Аллома аз-Зайлаъийнинг “Насб ур-раъйа”сини ҳошиясини қилган зот Мавлоно ал-Фозил Муҳаммад Юсуф ал-Баннурий айтишларича, Ибн ал-Қаййим ал-Жавзиййа бизни огоҳлантирганки, икки қўлни сийна устига қўйиш ҳадиси заифдир. “Эълом ал-мувқиъийн”нинг биринчи табъидаги учинчи жилдида келган. 1374 (ҳижрий) йилдаги иккинчи нашрида ҳам бор.
“Василат ус-саодат”нинг иккинчи жилди, 381 саҳифасида ҳам олтмиш иккинчи мисолда “Очиқ суннатни тарк қилиш” фаслида келган. Муҳаддислар жамоаси ривоят қилишларича, Суфён ас-Саврийдан, у эса Осим ибн Кулайбдан, у отасидан, у эса Воил ибн Ҳажар разийаллоҳу таоло анҳудан (нақл қилиб) айтган: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу таоло алайҳи ва ъало олиҳи ва соҳбиҳи васалламнинг орқаларида намоз ўқиганман. Шунда, ўнг қўлларини чап қўллари устига қўяр эдилар. Бу ерда сийна тепасига дейилмаган. Фақат Муаммал ибн Исмоил ривоятида бор. Тамом.
Шундан “Бадойиъ”даги гап очиқ равшан бўлади. 3-жилд, 91- саҳифа. Қўйиш ўрни ихтилоф қилинди. Бас, Имом Аҳмаддан ривоят киндик устига ёки остигадир. Абу Толибдан ривоят бор: Аҳмад ибн Ҳанбалдан: “Намозда турганида қўлини қаерга қўяди?” деб сўрадим. У: “киндигига ёки пастроғига” деди. Мана шуларнинг ҳаммаси ул зот наздида кенглигини билдиради: киндик тепасига ёки унинг устига ёхуд киндик остига қўйиш мумкин. Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳу эса “Намозда киндик остида кафтларни кафтлар тепасига қўйиб туриш суннатдандир” деганлар.
Амр ибн Молик Абил Жавзодан, у эса Ибн Аббос разийаллоҳу анҳумодан Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳу шарҳи каби сўзларни ривоят қилган. Бироқ бу саҳиҳ эмас. Суҳайб ва Али разийаллоҳу анҳумонинг гаплари (бу бобда) саҳиҳдир. Ал-Музаний ривоятида Ҳазрати Али киндикдан озроқ пастда демишлар.
Икки қўлни сийна устига қўйиб туриш макруҳ бўлади. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан такфирдан наҳий қилингани ривоят этилган. У қўлни сийна устига қўйиб туришдир.
Энди, Муаммал ибн Исмоил Осим ибн Кулайбдан, у отасидан, у эса Воил ибн Ҳажар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Пайғамбар алайҳиссалом қўлларини сийнасига қўйиб турганлар.
Бу ҳадисни Абдуллоҳ ибн ал-Валид Суфёндан ҳам ривоят қилган, бироқ унда сийна гапирилмаган. Уни Шўъба ва Абдулвоҳидлар ҳам ривоят қилган бўлиб, хилофини эслашмаган. (Суфёнга хилоф сўзни эслашмаган бўлса керак).
Ибн ал-Қаййимнинг гапи бизни бир неча ишларга тўғри йўллайди. Сийнага қўйиб туриш фақатгина Муаммалнинг Суфёндан, у эса Осим ибн Кулайбдан, у эса Воил ибн Ҳажар разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида орттирилган. Мана шу Муаммал эса Суфённинг издошлари орасида ёлғиз ўзи шу ортиқча сўзни ривоят қилган холос. Суфён ас-Саврийнинг бошқа шогирдлари ва жамоасидан ҳеч ким бу ортиқча гапни (сийна устига қўйишни) зикр қилган эмаслар. Бу зиёдалик фақат Муаммал наздидадир. Сўнг “Бадойиъ ал-фавоид”да зикр этилишича, иккала қўлни сийна устига қўйиб туриш суннат билан қайтарилгандир. Бу такфирдан қайтариш ҳадисидир. Тамом. “Насб ур-раъйа” ҳошияси, 1-жилд, 316-саҳифа.
Воилнинг мазкур ҳадисини Имом Байҳақий ўз сунанида ривоят қилган бўлиб, фақат Муаммал тариқида ривоят қилган. Гарчи бундан кўра Ибн Хузайманинг кучлироқ йўл билан ривоят қилган ҳадиси бўлса ҳам, бироқ, Байҳақий кучли ҳадисни қўйиб, заифини келтирган.
Ҳофиз ибн Ҳажар (Асқалоний) “Булуғ ал-маром”, “ад-Дироя”, “ат-Талхис”, “Фатҳ ул-Борий” асарларида зикр қилишича, уни Ибн Хузаймага етказган ва мазкур ҳадиснинг ҳеч ҳам саҳиҳлиги йўқлигини айтган. Яна унинг наздида ҳам бу саҳиҳ эмас экан. Шунингдек, Имом Нававий ҳам ушбу ҳадисни “ал-Хулоса”, “Шарҳ ал-Муҳаззаб”, “Шарҳи Муслим” асарларида Шофиъийларнинг далили сифатида келтирган, Ибн Хузаймадан унинг саҳиҳ деганини келтирган бўлса-да, ўзича унинг саҳиҳ эканлигини айта олмаган. Ҳолбуки, у Ҳажжож ибн Аби Зайнабнинг ҳадисларини саҳиҳлигини айтиб кетар эди. Демак, бу ҳадисда бирор гап бор. Мана шундай икки зотнинг ўз мазҳаблари учун Воил ибн Ҳажар разийаллоҳу анҳу ҳадисини далил келтиришлари ва унинг саҳиҳлиги ҳақида сукут қилишлари “ал-Ҳидоя” (китоби)дан ризқланган кимсани тўғри йўлга бошлайди, яъни у икки зот ҳадиснинг сиҳҳатига ҳукм қилишдан ўзларини тийган нарса мавжуд. Валлоҳу таоло аъламу! “Насб ур-раъйа” ҳошияси, 1-жилд, 315-саҳифа.
Бас, агар аш-Шавконий “ан-Найл (ал-автор)”ида шофиъийларнинг ҳужжати сифатида Ибн Хузайма ўз саҳиҳида тахриж қилган ва саҳиҳ деган Воил разийаллоҳу анҳунинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим, бас, ул зоти шариф қўлларини чап қўллари устига кўкрагига қўйиб турдилар” деган ҳадисини келтирган, деб савол берилади.
Мен айтаманки, агар аш-Шавконий бундан Ҳофиз Ибн Ҳажар ва Имом Нававий ва бу ҳадисни нақл қилган зотлар каби сукут қилганида эди, яхшироқ бўларди. Чунки, Ҳофизнинг олдида китобнинг асли бўлган. Унинг таснифотлари Ибн Хузайма саҳиҳ дейишларидан тўлиб-тошган эди. Гарчи Ибн Хузайма уни саҳиҳ деб нақл қилган бўлса ҳам. Аш-Шавконийнинг олдида эса бу китоб йўқ эди, у Ибн Саййид ан-носснинг гапларига суяниб гапирган бўлса эҳтимол ёки Ибн Хузайма келтирган барча ҳадисларини саҳиҳ деган деб ўйлаган бўлса керак. Нима бўлганда ҳам, унинг бу гапи Рикона ҳадисини айтгандаги гапига ўхшайди. Уни (мазкур асарининг) 6-жилди, 193-саҳифасида Имом Абу Довуд буни ҳасани саҳиҳ деган, деб айтворган. Ҳолбуки, мен Имом Абу Довуднинг асарлари нусхаларининг ҳеч биридан бундай саҳиҳ дейишни кўрганим йўқ. Валлоҳу таоло аъламу!
Имом Заҳабий “ал-Кошиф”да бундай дейди: Муаммал ибн Исмоил тўғри сўз, суннатга қаттиқ, кўп хато қилувчидир. Ўз ёзганларини кўмиб ташлаб, ёддан ҳадис айтар эди, шунинг учун ғалат қилар эди, дейилган у ҳақда. Ибн Ҳажар “ат-Таҳзиб”да айтади: Имом ал-Бухорий Муаммал “мункир ул-ҳадис” эди, деган. Ибн Саъд эса уни ишончли бўлса ҳам, кўп ғалат қилувчи, дейди. Ибн Қониъ эса уни солиҳ кимса, бироқ хато гапиради, деган. Имом Дорақутний ҳам уни ишончли, лекин, кўп ғалат қилувчи, дейди. “ат-Тақриб”да айтилган у тўғри сўздир, лекин ҳифзи чатоқ. Ибн ат-Туркмоний “ал-Жавҳар”да дейди: “Бу Муаммал ҳақида мен айтаманки, у ёзганларини кўмиб ташлаб, ёддан ҳадис айта бошлаган. Шунинг оқибатида кўп хатога йўл қўяр эди”. “ал-Камол” соҳиби ҳам шуни зикр қилган. “ал-Мизон”да айтилади: Имом Бухорий уни “мункир ул-ҳадис” деган. Абу Ҳотам эса уни кўп хато қилувчи, дейди. Абу Зуръа унинг ҳадисида хатоликлар кўп, деган. “Насб ур-раъйа”, 1-жилд, 317-саҳифа.
Асар Мадинаи мунавварада “Мактабат ал-иймон”
ноширлигида 1985 йилда
“ал-Масойил ат-тисъ” ичида олтинчи рисола
сифатида нашр этилган.