Ҳанафийликнинг мўътабар фиқҳий манбаларида ёз ойларида, иссиқ ва ҳарорат кўтарилган вақтларда пешин намозини кечроқ ўқиш мустаҳаб амал ҳисобланиши қайд қилинган (Абу-л-Ҳасан Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Қудурий. Мухтасар ал-Қудурий. – Қозон, 1916. – Б. 8; Абу-л-Баракот ан-Насафий. Канз ад-дақоиқ. – Бўмбай: Фатҳ ал-карим, 1310. – Б. 19; Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 11).
Шунинг учун ҳам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўзининг "Кифоя" асарида бунга алоҳида эътибор қаратган эди. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. Шарҳи Мухтасари Виқоя. 1-жуз. – Тошкент: Шарқ, 2008. – Б. 195, 199, 202).
Умумий маънода айтиш керакки, ҳанафий мазҳабида шомдан бошқа намозларни бироз таъхир қилиб ўқиш мустаҳабдир. Бошқа мазҳабларда хуфтандан бошқа намозларни аввалги вақтида ўқиш мустаҳаб. Пешин намозида эса ҳанбалийлар ва бизнинг мазҳаб – ҳанафийларда ёзнинг иссиқ кунларида кечикиброқ ўқиш мустаҳаб, қишнинг совуқ кунларида вақти кирганидан сўнг пешинни эртароқ ўқилаверади.
Шофиъийлар эса пешинни эрта ўқишни мустаҳаб санайдилар. Уларнинг фикрига далил Ойша (р.а.)дан ривоят қилинган бўлиб, унинг айтишига қараганда, Расулуллоҳ (с.а.в.) пешинни ўта шошилтирувчи зот бўлган экан. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ҳам, Ҳазрати Умар (р.а.) ҳам пешинни жуда шошилтириб, яъни вақти кирган заҳотиёқ ўқишга ҳаракат қилар эканлар. Ойша онамиз (р.а.) пешинни Расулуллоҳ (с.а.в.), Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ва Ҳазрати Умар (р.а.)лардан кўра эрта ўқувчироқ биронта кимсани кўрмадим, деганлар (Термизий, 1/155. Имом Термизий уни ҳасан, деган). Ушбу ривоятни далил қилиб, Имом Шофиъий пешинни ҳамма вақт эрта ўқишни мустаҳаб деб ҳисоблаганлар. Бу ҳукм Имом Молик мазҳабига ҳам мувофиқдир.
Энди, Ойша онамиз (р.а.)нинг мана шу Расулуллоҳ (с.а.в.) ва унинг икки буюк саҳобасининг пешинни эрта ўқишлари ҳақидаги гапига нима дейсиз, деган савол туғилади. Ҳанафийларда бу ва бунга ўхшаш ҳадиси шарифларнинг ҳаммаси қиш кунларига хос деб таъвил қилинади.
Иккинчи далилимиз Абу Ҳурайра (р.а.) томонидан ривоят қилинган. Уни кўпгина муҳаддислар саҳиҳ ҳадислар тўпламларида келтирганлар:
اذا اشتدّ الحرّ فأبردوا عن الصلوة فإنّ شدّة الحرّ من فيح جهنّم
"Иза иштадда ал-ҳарру фа-абриду ъани-с-солати фа-инна шиддат ал-ҳарри мин файҳи жаҳаннам"
"Қачон иссиқ кучайиб кетса, намозни совутинглар. Чунки, иссиқликнинг шиддати жаҳаннам алангасидандир" (Бухорий, 1/533-534, 536; Муслим, 1/615; Термизий, 1/157; Абу Довуд, 1/402; Насоий, 1/1486-1490; Ибн Можжа, 1/677-681; Табароний, "Мўъжам ас-сағир", 1/384; "Мўъжам ал-авсат", 5/5237; Байҳақий, 1/1897-1899; Доримий, 1/1253; Ибн Ҳиббон, 4/1506-1507; Ибн Хузайма, 1/329; Аҳмад, 2/7245, 7602, 7816).
Бу ҳадиси шарифда ҳанафийлар учун пешинни совутишга сароҳатан далил мавжуд. Пешинни "совутиш" қачон бўлади? "Совутиш" пешин аввалги вақтида ўқилмаса, сал кечроқ ўқилса, совуган бўлади. Чунки, пешиннинг аввалги вақти кунни қаттиқ исиган вақтига тўғри келади.
Кейинги далил ҳам "Саҳиҳи Бухорий"да келтирилган бўлиб, Анас ибн Молик (р.а.) томонидан ривоят қилинган ва унда совуқ кунларида намозни эрта ўқиш, иссиқ кунларда эса кеч ўқиш маъноси аниқ билинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) мана бундай деб марҳамат қилганлар:
إِذَا اشْتَدَّ الْبَرْدُ بَكَّرَ بِالصَّلَاةِ وَإِذَا اشْتَدَّ الْحَرُّ أَبْرَدَ بِالصَّلَاةِ
"Қачон совуқ кучайса, намозни эрта ўқирдилар, агар иссиқ кучайса, намозни совутар эдилар" (Бухорий, 2/906; Байҳақий, 3/5468-5470; Ибн Хузайма, 3/1842; Таҳовий, 1/1128). Мазкур ҳадис "Адаб ал-муфрад" асарида ҳам зикр қилинган (Бухорий, "ал-Адаб ал-муфрад", 1/1162).
Ҳанафийларнинг далили бўлган мазкур икки ҳадиси шарифнинг маъноси сариҳ – очиқ ва аниқ, унда бирорта тараддудга тушадиган лафзлар, бир неча хил маъноларни ифодалаши мумкин бўлган сўз ёки иборалар ишлатилмаган.
Шунга кўра "Фатовойи Қозийхон"да ёз ойларида шиддатли ҳарорат давомли бўлган кунларда, кетма-кет иссиқ бўладиган вақтларда пешинни кечиктириш керак, дейилган. Шунинг учун ҳанафийлар баҳор ва куз ойларида пешин қишдаги сингари эртароқ ўқилаверади, деганлар (Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 115).
Юқорида зикр қилинган Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг пешин намозини шошилтириб ўқишлари ҳақидаги ҳадисни "Саҳиҳи Бухорий" асари ва бошқа мўътабар манбаларда келтирилган мазкур саҳиҳ ҳадис мувофиқлаштириб беради. Яъни, Расулуллоҳ (с.а.в.) пешинни қиш ойларида тез ва эртароқ, ёзда эса кечроқ ўқир эдилар.
Имом Шофиъий мазкур ҳадисга нима деб жавоб берадилар. Албатта, у зот "Саҳиҳи Бухорий"да келтирилган мазкур маънодаги ҳадисларни таъвил қилишга мажбур бўладилар. Имом Шофиъийнинг фикрича, одамлар жамоатга узоқроқдан келадиган бўлса, у ҳолда пешинни кечиктириброқ ўқиса бўлади. Бундай қилиш жамоатга кўпчилик йиғилишига сабаб бўлади. У зот агар қавм масжидга яқиндан қатнайдиган бўлса, унда эрта ўқиш керак бўлади, дейдилар. Бироқ, Имом Шофиъийнинг мазкур таъвилини Имом Термизий рад қилиб, ушбу раддиясига далил сифатида Абу Зарр ал-Ғифорий (р.а.)нинг гапларини келтириб ўтганлар (Термизий, 1/158). Абу Зарр ал-Ғифорий (р.а.) айтади: "Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга сафарга чиққан эдик. Муаззин Билол (р.а.) пешинга азон айтди. Сўнг такбир айтмоқчи бўлганларида Расулуллоҳ (с.а.в.): "Эй, Билол! Совут, совутгин!" дедилар". Мазкур ривоятда келтирилишича, Ҳазрати Билол (р.а.) бир неча марта такбир-иқомат айтмоқчи бўлганларида Расулуллоҳ (с.а.в.) уни тўхтатиб турганлар. Ҳатто тепаликларнинг сояси кўриниб қолган. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Инна шиддат ал-ҳарри мин файҳи жаҳаннам. Фа-абриду ъани-с-солати!" ("Иссиқнинг шиддати жаҳаннам алангасидандир. Бас, шундоқ экан намозни совутинглар!") деганлар. Имом Шофиъий жамоат учун пешинни кечиктириш мумкинлигини айтганлар, ҳолбуки, ўша вақтдаги сафарларда атрофдан келадиган жамоат бўлмаган, балки фақатгина ўша карвонга эргашган кишиларгина бўлган. Шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) пешинни кечиктириб ўқиганлар. Имом Шофиъийнинг жамоатни кўпайтириш илинжида пешинни кечроқ ўқиш борасидаги гапи Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сафарда пешинни кеч ўқиганлари ҳақидаги ҳадис билан ботил бўлиб кетади.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, Имом Термизийнинг сўзларига қараганда, юқорида келтирилган, Имом Шофиъий далил қилиб келтирган Ойша онамиз (р.а.)нинг ҳадиси иснодидаги Саид ибн Жубайр деган ровий ҳақида гап-сўз бўлиб ўтган. Яъни, Ойша онамиз (р.а.) ҳадиси ровийларидан бири Саид ибн Жубайрга кўра жарҳ қилинмоқда. Гарчи Саид ибн Жубайрни Яҳё ибн Саид ал-Қаттон ва Имом Бухорий каби ҳадисшунослар мақбул санаган бўлсалар-да, бироқ, у ровий борасида гап-сўз бўлганлигининг ўзи унинг ривоятларига эҳтиётлик билан ёндашиш кераклигини билдиради. Шу эътибордан қараганда, у саҳиҳлиги ўта ишончли бўлган, иссиқ кунларда пешинни кечроқ ўқиш ҳақидаги ҳадиси шарифлар билан тенглаша олмайди. Шунинг учун ҳам ҳанафийлар Ойша онамиз р.а. дан ривоят қилинган ҳадисга эмас балки, Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисга амал қилганлар.
Айрим китобларда шофиъийларга далил сифатида келтирилиши мумкин бўлган мана бу ҳадисни Алий ал-қори ёлғонлигини ҳамда ушбу ҳадисни Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом ал-Байҳақий каби муҳаддислар томонидан рад қилинганини айтиб ўтган (Али ал-қори. Шарҳ ан- Ниқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 89-90):
أوّل الوقت رضوان الله و آخر الوقت عفو الله
"Вақтнинг аввали Аллоҳнинг ризоси, унинг охири эса Аллоҳнинг афвидир".
Яъни, намозларни аввалги вақтларида ўқиш Аллоҳнинг ризосига сабабчи бўлади, намозларни вақтларининг охирида ўқиш айб бўлиб, Аллоҳ уни авф қилишига сабаб бўлади, деган маънодаги ривоятнинг асли йўқлиги Али ал-қори гапидан маълум бўлади.
Юқорида айтганимиздек, пешинни кечиктириш ҳақидаги ҳадисларда қаттиқ иссиқлик жаҳаннам алангасидан экани зикр қилинган. Ушбу ҳадиси шарифда иссиқлик жаҳаннам алангаси сабабли бўлиши айтилмоқда. Биз табиатдан биламизки, иссиқлик қуёшнинг ерга яқин ёки узоқлиги сабабидан бўлади. Энди, бу икки сабабни қандай тушуниш керак бўлади? Жавоб шуки, сабабларда тазод – бир-бирига қарама-қаршилик бўлмайди. Юқорида кўрсатилган икки сабаб ҳам исссиқликка сабаб бўлиши мумкин: жаҳаннам алангаси ҳам, қуёшнинг узоқ-яқинлиги ҳам. Чунки, биргина ҳодисани бир қанча сабаблари бўлиши мумкинлиги барчага маълум ва машҳурдир. Шунингдек, денгиз сатҳидан баландда жойлашиш ёки пастда жойлашиш ҳам маконнинг исиши ва совушига сабаб бўлади. Иқлимларнинг ва фаслларнинг алмашуви ҳам бунга таъсир қилади. Фақат қуёш сабаб дейдиган бўлсак, қуёш тенг тушадиган икки хил жойда ҳарорат фарқли бўлиши мумкин. Яъни, ҳароратнинг кўтарилиши ёхуд пасайишига қуёш тўлиқ сабаб эмас, фақат кўпроқ сабаб бўлиши мумкин. Агар қуёш ҳароратнинг кўтарилишига тўла сабаб дейдиган бўлсак, унда қуёш ўз ҳароратини жаҳаннамдан олади, деймиз. Шунда ҳадиси шарифда айтилгандек жаҳаннам ҳароратнинг сабабининг сабаби бўлиб ҳисобланади. У ҳолда, жаҳаннам ҳароратнинг билвосита сабабчисидир. Яъни, қуёш ҳароратнинг сабаби, қуёшнинг ҳароратининг сабаби эса жаҳаннамдир. Айрим мутахассислар бу ерда маъно ташбеҳ сифатида ишлатилган, дейдилар. Унда "Иссиқликнинг шиддати жаҳаннам алангасидекдир" деган маънода бўлади. Жаҳаннам ёмон жой бўлгани боис, унга ўхшаш вақтда ибодат қилмаган маъқул, деган фикр юзага чиқади. Зоҳирий эътибордан мана шу охирги таъвил мантиққа яқинроқ бўлади. Шунда ҳар хил саволлар юзага чиқмайди.
Жамоатни кўпайтириш илинжида пешинни жамоат учун эрта ёки кеч ўқиш керак, деган гап Имом Шофиъийдан чиққан бўлиб, агар пешинни уйида ўқиса, эрта ўқийди, жамоатда ўқийдиган бўлса кечроқ ўқийди, деган. Уни Имом Термизий рад қилганини зикр қилиб ўтдик. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) сафарда ҳам пешинни кечроқ ўқиганлар. Ҳанафийларнинг "Жавҳарат ан-наййира" асарида пешинни кечиктириб ўқиш учун учта шарт лозим, дейилган: 1) Жамоат билан бирга масжидда адо қилиниши керак; 2) Иссиқ юртларда, қуёшли ўлкаларда бўлади; 3) Иссиқ кучайган кунларда бўлади (Абу Бакр ибн Али ал-Ҳаддодий. Ал-Жавҳарат ан-наййира. 1-жилд. – Истанбул: Ориф, 1319. – Б. 55). Бу фикрга "Баҳр ар-роиқ" ва "Радд ал-муҳтор"да қўшилинмаган. "Баҳр ар-роиқ" китобида ёз ойларида пешинни мутлақо – жамоатда ҳам, ёлғиз ўқиганда ҳам кечиктириб ўқиш кераклиги таъкидланган (Қаранг: Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 24-25; Ибн Нужайм ал-Мисрий. Ал- Баҳр ар-роиқ. 2-жуз. – Миср: Илмия, 1300. – Б. 260).
Пешин вақтида жумъа ўқилгани боис жумъани ҳам ёз ойларида кечиктириш керакми? Бу борада ҳанафийларнинг китобларида икки хил фикр мавжуд. "Дурр ул-мухтор", "Баҳр ар-роиқ" каби китобларда асл вақтига қараб, ёз ойларида жумъани ҳам кечроқ ўқиш кераклиги айтилган. Бунга айрим ҳадиси шарифларнинг матни ҳам далолат қилади. Чунки, Имом Бухорийнинг Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:
إِذَا اشْتَدَّ الْبَرْدُ بَكَّرَ بِالصَّلَاةِ وَإِذَا اشْتَدَّ الْحَرُّ أَبْرَدَ بِالصَّلَاةِ
"Қачон совуқ кучайса, намозни эрта ўқирдилар, агар иссиқ кучайса, намозни совутар эдилар" (Бухорий, 2/906) дейилган ҳадисни "яъни, бу жумъа эди" деб изоҳланган.
Бироқ, жамоат кўпчиликни ташкил қилишини, жумъа кеч ўқилса, ҳараж туғилиши мумкинлигини эътиборга олиб, ҳанафийларнинг кўпчилиги жумъани кечиктирмаган яхшироқ, деганлар.
Хулоса. Ёзнинг иссиқ кунларида пешинни кечроқ ўқиш саҳиҳ ҳадисларга мувофиқ бўлиб, унга ҳанафийлар ва ҳанбалийлар амал қилиб келганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлар ёз ойларида пешинни одатдагидан кеч ўқиганлар. Бунга бугунги кунда ҳам амал қилган яхшироқ бўлади. Айниқса, иссиқ ўлкаларда ҳанафийлик мазҳабига амал қилинадиган масжидларда унга амал қилиб, ёз ойларида пешиннинг жамоатдаги вақтини бир муддат орқага сурилса, айни муддао бўларди. Жамоатга чиқмасдан, уйда ёки сафарда ўқувчилар ҳам ёзда пешинни кечроқ ўқишлари савобдан холи эмас. Бироқ, пешинни кеч ўқийман деб, масжиддаги жамоатдан қолиш ёки макруҳ вақтигача кечиктириб қўйиш асло жоиз эмас.