Ҳалол касб қилувчилар мақоми


Барча мадрасаларда қўлдан қўйилмай ўқиладиган, толиби илмлар ўқиб, олим бўладиган «Ҳидоя» номли китоб бор. Тўрт жилддан иборат ушбу китобда шариатимизнинг таҳоратдан тортиб мерос илмигача бўлган барча аҳкомлари баён қилинган.

Китобнинг биринчи жилди ибодатларга тааллуқли бўлиб, таҳорат, намоз, рўза, закот ва ҳаж аҳкомлари, қолган уч жилдида эса муомалот ва муошаротга оид ҳукмлар баён қилинган. Бундан маълум бўладики, дин аҳкомларининг тўртдан бир қисми ибодатга тааллуқли бўлиб, тўртдан уч қисми эса муомалотга оиддир.
Муомалотнинг шариатга мувофиқ эмаслиги ибодатга қандай таъсир кўрсатади?

Аллоҳ таоло диннинг муомалот қисмига улкан мақом берган. Агар инсон мол-дунё топиш, касб-кор қилиш ва умуман бирор корхонада ишлашдаги муомалотларида ҳалол-ҳаромга эътибор бермаса, жоиз ва ножоизни фарқламаса, бу нарса унинг ибодатига албатта таъсир кўрсатади. У қолган ибодатларни қанчалик холислик билан адо қилмасин, уларнинг ажру савоби ва қабул бўлиши муаллақ туриб қолади, дуоси ҳам қабул бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида шундай деганлар:
«Кўп кишилар Аллоҳнинг хузурида сочлари тўзғиган, йиғлаб, зорланиб, ожизликни изҳор қилиб дуо қиладилар. Ҳолбуки уларнинг таоми ҳаром, ичгани ҳаром, либоси ҳаром, жисми ҳам ҳаромдан топилган нарса билан озиқланган бўлади. Қандай қилиб унинг дуоси мустажоб бўлсин? Унинг дуоси қабул бўлмайди».

Муомалотни ўнглаш ғоятда мушкул

Муомалотдан бошқа ишларда хато камчиликлар ўтса, уни ўнглаш мумкин. Масалан, бир киши намозни қолдирган бўлса, ҳаётлигида унинг қазосини ўзи ўқиши мумкин, вафот этиб қолса, бунинг фидясини тўлашни меросхўрларига васият қилиши, ўзи эса тавба қилиши мумкин. Иншааллоҳ, Аллоҳ таоло гуноҳларини кечиришидан умид бор. Лекин бировнинг молини ножоиз йўл билан еб қўйган бўлса, ўзиники қилиб олган бўлса, минг бор тавба қилса ҳам, минглаб нафл намозлар ўқиса ҳам, молнинг эгаси, ҳақнинг эгаси чин кўнгилдан рози бўлиб, уни кечирмагунча тавбаси қабул бўлмайди. Шунинг учун муомалот боби улкан аҳамиятга эгадир.

Ҳазрат Таҳонавийнинг муомалотга муносабатлари

Шу сабабдан ҳакимул уммат Ашраф Алий Таҳонавий тасаввуф ва тариқат таълимотларида ҳам муомалотга катта эътибор берардилар. Шогирдлари ўз вазифаларини адо қилишда, нафл ва вирдларини бажаришда камчиликка йўл қўйишса, улардан ранжир эдилар, бироқ кечириб, уларни тўлиқ бажаришга буюрардилар. Лекин мол олди-берди муомаласида хатога йўл қўйилса, уларнинг бу ишларига нафрат изҳор этардилар.

Сабоқ берувчи воқеа

Ашраф Али Таҳонавий роҳматуллоҳи алайҳининг бир шогирдлари бўлиб, у зот унга тазуия ва талқинга ижозат берган эдилар. Бир куни у ўғилчасини етаклаб устозининг зиёратига келди. Салом-аликдан сўнг ўғлини таништириб, унинг ҳаққига дуо қилишларини сўради. Ҳазрат боланинг ҳаққига дуо қилдилар. Гап орасида устоз боланинг ёшини ҳам сўраб қолдилар. Шогирдлари «Болам ўн уч ёшда», деди. Мамлакатдаги қонун бўйича болаларга ўн уч ёшгача чипта нархининг ярми тўланар, ўн уч ёшга тўлган кунидан бошлаб уларнинг чиптасига ҳам катталар каби нарх тўлана бошлар эди. Ҳазрат болага чиптанинг қайси нархда олинганини сўраб қолдилар. Шогирди «Жуссаси кичкина бўлганлиги учун ярим нарх тўладик» деб жавоб берди.
Шунда устознинг авзои бирдан ўзгариб, шундай дедилар:
«Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун! Сизга тасаввуф ва тариқатнинг чанги ҳам етиб келмаган экан. Сиз ҳалигача ҳаром-ҳалолни ажратмабсиз, болани сафарга олиб чиқибсизу, лекин унга йўлкира тўлашда ҳаром ишга қўл урибсиз. Ўн уч ёшлик болага ёш болаларнинг чиптасини олиб, йўл хизмат корхонасининг ҳаққини ўғирлабсиз. Ўғрилик қиладиган, бировнинг ҳаққини тортиб оладиган шахс тасаввуф ва тариқатда бирор мақомга эга бўлмайди. Шунинг учун сизга берган ижозатимни бекор қиламан».
Ўша шогирд ибодатда мукаммал киши эди. Лекин устоз чипта олишда, яъни муомалотда ҳаромга йўл қўйганлиги туфайли унга берилган ваколатни бекор қилдилар.

Ҳазрат Таҳонавий билан содир бўлган яна бир воқеа

Ҳазрат ўз шогирдларига ва ўзларига тааллуқли кишиларга кўрсатма бериб, поездда ва самолётда сафар қилганда бепул олиб юришга рухсат берилган миқдордан ортиқча юкни тарозига торттириб, ҳақини қўшимча тўлашни буюрар эдилар. Бир сафар ўзлари сафар қилмоқчи бўлиб вокзалга келдилар. Юкларини торттирмоқчи бўлиб тарозининг яқинига келган эдилар, йўлбошчи («проводник») ҳазратни таниб қолиб, яқин келди.
– Нима қилаяпсиз, ҳазрат? – сўради у.
– Юкларимни торттирмоқчиман.
– Бунга ҳожат йўқ. Мен сиз билан бирга кетаман, ортиқча юкка ҳақ тўлашга зарурат йўқ, деди йўлбошчи.
– Сиз мен билан қаергача борасиз?, – сўрадилар ҳазрат. У фалон бекатгача боришини айтди.
– Ундан уёғига нима қиламан? – дедилар ҳазрат.
– У ерга етгач, кейинги йўлбошчига «Бу ҳазратнинг юклари» деб айтиб қўяман.
– Ўша ҳамкасбингиз мен билан қаергача боради? – сўрадилар устоз.
– У сиз тушадиган бекатдан ҳам ўтиб кетади, – деди ҳалиги киши.
– Бироқ мен ундан уёғига ҳам сафар қиламан-да, – дедилар ҳазрат.
– Қаерга? – сўради у киши ҳайрон бўлиб.
– Аллоҳ таолонинг хузурига. Охиратда ким, қайси проводник мени Аллоҳнинг ҳузурида У Зотнинг савол-жавобидан қутқариб қолади?

Муомалот ножоиз тарзда бўлса, ҳаёт ҳаромга айланади

Барча поезд бекатларида ҳазратга алоқадор бўлган кишилар танилиб қолар эди. Ҳазрат бизнинг ҳузуримизга бир тийин ҳам шариатга хилоф йўл билан келмасин деган шартда қаттиқ турар эдилар. Лекин ҳозирда одамлар муомалот бобида ботқоққа ботиб қолдилар. Кўплаб касб эгалари ўз касбларининг шариатга мувофиқ ёки номувофиқ эканлигидан ҳам бехабардир. Агар биз ножоиз йўл билан мол топсак, кейин у жоиз йўл билан топган молимизга ҳам аралашса, уни сутга тушган қумалоқдек расво қилади. Биз эса ўша молдан емоқдамиз, ундан кийим олиб киймоқдамиз, натижада баданимиз ҳам, кийиб турган кийимимиз ҳам ҳаромдан бўлиб, бутун ҳаётимиз ҳам фасодга учради. Аллоҳ таоло ақл ато этган кишилар ҳаромнинг қанчалик зарарли эканлигини биладилар.

Муҳаммад Ёқуб Ланутвий

Муҳаммад Ёқуб Ланутвий ҳазрати Ашраф Али Таҳонавийнинг жалийлул қодр устозларидандир. Ўзлари ҳақида ҳикоя қилиб шундай дедилар:
«Мени бир бор зиёфатга чақиришди. Кейин билсам, у кишининг топиш тутиши шубҳалироқ экан. Мен бир неча луқма таом едиму, бир неча ой қалбимда унинг зулматини ҳис қилдим. Қалбим мени гуноҳга тортар, табиатим кир эди, нафсим ҳам фалон фалон гуноҳларни қил, деб буюрар эди. Бундай ҳолатга тушган одам ҳаромни ҳис қила олмайдиган, яхши ёмонни ажратмайдиган бўлиб қолади. Уламолар покиза қалбни олтин ўлчанадиган тарозуга ўхшатганлар. Бундай тарозу жуда кичик миқдорни ҳам аниқ кўрсатади. Занг босган қалбни эса жуда оғир юклар ўлчанадиган тарозуга ўхшатганлар. Катта тарозуларда граммлар у ёқда турсин, бир неча килограммгача фарқ бўлади.

Ҳаром икки қисмга бўлинади

Бугунги кунимизда қалбларимиз шу ҳолатга келдики, гуноҳнинг гуноҳ эканлигини ҳам фарқламай қўйдик. Ҳатто баъзи гуноҳ ишларни савоб дейишгача бордик. Сабаб шуки, молимизга ҳаромлигини ҳамма билган ўғриликдан, қимордан, порадан, ёлғон ва фирибдан топилган мол аралашди.
Ҳаромнинг иккинчи қисмини эса кўпчилигимиз билмаймиз. Шунинг учун ҳаромнинг бу тури ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз. Аввало, ҳар кимнинг мулки «мутааййин» бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларига биноан, муомалот (олди берди муомалалари) ака-ука, ота-ўғил, эр-хотин ўртасида бўлса ҳам бутунлай соф ва ғуборсиз бўлиши керак. Ўзаро мулк таъйин топиб, қайси нарса отага, қайси нарса ўғилга, қайси нарса аёлга тегишли эканлиги аниқ бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида
تَعَاشَرُوا كَالإخْوَانِ تَعَامَلُوا كَالأَجَانِبِ
«Муносабатда ака-укадек, олди-бердида бегоналардек бўлинг», деганлар.
Масалан, қарз олди-бердилари бўлса, уни қарз деб ёзиб қўйинг, ҳадя бўлса, ҳадя деб айтиб қўйинг.

Ота-бола шерикчилигидаги савдо иши

Ҳозирги кунимизда муошарот ишларимизнинг деярли бирортаси соф, ғуборсиз эмас.
Масалан, ота-бола савдо ишини бирга юритсалар, ўғил отага савдода шерик бўладим,     йўқми? Ё унинг ишчиси бўладими? Ҳар қалай, холис ёрдамчиси бўлмайди.
Тижорат давом этади, дўкон катталашади, кўчмас мулк барпо бўлади, лекин отанинг ҳиссаси қанчаю ўғилнинг ҳиссаси қанча эканлиги маълум бўлмайди. Агар уларга муомалот ишларингизни тўғрилаб олинг дейилса, жавобига «Бундай қилсак, уят бўлади» дейишади. «Ака-ука бўлсак, ота-бола бўлсак, кимнинг ҳиссаси қанчалигини ажратишнинг нима кераги бор?» дейишади.
Натижада уйланиб, бола-чақалик бўлишгач, кимнингдир харажати кўп, кимникидир оз, бирига ҳовли жой қурилгану, бошқасига эса йўқ, хуллас, тилда бўлмаса да, дилда шикоят, норозичиликлар пайдо бўла бошлайди. Мабодо, Аллоҳ асрасин, ака-укадан ёки ота-ўғилдан бири вафот топса, ака-укалар ўртасида ҳал қилишнинг ниҳоятда мушкул бўлган муаммо пайдо бўлади ва ўз-ўзидан кимнингдир ҳаққи аниқ бўлмаганлиги учун кимгадир ўтиб кетади.

Ота вафот топгач, меросни тездан тақсим қилиш зарур

Ота вафот этиб қолса, унинг меросини тезда тақсим қилиш керак. Тақсим қилишни кечиктириш ҳаромдир. Чунки мерос дарҳол тақсим қилинмаса, бировнинг ҳаққини ижозатсиз истеъмол қилиш юз беради. Хусусан, меросхўрлар орасида балоғатга етмаганлар бўлса, беихтиёр етимнинг ҳаққини еб қўйиш ҳам мумкин.
Қуръони каримда етимнинг ҳаққини ейиш қоринга олов ейишга тенглаштирилган. Балоғатга етмаган болаларнинг ўз молларини кимлардир истеъмол қилишига ижозат бериши шаръий ижозат ҳисобланмайди.

Муфтий Муҳаммад Шафеъ роҳматуллоҳи алайҳи ва мулкнинг таъминоти

Падари бузрукворим Муфтий Муҳаммад Шафеъ роҳматуллоҳи алайҳининг алоҳида хоналари бўлиб, ёзув ишларини ўша хонада қилар эдилар. Меҳмонлар у зотнинг зиёратига ҳам ўша хонага келишар эди. Ўша хонага сув ёки таом келтирсак, идишларни тезда жойига олиб чиқиб қўйишга буюрар эдилар. Бир сафар «Дада, буни тезда олиб чиқишга не ҳожат бор, шунчалик зарурми?» деб сўрадим. Дадам шундай дедилар: «Гап шундаки, мен ўз васиятномамга «Бу хонадаги барча нарса менга тегишли, вафот топсам, шулар тақсим қилинсин» деб ёзиб қўйганман. Сизлар олиб кираётган бу идишлар эса фақат менинггина мулким эмас. Агар менинг хонамда қолиб кетса, менинг мулким ҳисобида тақсимотга қўшилиб кетади, натижада бировнинг ҳаққи бировга ўтиб кетади».

Доктор Абдулҳай роҳматуллоҳи алайҳи

Бу зот дадамнинг хос шогирдларидан эди. Дадам вафот этганларида таъзия изҳор қилиш учун келдилар. Мен у зотдаги заифликни кўриб, дадамдан қолган дорини у зотга олиб чиқиб бердим. Ҳазрат «Бу нарса сизларга мерос бўлиб қолган, меросхўрларнинг ижозатисиз уни истеъмол қилмайман» деб уни ичишдан бош тортдилар.
Биз «Ҳамма меросхўрлар шу ердамиз. Ҳаммамиз балоғатга етганмиз. Буни истеъмол қилсангиз, сиздан хурсанд бўламиз» дедик. Шундагина у зот ўша дорини истеъмол қилдилар. Бу билан у зот дори арзимаган қийматга эга, бошқа ҳеч ким истеъмол қилмайдиган нарса бўлса ҳам меросхўрларнинг ҳаққи эканлигини, мерос сифатида тақсим қилинмаганлигини бизга ўргатдилар. Агар ўшанда меросхўрлардан бирортаси балоғатга етмаган бўлса ёки уйда бўлмаган бўлса, ўша дорининг бир луқмаси ҳам ҳаром бўлар эди. Шунинг учун шариатнинг ҳукми бўйича вафотдан кейин меросни тезда тақсим қилиш керак. Баъзи нарсаларни ўша вақтда тақсим қилишнинг имкони бўлмаса, ҳеч бўлмаганда ҳар бир меросхўрнинг ҳиссасини тайин қилиб қўйиш керак.

Имом Муҳаммад ва тасаввуф ҳақидаги китоб

Имом Муҳаммад Абу Ҳанифанинг шогирдларидан бўлиб, барча фиқҳий китоблар у киши томонидан тадвин қилингандир (девон қилинган, тузилган). Бу зотнинг биз умматга қилган яхшиликларининг ҳаққини адо эта олмаймиз. Бир киши имом Муҳаммадга тасаввуф ва зуҳд мавзусида ҳам китоб ёзмайсизми, деб сўради. Имом Муҳаммад шундай дедилар:
– Қандай қилиб тасаввуф ҳақида китоб ёзмайин? Байъ тўғрисида китоб ёзганман ку. Байъ китоби тасаввуфдадир,  чунки олди-сотти ва савдо аҳкомлари ҳақиқатда олиб қаралса тасаввуфнинг аҳкомларидир. Зуҳд ва тасаввуф шариатга тўлиқ ва тўғри амал қилишдир. Олди-сотдини,  тижоратни шариатга мувофиқ қилган кишигина шариатга тўғри амал қилган бўлади. Ҳадисларда «Мусулмон кишининг хурсандчилик билан, кўнглидан чиқариб бермаган молини истеъмол қилиш ҳалол бўлмайди» дейилган. Агар яқинларингизнинг бирор нарсасини истеъмол қилсангизу, у бундан хурсанд бўлиши аниқ бўлса ҳам, ундан сўрамай истеъмол қилиш жоиз эмас. Агар ўша кишининг розилиги ёки истеъмол қилишингиздан хурсанд бўлиши аниқ бўлмаса, унинг нарсасини истеъмол қилиш сизга жоиз эмас.
Гоҳида баъзи мақсадлар учун кўпчиликнинг ўртасида пул йиғишга тўғри келиб қолади. Шундай пайтларда босим орқали ёки одамлардан уялгани учун ёки таъна маломат остида қолмаслик учун кўнгилдан чиқармасдан пул берилса,  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларига биноан уни олиш ҳалол бўлмайди. Агар шундай мол сизнинг молингизга аралашиб қолса, гарчи у порахўрлик, қиморбозлик, ўғриликдан ёки ҳаром нарсаларнинг савдосидан тушган мол бўлмаса ҳам, кўнгилдан чиқариб берилмаганлиги учун ҳаром бўлади. Бундай мол  ҳалол молнинг баракасини ҳам кетказади, инсоннинг табиатини кир қилиб, руҳониятига нуқсон етказади.


Муҳаммад Тақий Усмоний


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
1 ўн йил аввал 6579 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
1 ўн йил аввал 6453 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
1 ўн йил аввал 6702 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
1 ўн йил аввал 5494 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
1 ўн йил аввал 6100 fiqh.uz