Фарз ва витр намозларда қиём рукн ҳисобланиб, бунинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасидир:
حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ
“(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз!” (Бақара, 238).
Фарз ва витр намозларда қиём рукн ҳисобланиб, бунинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасидир:
حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ
“(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз!” (Бақара, 238).
Ва қуйидаги ҳадиси шарифдир:
عن عمران بن الحصين رضي الله عنه قال: كانت بي بواسير فسألت رسول الله - صلى الله عليه وسلم - عن الصلاة فقال: (صل قائماً، فإن لم تستطع فقاعداً، فإن لم تستطع فعلى جنب) "رواه البخاري"
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у киши айтадилар:
“Менинг бавосир касалим бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз (ни қандай ўқиш) ҳақида сўрадим. У зот дедилар: “Намозни тик туриб ўқигин! Агар тик туришга қодир бўлмасанг ўтириб ўқи, агар бунга ҳам қодир бўлмасанг ёнбошлаб (бўлса ҳам) ўқигин!”. Бухорий ривоят қилган.“Қиём” луғатда тик турмоқ деган маънони англатади. Ҳанафий мазҳаби бўйича намозда қиёмнинг чегараси - киши икки қўлини чўзганда тиззасига етмайдиган даражада бўлишидир. Узрсиз бир оёқда туриш макруҳ ҳисобланади. Қиёмдаги фарз қилинган миқдор эса фарз қилинган қироат (яъни- узун бир оят ёки қисқа уч оят) сиғадиган миқдордир. Хуллас, узун бир оят ёки қисқа уч оят миқдорида қиёмда туриш фарз бўлади.
Қиёмда қўлни боғлашнинг тўртта кўриниши бор:
1. Асли (яъни қўлни қўйиш ва қўймаслик борасида). Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи қўймайди деган, Авзоий раҳматуллоҳи алайҳи ихтиёрли деган, Жумҳур уламоалар эса, қўйилади дейишган.
2. Вазъи. Бу борадаги мухтор қавл қиём ҳолатида намозхон ўнг қўли кафтининг ичини чап қўли кафтининг устига қўйиб, киндигини тагида тутади ва кичик (жимжилоғ) ва бош бармоғи билан бўғимини боғлаб, қолган учта бармоғини билагининг устига қўяди. Чунки, Али розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:
عن علي رضي الله عنه قال : السُّنَّةُ وَضْعُ الْكَفِّ عَلَى الْكَفِّ فِي الصَّلاَةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ
У киши:
“Суннат-намозда кафтни кафт устига қилиб, киндикнинг остига қўйиб туришдир”, деди”.
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Ушбу ривоят ҳанафий мазҳабида татбиқ қилинган. Буни бошқа кўпчилик уламолар ҳам қўллаганлар.
Ҳанафий уламолар намозда қўлни боғлаб киндик остига қўйиш ҳақидаги ривоятни қабул қилганларининг ҳикматини қуйидагича тушинтирадилар: катта кишилар олдида шу одоб билан турилади, намозда эса, Аллоҳнинг ҳузурида турамиз. Модомики, банданинг олдида шундоқ турилгандан кейин, Аллоҳнинг ҳузурида одоб билан туриш янада зарурроқдир, дейдилар.
3. Макони. Ҳанафийлар киндикнинг тагига қўйилади дейишган, Шофиийлар эса, кўкракнинг устига қўйилади деганлар.
4. Вақти. Қиём туриш пайтида.
Қиём ҳолатида икки оёқ орасини тўрт бармоқ миқдорида очиб, кўзни сажда қиладиган ўринга қаратиб турилади. Чунки бу намозда хушуъни яна ҳам зиёда қилади. Зеро, ушбу ҳолат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги машҳур ҳадисларига мувофиқдир:
... قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : أن تعبد الله كأنك تراه فان لم تكن تراه فإنه يراك...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг”, дедилар.
Олдиндаги сафда очиқ жой бўлиб орқадаги сафда туриш макруҳдир.
Нозимжон Ҳошимжон