Мадинаи мунавварада саҳоба ва тобиъинлар даврида етти нафар фақиҳ ўзларининг фиқҳий билимлари, фиқҳ соҳасидаги маҳоратлари ва фатволари билан ажралиб турганлар.
Шунинг учун уларни “Фуқаҳои сабъа” деб юритилади. Улар қуйидагилардир:
1) Саид ибн ал-Мусаййаб ибн Ҳазн Абу Муҳаммад ал-Махзумий ал-Қураший (636-713). Отасининг исмини ал-Мусаййиб ҳам дейилган. У тобиъин бўлиб, саҳобаларнинг энг улуғларидан сабоқ олган, ўзининг тақвоси ва билими билан ўша даврда танилган энг машҳур фақиҳдир.
2) Абу Абдуллоҳ Урва ибн аз-Зубайр ибн ал-Аввом ал-Асадий ал-Қураший (643-712). Тобиъинларнинг улуғларидан бири, саховатли кимса бўлган. Фитналарга аралашмасдан, бир муддат Басрада сўнг етти йил Мисрда ҳам яшаган. Умрининг охирида Мадинага қайтиб келган.
3) Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд ал-Ҳузалий (ваф. 98/716). Мадина муфтийси бўлган бу зот умавийлар халифаси Умар ибн Абдулазиз (681-720)нинг тарбиячиларидан бири эди. Ҳадисшуносликда ишончли ровий, деб топилган, умрининг охирида кўзи кўр бўлиб қолган. Басрада вафот этган.
4) Абу Зайд Хорижа ибн Зайд ибн Собит ибн аз-Заҳҳок ал-Ансорий (650-717). Бани Нажжор қабиласидан, тобиъинлардан бири. Усмон ибн Аффон (577-656) даврида туғилиб-ўсган. Ҳадис ривоятида ҳам ишончли.
5) Сулаймон ибн Ясор ал-Ҳилолий ал-Маданий (654-725). Мўъминлар онаси Маймуна розияллоҳу анҳонинг хизматкорларидан бири. Усмон ибн Аффон (577-656) даврида туғилган, Саъид ибн ал-Мусаййиб (636-713) уни ўзидан кўра олимроқ эканини эътироф қилган. Отаси форслардан бўлган, ҳадис ривоятида ҳам ишончли.
6) Абу Муҳаммад ал-Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ас-Сиддиқ (657-725). Ишончли фақиҳ, ўзининг парҳезгорлиги билан ҳам танилган тобиъинларнинг улуғларидан бири. Ҳаж зиёратига боришда Қадийд деган жойда вафот қилган. Умри охирларида кўзлари кўрмай қолган.
Мадинанинг етти нафар фақиҳларининг мана шу олти нафари иттифоқ билан белгиланган бўлиб, еттинчиси ҳақида уч хил қараш бор (Абдулҳайй ал-Лакнавий. Муқаддимату “Умдат ар-риоя”. – Лакнау: Юсуфий, 1327. – Б. 42.).
1) Абу Бакр ибн Абдурраҳмон ибн ал-Ҳорис ибн Ҳишом ибн ал-Муғира ал-Махзумий ал-Қураший (ваф. 94/713). Ибодатни кўп қилганлиги сабабли унга “Қурайш роҳиби” дер эдилар. Кўзи кўр бўлган. Кунияси билан танилгани учун исми номаълумлигича қолган. Умар ибн ал-Хаттоб (584-644) даврида туғилиб-ўсган.
2) Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф аз-Зуҳрий ал-Маданий (655-722). Тобиъинларнинг улуғларидан, Мадинада қози бўлган. Исми аниқ эмас, Абдуллоҳ, Исмоил, деганлар ҳам бор. Баъзилар уни 94/713 йили вафот этган, деганлар. Унинг еттинчи фақиҳ эканини муҳаддис ал-Ҳоким (933-1014) тавсия қилган.
3) Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн ал-Хаттоб (ваф. 106/725). Тобиъинларнинг улуғларидан бири, ҳадис ривоятида ҳам ишончли. Бир мажлисда умавий халифалардан Сулаймон ибн Абдулмалик (715-717) уни ҳурмат қилиб ўз тахтига ўтқазган эди. Унинг Мадинанинг еттинчи фақиҳи эканини Абдуллоҳ ибн ал-Муборак (737-797) айтган.
Камолиддин Муҳаммад ад-Дамирий (1341-1405) “Ҳаёт ал-ҳайвон” асарида мазкур етти нафар Мадина фақиҳларининг исмларини бир қоғозга ёзиб, буғдой ва шунга ўхшаш донларнинг ичига солиб қўйилса, уларга қурт, куя, мита тушмайди; агар уларнинг номларини ёзиб, оғриётган бошга осилса ёки ўқиб дам солинса, бош оғриғи кетади, деган (Камолиддин ад-Дамирий. “Ҳаёт ал-ҳайвон” таржимаси. II-жилд. – Қозон, 1900. – Б. 93.).
Бу Ҳамидуллоҳ Беруний (Аминов Хамидулла) таълиф қилган "Ҳанафийлик фиқҳининг асосий тамойил ва тушунчалари" номли асаридан олинган парча.