Сафарда суннат намози ўқиш ҳақида мулоҳазалар


Аллоҳга беҳад ва беадад шукру ҳамдлар бўлсин. Унинг Расули Муҳаммад Мустафога ҳамда ул зотнинг аҳли байт ва саҳобаларига дуруду саловотлар бўлсин.
Ислом дини шаънини юқори кўтарган, исломий илму маърифатни дунёга таратган уламо ва фузалоларга раҳмату мақтовлар бўлсин.
Аллоҳнинг марҳамати, истиқлолимиз шарофати ила эмин-эркинлик бўлиб, динимизга оид адабиётлар кўплаб нашр қилинмоқда, диний манбалар таржима этилиб чоп этилмоқда. Қуръони каримнинг маъно таржималари бир неча бор ўзбек тилида дунё юзини кўрди. Имом Бухорий (810-870)нинг мўътабар асари уч бор тўла таржимаси, Имом Термизий (824-892) асарининг бир қисми таржима бўлди ва икки марта нашр этилди. Имом Муслим (821-875)нинг асари эса таржима қилиниб турганидан, Имом Доримий (794-869) асари эса таржима қилинаётганидан хабаримиз бор, ва, ниҳоят бошқа муҳаддисларнинг асарларининг ҳам таржимаси бошлаб юборилди. Булардан ташқари ақоид, фиқҳ, тасаввуфга оид ўнлаб асарлар, мерос илмига оид рисолалар ва ҳоказолар ўзбек тилида мусулмонлар қўлига етиб бормоқда. Йирик ҳажмли “Ҳадис ва ҳаёт” қомуси, “Зикр аҳлидан сўранг...” ойномаси китобсевар мусулмонлар қўлига етиб турибди. Айниқса, ҳанафий мазҳабига оид асарларнинг кўплаб чоп этилиши ҳар хил ихтилофларнинг олдини олишда муҳим омил эканлигини эътироф этиш лозим.
Зеро, фиқҳ соҳасидаги мунозаралар, муҳокамалар, ҳар хил ёндошувлар ҳамма замонларда бўлиб турган ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Мустақиллик йилларида Республикамизда чиқаётган фиқҳга оид асарларда ҳам бундай ҳар хилликлар ва фақиҳларнинг турлича қарашлари ўз аксини топмоқда. Баъзида оддий халқ орасидаги баҳслар ҳам бундай фиқҳга оид асарлар натижасида бўлиб туради. Бироқ, ҳар бир мазҳабнинг ўзига хос қарашлари ва фатволари бор. Бундай қараш ва фатволар ўша мазҳабни бошқаларидан ажратиб, билдириб туради. Баъзи бир фиқҳий қарашлар эса барча мазҳабларда якдиллик ила қабул этилган. Мана бу ҳақиқатни ажрата билиш жуда муҳим. Зотан, фатво бераётган уламо ўз мазҳабининг асоси бўлмиш усулни билмаса, бошқа мазҳаб қарашларига оғиб кетиши, бемазҳаблик йўлини тутиб ўзини ҳам, халқни ҳам овораю сарсон қилиши ҳеч гап эмас.
Кейинги ўн йилликларда ҳар йили ҳаж арафаси ва ҳаж мавсумида қўзғаладиган, баҳсу мунозараларга сабаб бўлган масалалардан бири мусофир одам сафарда суннат намозларини ўқиши мумкинлиги ёки ўқимаслиги ҳақида бўлаётгани кўпчиликка маълум.
Бизнинг раддиямизга боис ҳам мана шу масъала бўлиб, бунга "Мовароуннаҳр" нашриётида чоп этилган Ҳожи Аҳмаджон Бобомуроднинг "Ислом одоби ва ахлоқи" номли асари (Тошкент: Мовароуннаҳр, 2008. 335 бет) асосий сабаб бўлди.
Аввало шуни айтиб ўтиш зарурки, асарга Муфтий Усмонхон Алемов ҳазратларининг сўз бошиси ҳам илова қилинган, китобга масъул муҳаррир қилиб Шайх Абдулазиз Мансур жаноблари, тақризчилар сифатида эса ҳурматли олимларимиз Убайдулла Уватов ҳамда Сайфиддин Сайфуллоҳларнинг номлари танланган.
Мазкур асардаги энг фитнаангиз ва фитнаомуз иборалар "Қаср ўқиш одоби" сарлавҳаси остида берилган (283-285 бетлар). Сарлавҳа остида қаср ўқиш тартиби берилгандан сўнг мана бу ибора муаллиф томонидан келтирилган:
"Сафарда суннатни тарк қилмоқ суннатдир. Кимларнидир сўзига кириб суннатни ўқиган киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан беодоблик қилган бўлур". (284-бет).
Энг ажабланарлиси шундаки, агар сафарда суннатни тарк қилиш суннат бўладиган бўлса, нимага муаллиф бир саҳифа олдин қаср ўқиш одобида бомдод намозининг 2 ракъат суннатини қайд қилган?! Фиқҳнинг тўртта асос манбасидан бири ҳисобланган Қиёсни камолга етказган бизнинг Абу Ҳанифа Имоми Аъзам (699-767) мазҳабининг қиёсий усулига таянсак, бомдоднинг икки ракъат суннатининг сафарда ҳам ўқилиши бошқа суннатларни ҳам ўқиш мумкинлигини келтириб чиқаради-ку!
Сафарда суннат ўқиган киши Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод айтганидек, "кимларнидир" сўзига кириб эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларини халқимизга ўргатаётган олимлар – Усмонхон Алемов, Шайх Абдулазиз Мансур, шунингдек, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Муҳаммад Шариф Жуман каби устозларнинг сўзларига кирган бўлади. Биз булар ҳақида қуйида алоҳида ва батафсил тўхталамиз.
Аввало, мазкур асар муаллифининг далилини кўриб чиқамиз ва китобнинг 284-саҳифасидан айнан кўчирамиз: Саҳоба Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: "Мен сафарда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр, Умар ва Усмонлар билан ҳамроҳ бўлмаганман (?). Уларнинг биронталари ҳам сафарда икки ракъат фарздан бошқа намоз ўқимас эдилар". Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Асарнинг таҳрир қилинмагани, муаллиф уни қайта-қайта ўқимаганлиги шундоқ кўриниб турибдики, "бўлганман" сўзи ўрнига "бўлмаганман" деб ёзиб, жуда катта хатога йўл қўйилган. Шунингдек, тиниш белгилари ҳам тўла қўйилмаган. Боз устига, ҳадиси шарифнинг айнан лафзий таржимаси эмас, маъно таржимаси берилган. Буни-ку тушунса бўлар, бироқ илмий адабиётларда ҳадис келтирилганда ҳадиснинг манбаси, саҳифаси ёки кейинги йилларда муомалага киритилаётган жиҳати – унинг манбадаги боби ва тартиб рақами, манбанинг қайси жилди эканлиги берилиши керак. Бу ўринда бунга ҳам риоя қилинмаган.
Ахир, муаллиф Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод Ибн Умар (612-693) разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни келтиришдан олдин, баҳс этилаётган мавзуга оид ҳамма ҳадисларни, айниқса, айнан Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифни ҳам ўқиб чиққанида эди, инсоф билан қалам тебратган бўларди. Гап шундаки, "Саҳиҳи Бухорий"нинг "Намозни қаср қилиб ўқиш ҳақидаги китоб"идаги 7, 8, 10, 12 – бобларида сафарда нафл ўқиш ҳақидаги бир қанча ҳадиси шарифлар келтирилган. (Қаранг: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ. I китоб. –Тошкент: "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" Давлат илмий нашриёти, 2008. 180-182 бетлар.)
Уларда мусофир гарчи улов устида кетаётган бўлса ҳам, имо-ишора қилиб бўлса ҳам нафлларни адо этиши мумкинлиги, балки кераклигини таъкидланган. Айнан муаллиф келтирган ҳадиси шарифнинг ровийси Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг ўзи улов устида қайси томонга қараб бўлса ҳам фарз намозидан бошқа намозларни ўқиб кетишини Имом Бухорий томонидан ривоят қилинган-ку!
Шу ерда кичик бир мулоҳаза бор. Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафарда суннат намозларини (бомдод суннатидан ташқари, албатта) ўқимаган деб, суннат намозларини ўқимаслик суннат деган хулосани баён қилган. Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган, бир-икки марта тарк қилиш билан бажариб юрган феълларидан фиқҳдаги суннат атамаси ва ҳукми юзага келган. Ул зоти шарифнинг қилмаган феъллари суннат дейилмайди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам гилам ва кўрпачалар солинган масжидларда намоз ўқимаганлар. Унда бундай масжидларда намоз ўқимаслик суннат бўладими?! “Чилёсин” ўқиб одамларга дам солганлари маълум эмас, ўлган биронта яқинларига “таборак сураси”ни ўқиб бағишлаганлари ривоят қилинмаган. Демак, бу феълларни қилмаслик суннатлиги чиқадими?! Асло, ундай эмас!  
Энди, муаллиф Ҳожи Аҳмаджон Бобомуроднинг "ижтиҳодона" чиқарган қиёсий далилига назар солинг: "Намозга ҳарис бўлиб, ўз уйида кўп нафл намозларини ўқиб юрадиган киши сафарда намозим озайиб қолди, деб асло ғам емасин. Аллоҳнинг мўъминларга раҳмати кенг, сафарда намози камайган бўлса ҳам Аллоҳ ўз хазинасидан савобини бераверади... Модомики шундай экан, суннатини ўқиб гуноҳга ботгандан (?), Аллоҳ ва унинг расулининг ҳадяларини қабул этиб, Аллоҳнинг раҳматига, пайғамбарнинг шафоатига эришиб қолайлик". (284-бет).
Биз иқтибос келтирган ва келтирмаган иборалардан маълум бўлмоқдаки, ҳарами шарифда суннат ўқиш "гуноҳ" экан. Астағфируллоҳ! Ҳарами шариф мўъмин кишининг кўп ибодат қиладиган, ғанимат биладиган муқаддас макони эмасми?! Ҳарами шарифга кирган инсон суннат ўқиш "гуноҳ" бўладиган бўлса, нима билан машғул бўлади?! Фақат у тавоф ва қироат ёки зикр қилавермайди-ку! Ҳарами шарифга зиёратга борган минглаб, балки миллионлаб мусулмонлар суннат намозларини ўқиб гуноҳкор бўлиб қайтишаётган экан-да! Яна бир марта Астағфируллоҳ! Наъузу биллоҳи мин золика! 
Энди, муаллифнинг илмий этикага ҳам, исломий одоб-ахлоққа ҳам мутлақо зид келадиган оҳангдаги гапларига эътибор беринг:
"Айрим вилоятларда аҳли илмлар камлигидан, у ердаги аҳоли ўзларини чала муллаларини аллома деб фаҳмлашади. У чала муллалар эса "Мусофир киши сафарда ҳам суннат ўқийди", деб таълим беришади. Уларни таълимоти билан суғорилиб қолганлар суннат намозини ўқимаганларига ачиниб қолишлари эҳтимол. Юқорида зикр қилинганидек ҳарами шарифга кириб хоҳлаганларича намоз ўқисалар, ўқимаган суннатларини ўрнини қоплаб, ундан кўп савобга эришадилар". (284-285 бетлар).
Ҳарами шарифга кирган одам суннат ўқимасдан ўзи хоҳлаганча намоз ўқиши мумкинми?! Хўп, шундай бўла қолсин. Ўзи хоҳлаган намозини ўқийдиган бўлса, унда ўша одам ўзи хоҳлаб суннат ўқиса-чи, бу мумкин эмасми?!
Энди, мазкур иқтибоснинг аввалига қайтайлик. Аҳоли аллома деб фаҳмлайдиган, "Мусофир киши сафарда ҳам суннат ўқийди" дейдиган, муаллиф айтмоқчи, "чала муллалар" қаторида айрим вилоятлардаги эмас, пойтахтимиздаги муҳтарам олимларимиз асосий ўринда турадилар:
Пойтахтимиздаги муҳтарам олимларимизнинг раҳбари Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бўлиб, ул зот “Сўраган эдингиз...” рисоласида сафарда суннат намозларини қаср қилиб ўқиш мумкин ёки мумкин эмаслиги борасидаги мусулмонлар сўраган саволга жавоб бериб, бундай деб фатво берганлар:
“Сафарда суннат намозлар қаср қилинмайди... Ҳозирги пайтда техника ривожланиб, киши хоҳлаган манзилига ўз машинасида ёки кўчанинг машинасида етиб олиши мумкин. Намоз вақти кириши билан бемалол тўхтаб, дам олиб, намозни тўкис адо этиш мумкин. Шундай пайтларда фарз намозларни қаср қилиб, суннат намозларни тўлиқ ўқийди. Мободо вақт зиқ бўлиб, фарз намознинг вақти чиқиб кетаёзган бўлса, ёки бошқа зарурат ҳолатларда суннат намозларни ўқимайди”. (Қаранг: Сўраган эдингиз... / Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар. 8-сон. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2009. 36-бет.)
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг берган фатвоси Ҳанафия мазҳаби уламолари берган фатволарига ҳамоҳангдир. Бинобарин, вақт зиқлигида, қийинчилик бор пайтда фарзларни қаср қилиб ўқийди-да, суннатларни ўқимай қўяверади. Зотан, Ислом шариати сафарнинг қийинчилигини эътиборга олиб, фарзларни қисқартирганидан кейин суннатларни ўқимасликка рухсат беради, албатта. Бироқ, ҳарами шарифда айнан ҳаж ибодатига келган ҳожилар ибодат ва тоат шавқи ва завқида бўлиб турсалар-у, уларга суннат ўқишлик гуноҳ деб Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод кабиларнинг “ижтиҳод”ларига бепарво қараб туриш ҳеч бир мусулмонга жоиз эмас! Зеро, Ўзбекистон Мусулмонлари раиси “суннат намозларни тўлиқ ўқийди” деб тургани беҳуда қолиб, ихтилоф келиб чиқади-ку!?  
Биринчи муфтий Эшон Бобохоннинг авлодидан муфтий Шамсиддинхон Бобохон ҳазратлари ҳамда Шайх Абдулазиз Мансур жаноблари ўзларининг халқ орасида машҳур бўлиб кетган "Минг бир фатво" рисолаларининг 2-қисмида 330-фатвода бундай деб фатво берганлар:
"Сафарда суннат намозларини ўқимасликка баъзи уламолар рухсат берган бўлса-да, хавф-хатарли жойларда ўқимаслик, барқарор, тинч жойларда ўқишлик авлодир". (Қаранг: Шамсиддинхон Бобохон, Шайх Абдулазиз Мансур. Минг бир фатво. 2-қисм. –Тошкент: "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" Давлат илмий нашриёти, 2005. 10-бет.)
Мазкур фатвога кўра, барқарор, тинч ва осойишта жой бўлган ҳарами шарифда суннат намозларини ўқиш авло экан!
Яна пойтахтимиз олимларидан Муҳаммад Шариф Жуман домла ҳамда Аҳмад Муҳаммад биргаликда нашр қилдираётган "Динда саволим бор..." рисолаларининг иккинчи ва бешинчи сонларида мусофирнинг ҳам суннат намози ўқишлиги мумкинлигини ёзиб, бомдоднинг суннатини ўқишлик ҳақидаги ўқувчиларнинг саволига жавоб сифатида бундай фатво берганлар:
"Энди унинг сафарда тарк этиш масаласига келсак, имкон борича ўқилади, аммо ўқилмай қолса, гуноҳ бўлмайди". (Қаранг: Муҳаммад Шариф Жуман, Аҳмад Муҳаммад. Динда саволим бор... Иккинчи китоб. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2005. 22-бет.)
Ҳарами шарифда намоз ўқишга мушарраф бўлган бахтли намозхон нафақат бомдоднинг суннатини, балки бошқа суннат намозларни ўқишга ҳам имкон топади. Бинобарин, уни ўқилмасдан қолдиришга эмас, ўқишга ҳаракат қилмоғи даркор. Ўқилмай қолса, гуноҳ бўлмаслиги қандай вақтда ва ҳолатда бўлишини Муҳаммад Шариф Жуман ҳамда Аҳмад Муҳаммадлар жуда яхши биладилар. Шунинг учун мусофирга тааллуқли ҳукмларни баён қилганларида бундай ёзганлар:
"Агар йўлда қийинчилик ёки вақт зиқлиги мавжуд бўлса, суннатларни ўқимаслик жоиз". (Қаранг: Муҳаммад Шариф Жуман, Аҳмад Муҳаммад. Динда саволим бор... Бешинчи китоб. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2006. 21-бет.)
Халқимизнинг яна бир буюк олими Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам "Зикр аҳлидан сўранг" ойномасининг 10-сонида 119-саволнинг 3-бандига ҳамда 67-сонида суннат намозлари ҳақидаги саволга жавоб бериб: "Сафарда юриб турганда суннатларни ўқимаса бўлади. Аммо жойлашиб олгандан кейин суннатлар ҳам ўқилади", деб фатво берган (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Зикр аҳлидан сўранг. 10-сон. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2005. 18-бет. Шунингдек қаранг: 67-сон. –Т.: “Тошкент ислом университети” нашр.-матбаа бирл., 2008. 23-бет.) ва шу фикрни "Кифоя"да ҳам давом эттирган. (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. 1-жуз. –Тошкент: "Шарқ" нашриёт матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2008. 369-бет.) 
Бундан ташқари, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сафарда суннат намозлар ўқилиш ёки ўқилмаслик ҳақидаги савол-жавоблар, гап-сўзлар кўпайиб бораётганини эътиборга олиб, ҳар хил ихтилофларга чек қўйиш, намозхонларнинг бир фикрга келишлари учун "Зикр аҳлидан сўранг" ойномасининг 22-сонида бу масъалага батафсил тўхталган ва тўрт мазҳабнинг фиқҳий асарларидан иқтибослар олиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларидан далиллар келтириб, сафарда иложи борича суннатларни ўқиш кераклиги тўғрисида муфассал баёнотлар зикр қилган. (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Зикр аҳлидан сўранг. 22-сон. –Тошкент: "Тошкент ислом университети" нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. 3-18 бетлар.)
Ҳар йили ҳаж мавсумида сафарда суннат ўқиш ёки ўқимаслик ҳақида тортишувлар, мусулмонлар орасида ихтилофлар бўлаверганидан кейин вилоятдаги олимларимиздан бири Абдуллатиф қори Ҳошимжон қори ўғли, пойтахтимиздаги адибларимиздан ҳожи Мирзо Аҳмад Хушназар билан бирга "Ҳаж – покланиш сафари. Ҳожиларга ёрдам" рисолаларида сафарда суннат намозларини ўқиш ҳақида ҳам тўхталишни лозим топганлар. Бу ерда улар мазҳабимизнинг фиқҳий манбаларига ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига суянган ҳолда ҳожилар суннат намозларини ҳам имкон даражасида ўқишлари суннат эканлигини баён қилганлар. (Қаранг: Абдуллатиф қори Ҳошимжон қори ўғли. Ҳаж – покланиш сафари. Ҳожиларга ёрдам. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2005. 27-36 бетлар.)
Ҳожи Аҳмаджон Бобомуродга нима зарур келибдики, замонамизнинг шунча уламоларига қарши чиқса! 
Энг қизиғи шундаки, юқорида иқтибослар олинган мазкур асарларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Уламолар Кенгаши қошидаги экпертизадан ўтказилган ҳамда Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг тавсиясига биноан чоп этилган. Шунингдек, Дин ишлари қўмитасининг тавсияси билан нашр этилган “Таҳорат ва намоз ҳукмлари” китобида ҳам “сафарда бомдод, шом ва витр намозлари ҳамда суннати равотиблар эса бутун ўқилади” дейилган. (Қаранг: Аҳмад Иззуддин ал-Баямуний. Таҳорат ва намоз ҳукмлари / Таржимон А.Абдуазимов.  Т.: Мовароуннаҳр, 2005. 126-бет.)
Мазкур асарлардан сўнг нашр этилган Ҳожи Аҳмаджон Бобомуроднинг "Ислом одоби ва ахлоқи" китобида эса уларга нисбатан ишончсизлик туғдирадиган, уларга нисбатан беодоблик қилинган ибораларнинг ўтказиб юборилиши ва  тавсия қилинишини нима деб тушиниш мумкин?! Бу халқ орасида ихтилофларнинг яна авж олишига, ҳаж мавсумида яна тортишувлар, ҳар хил тарзда намоз ўқишлар бўлишига сабаб бўлиши мумкин-ку!
Ҳожи Аҳмаджон Бобомуроднинг "Ислом одоби ва ахлоқи" китобида сафарда суннат ўқилмаслиги ҳақида далил сифатида келтирилган Ибн Умар (р.а.)нинг ривоят қилган ҳадиси борасида уламоларимиз бундай жавоб берганлар. Имом Термизий Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф шундай келтирилган:

عن ابن عمر رضى الله عنهما قال: صليت مع النبى صلى الله عليه وسلم فى الحضر و السفر فصليت معه فى الحضر الظهر أربعا و بعدها ركعتين و صليت معه فى السفر الظهر ركعتين و بعدها ركعتين و العصر ركعتين و لم يصلّ بعدها شيئا، و المغرب فى الحضر و السفر سواء ثلاث ركعات لا تنقص فى الحضر و لا فى السفر هى وتر النهار و بعدها ركعتين

"Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳазарда (муқимликда) ҳам, сафарда ҳам намоз ўқидим. Муқимликда ул зот билан бирга пешин намозини тўрт ракъат, фарздан кейин эса икки ракъат ўқидим. Сафарда у зот билан бирга пешин намозини икки ракъат, фарздан кейин ҳам икки ракъат ўқидим; аср намозини ҳам икки ракъат ўқидим, (аммо) асрдан кейин ҳеч қандай намоз ўқимадилар. Шом намозини ҳазарда (муқимликда) ҳам, сафарда ҳам бир хил – уч ракъат ўқидим. Ҳазарда ҳам, сафарда ҳам шом намози қисқартирилмайди. Чунки, у кундузнинг витридир. Шомдан кейин икки ракъат ўқидим". (Қаранг: Термизий ривояти. Абвоб ас-солат, 31. Сафарда нафл ўқиш борасида келган ҳадислар боби, 552-рақам. Бу ҳасан ҳадис деган. Шунингдек қаранг: Шайх Валийуддин ат-Табризий. Мишкот ал-масобиҳ. 1-жилд. –Қозон-1898. 213-бет.)
Мазҳабимизнинг машҳур имоми, ақоид илми олимларидан, IX аср муҳаддиси Имом Таҳовий (845-933) ҳам мазкур ҳадисни ҳасан деб ривоят қилган ва "Сафарда хуфтонни икки ракъат қилиб ва ундан сўнг икки ракъат ўқидилар" деган жумлани қўшиб келтирган. (Қаранг: Мушкил ул-асор, 1/243. Шунингдек, Имом ат-Таҳовий Ибн Умар (р.а.)нинг ривоят қилган ҳадисини “Шарҳи маоний ал-асор” асарида “Мусофирнинг намози боби”да келтирган. Қаранг: Шарҳи маоний ал-асор. (2/239-240).)
“ХХ аср ҳадисшуноси” деб аталаётган Албоний мазкур ҳадиснинг иснодини заиф деган. Унинг заиф деб валдирашининг зарари йўқ. Чунки, заифлик бирор жиҳат билан қувватланадиган бўлса, хусусан, фазойили аъмол борасида заиф ҳадис амал қилишга ярайди. Буюк муҳаддис Имом Термизийнинг ўзи ривоят қилган ҳадисини ҳасан деб қўйган бўлса, унга албатта амал қилинади. Зотан, ҳасан ҳадис амалиётда ҳужжат сифатида олинишига бутун муҳаддислар иттифоқ қилганлар. (Қаранг: Муҳаммад Жамолиддин ибн Муҳаммад Саид ад-Дамашқий. Қавоид ат-таҳдис мин фунуни мусталаҳ ал-ҳадис / ал-Мактабат аш-шомила. Ал-Исдор ас-соний. 1/66 ва ундан олдинги саҳифалар. Шунингдек, қаранг: Ҳазрат Мавлоно Ҳабиб ар-Раҳмон Қосимий. Шарҳ муқаддимат аш-Шайх Абдулҳаққ Деҳлавий фий баёни баъзи мусталаҳоти илм ал-ҳадис. –Девбанд: Маркази даъват ва таҳқиқ, 1417. 103-бет. Шунингдек, Имом Нававий ўзининг “Арбаъин” асари муқаддимасида заиф ҳадисларга амал қилиш мумкинлигини айтган. Қаранг: Имом Муҳиддин Закариё ибн Шараф Нававий. Қирқ ҳадис / Таржимон Отабек Ғайбуллоҳ. –Т.: Мовароуннаҳр, 2005. 4-бет.)
Имом Термизий сафарда пешиннинг ва бошқа намозларнинг суннатлари ўқилиши ҳақидаги ҳадисларни келтириб бундай деган:

ثم اختلف أهل العلم بعد النبى صلى الله عليه وسلم فرأى بعض أصحاب النبى أن يتطوع فى السفر، و به يقول أحمد و اسحاق، و لم يرى طائفة من أهل العلم أن يصلى الرجل قبلها و لا بعدها و معنى من لم يتطوع فى السفر قبول الرخصة، و من تطوع فله فى ذلك فضل كثير، و هو قول أكثر أهل العلم يختارون التطوع فى السفر

"Сўнгра, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин илм аҳли ихтилоф қилишди. Пайғамбарнинг баъзи саҳобалари сафарда татаввуъ (суннат ва нафл) ўқийди, деб Аҳмад (ибн Ҳанбал) ва Исҳоқ (ибн Роҳавайҳ) шундай фикрни айтганлар. Бир гуруҳ илм аҳли эса, киши фарзлардан олдин ҳам, кейин ҳам намоз ўқишни жоиз кўрмаганлар. Сафарда татаввуъ ўқимасликнинг маъноси рухсатни қабул қилишдир. Кимки татаввуъ ўқиса, шубҳасиз, бунда кўп фазилат бор. Илм аҳлларидан кўпчилигининг қавли шу: сафарда татаввуъ (суннат ва нафл) намози ўқимоқни ихтиёр қилганлар".
Бомдод намозининг суннати суннат намозлари ичида энг афзали, таъкидланганроғи эканлиги барчага маълум. Уни Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазарда ҳам, сафарда ҳам тарк қилмаганлар. Абу Ҳурайра (602-679) разийаллоҳу анҳу ривоят қилишига қараганда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деб буюрганлар:

لا تدعوا ركعتي الفجر و لو طردتكم الخيل

"Бомдод намозининг суннатини тарк этманглар, гарчи сизларни отлиқлар қувиб келса ҳам". (Қаранг: Муснаду Аҳмад 2/405; Абу Довуд, Боб ракъатай ал-фажр, 1258-рақам. Шунингдек, “Найл ул-автор”да ҳам (2/264) нақл қилинган.)
Мазкур ҳадиси шарифдан бомдоднинг суннатини сафарда ҳам тарк қилмаслик лозимлиги чиқади. Зотан, отлиқларнинг қувиб келиши кўпинча сафарда юз беради.
Бомдод суннатидан кейинги афзал суннат намози шомнинг суннати эканлигини бухоролик машҳур фақиҳ Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоий (вафоти 452/1060) ихтиёр қилган. Ибн Ҳумом (1386-1456) "Фатҳ ул-қадийр"да ва Акмалуддин Бобуртий (1313-1384) "Иноя"да айтишларига қараганда, Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоийнинг фикрига кўра шом намозининг суннатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазарда ҳам, сафарда ҳам тарк қилмаганлар. (Қаранг: Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадийр. Боб ан-навофил. 1-жилд. –Миср: Амирия, 1310. 313-бет; Акмалуддин Бобуртий. Ал-Иноя. –Миср: Амирия, 1310. 314-бет.) Шу сабабдан бўлса керак, айнан бомдод ва шом намозларининг суннатларини барча ҳолатларда тарк қилмасликни ўзбек халқининг буюк бобокалони Алишер Навоий ҳам ўзининг “Сирож ул-муслимин” асарида “Намоз суннатларининг ракаоти адади” баёнида таъкидлаган:
Бировким, кеча-кундуз қилса тоат,
Эрур суннат анга ўн икки ракъат.
Икки ар ракъат ўлди субҳ ила шом,
Ул икки тўртдур, англа барча айём. (Қаранг: Алишер Навоий. Мукаммал асарлари тўплами. XVI том. –Т.: Фан, 2000. 285-бет.)
Алишер Навоий бобомизнинг мазкур назмда ифодаланган фатвосидан бомдод ва шом намозларининг суннатлари ўн икки ракъатли бир кунлик суннатлар ичида алоҳида ажралиб туришини ва буни барча ҳолатларда англаб, ўқиш кераклигини тушинамиз.
Кўпчилик уламолар наздида эса бомдод намозининг суннатидан кейинги энг афзал суннат намози пешиннинг суннатидир. Бунга ҳадиси шарифлар ҳам далолат қилади. 
Сафарда бомдоднинг суннати ўқилиши кераклиги Имом Бухорийнинг ривоятидан маълум. “Саҳиҳи Бухорий”да "Расулуллоҳ (сав) бомдод намозининг икки ракъат суннатини ўқидилар" деб келтирилган. (Бухорий, 182-бет.)
Имом Термизий эса Барро ибн Озиб (вафоти 71/690) разийаллоҳу анҳунинг бундай деганини ривоят қилган:

عن البراء بن عازب رضى الله عنه، قال: "صحبت رسول الله صلى الله عليه وسلم ثمانية عشر سفرا، فما رأيته ترك الركعتين اذا زاغت الشمس قبل الظهر

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн саккизта сафарда йўлдош бўлдим: қуёш оғганда пешиндан олдинги икки ракъатни тарк этганларини кўрмадим". (Термизий уни «Абвоб ас-солат»да 41 бобда келтирган. 2/435. Шунингдек, “Сафарда нафл ўқиш ҳақида келган ҳадислар” бобида 550-рақамда ривоят этилган ва ҳадиси ғариб дейилган. Шунга ўхшаш мазкур ҳадисни Абу Довуд (1/472-473) Қутайбадан шу иснод ила ривоят қилган. Шунингдек қаранг: Шайх Валийуддин ат-Табризий. Мишкот ал-масобиҳ. 1-жилд. –Қозон-1898. 214-бет.)
Имом Термизий буни ҳасани ғариб ҳадис деган ва Имом ал-Бухорийнинг мазкур ҳадис ровийларидан Абдураҳмон ибн Абу Лайло (638-702)нинг "мен учун бундан ҳам кўра севимлироқ ҳадис ривоят қилмаган" деб мазкур ровийнинг мазкур ҳадисига таҳсин айтганини келтирган. Демак, Имом Бухорий тарафларидан ҳам ҳадис тасдиқланган. Имом Бухорийдек ҳадис илмининг энг буюк алломаси ҳасанлигини тасдиқлаган мазкур ҳадисни Албоний бечора заиф деган. (Қаранг: Носириддин Албоний. Саҳиҳу ва заифу Сунани Термизий / ал-Мактабат аш-шомила. Ал-Исдор ас-соний. 2/50-53.)
Расули акрам алайҳиссалом билан бирга 18 марта сафарда бўлган саҳобий ул зоти шарифнинг суннат ўқиганликларини айтган бўлсалар-у, “сафарда суннат ўқишлик гуноҳ, сафарда суннат ўқимаслик суннат” дейишлик нодонлик эмасми?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарда кечаси нафл намозларини ҳамда витрни улов устида ўқиб кетаётганини саҳобалар кўрганликлари ривоят қилинган. (Қаранг: Бухорий 1096-рақамли, Муслим 701-рақамли ҳадислар.) Сафарда оддий нафлларни ўқиш гуноҳ бўлмаганда суннат намозларни ўқиш гуноҳ бўларканми?!
Энди, Имом Термизий ва Имом Муслим ривоят қилган Ибн Умарнинг гапига келсак:

سافرت مع النبى صلى الله عليه وسلم و أبى بكر و عمر و عثمان فكانوا يصلون الظهر والعصر ركعتين ركعتين لا يصلون قبلها و بعدها، و قال عبد الله: لو كنت مصليا قبلها أو بعدها لأتممتها

"Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ва Абу Бакр, Умар, Усмонлар билан бирга сафар қилдим. Улар пешин ва асрни икки ракъат-икки ракъат қилиб ўқигандилар. Улардан олдин ҳам, кейин ҳам намоз ўқимадилар. Абдуллоҳ (Ибн Умар) айтади: Агар мен улардан олдин ва кейин намоз ўқийдиган бўлсам, уларни тўлиқ (қаср қилмасдан) ўқиган бўлардим". (Қаранг: Термизий “Абвоб ус-сафар”да (2/428)да 39-боб “Сафарда қаср ўқиш ҳақидаги ҳадислар” мавзуида 544-рақамда ривоят қилган. Имом Муслим эса 6-китоби “Солати мусофирин”нинг биринчи бобида 8-рақамда ривоят қилган.)
Гарчанд Имом Термизий: “Ибн Умарнинг мазкур ҳадиси ҳасани ғариб, ҳадисни танимаймиз” деган бўлса-да, Ибн Умарнинг гапини уламоларимиз, хусусан, "Фатҳ ул-Борий"да Ибн Ҳажар Асқалоний (1371-1449) айтишига қараганда, шундай тушинишимиз керак: бунда шошилинч ва йўл юраётганда ўқиладиган намозлар кўзда тутилган. (Қаранг: Фатҳ ул-Борий. 4/74-78.)
Ибн Умарнинг Имом Термизий ривоят қилган Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга намознинг суннатларини ҳам ўқиганлик ҳақидаги ҳадиси эса барқарор бўлиб бир жойда тургандаги намоз ўқиш ҳолатлари ҳақидадир. Шунингдек, Ибн Умардан икки хил ривоят келиши суннатларни сафарда тарк қилиш рухсат, ўқиш эса азимат эканлигини билдиради. Зотан, Имом Моликнинг ривоятига кўра, Ибн Умар ўз ўғли Убайдуллоҳнинг сафарда нафл (суннат)ларни ўқишини кўриб, инкор қилмас эдилар. (Қаранг: Шайх Валийуддин ат-Табризий. Мишкот ал-масобиҳ. 1-жилд. –Қозон-1898. 214-бет.)
Мавлоно Алий ал-қори (вафоти 1014/1605) “Мирқот ал-мафотиҳ” асарида Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг сафарда суннат ўқишни инкор қилганининг сабаби вақт зиқлигида нафл (суннат) ўқишга ёпишиб олиш ва йўл юришда суннат вазифаларини лозим деб гумон қилишни ёқтирмагани учун деб зикр қилган. Ўғлининг нафл ёки суннатни тарк қилиш жоизлигини билиб вақт кенглигида ўқишини кўриб инкор этмаган, деган. (Қаранг: Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 3-жилд. –Байрут: Дор ал-фикр, 1994. 438-439 бетлар.)
Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод ўз китобида “Истифода этилган адабиётлар” рўйхатида Алий ал-қорининг мазкур асарини биринчи ўринда келтирган. Шундай экан, нимага Мавлоно Алий ал-қорининг гапларидан кўз юмиб, сафарда суннат ўқиш гуноҳ деб ёзиб қўйибди?! 
Бундай қараш, яъни мусофир суннат намозларини ўқишлиги ва ўқимаслиги ҳақидаги қараш мазҳабимизнинг мўътабар фиқҳий манбаларида ҳам келтирилган. Жумладан,  

و لا قصر فى السنن، كذا فى المحيط السرخسى. و بعضهم جوّزوا للمسافر ترك السنن. و المختار أنه لا يأتى بها فى حال الخوف و يأتى بها فى حال القرار و الأمن هكذا فى الوجيز للكردرى.

"Суннатлар (ўқиш)да қаср қилиш йўқ. Чунончи, "Муҳит ас-Сарахсий"да келгандир. У (уламолар)нинг баъзиси мусофир учун суннатларни тарк қилишни жоиз қилганлар. Мухтор қавл шуки, (ихтиёр этилган қараш шуки), уларни хавф ҳолатида келтирмайди, қарор ва тинчлик-омонлик ҳолатида уларни келтиради (яъни, суннатларни ўқийди). Мана шундай Имом ал-Кардарийнинг "ал-Важиз" (яъни “Фатовойи Баззозия”) асарида келгандир". (Қаранг: ал-Фатово ал-Ҳиндия ал-маъруфа би-л-Фатово ал-Оламгирия. 1-жилд. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2000. 153-бет.)
Бухоролик улуғ ва таниқли фақиҳлардан бири Имом ал-Ҳиндувоний (вафоти 362/972) юқоридаги қавлга ўхшашни фатво берган эканлар. Яъни, у зот мусофир йўлда юрганида суннатларни ўқимаса ҳам бўлади, лекин борадиган жойига етгандан сўнг суннатларни ўқиши афзалдир:

و يرخص للمسافر ترك السنن. و قيل لا. و الأعدل ما قال الهندوانى ان فعلها أفضل حالة النزول و الترك أفضل حالة السير الا سنة الفجر

"Мусофир учун суннатларни тарк қилиш рухсат этилади. Рухсат этилмайди, ҳам дейилган. Ал-Ҳиндувоний айтгани энг адолатлироғидур: агар уларни келиб тушган ҳолатида бажарса афзалдир. Сайр (йўлда юрган) ҳолатида эса ўқимагани афзалдир. Фақат бомдоднинг суннати унақа эмас (яъни, барча ҳолатларда уни ўқиш керак)".
Мазкур иборани Мулло Хусрав ал-Ҳанафий (вафоти 885/1480) ўзининг "Дурар ал-ҳукком фий шарҳ Ғурар ал-аҳком" асарида зикр қилган ва яна Бухоро амирлигининг охирги муфтий ва қозилари таълиф қилган "Фатовойи Жунг"да ҳам иқтибос олинган. (Қаранг: Муҳаммад ибн Фаромуз Мулло Хусрав ал-Ҳанафий. Дурар ал-ҳукком фий шарҳ ғурар ал-аҳком. –Истанбул: Саҳҳофия, 1318. 134-бет; Мухтасари Виқоя маъа Жунг. –Бухоро-Когон, 1327. 66-бет.)
Ҳанафий мазҳабининг яна бир мўътабар манбаларидан бири, Иброҳим Ҳалабий (вафоти 956/1549)нинг “Ҳалабийи кабир” деб аталадиган машҳур асарида бундай ибораларни ўқиймиз:

يرخص للمسافر ترك السنن على قول البعض. و قال: الفضل لا يرخص. و فى المبسوط لشمس الأئمة لا قصر فى السنن و تكلموا فى فضل. قيل الترك ترخصًا و قيل الفعل تقربًا. و قال الهندوانى الفعل افضل حالة النزول و الترك فى حالة السير. انتهى. و هذا الأعدل اذا لم تكن مشقة حالة النزول. و قد تقدم عن ابن عمر انه قال: " لو كنت مسبّحا لـأتممت". و قال هشام: "رأيت محمدا كثيرا لا يتطوع فى السفر قبل الظهر و لا بعدها، و لا يدع ركعتي الفجر و المغرب، و ما رأيته يتطوع قبل العصر و لا قبل العشاء". كذا فى شرح الهداية للسروجى.

“Мусофир учун баъзиларнинг қавлига кўра суннатларни тарк қилишга рухсат берилади. “Фазилат шуки, рухсат берилмайди” деганлар ҳам бор. Шамс ул-аимма (ас-Сарахсийга тегишли) “ал-Мабсут”да: “суннатларда қаср қилинмайди, унинг фазилати борасида уламолар гапирганлар” дейилган. Рухсат жиҳатдан таркни, тақарруб жиҳатдан бажаришни айтилган. Ал-Ҳиндувоний: “(Сафарда бирор жойга бориб) тушган ҳолатда суннатларни қилиш афзал, йўлда кетаётган ҳолатда эса тарки яхши” деган. Бирор жойга бориб тушган ҳолатда машаққат бўлмаса, демак, мана шу фикр адолатлироқдир! Ибн Умар (р.а.)дан бир ривоят юқорида ўтдики, у: “Агар суннат ўқийдиган бўлсам, (фарзларни) тўла ўқирдим” деган. Ҳишом айтади: “Муҳаммад (ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний)ни кўп бора кўрганманки, сафарда пешиндан олдин ҳам, кейин ҳам нафл (яъни, суннат) ўқимасди. Лекин бомдод ва шомнинг икки ракъат (суннат)ини тарк қилмасди. Асрдан олдин ҳам, хуфтондан аввал ҳам нафл ўқиганини кўрмаганман”. Шунингдек, ас-Суружийнинг “Шарҳ ал-Ҳидоя” асарида келган”. (Қаранг: Иброҳим Ҳалабий. Ҳалабийи кабир. –Истанбул: Кубро, 1325. 545-бет.)
Юқоридаги иборалардан маълум бўлдики, шариатимизда сафарда суннатларни тарк қилишга рухсат бўлса-да, фазилат ва савоб истаб уларни ўқиш яхши. “Имомлар қўёши” деб улуғланган Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Сарахсий (1046-1106) ўзининг мазҳабимиздаги энг мўътабар манбалардан ҳисобланадиган асарида сафарда суннатларни қаср қилиб ўқилмаслиги ҳақида айтиб ўтган экан. Мазҳаббошиларимиздан бири Имом Муҳаммад (749-805) эса шариатимиз берган рухсатдан фойдаланиб сафарда суннат намозларини ўқимаганлигини, бироқ, бомдод ва шомнинг суннатларини тарк қилмаганини ҳам билиб олдик. Шундай бўлса-да, Имом Ҳиндувонийнинг фикри энг адолатлиси экан. Яъни, сафарда меҳмонхонагами, борадиган уйигами тушгандан сўнг суннатларни қолдирмаслик керак. Йўлда кетаётганда ўқимаса бўлади.
Демак, ҳар қандай ҳолатда, Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод айтганидек сафарда суннат ўқиш асло гуноҳ бўлмайди!  
Далиллар келтиришда давом этамиз:
Ўзбекнинг буюк фарзандларидан бири, саркарда фотиҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) ўзининг ақойид ва фиқҳга бағишланган "Мубаййин" номли асарида йўл юрмаётган мусофирнинг суннатларни ўқиши авлолиги ҳақида бундай деб ёзади:
Лек суннатларини бил, эй йор,
Қилур-у қилмасиға сен мухтор.
Билингиз ушбу сўзни, эй уламо,
Йўл йурмаста қилсангиз авло. (Қаранг: Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Мубаййин. –Тошкент-2000, 75-бет.)
Мулло Хусрав ал-Ҳанафий айтишига қараганда, мусофирга суннат намозларни тарк қилиши рухсатдир, лекин бажариши тақаррубдир. (Қаранг: Муҳаммад ибн Фаромуз Мулло Хусрав ал-Ҳанафий. Дурар ал-ҳукком фий шарҳ ғурар ал-аҳком. –Истанбул: Саҳҳофия, 1318. 134-бет.)
Мазҳабимиз имомларининг юқоридаги фикрларини қувватлаш мақсадида яна иқтибосларни давом қилдириб, Имом Абу Бакр Косоний (вафоти 587/1191)нинг "Бадойеъ ус-санойиъ фий тартиб аш-шаройиъ" китобларидан келтирамиз:

و كذا لا قصر فى السنن و التطوعات، لان القصر بالتوقيف و لا توقيف ثمّة. و من الناس من قال بترك السنن فى السفر و روى عن بعض الصحابة أنه قال: لو أتيت بالسنن فى السفر لاتممت الفريضة. و ذلك عندنا محمول على حالة الخوف على وجه لا يمكنه المكث لاداء السنن

"Шунингдек, суннат ва нафлларда қаср қилиш йўқ. Чунки, қаср қилиб ўқиш (Аллоҳнинг Қуръони каримдаги амрига) тавқиф (тўхташ) биландир. Бу жойда (суннат ва нафллар борасида) эса тавқиф йўқ. Одамлардан баъзиси (олимлари) сафарда суннатларни тарк қилишни айтган. Баъзи саҳобалардан (жумладан, Ибн Умарнинг) бундай дегани бор: "Агар суннатларни келтирсам, фарзларни тўлиқ ўқиган бўлардим". Бизнинг наздимизда бу нарса, суннатларни адо қилиш учун туришга имкон бўлмайдиган хавф ҳолатига ҳамл қилинган". (Қаранг: Алоуддин Абу Бакр ал-Косоний. Китобу Бадойеъ ус-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ. 1-жилд. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия. (Йили кўрсатилмаган). 92-93 бетлар.)   
Шунинг учун "Эъло ус-сунан" соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сафарда суннат ўқилиши ёки ўқилмаслиги ҳақидаги ривоятлар турлича эканлигидан сафарда бомдод намозининг суннатини ўқиш суннати муаккада ҳолида қолаверади, бошқа намозларнинг суннатлари эса муаккада ҳолатидан суннати завоид ҳолатига тушади, лекин мутлақ нафл (ўқиса савоб, ўқимаса гуноҳ бўлмайдиган) ҳолатидан юқори туради, деган. (Қаранг: Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 5-жилд. –Байрут: Дор ал-фикр. 2001. 2243-бет.)
Имом Бухорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка фатҳ қилинган куни Умму Ҳонеъ разийаллоҳу анҳонинг уйига кириб саккиз ракъат зуҳо намозини ўқиганларини ривоят қилган. (Қаранг: Бухорий, 1103, 1176 ва 4292 чи тартиб рақамли ҳадиси шариф. Қаранг: 182-бет.) Шунинг учун ҳам, "Фиқҳ ус-сунна" соҳиби уламоларнинг жумҳури сафарда намозларни қаср қилиб ўқувчи кимса нафлларни – хоҳ у ротиба (беш вақт намозларда ўқиладиган) суннатлар бўлсин, хоҳ бошқалари бўлсин – ўқишлик макруҳ эмаслигига келишганлигини баён қилган. (Саййид Собиқ. Фиқҳ ус-сунна. 1-жилд. –Миср: Дор ул-фатҳ, 1999. 21-ншри. 206-бет.)
Демак, Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод айтганидек, “сафарда суннат намозларни ўқиш гуноҳ” эмас экан. Шунингдек, кичик бир макруҳ ҳам эмас экан!
"Фиқҳ ус-сунна" соҳиби бир қанча далилларни зикр қилгандан сўнг Ҳасан Басрий (642-728)нинг сўзини келтиради: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари сафар қилганларида беш вақт фарз намозларидан олдин ҳам, кейин ҳам нафл ўқийверардилар".
Шунинг учун ҳам замонамиз олимларидан Ваҳба Зуҳайлий ўзининг кўп жилдлик "ал-Фиқҳ  ал-исломий ва адиллатуҳ" асарида “Мусофирнинг намози” мабҳасининг еттинчи мавзусида алоҳида бир сарлавҳа остида "Сафарда суннат намозларини ўқиш ҳақида" сўз юритади ва Имом Нававий (1233-1278)нинг фикрига таяниб, Шофиъий (767-820) ва бошқа жумҳур уламолар сафарда суннат намозларини ўқишни мустаҳаб деганларини қайд қилади. (Қаранг: Ваҳба аз-Зуҳайлий. ал-Фиқҳ  ал-исломий ва адиллатуҳ. 2-жуз. –Байрут: Дор ул-фикр, 1997. 1371-1372 бетлар.)
Сафарда мутлақ нафл намозларнинг жоизлиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бомдод намозининг суннатини сафарда ҳам тарк қилмаганларини, хусусан, унинг қазосини ҳам ўқиганларини, Макка фатҳида Зуҳо намозини ўқиганларини ва шу далилларга қиёс қилинган ҳужжатлар билан уламоларнинг бундай фикрга келганларини зикр қилади. Ваҳба Зуҳайлий яна Ҳазрати Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда Абу Бакр ва Умару Усмон разийаллоҳу анҳумларнинг суннат намозлари ўқимаганлиги ҳақидаги ривоятни Имом Нававий таъвил қилиб бундай деганини зикр қилади: “Пайғамбар алайҳиссалом ротиба суннатларни ўз жойларида ўқиган бўлсалар, Ибн Умар кўрмай қолган бўлиши мумкин. Аслида нафлларни уйда ўқиган афзал, уларни тарк қилиниши сафарда жоизлигини билдириш учун бўлган бўлиши ҳам мумкин”. (Қаранг: Ваҳба аз-Зуҳайлий. ал-Фиқҳ  ал-исломий ва адиллатуҳ. 2-жуз. –Байрут: Дор ул-фикр, 1997. 1372-бет.) 
Мазҳабимизнинг энг мўътабар фиқҳий манбаси бўлмиш Бурҳониддин Марғилоний (1123-1197)нинг "ал-Ҳидоя" асарида фарзлар учун тўлдирувчи бўлмиш суннатларни барча ҳолатларда ўқишни авло дейилган:

و الأولى ان لا يتركها فى الأحوال كلها لكونها مكملات للفرائض الا اذا


8 йил аввал 8571 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бедарак бўлиб кетган мусофирнинг аёли
Бир аёлнинг эри сафарга кетиб, бедарак бўлиб, на ўлгани, на тириклиги маълум бўлмаса, Ҳанафий мазҳабига биноан, бир ривоятда эрининг тенгдошлари вафот этиб кетгунигача, баъзи ривоятларда тўқсон, баъзиларнинг наздида давоми...
8 йил аввал 9841 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бир одам икки жойда яшаса
Бири ватани аслий бўлиб, яна бири ижарага олинган бўлса ёки иккаласи ҳам ижарага олинган бўлса ва орасидаги масофа шаръий масофани ташкил қилса, гоҳ у жойда, гоҳ бошқасида турса, гарчи ижарага олинган жойларида аёли давоми...
1 ўн йил аввал 5306 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимо сафар қилувчининг ҳукми
Умрининг кўп вақтини сафарда ўтказадиган, яъни сайёҳлар ҳукми уч хил кўринишда бўлади:1. Шаръий масофани қасд қилиб чиқиб, бирор жойда ўн беш кун туришни ният қилмаса, ҳамма вақт мусофир бўлади.2. Шаръий давоми...
1 ўн йил аввал 5029 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Шаръий мусофирга айланиш учун уч шарти
Кишининг шаръий мусофирга айланиши учун уч нарса топилиши шарт:1) Боришни қасд қилган манзили энг ками сафар масофасича бўлсин;2)Сафарга чиқишида энг ками шу масофани қасд қилиши. Агар шу давоми...
8 йил аввал 6740 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сафар масофаси
  خَرَجَ مِنْ عِمَارَةِ مَوْضِعِ إقَامَتِهِ قَاصِدًا مَسِيرَةَ ثَلاثَةِ أيَّامٍ وَلَيَالِيهَا «Бир киши шаръий мусофир бўлиши учун пиёда ўртача юришда уч давоми...
8 йил аввал 7331 fiqh.uz