“Истинжо” деб инсоннинг икки чиқарув аъзосини сийдик ва ахлатдан тозалашга айтилади.
“Хало” деганда қазойи ҳожат тушунилади. Инсон қазойи ҳожат қилаётганида ҳоли қолиши учун хало, дейилган.
Ҳожатхонага кираётган киши учун қўйидагилар одоб ҳисобланади:
1. Ҳожат қилаётган киши бировга кўринмаслиги керак. Уламоларимиз унга овоз ва ҳидни ҳам қўшганлар.
Муғийра ибн Шўъба (р.а.): “Пайғамбар (с.а.в.) қачонки бориш жойига борадиган бўлсалар, узоқлашиб кетар эдилар,” деганлар.
2. Аллоҳнинг исми ёзилган нарса билан, айниқса Қуръон билан халога кириб бўлмайди.
Анас (р.а)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.) қачонки ҳалога кирсалар, узукларини ечиб қўярдилар.” Маълумки Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг узукларида “Муҳаммадур Расулуллоҳ” деган ёзув бор эди.
3. Халога киришдан олдин ушбу дуони ўқиш керак:
Маъноси: “Эй, Роббим, эркак ва аёл шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилайман.” Анас (р.а.): Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг худди шундай қилганларини ривоят қилганлар. Шайтонлардан паноҳ тилашнинг ҳикмати шуки, одатда хало жойда Аллоҳнинг номи зикр этилмагани учун эркак-урғочи шайтонлар у жойни қароргоҳ қилиб олганлар ва у жойга Аллоҳдан паноҳ сўрамай кирган одамга зарар етказишлари мумкин.
4. Ушбу дуодан олдин “Бисмиллаҳи” калимасини айтишлик керак. Ҳазрати Али (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бисмиллаҳи” калимаси Одам боласининг аврати билан жинларнинг кўзлари орасида тўсиқ бўлишини айтганлар.
5. Ҳожат вақтида қиблага юзланиб ва орқасини қиблага қаратиб ўтирмаслик. Уламоларимиз ҳожат вақтида қибла чап қўл томонда бўлиши одобдандир деганлар.
Абу Аюб ал-Ансорий (р.а.)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Қачонки бирортангиз қазойи ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга орқасини ҳам ўгирмасин,”деганлар.
6. Ҳожат вақтида гапирмаслик, Абу Саъид (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Икки киши қазойи ҳожатни ирода қилиб чиқиб, авратларини очиб гаплашавермасин. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бундан ғазабга келур,” дедилар.
Яна бир ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳожат вақтида саломга жавоб бермаганлари ривоят қилинган.
7. Сув бошига, йўлга, одамлар сояланадиган сояга қазойи ҳожат қилмаслик.
Маъоз ибн Жабал (р.а.)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Учта лаънатловчидан – сув бошига, йўлга ва сояга қазойи ҳожат қилишдан сақланинглар”дедилар”.
8. Ернинг ёриқларига бавл қилмаслик ва қаттиқ жойларга бавл қилмаслик. Расулуллоҳ (с.а.в.) ёриқ жойлар жинларнинг макони эканини айтгпн бўлсалар, қаттиқ жойлар бавлни сачратиб, кийимнм нажас қилади.
9. Халодан чиқишда
Маъноси: “Гуноҳларимни кечирган, мени хотиржам қилган ва мендан азиятни кетказган Аллоҳга ҳамд бўлсин." Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг худди шундай қилганликлари ривоят қилинган.
10. Тезак ва суяк билан истинжо қилмаслик.
Салмон (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Тезак ва суяк билан истинжо қилманглар. У жин биродарларингизнинг зоди (таоми) дир”, деганлар.
11. Ўнг қўл билан, учтадан кам тош билан истинжо қилмаслик, истинжони тоқ марта қилишлик. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг мана шу ишларда ҳам тавсиялари борлиги учун ҳам уларга амал қилиш керак.
12. Ҳожатхонага чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ билан чиқиш керак.
13. Қазойи ҳожатни ўтирган ҳолда бажариш, фақат ўтира олмайдиган узрли бўлса, турган ҳолда бажаради. Умар ибн Хаттоб (р.а.)ўзларини тик туриб бавл қилаётганини ва Расулуллоҳ (с.а.в.) кўриб ундан қайтарганликларини айтганлар.
14. Қазойи ҳожат вақтида, истинжо ҳолатида бош кийим билан Аллоҳдан ва малоикалардан ҳаё қилган ҳолда ўтириш. Қабр устига ҳожат қилиш, очиқ кенг далада ҳожат қилиш, қиблага юзланиб ё орқа қилиб ўтириш макруҳи таҳримийдур. Тўхтаб турган оз сувга ҳожат қилиш ҳаромдур.
Истинжо деб нажосат чиқадиган ўринларни сув билан тозалашга, истижмор эса тош билан тозалашга айтилади. Бу эркак ва аёлларга суннати муаккададир. Лекин нажосат махражга яъни, нажосат чиқадиган ўринга дирҳам миқдоридан кўпроқ ёйилган кесакнинг ўзи кифоя қилмайди, балки сув билан ювиш вожиб бўлади. Буни чап қўл билан қилиш мустаҳаб амалдир. Кесак ишлатиб, сўнг сув билан ювиш фақат бири билан кифоялангандан кўра афзал ҳисобланади. Сув билан истинжо қилишдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам икки қўлини уч марта ювиш керак, “Бисмиллоҳ”ни авратни очмай туриб бир марта, истинжодан кейин авратни ёпгандан кейин яна бир марта айтиш афзал.
Олатдан сийдик чиқмай қолгунига қадар чап қўлга кесак каби ўзига намликни тортадиган нарсани тутиш вожибдур. Бу “Истибро” дейилади.
Истинжода адат белгиланмаган, балки бир мартага тоза бўлса ўшанинг ўзи кифоя қилади. Аммо уч мартага ҳам тоза бўлмаса истинжо чала қилинган бўлади. Истинжо пайтида олати ва сонларига сув сепиб қўйиш тавсия этилади. Шундай қилганда шайтон васваса қила олмай қолади.
Истинжони таҳоратдан кейин қилса, таҳорати бузилмайди, зам-зам суви билан истинжо қилиш макруҳдир
"Истинжо" сўзининг луғатдаги маъноси "нажот изламоқ, чора қидирмоқ, илож изламоқ, озодликка эришмоқ; халос бўлмоқ; қутқазмоқ, қутилмоқ; бирор нарсани секин, махфий бажармоқ; ювиниб, артиниб тозаланмоқ" бўлиб, унинг ўзагидан "нажот" ва "муножот" сўзлари ҳам олинган.
Истинжо, фиқҳий истилоҳга кўра, қазойи ҳожатдан кейин нажосат чиққан аъзоларни кесак, латта ёки махсус қоғоз билан артиб тозалаш ҳамда кейин иложи бўлса, сув билан ювиб, тозаликни зиёда қилишдир. Нажосатни артиб тозалаш фарз бўлса-да, кейин аъзони сув билан ювиб тозалаш мустаҳаб ҳисобланади. Чиққан нажосатнинг кўплигига – миқдорига қараб сув билан ювиш суннат ва вожиб бўлиши ҳам мумкин. Бу икки амални кўпчилик намозхонлар амалга оширадилар. Мана шу икки амал, яъни артиб тозалаш ва сув билан ювиш ўртасида яна бир амал бор. Бу истибродир.
"Истибро" сўзининг луғатдаги маъноси "айбсиз, гуноҳсиз бўлмоқ; нимадандир халос ва озод бўлмоқ; қутулмоқ, ўзини масъулиятдан асрамоқ; тозаланмоқ, софланмоқ"дир. Фиқҳий истилоҳда истибро тўрт масалада ишлатилади:
1) Истибро чўри сотиб олинганда ёки унга молик бўлганда, унинг ҳомиладор ёки ҳомиладор эмаслигини аниқлаш мақсадида бир ҳайз кўргунча ёки бир ой ўтгунча унга жинсий яқинлашмай туриш муддатидир. Бунда чўрининг бачадони аввалги хўжайини манийсидан тозалигини аниқлаш кўзда тутилади (Абу Ҳафс ан-Насафий. Тилбат ат-талаба. – Байрут: Дори нафоис, 1999. – Б. 70, 242; Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 134).
2) Истибронинг бачадонни тозалаш маъноси бўлгани боис, у талоқда ҳам киноя сифатида ишлатилиши мумкин. Демак, биров хотинига: إستبرئ رحمك – "Бачадонингни тозала", деб айтса нима бўлади? Агар оддий ҳолда айтса, талоқ нияти бўлмаса, ҳеч қандай талоқ бўлмайди. Агар бирни, иккини ёки уч талоқни ният қилса, шунча талоқ тушади. Бир-икки талоқ тушган ҳолда янгидан никоҳ қилишга мажбур эмас, ўзаро қайта ярашиб кетаверадилар (Бурҳониддин ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1320. – Б. 352).
3) Истибро сўзи қасам бобида ҳам қўлланилади. Икки кимса бирорта молни фалончиники деб гувоҳлик берганида, мол бошқа бировнинг қўлида бўлса, ушбу гувоҳлик сабабли қози молни ўша фалончи фойдасига ҳукм қила олмайди. Бу ҳолатда унинг фойдасига ҳукм қилиш учун унга: "Бу молни сотган эмасмидинг, унга совға қилмаган эдингми?" каби саволлар бериб, уни қасам ичишга мажбур қилади. Мана шу қасам "йамин ал-истибро", деб аталади.
4) Истибро сўзида "тозаланиш, покланиш" маъноси бўлгани боис у таҳорат бобида ҳам ишлатилади. Бунда намозхон сийдикдан сақланиш мақсадида бавл (пешоб)дан сўнг унинг томчилари ҳам қолмаганлигига тўла ишонч ҳосил қилгунча айрим ҳаракатларни амалга оширади.
Истинжода истибро қилиш лозимлиги борасида "Фатовойи Оламгириййа"да қуйидагиларни ўқиймиз:
وَالِاسْتِبْرَاءُ وَاجِبٌ حَتَّى يَسْتَقِرَّ قَلْبُهُ عَلَى انْقِطَاعِ الْعَوْدِ. كَذَا فِي الظَّهِيرِيَّةِ قَالَ بَعْضُهُمْ: يَسْتَنْجِي بَعْدَمَا يَخْطُو خُطُوَاتٍ وَقَالَ بَعْضُهُمْ: يَرْكُضُ بِرِجْلِهِ عَلَى الْأَرْضِ وَيَتَنَحْنَحُ وَيَلُفُّ رِجْلُهُ الْيُمْنَى عَلَى الْيُسْرَى وَيَنْزِلُ مِنْ الصُّعُودِ إلَى الْهُبُوطِ وَالصَّحِيحُ أَنَّ طِبَاعَ النَّاسِ مُخْتَلِفَةٌ فَمَتَى وَقَعَ فِي قَلْبِهِ أَنَّهُ تَمَّ اسْتِفْرَاغُ مَا فِي السَّبِيلِ يَسْتَنْجِي .هَكَذَا فِي شَرْحِ مُنْيَةِ الْمُصَلِّي لِابْنِ أَمِيرِ الْحَاجِّ وَالْمُضْمَرَاتِ
"Истибро вожибдир, бу то қалби (сийдик томчилари) тўхтаганлигига хотиржам бўлгунчадир. Чунончи, "Заҳириййа"да келган. Айрим уламолар бир неча қадам отганидан кейин истинжо қилади, дейдилар. Айрим олимлар эса ерга оёғини бир неча марта уради, йўталади, ўнг оёғини чап оёғига чалиштиради, баландликдан пастга тушади, деганлар. Тўғриси, албатта одамларнинг табиатлари ҳар хилдир. Демак, қачон қалбида йўл (сийдик канали)даги нарса тамом бўлганига ишонч тушса, сўнг истинжо қилади. Худди шундай Ибн Амир ал-ҳожжнинг "Мунйат ал-мусоллий" шарҳида ва "ал-Музмарот"да келтирилган (Фатовойи Оламгириййа. 1-жилд. – Ҳиндистон, 1842. – Б. 66).
"Жомеъ ар-румуз"да эса истибро ҳақида қуйидагилар қайд қилинган:
و فى ثم اشارة الى انه يستبرئ و هو واجب و كيفيته ان يضرب الرجل على الارض مع التنحنح و لفّ الرجل اليمنى على اليسرى و النزول من الصعود الى الهبوط او ينام على شقه الايسر او يمشى اربعمائة خطوة او ثلثمائة او اربعين او عشرا على الخلاف و الصحيح انه اذا اطمأنّ قلبه استنجى كما فى المضمرات
"Шу жойда шунга ишора борки, истибро қилиши вожиб бўлади. Унинг сурати: оёғини йўталиб туриб ерга уради, ўнг оёғини чап оёғига чалиштиради, баланддан пастга тушади ёки чап ёнбоши билан ётиб олади ёки тўрт юз ё уч юз қадам юради, ёки қирқ ё ўн қадам юради, бу ихтилофли. Тўғриси шуки, унинг қалби қачон хотиржам бўлса, шу вақт истинжо қилади. Чунончи, "ал-Музмарот"да мазкурдир" (Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 107-108).
Ибн Нужайм ал-Мисрий (р.ҳ.) "Баҳр ар-роиқ"да буларни зикр қилган:
و ينبغى ان يخطو قبله خطوات و المقصود ان يستبرئ و فى المبتغى و الاستبراء واجب
"Бундан (сув билан истинжо қилишдан) олдин бир неча қадамлар ташлаш керак бўлади. Бундан мақсад истибро қилишдир. "ал-Мубтағий"да истибро қилиш вожибдир, дейилган (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. – Миср: Илмия, 1311. – Б. 253).
Ҳанафийларнинг юқоридаги фатво берилган фикрларига далил сифатида сийдикдан сақланиш ҳақидаги ҳадиси шарифлар асос қилиб олинган. Демак, бунга қуйидаги машҳур саҳоба Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шариф мазмуни сабаб бўлган:
اسْتَنْزِهُوا مِنَ الْبَوْلِ فَإِنَّ عَامَّةَ عَذَابِ الْقَبْرِ مِنْه
“Сийдикдан сақланинглар, зеро, қабр азобининг кўпчилиги ундандир” (Дорақутний 1/474-476; Ҳоким 1/653-654; Табароний 11/11104, 11120; Баззор 2/4907.).
أَكْثَرُ عَذَابِ الْقَبْرِ فِى الْبَوْل
“Қабр азобининг кўпроғи сийдикдадир” дейилган.
Агар сийдик нажосат бўлмаганда эди, қабр азоби унга боғлиқ бўлмасди.
Имом Дорақутний (р.ҳ.) мазкур ҳадисни саҳиҳ деган, яна
عَامَّةُ عَذَابِ الْقَبْرِ مِنَ الْبَوْلِ فَتَنَزَّهُوا مِنَ الْبَوْل
“Қабр азобининг оммаси сийдикдан бўлиб, ундан пок бўлгайсизлар!” дейилган ривоятга “Унинг иснодида зарар йўқ!” деган қарорни айтиб кетган.
Саъд ибн Муоз (р.а.) деган саҳобани қабр сиққанлиги ҳақидаги ривоят бунга қўшимча далил бўлган. Бунинг сабабини Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг сийдикдан сақланмаслиги учун бўлган, деб тушунтирганлар.
Рашид Аҳмад Гангуҳий (р.ҳ.) ўзининг “ал-Кавкаб ад-дуррий” номли асарида Саъд ибн Муоз (р.а.) вафот қилиб, қабр уни бир сиққанидан сўнг унинг аёлига одам жўнатилганини ҳам зикр қилиб ўтган. Яъни, ундан қабр сиқишининг сабабини билиш-билмаслигини сўрашганлар. Аёли айтишича, Саъд ибн Муоз (р.а.) қўйчивон эканлар. Уларнинг сийдигидан унчалик сақланмас экан (Рашид Аҳмад Гангуҳий. ал-Кавкаб ад-дуррий. 1-жилд. – Лакнау: Надват ал-уламо, 1975. – Б. 103). Бу ривоят Расулуллоҳнинг (с.а.в.) юқоридаги гапларига ҳам уйғун келади. Бироқ, Муҳаммад Тақий Усмоний (р.ҳ.) мазкур ривоятни ҳадис тўпламларидан топа олмаганини айтган.
Имом Термизий (р.ҳ.) қуйидаги ҳадисни саҳиҳ-ҳасан, деб ривоят қилишича, Пайғамбар (с.а.в.) икки қабр олдидан ўтганлар. Бас, ул зоти шариф: "Бу иккиси азобланмоқдалар. Улар катта (гуноҳ) борасида азобланмаяптилар, балки мана буниси сийдикдан сақланмас эди, ана буниси эса чақимчилик қилиб юрарди", дедилар (Термизий, 1/70).
Юқоридаги ҳадиси шарифларга қатъий амал қилиш учун истибро қилиш лозим бўлади. Вожибга олиб борадиган йўл, услуб ва воситалар ҳам вожиб ҳисобланади, деган қоидага кўра ҳанафий олимлари истиброни вожиб деб билганлар. Бундан ташқари, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг истибро қилиш ҳақидаги алоҳида кўрсатмалари бор:
إذا بال أحدكم فلينتر ذكره ثلاث مرات
"Қачон сизлардан бирингиз бавл қилса, закарини уч марта интор – истибро қилсин!" (Ибн Можжа, 1/326; Байҳақий, 1/552; Аҳмад, 4/19076-19077; Ибн Абу Шайба, 1/1708).
Шуни билиш керакки, агар истибро қилмасдан таҳорат қилинса, таҳоратдан сўнг закар учида сийдик томчилари кўринса, гарчи у оқмаса ҳам таҳорат синган ҳисобланади. Чунки, таҳорат синиши учун инсоннинг одатда нажосати табиий чиқадиган жойларидан оқиш шарт эмас. Баданнинг бошқа жойларидан чиқадиган нажосатлар: қон, йиринг кабилардан таҳорат синиши учун оқиш шарт. Буни Абдулҳай ал-Лакнавий (р.ҳ.) бу тарзда битиб қолдирган:
و اما الرأس الذى يأتى منه البول ينقض الوضوء ظهور البول عليه فحسب و لا يشترط له و لا الغائط السيلان كذا فى جامع المضمرات عن الشيخ ابى على الدقاق
"Сийдик келадиган закарнинг бошида агар сийдик кўриниши биланоқ таҳорат синади. Унга ва орқа тешикдан чиқадиган ахлатга (таҳорат синиши учун) оқиш шарт эмас. Чунончи, "Жомиъ ал-Музмарот"да Шайх Абу Али ад-Даққоқдан нақл қилинган" (Абдулҳайй ал-Лакнавий. Нафъ ул-муфтий ва-с-соил. – Ҳиндистон: Мустафоий, 1304. – Б. 12).
Демак, қазойи ҳожат қилиб бўлгандан сўнг кесак, латта ёки қоғоз билан артиниб тозаланган аснода истибро қилинади. Бу истибро эркакларга вожиб. "Радд ал-муҳтор"да айтилишича, аёллар истибро қилмайдилар, балки аёллар қазойи ҳожатдан кейин бир он кутиб, кейин истинжо қиладилар (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 1-жилд. – Миср, 1272. – Б. 225).
Истибронинг қандай танланиши ҳар бир эркакнинг табиатига боғлиқ. Жинсий маданият бўйича мутахассис Ўктам Муҳаммад Мурод (р.ҳ.) таҳорат жараёнидаги айрим мустаҳаб амалларнинг нотўғри бажарилиши эрлик безининг яллиғланишига сабаб бўлаётгани ҳақида гапиради. Бу нарса истибронинг узоқ давом этишига сабаб бўлар экан. Ҳожатхонага киргач, истинжо қилиш учун одатда қуруқ кесак ишлатилган. Бунинг учун офтобда, соя тушмас қуёш остида кесак қиздирилиб қўйилган. Шунингдек, офтобда ёки оловда илитилган сув билан истинжо қилиш керак бўлади. Томчилар чиқиб бўлганидан сўнг албатта илиқ сувда чайилиши керак. Истибро ва истинжодан сўнг эса пок мато билан тезда артиниш керак (Ўктам Муҳаммад Мурод. Эр-хотинлик бахти ёхуд жинсий маданият. – Тошкент: Voris-nashriyot, 2008. – Б. 204-205 ва бошқа саҳифалар).
Иссиқ-илиқ сув йўқ жойларда муздек сувга иложи борича истинжо қилмаган маъқул. Унинг ўрнига кесак ёки махсус қоғозлар билан яхшилаб артиниб қўйилса, кифоя бўлаверади. Авратларни совуқ сувга чайишга мажбур қилинмайди, чунки, совуқ сувга истинжо қилиш, истинжо мустаҳаби сабабли иштонни нам ҳолда кийиб юравериш оқибатида простата бези шамоллаши, шунингдек, бошқа аъзоларнинг қаттиқ шамоллаши, бавосил (геморрой) касаллиги ҳозирда намозхонлар орасида кузатилмоқда. Бугунги куннинг маҳоратли табибларининг ишончига кўра, совуқ сувга жинсий аъзоларни чаявериш простата бези шамоллашига ва бавосил касаллигига олиб келишига шубҳа йўқ. Ҳолбуки, фиқҳий матн китобларининг барчасида ҳавонинг ва сувнинг совуқлиги оқибатида жонга ёки аъзоларга касалланиш хавфи бўлганида ҳатто ғусл ёки таҳорат қилмасдан таяммум билан кифояланишга шариат рухсат бергани қайд қилинган. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) хоҳ мусофирликда ва хоҳ муқимликда ана шундай хавф бўлиши сабабли таяммум қилишга шариатда рухсат берилганлигига фатво берган. Гарчи унинг икки шогирди – Абу Юсуф (р.ҳ.) ва Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний (р.ҳ.) ҳамда улар фикрига қўшилган кейинги давр фақиҳлари томонидан муқимликда қаҳратонда илиқ сув топилмаса совуқ сувга таҳорат қилинади, дейилган бўлса-да, бироқ, фиқҳий матн китобларининг барчаси мазҳаббоши Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) фикрини мутлақ тарзда инобатга олиб, мазҳаб фикри сифатида тақдим қилиб келганлар (Қаранг: Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. – Қоҳира: Илмия, 1311. – Б. 148-149; Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 65-66). Демак, мазҳаббоши Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) фикрини инобатга олган фиқҳий матн китобларидаги мутлақ иборага кўра, простатит ёки геморрой касаллиги хавфи бўлган ўринларда таҳорат қилувчи совуқ сувга истинжо қилишга мажбур эмас, касалланиш – шамоллатиб қўйиш хавфи бўлганда, сув билан истинжо қилмасликка шаръий жиҳатдан рухсат берилади.
Шуни билмоқ керакки, сув билан истинжо қилиш таҳоратнинг вожиб ёки суннатларидан, аниқроғи, таҳорат амалиётларининг бир қисмидан эмас. Яъни, ҳар бир таҳоратнинг олдида истинжо қилиш керак, деган тушунча исломда йўқ. Шунинг учун ҳам фиқҳий манбаларнинг поклик бобларида истинжо мавзуси таҳорат мавзусидан бошқа-бошқа ўринларда зикр қилинган. Истинжо қилиш инсоний покланиш ва тозаланишнинг бир қисмидир. Мусулмон кимса таҳорат қилиш нияти борми, йўқми – бундан қатъи назар қачон ҳожатхонага кирса, ундан албатта истинжони мукаммал қилиб, сув билан ҳам тозаланиб чиқмоғи лозим. Покиза ва озода инсонларнинг барчаси шунга одатланиши даркор. Шунинг учун инсон илиқ сувга доимо истинжо қилиб юриши керак бўлади, хусусан, уйдан чиқаётганда, илиқ сувга истинжо қилиб, шошилмай таҳоратли бўлиб олиш мақбул бўлади.
Қазойи ҳожатдан кейин нажосат чиққан аъзоларни кесак, латта ёки махсус қоғоз билан артиб тозалагандан сўнг сув билан ювиб, тозаликни зиёда қилишни одатда мустаҳаб амал дейилади. Бунга сабаб сув билан тозаланишни Расулуллоҳ (с.а.в.) ва саҳобалар айрим ҳолларда адо қилиб, кўп ҳолларда бажармаганлар. Мустаҳаб атамаси ана шундай: гоҳида қилиб, кўп ҳолларда адо қилинмаган амалларнинг барчасига нисбатан қўлланилади. Бироқ, чиққан нажосатнинг кўплигига – миқдорига қараб сув билан ювиш суннат ёки вожиб бўлиши ҳам мумкинлигини илк бор буюк саҳоба Ҳазрати Али (к.в.) айтган эди. Ундан бунинг сабабини сўраганларида, у бундай деб жавоб берган:
إنَّ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ كَانُوا يَبْعَرُونَ بَعْرًا ، وَإِنَّكُمْ تَثْلِطُونَ ثَلْطًا ، فَأَتْبِعُوا الْحِجَارَةَ بِالْمَاء
"Албатта сизлардан олдингилар қумалоқ-қумалоқ ҳожат чиқарадилар, сизлар эса шилта-шулта қилиб чиқарасизлар. Шунинг учун ҳам тош (кесак)дан кейин сув ишлатинглар!" (Байҳақий, 1/529; Ибн Абу Шайба, 1/1645).
Худди шу хилдаги жавоб тобеъинларнинг улуғларидан Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) томонидан ҳам айтилган (Жалолиддин Гурланий. ал-Кифоя шарҳ ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Қозон, 1886. – Б. 84).
Сўфи Аллоҳёр (р.ҳ.) юқоридаги гапни "Маслак ал-муттақин"да бу тарзда ифодалаган (Сўфи Аллоҳёр. Маслак ал-муттақин. – Тошкент: Ғуломия, 1915. – Б. 69):
Баъд-и хокий ба-об истинжо,
Гуфт суннат дар ин замона-и мо.
Лек, вақт-и саҳоба буд адаб,
Фарқ андар миёна чист сабаб?
Вақт-и асҳоб батн тоҳир-у миск,
Буд махружашон мисол-и писк.
Мақъад-и халқ-и ин замон боре,
Шилтаҳо мешавад зи пурхоре.
Гар бувад ин чунин ба-вақт ҳасан,
Мардум-и ин замонаро чи сухан?!
(Мазмуни: кесак ишлатгандан кейин сув билан истинжо қилишни бизнинг замонамизда суннат демишлар. Лекин, бу саҳобалар даврида адаб (мустаҳаб) бўлган. Улар билан бизнинг орамиздаги фарқ нимада? Саҳобалар даврида қоринлари пок, худди мушк-и анбардек эди, чиқарган нарсалари эса қумалоқдек бўларди. Бу замондаги одамларнинг барчасининг орқаси кўп еганликларидан шилта-шилта бўлиб қолади. Ўша вақтдаги одамларга истинжода сув ишлатиш гўзал иш бўлган бўлса, бизнинг замонамиз одамларига нима дейиш мумкин?!).
Қазойи ҳожатдан кейин кесак ёки махсус қоғоз билан яхшилаб артиниб бўлгандан сўнг сув билан истинжо қилганда, фақат нажосат чиққан аъзогина эҳтиёткорлик билан чайиб тозаланади. Масалан, агар пешоб чиқарилган бўлса, фақат закарнинг боши, яъни сийдик теккан жойигина ювиб қўйилса кифоя. Сийдик чиқди, деб бутунлай закарни мояклар билан бирга кети билан қўшиб ювиш шарт эмас. Саҳобалардан Ибн Умар (р.а.), Ибн Аббос (р.а.), Анас (р.а.) ва Абу Ҳурайра (р.а.), тобеъин ва табъа тобеъинлардан Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.), Ибн Сирин (р.ҳ.), Назр ибн Анас (р.ҳ.), ал-Асвад (р.ҳ.) ва Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.) пешобдан кейин фақат закари бошини ювиб қўйишлари манбаларда зикр қилинган (Ибн Абу Шайба, 1/598-605; Али ибн ал-Жаъд, 1/3236).
Ҳожатхонада сийдик томчиларидан бутунлай қутилгандан кейин чиқилиши ёки аъзо учига қоғоз ё мато қўйиб чиқилиши лозим. Сийдик томчиларини чиқариш мақсадида закарни қаттиқ сиқиш, тортиш мумкин эмас, чунки, бунинг натижасида закар ичидаги пешоб чиқарув каналининг нозик пардаси ситиб чиқариб юборилиши мумкин. Оқибатда сийдик тутаолмаслик касали тезда юз беради. Унинг ўрнига сакраш, юриш, кутиш керак. Ривоятларда келишига қараганда, буюк саҳобий Зайд ибн Собит (р.а.) сийдиклари томчилари бутунлай тугагунча айланиб юрар, кейин таҳорат олишга киришар экан (Байҳақий, 1/1738).
Истинжо қилиб, сув билан ювиб, тозаланган аснода мато ишлатиш мустаҳаб ҳисобланади. Фиқҳий манбаларда бу ҳақида алоҳида қайд қилинган:
و من الآداب ان يمسح موضع الاستنجاء بالخرقة بعد الغسل قبل ان يقوم ليزول اثر الماء المستعمل بالكلية و ان لم يكن معه خرقته يجففه اى موضع الاستنجاء بيده مرة تقليلا للماء المستعمل بحسب الامكان
"Истинжо жойини ювгандан кейин туришдан олдин латта билан артиш одобдандир. Бу токи оби мустаъмал – ишлатилган сувнинг асарини буткул йўқотиш учундир. Агар ўзи билан бирга латта бўлмаса, уни, яъни истинжо жойини имкон даражада оби мустаъмални озайтириш учун қўли билан бир марта қуритади" (Иброҳим ал-Ҳалабий. Ҳалабийи кабир. – Лоҳур, 1283. – Б. 35).
Шунинг учун юз-қўлларни артиш, шу билан бирга оёқлар намлигини кетказиш учун алоҳида тоза сочиқ тутиш билан бирга, истинжо мустаҳабидан кейин артиниш учун ҳам алоҳида сочиқ доимо бўлиши зарур. Агар сочиқ бўлмаса, покиза қоғоз билан истинжо мустаҳаби сувлари намликларини кетказиш керак бўлади. Таҳорат қилувчи намозхонлар мустаҳабга сочиғи бўлмаса, ёнида кўпроқ қоғоз олиб юришлари ёки қоғоз билан сув намликларини қуритишга алоҳида эътибор беришлари мақбулдир.
Намозхон мусулмон қазойи ҳожатдан сўнг, истинжо қилганидан кейин, сув билан истинжо қилишдан олдин ёки кейин сийдик томчилари тамоман йўқолганига ишонч ҳосил қилгунча истиброни қуйидаги шакллардан бирида амалга ошириши лозим:
1) Закарнинг тагини босиб, сийдик қолдиқларини чиқаради;
2) Сакраб-тушиб ерга оёқларини уради ва йўталади;
3) Оёқларини чалиштириб, сийдикни йўқотишга ҳаракат қилади;
4) Ўн қадамдан қирқ қадамгача юради;
5) Ҳар бир одам ўзининг ёшига қараб, шунча қадам ташлаб, кейин истинжо қилади;
6) Табиатига ва ҳолатига қараб, ҳатто уч юз қадам-тўрт юз қадамгача юради;
7) Чап томони билан бир оз ётиб, ёнбошлаб олади;
8) Юқоридан пастга тушиб, пастдан юқорига чиқади;
9) Таҳорат қилмасдан туриб, ўн дақиқагача кутади.
Истибро қилиш асносида бир нарсага эътибор бериш керак бўлади. Бу шайтоннинг васвасасидир. Сийдик оқди, томчилади, деган фикрни шайтон хаёлга келтиради. Бу борада алоҳида шайтон иш олиб боради. Фатво тўпламларида бу ҳақида ҳам махсус огоҳлантиришлар мавжуд:
وَلَوْ عَرَضَ لَهُ الشَّيْطَانُ كَثِيرًا لَا يَلْتَفِتُ إلَى ذَلِكَ كَمَا فِي الصَّلَاةِ وَيَنْضَحُ فَرْجَهُ بِمَاءٍ حَتَّى لَوْ رَأَى بَلَلًا حَمَلَهُ عَلَى بَلَّةِ الْمَاءِ .هَكَذَا فِي الظَّهِيرِيَّةِ
Агар унга шайтон кўп васваса қилса, намоздагидек унга қарамайди, жинсий аъзосига сув сепиб қўяди. Агар намликни кўрса, ўша сувнинг намлиги, деб ҳисоблайди". "аз-Заҳириййа"да худди шундай келган" (Фатовойи Оламгириййа. 1-жилд. – Ҳиндистон, 1842. – Б. 66).
و لو عرض له الشيطان كثيرا لا يلتفت اليه بل ينضح فرجه بماء او سراويله حتى اذا شك حمل البلل على ذلك النضح ما لم يتيقن خلافه
Агар шайтон унга кўп васваса қилса, унга илтифот қилмасин. Балки, жинсий аъзосига ёки иштонига сув сепиб қўйсин, токи шак-шубҳага тушса, намликни ана ўша сочган намлик деб билади. Бу модомики аксига ишончи ҳосил бўлмасадир" (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. – Миср: Илмия, 1311. – Б. 253).
Юқоридаги фатволарга Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қуйидаги ҳадиси шарифлари сабаб бўлган:
توضأ وانضح فرجك
"Таҳорат қил ва жинсий аъзоингга сув сепиб қўй!" (Муслим, 1/303; Насоий, 1/438; Ибн Хузайма, 1/22; Байҳақий, 1/562).
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари ҳам бавл қилганларидан сўнг гоҳида иштонларига сув сепиб қўярдилар:
كان رسول الله صلى الله عليه و سلم إذا بال توضأ و ينتضح
"Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон бавл қилсалар, таҳорат қилар ва сув сепиб қўярдилар" (Абу Довуд, 1/166; Ҳоким, 1/608).
Саҳобалардан Ибн Аббос (р.а.) билан бир кимса ўртасида бу хилда воқеа бўлиб ўтган:
عن بن عباس قال شكا إليه رجل فقال إني أكون في الصلاة فيخيل إلي أن بذكري بللا قال قاتل الله الشيطان إنه يمس ذكر الإنسان في صلاته ليريه أنه قد أحدث فإذا توضأت فانضح فرجك بالماء فإن وجدت قلت هو من الماء ففعل الرجل ذلك فذهب
"Ибн Аббос (р.а.)га бир кимса шикоят қилиб, бундай деди: "Мен намозда турганимда закаримда намлик бор, деган фикр хаёлга келади". Ибн Аббос (р.а.) бундай деди: "Аллоҳ шайтонни ўлдирсин! У инсоннинг намозда турганида таҳорати синди, деб ўйлаши учун закарини ушлайди. Шунинг учун таҳорат қиладиган бўлсанг, жинсий аъзойингга сув сепиб қўйгин. Бас, агар яна шу хаёл келса, ана ўша сувдан дейсан". Ўша кимса шундай қилган эди, хаёл кетди" (Абдурраззоқ, 1/583).
Тобеъинлардан Муҳаммад ибн Каъб (р.ҳ.) билан бир кимса ўртасида ҳам шу хилдаги суҳбат бўлиб ўтган:
سألت محمد بن كعب القرظي قلت إني أتوضا وأجد بللا قال إذا توضأت فانضح فرجك فإن جاءك فقل هو من الماء الذي نضحت فإنه لا يتركك حتى يأتيك ويحرجك
"Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразийдан: "Таҳорат қилсам, намлик хаёлини топаман", дедим. У бундай деди: "Агар таҳорат қилсанг, жинсий аъзойингга сув сепиб қўй. Агар шу хаёл келса, ана ўша сепган сувимдан туғилган хаёл, дейсан. Чунки, шайтон шу хаёлни келтириш учун сени тарк қилмайди, сени машаққатга қўймоқчи бўлади" (Абдурраззоқ, 1/585).
Тобеъинлардан Маймун ибн Меҳрон (р.ҳ.) олдига васвасага йўлиққан кимса келиб, бу ҳақида сўраганида, у бундай деган:
إذا أنت توضأت فانضح فرجك وما يليه من ثوبك بالماء فإن وجدت من ذلك شيئا فقل هو من ذلك
"Қачон сен таҳорат қилсанг, жинсий аъзоингга ва кийимингга сув сепиб қўйгин, агар бирорта нарса (васваса) топсанг, ана шундан деб айтасан" (Ибн Абу Шайба, 1/1779).
Шайтон алайҳи-л-лаънанинг сийдик томчилари чиқиб кетди, деган хаёлни намозхонга васваса қилган-қилмаганини текшириб кўриш керак бўлади: агар намозда ёки намоздан ташқарида бир-икки марта бу хилдаги васваса бўладиган бўлса, дарҳол намозни тўхтатилади ва намоздан чиқиб, иштон ва закарни текширилади. Агар ҳақиқатда ҳам нам теккан бўлса, демак, аввал яхшилаб истибро қилиш, кейин таҳоратни қилиш вожиб бўлади. Сийдик томчилашини бутунлай йўқотиш учун қандайдир тиббий муолажалар қилинади. Қалампирмунчоқ сут билан, майиз мурч билан еб юриш, эчки ва бия сутини ичиш, қора андиз, дўлана ейиш, исириқни қайнатиб, қайнатма сувга ўтириш, седана ёғи ичиб юришга одатланиш каби яна бошқа муолажалар сийдик томчилаш ва шамоллаш дардларига дармон бўлишига эътибор қаратиш мумкин.
Васваса бўлган бўлса, текшириб кўрилганда, иштон тоза, намланмаган, закар боши қуруқ, намсиз ҳолда турган бўлади. Агар бир-икки марта тозалиги текшириб кўрилган ҳол юз берганидан кейин ҳам хаёл шунга бўлинаверса, демак, бу шайтоннинг васвасаси экан. Уни иштонга сув сепиб ёки васвасага эътибор бермаслик билан даф қилинади.
Қиёматда бандадан сўраладиган илк сўровлар:
1) Берилган неъматлар тўғрисида ҳисоб-китоб бўлади:
إن أول ما يسأل عنه يوم القيامة يعني العبد من النعيم أن يقال له ألم نصح لك جسمك ونرويك من الماء البارد
"Албатта қиёмат куни бандадан сўраладиган биринчи нарса неъматлардан бўлади: унга "Жисмингни сенга соғ-саломат қилмаганмидим, совуқ сувдан қондирмаганмидим?!", дейилади" (Термизий, 4/3358).
2) Таҳорат тўғрисида ҳисоб-китоб бўлади:
اتقوا البول فإنه أول ما يحاسب به العبد في القبر
"Сийдикдан сақланинглар, бас, албатта қабрда банда илк бор ундан ҳисоб-китоб қилинади" (Табароний, 8/7605, 7607).
أول ما يحاسب به العبد طهوره فإن أحسن طهوره فصلاته كنحو طهوره وإن حسنت صلاته فسائر عمله كنحو صلاته
"Банда ҳисоб-китоб қилинадиган илк нарса унинг таҳоратидир. Бас, агар таҳорати чиройли бўлса, демак, намози ҳам худди таҳорати каби бўлади. Агар намози чиройли бўлса, бошқа амаллари ҳам намози каби бўлади" (Байҳақий, "Шуаб ал-имон", 4/2523).
3) Намоз тўғрисида ҳисоб-китоб бўлади:
أول ما يسئل عنه العبد يسئل عن صلاته فإن تقبلت منه تقبل منه سائر عمله وان ردت عليه رد عليه سائر عمله
"Бандадан сўраладиган нарсалардан аввалгиси намоздан сўралади. Бас, агар у қабул қилинган бўлса, бошқа амаллари ҳам қабул қилинади. Агар у рад қилинган бўлса, бошқа амаллари ҳам рад қилинади" (Ибн Абу Шайба, 2/7772).
اول ما يسأل عنه العبد يوم القيامه ينظر في صلاته فان صلحت فقد افلح وان فسدت فقد خاب وخسر
"Қиёмат куни бандадан сўраладиган нарсалардан аввалгиси намозига қаралади. Бас, агар у тўғри бўлса, муҳаққақ, у нажот топади. Агар бузуқ бўлса, демак, у муваффақиятсизликка учраб, хасратда қолади" (Табароний, "ал-Мўъжам ал-авсат", 4/3782).
4) Банданинг бандадаги ҳақлари, бир-бировининг қонлари тўғрисида ҳисоб-китоб бўлади:
وأول ما يقضى بين الناس في الدماء
"Одамлар орасида ҳукм қилинадиган илк нарса қонлар бўйича бўлади" (Насоий, 2/3453).
Юқоридаги маълумотларни эътиборга олиб, мўъмин-мусулмонлар Аллоҳ таоло берган неъматларга шукрлар қилиб, соғлик неъмати қадрига етмоғи, сийдикдан ва унинг томчиларидан сақланиб, таҳоратини чиройли қилиб, бировнинг ҳаққи ва жонига хиёнат қилмасдан, унинг ўрнига намозларини чиройли қилиб адо қилмоққа ҳаракат қилмоғи лозим ва лобуддир!
Ҳамидуллоҳ Беруний
Истинжо қилиш лозимлиги ва истиброни тарк этиш оқибатлари
Кийим ва баданга бавл тегишига беэътибор бўлиш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида ҳадисларда етарли маълумотлар келган.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабр олдидан ўта туриб, “Мана шу икки (қабрдаги маййит) азобланмоқда. Лекин катта (гуноҳ) учун азобланаётганлари йўқ. Уларнинг бири сийдикдан эҳтиёт бўлмас[1], бошқаси ғийбат қилиб юрар эди”, дедилар ва бир ҳўл навда олиб иккига бўлдилар ва ҳар бир қабрга биттадан тиқиб қўйдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, нима сабабдан бундай қилдингиз”, дейилганда, у зот: “Шояд икки (навда) қуригунча (азобларини) енгиллатса”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари ва Аҳмад ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабр олдидан ўта туриб, у қабрдагилар азобланаётганини эшитдилар ва буни саҳобаларга маълум қилдилар. Кетидан азобга сабаб бўлган нарсани ҳам баён қилдилар. Уларнинг бири сийдикдан покланмас, иккинчиси одамлар орасида гап ташиб, ғийбат ва бўҳтон қилиб юрарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмонинг ҳўл навдасини олиб, иккига бўлдилар ва ҳар бир қабрга биттадан тиқиб қўйдилар. Одамлар бунинг сабабини сўрашганида, у зот навдалар қуригунча қабрдагилар азоби енгиллатилишидан умид қилишларини айтдилар.
Бу ҳадис жуда кўп ҳикмат ва фойдалар бор. Уни кўп ва узоқ шарҳлаш мумкин. Қисқароқ бўлиши учун биз ушбу ривоятдан олинадиган фойда ва хулосаларни мухтасар баён қиламиз:
– Қабр азобининг ҳақ экани. Буни мўътазилийлардан бошқа аксар мазҳаблар тан олишган;
– Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрда ётган маййитлар ҳолини билишлари;
– Сийдикнинг қаттиқ нажосат экани. Қабр азобига сабаб бўладиган нарсани енгил санаш тўғри эмас;
– Ғийбат, гап ташувчилик, чақма-чақарлик катта гуноҳ ва қабр азобига сабаб бўлиши;
– Сийдикдан покланиш ва ғийбатни одамлар назарга илмасликлари, унинг катта гуноҳ эканини билмасликлари. Ҳақиқатан ҳам аксарият кишилар бу иккисига арзимас гуноҳ сифатида қарайдилар. Аммо Аллоҳ наздида улар катта гуноҳдир. Сийдикнинг бадан ва либосга тегиши намознинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади. Шунингдек, бу нарса инсон саломатлигига ҳам зарарли. Ғийбат, чақимчилик қанчалик қабиҳ иллат эканини ҳаммамиз яхши биламиз;
– Қабр устида кўкариб турган ўт-ўлан ва майсалар қабрдаги маййитга наф бериши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам азоб тортаётган маййит қабрига ҳўл навда тиқиб қўйишлари шунга далолат қилади. Уламолар қабр олдида Қуръон ўқиш мустаҳаблигини айтишган. Сабаби оддий. Оддий навданинг тасбеҳ айтишидан умид қилинар экан, Қуръон тиловатидан маййитга манфаат етказиши шубҳасиз. Бухорий “Саҳиҳ”да ривоят қилишича, саҳобий Бурайда ибн Ҳасийб ал-Асламий Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу амалларига эргашиб, вафот этганидан кейин қабрига иккита ҳўл навда тиқиб қўйишларини васият қилган экан.
Демак, қазои ҳожат вақтида кийим ва баданга нажосат тегишидан эҳтиёт бўлиш, чақимчиликдан тийилиш лозим. Ахир қабр азобини ўйлайлик, ҳамиша моддий ва маънан пок бўлишга ҳаракат қилайлик!
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кетаётган эдик, икки қабр олдидан ўтдик. Шунда у зот туриб қолдилар. Биз ҳам у киши билан бирга туриб қолдик. У зотнинг ранглари ўзгара бошлади. Ҳатто кўйлакларининг енги титраб кетди. Биз: “Сизга нима бўлди, эй Расулуллоҳ”, дедик. У зот: “Мен эшитаётган нарсаларни сизлар эшитмаяпсизми?” дедилар. Биз: “У нима экан, эй Аллоҳнинг Пайғамбари?” дедик. У зот: “Бу икки киши “енгил” гуноҳ туфайли қабрида қаттиқ азобланмоқда”, дедилар. Биз: “Нима сабабдан (азобланишмоқда)?” дедик. У зот: “Уларнинг бири сийдикдан покланмас, бошқаси эса тили билан одамларга озор берар ва улар ўртасида ғийбатчилик қиларди”, дедилар ва хурмо навдаларидан иккитасини (олиб келишни) буюрдилар. Сўнгра ҳар бир қабрга биттадан тиқиб қўйдилар. Биз: “Бу уларга фойда берадими?” деб сўрадик. У зот: “Ҳа, ушбу икки (навда) токи ҳўл экан, улардан (азобни) енгиллаштиради”, дедилар” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина ёки Макка деворларидан бири олдидан ўтдилар ва қабрида азобланаётган икки одамнинг овозини эшитдилар ва: “У иккиси азобланишмоқда. Аммо катта (гуноҳ) сабабидан азобланаётганлари йўқ”, дедилар ва кейин: “Йўқ, (улар катта гуноҳдир). Улардан бири сийдикдан эҳтиёт бўлмас, бошқаси чақимчилик қилиб юрарди”, деб айтдилар. Кейин ҳўл навдани сўраб, уни иккига бўлдилар ва ҳар бир қабрга биттадан тиқиб қўйдилар. Шунда у зотга: “Эй Расулуллоҳ, нима сабабдан бундай қилдингиз?” деб савол берилганда, у зот: “Шояд мана шу (навда)лар қуригунича (уларнинг азобини) енгиллатса”, деб жавоб бердилар” (Бухорий, Насоий ва Ибн Хузайма ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта қабр азобининг аксари сийдик туфайлидир. Бас, ундан эҳтиёт бўлинглар!” деганлар” (Баззор, Ҳоким, Дароқутний, Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Қабр азоби ҳақ. Банданинг қабрида азобланишига турли гуноҳ ишлар сабаб бўлади. Лекин улар орасида сийдикдан покланмаслик энг кўп сабабчи бўлади қабр азобига. Тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсак, аксарият одамлар айнан сийдикдан покланмаганликлари туфайли қабрда азоб чекадилар. Покликка беэътибор бўлиш мана шундай оқибатга олиб боради.
Баъзи шофеъий уламолар бу ривоятни истибронинг вожиблигига далил қилиб келтиришган.
Бу ҳадис кийим ёки баданга теккан сийдикни ўша заҳоти ювиш вожиблигига далолат қилади. Шофеъий, Аҳмад ва Абу Ҳанифалар шундай фикрни илгари суришган. Аммо Абу Ҳанифа бир дирҳам миқдоридаги бавл авф қилинганини айтган. Бироқ эҳтиёт юзасидан покликка тўлиқ амал қилган афзал.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қабр азобининг кўпи бавл (сабаби)дандир” (Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким ва Ибн Абу Шайба ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Бу ривоятда ҳам қабр азобига энг кўп сабаб бўладиган нарса айнан сийдикдан покланмаслик экани айтилмоқда.
Абдураҳмон ибн Ҳасана розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқдилар. Қўлларида худди қалқонга ўхшаш нарса бор эди. Уни ерга қўйиб, сўнгра орқасига ўтдилар ва бавл қилдилар. Шунда баъзи одамлар: “Анавини қаранглар, худди аёл каби бавл қилмоқда”, деб айтишди. Буни эшитган Расулуллоҳ: “Бани Исроил соҳиби қандай балога йўлиққанидан бехабармисан? Улар кийимларидаги сийдик теккан жойни қайчи билан кесиб ташлар эдилар. Бани Исроил соҳиби уларни бу ишдан қайтарди ва (шу туфайли) қабрида азобланди”, дедилар” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Бу ривоятда нафақат сийдикдан покланмаслик, балки сийдикдан эҳтиёт бўлган одамни бу ишдан қайтариш ҳам қабр азобига сабаб бўлиши айтилмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўта ҳаёли эдилар. Агар ҳожат чиқармоқчи бўлсалар одамлар кўзидан узоқ бўлишни, яширинишни ўйлардилар. Шу мақсадда қўлларига қалқонга ўхшаш нарса олиб, четроқ жойга бориб, қўлларидаги нарсани ерга қўйдилар ва унинг орқасига ўтиб бавл қилдилар. Бу ҳолат баъзиларга эриш туюлди. Сабаби одатга кўра эркак киши туриб бавл қилади ёки бавл қилаётиб ўзини яшириш эркаклар иши эмас деган тушунча бор кўпчиликда. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб қолиб, “Анавини қаранглар, худди аёлга ўхшаб бавл қилаяпти!” деди. Бу гапни у мазах ёки ажабланганидан айтган бўлиши мумкин. Унинг гапини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшитиб, унга қарата: “Бани исроиллик кимса қандай балога йўлиққанидан бехабармисан? Бани исроил қавми кийимларига сийдик теккан жойни қирқиб ташлардилар[2]. Бани исроил соҳиби уларни бу ишдан қайтарди ва яхшиликка ғов бўлди, одамлар нопок бўлишларига сабабчи бўлди ва шу сабаб қабрида азобланди”, дедилар.
Абу Умома розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сийдикдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки банда қабрида биринчи у ҳақида ҳисоб қилинади” (Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Мунзирий: “Ҳадис санади ёмон эмас”, деган. Ҳайсамий: “Ҳадис ровийлари ишончли”, деб айтган).
Демак, банда қабрида биринчи навбатда сийдик ҳақида ҳисоб берар ва аксарият ҳолларда қабр азобига сийдикдан эҳтиёт бўлмаслик, уни кийим ва баданга текказиш сабаб бўлар экан.
Қуйида сийдикдан покланиш учун нима қилиш лозимлиги баён қилинади.
Исо ибн Яздод отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар биронтангиз бавл қилса, бас, закарини уч марта истинтор қилсин!” (Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Абу Шайба, Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да ривоят қилган. Ҳадис санади заиф).
“Закарни истинтор қилиш” истибро[3] қилиш, яъни бавл қилгач, закар йўлида қолган сийдикни қоғоз, кесак ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар билан чиқариб ташлаб, яхшилаб поклашдир. Бу нарса истинжодан олдин қилинади.
Демак, камида уч марта истибро қилинса, закар сийдикдан тўлиқ покланади. Бу нарса ҳолатга қараб турлича бўлиши мумкин. Сийдик кам-камдан тўхтамай келса, уч мартадан ҳам кўпроқ истибро қилишга тўғри келади. Муҳими қандай бўлмасин, сийдик йўлида бирон томчи бавл қолмаганига тўлиқ ишонч ҳосил қилгунча истибро қилиш керак.
Истиброни мукаммал бажариш покликнинг, амаллар қабул бўлишининг асосидир. Сабаби истибро чала қилинса, таҳорат нуқсонли бўлади. Таҳоратсиз ўқилган намоз қабул қилинмайди!
Мана шу жиҳатларни ўрганар эканмиз, бежизга сийдикдан покланмаслик қабр азобига сабаб бўлмаслиги, бизлар унинг бир томчисидан ҳам ҳазир бўлишимиз лозимлигини англаб етамиз.
Сийдик йўли сийдик томчиларидан бутунлай покланганига ишонч ҳосил қилмай туриб таҳоратни бошлаш жоиз эмас. Эркак кишига истибро қилиш вожиб. Аёл бавлдан сўнг бироз ўтиб истибро қилади.
Истибро юриш, томоқ қириш, ўтирган ҳолда чап томонга мойил бўлиш билан амалга оширилади. Истибро қилиш учун чап қўлнинг ўрта бармоғи закар остига, бош бармоқ унинг устига қўйилади ва сўнгра закар учи томон юргизилади. Сийдик йўлидаги бавл қолмаслиги учун бу ишни уч марта оҳисталик билан қилиш мустаҳабдир. Истибро кўнгил таскин топгунча қилинади. Агар уч мартадан сўнг ҳам сийдик йўлида бавл қолганлиги эҳтимоли бўлса, яна истибро қилинади. Истибро кишилар ҳолатига қараб турлича бўлади. Баъзилар бир-икки ҳаракатда покланади, баъзилар буни бир неча марта қилишлари, яна бошқаларда эса томоқ қириш шарт бўлади. Муҳими сийдик йўлида бавл қолмаганига амин бўлса, кифоя.
Истиброни мукаммал қилгандан сўнг ҳар хил хаёл ва васвасалардан узоқ бўлиш керак. Сабаби бу шайтон ҳийласи бўлиб, намозда ҳам чалғитади.
[1] Биз ҳадис таржимасида “сийдикдан эҳтиёт бўлмас эди” деб ифодалаган жумла арабий матнда уч хил кўринишда - لاَيَسْتَنْزِهُ ، لاَ يَسْتَتِرُ ва لاَ يَسْتَبْرِئُ шаклларида келади. Буларнинг ҳаммаси саҳиҳ ва бир-бирига маъно жиҳатидан яқиндир.
[2] Аввалги қавмларда шариат аҳкомлари бироз бошқачароқ бўлган. Масалан, тавба қилмоқчи бўлган банда ўзини ўлдириши, кийимини покламоқчи бўлган эса ўша жойни қирқиб ташлаши лозим бўлган. Ислом шариати улардан кўра енгил ва қулайдир. Алҳамду лиллаҳ!
[3] “Истинзоҳ” сўзи ҳам “истибро” маъносида қўлланилади.
Одилхон Юнусхон