Намоздан кейинги ибодатлар


Тақдим ва мақсад: Ҳар бир мамлакатнинг ўзига яраша урф-одатлари, анъаналари, ўзларининг миллий кўринишлари бўлади. Шариати исломиййа эса ана шундай миллийликда агар Аллоҳ ва унинг расулига осийлик бўлмайдиган бўлса, уни қўллаб-қувватлайди. Уни йўққа чиқармайди. Балки, урф-одатларни ҳам шариатнинг бир масдари ўлароқ шаръий ҳукмларни олиш дастурларига киритади. Хусусан, бу нарса бизнинг Ҳанафиййа мазҳабимизда – Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи мазҳабларида яққол ўз аксини кўрсатган.

Агар ўша урф-одат оят ёки ҳадисда зикр этилган бўлса ёки гарчи ўша урф-одат жуда заиф ҳадисларга суянаётган бўлса ҳам, ана унда Ҳанафий мазҳаб уни мутлақо қўллайди. Агар улар аҳод, аммо саҳиҳ ҳадисларга эътимод қилаётган бўлса, демак, унда Ҳанафий мазҳаби уларни суннат даражасига кўтаради.
Намоз ўқигандан сўнг ҳам анъана ва ҳам қадрият сифатида сақланиб келаётган бир қанча ибодатлар бор. Айниқса, бизнинг юртда бу нарса ҳеч қачон тарк этилмаган, тарк этганларни ёмон кўрилган. Бу ибодатлар – тасбиҳ (Субҳоналлоҳ), таҳмид (Алҳамдулиллоҳ) ва такбир (Аллоҳу акбар) айтиш билан бирга Оятул курсий ва бошқа ояти карималарни ўқиб, жамоат билан бирга дуо қилиб, намоз ибодатларидан туриб кетишдир. Булар Бомдод ва Аср намозларидан кейинги зикр ўтиришларидан бошқадир. Зеро, улар алоҳида таъкидланган, ҳадиси шарифларда алоҳида тарғиб этилган зикр ибодатларидир.
Биз қуйида баён қиладиганимиз намоздан кейин ўқиладиган одатдаги зикр ибодатларидир. Шуни таъкидлаш лозимки, намоздан кейин қилинадиган бу амаллар Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида мустаҳабдир, яъни қилса савоб, бажармаса гуноҳ йўқ амалдир.
Истиқлол йилларида янги чиққан қавмлар, “аҳли илмлар”, миллий анъаналарга бефарқ қарайдиган, назар-писанд қилмайдиган баъзи кимсалар асрлар давомида қилиб келаётган ишларимиз – намоздан кейин жамоат бўлиб ўқийдиган тасбиҳу таҳмиду такбирларимиз ва Оятул курсий ҳамда ҳамма биргаликда дуо қилиш каби яхши ниятда, савоб умидида қиладиган ишларимизни бидъатга чиқардилар, асли йўқ дедилар. Ота-боболаримиз гўё ҳеч нарсани билмайдиган, бу ишларни ўзлари ўйлаб чиқарган эмишлар. Аслида бундай эмас эди.
Баъзи бировлар эса кўпчилик қилаётган ишларни назар-писанд қилмасдан янги йўл топдилар. Аниқроғи, бошқа мазҳаб ва фирқалар фикрларига эргаша бошладилар. Яъни, фарз ўқиб бўлингандан кейин суннатларини ўқимасдан тасбиҳотларга шуруъ қила бошладилар. Аслида, ихтилофларга берилмасдан кўпчилик турган тарафда бўлиш яхшироқ эмасмиди?!
Ҳанафий мазҳаби китобларида намоздан кейинги тасбиҳот ва оятлар ҳамда жамоавий дуо қилишлар зикри:
Биз юқорида қисқача баён қилганимиздек, мавзумиз борасида фиқҳий китобларимиз ҳам сўз юритган. Жумладан, “Жавҳарат ун-наййира”, “Муниййат ул-мусоллий”нинг шарҳи саналмиш иккита катта-кичик “Ҳалабий”лар, “Дурр ул-мухтор” ва унинг ҳошия шарҳи саналмиш мўътабар “Радд ул-муҳтор” каби асарларда батафсил зикр этилади.
Уларда айтилишича, фарзлар суннатларга тобиъ амал бўлгани боис фарзлардан сўнг суннатлар бўлса, унда уч марта “Астағфируллоҳа” дегандан сўнг “Аллоҳумма анта-с-салом” дуосидан бошқани зиёда этилмайди. Ундан зиёда этиш макруҳи (танзиҳий) бўлади(1). “Фатҳ ул-қадийр”да бундан озроқ зиёда қилишни жоиз дейилган. Имом ал-Ҳалвоий шуни ихтиёр қилган эканлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозларидан сўнг баъзида: “Ло илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ло шарика лаҳу. Лаҳу-л-мулку ва лаҳу-л-ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма ло мониъа ли-мо аътойта ва ло мўътий ли-мо манаъта ва ло йанфаъу за-л-жадди минка-л-жидду”, дер эканлар. Булар ҳақида “Муниййат ул-мусоллий”нинг шарҳларида батафсил тўхталинган(2).
Фарзлардан кейин суннат бўлмаса, ундан кейиноқ, агар суннати бўлса, суннати ўқиб бўлингандан сўнг “Оят ал-курсий” ва “Чорқул” суралари (“Кофирун”, “Ихлос”, “Фалақ”, “Нос” суралари бўлиб, буларни ўқиш бизда одат эмас), яна ўттиз уч мартадан тасбиҳ (Субҳоналлоҳ), таҳмид (Алҳамдулиллоҳ) ва такбир (Аллоҳу акбар) айтиш ва таҳлил билан (“Ло илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ло шарика лаҳу. Лаҳу-л-мулку ва лаҳу-л-ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр”) юзтага тўлдириб ўқиш мустаҳаб бўлади(3).
Тасбиҳотларни ўттиз учтадан зиёда қилишни макруҳ бўлади, ҳам дейишган. Бунга сабаб  суйи адаб, яъни адабсизлик бўлади, дейилганидир(4). Чунки, бу Шориъ алайҳиссалом қилганидан зиёда қилишдир. Бу худди таҳоратда аъзоларни учтадан зиёда ювиш макруҳ бўлганга ўхшайди. Аммо, баъзи уламолар ўттиз уч мартадан зиёда қилишни макруҳ эмас, деганлар. Зиёдасига савоб бўлаверади. Чунки, Аллоҳ таоло:
من جاء بالحسنة فله عشر امثالها
“Кимки бир ҳасана-савобли иш қилса, унга ўн баробар кўпайтириб ёзилур”, деган. (Анъом сураси, 160-оят).
Имом фарздан сўнг юқоридаги: “Аллоҳумма анта-с-салом” дуосини ўқигандан сўнг, агар фарзнинг суннати бўлса, ўз жойида суннат ўқиши макруҳ бўлади(5). Балки, “Фатовойи Қозийхон” (бу китоб “Хониййа” ҳам дейилади) асарида келганидек, имом қибланинг, аниқроғи меҳробнинг ўнг тарафига, яъни намозхоннинг чап тарафига сал силжиб кейин суннат ўқийди(6). Имомдан бошқалар фарз ўқиган жойида туриб суннат ўқишлари макруҳ бўлмаса-да, бироқ жойларидан ўнгу чапга сал силжиб кейин суннат ўқишлари яхшироқдир(7). “Бадойиъ ус-санойиъ”да буни мустаҳаб деган бўлса, “Муҳит”да суннат дейилган. Зотан, қиёмат кунида маконлар ҳам инсоннинг намоз ўқиганига гувоҳлик берадилар(8).
Имом фарз ва ундан кейинги суннат намозларини ўқигандан сўнг тасбиҳот ва бошқа намоз зикрларини жамоатга қараб ўқийди. Қиблага қараб ўтириб қолиши макруҳ ва бидъатдир. Бу қараш “Хулосат ул-фатово”да келган(9). “Бадойиъ ус-санойиъ” китобида ҳам ҳатто мана шуни суннат ва ҳатто имомнинг намоздан фориғ бўлгандан кейин қиблага юзланиб ўтириб қолишини бидъат ҳам дейилган(10).
Жамоатга юзланиб ўтирганда орқада имомнинг тўғрисида масбуқлар – кейин келиб қўшилганлар намоз ўқиётган бўлса, гарчи улар орқадаги сафларда бўлса-да, жамоатга юзланиб ўтирмайди, балки ёнбошини қаратиб ўтиради. Чунки, одамнинг юзига қараб намоз ўқиш макруҳдир. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу шу хилда намоз ўқиган одамга ҳам, қараб ўтирган одамга ҳам дарра урдирган эканлар(11). “Радд ул-муҳтор”да бир неча сафлар орқасида намоз ўқиётган бўлса, имомнинг жамоатга қараб ўтиришининг зарари йўқ, дейилади. Чунки, сафдаги одам сутра мисолида бўлади(12).
“Муниййат ул-мусоллий”да келганки, имом ўнгу чапга, орқага ўтиши ёки уйига кетиши ва ёки жамоатга юзланиб, дуо ва тасбиҳотларни қилиши ихтиёрлидир. Бу фарздан сўнг суннати бўлмасадир, агар суннати бўлса, фарзни кечиктириш макруҳ бўлади(13).

Намоздан кейинги тасбиҳотлар орқасида суннат бўлмаган фарзлардан сўнгдир, агар суннати бўлса, ана ўша суннатлари ўқилгандан кейиндир:
Бизнинг юртларимизда асрлар давомида тасбиҳотлар фарзлардан сўнг суннати бўлса, уларни адо қилиб бўлингандан кейин ўқиб келинган. Бу юқорида зикр этилганидек, фиқҳий китобларимизда ҳам ўз аксини топган. Суннатни машҳур “Аллоҳумма анта-с-салом” дуосидан ортиқча ўтириб, кечиктирворишни макруҳи танзиҳий деб зикр қилинган(14). Чунки намоздан кейинги зикрлар баёнидаги ҳадиси шарифлардан бу зикрлар суннат намозларидан олдин қилинишига далолатлар йўқ, балки суннатлардан кейин келтириш кераклиги чиқади. Зотан, суннатлар фарзларга ёпишган, эргашган намозлар бўлиб, фарзларни мукаммал қилиш учун машруъ бўлгандир. Бинобарин, фарзлардан уларни ажратилмайди(15).
Имом Муслим ҳазратлари Ойша разийаллоҳу анҳо ҳамда Савбон разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан кейин уч марта истиғфор айтиб, машҳур:
اللهمّ انت السلام و منك السلام تباركت يا ذا الجلال والاكرام
“Аллоҳумма антас-салам. Ва минкас-салам. Табарокта ё зал-жалали вал-икром” дуосини ўқиганлари зикр этилади. Ҳатто, Оиша онамиз ул зоти шарифни фақатгина мана шу дуони ўқиш миқдоридагина ўтирар эдилар, деб эсга олганлар. Пайғамбаримиз ҳадисларининг тадқиқотчилари айтишларига қараганда, бу фарздан кейин ўқиладиган, агар фарздан сўнг унинг суннати бўлса, суннатидан аввал ўқиладиган дуодир. Чунки Расулуллоҳнинг ҳар бир вақт намознинг фарзлари ва суннатлари тугагандан сўнг ўқийдиган дуо ва тасбиҳлари ҳадис китобларида алоҳида зикр этиб ўтилади. Масалан, Имом Муслимнинг ўзи Муғира ибн Шуъба ва Абдуллоҳ ибн Зубайр каби саҳобалардан қилган ривоятида Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳозирда биз ўқийдиган:
لا اله الا الله وحده لا شريك له له الملك وله الحمد وهو على كل شئ قدير
“Ло илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ло шарика лаҳу. Лаҳу-л-мулку ва лаҳу-л-ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр” деган таҳлилни бошқа дуолар билан қўшиб ўқиш одати бўлганлиги таъкидланади. Демак, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг айтганлари шуки, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзлардан кейин суннатга туришдан аввал уч марта истиғфор айтиб, “Аллоҳумма...” дуосини ўқиганлар. Кейин туриб суннат ўқиганлар. Агар суннатни уйда ўқимоқчи бўлсалар ёки фарзнинг орқасида суннати бўлмаса, унда қавмга юзланиб ўтириб, дуолар ва бошқа тасбиҳотларни қилганлар.
Тобиъийнлардан бўлган Азрақ ибн Қайс айтадилар. Бизга Абу Римса деб куняланган зот имом бўлиб намоз ўқиб бердилар. У деди: Бу намозни ёки шу намозга ўхшаш бир намозни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўқиган эдим. Абу Бакр ва Умардек зотлар олдинги сафда Расуллуллоҳнинг ўнг тарафида туришган эди. Бир киши намоздан такбирати уло (такбири таҳрима)га гувоҳ бўлди. Бас, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб, сўнг ўнг ва чап тарафларига салом бердилар, ҳатто юз чаккаларининг оқлигини кўрдик. Сўнг худди Абу Римса ўгирилганидек, Расулуллоҳ ҳам ўгирилдилар. Шунда ҳалиги такбирати улони топган киши икки ракъат намоз ўқиш учун туриб кетаётган эди, Ҳазрати Умар ўрнидан сакраб туриб, унинг елкаларидан ушлади ва тортди. Сўнг деди: “Ўтир! Чунки аҳли китоблар намозлари орасида фосила бўлмаганлиги учун ҳалок бўлишди”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларини кўтариб, дедилар: “Эй Хаттобнинг ўғли, Аллоҳ сени ҳақиқатга тўғрилади”. Ушбу ҳадисни Имом Абу Довуд ривоят қилган.
Юқоридаги учта ҳадиси шарифдан шу нарса маълум бўлмоқдаки, фарз билан унинг суннати орасида бир оз муддат фосила – ажратиб ўтириш мавжуд. Бу қисқа муддатли ўтиришда биз (яъни, имомларимиз) ҳозирда фарздан сўнг ўқийдиган – уч марта истиғфор айтиб, “Аллоҳумма анта-с-салам. Ва минка-с-салам. Табарокта ё за-л-жалали ва-л-икром” дуоси суннатлар жумласидан экан. Шуни билмоқ керакки, бу ерга тасбиҳотлар сиғмайди. Зеро, ҳали суннат намозларини ўқиш керак. Биз кейинроқ тўхталадиган ҳадиси шарифларда Расули акрам (с.а.в.) бошлиқ саҳобалар тасбиҳотлардан сўнг уйларига тарқалишган ёки суҳбатлашиб ўтириб қолишган. Демак, тасбиҳотлар суннатлардан сўнг ўқилган. Бунга биз биринчи тўхталган Оиша онамизнинг ҳадиси ҳам далолат қилади. Ҳозир эса тасбиҳотлар ҳақидаги ҳадиси шарифларга батафсил тўхталсак.

Тасбиҳотлар:
Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу айтишича, муҳожирларнинг камбағал-фақирлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келибдилар ва дебдилар: “Моли кўп аҳоли олий даражаларга ва доимий неъмат-роҳатга биздан кўра ўтиб кетишди”. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бундай дейишингизнинг сабаби нима?” дедилар. Улар айтишди: “Биз намоз ўқиганимиздек улар (бойлар) ҳам намоз ўқишади, рўза тутганимиздек рўза тутишади. Улар садақа қиладилар, биз эса қилаолмаймиз, улар қул озод қиладилар, биз қилаолмаймиз”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
أفلا أعلمكم شيئا تدركون به من سبقكم وتسبقون به من بعدكم ولا يكون احدا افضل منكم الا من صنع مثل ما صنعتم
“Аё, сизларга бир нарсани ўргатмайинми?! Сиздан олдингилардан кўра уни топасизлар, сиздан кейингилардан у сабабли ўтиб кетасизлар. Сизлардан ҳеч ким афзал бўлмайди, илло, сизлар қилгандек бажарган кимсагина сиздан ўтиши ёки сизга тенг бўлиши мумкин”. Муҳожирларнинг фақирлари: “Ундай бўлса, бизга ўргатинг, эй Расулуллоҳ!” дейишди. Онҳазрат солллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Ҳар бир намоздан кейин ўттиз уч мартадан тасбиҳ айтасизлар, такбир айтасизлар ва таҳмид айтасизлар”.
Ушбу ҳадисни Абу Ҳурайрадан эшитган ровий Абу Солиҳ айтади: Муҳожирларнинг фақирлари яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига қайтиб келдилар ва “Молдор биродарларимиз бизнинг қилаётганларимизни эшитиб, улар ҳам қила бошладилар”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Энди, бу Аллоҳнинг фазлидир, хоҳлаган кимсага ўзи ато қилади!”.
Ушбу ҳадисдан саҳобалар давридаёқ бойлар ҳам, фақирлар ҳам бир-бирларидан кўриб, намозларидан сўнг оммавий равишда тасбиҳотларни айтишгани англашилмоқда!
Мазкур ҳадисни Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилганлар. Фақат Бухорий ҳамда Имом Насоий ривоятларида ўттиз уч ўрнига тасбиҳ, такбир ва таҳмидларни ўнтадан айтиш буюрилади.
Имом Муслим яна Каъб ибн Ужра разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан деб марҳамат қилганлар:
مُعقِباتٌ لا يخيب قائلهن او فاعلهن دبر كل صلوة مكتوبة ثلث وثلثون تسبيحة وثلث وثلثون تحميدة واربع وثلثون تكبيرة
“Намозлар ортидан савобларни эргаштириб келадиган изма-из, кетма-кет ўқиладиган калималар бор! Ҳар бир фарз намоздан кейин уларни бажарувчи ёки айтгувчи хор бўлмайди. Булар: ўттиз уч марта “Субҳоналлоҳ” дейиш, ўттиз уч марта “Алҳамдулиллоҳ” дейиш ва ўттиз тўрт марта “Аллоҳу акбар” дейишдир”.
Бу ҳадиси шарифни яна Имом Термизий, Имом Насоий ва Дорақутнийлар ҳам ривоят қилишган.
Яна Имом Муслим ҳазратлари Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган эканлар: “Кимки ҳар намоздан кейин Аллоҳга ўттиз уч марта тасбиҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта такбир айтса, бас, бу тўқсон тўққиз бўлади ва юзга тўлдириб: “Ла илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу, ла шарика лаҳу, лаҳу-л-мулку ва лаҳу-л-ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр” деса, гарчи денгиз кўпикларича бўлса-да хатолари кечирилади”. Бу ҳадисни Абу Довуд ва ан-Насоийлар ҳам ривоят қилишган.
Имом Аҳмад, ан-Насоий ва ад-Доримийлар саҳиҳ ва ҳасан иснод билан Зайд ибн Собит разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятлари бундай:
Зайд ибн Собит айтадилар: Биз ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбиҳ айтишимизга, ўттиз уч марта таҳмид айтишимизга ва ўттиз тўрт марта таҳмид айтишимизга буюрилдик. Ансорлардан бир киши туш кўрибди. Унга тушида биров: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга ҳар намоз орқасидан шунча-шунча нарсани зикр қилишни буюрганмидилар?”, дебди. Ўша ансорий тушида тасдиқ жавобини берибди. Шунда ўша тушдаги кимса дебди: “Уларни йигирма бештадан айтинг ва зикрлар орасига таҳлилни, яъни “Ла илаҳа иллаллоҳу”ни ҳам йигирма бештадан қўшинг!”. Тонг отиши билан ўша ансорий эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди-да, туш воқеасидан хабар берди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана шундай қилинглар!” дедилар.
Юқорида ўтган ҳадисларда тасбиҳотларни айтиш адади ихтилофли зикр этилди. Бу нарса кўрсатилган ададларнинг хоҳлаган бировини айтиш мумкинлигидир. Имоми Аъзам мазҳабининг усулий қоидаларига биноан адад борасида келган ҳадиси шарифларни мувофиқлаштириш учун эҳтиёт юзасидан адади кўпи олинади. Чунончи, таҳоратда аъзоларни ювиш адади ҳам ҳар хил. Битта, иккита ва уч мартадан ювиш Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган. Мазҳабимиз уч марта ювишни олган. Шу хилда тасбиҳотларда ҳам ўттиз уч ададини олиш эҳтиёт юзасидан афзалдир.
Аммо, намозлардан сўнг адо этиладиган тасбиҳотларнинг ҳадисларда зикр этилган маълум ададидан зиёда қилишни макруҳ деган уламолар ҳам бўлган(16).

Одамларнинг амалда афзали бўлиш: Юқорида ўтган “Ло илоҳа иллаллоҳ...” калимасини зиёда лафзлар билан алоҳида айтиш ҳам ҳадиси шарифларда мадҳ этилади:
Имом Аҳмад ва Имом Термизийлар Абдурраҳмон ибн Ғанм разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Кимки шом ва бомдод намозидан қайтишидан ва оёғини букишдан (калишини кийиб орқага қайтишдан) олдин: “Ло илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ло шарика лаҳу. Лаҳу-л-мулку ва лаҳу-л-ҳамду би-йадиҳи-л-хойру йуҳйий ва йумиту ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр” деб ўн марта айтса, ҳар бир айтганига ўнта яхшилик ёзиб, ўнта ёмонлик ўчирилади ва ўнта даражага кўтарилади. У ҳар бир ёмонликдан қўрғон бўлади, шайтони ражиймдан тўсиқ-тумор бўлади. Унга ширкдан бошқа уни ҳалок қиладиган гуноҳлар тажовуз қилмайди. У одамларнинг амал борасида энг афзали бўлади. Фақат фазилатда интилиб ундан ўтиб кетадиган киши бўлмаса. Айтиладиган гапларнинг яхшисини гапирадиган бўлади”.
Имом Термизий ҳасан ҳадис деб Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифини кўпчилик эшитган. Бунга тақводорлар, тариқат аҳли кўпроқ амал қиладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:
من صلى الفجر فى جماعة ثمّ قعد يذكر الله حتى تطلع الشمس ثمّ صلى ركعتين كانت كأجر حَجّة وعمرة تامّة تامّة تامّة
“Кимки бомдод намозини жамоатда ўқиса, сўнг ўтириб қуёш чиққунча Аллоҳ таолони зикр қилса, сўнг икки ракъат (ишроқ деган) намозни ўқиса, бир ҳаж ва бир умра тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ қилган каби бўлади”.
Нажд тарафга юборилган лашкарлар оз фурсатда жуда кўп ғанимат-ўлжалар билан қайтибди. “Ҳеч ким бунчалик тез фурсатда шунчалик кўп ўлжа билан қайтган лашкарни кўрган эмас”, дейишибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга тезликда кўп ўлжа билан қайтган қавм ҳақида айтмайинми?! У қавм бомдод намозини ўқиган, сўнг ўтириб қуёш чиққунча Аллоҳ таолони зикр қилганлардир. Ана ўшалар жуда тез фурсатда жуда кўп ўлжа билан қайтадиганлардир”. (Имом Термизий ғариб ҳадис деб Умар ибн Хаттоб (р.а.)дан ривоят қилган).
Имом Абу Довуднинг Анас разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳни зикр қилаётган бир қавм билан эрталабки намоздан қуёш чиққунича бирга ўтиришим менга Исмоил (алайҳиссаломнинг) болаларидан тўрт нафарини (қуллик ёки қийинчиликлардан) озод қилишимдан кўра севимлироқдир. Аллоҳни зикр қилаётган қавм билан бирга аср намозидан то қуёш ботгунча бирга ўтиришим тўрт нафар (инсон)ни озод қилишимдан севимлироқдир”.
Бинобарин, қанча кўб амал қилсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилсак, Аллоҳ таоло наздида ҳам даражамиз улуғ бўлар эди!...   

Тасбиҳларни жамоа бўлиб айтиш: Юқорида ўтган камбағал ва бойларнинг тасбиҳотларни айтишни бир-бирларидан кўриб, биргаликда айтишаётгани ҳақидаги, шунингдек, бомдод ва аср намозларидан сўнгги зикрлар тўғрисидаги ҳадиси шарифлар тасбиҳларни ҳам жамоа бўлиб айтишга ишоралар қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда намоздан кейинги жамоат бўлиб айтиладиган тасбиҳотлар мажлисини Жаноби Расули акрам (с.а.в.) жаннат боғларига ўхшатадилар:
و عن أنس رضى الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: اذا مررتم برياض الجنة فارتعوا. قالوا وما رياض الجنة؟ قال حلق الذكر
Ҳазрати Анас (р.а.)дан: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Жаннат боғлари, гулзорларига дуч келиб қолсангизлар, бемалол ўтлангизлар! (бориб ҳузур қилингизлар!)”. Асҳоби киромлар сўрашди: “Жаннат боғлари, гулзорлари деганингиз нима у?” Ул зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жавоб бердилар: “Зикр ҳалқалари”. (Абу Яъло, Имом Аҳмад, Байҳақий, Термизий, Ибн Шоҳин ривоятлари).
Имом ат-Тийбий бундай деган: “Зикр”дан мурод тасбиҳ, таҳлил, тамжид (“Субҳоналлоҳ, Алҳамдулиллоҳ, Аллоҳу акбар”) каби зикр калималаридир(17).
Имом Термизий Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат боғлари деб масжидларни таърифлайдилар. Боғларида ўтламоқ, ҳузур қилмоқ ва маза қилмоқликни эса: “Субҳоналлоҳ ва-л-ҳамдулиллоҳ ва ло илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, деб тасбиҳ айтмоқ” деб баҳолаганлар.
Ушбу охирги ҳадиси шарифлардан “зикр ҳалқалари” ўлароқ намоздан кейинги тасбиҳотларни жамоат бўлиб ўқишнинг фазилатли эканлиги келиб чиқмоқда. Бизнинг юрт аҳли асрлар давомида ана шундай ҳадиси шарифларга амал қилиб келишган!

Оятул курсийни ўқиш: Ота-боболаримиз асрлар давомида намозларидан сўнг канда қилмасдан ўқиб келаётган яна бир нарса бор. Бу Оятул курсийни ўқишдир.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу минбар тепасида турган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитган экан:
من قرأ آية الكرسى فى دبر كل صلوة لم يمنعه من دخول الجنة الا الموت ومن قرأها حين يأخذ مضجعه آمنه الله على داره ودار جاره واهل دُوَيْرَاتِ حوله.
“Кимки ҳар намознинг изида “Оят ал-курсий”ни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақат ўлим тўсиб туради. Кимки “Оят ал-курсий”ни тўшагига ётаётган вақтда ўқиса, унинг ҳовлисини, қўшниларининг ҳовлисини ва атрофидаги бошқа ҳовличаларни Аллоҳ таоло бало-офатлардан асрайди”.
Бу ҳадиси шарифни Имом аз-Замахшарий ҳазратлари ҳам ўзининг машҳури жаҳон бўлмиш китоблари “Кашшоф” асарларида зикр қилганлар. Уни Имом Байҳақий заиф иснод билан ривоят қилган. Яна унинг Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз Оят ал-курсийни ўқишга фақат пайғамбар, сиддиқ, обид ва шаҳидларгина  доимий одат қиладилар, деган эканлар. Бундай лафздаги ҳадисни ҳам муҳаддисларимиз заиф дейишган. Аммо Ислом олами уламоларининг иттифоқлари борки, фазилат бўладиган пайтларда заиф ҳадисларга ҳам амал қилинаверади. Лекин, замонамизнинг олимларидан Аҳмад ибн Муҳаммад аш-Шарқовий ўзининг “ал-Манҳал ал-қудсий фий фазоили Оят ал-курсий” китобида ушбу ҳадиснинг маъноси мутлақо саҳиҳ эканлигини исботлаган(18). Жумладан, у шу маънодаги икки ҳадисни келтиради:
وروى الطبراني في المعجم الكبير وفي كتاب الدعاء بسنده عن عبد بن حسن بن حسن بن علي عن أبيه عن جده قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "من قرأ آية الكرسي في دبر الصلاة  المكتوبة كان في ذمة الله تعالى حتى الصلاة الأخرى" 
Имом Табароний “Мўъжам ал-кабийр” ва “Китоб ад-дуо”да ўз санади ила Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан ибн Алидан ривоят қилган у эса отасида, у эса бобосидан ривоят қилган: У деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Кимки “Оят ал-курсий”ни фарз намознинг орқасида ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳнинг зиммасида-паноҳида бўлади”.
وروى الطبرانى والنسائى وابن حبان وابن السنى وغيرهم عن أبى أمامة رضى الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "من قرأ آية الكرسي دبر كل صلاة مكتوبة لم يمنعه من دخول الجنة إلا أن يموت"
Ат-Табароний, ан-Насоий, Ибн Ҳиббон, Ибн ас-Сунний ва бошқалар Абу Умома разийаллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. У деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Кимки ҳар фарз намоздан кейин “Оят ал-курсий”ни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақат ўлим тўсади”.
Ушбу икки ҳадисдан биринчисини Имом Табароний ҳасан исноди билан, иккинчи ҳадисни эса жаййид ва саҳиҳ иснод билан ривоят қилган(19). Имом Мунзирий ўзининг “ат-Тарғиб ва ат-тарҳиб” китобида айтишига қараганда, Табароний ва Насоий ҳамда Ибн Ҳиббонлар ривоятидаги охирги зикр этилган ҳадис Имом Бухорий шартига кўра саҳиҳдир(20). Шунингдек, уни Абу Нуайм “Ҳулиййа” асарида ҳам саҳиҳ иснод ила ривоят қилган(21).
Аҳмад Шарқовийнинг ёзишича, Аллома Ибн ал-Жавзий ушбу маънодаги ҳадисларни “Мавзуъот” китобига киритиб янглишган. Ибн ал-Жавзийнинг гапларини кейинги давр алломалари, жумладан, Имом ас-Суютий, Ибн Ҳажар ал-Ҳайсумий ва Шарафуддин ад-Димётийлар рад қилганлар. Ибн Касир эса бундай дейди:
وفي تفسير القرآن العظيم للإمام ابن كثير يقول عن حديث أبي أمامة رواه النسائي في عمل اليوم والليلة وابن حبان في صحيحه من حديث محمد بن حمير وهو الحمصي من رجال البخاري أيضا فهو إسناد على شرط البخاري وقد زعم أبو الفرج ابن الجوزي أنه حديث موضوع والله أعلم
“Абу Умома разийаллоҳу анҳунинг (Оятул курсий ҳақидаги) ҳадисини ан-Насоий “Амал ул-явм вал-лайла”сида, Ибн Ҳиббон эса ўз саҳиҳида Муҳаммад ибн Ҳумайр иснодида ривоят қилган. У Ҳамасликдир. Яна у Имом Бухорийнинг (унинг ҳадисларини ихтиёр қилган) кишиларидан. Демак, у Бухорий шартига кўра ҳадис иснодидир. Абул Фараж Ибн ал-Жавзий ушбу ҳадисни мавзуъ деб ўйлаган(22). 
Ибн Қаййим ҳам ўзининг “Зод ал-маод”, “ал-Вобил ас-соййиб” асарларида ушбу ҳадисларнинг саҳиҳлигини исботлаган. У “Зод ал-маод” китобида ҳатто бундай ёзади:
وقد روى هذا الحديث من حديث أبي أمامة وعلي بن أبي طالب وعبد الله بن عمر والمغيرة بن شعبة وجابر بن عبد الله وأنس بن مالك وفيها كلها ضعف ولكن إذا انضم بعضها إلى بعض مع تباين طرقها واختلاف مخارجها دلت على أن الحديث له أصل وليس بموضوع  وبلغني عن شيخنا أبي العباس ابن تيمية قدس الله روحه أنه قال ما تركتها عقيب كل صلاة
“Бу ҳадис Абу Умома, Али ибн Аби Толиб, Абдуллоҳ ибн Умар, Муғира ибн Шўъба, Жобир ибн Абдуллоҳ ва Анас ибн Молик сингари саҳобаи киромлар ҳадисидан ривоят қилинган. Буларнинг ҳаммасида заифлик бор. Лекин уларнинг баъзиларини баъзиларига қўшса, йўлларини ажратиш ва махражларининг ихтилофларини кўрсатиш билан бирга ҳадиснинг асли борлигига далолат қилади ва мавзуъ эмаслигини билдиради. Шайхимиз Абул Аббос ибн Таймиййадан етиб келишича, у айтган эди: “Оят ал-курсий”ни ҳар бир намоз изидан тарк қилмадим”(23).
Оятул курсий ҳақида ўтган юқоридаги баёнотлардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, Оятул курсийни ўқиш суннатлар жумласидан экан. Уни ҳар намоздан сўнг ўқишни Ибн Таймиййа бошлиқ аҳли ҳадислар ҳам асло тарк қилишмаган экан. Бинобарин, Оятул курсийни ўқиш бизнинг юртларда ҳам асло тарк бўлмаган, энди ҳам тарк бўлмайди, инша Аллоҳ. 

Қуръондан бошқа оятлар ўқиш: Аслида, ҳадиси шарифларда намоздан сўнг бошқа оятлар, Қуръони каримдан суралар ўқиш ҳам тавсия этилади.
Ақаба ибн Омир разийаллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу лайҳи васаллам менга ҳар намоздан сўнг Муъавваза сураларини ўқишни амр қилгандилар. Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад, Абу Довуд, ан-Насоий, ал-Байҳақийлар ҳам ривоят қилганлар. Шунингдек, Имом Термизий “Қуръон фазилатлари” бобида ушбу ҳадисни ҳасани ғариб деб келтирган, Имом Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар эса саҳиҳ деб зикр қилганлар. Гарчи аксар ҳолатда Муъавваза суралари деб Қуръоннинг охирги икки сураси – Фалақ ва Нос суралари айтилса-да, бу ерда уламоларимиз Ихлос ва Кофирун сураларида ҳам паноҳ сўраш (куфр ва ширкдан сақланиш) маънолари борлиги учун муъавваза суралари ичига дохил бўлишини таъкидлаганлар(24). Демак, намозлар изидан мана шу тўртта сурани – Кофирун, Ихлос, Фалақ ва Носс сураларини ўқиш мустаҳаб бўлади.
Мавлоно Алий ал-қори ўзининг “Мавзуъот” асарида Абу Шайх ибн Ҳиббоннинг Ато раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган:
اذا أردت حاجة فاقرأ فاتحة الكتاب حتى تختمها تقض ان شاء الله تعالى
“Қачон бирор ҳожатинг битишини хоҳласанг, Фотиҳат ал-китоб (сураи “Алҳамду”)ни ўқигин, ҳатто уни тугатар экансан, Аллоҳ хоҳласа, ҳожатларинг ҳам битади”, деган ҳадиси шарифни келтириб, бу ҳадис одамларнинг ҳожатларини равон қилиши учун, муҳим ишлари битиши учун Сураи Фотиҳани ўқишининг асли, деб ёзади(25). Мавлоно Абу Саид ал-Ходимий одамларнинг жамоат намозларидан кейин ҳамма биргаликда махфий ёки жаҳрий равишда “Сураи Алҳамду”ни ўқиб, ҳожатларини сўраш масъаласини таҳқиқ қилиб, Ҳанафий мазҳабининг бир қанча китобларидан келтириб баён қилади. Унинг айтишига қараганда, “Фатовойи Таторхониййа”, “ал-Қуниййа”, “ал-Ашбоҳ” асарларида намозларнинг ортидан маъсура дуолар билан биргаликда Алҳамду сурасини ўқиган авлороқдир, дейилган. Чунки, мазкур суранинг дуо маъноси бор. Лекин фарз намозларнинг изида суннати бўлса, фарздан кейин-ла ўқиш макруҳ ҳам дейилган. Ал-Ходимийнинг хулосаси шуки, энг яхшиси, ҳар ким ичидан Алҳамду сурасини ўқиб, дуо қилиб кетгани маъқул(26).
Демак, ушбу ҳадисларга суяниб, намоздан сўнг тасбиҳоту Оятул курсийдан ташқари Қуръони каримдан ояту суралар тиловат қилиш ҳам суннат (мустаҳаб) амаллардан эканлигини бемалол айта оламиз. Ана шунинг учун ҳам айнан бизнинг юртларда ҳозиргача бу чиройли амаллар асло тарк қилинмасдан келмоқда, алҳамдулиллоҳ.

Намоздан кейинги дуо қилиш: Намоздан кейин дуо қилиш борасидаги кўрсатмалар, шунга қилинган тарғиблар саҳиҳ ҳадиси шарифларда ўз аксини топган.
Дуо ижобат бўладиган вақтлардан бири айнан намозлардан кейинги дуо қилишдир. Саҳобаи киромлар “Эй Расулуллоҳ, энг эшитилгувчироқ, энг қабул бўлгувчироқ дуо қайсидир?”, деб сўрашганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай марҳамат қилганлар:
جوف الليل الآخر ودبر الصلوات المكتوبات
“Энг ижобатга яқин дуолар кечанинг охири ичидаги ва фарз намозлари изидан қилинганларидир”. Имом Термизий Абу Умома разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Шунинг учун ҳам Расули акрам алайҳиссалом ва унинг асҳоблари разийаллоҳу анҳум намозлардан кейин (фарзу суннатлар ўқилгандан сўнг, албатта) дуо қилишни узрсиз ҳолатда асло тарк қилмаганлар. Пайғамбаримиз асҳобларини шунга тарғиб қилганлар, қандай дуо қилишни шахсан ўзлари ўргатганлар:
Муттафақун алайҳ (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятидаги) ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)нинг гувоҳлик беришича, Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлганларидан сўнг ўнг ёки чап тарафдан ўгирилиб ўтирар ва уйларига қайтар эдилар. Ана шундай ўтиришларда ул зоти шарифнинг қилган дуоларини саҳобаи киромлар эслаб ҳам қолишган. Барро ибн Озиб (р.а.)нинг эслашича, ул зоти шариф: “Эй Парвардигорим, мени бандаларингни жамлайдиган ёки тирилтирадиган кунда азобингдан сақлагин!”, деб дуо қилар эканлар. Уни Имом Муслим ривоят қилган. Шунингдек, Муғира ибн Шуъба разийаллоҳу анҳудан Имом Аҳмад ва Бухорий билан Муслимлар ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан сўнг мана бу дуони қилар эканлар:
اللهمّ لا مانع لما أعطيت ولا معطى لما منعت ولا ينفع ذا الجد منك الجد
“Эй Аллоҳим! Сен ато қилган нарсани манъ қилувчи йўқ. Сен манъ қилган нарсани берувчи йўқ. Ҳаракат, ғайрат ҳам буюклик ҳам фойда бермайди, ҳаракат, ғайрат ҳам, буюклик ҳам сендан бошланур!”.
Абу Ҳотам разийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда ушбу дуонинг олдида мана бу дуолар қўшилган: “Эй Аллоҳим! Ишимнинг поклиги бўладиган динимни ислоҳ қилгин! Ҳаётим бўладиган дунёимни ҳам ислоҳ қил! Эй Аллоҳим! Албатта мен Сенинг ғазабингдан ризоингга паноҳ сўрайман, Сенинг ўзингдан паноҳ тилайман!”.
Боз устига, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал (р.а.)га ҳар бир намоздан сўнг:
ربّ أعِنّى على ذكرك وشكرك وحسن عبادتك
“Робби, аъинний ъало зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибодатика”, деб дуо қилишни ўргатганлар. Уни Имом Аҳмад, Абу Довуд ва ан-Насоийлар ривоят қилганлар. Шунингдек, мазкур ҳадисни Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривоят қилганлар.
Боз устига, Имом Бухорий ривоят қилишича, Саъд разийаллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан сўнг мана бундай дуо қилишни ўргатганлар:
اللهمّ انّى أعوذ بك من الجبن وأعوذ بك من البخل وأعوذ بك من ارذل العمر وأعوذ بك من فتنة الدنيا وعذاب القبر
“Эй Аллоҳим, албатта мен сендан қўрқоқликдан паноҳ тилайман, бахилликдан, энг разил умр кечирмоқдан, дунё фитнасидан ва қабр азобидан паноҳ сўрайман!”.
Имом Абу Довуд ва Ҳокимлар ривоятида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ҳар намоздан кейин қилишлари айтилган:
اللهمّ عافنى فى بدنى، اللهمّ عافنى فى سمعى، اللهمّ عافنى فى بصرى، اللهمّ انى أعوذ بك من الكفر والفقر، اللهمّ انى أعوذ بك من عذاب القبر، لا اله الا أنت
“Эй Аллоҳим! Баданимни менга саломат қил! Эй Аллоҳим, қулоғимни менга саломат қил! Эй Аллоҳим, кўзимни менга саломат қил! Эй Аллоҳим! Сендан куфрдан ва фақирликдан паноҳ сўрайман! Эй Аллоҳим! Албатта мен Сендан қабр азобидан паноҳ сўрайман! Сендан ўзга илоҳ йўқ!”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Бомдод намозини ўқисанг, одамлардан биронтасига гапиришдан олдин: “Аллоҳумма ажирни мин ан-нор!” деб етти марта айт! Бас, агар ўша куни ўладиган бўлсанг, Аллоҳ таоло сени дўзахдан озод қўшни деб ёзади. Қачон сен шом намозини ўқисанг, одамлардан биронтасига гапиришдан аввал: “Аллоҳумма асъалука ал-жанната. Аллоҳумма ажирни мин ан-нор!” деб етти марта айтгин! Бас, албатта ўша кечаси ўладиган бўлсанг, Аллоҳ сени дўзахдан озод қўшни деб ёзади”. Ушбу ҳадиси шарифни Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган.
Имом Аҳмад ва Ибн аби Шайбалар Умму Салама онамиз разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозига салом берганларидан сўнг қиладиган дуоларидан бири бу экан:
اللهمّ انى أسئلك علما نافعا ورزقا واسعا وعملا متقبلا
“Аллоҳумма инний асъалука илман нофиъан ва ризқон восиъан ва амалан мутақаббала”, яъни: “Эй Аллоҳим! Албатта мен Сендан фойдали илм, кенг ризқ ва қабул бўладиган амал сўрайман!”.

Дуода қўл кўтариш: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар, албатта, қўлларини кўтариб дуо қилар эдилар. Ул зоти шарифнинг дуо қилиш ҳолатлари саҳиҳ ҳадиси шарифларда очиқ баён қилинган:
Анас разийаллоҳу анҳу айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар, қўлтиқларининг оқлиги кўриниб турар эди.
Саҳл ибн Саъд разийаллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар, қўллари бармоқларининг учлари елкалари баробар бўлар эди.
ас-Сойиб ибн Язид разийаллоҳу анҳу айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар, қўл кўтарар, кейин юзларига суртар эдилар.
Бу учта ҳадисни Имом Байҳақий “Даъавот ал-кабир” асарида ривоят қилган.
Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда келганки, қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода қўл кўтарсалар, юзларига суртмасдан уни туширмас эдилар. Буни Имом Термизий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуода қўл кўтаришларини яхши билган Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу дуода қўлларни кўкрак (садр)дан юқори кўтаришни бидъатдир, деганлар. (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари дуо қилишда қўл кўтаришни буюрганлар:
اذا سألتم الله فأسئلوا ببطون أكفكم ولاتسألوا بظهورها فاذا فرغتم فامسحوا بها وجوهكم
“Қачон Аллоҳдан сўрасанглар, кафтларингизнинг ички томони билан сўрангиз, уларнинг орқа томони билан сўрамангиз! Бас, қачон дуодан фориғ бўлсангизлар, кафтларингизни юзларингизга суртингиз!”. Бу ҳадиси шарифни Имом Абу Довуд Молик ибн Ясор ва Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳумодан ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларда қўл кўтаришларини ҳаммадан яхши билгани учун ҳам Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу дуо қилишдаги ҳолатларни учга бўлиб, бундай тушунтирганлар:
المسئلة ان ترفع يديك خذو منكبيك او نحوهما والاستغفار ان تشير باصبع واحدة والابتهال ان تمدّ يديك جميعا
“Аллоҳдан сўров қўлингни елка баробарига ёки шунга ўхшаш кўтаришингдир. Истиғфор айтиш эса битта бармоғинг билан ишора қилишдир. Илтижо қилиш, ёлвориш эса бутун қўлингни узатишдир”. (Имом Абу Довуд ривояти).
Салмон разийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни қувонтирадиган, умидлантирадиган, дуода қўл кўтаришга рағбатлантирадиган ҳадиси шарифни иршод қилганлар:
انّ ربّكم حىّ كريم، يستحيى من عبده اذا رفع يديه اليه ان يردّهما صفرا
“Парвардигорингиз жуда ҳаёли ва карамлидир. Ўз бандасидан банда унга қўл кўтариб дуо қилсаю, уни қуруқ қайтаришидан ҳаё қилади”. Термизий, Абу Довуд ва Байҳақийлар ривоят қилганлар.
“Ҳалабийи кабийр”да айтилишича, Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳ тўпламларида Анас разийаллоҳу анҳу орқали келган ҳадиси шариф мавжуд: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларда қўлларини фақатгина истисқо (ёмғир сўраш) вақтида кўтарар эдилар. “Ҳалабийи кабийр”да мазкур ҳадиси шарифини изоҳлаб, бу қўлни узоқ вақт кўтариш ҳамда камоли тазарруъ ва ниҳоятда чўзиб кўтариш, дейилган. Зотан, бошқа вақтларда ҳам ул зоти шарифнинг дуоларда қўл кўтарганлари ривоят қилингандир, деб зикр этилади(27).
Юқорида ўтган ҳадиси шарфлардан дуо қилганда қўл кўтаришлик биз умматлар учун фойдали бир суннат эканлиги англашилмоқда. Демак, дуоларимизда ихлос билан қўл кўтарсак, инша Аллоҳ, қўлларимиз қуруқ қайтарилмас!

Намоздан кейинги дуода қўл кўтариш: Қўл кўтариб дуо қилиш саҳиҳ ҳадиси шарифларда мутлақ зикр қилинган. Айнан намоздан кейин қўл кўтариб дуо қилиш ҳадисларда зикр қилинганми?
Ҳа, албатта, ҳадисларда бор!
Аммо, бу ҳадисларнинг исноди заифдир. Заиф ҳадислар эса фазилат бобида инобатга олинади. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг Ҳанафий уламолари фатво берганлар(28). Уларнинг бошида Ҳанафий фиқҳи мумтоз даврининг энг сўнг намояндаси Мавлоно Абдулҳайй Лакнавий туради.
Ҳофиз Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн ас-Сано “Амал ул-йавм вал-лайла” китобида Анас ибн


8 йил аввал 21277 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
8 йил аввал 50319 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
8 йил аввал 10795 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
8 йил аввал 36960 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
8 йил аввал 8484 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
8 йил аввал 13242 fiqh.uz