Жавробга масҳ тортиш ҳақида


بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله والصلاة والسلام على رسول الله ، سيدنا محمد صلى الله عليه وآله وصحبه وسلم

Бизларга Исломни дин қилиб берган ҳамда Исломни поклик устига бино қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!
Оламларга раҳмат қилиб юборилган, Ҳабибимиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар ёғилсин! У зотнинг оилалари ва шогирдларидан Роббимизнинг Ўзи рози бўлсин! Аммо баъду:

Мусулмоннинг ҳар бир иши илмий далил асосидадир. Ислом дини қўйган илмий асосни тарихда ҳам, хозир ҳам ҳеч ким қўя олгани йўқ.
Набий солаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги жавраб бугунги кундаги одатий пайпоқдан фарқ қилади. Шунинг учун мақола сарлавҳасини  “Жаврабга масҳ тортиш ҳақида”, деб қўйдик. Биз жавраб ҳақида тасаввурга эга бўлишимиз учун уламоларнинг унга берган таъриф ва шарҳларини қисқача ўрганиб ўтсак.
Абул Файз Муртазо Зубайдий шундай дейди: “Луғатда жавраб деб оёқни ўраб турувчи нарсага айтилади. Жавраб араб тилига форсчадан кирган бўлиб, унинг асли “гўри по”, яъни “оёқнинг қабри” маъносидадир” . Шунинг учун арабчада жавраб сўзининг кўплик шаклига “ҳо” ҳарфи қўшиб, яъни “жаворибаҳ” деб, унинг четдан кирганлигини билдириб қўйилади.
Имом Заркаший:  “У оёқни иситиш учун жундан қилинган қопламадир”, деган.
Тийбий  шундай дейди:  “Жавраб танани ўраб турувчи нарсадир”. Худди шу таъриф “Мажмаъул-Биҳар”да ҳам келтирилган.
Муҳаммад ибн Шавконий  шундай дейди: “Хуф, яъни маҳси теридан бўлиб, икки қадамни ўраб туради. Журмуқ, яъни чориқ ундан каттароқдир. Жавраб эса журмуқдан ҳам каттароқ бўлади” .
Шайх Абдулҳақ Деҳлавий  шундай ёзади: “Жавраб совуқда маҳсининг устидан тўфиққача кийиладиган маҳсидир. Уни аввалги маҳсининг остини кир бўлиб, ювишдан сақлаш мақсадида кийилади”.
Ибн ал-Арабий ал-Моликий  шундай дейди: “Жавраб совуқни тўсиш учун жундан қилинган қадамни ўраб турадиган (оёқ) кийимидир”. 
Ибн Таймия  ўзининг “Фатово”сида: “Жавраб билан кавушнинг фарқи, жавраб жундан, кавуш эса теридан қилинганлигидадир”, деган.
Бадриддин Айний  айтади: “Жавраб Шом шаҳри одамлари қаттиқ совуқда киядиган нарса бўлиб, уни титилган жундан йигириб қилинади. Жаврабни қадамга тўфиқнинг устигача кийилади”.
Жавраб тукдан ҳам қилинади. Холид ибн Саъддан ривоят қилинади: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тукдан бўлган икки жаврабига ва кавушига масҳ тортар эди”. 
Маждуддин Файруз Ободий  ўзининг тафсирида жаврабга умумий шомил маънони айтиб шундай деган: “Теридан, жундан, тукдан ёки бошқа ҳар қандай нарсалардан нафис ёки қалин ҳолда тўқилган оёқни ўраб турувчи нарсага жавраб дейилади. Балки жавраб тўқилган ва тўқилмаган нарсаларга ҳам шомилдир”.
Ҳалабий   Маждуддин зикр қилган таърифдан кейин қуйидагиларни айтади: “Тафсирдаги жаврабнинг таърифи луғат эътиборидандир. Лекин урфда тикилмаган бўлса ҳам (оёқни) ўраб турувчи нарсага жавраб дейилади. Жавраб тикилган ва тикилмаган бўлса ҳам маҳсига ўхшаб кийиладиган нарсадир”.
Тийбий, Шавконий ва шайх Абдулҳақ ўз тафсирларида, жавраб деб теридан қилинган, маҳсидан каттароқ, маҳсининг туридан бўлган нарсага айтилади, дейишган.
Ибн ал-Арабий, Ибн Таймия ва Айнийларнинг тафсирларида, жавраб жундан қилинган оёқ кийими, дейилади.
Ҳанафийларларнинг буюк имомларидан Шамсул Аимма Ҳалвоний  шундай дейди: “Жавраб беш хил нарсадан қилинади.
1-    Миръизийдан;
2-    Ғазлдан;
3-    Қилдан;
4-    Юпқа теридан;
5-    Кирбосдан.
Ибн Нужайм  Шамсул Аиммадан ривоят қилиб, ушбу беш нарсани таърифлаб, жумладан:
“Миръизий эчкининг юнги остидаги майин тукдир. Ғазл жундан йигирилган ипдир. Кирбос пахтанинг ипидан тўқилган матодир”, деган. 
Иброҳийм Муҳаммад ибн Иброҳийм Ҳалабий айтади: “Кирбос деб ҳар қандай ип туридан бўлган нарсага айтилаверади. Каноп, ибрисим яъни ипак кабиларнинг ҳам кирбос дейиш мумкин”.
“Баҳрур Роиқ”нинг хошиясида  жаврабнинг таърифидаги ихтилоф икки жиҳатдандир, дейилган:
1-    У нимадан қилиниши тўғрисидаги ихтилоф;
2-    Унинг миқдори тўғрисидаги ихтилоф.
Аллома Абу Тийб Шамсул Ҳақ  ушбу икки турдаги ихтилофни зикр қилиб ўтгач, қуйидагиларни айтади: “Ушбу ихтилоф, яна Аллоҳ ўзи билгувчироқ, луғатшуносларнинг жаврабни турли изоҳлашлари сабабли ёки жаврабнинг турли диёрларда кўриниши ва ясалиши турли хил бўлганлиги сабабли пайдо бўлган. Баъзи жойларда жавраб теридан қилинган ва баъзи ўлкаларда жундан ясалган бўлса, яна бошқа ўринларда ҳар қандай турдаги матодан тайёрланган. Ким жаврабга таъриф айтса, ўз юртидаги жаврабнинг кўринишини таърифлаган. Ҳар ким ўзида борини, кўрганини айтган”. 
Муборакфурий   айтади: “Ушбу турли хил изоҳ ва тушунтиришларни жамлаш мумкин. Жавраб “Қомус”нинг соҳиби айтганидек нимадан бўлишидан қатъий назар оёқни ўраб турадиган нарсадир. Лекин жаврабни теридан, жундан, тукдан ёки бошқа нарсадан бўлиши тўғрисидаги сўзлар ҳар кимнинг ўз юрти ҳунармандчилиги эътиборидандир. Валлоҳу Аълам”. 
Яна Муборакфурий жаврабнинг истелоҳий маъноси хусусида сўз юритиб, шундай дейди: “Мазҳаблар ўртасида жаврабга  масҳ тортиш бўйича ранг-баранг қарашлар мавжуд. Менинг наздимда энг кучли сўз имом Таҳовийнинг “Шарҳул Осор”да айтган сўзидир:
“Биз, жавраб агар қалин бўлса, унга масҳ тортишнинг зарари йўқ, деймиз. Батаҳқиқ, Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳимлар ҳам худди ушбу сўзни айтишган. Аммо Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ, жаврабга масҳ тортиш учун уни қалин бўлиши билан бирга, теридан ишланган бўлишини ҳам шарт қилганлар. Шунда жавраб гўё маҳси каби бўлади”, деган.
Ҳанафийларнинг китобларидан бўлмиш “Шарҳул Виқоя”да: “Жаврабнинг иккиси ҳам зич тўқилган бўлиши, яъни уни боғлаб олмаса ҳам тўфиқда ўзи туриши керак. Яна кавуш қисми теридан бўлиши лозим. Агар жавраб зич тўқилган бўлиб, кавуш қисми теридан бўлмаса Абу Ҳанифанинг наздларида унга масҳ тортиш жоиз эмас. Лекин икки шогирдлари  жавраб зич тўқилган бўлишининг ўзи масҳ тортишга кифоя қилади дейишган. Абу Ҳанифа икки шогирдларининг гапига қайтган ва фатво ҳам шунгадир”, дейилган.
Яна “Шарҳул Виқоя”да шундай дейилади:
“المنعل”  ал-Мунаъал “ التنعيل” ат-Танъилдан олинган бўлиб, жавраб қадамининг остига худди ковушга ўхшатиб тери қўйишга айтилади.
“المجلد”  ал-Мужаллад “التجليد” ат-Тажлиддан олинган бўлиб, жаврабнинг юқори ва қуйи қисмини тери билан қоплашга айтилади”.
Ҳанафий мазҳабининг жавраб хусусидаги умумий қарашлари қуйидагича:
Агар икки жаврабнинг ости теридан бўлса ёки мутлақ теридан бўлса, унга масҳ тортиш тўғрисида барча иттифоқ қилади. Агар  икки жаврабнинг ости теридан бўлмаса ёки мутлақ теридан бўлмаса, унга масҳ тортиш тўғрисида ихтилоф қилишади. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳи алайҳ аввалги сўзларида, унинг ости ёки мутлақ ўзи теридан бўлмаса унда доим юриш имкони йўқ, деган хулоса билан масҳ тортишни ман қиладилар. Бу суратда жаврабнинг маҳсига ўхшаш жиҳати йўқолади. У зотнинг икки соҳиблари Абу Юсуф ва Муҳаммадлар агар жавраб қалин ва мустаҳкам матодан бўлса, унда бемалол юриш мумкин, шу жиҳатдан у маҳсига ўхшайди, деб унга масҳ тортишлик ижозатини берадилар. Агар жавраб қалин ва мустаҳкам матодан бўлмаса, бу икки шогирднинг наздида ҳам билиттифоқ унга масҳ тортишлик жоиз эмас. Ушбу маълумот Абдулҳай Лакнавийнинг  “Шарҳул Виқоя” га ёзган “Умда ар-риоя” номли ҳошиясида ҳам келтирлган.
Аллома Косоний  роҳимаҳуллоҳ “Бадоеъус саноеъ” китобида шундай ёзади:  “Уламоларнинг иттифоқига кўра, жаврабларнинг матоси сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, уларга масҳ тортиш мумкин эмас”. Аллома ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ ҳам шундай дейди: “Ип ёки жундан қилинган жаврабларга масҳ тортиш мумкин эмас”. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Кийилган жавраб бир фарсахдан (уч милдан яъни 5760 метрдан) ортиқ йўл юрса бўладиган даражада қалин-пишиқ бўлсагина, уламоларнинг фикрида бир оз фарқ учраши мумкин. (“Ал-Баҳрур-Роиқ”).
Жавраб хусусида  моликийларнинг мазҳаби Абу Ҳанифанинг аввалги сўзи билан бир хилдир. Яъни, улар ҳам жаврабга масҳ тортишлик учун унда энг камида икки шарт топилишлиги лозим, дейдилар.
1-    Жавраб мутлақ теридан бўлиши;
2-    Ёки энг камида кавуш қисми теридан бўлиши лозим.
Шофеъий ва Ҳанбалийлар ижтиҳодини имом Термизий зикр қилади: “Агар жавраб қалин ва мустаҳкам матодан бўлса, унинг остига тери қопланмаган бўлса ҳам унга масҳ тортиш жоиздир”.
Бунга кўра Абу Ҳанифанинг кейинги сўзи, икки шогирдларининг сўзи, имом Шофеъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сўзлари бир хилдир. Яъни, агар жавраб қалин ва мустаҳкам матодан бўлса, унинг остига тери қопланмаган бўлса ҳам унга масҳ тортишлик жоиздир.
Имом Шофеъийдан Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг аввалги сўзига ўхшаш сўз ҳам нақл қилинган. Ибн Қудома  “Муғний”да шундай дейди: “Абу Ҳанифа, Молик, Авзоий, Мужоҳид, Амр ибн Дийнор, Ҳасан ибн Муслим ва Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳимлар: “Агар икки жаврабнинг остига тери қопланмаган бўлса, уларга масҳ тортиш жоиз эмас. Чунки унда юриш имкони йўқдир. Нафис жаврабга масҳ тортиш жоиз бўлмаганидек, остига тери қопланмаган жаврабга ҳам масҳ тортиб бўлмайди”, дейишади”.
Ибн ал-Арабий “Ориза”да шундай дейди:
“Уламолар жаврабга масҳ тортиш хусусида уч хил фикрни олдинга суришади:
1-    Агар жавраб тўфиққача теридан қилинган бўлса, унга масҳ тортишлик дуруст бўлади. Имом Шофеъий ва бизнинг баъзи соҳибларимиз ҳам ушбу сўзни айтишган.
2-     Агар жавраб қалин бўлиб, мутлақ теридан бўлмасада, лекин остига тери қопланган бўлса, унга масҳ тортишлик жоиздир. Шофеъийларнинг баъзи соҳиблари ўз мазҳабларида ушбу сўзни тасдиқ қилишган. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳам мана шу фикрни қувватлаган. Шофеъийнинг асҳоблари буни имом Моликдан ривоят қилиб келтиришган.
3-    Агар жаврабнинг остига тери қопланмаган ва ёки мутлақ теридан бўлмаса ҳам, унга масҳ тортишлик жоиз бўлади. Бу сўзни Аҳмад ибн Ҳанбал айтган. 
“Нурул ийзоҳ”да масҳ тортишлик дуруст бўлиши учун оёқ кийимида қуйидаги еттита шарт бўлиши лозимлиги айтилган:
1-    Иккиси икки оёқни ювилган ҳолда кийилган бўлиши лозим. Бунда таҳоратни синдирувчи амал ҳосил бўлмай, бошқа аъзоларни ҳам ювиб таҳоратни комил олгач кийилиши шарт бўлади.
2-    Иккиси тўфиқларни беркитган бўлиши лозим.
3-    Улар билан юриш имконияти бўлсин. Шишадан, ёғочдан ёки темирдан бўлган оёқ кийимга (уларда юриш имконияти бўлмаганлиги учун) масҳ тортиб бўлмайди.
4-    Ҳар иккисининг ўзида оёқ бармоқларидан учтаси миқдорида боғловсиз йиртиқ бўлмасин.
5-    Боғловсиз ўзи оёқда туриши лозим.
6-    Ўзидан сув ўтказмайдиган бўлиши.
7-    Кичик қўл бармоқларидан уч бармоқ миқдорида  қадамининг олди бўлиши лозим. Агар қадамининг орқа томони бўлиб олди томони бўлмаса унга кийилган оёқ кийимга масҳ тортилмайди .
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак фуқаҳолар ўртасида умумий илмий қарашларни  диққат назари билан ўрганиб чиқилганда, биз бугунги кунда кийиб юрган шаффоф пайпоқларга масҳ тортишликнинг ёрқин далилини кўрмаймиз. Ўзи умуман олганда киши ибодат масаласида эҳтиётлироқ бўлгани маъқул. Жаврабга масҳ тортишлик хусусида барча фуқаҳолар иттифоқ қилишган, лекин жаврабнинг сифати тўғрисида турли хил фикр олдинга сурилган. Бу фикрларни ҳам ўрганиб чиқилса, бугунги куннинг шаффоф ҳамда юпқа пайпоқларига масҳ тортиб бўлмаслигига уларнинг иттифоқини кўриш мумкин.
Шундай вазиятда уламоларимиз барча иттифоқ қилган, ҳамма шартларга жавоб берадиган жаврабни ишлаб чиқариш лозимлигини тавсия қилишган эди. Шунда қалб хотиржамлиги, ибодат комиллиги юзага чиқиб ҳамда бу масалада мусулмонларнинг орасидаги ихтилоф барҳам топишига боис бўлиши умид қилинган эди. Аллоҳга ҳамд бўлсин бугунги фан тараққиёти имкониятларидан фойдаланиб ушбу жавраб ишлаб чиқарилди. Бир қанча кўзга кўринган забардаст уламолар тарафидан ўрганилиб, илмий баҳс қилингандан сўнг ҳамда воқеъликдаги бевосита тажриба ва синовлардан кейин ушбу янги ишлаб чиқарилган “Eshel mest”номли жаврабда масҳ тортиш учун барча уламолар қўйган шартлар  мавжудлиги аён бўлмоқда.
Бизнинг диёримизда ҳам ушбу “Eshel mest” жавраби ҳар томонлама илмий баҳс ва тажрибалар асосида ўрганилди. “Eshel mest”  жавраби устида олиб борилган илмий баҳс ва мунозаралардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Eshel mest” жавраби шаръий шартлар асосида кийилган бўлса, унга масҳ тортиш жоиздир. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ушбу жаврабни амалий маънода ҳам тажриба қилиб кўрилди. Яъни, уни кийиб беш километрлик масофани ташқарида, оддий йўлда босиб ўтилди. Шунингдек, айнан ташқарида кийилган ва у билан беш километр йўл босилган жаврабда югуриш йўлакчасида (беговой дрожка) ҳам беш километр йўл босиб ўтилди. Натижада “Eshel mest”  жавраби бироз кир бўлган ва унда ҳеч қандай йиртилиш ёки таҳоратга халал берадиган ҳолат юзага келмаган.
Ушбуларни ҳисобга олиб, биз “Eshel mest”  жавраби шаръий шартлар асосида кийилган бўлса, унга масҳ тортиш жоиз деб биламиз.
Албатта, жаврабга масҳ тортиш масаласи ҳамма замонларда ҳам баъзи тортишув ва баҳсларга сабаб бўлган. Бунинг сабаби гоҳида уни тушунишдаги фарқлардан келиб чиққан бўлса, айрим пайтларда нассларни туғри тушунмаслик ва уларни нотўғри талқин қилишдан бўлган. Бизнинг диёримизда ҳам айримлар бу масалада турли ихтилофга олиб борадиган, уламолар тарафидан жавраб учун қўйилган шартларга мутлақо туғри келмайдиган фатволар асосида баъзи гап-сўзлар чиқаришди. Жумладан, оддий юпқа матодан тикилган ёки шаффоф шаклда тўқилган пайпоқларга масҳ тортиш жоиз деган даъволарни юзага чиқаришди. Оддий пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмаслигини яна бир марта таъкидлаб қўйиш лозим. Шунинг учун ҳам биз келишилган ҳолда “Eshel mest”ни пайпоқ эмас, балки жавраб дейишга қарор қилдик.
Юқоридаги биз келтириб ўтган уламоларнинг якдил фикрларига тўғри келадиган ҳамда ҳеч қандай ихтилофларга сабаб бўлмайдиган жавраб ишлаб чиқарилиб, барча мусулмонларга хусусан, совуқ ўлкаларда яшайдиган мўъмин-мусулмонларга тақдим этилгани қувонарли ҳолдир.
Келажакда юқори технологиялар ва тараққиёт омилларидан фойдаланиб, ушбу “Eshel mest”  жаврабидан ҳам қулайроқ ва мусулмонлар учун осонлик келтирувчи ҳамда  фуқаҳолар томонидан шарт қилинган шартларга мувофиқ келадиган жавраблар ишлаб чиқарилса деган умид билдирамиз.

Муҳаммад Айюб Ҳомидов.
Аброр Мухтор Алий.

 1. Маҳси қалинлиги оёққа кийилганда юқори қисмидан бирор нарса билан боғланмаса ҳам оёқда тик турадиган, қўнжи тушиб кетмайдиган бўлиши;
2. Кийилганда остидан оёқ кўринмайдиган даражада қалин бўлиши;

أَن يَكُونُ خُفًّا يَسْتُرُ الْكَعْبَيْنِ وَ إِنْ كَانَا رَقِيقَينِ يَشُفَّانِ الْمَاءَ لا يَجُوزُ وَإِنْ كَانَا ثَخِينَينِ يَجُوزُ.

«Маҳси тўпиқни беркитадиган даражада, сиртдан сув қуйилганда ичкарига ўтказмайдиган қалин бўлиши керак. Агар юпқа сувни шимиб оладиган бўлса, жоиз эмас» (Бадоиус саноиъ).
Таҳоратда оёқни ювиш «Моида» сурасидаги оят билан собит бўлган. Унга зиёда қилиш, яъни мисол учун, маҳси кийиб, масҳ тортиш мутавотир ёки машҳур даражадаги ҳадислар билангина жоиз бўлади. Араб тилидаги жавроб деб номланган нарса (пайпоқ)га масҳ тортиш мутавотир ва машҳур даражасига етмаган. Шунинг учун оятга жавроб тўғрисида келган ҳадислар билан зиёда қилиб бўлмайди. Абу Ҳанифанинг вафотларидан уч кун олдин жавробларига масҳ тортганликлари тўғрисидаги ривоят жавроб ҳақидаги ҳадисга биноан эмас, балки оёқларидаги жавроблари маҳси даражасидаги маҳсига ўхшаш сифатга эга бўлганлиги учундир.
3. Устидан сув қуйса, ичига ўтмаслиги;
4. Тўпиқни ёпиши;
Шунинг учун оёққа кийилган нарса, хоҳ у чармдан бўлсин, хоҳ жундан тўқилган мато бўлсин, унда юқорида санаб ўтилган шартлар топилса, масҳ тортиш жоиздир.
Ҳозирги кундаги пайпоқларда бу шартларнинг бирортаси топилмаганлиги учун уламоларимиз «Уларга масҳ тортиш жоиз эмас», деб фатво берганлар. Шунингдек, чармдан тикилган маҳсиларда ҳам юқоридаги санаб ўтилган шартлар топилмаса, уларга ҳам масҳ тортиш жоиз эмасдир.

Аввало, “жавроб” сўзининг луғавий маъноси билан танишиб чиқамиз. “Жавроб” сўзи асли форсча бўлиб, “кавроб” кўринишида бўлган. Араб тилига “жавроб” шаклида ўтган. (Ибн Манзур, “Лисанул-ароб”, 1-жузъ).
“Қомусул-муҳийт”, “Лисанул-ароб” ва “Ас-сиҳоҳ” луғатларида “жавроб”га “у оёқни ўраб турувчи нарса”, дея таъриф берилган.
Тийбий: “Жавроб теридан қилинади, оёқни ўраб туради. У маълум махси туридир”, деган.
Абу Бакр ибн Арабий “Оризатул-аҳвазий”да: “Жавроб жундан қилинган оёқни ёпиб турувчи пойафзал. У совуқ кунларда кийилади”, деган.
Шавконий “Шарҳул-мунтақоъ”да: “Махси ошланган теридан қилинади ва тўпиқни ёпиб туради. Журмуқ махсидан каттароқ бўлиб, унинг устидан кийилади. Жавроб эса журмуқдан ҳам катта бўлади”, деб айтган.
Шайх Абдулҳаққ Деҳлавий “Лумъат”да айтади: “Жавроб махси каби бўлиб, махси устидан кийилади. У оёқни совуқдан, махсининг устки қисмини чанг ва сув тегишидан сақлайди”.
Ҳанафий имомлардан ҳисобланмиш Ҳалвоний таъкидлашича, жавроб беш хил бўлади. У тери, жун  ва шу каби нарсалардан қилинган жавробни зикр қилган, аммо кирбос (юпқа ип газлама)дан қилинган жавробга масҳ тортиш мумкин эмаслигини алоҳида зикр қилинган.
Юқорида келтирилганлардан маълум бўладики, жавроб махсининг бир тури, фақат у махсидан каттароқ бўлади. Баъзилар у болдиргача бўлади, десалар, бошқалар жавроб тўпиққача бўлишини айтишган.
Жавроб тери, жун ва пахтадан қилиниши мумкин. Аммо Тийбий ва Шавконийлар у фақат теридан қилинишини таъкидлаганлар. Абу Бакр ибн Арабий ва аллома Айнийлар жавроб жундан ҳам тўқилиши мумкинлигини айтишган.
Ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавробга масҳ тортганлари баён қилинган.

عَنْ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَوَضَّأَ وَمَسَحَ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ وَالنَّعْلَيْنِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Муғийра ибн Шуъба розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилиб, жавроб ва пойафзалларига масҳ тортганлар (Сунан соҳиблари, Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ ). [1]
Уламолар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавроб ва пойафзалга қўшиб масҳ тортганлар. Жавроб билан бирга оёқ кийимга ҳам масҳ тортиш афзал. Аммо ёлғиз оёқ кийимнинг ўзига масҳ тортиш жоиз эмас, деганлар.
Устоз Абулвалид бу ҳадисни таъвил қилиб, “У зот жавробга алоҳида, пойафзалга алоҳида эмас, балки пойафзал шаклидаги жавробга масҳ тортганлар”, деган. (Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да ривоят қилган).
Бу фикрни қуйидаги ривоят тасдиқлайди. Рошид ибн Нажийҳдан ривоят қилинади: “Мен Анас ибн Молик ҳожатхонага кирганини кўрдим. Унинг оёғида таги теридан, усти соф жун ва ипакдан қилинган жавроб бор эди. У ўша жавробга масҳ тортди” (Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да ривоят қилган).
Имом Шинқитийнинг “Сунани Термизий”га ёзган шарҳида: “Жавроб уч хил бўлади:
1. Тагига тери қилинган жавроб;
2. Теридан қилинмаган, аммо қалин жавроб;
3. Юпқа жавроб.
Теридан қилинган жавробга таъриф берадиган бўлсак, унинг усти матодан, таги эса теридан қилинган бўлади. Бу турдаги жавроб бизнинг давримизда мавжуд эмас, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида шундай жавроблар бўлган. Бундай жавроб билан юриш мумкин бўлган, уни кийгандан кейин пойафзалга ҳожат қолмаган. Мана шу турдаги жавробга жумҳур уламолар, хусусан, ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалийлар масҳ тортиш мумкинлигини айтишган... Агар жавробнинг таги теридан қилинган, ўзи қалин бўлса, усти жун ёки пахтадан қилинган бўлса ҳам, унга масҳ тортиш жоиз. Чунки у оёқни ўраб туради. Мана шундай жавроб махси ҳукмида бўлади. Теридан қилинган жавробга масҳ тортиш борасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ.
Иккинчи ҳолат шуки, ҳанбалийлар, Абу Ҳанифанинг икки шогирди Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ ва Довуд Зоҳирийлар наздида, теридан қилинмаган, аммо қалин жавробга масҳ тортиш жоиз. Аммо ҳанафий, моликий ва шофеъийлардан иборат жумҳур уламоларга кўра, жавроб гарчи қалин бўлса ҳам, агар теридан қилинмаган бўлса, унга масҳ тортиш мумкин эмас.
Учинчи ҳолат шуки, салаф ва халаф уламоларнинг жумҳурлари юпқа жавробга масҳ тортишга рухсат беришмаган. Сабаби Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз замонларида машҳур бўлган жавробга масҳ тортганлар. У вақтларда ҳозирги юпқа, шаффоф жавроблар (пайпоқлар) машҳур бўлмаган. Саҳобалар ҳам оёқларига қалин жавроб кийиб юришган. Уларнинг жавроблари юпқа бўлмаган... Юпқа жавроб қалин жавроб билан тенг бўла олмайди. Қалин жавробга масҳ тортиш жоиз. У теридан қилинган махси кабидир”, дейилган.

وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَوَضَّأَ وَمَسَحَ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ وَالنَّعْلَيْنِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالطَّبَرَانِيُّ وَالطَّحَاوِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилиб, жавроб ва пойафзалларига масҳ тортганлар. (Ибн Можа, Табароний ва Таҳовий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
“Миръатул-мафатийҳ шарҳу мишкатил-масобийҳ” китобида: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавроб устидан пойафзал кийганлар, жавроб ва пойафзалга бирга масҳ тортганлар. Бу билан у зот пойафзалга эмас, жавробга масҳ тортишни мақсад қилганлар”, дейилган.

وَعَنْ كَعْبِ بن عُجْرَةَ عَنْ بِلالٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَمْسَحُ عَلَى الْخُفَّيْنِ وَالْجَوْرَبَيْنِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَابْنَ أَبِي شَيْبَةَ.

Каъб ибн Ужра Билол розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам махси ва жавробга масҳ тортар эдилар” (Табароний ва Ибн Абу Шайба ривояти).
Жавробга масҳ тортиш бир ёки бир нечта кишининг ривояти билан собит бўлган. Оёқни ювиш эса саноқсиз ровийлар ва қатъий далиллар билан собит бўлган. Жавробга масҳ тортиш ҳақидаги ривоятлар таъвили муҳтамал, оёқни ювиш ҳақидаги эса муҳкам ва очиқ-ойдиндир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавробга масҳ тортишларини кўрган саҳобалар у зотга эргашиб жавробга масҳ тортганлари кўплаб ривоятларда келтирилган.

عَنْ كَعْبِ بْنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ: رَأَيْتُ عَلِيًّا بَالَ فَمَسَحَ عَلَى جَوْرَبَيْهِ وَنَعْلَيْهِ ثُمَّ قَامَ يُصَلِّي. رَوَاهُ عَبْدُ الرَّزَّاقِ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ.

Каъб ибн Абдуллоҳ ривоят қилади: “Мен Али бавл қилиб, кейин жавроб ва пойафзалига масҳ тортиб, намозга турганини кўрганман” (Абдураззоқ ва Ибн Абу Шайба ривояти).
Саҳоба ва тобеинлар жавробга масҳ тортганлари ҳақида ривоятлар кўп.

وَعَنْ هَمَّامِ بن الْحَارِثِ عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ أَنَّهُ كَانَ يَمْسَحُ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ وَالنَّعْلَيْنِ. رَوَاهُ عَبْدُ الرَّزَّاقِ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَرِجَالُهُ مُوَثَّقُونَ.

Ҳаммам ибн Ҳорисдан ривоят қилинишича, Ибн Масъуд жавроб ва пойафзалга масҳ тортар эди. (Абдураззоқ, Ибн Абу Шайба, Табароний “Кабийр”да ишончли деб топилган ровийлардан ривоят қилган).
Баъзи тоифалар юқоридаги ривоятларни далил қилиб, пайпоққа масҳ тортиш жоиз, деган фатвони бермоқдалар. Бу тил ва шариат асосини яхши тушунмаслик ёки аҳли зоҳирлик натижасида келиб чиққан. Биз юқорида “жавроб” сўзига уламолар келтирган изоҳларни кўриб чиқдик. Ҳозирги араб тилида “жавроб” деганда “юпқа матодан тайёрланган пайпоқ” тушунилади. Улар “жавроб” сўзи ўрнида “шурроб”ни ҳам ишлатадилар. Авваллари “жавроб” деганда тери ёки жундан ишланган, оёққа чанг ва сув ўтказмайдиган оёқ кийим тушунилган бўлса, ҳозир юпқа, сув, чанг ва ҳаво ўтказувчи, ёлғиз ўзи билан юриш мумкин бўлмаган матони араблар “жавроб”, деб атайдилар. Лекин биз ўрганаётган ривоятларда, имом Шинқитий айтганидек, ҳозирги юпқа пайпоқлар назарда тутилмаган.
Ушбу ривоятларни далил қилиб, пайпоққа масҳ тортиш жоиз, деганлар балки мусулмонларга осон бўлишини ўйлагандирлар, ҳадисда бор экан, мана далили, деб яхшиликни ирода қилгандирлар. Аммо ҳадисни нотўғри тушуниб, уни бошқаларга хато етказиш катта гуноҳ ва зарарли эканини ҳам ёддан чиқармаслик лозим.
Юқоридаги ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийган жавроб тери ёки жундан қилингани айтилмаган. Тахминимизча, у теридан қилинган ёки остига тери ишланган. Камида жундан қилинган. Ҳар ҳолда у зот оёқларига пайпоқ кийиб, кейин унга масҳ тортмаган бўлсалар керак. Зеро, таҳоратда оёғини чала ювган кишини қайта таҳорат қилишга буюрганлари, товонини пала-партиш ювганларга қарата баланд овозда: “Товонларга жаҳаннамда вайл бўлсин!” деб айтган сўзлари у зот махси сифатига эга бўлмаган оёқ кийимга масҳ тортмаганлар, деган хулосага келишимизга асос бўлади.
Юқоридаги далиллар ҳар қандай жавробга масҳ тортиш жоизлигига далолат қилмайди. Масҳ тортишга яроқли бўлиши учун жавроб қалин, тери ёки жундан қилинган бўлиши кераклигига бир қанча далиллар бор.

عَنْ قَتَادَةَ عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ وَالْحَسَنِ أَنَّهُمَا قَالاَ: يَمْسَحُ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ إِذَا كَانَا صَفِيقَيْنِ. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ فِي الْمُصَنَّفِ وَرِجَالُهُ رِجَالُ الْجَمَاعَةِ.

Қатодадан ривоят қилинишича, Саид ибн Мусаййаб ва Ҳасан Басрийлар: “Агар жавроб қалин бўлса, унга масҳ тортилади”, дейишган. (Ибн Абу Шайба “Мусоннаф”да ривоят қилган. Унинг ровийлари жамоат (машҳур) ровийларидир).
Ушбу ривоятда айтилишича, машҳур тобеинлардан бўлган Саид ибн Мусаййаб ва Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳимолар жавроб қалин бўлиши кераклигини шарт қилишган экан. Бундан келиб чиқадики, юпқа жавробга масҳ тортиш мумкин эмас. Деярли барча уламолар жавробга масҳ тортиш тўғри бўлиши учун жавроб қалин бўлиши кераклигини таъкидлашган.
Ушбу ривоят “жавробга масҳ тортиш мутлоқ. Уни чекловчи ҳеч қандай шарт ривоятларда собит бўлмаган”, деб айтувчиларга раддия бўлади.

وَعَنْ رَاشِدِ بْنِ نَجِيحٍ قَالَ: رَأَيْتُ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ دَخَلَ الْخَلاَءَ وَعَلَيْهِ جَوْرَبَانِ أَسْفَلَهُمَا جُلُودٌ وَأَعْلاَهُمَا خَزٌّ فَمَسَحَ عَلَيْهِمَا. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي السُّنَنِ الْكُبْرَى.

Рошид ибн Нажийҳдан ривоят қилинади: “Мен Анас ибн Молик ҳожатхонага кирганини кўрдим. Унинг оёғида таги теридан, усти соф жун ва ипакдан қилинган жавроб бор эди. У ўша жавробга масҳ тортди” (Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да ривоят қилган).
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавробга масҳ тортганларини кўришган. Улар у зот жавробларининг сифатини ҳам яхши билишган. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу таги тери, юқориси тоза жун ва ипак қўшиб тўқилган жавробни кийиб, таҳоратда унга масҳ тортган экан, демак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавроблари ҳам камида шундай сифатга эга бўлган.

وَعَنْ خَالِدِ بْنِ سَعِيدٍ عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَمْرٍو أَنَّهُ مَسَحَ عَلَى جَوْرَبَيْنِ مِنْ شَعْرٍ. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ.

Холид ибн Саиддан ривоят қилинишича, Уқба ибн Амр жундан қилинган жавробга масҳ тортган. (Ибн Абу Шайба ривояти).
Саҳоба ва тобеинлар ўртасида жавробга масҳ тортиш борасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Сабаби улар давридаги жавроб маълум сифатларга эга бўлган, унинг юпқа шакли деярли бўлмаган. Агар бир саҳобий қалин жавробга, иккинчиси юпқа жавробга масҳ тортганда, орада низо ва келишмовчилик пайдо бўларди. Демак, бир тарафдан бу борада салафлар орасида ихтилоф йўқ. Бошқа тарафдан, жавроб қалин, ости тери ва усти жундан бўлиши ҳақида саҳоба ва тобеинлардан ривоятлар бор. Бундан келиб чиқадики, ҳадис ва мўътамад фиқҳ китобларда келган “жавроб” ҳозирги пайтдаги жавроб (пайпоқ)лардан тубдан фарқ қилган. Мана шу фикр ҳам нақлан, ҳам ақлан ҳақиқатга яқиндир.

وَعَنْ سَعِيدِ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ ضِرَارٍ أَنَّ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ تَوَضَّأَ وَمَسَحَ عَلَى جَوْرَبَيْنِ مِرْعِزَّي. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ.

Саид ибн Абдуллоҳ ибн Зирордан ривоят қилинишича, Анас ибн Молик таҳорат қилиб, майин жундан қилинган жавробга масҳ тортган. (Ибн Абу Шайба ривояти).
Бу ерда “майин жун” деганда “юпқа мато” деб тушуниш керак эмас. Балки ушбу ривоятда дағаллиги нисбатан камроқ бўлган жун назарда тутилган.

وَعَنْ خَالِدِ بْنِ سَعْدٍ قَالَ: كَانَ أَبُو مَسْعُودٍ الأَنْصَارِيُّ يَمْسَحُ عَلَى جَوْرَبَيْنِ لَهُ مِنْ شَعْرٍ وَنَعْلَيْهِ. رَوَاهُ عَبْدُ الرَّزَّاقِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Холид ибн Саиддан ривоят қилинади: “Абу Масъуд Ансорий жундан қилинган жавроб ва пойафзалига масҳ тортар эди” (Абдураззоқ ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Мана шу ривоят ҳам Муғийра ибн Шуъбанинг ривоятини шарҳлайди.

وَقَالَ الأَزْرَقُ بْنُ قَيْسٍ: رَأَيْتُ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ أَحْدَثَ فَغَسَلَ وَجْهَهُ وَيَدَيْهِ وَمَسَحَ عَلَى جَوْرَبَيْنِ مِنْ صُوفٍ فَقُلْتُ: أَتَمْسَحُ عَلَيْهِمَا ، فَقَالَ: إِنَّهُمَا خُفَّانِ وَلَكِنَّهُمَا مِنْ صُوفٍ. قَالَ أَحْمَدُ شَاكِرٌ رَحِمَهُ اللهُ: رَوَاهُ الدَّوْلاَبِيُّ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ.

Азрақ ибн Қайс ривоят қилади: “Мен Анас ибн Молик таҳорати бузилгандан кейин юзи ва икки қўлини ювгани ва жундан қилинган жавробга масҳ тортганини кўрдим ва: “Буларга масҳ тортасанми?” деб сўрадим. У: “Бу иккиси махси, фақат жундан қилинган”, деб жавоб берди” (Аҳмад Шокир раҳматуллоҳи алайҳ: “Буни Давлобий саҳиҳ санад билан ривоят қилган”, деган).
Шу ерда эслатиб ўтиш лозимки, агар жавроб теридан қилинган бўлса, асосан тагига тери қилинган бўлса, ҳанафий уламолар наздида унга масҳ тортиш жоиз. Агар жавроб теридан қилинмаган ва юпқа бўлса, сув ва чанг ўтказса, уламолар ижмоъсига кўра, унга масҳ тортиш жоиз эмас.
Салафлар жавроб махси ҳукмида эканини айтишган. Бунинг учун жавроб маълум сифатларга эга бўлиши керак.

وَعَنْ ابْنِ جُرَيْجٍ عَنْ عَطَاءٍ قَالَ: أَلْمَسْحُ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ بِمَنْزِلَةِ الْمَسْحِ عَلَى الْخُفَّيْنِ. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ.

Ибн Журайж Ато раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади: “Жавробга масҳ тортиш махсига масҳ тортиш ўрнидадир” (Ибн Абу Шайба ривояти).
Бу ривоятни фақат “жавробга ҳам худди махсида бўлгани каби муқим бир кеча-кундуз, мусофир уч кеча ва уч кундуз масҳ тортиши мумкин” деб эмас, балки махси қандай сифатга эга бўлса, жавроб ҳам шундай сифатга эга бўлиши лозим ва ана ўшанда унга масҳ тортиш худди махсига масҳ тортиш каби бўлади”, деб тушуниш керак.
Баккоъдан ривоят қилинишича, у Ибн Умар розийаллоҳу анҳунинг: “Жавробга масҳ тортиш худди махсига масҳ тортиш кабидир”, деб айтганини эшитган. (Ибн Абу Шайба ривояти).
Ҳусойн Иброҳимдан ривоят қилади: “Жавроб ва пойафзал махси ўрнидадир” (Ибн Абу Шайба ривояти).
Аббод ибн Рошид ривоят қилади: “Мен Нофеъдан жавробга масҳ тортиш ҳақида сўрагандим, у: “Жавроб махси ўрнидадир”, деб жавоб берди” (Ибн Абу Шайба ривояти).
Махси ва қалин жавробнинг ҳукми бир, аммо улар орасидаги фарқ шуки, махси фақат теридан қилинади, жавроб эса тери, жун, зиғир толаси ва шу каби нарсалардан тўқилади.
Энди салафлар жавробга масҳ тортиш борасида қандай фикрда эканлари ҳақидаги бошқа ривоятни ўрганиш билан таҳлилимизни давом эттирамиз.

وَقَالَ أَبُو دَاوُدَ: وَمَسَحَ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ عَلِيُّ بْنُ أَبِي طَالِبٍ وَابْنُ مَسْعُودٍ وَالْبَرَاءُ بْنُ عَازِبٍ وَأَنَسُ بْنُ مَالِكٍ وَأَبُو أُمَامَةَ وَسَهْلُ بْنُ سَعْدٍ وَعَمْرُو بْنُ حُرَيْثٍ وَرُوِيَ ذَلِكَ عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ وَابْنِ عَبَّاسٍ وقَالَ أَبُو عِيسَى: هُوَ قَوْلُ غَيْرِ وَاحِدٍ مِنْ أَهْلِ الْعِلْمِ وَبِهِ يَقُولُ سُفْيَانُ الثَّوْرِيُّ وَابْنُ الْمُبَارَكِ وَالشَّافِعِيُّ وَأَحْمَدُ وَإِسْحَقُ قَالُوا: يَمْسَحُ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ وَإِنْ لَمْ تَكُنْ نَعْلَيْنِ إِذَا كَانَا ثَخِينَيْنِ.

Абу Довуд айтади: “Али ибн Абу Толиб, Ибн Масъуд, Бароъ ибн Озиб, Анас ибн Молик, Абу Умома, Саҳл ибн Саъд, Амр ибн Ҳурайслар жавробга масҳ тортишган ва бу Умар ибн Хаттоб ва Ибн Аббослардан ривоят қилинган”. Абу Исо Термизий айтади: “(Жавробга масҳ тортиш жоизлиги ҳақидаги гап) аҳли илмлардан фақат бир кишининг гапи эмас, балки Суфён Саврий, Ибн Муборак, Шофеъий, Аҳмад, Исҳоқлар ҳам унинг жоизлигини айтишган ва: “Агар жавроб қалин бўлса, пойафзал шаклида бўлмаса ҳам, унга масҳ тортилаверади”, дейишган.
Жавробга масҳ тортиш мумкинлиги тўққиз нафар саҳобадан ривоят қилинган. Булар: Али, Аммор, Ибн Масъуд, Анас, Ибн Умар, Бароъ, Билол, Ибн Абу Авфо ва Саҳл ибн Саъд розийаллоҳу анҳумлардир. Али, Ибн Масъуд, Бароъ ибн Озиб ва Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳумлар жавробга масҳ тортганлари Абдураззоқнинг “Мусоннаф”ида келтирилган.
Машҳур тобеинлардан Ато, Ҳасан Басрий, Саид ибн Мусаййаб, Ибн Жубайр, Нахаъий ва Саврийлар жавробга масҳ тортиш жоизлигини айтишган.
Энди ривоятнинг иккинчи қисмига эътибор қаратамиз.
Абу Исо Термизий айтади: “(Жавробга масҳ тортиш жоизлиги ҳақидаги гап) аҳли илмлардан фақат бир кишининг гапи эмас, балки Суфён Саврий, Ибн Муборак, Шофеъий, Аҳмад, Исҳоқлар ҳам унинг жоизлигини айтишган ва: “Агар жавроб қалин бўлса, пойафзал шаклида бўлмаса ҳам, унга масҳ тортилаверади”, дейишган.
Бундан келиб чиқадики, агар жавроб юпқа бўлса, унга масҳ тортиш жоиз эмас. Жавроб қалин бўлиб, масҳ тортишга яроқли бўлиши учун у камида жундан қилинган ва пишиқ ишланган бўлиши керак. Яна таъкидлаб айтамиз, пахта ёки синтетик толалардан қилинган юпқа пайпоқларга масҳ тортиш мумкин эмас.
Абу Ҳанифа наздида, жавроб теридан қилинган ёки тагига тери қилинган бўлсагина унга масҳ тортиш мумкин. Аммо Абу Юсуф ва Муҳаммад қавлига кўра, жавроб қалин бўлиб, оёққа сув ўтказмаса, теридан қилинмаган бўлса ҳам унга масҳ тортиш жоиз.
Ҳанафий уламолар қалин, у билан бир фарсах ёки ундан кўп масофани босиб ўтиш мумкин бўлган, оёқда ўз ҳолича турадиган, тагидаги нарса кўринмайдиган жавробга масҳ тортишга рухсат беришган.
Шофеъий наздида, жавроб тўлиқ теридан қилинган бўлмаса, унинг тагига тери қилинган бўлса ҳам, унга масҳ тортиш жоиз эмас. Улар икки шартга кўра, жавробга масҳ тортишга рухсат беришган:
– жавроб қалин бўлиши, юпқа бўлмаслиги, уни кийиб, маълум масофа юриш мумкин бўлиши;
– жавробнинг тагига тери қилинган бўлиши, яъни пойафзал шаклида бўлиши.
Бу шартлардан биронтаси бўлмаса, жавробга масҳ тортиш мумкин эмас.
Моликийлар жавробга масҳ тортиш жоиз бўлиши учун жавробнинг усти ва таги теридан қилинган бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлашган.
Мазҳаблар фикридан хулоса қиладиган бўлсак, теридан қилинган ёки тагига тери қилинган жавробга масҳ тортиш жоизлигига жумҳур уламолар иттифоқ қилишган. Аммо оддий (теридан қилинмаган) жавробга масҳ тортиш борасида ихтилоф қилинган. Ҳанафий, шофеъий ва моликий мазҳабидагилар бундай жавробга масҳ тортиш жоиз эмас, дейишган. Ҳанбалийлар ва Абу Ҳанифанинг икки шогирди Абу Юсуф ва Муҳаммад бу нарса жоизлигини айтишган. Абу Юсуф ва Муҳаммад жавроб қалин бўлса, ичидаги оёқ кўринмаса, унга масҳ тортишга рухсат беришган.
Ҳанбалийлар икки шарт бўлганда, жавробга масҳ тортиш мумкинлигини айтишган:
– жавроб қалин бўлиши, тагидан оёқ кўриниб турмаслиги;
– унда юриш мумкин бўлиши, ўз ҳолича оёқда туриши.
Махсига масҳ тортишга рухсат берилишига сабаблардан бири таҳоратда уни ечиш қийинлигидир. Юпқа пайпоқ ва шу кабиларни ечиш қийин эмас. Авваллари жавроб ва шу каби оёққа ўраладиган ва кийиладиган нарсаларни ечиб-кийиш қийин бўлган. Ҳозир эса пайпоқ ва оёқдаги туфли ёки этикни ечиб оёқни ювиш унчалик машаққат туғдирмайди.

Пайпоққа масҳ тортишга рухсат берувчилар юқорида келган жавробга масҳ тортиш ҳақидаги ривоятларни, шунингдек, ояти карималарда бандаларга енгиллик хос экани, жумладан, қуйидаги оят ва ривоятларни далил қилиб келтирадилар.
Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ

“Эй имон келтирганлар, қачон намозга турсангиз юзларингизни ва қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ҳам тўпиқларигача (ювингиз)!” (Моида, 6).
Пайпоққа масҳ тортишга рухсат берувчилар: “Оятдаги أَرْجُلكُمْ сўзи жарр билан қироат қилинади, демак аслида оёққа масҳ тортилади”, деб айтишган.
Шийъа мазҳабидагилар, рофизий ва хаворижлар: “Оёққа масҳ тортиш фарз”, деб айтишган (Рофизийлар оёқнинг уст қисмига масҳ тортилса, кифоя қилади, дейишган). Баъзи аҳли зоҳирлар: “Оёққа масҳ тортиш ва ювиш вожиб”, деб айтишган. Бу ихтилофнинг келиб чиқишига оятнинг икки хил ўқилиши сабаб бўлган. Оятдаги أَرْجُلكُمْ сўзи насб ва жарр билан ўқилади. Оёққа масҳ тортишни даъво қилувчилар ма


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бўса олишни таҳоратга таъсири
САВОЛ: Бўса олиш таҳоратни синдирадими?ЖАВОБ: Ҳанафийлар наздида таҳоратни синдирмайди. Лекин мазий чиқиб кетса таҳорат синади. Бўса олганда таҳорат қилингани тўғрисида келган ҳадисларни эса давоми...
8 йил аввал 14379 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимий ел келиб турадиган ёки простатит
Савол: Доимий ел келиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, пешоб томчилаб турадиган ёки аёлларда шамоллаш туфайли жинсий аъзолардан оқ суюқлик келиб турадиганларга хос таҳорат ва намозларнинг давоми...
8 йил аввал 16737 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жунуб одам
САВОЛ: Жунуб киши нималар қилмаслиги керак?ЖАВОБ: Ювинмасдан аввал масжидга кириши, Қуръон оятлари ёзилган газета журналларни ўша жойини ушлаши, Қуръон ушлаши (китобни ёзувлари бор жойини ҳам, давоми...
8 йил аввал 11708 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иккиланиб қолса
САВОЛ: Пок сув ёки кийим, баданни нажас бўлган-бўлмаганлигида ёки талоқ қўйган-қўймаганлигида иккиланиб қолса ҳукми нима?ЖАВОБ: Иккала тарафдан бирортаси аниқ бўлмаса, кийим, сув ва баданни давоми...
8 йил аввал 9811 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат
САВОЛ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат синадими?ЖАВОБ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида аёл кишини таҳорати кетади. Эркак кишининг таҳоратини синиши учун давоми...
8 йил аввал 16958 fiqh.uz