнинг далили ва ҳикматини баён қилишга ҳаракат қилинган. Бошқа мазҳаблар ила таққослаш йўқ.
3. «Кашшофул қиноъ ан матнил иқноъ».
Бу китобнинг муаллифи Мансур ибн Юнус ибн Идрис Баҳутий бўлиб, у машҳур ҳанбалий уламолардан ҳисобла-нади. Мансур ибн Юнус ибн Идрис Баҳутий ўзининг бу ажойиб китобида асл китобни яхшилаб шарҳ қилиш билан бирга далилларни ҳам келтирган, ҳадислар ва фиқҳий қои-даларни ҳам шарҳ қилган.
«Кашшофул қиноъ ан матнил иқноъ» китоби ҳанба-лийларнинг қозилик ва фатводаги мўътамад китоби ҳисоб-ланади. Уни «ҳанбалийларнинг фуруъул фиқҳдаги энг афзал китоби» дейишади. Унда бошқа мазҳаблар ҳақида сўз очилмаган.
Бир мазҳабнинг далилсиз китоблари
Бундай китобларга, асосан, ҳар бир мазҳабдаги мух-тасар китоблар киради. Бу турдаги Ҳанафий мазҳабига оид китоблардан қуйидагиларни мисол келтиришимиз мумкин.
1. «Мухтасари Виқоя».
Бу китобнинг асл номи «Ниқоя» бўлиб, уни ҳижрий 745-санада вафот этган машҳур фақиҳ Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафий ўзининг бобоси Маҳмуд ибн Содруш шарийъанинг «Виқоятур-ривоя фий масоилил Ҳидоя» номли китобини мухтасар қилиш–қисқартириш ила юзага келтирган.
Демак, «Мухтасари Виқоя» китоби Бурҳониддийн Марғилонийнинг «Ҳидоя»сига боғлиқ китобдир.
«Мухтасари Виқоя» айниқса бизнинг диёримизда қа-димдан машҳурдир.
2. «Мухтасари Қудурий».
Бу китоб имом Абулҳусайн Аҳмад ибн Маҳмуд Қудурий-нинг қаламига мансубдир. Ҳанафий мазҳабида «китоб» дей-илганда «Мухтасари Қудурий» англанади.
«Мухтасари Қудурий» Ҳанафий мазҳабидаги энг машҳур китоблардан биридир. Уни муболаға даражасида мақталган, Ҳожи Халийфанинг таъкидлашича, ҳанафийлар бу китобни вабо тарқалганда радди бало учун ўқишган ва ким уни ёд олса, фақийрликка учрамайди, деган гапларни айтишган.
Баъзи шарҳчиларнинг таъкидлашларича, «Мухтасари Қудурий»да ўн икки минг масала баён қилинган. «Мухтасари Қудурий»нинг шарҳлари жуда ҳам кўп.
3. «Мухтор».
Аслида, бу китобнинг номи «Мухтор лил фатво» бўлиб унинг муаллифи Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд Мусилий Ҳанафийдир.
«Мухтор»ни Мусилий Ҳанафий баъзи улуғ кишиларнинг илтимосига биноан талаби илмни энди бошлаётган ўқувчи-лар учун ёзган. Унда асосан Имоми Аъзамнинг қавллари ва фатволарини ихтиёр қилган. Шунинг учун ҳам бу мухтасар китобини «Мухтор» деб номлаган.
Аммо Мусилий Ҳанафийнинг «Мухтор»ини кўпчилик, жумладан, катта фуқаҳолар ҳам ўқишган ва ёд олишган. Ки-тоб ҳамма тарафга тарқалиб, шуҳрати етти иқлимга ёйил-ган. Кейин Мусилий Ҳанафийнинг қариндошларидан бири китобга бошқа фақиҳлар қайси ҳукмни олганларига ишора қўйиб чиқишни илтимос қилган. Бу иш ҳам амалга оширил-ганидан кейин китобнинг қиймати яна ҳам ортган.
Кейинчалик Мусилий Ҳанафий ўз китобини далил ва ҳужжатларни келтириб шарҳ қилган ва унга «Ал-ихтиёр» деб ном берган. Бу икки китоб кенг тарқалган ва ҳозир ҳам қайта-қайта нашр қилинмоқда.
«Мухтор»ни бошқа уламолар ҳам шарҳ қилганлар.
4. «Мултақал абҳур».
Бу китобнинг муаллифи Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳалабий Ҳанафийдир (ҳижрий 956-санада ва-фот қилган).
У киши ўз китобини баъзи одамларнинг таклифига би-ноан «Мухтасари Қудурий», «Мухтор», «Ал-канз» ва «Мух-тасари Виқоя» китобларидан фойдаланиб осон тил ва услуб ила, далилларни зикр қилмай ёзган.
«Мултақал Абҳур» кўпчилик томонидан маъқул кўрилган ва унга бир қанча шарҳлар ёзилган. Китобнинг шарҳлари ичида «Мажмаъул Анҳур» бошқаларидан кўра машҳурдир.
Ҳанафий мазҳабидан бошқа уч мазҳабга оид бу турдаги китоблардан биттадан мисол келтирамиз.
5. «Мухтасари Халил».
Бу китоб Моликий мазҳабига мансуб бўлиб, унинг муал-лифи Халил ибн Исҳоқ ал-Жундий Моликийдир (ҳижрий 767-санада вафот этган).
«Мухтасари Халил» Моликий мазҳабидаги далилсиз би-тилган китобларнинг энг машҳури ҳисобланади. Моликийлар орасида «Мухтасари Халил» худди бизда «Мухтасари Виқоя» қандай бўлса, шундайдир. «Мухтасари Халил»нинг шарҳлари ҳам кўп.
6. «Мухтасари Табризий».
Бу китоб Шофеъий мазҳабига мансуб бўлиб, унинг му-аллифи Музаффар ибн Аҳмад Табризийдир (ҳижрий 621-санада вафот этган).
«Мухтасари Табризий» Шофеъий мазҳабидаги далилсиз битилган китобларнинг энг машҳурларидан бири ҳисобла-нади. Уни муаллиф «Ал-Важийз» китобидан қисқартиб туз-ган. «Мухтасари Табризий»нинг ҳам турли шарҳлари кўп.
7. «Муқниъ».
Бу китоб Ҳанбалий мазҳабига мансуб бўлиб унинг муал-лифи Ибн Муфлиҳ Мақдисий Ҳанбалийдир (ҳижрий 884-санада вафот этган).
«Муқниъ» Ҳанбалий мазҳабидаги далилсиз битилган ки-тобларнинг энг машҳурларидан бири ҳисобланади. Уни му-аллиф унча қисқа ҳам қилмай, жуда чўзиб ҳам юбормай, ўртача қилиб ёзган. Муқаддимада ушбу китобнинг илми кўп, ҳажми оз бўлиши учун далилларни зикр қилмаганини айт-ган. Бу китобга кўплаб шарҳлар ёзилган.
Бир неча мазҳабнинг далилли китоблари
Бир неча фиқҳий мазҳабнинг қарашларини ўзида жам-лаган китобларни уламолар «фиқҳул муқорин» дейишади. Бу истилоҳни сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «яқинлаштириш фиқҳи» деган атама пайдо бўлади. Баъзи фуқаҳолар худди шу маънода китоблар таснийф қилганлар ва ўз китобларида ҳар мазҳабнинг далилини ҳам келтирган-лар.
1. «Муғний».
Бу китобнинг муаллифи Муваффақуддийн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Қудомадир. У киши Ҳанбалий мазҳабида бўлган.
«Муғний» ўзига хос фиқҳий энсиклопедиядир. Аслида, «Муғний» «Мухтасари ал-Харақий»нинг шарҳидир. Шунинг учун ҳам «Муғний» фиқҳий боблар асосида бўлган.
Муваффақуддийн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Қудома ўз китобида ҳар бир масалани батафсил шарҳ қилади ва да-лилларни келтиради. Сўнгра фуқаҳоларнинг мазҳабларини баён қилади. Уларнинг иттифоқ қилган ерларини айтади ва ҳеч бир тарафкашсиз ҳолда далилларни муноқаша қилади, фуқаҳоларни эҳтиром қилган ҳолда кучли далилни кўрсатиб ўтади.
2. «Мажмуъ шарҳул Муҳаззаб».
Бу китобнинг муаллифи Шофеъий мазҳабидаги машҳур олим Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававийдир (ҳижрий 676-санада вафот этган).
Имом Нававий бу китобда Абу Исҳоқ Шерозийнинг «Муҳаззаб» номли асарини шарҳ қилган. У ўз шарҳида луға-вий ва лафзий маъноларни шарҳ қилиш билан баробар фиқҳий истилоҳларни, таърифлайди. Айни пайтда саҳиҳ, ҳасан, марфуъ ва заиф ҳадисларни ҳамда ровийларни зикр қилади. Кейин осон иборалар ила ҳукмларни баён қилади.
Шунингдек, фиқҳий қоидаларни ҳам эслатади. Кўри-лаётган масалада шофеъий уламоларнинг фикрларини кел-тиради. Бошқа мазҳабларнинг қарашларини ҳам баён қи-лади.
Бир неча мазҳабнинг далилсиз китоблари
Тўрт фиқҳий мазҳабнинг истинбот қилган ҳукмларини далилсиз келтирган китобга Абдурроҳман Жазийрийнинг «Китобул фиқҳи алал мазаҳибил арбаъа» асари мисол бўла олади. Бу китобнинг муаллифи замондош уламолардандир. У ўз китобида тўрт мўътабар мазҳабни жамлашга ҳаракат қилган. Биринчи жузни нашр қилгандан кейин кўпчиликнинг фикр-мулоҳазалари ва танқидларини эътиборга олиб, услу-бини бир мунча ўзгартирган.
Абдурроҳман Жазийрийнинг ўзининг ёзишича, у «Кито-бул фиқҳи алал мазаҳибил арбаъа»да уламолар ва масжид имомлари учун фиқҳ мавзуларини осонлаштиришни мақсад қилган.
«Китобул фиқҳи алал мазаҳибил арбаъа»да тўрт мазҳаб иттифоқ қилган матн саҳифанинг юқори қисмида ёзилиб, чизиқ остида ҳар бир мазҳабнинг ўзига хос ижтиҳодлари бе-рилган. Ҳар бир масалага алоҳида сарлавҳа қўйилган.
Абдурроҳман ал-Жазийрий «Китобул фиқҳи алал ма-заҳибил арбаъа»да масалаларнинг шариатга киритилиши ҳикматини ҳам баён қилиб борган.