"Зиҳор" сузи “зоҳир” сўзидан олинган бўлиб, инсоннинг орка бел томонига айтилади. Шариатда эса эрнинг ўз хотинига “сен мен учун онамнинг орқа бел томони кабисан” дейишига айтилади.
Бу онам хотиним бўлсин, тўғрироғи хотиним менга онам каби ҳаром бўлсин деган маънони англатади. Жоҳилият даврида бу нарса ҳам араблар ичида кенг тарқалган булиб хотинларга зулм ўтказишнинг бир йўли эди. Эр бўлар –бўлмасга хотинини зиҳор қилиб қуйиб, энди менга онам каби булиб қолдинг деб тураверар эди. Ислом дини бу ноҳақ одат ҳақида ўз ҳукмини баён қилди. Аллоҳ: Мужодала сураси 3-4 оятларда шундай марҳамат килган:
“Хотинларидан Зиҳор қилганлар ўз айтганларидан қайтсалар (қайта)қўшилмасликларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу ҳукм ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишингиздан хабардордир”.
Шу суранинг 4-оятида шундай деган:
"Ким (қул) топмаса, бас қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин". Ким рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйғазсин. Бу (ҳукм) Аллоҳга ва унинг Расулига имон келтиришингиз учундир. Ва бу (ҳукм) лар Аллоҳнинг чегараларидир. Ва кофирлар учун аламли азоб бор. Ислом дини ана шу йўл билан инсон озодлиги учун курашни ибодат даражасига кўтарди.
Бу ҳукмни шаръийлашиши яна бир сабаби оналик ва хотинлик ҳурматини оёқ-ости қилиб, тилига эрк берган, хотинига жабру зулм ўтказишга уринган эркакларни ўзига келишига,ўйлашга ургатишдир.
"Зиҳор" қилиш гуноҳини қилган киши ўз имконига қараб ушбу жазолардан бирини ўтайди, имкони бор киши қул озод қилади. Бунга имкони йўқлар 60 кун рўза тутади. Рўза тутишга имкони йўқлар 60 мискинни тўйғазади. "Ушбу жазоларни ўташ ўша инсон учун жуда ибратли ҳаёт дарси бўлади, 2-марта "зиҳор" қилишни ҳаёлига ҳам келтирмайдиган бўлади. Юқоридаги чорани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинини "зиҳор" қилган Салама ибн Сахр раҳматуллоҳи алайҳ номли саҳобага буюрган эдилар.
Агар бир одам каффорот бермасдан хотинига жинсий яқинлик қилса, бошқа каффорот бермайди лекин бошқа каффорот бергунча бошқа бу ишни қилмайди. Бу иши учун гуноҳкор бўлади. Агар бир эркак бир неча хотинларга "сизлар менга онамнинг орқаси каби " деса ҳар бири учун алоҳида–алоҳида каффорот беради. Каффоротда бир кишини 2 ой боқса, ҳам дуруст бўлади.