Cаҳобаларнинг умумий сони ҳақида тадқиқотчилар ихтилоф қилганлар. Улар 30 минг нафардан 90 минг нафаргача дейилган бўлса-да, барчалари фиқҳий салоҳиятда тенг эмаслар.
Фиқҳий фатво бериш билан шуғулланган ёки фавто берган саҳобалар сони 140 нафар атрофида, холос. Улар тўрт нарсани – имоматчилик, омонат сақлаш, маслаҳат ва насиҳат қилиш ҳамда фатво беришни бир-бирларига ҳавола қилишни одат қилган эдилар. Абдурраҳмон ибн Абу Лайло (693-765): “Бу масжидда бир юз йигирма нафар саҳоба билан учрашганман. Уларнинг ҳар қайсисидан бирор ҳадис ёки фатво сўралса, уни биродари яхши билишини айтиб, унга юборар эди”, деган эди. Бинобарин, саҳобаларнинг етти нафари энг кўп фатво берган, фатволари жамланган эди, холос. Масалан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо ибн Яъқуб ибн ал-Маъмун ал-Ҳошимий (IX аср) саҳоба Абдуллоҳ ибн ал-Аббоснинг фатволарини йигирма жилдли китобда тўплаган экан.
1) Умар ибн ал-Хаттоб (585-644)
2) Абдуллоҳ ибн Масъуд (590-653)
3) Али ибн Бу Толиб (600-661)
4) Абдуллоҳ ибн Умар (612-693)
5) Ойша бинти Абу Бакр ас-Сиддиқ (613-678)
6) Зайд ибн Собит (615-665)
7) Абдуллоҳ ибн ал-Аббос (619-686)
Саҳобаларнинг фатво берганларининг фатвоси оз-кўплигига қараб, кўп фатво берувчилар, ўртача фатво берувчилар ва оз фатво берувчилар сифатида тақсимлаб ўрганилади. Ўртача фатво берувчилардан Абу Ҳурайра (602-679)нинг фатволарини Шайх ал-ислом Тақийуддин ас-Субкий (1284-1355) тўплаб, бир рисола тартиб берган.
Бу Ҳамидуллоҳ Беруний (Аминов Хамидулла) таълиф қилган "Ҳанафийлик фиқҳининг асосий тамойил ва тушунчалари" номли асаридан олинган парча.