Маййитга Қуръон ўқиш ва савобини бағишлашга оид савол-жавоблар


САВОЛ: Вафот этганларнинг қазо рўзаларининг фидясини бериш зарурийми?
ЖАВОБ: Намоз ва рўза ўз вақтида бажарилиши лозим бўлган, Аллоҳ таоло тарафидан бандаларига фарз қилинган амаллар жумласидандир. Қолаверса, булар қиёмат куни биринчи бўлиб сўраладиган амаллардир.

Шундай экан, бу амалларни ўз вақтида адо қилиш, вақтида адо қилмаган бўлса, қазосини адо қилиш фарздир. Буни ҳам адо қилмаган бўлса, вафотидан олдин яқинларига уларнинг фидясини беришни васият қилиши, яқинлари эса васиятга мувофиқ марҳумнинг намоз ва рўзасининг қазолари фидясини беришлари фарздир. Марҳум васият қилмаган бўлса ҳам, яқинларининг унинг қазолари фидясини фақир-мискинларга бериши эҳсонни ўз ўрнида қилиш ҳамда маййитни намоз ва рўзасининг қарзларидан қутултириш бўлади. 

وَمَنْ مَاتَ وَعَلَيْهِ قَضَاءُ رَمَضَانَ فَأَوْصَى بِهِ أَطْعَمَ عَنْهُ وَلِيُّهُ لِكُلِّ يَوْمٍ مِسْكِينًا ...ثُمَّ لَا بُدَّ مِنْ الْإِيصَاءِ عِنْدَنَا خِلَافًا لِلشَّافِعِيِّ رَحِمَهُ اللَّهُ ، وَعَلَى هَذَا الزَّكَاةُ 

Зиммасида Рамазоннинг қазолари бор киши вафот этар чоғида қазоларининг фидясини тўлашни васият қилган бўлса, яқинлари унинг тарафидан ҳар кун учун бир мискинни тўйдирадилар... Ҳанафийлар наздида марҳум фидя тўлашга васият қилиши зарурдир. Шофеъийлар наздида эса васият қилмаса-да, яқинлари унинг фидясини тўлашлари лозим. Закотнинг ҳукми ҳам шу кабидир.
Марҳум тарафидан фидяни адо қилишнинг бир неча масалалари бўлиб, ҳар бир киши уларни билиши зарурдир.
1.    Зиммасида намоз ва рўзаларининг қазоси бор киши вафотидан аввал уларнинг фидясини тўлашга васият қилиши вожибдир. Васият қилмай вафот  этса, гуноҳкор бўлади.

وَعِنْدَ الْعَجْزِ بِالْمَوْتِ تَجِبُ الْوَصِيَّةُ بِالْفِدْيَةِ

«Вафот этиш билан қазоларни адо қилишдан ожиз қолган чоғда фидяни васият қилиш вожиб бўлади» («Раддул Мухтор»).
2.    Маййит фидя тўлашга васият қилган бўлса, кафанлаш, қабрга қўйиш, қарзларини тўлашдан кейин қолдирган бор мол-мулк, уй-жойларининг қийматининг учдан биридан маййитнинг фидясини адо қилишлари фарз  бўлади. Адо қилмасалар, гуноҳкор бўладилар. 

َفَدَى  لُزُومًا  عَنْهُ  أَيْ عَنْ الْمَيِّتِ  وَلِيُّهُ  الَّذِي يَتَصَرَّفُ فِي مَالِهِ  كَالْفِطْرَةِ

«Маййитнинг молида тасарруф қила оладиган маййитнинг яқинларига маййит тарафидан унинг намоз ва рўзалари қазоларининг фидясини тўлашлари вожибдир» («Раддул Мухтор»).

ثُلُثِ مَالِهِ بَعْدَ تَجْهِيزِهِ وَإِيفَاءِ دُيُونِ الْعِبَادِ

«Маййитни кафанлаш, қабрга қўйиш, одамлардаги қарзларини узишдан сўнг қолган молининг учдан бир қисмидан фидяси адо қилинади» («Раддул Мухтор»).
3.    Агар марҳум фидя тўлашга васият қилмаган бўлса ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса, меросхўрларнинг ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўлашлари улкан савоб ҳамда маййитга раҳм-шафқат ифодасидир. 

وَإِنْ  لَمْ يُوصِ وَ  تَبَرَّعَ وَلِيُّهُ بِهِ جَازَ  إنْ شَاءَ اللَّهُ وَيَكُونُ الثَّوَابُ لِلْوَلِيِّ

«Агар маййит васият қилмаган бўлиб, валийлари ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўласалар, иншааллоҳ, жоиз ҳамда яқинлари савобга эга бўладилар» («Раддул Мухтор»).
4.    Бир кунлик рўзанинг фидяси бир вақт намознинг фидяси каби, буғдойдан ярим соъ – 1.900 грамм, ҳурмо ва арпадан бир соъ – 3.800 граммдир. 

كَالْفِطْرَةِ أَيْ نِصْفِ صَاعٍ مِنْ بُرٍّ ، أَوْ صَاعٍ مِنْ تَمْرٍ ، أَوْ شَعِيرٍ

«Фитр садақасига ўхшаб, буғдойдан ярим соъ, ҳурмо ва арпадан бир соъ адо этилади» («Раддул Мухтор»).
5.    Назр рўзаларнинг фидялари ҳам Рамазон рўзасининг фидяси кабидир. Масалан, бир киши рўза тутаман, деб назр қилса-ю, тута олмай вафот этган бўлса, фидясини тўлайдилар. Ҳар душанба ва пайшанба кунларда рўза тутишни назр қилган одам тутолмай қолгани каби. 

إذَا نَذَرَ أَنْ يَصُومَ كُلَّ خَمِيسٍ يَأْتِي عَلَيْهِ فَأَفْطَرَ خَمِيسًا وَاحِدًا فَعَلَيْهِ قَضَاؤُهُ

«Ҳар пайшанба рўза тутаман, деб назр қилса, бирор кун тутолмай қолса, қазоси лозим бўлади». («Фатавои Ҳиндия»).
6.    «Маййитнинг фидясини тўлаш чоғида барчасини бир пайтнинг ўзида тўлашга имкон бўлмаса, оз-оздан тўлаш ҳам мумкин. Масалан, уй-жой бор-у, лекин сотиб фидяни тўлаш ўрнига сотмасдан тўламоқчи» («Апке масаил ўвр унке ҳал»).
САВОЛ: Мозорларга бериладиган садақаларнинг ҳукми нима?
ЖАВОБ: Агар берилаётган садақалардан мақсад ўша жойдаги фақир, бечораларга бериш бўлса, жоиз. Агар мозорларга назр бўлса, ножоиз ва ҳаромдир. 

وَاعْلَمْ أَنَّ النَّذْرَ الَّذِي يَقَعُ لِلْأَمْوَاتِ مِنْ أَكْثَرِ الْعَوَّامِ وَمَا يُؤْخَذُ مِنْ الدَّرَاهِمِ وَالشَّمْعِ وَالزَّيْتِ وَنَحْوِهَا إلَى ضَرَائِحِ الْأَوْلِيَاءِ الْكِرَامِ تَقَرُّبًا إلَيْهِمْ فَهُوَ بِالْإِجْمَاعِ بَاطِلٌ وَحَرَامٌ ...  وَقَدْ اُبْتُلِيَ النَّاسُ بِذَلِكَ ، وَلَا سِيَّمَا فِي هَذِهِ الْأَعْصَارِ

«Билингки, авом халқ тарафидан ўликларга атаб назрлар қилиш, Аллоҳнинг дўстларининг қабрларига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ботил ва ҳаром ишлардир. Бу нарсаларга хусусан, асримиз одамлари кўпроқ мубтало бўлганлар»  («Раддул Мухтор»).
Кўпчилик инсонлар Аллоҳнинг дўстларининг қабрларига бориб, улардан фарзанд сўрайдилар, уларга атаб жонлиқ сўядилар, ис чиқарадилар ва ҳоказо. Бу ишлар ҳам, сўйилган жонлиқлар ҳам гарчи бисмиллоҳни айтиб сўйилган бўлсада барчаси ҳаромдир.
САВОЛ: Одамлар қўй, эчки, товуқларни Аллоҳнинг дўстларининг қабрларига назр қиладилар. Шундай қилишлари жоизми?
ЖАВОБ: Қариндош-уруғ, қўни-қўшниларда фақир, муҳтожлар бўла туриб, қўй, эчки, товуқларни Аллоҳнинг дўстларининг қабрларига назр қиладиганлар уларга яқин бўлишни, шу туфайли ҳожатларининг раво бўлишини кўзлайдилар. Бундай қилиш қатъий равишда ножоиз ва ҳаромдир. Уларни ейиш ҳеч кимга жоиз бўлмайди. Лекин шу ишни қилган одам тавба қилиб, қайтариб олиб, савоб умид қилмасдан, фақир-мискинларга садақа қилиб юборса, жоиздир. 

أَنَّ النَّذْرَ الَّذِي يَقَعُ لِلْأَمْوَاتِ تَقَرُّبًا إلَيْهِمْ فَهُوَ بِالْإِجْمَاعِ بَاطِلٌ وَحَرَامٌ   لِوُجُوهٍ : مِنْهَا أَنَّهُ نَذَرَ لِمَخْلُوقٍ وَالنَّذْرُ لِلْمَخْلُوقِ لَا يَجُوزُ لِأَنَّهُ عِبَادَةٌ وَالْعِبَادَةُ لَا تَكُونُ لِمَخْلُوقٍ

«Ўликларга яқин бўлиш мақсадида уларга атаб назрлар қилиш ботил ва ҳаром ишлардир. Бунинг бир неча сабаблари бўлиб, улардан бири: Аллоҳни қўйиб, махлуққа назр қилиш ҳисобланади. Махлуққа назр қилиш ножоиздир. Чунки назр ибодат бўлиб, махлуққа ибодат қилинмайди» («Раддул Мухтор»)

САВОЛ: Уч кундан кейин эҳсон қилишнинг ҳукми нима?
ЖАВОБ: Эҳсон қилиш мустаҳаб амал ҳисобланади, яъни қилса савоб, қилмаса гуноҳ эмас. Маълум кунларни қоида қилиб олиб, шу кунларда эҳсон қилиш ёки мустаҳабни вожиб, суннат даражасида билиш эътиқоддаги адашиш ҳисобланади. Уламоларимиз бундан қайтарганлар. Ҳаттоки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи намозларда кўпинча ўқиган сураларини бардавом тайин қилиб олишни ҳам тахримий макруҳ, деганлар. 

وَكُرِهَ التَّعْيِينُ  أَيْ تَعْيِينُ سُورَةٍ لِلصَّلَاةِ مِثْلَ أَنْ يَقْرَأَ الم تَنْزِيلُ السَّجْدَةَ وَهَلْ أَتَى فِي الْفَجْرِ يَوْمَ الْجُمُعَةِ قَالُوا هَذَا إذَا رَآهُ حَتْمًا إمَّا لَوْ فَعَلَهَا لِأَجْلِ التَّبَرُّكِ أَوْ لِبَعْضِ الْخَصَائِصِ فَلَا بَأْسَ بِهِ ، وَلَكِنْ يَتْرُكُهَا أَحْيَانًا وَيَقْرَأُ غَيْرَهَا ، وَهَذَا كَتَعْيِينِ مَكَان مَخْصُوصٍ فِي مَسْجِدٍ كَمَا فِي أَكْثَرِ الْكُتُبِ لَكِنَّ الظَّاهِرَ أَنَّ الْمُدَاوَمَةَ مَكْرُوهَةٌ مُطْلَقًا

«Тайин қилиш макруҳ саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ жума кунлари бомдод намозида «Алиф лам мим. Танзийл... » (Сажда) ва «Ҳал ата…»сураларини ўқир эдилар. Шу ҳадисга биноан, бир кишининг жума куни бомдодига шу сураларни тайин қилиб олиши таҳримий макруҳ саналади. Уламолар бунинг сабабини «Суннат нарсани вожиб деб билгани учундир», деб айтганлар. Аммо табаррук қилиб ёки бу суралардаги баъзи хусусиятлар туфайли ўқиса, зарари йўқдир. Лекин шунда ҳам гоҳида тарк қилиб, бошқа сураларни ўқиши лозим. Бу тайин қилиб олишнинг макруҳлиги кўп китобларда келтирилганидек, масжиддан махсус жойни намоз учун тайин қилиб олиш кабидир. Лекин зоҳир қавл шуки, мустаҳаб амалда бардавом туриш мутлақ таҳримий макруҳдир» («Мажмаъул Анҳур фи шарҳи Мултақол Абҳур»).
Шундай экан, ўликка савобини етказиш мақсадида ёзиладиган дастурхонларнинг барчаси улкан савобли иш бўлса-да, «уч», «пайшанба», «қирқ» деб, маълум кунларни тайин қилиш таҳримий макруҳдир. Омманинг бу кунлардан кечиктирса бўлмайди,  деб эътиқод қилишлари эътиқоддаги хатоликдир. 

قال ابن المنير: فيه أن المندوبات قد تنقلب المكروهات إذا رفعت عن رتبتها؛ لأن التيامن مستحب في كل شيء، أي من أمور العبادة، لكن لما خشي ابن مسعود أن يعتقدوا وجوبه أشار إلى كراهته قال الطيبي فيه ان من أصر على أمر مندوب وجعل عزما ولم يعمل بالرخصة فقد أصاب منه الشيطان من الاضلال فكيف من أصر على بدعة أو منكر انتهى

Ибн Мунир раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар:
«Мустаҳабларга ўз даражасидан юқори бўлган, вожиб, суннат даражасида эътиқод қилса, макруҳга айланади. Чунки ҳар бир ибодатни ўнгдан бошлаш мустаҳабдир. Лекин Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу одамлар намоздан ўгирилганда, фақатгина ўнг томони билан ўгирилиш вожиб, деб эътиқод қилишларидан қўрққанлари учун уни макруҳ, деб айтганлар».
Тийбий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар:
«Ким мустаҳаб ишда бардавом бўлса ва уни қилиш зарур, деб эътиқод қилса, рухсатга амал қилмаса, шайтон уни адаштира олибди.
Энди бидъат ва мункар ишда бардавом бўлган кишининг ҳолати қандай бўларкин?»(Шарҳи Сунани Термизий). 

وَفِي الْبَزَّازِيَّةِ : وَيُكْرَهُ اتِّخَاذُ الطَّعَامِ فِي الْيَوْمِ الْأَوَّلِ وَالثَّالِثِ وَبَعْدَ الْأُسْبُوعِ

(Ҳанафийларнинг мўътабар фатво китобларидан бўлган) «Баззозийя»да шундай келтирилади:
«Маййит ўлимининг биринчи- учинчи кунлари ва бир ҳафтадан кейин ош бериш макруҳ саналади» («Раддул Мухтор»).

САВОЛ: Ўрик сувини ичириш қандай амал? Таҳлил тошларини қабрга қўйишнинг ҳукми нима?
ЖАВОБ: Бу каби ишлар шариатимизда кўрсатилмаган, бидъат амаллардандир.

САВОЛ: «Учинчи кунда қилинадиган ошни уй эгалари еса, ўша хонадонга яна ўлимни чақирган бўлади», деган гаплар қанчалик асосли?
ЖАВОБ: Аввало, мустаҳаб амални маълум кунларга бардавом тайин қилишнинг макруҳлигини айтиб ўтдик. Энди ош қилиб, дастурхон ёзилган экан, «Бу меҳмондорчиликдаги таомлардан маййит чиққан хонадон эгалари емасликлари керак, есалар, ўша хонадонга яна ажални чақирган бўладилар», деган ўй-хаёл эса нотўғри бўлиши билан бирга, эътиқоддаги адашиш ҳисобланади. Зеро, барча нарсага қодир Аллоҳ таологина тақдирни билувчидир. Ким қаерда қай ҳолатда бўлиши ҳам фақат Унгагина олдиндан маълумдир. Ҳеч ким эртага бошига нима тушишини билмайди. Оғир кунларда инсоннинг ёрдамчиси фақат Аллоҳ таолодир ва қутулиш воситаси дуодир. Лекин агар маййит қўй боққан бўлса ва назрни ният қилиб, «Мендан кейин сўярсизлар», деб қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, унинг гўштидан маййитнинг яқинлари ҳамда бойларнинг ейишлари жоиз эмасдир. Зеро, назр фақатгина фақир-мискинларнинг ҳаққидир. Бунда «уч», «йигирма» ва ҳоказо кунларнинг фарқи йўқ. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ : تَعَوَّذُوا بِاللَّهِ مِنْ جَهْدِ الْبَلاَءِ وَدَرَكِ الشَّقَاءِ وَسُوءِ الْقَضَاءِ وَشَمَاتَةِ الأَعْدَاءِ

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Балонинг қаттиқлигидан, қора кунлардан, тақдир қабоҳатларидан ва душманларга кулги бўлишдан Аллоҳдан паноҳ сўранглар!»
Яна 

عَنْ سَلْمَانَ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : لاَ يَرُدُّ القَضَاءَ إِلاَّ الدُّعَاءُ ، وَلاَ يَزِيدُ فِي العُمْرِ إِلاَّ البِرُّ

Термизий раҳматуллоҳи алайҳ Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса қайтара олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса узайтира олмайди», деганлар.
Ҳоким «Мустадрак» китобида келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дуо қазони қайтаради (балони даф этади). Яхшилик ризқни орттиради. Банда гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлиши мумкин», деб айтганлир.
Иккинчидан, ўша «уч»да ҳеч нарса емаган, лекин вақти-соати етиб, маълум бир, тўрт ёки беш ой муддатдан сўнг вафот этган «қариндош»га нисбатан нима дейилади? Ахир у «уч оши»ни емаган эди-ку?
Хулоса қиладиган бўлсак, ҳар хил ирим-сирим, бидъат-ҳурофот ва ботил эътиқодларга берилмасдан, суннатга мувофиқ, поклик ва ҳалоллик билан яшаш, доимо дуода бўлиш лозим.


8 йил аввал 6470 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Азанинг муддати
Аза муддати уч кундир. Уламолар бунга Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар:  لاَ يَحِل لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ давоми...
1 ўн йил аввал 13382 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жасадни бошқа юртга кўчириш
Ўлган одамнинг жони узилган шаҳарга ёки қишлоққа кўмиш мустаҳаб амалдир. Уни вафот топган жойидан бошқа бир жойга кўчиришни кўпчилик уламоларимиз макруҳ, деганлар ва бу ишнинг макруҳлигининг бир неча сабабларини давоми...
1 ўн йил аввал 10972 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабр зиёрати одоблари
Авволо, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш лозим; Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир; Қисқа муддат бўлса ҳам, дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйлаш; Зиёратгоҳда давоми...
8 йил аввал 9787 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрга белги қўйиш ёки бир жойга яқин қариндош-уруғларни бир жойга қўйиш
Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилишда тез ва осон давоми...
8 йил аввал 9938 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрнинг сифати
 Қабр икки хил – кифоя қилгудек ёки мукаммал бўлади. «Кифоя қилгудек» деганимиз одам бўйининг ярмигача чуқурликда кавлангани бўлади. «Мукаммал»и эса одам бўйи баробар, узунлиги маййитнинг давоми...
8 йил аввал 11064 fiqh.uz