Кафанлаш


كَفَنْ - تَّكْفِينُ , яъни «такфин» – «кафан» сўзлари   كَفَّنَ – «каффана» феълидан олинган бўлиб, ўраш, ёпиш маъноларини англатади.
Кафанлаш ишлари ҳам фарзи кифоядир. Лекин маййитнинг дафнига лозим бўлган ҳамма сарф-ҳаражатлар унинг

ўз молидан бўлади. Агар ўзининг моли бўлмаса, унинг нафақасини қилиши керак бўлган одамнинг молидан бўлади. У ҳам бўлмаса, байтул молдан бўлади. У ҳам бўлмаганда эса ўзига тўқ мусулмонларнинг маошидан бўлади.
Кафанликнинг сифати
Кафанлик оқ, тирик инсон кийиб юрса ҳам арзийдиган матодан бўлиши афзал. Эркакларга ипак матодан кафанлик қилиш жоиз эмас, аёлларга эса макруҳ. Чунки кафанни ипакдан қилиш исроф ва пулни зое қилиш бўлади. Аёлларга ипак кийиш тириклик чоғларидагина мубоҳдир.
عن ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَال : الْبَسُوا مِنْ ثِيَابِكُمُ الْبَيَاضَ فَإِنَّهَا مِنْ خَيْرِ ثِيَابِكُمْ وَكَفِّنُوا فِيهَا مَوْتَاكُمْ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Кийимларингиздан оқини кийинг. Чунки у энг яхши кийимингиздир. Ўликларингизни ҳам ўшанда кафанланг», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Абу Довуднинг ривоятида:
عَنْ عَلِيٍّ رضي الله عنه قَالَ: سَمِعْتُ اَلنَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "لَا تُغَالُوا فِي اَلْكَفَنِ فَإِنَّهُ يُسْلُبُ سَرِيعًا"
“Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Кафанда ортиқчаликка йўл қўйманглар. Чунки у тезда суғуриб олинади», деганларини эшитганман”..
Маййитнинг кафанини яхши қилиш мустаҳаб саналади.
عن جابر بن عبد الله وأبو قتادة -رضي الله عنهما : أنَّ رسولَ الله صلى الله عليه وسلم قال : إذا كَفَّنَ أحدكم أخاه فَليُحَسِّنْ كَفَنَه
Жобир ибн Абдуллоҳ ва Абу Қатода розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирортангиз ўз биродарини кафанласа, унинг кафанини яхшиласин”, деб айтдилар».
Муслим ривояти.
Йўқчиликдан кийим етишмаслиги ҳолатида оқ бўлмаса ҳам, биргина мато бўлса ҳам, маййитни кафанлаш ўликларнинг тириклар устидаги ҳақларидир.
عَنْ جَابِرٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ كَفَّنَ حَمْزَةَ بْنَ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فِي نَمِرَةٍ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамза ибн Абдулмуттолибни йўл-йўл битта кийимга кафанладилар”.
Термизий ривоят қилган.
Маййитни кафанлаш фарзи кифоя бўлган амаллардан саналади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирортангиз ўз биродарини кафанласа, унинг кафанини яхши қилсин”, дедилар”.Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Кафанлик учун оқ мато танлаш зарур. Чунки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Аббос (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Кийимларингиздан оқларини кийинглар. Чунки, оқ кийим кийимларнинг яхшисидир. Уни ўликларингизга кафанлик қилинглар”, деганлар.
Эркак кишининг кафани уч бўлакдан, хотин кишиники эса, беш бўлакдан иборат бўлади. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга шундай қилинган эди.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам пахтадан бўлган тоза учта яманий-кийимга кафанландилар, уларнинг ичида куйлак ва салла йўқ эди". Бсшовлари ривоят қилишган.
Жумҳур уламолар мазкур ҳадисда келганига амал қилиш афзал деганлар. Моликий ва Ҳанафий мазхабида куйлак ҳам қўшимча мустаҳаб, деганлар. Агар кафанлашга ҳеч нарса топилмаса, энг зарури авратини тўсиш керак бўлади. Кейин эса, қодир бўлганича бошқа жойлар тўсилади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд уруши шахидларини дафн қилиш чоғида кафанликка латта етмай бадани очилиб қолган шаҳидларнинг очиқ жойларини изҳир номли ўсимликни юлиб ёпишга амр қилганлар.
Эркаклар кафани мазкур тартибда жойлаштирилади. Изор (лозим, иштон), у билан бел ҳамда тананинг пастки қисми оёқ учигача ўралади. Қамис (кўйлак), бу ўртасидан маййитнинг боши сиғадиган тешиги бор узун мато бўлиб, ўралганда унинг остидаги ва устидаги қисми тиззасигача етадиган узунликда бўлиши керак. Лифофа (ўраладиган чойшаб) бу билан маййит тўлиқ ўраб қўйилади. Унинг узунлиги маййитдан ҳам узунроқ бўлиши керак токи оёқ ва бош томондан боғлаб қўйишга етадиган бўлсин.
Кафаннинг эни мурданинг жасадига боғлиқ. Кафанни жойлаштириш тартиби қўйидагича:
Биринчи лифофа.
Лифофа устидан изор.
Изор устидан қамис.
Хотин кишиларнинг кафани булардан ташқари “химор” (бошга ёпиб қўйиладиган рўмол) ва кўкракни ўраб қўйиладиган сийнабанддан иборат. Бунга ушбу ҳадиси шариф далил бўлади.
Лайло бинти Қониф ас-Сақофия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсум вафот этганида уни ювганлардан бири эдим. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам бизга аввал “хирқа” (лозим)ни кейин “милҳафа”ни (кўйлакни)ни кейин “химор”ни (рўмол)ни, кейин милҳафа (паранжи)ни бердилар. Сўнг уни яна бошқа кийимга киритилди. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам эшикнинг олдига ўтириб олиб, унинг кафанини қўллари билан бизга битта-биттадан бериб турар эдилар”. Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисдан аёл киши беш бўлак кафан билан кафанланиши келиб чиқади. Уларнинг тартиби ҳам ушбу ҳадисда келганидек бўлади. Чунки Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.
Умму Кулсум розияллоҳу анҳо Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг аёллари эдилар.
Аёллар кафанинг жойлаштириш тартиби қўйидагича:
Кўйлак
Сийнабанд
Лифофа
Кўйлак
Иштон
Эркаклар учун кафан бир қаватдан, аёллар учун эса икки қаватдан кам бўлиши макруҳдир. Ёш болани ҳам ўғил ёки қиз эканига қараб мазкур ишларга амал қилинади. Эркак киши учун тириклигида кийиши мумкин бўлган ҳар бир нарса билан вафотидан кейин ҳам кафанлаш мумкин. Тириклигида кийиши ножоиз бўлган нарсалар билан вафотидан кейин ҳам кафанлаш мумкин эмас.
Маълумки, маййитни уч ўринда хушбўй қилинади.
Руҳи чиқаётганда
Жасади ювилаётганда
Кафанланаётганда.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Энг яхши хушбўйингиз мушкдир" дедилар”. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Бу ҳадисда ўлим ҳақида гап йўқ. Умумий ҳолат учун айтилган. Аммо умумий ҳолатдан ибрат олиб, ўликни ювиш ва кафанлаш пайтида хушбўй нарсалар бўлса яхши бўлади, деган хулоса учун келтирилган.
Кафанлаш вақтида хушбўйлантириш суннат эканлигига қуйидаги ҳадис ҳам далил сифатида келтирилади.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Маййит кафанига уч марта хушбўй сепингизлар” дедилар.
"Ҳидоя"да ҳам ушбулар зикр қилинган.

Кафаннинг турлари
Кафан уч хил бўлади:
1.    Зарурий кафан;
2.    Кифоя кафан;
3.    Суннатга мувофиқ кафан;
1.    Зарурий кафан – фарз соқит бўладиган даражада бўлиб, маййитнинг баданини ўраса бўлди. Зеро, улуғ саҳобий Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу бир дона кийимлари ила дафн қилинганлар.
خَبَّاتٍ رضي الله عنه، قَالَ: هَاجَرْنَا مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم نَلْتَمِسُ وَجْهَ اللهِ، فَوَقَعَ أَجْرُنَا عَلَى اللهِ، فَمِنَّا مَنْ مَاتَ لَمْ يَأْكُلْ مِنْ أَجْرِهِ شَيْئًا، مِنْهُمْ مُصْعَبُ بْنُ عُميْرٍ؛ وَمِنَّا مَنْ أَيْنَعَتْ لَهُ ثَمَرَتُهُ، فَهُوَ يَهْدِبُهَا قُتِلَ يَوْمَ أُحُدٍ فَلَمْ نَجِدْ مَا نُكَفِّنُهُ إِلاَّ بُرْدَةً إِذَا غَطَّيْنَا بِهَا رَأْسَهُ خَرَجَتْ رِجْلاَهُ، وَإِذَا غَطَّيْنَا رِجْلَيْهِ خَرَجَ رَأْسُهُ، فَأَمَرَنَا النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم أَنْ نُغَطِّيَ رَأْسَهُ وَأَنْ نَجْعَلَ عَلَى رِجْلَيْهِ مِنَ الإِذْخِرِ
Ҳаббоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Биз  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Аллоҳнинг розилиги йўлида ҳижрат қилдик. Бизнинг мукофотимиз Аллоҳнинг зиммасига тушди. Орамизда ўша мукофотидан татимай ўтиб кетганлар ҳам бор эди. Улардан Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу – у Уҳуд кунида вафот этган эди. Ўзидан биргина оқ-қора йўлли кийимини қолдирди. У билан бошини ўрасак, оёғи, оёғини ёпсак, боши очилиб қолар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бошини ўраб, оёғига изхирдан бирор нарса ташлаб қўйишни буюрдилар. Орамизда изхири етилиб қолганлар бор эди. Ундан йиғиштириб келишди".
Муттафақун алайҳ.
Изхир (рус. лимонна трава, инг. lemon grass*) ҳушбўй ўсимликдир.
2.    Кифоя кафани – инсоннинг ҳаётлик чоғидаги энг кам миқдордаги кийимидир. Бундай кафан эркаклар учун иккита бўлади: лифофа ва изор.
Бу миқдордан ози макруҳдир. Зеро, Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
كَفِّنُونِي فِي ثَوْبَيَّ هَذَيْنِ اللَّذَيْنِ كُنْتُ أُصَلِّي فِيهِمَا ، وَاغْسِلُوهُمَا ، فَإِنَّهُمَا لِلْمُهْل وَالتُّرَابِ
“Мана шу намоз ўқиб юрганим иккала кийимни ювиб, мени шу билан кафанланглар. Чунки кафан йиринг ва тупроқ учундир”, деганлар**.
Аёллар учун эса учта бўлади: лифофа, изор ва химор.
3.    Суннатга мувофиқ кафан эркаклар учун изор, қамис ва лифофадан иборатдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта кийим: қамис, изор ва лифофада дафн қилинганлар.
عن جابر بن سمرة، قال: "كفن رسول اللّه صلى الله عليه وسلم في ثلاثة أثواب: قميص، وإزار، ولفافة" رواه ابن عَدِيّ في «الكامل»
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч кийим: қамис, изор ва лифофага кафанланганлар”.
Ибн Адий “Комил”да ривоят қилган.
Аёллар учун эса қуйидаги ҳадисда келтирилгандек, бешта либос бўлади.
عَنْ لَيْلَى بِنْتِ قَانِفٍ الثَّقَفِيَّةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كُنْتُ فِيمَنْ غَسَّلَ أُمَّ كُلْثُومٍ بِنْتَ النَّبِيِّ عِنْدَ وَفَاتِهَا فَكَانَ أَوَّلُ مَا أَعْطَانَا النَّبِيُّ الْحِقَاءَ ثُمَّ الدِّرْعَ ثُمَّ الْخِمَارَ ثُمَّ الْمِلْحَفَةَ ثُمَّ أُدْرِجَتْ بَعْدُ فِي الثَّوْبِ اْلآخَرِ قَالَتْ: وَرَسُولُ اللهِ جَالِسٌ عِنْدَ الْبَابِ مَعَهُ كَفَنُهَا يُنَاوِلُنَاهَا ثَوْبًا ثَوْبًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.
Лайло бинти Қониф ас-Сақафийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсум вафот этганида, уни ювганлардан бири эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга аввал “ҳиқо”ни (лунгини), кейин «диръ»ни (кўйлакни), кейин «химор»ни (рўмолни), кейин «милҳафа»ни (паранжини) бердилар. Сўнг у яна бошқа (бутун баданини ўрайдиган)кийимга киритилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшикнинг олдида ўтириб олиб, унинг кафанини қўллари билан бизга битта-биттадан бериб турдилар”.
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.***
________________________________________
* Қаранг: http://www.romnci.net/vb/t14449.html ёки http://en.wikipedia.org
** Зайлаъий Жамолиддин, «Насбур-Роя». Байрут, Жидда. –Ж. 2, –Б. 263.
*** Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Ҳадис ва Ҳаёт». –Ж. 7, –Б. 222.

Бир мусулмон ҳаж ёки умра сафарида эҳромдалигида вафот топса, унинг тажҳиз ва такфини ҳамма қатори бўлади, яъни учта кафанда (лифофа, изор ва қамис) кафанланиши суннатдир.
المُحرِمُ وَغَيرُ المُحرِمِ فِي ذَلِكَ سَوَاءٌ يُطَيَّبُ وَيُغَطَّى رَأسُهُ
«Эҳромда бўлган киши билан эҳромда бўлмаган киши бун (кафанланиш)да баробардир. Уни ҳам хушбўйланилади ва боши ўраб қўйилади» (Фатвои ҳиндия).


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Азанинг муддати
Аза муддати уч кундир. Уламолар бунга Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар:  لاَ يَحِل لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ давоми...
1 ўн йил аввал 13348 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жасадни бошқа юртга кўчириш
Ўлган одамнинг жони узилган шаҳарга ёки қишлоққа кўмиш мустаҳаб амалдир. Уни вафот топган жойидан бошқа бир жойга кўчиришни кўпчилик уламоларимиз макруҳ, деганлар ва бу ишнинг макруҳлигининг бир неча сабабларини давоми...
1 ўн йил аввал 10945 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабр зиёрати одоблари
Авволо, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш лозим; Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир; Қисқа муддат бўлса ҳам, дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйлаш; Зиёратгоҳда давоми...
8 йил аввал 9757 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрга белги қўйиш ёки бир жойга яқин қариндош-уруғларни бир жойга қўйиш
Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилишда тез ва осон давоми...
7 йил аввал 9907 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрнинг сифати
 Қабр икки хил – кифоя қилгудек ёки мукаммал бўлади. «Кифоя қилгудек» деганимиз одам бўйининг ярмигача чуқурликда кавлангани бўлади. «Мукаммал»и эса одам бўйи баробар, узунлиги маййитнинг давоми...
7 йил аввал 11034 fiqh.uz