Бўйинга масҳ тортиш


Бўйинга масҳ тортиш борасида Ислом оламида уч хил фиқҳий қараш шаклланиб улгурган:

1)    Бўйинга масҳ тортиш бидъат. Ушбу фикрга жумҳур шофиъийлар, моликийлар ва бошқалар келган. Бундай фикрнинг юзага чиқишига сабаб бўйинга масҳ тортиш борасида саҳиҳ ҳадиси шарифларнинг йўқлигидир. Шундай бўлса-да, бир амални саҳиҳ ҳадис йуқлиги туфайли бидъатга чиқаришлик унчалик тўғри эмас. Чунки, бу борада гарчи заиф бўлса ҳам ҳадис собит бўлган. Заиф бўлса-да далили бўлган ишни бидъатга чиқариш ярамайди. Бироқ, ҳалқумга масҳ тортишнинг бидъатлигига жумлаи жаҳон уламолари иттифоқ қилганлар.
2)    Бўйинга масҳ тортиш суннат. Бу қарашга ҳанафийлардан, асосан, Абу Жаъфар ал-Ҳиндувоний қарор қилган. Унга Абу Бакр ал-Аъмаш ва айрим машойихлар эргашганлар. Бу фикр ҳам унчалик тўғри эмас. Чунки, суннат бўлиши учун Расулуллоҳ (с.а.в.) бир неча марта ва аксар вақтларда қилган иш бўлиши керак. Бу борада эса ҳеч қандай саҳиҳ маълумот йўқ.
3)   Бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб. Бу фиқҳий қарашга ҳанафийларнинг кўпчилик мутааххирин уламолари келишган. Мустаҳаб шариат соҳибидан уни қилган ёки айтганлиги ҳақида бир марта бўлса-да хабар содир бўлган иш бўлиб, айнан бўйинга масҳ тортиш борасида эса бир қанча ҳадислар мавжуд. Мустаҳаб – қилганга савоб, адо қилмаганга гуноҳ ва маломат бўлмайдиган амал экани маълум. Бўйинга масҳ тортиш борасидаги мана шу фиқҳий қараш васатийлик қоидаларига ҳам мувофиқ келади.
Бўйинга масҳ тортиш борасида айтилган юқоридаги фиқҳий қарашларга бирма-бир тўхталиш учун далиллар таҳлилига ўтиш мақсадга мувофиқдир. Далилларни эса шартли равишда икки қисмга ажратиш мумкин. Биринчи қисмга бўйинга масҳ тортиш кераклигига далолат қиладиган ҳадиси шарифларни киритишимиз мумкин. Уларнинг барчасининг иснодлари заиф ва айрим ровийлари борасида гап-сўз қилинган. Лекин, буларда бўйинга масҳ тортиш ҳақида сароҳатан ва иборатан сўз юритилган. Иккинчи қисмга бўйинга масҳ тортиш борасида ишора қилинган саҳиҳ иснодли ҳадиси шарифларни киритиш мумкин. Уларда бўйинга масҳ тортиш ҳақида сароҳатан ва иборатан фикрлар учрамайди.
Таъкидлаш ўринлики, ҳадис ибораси орқали бўйинга масҳ тортиш борасида сўз юритилган ҳадисларнинг барчаси заиф бўлиб, ҳанафийликка кўра раъй ва қиёсдан кўра мазкур заиф ривоятларни устун қўйиш ва ундаги фикрларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Мазкур ривоятлар қуйидагилардан иборат:     
1) Абу Нуаймнинг "Тарихи Исбаҳон" асарида Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шариф бор:
من توضأ و مسح عنقه وقى الغلّ يوم القيامة
"Кимки таҳорат қилиб, бўйнига масҳ тортса, қиёмат куни занжирдан озод қилинади" (Абу Нуайм, "Тарихи Исбаҳон", 1/242).
Манбаларда мазкур ҳадиси шарифни ҳатто саҳиҳ бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам қайдлар учрайди. Жумладан, Жалолиддин ас-Суютийнинг "ат-Талхис ал-ҳабийр"ида бундай дейилган:

وَأَنَا قَرَأْتُ جُزْءًا رَوَاهُ أَبُو الْحُسَيْنِ بْنُ فَارِسٍ بِإِسْنَادِهِ ، عَنْ فُلَيْحِ بْنِ سُلَيْمَانَ ، عَنْ نَافِعٍ ، عَنْ ابْنِ عُمَرَ ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : { مَنْ تَوَضَّأَ وَمَسَحَ بِيَدَيْهِ عَلَى عُنُقِهِ ، وُقِيَ الْغُلَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ } ، وَقَالَ : هَذَا إنْ شَاءَ اللَّهُ حَدِيثٌ صَحِيحٌ ، قُلْتُ : بَيْنَ ابْنِ فَارِسٍ ، وَفُلَيْحٍ مَفَازَةٌ ، فَيُنْظَرُ فِيهَا

"Мен Абулҳусайн ибн Фориснинг ўз исноди ила ривоят қилган бир жузини ўқигандим. Унда Фулайҳ ибн Сулаймондан, у Нофеъдан, у эса Ибн Умар (р.а.)дан ривоят келтирилган. Пайғамбар (с.а.в.) "Кимки таҳорат қилса ва икки қўли билан бўйнига масҳ тортса, қиёмат кунида занжирдан халос бўлади" деганлари келтирилиб, сўнг "Бу инша Аллоҳ саҳиҳ ҳадисдир!" деган. Мен айтаманки, унга эътибор берсанг, Ибн Форис билан Фулайҳ орасида очиқлик (узоқ муддат) бор!" (ас-Суютий, "ат-Талхис ал-ҳабийр", 1/98).
2) Имом Абу Довуд ва Аҳмад каби муҳаддислар Талҳа ибн Мусаррифдан у эса отасидан, у эса бобосидан ривоят қилган ҳадиси шарифни зикр қилганлар:

رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَمْسَحُ رَأْسَهُ مَرَّةً وَاحِدَةً حَتَّى بَلَغَ الْقَذَالَ - وَهُوَ أَوَّلُ الْقَفَا - وَقَالَ مُسَدَّدٌ وَمَسَحَ رَأْسَهُ مِنْ مُقَدَّمِهِ إِلَى مُؤَخَّرِهِ حَتَّى أَخْرَجَ يَدَيْهِ مِنْ تَحْتِ أُذُنَيْهِ.

"Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўрдимки, ул зоти шариф бошларига бир марта масҳ тортдилар ҳатто "қазол"гача етказдилар". "Қазол" бу орқа бўйиннинг бошланишидир. Мусаддад айтади: "Бошларига бошланишидан орқага томон масҳ тортдилар, ҳатто иккала қўлларини икки қулоқлари остидан чиқардилар" (Абу Довуд, 1/132; Аҳмад, 3/15993).
Мазкур ривоят икки сабабга кўра заиф дейилган. Биринчиси ҳақида Абу Довуднинг ўзи шу ерда Мусаддаднинг ушбу ҳадисни Яҳёга зикр қилганида уни инкор қилганини қайд қилган, яна Аҳмад ибн Ҳанбал эса Ибн Уйайнанинг Талҳа ибн Мусаррифнинг отасидан, у эса бобосидан қилган ривоятига бепарволик ила қараб, инкор қилганини зикр қилиб кетган.
Имом Нававий Талҳа ибн Мусаррифни тобеъийнлардан бўлган таниқли имом деб қайд қилган. Олтита саҳиҳ тўпламларда ундан ҳадислар ривоят қилинган. У Ҳамадоннинг Ём қишлоғидан бўлган. 112 ҳ.йилда вафот этган. Ибн Ҳажар эса уни кўфалик ишончли фозил ровий, деган.
Талҳанинг отаси Мусарриф ибн Амр ал-Ёмий эса аз-Заҳабийнинг "ал-Кошиф"ида зикр қилинишича, у ҳақида чалкаш фикрлар бор. "ат-Тақриб"да Мусарриф ибн Амр ибн Каъб ёки ибн Каъб ибн Амр ал-Ёмий нотаниш шахс, дейилган.
Талҳанинг бобосининг исми ҳамда унинг саҳобалиги борасида ихтилофлар бор. Ибн Ҳажарнинг "Тахрижу аҳодис ар-Рофеъий" асарида унинг саҳобалигига шубҳа билдирилган. Ибн Абу Ҳотамнинг "ал-Маросил" асарида Суфён ибн Уйайна ва Ибн Муин унинг саҳоба эмаслигини айтганларини зикр қилинган. Бир қанча уламолар унинг саҳоба эканини айтганлар. Шу жумладан, Ибн Абдулбарр "ал-Истиъоб" асарида унинг саҳобалигини тан олган ва буни инкор қилувчиларни: "Инкор қилувчиларнинг инкорига ҳеч қандай сабаб йўқ!" деб инкорини қўлламаган (Ибн Абдулбарр. Ал-Истиъоб фий маърифат ал-асҳоб. – Уммон: Дор ал-Аълом, 2002. – Б. 628). Ибн ал-Асир ал-Жазарийнинг "Асад ул-ғоба" асарида уни саҳоба, дейилган (Ибн ал-Асир. Асад ул-ғоба фий ахбор ас-саҳоба. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). 4-жилд. – Б. 458). Яна Ибн Абу Ҳотамнинг "ал-Илал" асарида ровийшунослардан Абдураҳмон ибн Маҳдийнинг уни саҳоба деганлиги ҳам эслатиб ўтилган. Демак, у саҳоба бўладиган бўлса, мутлақо ишончли ровий ҳисобланади. Бундан чиқадики, заифлик Талҳа ибн Мусаррифнинг отасининг мажҳул – нотаниш шахслигида экан.
Мазкур ҳадиснинг заифлигини келтириб чиқарган ровийлардан яна бири Лайс бўлиб, у Ибн Абу Сулайм ҳисобланади. Гарчи у ҳақида Имом Нававий ўзининг "Таҳзиб ал-асмо" асарида "Унинг заифлиги борасида уламолар иттифоқ қилганлар" деган бўлса-да, бироқ, заифлиги унинг ривоятлари ҳужжат сифатида мутлақо олинмайди, дегани эмас. Чунки, Имом аз-Заҳабий "ал-Кошиф" асарида у ҳақида: "Лайс ибн Абу Сулаймнинг саҳобани учратгани билинмади. Унда ҳифзининг ёмонлиги учун озгина заифлик бор, ҳолбуки у намоз, рўза ва жуда кўп илм соҳибидир. Баъзилар ундан ҳужжат олганлар" деган (Шамсиддин аз-Заҳабий. ал-Кошиф. 2-жилд. – Жидда: Дор ал-қибла ва Муассаса улум ал-Қуръон, 1992. – Б. 151). Ал-Мунзирий "Китоб ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб" асарида эса унинг борасида ихтилоф борлигини, одамлар ундан ҳадис ривоят қилаверишларини, Имом Дорақутний уни суннат соҳиби деганини, Ибн Муин эса бир ривоятида унга ишонч билдирганини ёзиб қолдирган. Имом Суютий эса "ал-Лаолий ал-маснуъа" асарида Лайсдан ҳатто Имом Муслим ва бошқа тўрт нафар муҳаддислар ҳадис ривоят қилганларини, унинг заифлиги жуда оз эканини, унинг ривоятлари ҳужжат сифатида ишлатилиши мумкинлигини қайд қилган (Жалолиддин ас-Суютий. Ал-Лаолий ал-маснуъа фий аҳодис ал-мавзуъа. 1-жилд. – Лубнон: Дор ал-маърифат, (йили кўрсатилмаган). – Б. 20).
Ибн Таймиянинг "ал-Мунтақо фи-л-аҳком аш-шаръиййа" асарида айтилишича, мазкур ҳадиси шарифни бўйинга масҳ тортиш мумкинлиги борасида Ибн Таймиянинг бобоси Шайх ул-ислом Маждуддин Абдуссалом ибн Абдуллоҳ ал-Ҳарроний ҳам далил сифатида кўрсатган экан.
Имом Табаронийнинг ривоятида ўша Лайс ибн Аби Сулайм орқали Талҳа ибн Мусарриф отасидан, у эса бобосидан қилинган ривоятда бундай келтирилган:

فلما مسح رأسه قال هكذا و أومأ بيديه من مقدم رأسه حتى بلغ بهما الى أسفل عنقه من قبل قفاه

"Бошларига масҳ тортдилар. Ровий мана бундай қилиб, иккала қўллари ила ишора қилиб кўрсатдилар: бошларининг олд тарафидан орқа тарафдан бўйинларининг пасроғигача масҳ қилиб олиб бордилар" (Табароний, 19/409).
Имом Таҳовий ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагича келтирилган:

حَدَّثَنَا ابْنُ مَرْزُوقٍ، قَالَ: ثنا عَبْدُ الصَّمَدِ بْنُ عَبْدِ الْوَارِثِ، قَالَ: ثنا أَبِي وَحَفْصُ بْنُ غِيَاثٍ، عَنْ لَيْثٍ، عَنْ طَلْحَةَ بْنِ مُصَرِّفٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ قَالَ: " رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَسَحَ مُقَدَّمَ رَأْسِهِ حَتَّى بَلَغَ الْقَذَالَ . مُؤَخَّرُ الرَّأْسِ مِنْ مُقَدَّمِ عُنُقِهِ " .

"Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошларининг олд тарафларидан масҳ тортдилар, ҳатто гарданларигача етказдилар". Бошнинг охири бу бўйиннинг бошланишидир" (Таҳовий, 1/129).
Ушбу икки ривоятдан бошга масҳ тортиш асносида бўйинга ҳам масҳ тортиш мумкинлиги билиниб турибди.
3) Ибн ас-Сакан "Китоб ал-ҳуруф" асарида зикр қилган ривоят бор:
Мусарриф ибн Амр ибн ас-Сиррий ибн Мусарриф ибн Амр ибн Каъб, у ўз отасидан, у эса бобосидан қилинган ривоят:

رأيت رسول الله صلى الله عليه و سلم توضأ لحيته و قفاهА

"Расулуллоҳ (с.а.в.)ни таҳорат қилганларини кўрдим. Ул зоти шариф соқолларига ва бўйинларига масҳ тортдилар".
Имом Суютий "Мирқот ас-суъуд" асарида мазкур ривоятнинг исноди танилмаган, деган. Ибн ал-Қаттон "Ибн ас-Саканнинг исноди мажҳулдир" деган (Иқтибос бундан: Али ибн Сулаймон ад-Дамантий ал-Мажмуъавий. Даражот Мирқот ас-суъуд ила сунан Аби Довуд. – Миср: Ваҳбия, 1298. – Б. 24). Мазкур ривоятни Имом Табароний ҳам шу иснод билан келтирган (Табароний, 19/412).
Бу ерда иснодга эътибор берадиган жиҳати шуки, Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоят қилган Талҳа ибн Мусарриф ибн Амр ибн Каъб ал-Ёмий ал-Ҳамадонийнинг ўзи → отаси → бобоси силсиласини янглиш ёзгани маълум бўлади.
4) Имом Дайламийнинг муснадида Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шариф бор:

مسح الرقبة أمان من الغلّ يوم القيامة

"Бўйинга масҳ тортиш қиёмат кунида занжирдан омонликдир!"
Зайниддин ал-Ироқий "Эҳё ал-улум ад-дин"нинг ҳадислари тахрижига бағишланган асарида мазкур ривоятнинг заифлигини қайд қилган (Эҳё улум ад-дин ва би-ҳошиятиҳи Тахриж ал-аҳодис ал-Иҳё ли-л-Ироқий. 1-жилд. – Қоҳира: Мактабат сиймарғ, (йили кўрсатилмаган). – Б. 133).
Шавконий "ал-Фавоид ал-мажмуъа" асарида Имом Нававийнинг мазкур ҳадисни мавзуъ деганини, ҳолбуки Ибн Ҳажар ушбу ҳадис борасида узоқ сўз юритиб, унинг мавзуъ эмаслигини айтганини зикр қилган (Муҳаммад ибн Али аш-Шавконий. Ал-Фавоид ал-мажмуъа. 1-жилд. – Риёз: Мактабату Низор, (йили кўрсатилмаган). – Б. 29).
Али ал-қори эса "ал-Асрор ал-марфуъа" асарида мазкур ҳадис "Муснад ал-Фирдавс"да келтирилгани, бироқ у заиф экани, заифга эса амалларнинг фазилатларида борасида амал қилинаверишини зикр қилган ва шунинг учун имомлар уни мустаҳаб ёки суннат дейишганини қайд қилган (Али ал-қори. ал-Асрор ал-марфуъа фи-л-ахбор ал-мавзуъа. – Байрут: ал-Мактаб ал-исломий, 1986. – Б. 305).
5) Саҳоба Воил ибн Ҳужр (р.а.)нинг Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг таҳоратлари сифатларини зикр қилиб кўрсатган ҳадисида бундай дейилган:

وغسل باطن اذنيه وأدخل أصبعيه في داخل أذنيه ومسح ظاهر رقبته وباطن لحيته ثلاثا

"...Қулоқларининг ичини ювдилар ва иккала бармоғини қулоқларининг ичидага киритдилар, бўйинларининг орқасига масҳ тортдилар ва сақолларининг ичини уч марта масҳ қилдилар..." (Баззор, 2/4488).
Мазкур ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратлари муфассал баён қилинган бўлиб, унда бўйинга масҳ тортиш ҳақида икки марта зикр қилинган. (Биринчиси юқоридаги матн. Иккинчисида бўйинга масҳ тортиш айтилиб, унинг сақолга масҳ бўлиши мумкинлигини ровий тахмин қилгани ҳам қайд қилинади. Иккинчи марта бўйинга масҳ қилиниши айтилган ҳадис ибораси қуйидагича:

ثم مسح على رأسه ثلاثا وظاهر أذنيه ثلاثا وظاهر رقبته وأظنه قال وظاهر لحيته ثلاثا

"...Сўнгра бошларига уч марта масҳ тортдилар ва қулоқларининг ташқарисига уч марта ва бўйинлари ташига ҳам. Мен уни сақоллари ташига уч марта, деб ўйлайман", дейилган (Баззор, 2/4488).
"Ҳидоя"нинг шориҳи Камолиддин ибн ал-Ҳумом "Фатҳ ул-қадир"да юқоридаги ривоятни келтирган, лекин котиб хатосими, уни Имом Термизий ривоят қилган, дейилган (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1310. – Б. 16). "Ҳидоя"нинг яна бир шориҳи Бадриддин Айний ўзининг "Биноя" асарида, шунингдек, Жамолиддин аз-Зайлаъий "Насб ар-раъйа фий тахриж аҳодис ал-Ҳидоя" асарида ва унинг мулаххасини яратган Ибн Ҳажар Асқалоний "ад-Дироя"да уни Баззор муснадида келтирилганини аниқлаганлар (Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний. Биноя. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1990. – Б. 164-165; Жамолиддин аз-Зайлаъий. Насб ар-раъйа фий тахриж аҳодис ал-Ҳидоя. 1-жилд. - Жидда: Муассаса ар-Райён, 1357. – Б. 13; Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Ад-Дироя фий тахриж аҳодис ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-маърифат, – Б. 19).
Ибн ал-Ҳумом юқоридаги ривоятни келтириб, "Бу намлиги ишлатилмагани боис қўлнинг орқаси ила гарданга масҳ тортишнинг мустаҳаб эканига далилдир" деган (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1310. – Б. 23).
6) Абу Убайд "Китоб ат-туҳур" асарида ривоят қилган:

عن عبد الرحمن بن مهدى عن المسعودى عن القاسم بن عبد الرحمن عن موسى بن طلحة انه قال: من مسح قفاه مع رأسه وقى الغلّ يوم القيامة

Мусо ибн Талҳа (р.а.) айтади: "Кимки боши билан бирга бўйнига масҳ тортса, қиёмат кунида кишандан сақланади".
Бадриддин Айний "Ҳидоя"га ёзган шарҳи "Биноя"да бу ҳадис гарчи мавқуф бўлса ҳам, унинг ҳукми марфуъдир, чунки саҳобанинг ўз фикри билан бундай дейиши мумкин эмас, деган (Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний. Биноя. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1990. – Б. 161). 
Бўйинга масҳ тортиш ҳақида ишора қилинган ҳадиси шарифларга келсак, уларда бўйинга масҳ тортиш ҳақида очиқ гапирилган эмас, унга далолат қиладиган сароҳатан иборалар йўқ. Бироқ, заиф ҳадисларга қувват бўладиган ишоралар борлиги боис уларни ҳам зикр қилиб ўтиш ўринлидир:
1) ал-Миқдом ибн Маъдийкараба (р.а.)дан саҳиҳ ривоят қуйидагича:   

عَنِ الْمِقْدَامِ بْنِ مَعْدِيكَرِبَ قَالَ رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- تَوَضَّأَ فَلَمَّا بَلَغَ مَسْحَ رَأْسِهِ وَضَعَ كَفَّيْهِ عَلَى مُقَدَّمِ رَأْسِهِ فَأَمَرَّهُمَا حَتَّى بَلَغَ الْقَفَا ثُمَّ رَدَّهُمَا إِلَى الْمَكَانِ الَّذِى بَدَأَ مِنْهُ

"Расулуллоҳ (с.а.в.)ни таҳорат қилганларини кўрганман. Бошларига масҳ тортишга етганларида, икки кафтларини бошларининг олд тарафларига қўйдилар ва уни орқаларига етгунча юритдилар. Сўнг икки кафтини бошлаган жойларига қайтариб олиб келдилар" (Абу Довуд, 1/122. Албоний ҳам уни саҳиҳ деган).
2) Имом Таҳовий ва Табароний кабилар ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам орқага масҳ тортишга ишора мавжуд:

حَدَّثَنَا ابْنُ أَبِي دَاوُدَ، قَالَ: ثنا عَلِيُّ بْنُ بَحْرٍ، قَالَ: ثنا أَبُو الْوَلِيدِ بْنُ مُسْلِمٍ، قَالَ: ثنا عَبْدُ اللهِ بْنُ الْعَلَاءِ، عَنْ أَبِي الْأَزْهَرِ، عَنْ مُعَاوِيَةَ " أَنَّهُ أَرَاهُمْ وُضُوءَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَمَّا بَلَغَ مَسْحَ رَأْسِهِ , وَضَعَ كَفَّيْهِ عَلَى مُقَدَّمِ رَأْسِهِ ثُمَّ مَرَّ بِهِمَا حَتَّى بَلَغَ الْقَفَا , ثُمَّ رَدَّهُمَا حَتَّى بَلَغَ الْمَكَانَ الَّذِي مِنْهُ بَدَأَ "

"Муовия (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг таҳоратларини кўрсатганда, бошига масҳ тортишга етиб келган. Шунда икки кафтини бошининг олд тарафига қўйган, сўнг икковини юритиб, орқасигача етказиб олиб борган. Сўнг икки кафтини орқага қайтарган, ҳатто бошлаган жойига етказиб олиб келган" (Таҳовий, 1/131; Табароний, 19/887, 900).
3) Юқоридаги икки ривоятга мана бу ҳадис ҳам қўшимча бўлади:

حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَيْمُونٍ الْبَغْدَادِيُّ، قَالَ: ثنا الْوَلِيدُ بْنُ مُسْلِمٍ، قَالَ: ثنا حَرِيزُ بْنُ عُثْمَانَ، عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ مَيْسَرَةَ، أَنَّهُ سَمِعَ الْمِقْدَامَ بْنَ مَعْدِيَكْرِبَ يَقُولُ: " رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَوَضَّأُ، فَلَمَّا بَلَغَ مَسْحَ رَأْسِهِ وَضَعَ كَفَّيْهِ عَلَى مُقَدَّمِ رَأْسِهِ، ثُمَّ مَرَّ بِهِمَا حَتَّى بَلَغَ الْقَفَا، ثُمَّ رَدَّهُمَا حَتَّى بَلَغَ الْمَكَانَ الَّذِي مِنْهُ بَدَأَ، وَمَسَحَ بِأُذُنَيْهِ ظَاهِرِهِمَا وَبَاطِنِهِمَا مَرَّةً وَاحِدَةً "

"Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг таҳорат қилганларини кўрганман. Бошларига масҳ тортишга етганларида, икки кафтларини бошининг олд тарафига қўйдилар, сўнг икковини юритиб, орқагача етказиб олиб бордилар. Сўнг уни ортга қайтардилар, ҳатто бошлаган жойигача олиб келдилар. Иккала қулоқларининг ташқарисига ва ичларига ҳам бир марта масҳ тортдилар" (Таҳовий, 1/139).
Зикр қилинган учта ривоятда бўйинга масҳ тортиш борасида очиқ айтилмаса ҳам лекин бошга масҳ тортиш асносида орқага қилинган масҳда бўйиннинг орқаси ҳам ирода қилинаётган бўлиши мумкин.
Абдулҳай Лакнавий ғуррани зиёда қилиш ҳақидаги саҳиҳ ҳадиси шарифларга асосланиб, бўйинга масҳ тортишнинг асли мавжудлигини билиш мумкин, деган (Абдулҳай Лакнавий. Туҳфат ат-талаба фий таҳқиқ масҳ ар-рақаба // Мажмуату расоил ал-Лакнавий. 1-жилд. – Покистон: Идорат ал-Қуръон, 1419. – Б. 261).
Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилинган саҳиҳ ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

إن أمتي يدعون يوم القيامة غرا محجلين من آثار الوضوء فمن استطاع منكم أن يطيل غرته فليفعل

"Қиёмат кунида умматим таҳорат изларидан қолган оқ ҳалқачалар-у оппок қашқалар ила чақирилурлар. Бас, сизлардан кимки ўз оппоқлигини узайтиришга қодир бўлса, ўшани амалга оширсин!" (Бухорий, 1/136; Муслим, 1/246; Байҳақий, 1/262; Аҳмад, 2/9184).
Демак, таҳоратда бош масҳ учун олинган сув намлигини бўйин учун ишлатиш ҳам оппоқликни кўпайтириш бўлиб, бўйинга қилинган масҳда айни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг тавсияларига амал қилинган бўлиб чиқади.
Ибн ал-Ҳумом таҳоратда сақолга хилол қилиш борасида Имом Абу Юсуф суннат, Имом Абу Ҳанифа ва Муҳаммад аш-Шайбоний жоиз деганини қайд қилар экан, бундай деган:

أنّ ابا حنيفة رحمه الله يقول لم يثبت منها المواظبة بل مجرد الفعل الا فى شذوذ من الطرق فكان مستحبا لا سنة

"Абу Ҳанифа (р.ҳ.) сақолни хилол қилиш борасида Расулуллоҳ (с.а.в.)дан доимий қилганлиги собит бўлмаган, деган. Балки, фақат шу ишни қилганлиги хабари келган, холос. Бу ҳам бўлса, тариқлари жуда оз ривоятлардадир. Демак, у мустаҳаб бўлади, суннат эмас" (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1310. – Б. 20).
Ибн ал- Ҳумом мустаҳаб амал борасида мана бундай деган:

لان جميع المستحبات محبوبة له صلى الله عليه و سلم و معلوم انه لم يواظب على كلها و الا لم تكن مستحبة بل مسنونة

"Жами мустаҳаблар Расулуллоҳ (с.а.в.)га маҳбуб бўлган амаллардир. Маълумки, уларнинг барчасига Расулуллоҳ (с.а.в.) доимий амал қилмаганлар. Агар шундай бўлмаганда у мустаҳаб бўлмасдан суннат бўлиб қоларди" (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1310. – Б. 23).
Демак, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бўйинга масҳ қилганлари борасида кетма-кет ривоятлар сақланиб қолмаган, ушбу ишни таъкидланган саҳиҳ ҳадислар ҳам йўқ. Демак, ҳанафийликка кўра уни суннат дейиш тўғри эмас, балки мустаҳаб дейиш мақсадга мувофиқдир.
Бўйинга масҳ тортиш борасида гарчи саҳиҳ ҳадиси шарифлар бўлмаса ҳам лекин заиф ҳадисларнинг борлиги уларни амалларнинг фазилатлари борасида инобатга олиш мақбулдир. Имом Саховий ўзининг "ал-Қавл ал-бадеъ" асарида Ибн Ҳажар Асқалонийнинг бир неча марта бундай деганини ёзиб қолдирган:
"Заиф ҳадисга амал қилишнинг шарти учтадир.
1)  Заифлик ўта шиддатли бўлмасин. Каззоб ва муттаҳамлар, кўп ғалат қилиши ҳаммага маълум бўлганларнинг ривоятларига амал қилинмайди;
2) Асли бор, лекин умумий ҳукмлар остига кирадиган бўлсин. Асли йўқ, янги ихтиро қилинган амаллар унга кирмайди;
3) Амал қилаётганда унинг Расулуллоҳ (с.а.в.)дан собит бўлган, деган эътиқодга бормаслик ва шундай демаслик лозим. Ибн Ҳажар Асқалоний "Фатҳ ал-Борий" асарида "Иза зулзилат", "Кофирун", "Наср" ва "Оят ал-курсий" Қуръоннинг тўртдан бирига тенглиги ҳақидаги ҳадисларнинг заифлигини қайд қилар экан, уларни фазоили аъмол бобида амалга ошириш мумкин, деган (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий би-шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий. 8-жилд. – Риёз: Мактабат малик Фаҳд, 2001. – Б. 691). 
Аллома Жалолиддин Даввоний "Унмузаж ал-улум" асарида бундай деган:

اذا وجد حديث ضعيف فى فضيلة عمل من الأعمال و لم يكن هذا العمل مما يحتمل الحرمة او الكراهة فانه يجوز العمل به و يستحبّ لانه مأمون الخطر مرجوّ النفع اذ هو دائر بين الإباحة و الاستحباب فالإحتياط العمل به رجاء الثواب

"Қачонки амаллардан бирор амалнинг фазилати борасида заиф ҳадис топилса ва ушбу амалда ҳаромлик ва макруҳлик эҳтимоли бўлмаса, унга амал қилиш жоиз бўлади ва мустаҳаб бўлади. Чунки, хатардан омон, манфаатга умидворлик бор. Зотан, у мубоҳлик ва мустаҳаблик орасида айланаётган бўлади. Демак, эҳтиёт унга савоб умидида амал қилишликдир".
Ибн ал-Ҳумом ҳам "Фатҳ ал-қадир"да "Мустаҳаблик мавзуъ бўлмаган заиф ҳадис билан собит бўлади" деган.
Демак, юқоридагилардан маълум бўлдики, бўйинга масҳ тортиш борасида заиф бўлса-да ҳадислар собит бўлган. Заиф ҳадисларга амалларнинг фазилати борасида амал қилиш мумкин. Бироқ, ал-Ферузободий "Сафар ас-саодат" асарида гарданга масҳ тортиш борасида ҳадис собит бўлмаган, деган. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, муҳаддислар одатида "собит эмас" ёки "саҳиҳ эмас" деган ибора жуда заифликни ёки ривоятнинг мавзуъ эканини билдирмайди. Балки, у ҳасан ли-зотиҳини ва ҳасан ли-ғайриҳини ҳам англатади. Али ал-қори "Тазкират ал-мавзуъот" асарида:لا يلزم من عدم الثبوت وجود الوضع ("Собитликнинг йўқлиги мавзуъликнинг борлигини лозим тутмайди") деган, бошқа ўринда эса мана бундай: لا يلزم من عدم صحته ثبوت وضعه ("Саҳиҳликнинг йўқлигидан мавзуъликнинг собит бўлиши лозим келмайди") деган. Муҳаммад Тоҳир ал-Фатаний ўзининг "Тазкират ал-мавзуъот" асарида Имом ас-Суютийнинг ва Имом аз-Заркашийнинг "Саҳиҳ эмас ва мавзуъ деган гапларимиз орасида катта фарқ бор. Мавзуъ ёлғоннинг исботидир. Саҳиҳ эмас, деган гапдан эса йўқлик исботи лозим келмайди. Гоҳида шундай ҳам бўлиши мумкин. Лекин унинг мавзуъ бўлишини лозим қилмайди. Зотан, собитлик саҳиҳни ҳам, заифни ҳам ўз ичига олади", деган (Муҳаммад Тоҳир ибн Али ал-Ҳиндий ал-Фатаний. Тазкират ал-мавзуъот. – Миср: Идорат ат-тибоъа ал-мунирия, 1343. – Б. 7).
Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг "Натоиж ал-афкор" асарида таҳоратда "бисмиллоҳ" айтиш борасида баҳс қилиб, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг "Таҳоратда "бисмиллоҳ" айтиш борасида собит бўлган ҳадисни билмайман" деганини зикр қилган ва "Билмасликни айтишлик мутлақо ҳадиснинг йўқлигини билдирмайди. Собит эмас, дейишлик эса заиф ҳадис йўқлигини ҳам билдирмайди. Ҳатто ундай гаплардан кейин саҳиҳ ҳадислар ҳам топилиб қолган, ҳасан ҳадислар эса жуда кўп бўлиши мумкин" деган фикрларни қайд қилган (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Натоиж ал-афкор фий тахриж аҳодис ал-азкор. 1-жилд. – Байрут: Дору Ибн Касир, 1995. – Б. 222-223). Зотан, таҳоратда "бисмиллоҳ"ни айтишни барча фуқаҳо ва муҳаддислар суннат ёки мустаҳаб деганлар.
Али ал-қори: "Кимки ушбу байтни етти марта тавоф қилса..." ҳадиси остида Имом Саховийнинг "бу саҳиҳ эмас" деганини зикр қилиб, "ушбу ҳадисни мавзуъ деб бўлмайди, Саховийнинг бу гапи заифлик ва ҳасанни инкор қилолмайди" деган (Али ал-қори. ал-Асрор ал-марфуъа фи-л-ахбор ал-мавзуъа. – Байрут: ал-Мактаб ал-исломий, 1986. – Б. 335).
"Биноя шарҳ Ҳидоя"да гарданга масҳ тортиш ҳақида мутақаддиминлардан ривоят етиб келмаган, дейилган. "Шарҳ ат-Таҳовий"да Фақиҳ Абу Жаъфар ал-Ҳиндувоний ва Абу Бакр ал-Аъмаш бўйинга масҳ тортишни Ибн Умар (р.а.) унга масҳ тортганлари ҳақидаги ривоятга эргашиб қилар эди", дейилган (Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний. Биноя. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1990. – Б. 160-161). "Ихтиёр"да Абу Жаъфар ал-Ҳиндувоний уни суннат дейишни ихтиёр қилгани қайд қилинган. "Мунйа" асарида шунга мойиллик билдирилган, Шурунбулолийнинг "Нур ал-ийзоҳ" ва унинг шарҳида шу фикрга қўшилинган. "Баҳр ар-роиқ"да эса бундай дейилган: "Бунинг борасида ихтилоф бор. Айримлар уни бидъат деса, айримлар суннат деганлар. У Абу Жаъфарнинг гапи. Уни кўпгина уламолар олганлар. "Шарҳи Мискин"да ҳам шундай дейилган. Лекин "Хулоса"да саҳиҳи у адабдир, дейилган". Бўйинга масҳ тортишни суннат дейиш тўғри эмас. Чунки, бу борада айтганимиздек саҳиҳ ривоят йўқ. Бинобарин, ҳанафийларнинг мутааххирин уламолари, жумладан, "Хулоса" соҳиби айтганидек бўйинга масҳ тортиш одобдир, мустаҳабдир.
Юқоридаги нақлий ва ақлий далилларга асосланиб, ҳанафийларнинг жумҳури саҳиҳ қавлга – фиқҳий қарашга кўра бўйинга масҳ тортишнинг мустаҳаблигини айтганлар (Қаранг: Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. 1-жилд. Лакнау: Мунший Навол кишвар, 1911. – Б. 27). Жумладан, "Виқоя"да ва унинг шарҳида, "Мултақий ал-абҳур", "Ғиёсиййа", "Сирожиййа", "Заҳириййа", "Танвир ал-абсор", "Хулоса", "Канз ад-дақоиқ", "ал-Вофий", "Табйин ал-ҳақоиқ", "Туҳфат ал-мулук", "Ҳидоя" соҳибининг "Мухторот ан-навозил" асарида бу нарса зикр қилинган. "Хизонат ал-муфтиййин"да саҳиҳроғи адабдир, унинг тарк қилгандан кўра бажарган авло, дейилган.
"Ҳалабийи кабир"да "Ихтиёр"да келган гаплар такрорланган. Бўйинга масҳ тортишнинг суннат ва мустаҳаб дейилгани айтилган ва "Кофий"да ушбу мустаҳаблик энг саҳиҳ қавл экани қайд қилинган. "Фатовойи Қозийхон"да "Бошга масҳ тортиш адаб ҳам эмас, суннат ҳам эмас. Баъзилар уни суннат деган. Фиқҳий қарашлар ихтилофли бўлган ҳолатда уни тарк қилгандан кўра адо қилган яхшироқ", дейилган. Илёсзоданинг "Шарҳ Ниқоя"сида: "Саҳиҳи шуки, у адаб. Тарк қилгандан кўра бажарган авло. Баъзилар суннат деган, уни аксари уламолар олган" дейилган (Илёсзода ар-Румий. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жилд. – Пешовар, 1325. – Б. 22).
"Жомеъ ар-румуз"да "Бу борада мутақаддимлардан ривоят йўқ. Баъзи машойихлар уни адаб деган. Шу саҳиҳдир. "Хулоса"да ҳам шу айтилган. Аксар уламолар наздида у суннатдир. Чунончи "Муҳит"да келган. Суннат ҳам эмас, адаб ҳам эмас, дейилган. Чунончи, "Қозийхон"да келган" (Шамсиддин Кўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 32).
Бўйинга масҳ тортишни бидъат, дейилишига сабаб бу борада саҳиҳ ривоятларнинг етиб келмаганидир. Имом Нававий "Шарҳ Муҳаззаб"да "Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан бирорта саҳиҳ ривоят келмаган. У суннат эмас, балки бидъат", деган. Яна "уни Имом Шофиъий ҳам, мазҳабининг жумҳур уламолари ҳам зикр қилмаган. Уни Ибн ал-Ваққос ва баъзиларгина айтган", деган. Ҳолбуки, шофиъийлардан Абу Муҳаммад ал-Жувайний Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бўйинга масҳ тортиш кишандан омонлик эканини айтилган ривоятни келтирган. Бунинг исноди борасида ҳадис имомлари инкор гап айтмаганлар. Жувайнийнинг бу фикрини Имом Ғаззолий "ал-Важиз"да зикр қилган (Имом Ғаззолий. Ал-Важиз фий фиқҳ ал-Имом аш-Шофиъий. 1-жилд. – Байрут: Ширкату Дор ал-Арқам, 1997. – Б. 124).
Бўйинга масҳ тортиш қандай бўлиши ҳақида аниқ бир маълумот учрамайди. Фақат айрим ривоятларда Расулуллоҳ (с.а.в.) икки қўлларини бошининг олдидан охирига – бўйин орқасига олиб бориши зикр қилинган, холос. Ундан шу пайт масҳ ўтиб кетади, деган маъно чиқади. "Ниҳоя", "Фатҳ ал-қадир", "Мунйа"да бош ва қулоққа масҳ тортгандан кейин намлиги ишлатилмаган учта бармоғининг орқаси ила бўлиши айтилган. "Шарҳ Ниқоя"да гарданга масҳ тортиш янги сув олиб қилинади, дейилган (Илёсзода ар-Румий. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жилд. – Пешовар, 1325. – Б. 22). "Радд ул-муҳтор" ва "Шарҳ Муния"да қўлнинг орқасидаги ишлатилмаган намлик билан масҳ қилинса, янги сувга ҳожат йўқ, дейилган (Ибн Обидин. Радд ул-муҳтор. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 248). Абдулҳай Лакнавий буларни фақиҳларнинг ўз машойихларидан олинган фикрга асосланган, дейилган.
Бўйинга масҳ тортиш борасида саҳиҳ ривоятлар бўлмагани билан юқорида зикр қилинганидек, бу борада бир-бирини қўллайдиган заиф ривоятлар етиб келган. Бинобарин, уни бидъатга чиқаргандан кўра амалга оширган авлороқдир. Зотан, уни бидъат дейиш далилга кўра эмас, балки қиёсга кўра айтилган гапдир. Қиёсдан кўра заиф ҳадисга амал қилиш афзал ҳисобланади.
Савол: Гардан билан қўшиб ҳалқумга (томоққа) ҳам масҳ тортиш мумкинми?

Жавоб: Баъзилар гарданга масҳ тортаётганда ҳалқумга қўшиб масҳ тортадилар. Бу бидъат амалдир.

وَأَمَّا مَسْحُ الْحُلْقُومِ فَبِدْعَةٌ .

«Ҳалқумга масҳ тортиш бидъатдир» (Фатвои ҳиндия).

 


7 йил аввал 7881 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бўса олишни таҳоратга таъсири
САВОЛ: Бўса олиш таҳоратни синдирадими?ЖАВОБ: Ҳанафийлар наздида таҳоратни синдирмайди. Лекин мазий чиқиб кетса таҳорат синади. Бўса олганда таҳорат қилингани тўғрисида келган ҳадисларни эса давоми...
7 йил аввал 13913 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимий ел келиб турадиган ёки простатит
Савол: Доимий ел келиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, пешоб томчилаб турадиган ёки аёлларда шамоллаш туфайли жинсий аъзолардан оқ суюқлик келиб турадиганларга хос таҳорат ва намозларнинг давоми...
7 йил аввал 16230 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жунуб одам
САВОЛ: Жунуб киши нималар қилмаслиги керак?ЖАВОБ: Ювинмасдан аввал масжидга кириши, Қуръон оятлари ёзилган газета журналларни ўша жойини ушлаши, Қуръон ушлаши (китобни ёзувлари бор жойини ҳам, давоми...
7 йил аввал 11339 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иккиланиб қолса
САВОЛ: Пок сув ёки кийим, баданни нажас бўлган-бўлмаганлигида ёки талоқ қўйган-қўймаганлигида иккиланиб қолса ҳукми нима?ЖАВОБ: Иккала тарафдан бирортаси аниқ бўлмаса, кийим, сув ва баданни давоми...
7 йил аввал 9429 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат
САВОЛ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат синадими?ЖАВОБ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида аёл кишини таҳорати кетади. Эркак кишининг таҳоратини синиши учун давоми...
7 йил аввал 16566 fiqh.uz