Ҳаммага маълумки, Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дийни Ислом инсониятнинг икки дунё саодатига бошлаш учун юборилгандир. Бу дийн барча замонлар ва маконлар учун салоҳиятлидир. Унинг таҳлимотлари инсониятни икки дунё саодатига эриштириш учун маълум мақсадларни ва манфаатларни кўзлагандир. Ана ўша асосий мақсадларни юзага чиқаришда Қуръони Карим ва Суннат дастурул амалдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таолонинг китобини ва Набий алайҳиссаломнинг суннатларини тушунишда ҳамда уларга амал қилишда
мазкур асосий ва жавҳарий мақсадларнинг юзага чиқиши кўзланади. Ҳар бир ояти карима ва ҳадиси шарифнинг сабаби, моҳияти, мақсади ва турли далолатлари чуқур ўрганилади. Агар шариатнинг асосий мақсадлари бир тарафда қолиб, ҳар бир оят ёки ҳадисни алоҳида тушунишга ҳаракат қилинса, асосий мақсад ҳосил бўлмаслиги аён.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мансуб мўҳтабар тўрт мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларининг асосчилари ва уларнинг издошлари бўлган мужтаҳид уламолар юқорида айтиб ўтилган ва айтиб ўтилмаган бошқа нозик тарафларни эътиборга олиб ижтиҳод қилганлар ва диний матнлар – оят ҳамда ҳа
дислардан ҳукмларни чиқариш қоидаларини ишлаб чиққанлар. Фиқҳ илмидаги бу мисли йўқ уринишлар самараси ўлароқ “Усулул фиқҳ” деб аталган буюк илмга асос солинган. Бу илмни билмаган одамлар фиқҳ билан шуғулланишининг имкони йўқлигини хабардор кишиларгина билишади.
“Усулул фиқҳ” илмининг ҳақийқатидан бир оз бўлсада хабардор бўлиш учун, мазкур илм бўйича ёзилган китобларнинг биридан, мужтаҳид бўлиш учун қўйилган шартлардан биринигина англатувчи жумлаларни мисол келтирамиз.
“...«Инсон қуйидаги беш илмни жамлаганда мужтаҳид бўлади:
1. Аллоҳ таолонинг Китоби илми.
2. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам суннати илми.
3. Усулул фиқҳ илми.
4.Салафларнинг қавллари, ижмоъ ва ихтилофлари илми.
5. Луғат илми.
6. Қиёс илми.
Қуйида ўша шартларни қисқача айтиб ўтилади;
1. Биринчи шарт Аллоҳ таолонинг Китоби илми.
Маълумки, Аллоҳ таолонинг китоби деганда, албатта, Қуръони Карим кўзда тутилади. Қуръони Карим Исломнинг дастури, асосий қонуни ҳисобланади. Ушбу асосий қонунни яхши билмаган одам мужтаҳид бўла олмайди. Бинобарин, ундоқ одам Ислом жамиятида олимлик ёки фақиҳлик даъвосини қила олмайди.
Қуръони Каримда ворид бўлган шаръий аҳкомларни яхши билсин. Оятлардаги маъноларни, ҳар бир сўзнинг маъносини яхши билсин, улардан таркиб топган арабча жумлаларнинг маъносини яхши билсин. Уларнинг маънони ифода этишдаги хусусиятларини яхши билсин.
Шу билан бирга, фақатгина маънони билиб қолмасдан ана шу сўзлар ва жумлаларнинг шаръий маъноларини ҳам яхши билсин. Уларнинг иллатини, сабабини ва нима учун улардан шаръий аҳкомлар чақирилаётганини билсин.
Шуниндек, лафзни далолат қилиш тарафларини яхши билсин. Иборат юзасидан далолат қиляптими ёки ишорат юзасиданми, далолат юзасиданми ёки тақозо юзасиданми. Ҳукмни мантуқдан олинадими ёки мафҳумданми. Лафзнинг оми бор, хоси бор, муштараки бор, мужмали бор, муфассали бор, муташобиҳи ва бошқалари бор. Буларнинг ҳаммасини жуда яхши билиш керак.
Аҳком оятлари кўп эмас. Уларни қисмларга тақсимлаш ва мажмуаларини осонлик билан билиб олиш мумкин. Ибодат ҳақида келган оятлар, муомалот ҳақида келган оятлар, уқубат ҳақида келган оятлар, жазолар ҳақида келган оятлар ва оилавий аҳволлар тўғрисида келган оятлар.
Шу билан бирга, Ислом жамиятининг ўзидан бошқа жамиятлар билан ёки якка кишилар билан ичкарида ва ташқарида қиладиган муомалалари, алоқалари тўғрисидаги оятлар бўлади…».
Шундай қилиб мусулмонларнинг фақиҳлари Қуръон ва Суннатнинг атрофлича, чуқур ва тарафдан ўрганиб чиқиб умматга ўз ижтиҳодларининг самарасини осон йўл билан ўз дарслари ва китобларида баён қилиб бердилар. Мусулмон уммати мужтаҳид фақиҳларнинг бундай хизматларини тўғри англаб етди ва уларни ўзининг имоми деб тан олди. Мазкур мужтаҳидлардан тўрттасининг – Абу Ҳанийфа, Молик, Шофеъий ва Ибн Ҳанбалларнинг Қуръон ва Суннатдан ва бошқа эҳътироф қилинган манбаҳлардан шарҳий ҳукмларни чиқариш йўллари – мазҳаблари мўъмин – мусулмонлар орасида кенг тарқалди. Уммат уларнинг тўртовини ҳам бирдек кўрди. Мазкур тўрт мазҳабларнинг ижтиҳодидаги ихтилоф – хилма хилликни ўзи учун раҳмат деб билди. Худди ўша мазҳаблар орасидаги ихтилофларни жоиз деб иттифоқ қилинди ҳамда мужтаҳидларнинг мазкур ихтилофлари асосида низо чиқаришни ҳаром деб эҳлон қилинди. Мана, минг тўрт юз йилга яқин вақт бўлибдики, мусулмонларнинг асосий оммаси фиқҳий масалаларда уларнинг ижтиҳодларидан фойдаланиб келмоқдалар. Уларнинг ҳақларига дуолар қилмоқдалар.
Шу билан бирга, Қуръон ва Суннатни англаш ва улардан шарҳий ҳукмларни чиқаришда юқорида айтил ўтилган, умматнинг эҳътирофини қозонган мужтаҳидларнинг йўлидан бошқача йўл тутган оз сонли кишилар ҳам бўлганлар. Уларни зоҳирийлар деб аталади...