Никоҳ фазилати, унинг рукн ва шартлари


Никоҳ луғатда “Қўшилиш”, “Яқинлик” маъноларини англатади. Шариатда эса, никоҳ, “Эр кишининг никоҳида шаръан монеълик бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир”. Ушбу таърифдаги “Никоҳида шаръан монеълик бўлмаган деганидан шариат никоҳини ҳаром килган аёлни никоҳлаб бўлмаслиги чиқади. Юқоридаги таъриф Ҳанафий мазҳаби таърифидир. Шариат никоҳини ҳаром килган аёллар: бутпараст аёл, маҳрам-яқин қариндош аёллардир. Энди мавзуга Қуръони Каримдан бир қанча далиллар келтирамиз.
Нисо сурасининг 3-оятида:

وَإِنْ خِفْتُمْ أَلَّا تُقْسِطُوا۟ فِى ٱلْيَتَـٰمَىٰ فَٱنكِحُوا۟ مَا طَابَ لَكُم مِّنَ ٱلنِّسَآءِ مَثْنَىٰ وَثُلَـٰثَ وَرُبَـٰعَ ۖ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلَّا تَعْدِلُوا۟ فَوَٰحِدَةً


"Бас ўзингиз ҳуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани" деган.
Аллоҳ ушбу оятда мўъмин бандаларга пок йўл билан никоҳда бўлишни амр этмақда. Ушбу оят никоҳга бўлган кучли тарғибдир.

وَأَنكِحُوا۟ ٱلْأَيَـٰمَىٰ مِنكُمْ وَٱلصَّـٰلِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَآئِكُمْ ۚ إِن يَكُونُوا۟ فُقَرَآءَ يُغْنِهِمُ ٱللَّهُ مِن فَضْلِهِۦ ۗ وَٱللَّهُ وَٰسِعٌ عَلِيمٌۭ


“Ўзингиздан оиласизларни, қўл ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар Аллоҳ ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ кенг ва билимдон зотдир”. (Шўро сўраси 32-оят).
Ушбу ояти каримадаги хитоб ота-она, хожа ва мусулмон ишбошиларга қаратилган.
Демак, мусулмон киши фақат ўзи никоҳда бўлибгина қолмай, бошқа ўз қўл остидагилар никоҳига ҳам масъул экан. Никоҳ нозик масала бўлгани учун Ушбу оятда фақирлик, камбағаллик никоҳдан қочишга сабаб бўлмаслигига алоҳида ишора келмоқда.
Ва батахқиқ:

وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلًۭا مِّن قَبْلِكَ وَجَعَلْنَا لَهُمْ أَزْوَٰجًۭا وَذُرِّيَّةًۭ 


“Сендан олдин ҳам расуллар юборганмиз ва уларга жуфту ҳалоллар, зурриётлар берганмиз” деган. (Раъд сураси 38 оят)
Пайғамбаримизга хитоб қилинаётган ушбу оятда Аллоҳ оилали бўлиш уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари эканлигини баён этмокда. Бу оятда ҳам никоҳга қаттиқ тарғиб борлиги кўриниб турибди.
Энди ҳадиси шарифларни келтирамиз.
Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоятида:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: “ Ҳаё, хушбуй сепмоқлик, мисвок ва никоҳ" дедилар.
Ушбу тўрт нарса Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган барча пайғамбарларнинг суннатидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга, дунёда аёллар, хушбўй нарсалар маҳбуб қилинди. Кўзимнинг қорачиғи намозда қилинди", дедилар.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг “Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидур. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир" деганларини эшитдим.
Энди шу ўринда мўътабар китобларда келтирилган, оила қуришга имконияти йўқлар учун, рўзадан бошқа йўлларини ҳам келтириб ўтамиз. Булар: кўзни бегона аёллардан сақлаш, Қуръон ўқиш, бузук киноларни кўрмаслик ва жинслар ҳақидаги китобларни ўқимаслик, каби ишлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадиси шарифларида:“Никоҳ менинг суннатимдир. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”,дедилар.Расулуллоҳснинг соллаллоҳу алайҳи васалламушбу сўзлари имкони бўла туриб оила қурмаслик, никоҳланмаслик мусулмон кишининг иши эмаслигини англатмокда.
Тиббиёт ходимларини айтишича "Вақти келганда уйланмаслик инсон соғлигига катта зарардур".
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу "Уч кундан кейин ўлишимни билсам ҳам бўйдоқ ўтишдан уйланмоқни афзал кўраман", деганлар.
Никоҳ, оила масалалари ҳақида Бош Қомусимизнинг 63-76,-моддаларида шундай дейилган: “Оила, жамиятнинг асосий бўғинидир, ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”.
3-Моддада: “Оналик ва Болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади”.
1998-йил 1-сентябрдан амалга кирган 8 бўлим, 30 боб, 238 моддадан иборат бўлган "Оила кодексининг 43(13-56) моддаси "Никоҳ" масаласига ажратилгани ҳам Никоҳга қонунчилигимизда катта эътибор қаратилганини билдиради.
Бугунги ҳолатда йилига юртимизда 170 минг никоҳ қайд этилмоқда. Мана, биз Исломда никоҳга тарғиб қилувчи баъзи далилларни ҳар томонлама ўрганиб чиқдик.
Энди бошқа динлардан баъзиларидаги Никоҳга бўлган салбий муносабатлар ва унинг оқибатларини ўрганиб чиқамиз. Масиҳий динида уйланмай, никоҳда бўлмай юриш афзал ҳисобланади. Шунинг учун Масиҳийлик авжига чиққан даврларда Масиҳий ўлкаларида аҳоли сони қисқариб кетган.Ҳамма динини қаттиқ тутишга ҳаракат қилиши оқибатида оила қуришдан бош торта бошлади. Лекин бу иш узоққа бормади. Кишилар Масиҳий дини ва канисага қарши бош кўтарди. Дин фақат канисада бўлиши керак, деган даъвони билдирди. Канисадан ўч олишга харакат қилиб, қасддан унинг тескарисини қила бошладилар. Жинсий ҳаётда тазйиққа учраганлари учун жинсий ҳурриятга даъват бошланди. Ҳамма зинони фахр деб биладиган даражага етди. Оила, Никоҳ қолоқлик, эскилик сарқити деб билина бошланди. Кишилар бошига мусибатлар ёгилди. Касалликлар тарқалди, оила низоми бузилди. Мусулмонлар булардан ибрат олиши керак.
Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини сақлаб, обрў, мартаба топадилар. Инсон ўз насл насабини поклигини сақлайди. Никоҳ туфайли оила қурилади, оила эса жамиятнинг бош бўлагидир. Никоҳнинг бундан бошқа ҳам кўплаб фойдалари бор.
Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳдан бошқа ҳамма уламоларимиз никоҳни ибодат деганлар. Зино хавфи бор вақтдаги никоҳ ҳаждан олдинги ўринга қўйилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳар бирингизнинг жинсий хожатида ҳам ажр бор”, деганлар.
Уламоларимиз кишиларнинг холатига қараб никоҳда бўлишларини хукмини 6 та деб иттифоқ бўлганлар:
1
-Уйланиш фарз - маҳр ва аёл нафақасига етарли моли бор, фақат уйланиш билан зинодан сақлана оладиган кишиларга.
2- Уйланиш вожиб-маҳр ва аёл нафақасига етарли моли бор, уйланмаса зинога кетиш хавфи бўлган кишиларга.
3-Уйланиш суннати муаккада - маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор, жинсий муносабатга лаёқатли кишиларга. Ҳанафийлар буни вожибга яқин дейишган.
4-Уйланиш ҳаром - маҳр ва аёл нафақасига қодир бўлмаган, аёлга зулм қилиши аниқ бўлган, жинсий лаёқати йўқлиги аниқ кишиларга.
5-Уйланиш макруҳ. Маҳр ва нафақадан, зулмдан ё жинсий ожизликдан хавф қилган кишиларга.
6-Мубоҳ-Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган холда никоҳ мубоҳ бўлади.
Ушбу нарсалардан кейин биз никоҳ - оила қуриш динимиз тарғиб қилган ибодат эканини билиб олдик.
Энди никоҳнинг рукн ва шартлари ҳақида сўз юритамиз. Никоҳнинг рукни ҳақида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар. “Ийжоб” никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада аввал содир бўлса, "Қабул" иккинчи ўринда содир бўладигандир. Мисол учун бир эркак аёл кишига, менга хотин бўлишга розимисан, деса “ийжоб” бўлади. Аёл унга розиман, деб жавоб берса “қабул” бўлади. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам "ийжоб- қабул" бўлиши мумкин. Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланали.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Жувон аёлдан маслаҳат сўрамай туриб никоҳланмас. Қиз боладан изн олинмай туриб никоҳланмас” дедилар. Эй Аллоҳнинг Расули, изн қандай бўлур дейишди. “Сукут сақламоғи дедилар”.
Бошқа ривоятда: “Жувон хотин ўз нафсига валийсидан кўра ҳақлироқ. Қиз боладан эса, изн сўралур. Унинг изни сукутдир" дейилган.
Ханса бинти Хизом ал Ансорияни жувон ҳолида отаси сўрамай эрга берди. Бу унга ёқмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Бас у зот унинг никоҳини рад этдилар. Изн сўралмай никоҳланган чоғда иш аёлнинг розилигига боғлиқ бўлиб қолади, у“розиман” деса никоҳ бўлади. Юқоридан маълум бўлдики, бундай иш қозига арз қилинса, қози бу никоҳни бузиш ҳақида ҳукм чиқаради. Худди шундай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изн сўралмай никоҳланган бокира қизни никоҳини шу қиз ихтиёрига қўйганлари ҳам бошқа ҳадисда келтирилган .
Конститутсиямизнинг 63-моддасида “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади” дейилган. Оила кодексининг; 14-моддасида шундай дейилган. "Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлишп керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш таъқиқланади. "Жиноят кодекси 136-моддасида аёлни эрга ёки никоҳда яшашга мажбур қилишнинг энг кам ойлик иш ҳаққининг 2 баробаригача жарима, ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд 6 ойгача қамоқ билан ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган".
Бошқа мазҳабларда эса ийжоб ва қабулга қуйидаги нарсалар ҳам қўшилади:
1-Хотин
2-Эр
3-Валий
Шу билан Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда никоҳ рукни 4 та бўлади.
Никоҳнинг шартлари тўрттадур.
1- Никоҳ маҳали аслий ва фаръий равишда мавжуд бўлиши керак. Яъни никоҳда, иштирок этадиган аёл эркакка абадий равишда ҳам вақтинчалик ҳам ҳаром бўлмаслиги керак.
2- Ийжоб ва Қабулда ишлатиладиган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт ва мулкка эгаликни дарҳол собит қиладиган лафзлар бўлиши шарт. Масалан: Никоҳ, Тазвиж, Ҳиба, савдо, садақа каби лафзлар. Имоми Шофиий раҳматуллоҳи алайҳНикоҳ фақатгина "Никоҳ" ва "Тазвиж" лафзлари билан дуруст бўлади.
3- Гуволик. Ҳамма мазҳаб уламолари гувоҳликсиз никоҳ бўлмайди, деб иттифоқ бўлганлар.
Набий соллалоҳу алайҳи васаллам "Валийсиз никоҳ йўқдир" дедилар, бошқа ривоятда "Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир"дейилган. Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши шарт деганлар:
1) Ақл
2) Балоғат
3)Ҳур
4)Мусулмон
5)Икки гувоҳ ҳам икки томоннинг сўзларини бирга эшитиш.
Гувоҳ адолатли бўлса яхши. Лекин фосиқнинг гувоҳлиги ҳам ўтаверади. Бунга Имоми Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ хилоф қилганлар. Гувоҳлар икки эркак ёки бир эркак икки аёл бўлиши шарт. Имоми Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ бунга ҳам хилоф қилганлар.
Оила кодексида "Никоҳни қайд" этишда гувоҳларнинг сони икки кишидан кам бўлмаслиги керак", дейилган. Агар мусулмон киши зиммия аёлга икки зиммий гувоҳлигида уйланса Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздида жоиздир. Муҳаммад ва Зуфар раҳматуллоҳи алайҳумалар эса жоиз эмас дейишган. Икки томон розилиги шундай бўлмаса никоҳ тўғри бўлмайди. Валий ва бу икки шартнинг далил ҳадисларини юқорида айтиб ўтдик. Шунингдек, баъзи мазҳаблар эътиборга олган, баъзилари олмаган шартлар ҳам бор. Эру- хотин тайинли бўлиши, эҳромда бўлмаслиги, маҳр бўлиши, эр гувоҳлар билан сир тутишни келишиб олмаслиги, эр ё хотин хавфли касалга чалинган бўлмаслиги кабилар.


Никоҳ шартлари ва никоҳ боғланадиган лафзлар

Никоҳ яъни эр-xотинлик боғланади ийжоб ва қабул билан, яъни ақдини боғловчи икки кишининг аввалгиси жуфтлантирувни ё жуфтланувчини талаб этмоғи ва иккинчисининг қабул қилмоғи билан агарда бу ийжоб билан қабул ҳар иккисини ўтган замонга далолат қилса. Масалан: Xотин “Мен сенга ўзимни бағишладим” деганда, эр “мен xотинликка қабул қилдим” деса, ёки бириси амр, иккинчиси ўтган замон лафзи бўлса ҳам. Масалан: биров қизнинг отасига “Қизингни менга бер” деса ва қизнинг отаси “қизимни сенга бердим” деса никоҳ боғланур, гарчи эр xотин бўлувчилар ушбу айтган сўзларини маъносини билмасалар ҳам.
Никоҳ “никоҳ”, “тазвиж”, “ҳиба”, “тамлик”, “садақа” лафзлари билан боғланади. Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Никоҳ фақат никоҳ ва тазвиж лафзлари билан боғланади”, дейдилар. Никоҳ яна “байъ” – олди-сотти лафзи билан ҳам боғланади. Лекин никоҳ “ижара”, “ибоха”, “иъора”, “васият” лафзлари билан боғланмайди. Чунки ушбу лафзларни юқоридагилари билан никоҳ боғланмаслигининг сабаби, бу лафзларда аёлнинг жинсий аъзосига эгалик тўлиқ собит бўлмайди. “Васият”да эса мулкга эгалик фақат васият қилувчининг вафотидан кейин собит бўлади.
Никоҳ фақат иккита гувоҳ ҳозирлигида дуруст бўлади. Икки гувоҳ иккиси ҳам эркак ё бириси эркак ва икки аёл бўлиши шарт бўлади. Гувоҳлар - ҳур, оқил, болиғ, мусулмон бўлмоғи лозим бўлади. Лекин гувоҳларга одил бўлиши шарт қилинмайди.
Гувоҳликда унинг шартлигига ҳеч бир шак-шубҳа йўқ. Чунки бунга Расулуллоҳ
соллалоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари далил бўлади. 

لا نكاح الا بشهود

“Гувоҳларсиз никоҳ, никоҳ эмас”.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ эса никоҳда гувоҳлик шарт эмас, балки никоҳ боғланганлигини эълон қилиб қўйиш керак, дейилади. Никоҳ икки фосиқ гувоҳ ҳузурида, гарчи улар туҳматчилиги учун жазоланган бўлсаларда дурустдир. Аммо фосиқ гувоҳларнинг сўзи даъво вақтида тингланмас ва яна эр билан xотин иккисининг икки ўғли ё бирининг икки ўғлининг олдида ҳам никоҳ дуруст бўлади. Лекин буларнинг гувоҳлиги яқинлиги учун қабул қилинмайди.

Никоҳланиш ҳаром бўлганлар


Кишига ўзининг асли, яъни ота-оналари билан никоҳланиш ҳаром. Яна кишига ўзининг фарзандлари билан никоҳланиш ҳам ҳаром. Буларга Нисо сурасининг 22-23-оятлари далил бўлади. Яна кишига ўзининг яқин асллари бўлган ота-оналарининг фарзандлари, яъни ўзининг опа-сингил, ака-укалари билан никоҳланиш ҳам ҳаром. Яна кишига ўзининг узоқ асллари бўлган бобо-бувиларининг фарзандлари, яъни амма-хола, тоға-амакилари билан никоҳланиш ҳам ҳаромдир. Худди шундай кишига хотинининг онаси ё эрнинг отаси билан никоҳланиш ҳам ҳаром. Худди шундай хотини билан жимоъ қилишган бўлса, унинг эргаштириб келган қизига уйланиш ҳам ҳаром.
Яна кишига ота-оналарининг жуфтлари билан никоҳланиш ҳам ҳаромдир. Яна кишига фарзандларининг жуфтлари билан никоҳланиш ҳам ҳаромдир. Буларнинг барчаси сут эмизишлик жиҳатидан ҳаром ҳисобланади. Яна кишига бирга зино қилган аёлнинг болаларига уйланиш ҳам ҳаром ҳисобланади. Худди шундай шаҳват билан қучоқлаган кишининг болалари билан никоҳланиш ҳам ҳаром. Ва яна қучоқлаган аёлнинг болалари билан никоҳланиш ҳам ҳаром. Яна фаржига шаҳват билан қаралган аёлнинг қизига ҳам уйланиш ҳаром. Яна мана шу тўрт тоифа инсонларнинг оналарига ҳам уйланиш ҳаром ҳисобланади. Лекин мана шу ишлар тўққиз ёшдан кичик қизлар билан содир бўлса, бу нарса никоҳланишни ҳаром қилмайди. Бир аёлнинг никоҳи ва иддаси бошқа бир аёлнинг никоҳини иккаласидан бири эркак деб фараз қилинса униси ҳалол бўлмайдиган даражада яқин қариндош бўлса ҳаром қилади.
Худди шундай ўша иккинчи хотинни мулкка олиб, ватий қилишни ҳам ҳаром қилади. Худди шундай биринчисини мулкига олиб ватий қилган бўлса, бошқасини никоҳига олиб ҳам, мулкига олиб ҳам ватий қилолмайди. Лекин фақат никоҳига олиб қўйиш ҳаром эмас, агар никоҳига олса биттасини ҳам ватий қилолмайди, ҳатто бирини ўзига ҳаром қилмагунча. Яна кишига ўз чўрисини никоҳига олиш ҳам дуруст эмас, қуллар ўз хўжайин аёлини олиши ҳам дуруст эмас, китобий бўлмаган кофирани никоҳга олиш ҳам дуруст эмас, тўртинчисининг иддасида бешинчисини, қуллар иккинчисини иддасида учинчисини никоҳлаб олиши ҳам дуруст эмас. Насаби собит ҳомиладорни олиш, мутъа ва муваққат никоҳ ҳам дуруст эмас дейилади.

Розилик, валийлик ва тенглик масаласи

Никоҳ ўтган замонни ифода қилувчи “бағишламоқ” ва “қабул қилмоқ” лафзларини айтиш билан боғланади. Никоҳ бири ўтган замон ҳақида иккинчиси келаси замон ҳақида хабар берувчи лафзлар билан ҳам боғланади. Масалан: "Менга қизингни бергин" деса, сенга бердим дейиш билан. Никоҳ ийжоб ва қабул лафзлари билан ҳам боғланади, лекин бу лафзлар ҳам ўтган замон лафзи бўлиши керак. Ёки бировнинг лафзи амр ва бошқасиники мозий бўлса ҳам боғланади. Агарчи розилик лафзлари араб тилида бўлиб, буни айтувчилар маъносини билмаса ҳам. Никоҳда ҳар иккиси бир-бирининг розилигини эшитиши шарт. Яна уларнинг розилигини гувоҳлар эшитиши шарт. Гувоҳлар икки ҳур эркак ёки бир ҳур эркак ва икки ҳур аёл, мукаллаф, мусулмон, эшитувчи бўлишлари шарт.
Энди валийлик ҳақида гапирамиз. Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ва Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздида оқила, болиға, ҳур, аёлнинг никоҳи хоҳ у қиз бўлсин хоҳ жувон бўлсин валийсиз ҳам ўзининг розилиги билан боғланаверади. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг бошқа ривоятида бундай аёлнинг никоҳи фақат валий билангина боғланади. Имом Муҳаммад наздида эса мавқифан боғланади. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ва Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳлар: “Никоҳ асло аёлларнинг иборалари билан боғланмайди” дейишган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздида куфу бўлмаган ҳолда валийсиз никоҳ боғланмайди.
Валийнинг балоғатга етган қизини никоҳга мажбурлаши жоиз эмас. Бунга Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ хилоф қилган. Агар балоғатга етган қиздан валий турмушга чиқишга изн сўраса, шунда қиз жим турса ёки кулиб юборса, бу иш розилик аломати бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

البكر تستأمر فى نفسها فإن سكتت فقد رضيت

Яъни “Қиз боланинг ўзидан изн сўралади агар жим турса, демак рози бўлибди".
Агар валийдан бошқа изн сўраса, розилик тил билан бўлиши лозим. Агар валий қизни орқаваротдан эрга берса, кейин бу xабар қизга етса ва қиз xабар етган вақтда сукут қилса, бу ҳам розилик бўлади. Агар валий ёш бола ва ёш қизни бир-бирига никоҳлаб қўйса, қиз хоҳ бокира бўлсин, хоҳ саййиба бўлсин валий асаба бўлган ҳолда никоҳ жоиздир. Чунки ҳадисда шундай келади.
Никоҳга валийлик қилиш хуқуқи асабаларга берилгандир. Ёш бола ва ёш қизни отаси ё бобоси никоҳлаб қўйса, балоғатга етгандан кейин уларда иxтиёр ҳуқуқи қолмайди. Қул, ёш бола ва мажнун киши валийликка ўтолмайди. Кофир ҳам мусулмонга валийлик қилолмайди.
Бунга Нисо сурасининг 141-ояти далил.
Никоҳда тенглик эътиборга олинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

الا لا يزوج النساء الا الاولياء و لا يزوج الا من الاكفاء

“Огоҳ бўлингларки, аёлларни фақат валийларгина эрга берсинлар ва фақат ўзларига тенг бўлган кишиларгагина берсинлар”.
Тенглик биринчи насабда эътиборга олинади. Қурайш баъзиси баъзисига тенг. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

قريش بعضهم اكناء لبعض بطن لبطن

Қурайш уруғлари бир-бирларига тенгдирлар, араб қабилалари бир-бирларига тенгдирлар”.
Ажамларда исломга қаралади: икки отаси исломда бўлган киши кўп отаси исломда бўлганга тенгдир. Лекин бир отаси исломда бўлган киши икки отаси исломда бўлганга тенг эмасдир. Ҳурликда ҳам тенглик исломдаги каби бўлади. Яна диндорликда ҳам тенглик бўлиши керак. Фосиқ солиҳа киши қизига тенг эмас. Молда ҳам тенглик бўлиши керак. Нақд маҳр ва нафақадан ожиз киши фақира қизга ҳам тенг эмас. Шу иккисига қодир киши бой қизга ҳам тенг. Яна касбда ҳам тенглик бўлиши керак. Тери ошловчи, супурувчи, тўқувчи, қон олувчи аттор ва сарроф қизларга тенг эмас.

Никоҳда маҳр ва қулларнинг никоҳи

Маҳрнинг энг ози ўн дирҳамдир. Бунга ушбу ҳадис далилдир:

و لا مهر أقل من عشرة

Яъни: “Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқдир.”
Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ : “Савдо-сотиқда ниманики пул ўрнида ишлатиш жоиз бўлса, ўша нарса аёл кишига маҳр бўлиши мумкин. Чунки маҳр аёлнинг ҳаққи, унинг миқдорини белгилаш аёлнинг ихтиёрида”, дейдилар. Бизнинг далилимиз юқоридаги ҳадисдир.
Никоҳда маҳр айтилмаса ҳам, никоҳ дуруст бўлаверади. Чунки никоҳ луғатда бирлашиш ва жуфтлашиш ақдидир, шундай экан, у эр-хотиннинг ўзи билан мукаммал бўлаверади. Маҳр эса шариатда маҳалнинг (аёл жинсий аъзосининг) шарафли эканини баён этиш учун вожиб қилингандир. Шунингдек, аёлга маҳр бермаслик шарти билан уйланса ҳам дуруст бўлади. Бунга Имом Молик (р.а) хилоф қилганлар. Агар аёлга ўн дирҳамдан камроқ маҳрни атаса ҳам, ўн дирҳам вожиб бўлаверади. Имом Зуфар(р.а) бу ҳолда маҳри мисл вожиб бўлади, деганлар. Имом Шофиий(р.а) наздида эса, умуман маҳр номланмагандаги каби мутъа вожиб бўлади. Кимки маҳрга ўн дирҳам ва ундан кўп нарсани айтса, агар аёлига қўшилса ё қўшилмай вафот этса ҳам, ўша айтган маҳр вожиб бўлади. Агар эр хотинни унга қўшилмай ва у билан холи қолмай туриб талоқ қилса, аёлга ушбу оятга биноан белгиланган маҳрнинг тенг ярми берилади:

و إن طلقتموهن من قبل أن تمسهوهن

Яъни: “Агар аёлларингизни уларга тегмай туриб талоқ қилсаларингиз”. (Бақара сураси, 237-оят)
Агар маҳр тайин қилмай ё умуман маҳр бермаслик шарти билан уйланса, аёлга қўшилгандан кейин ёки қўшилмай вафот этса, маҳри мисл вожиб бўлади. Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ вафот этганда ҳеч нарса бериш вожиб бўлмайди, деганлар. Агар қўшилмасдан олдин талоқ қилса, мутъа вожиб бўлади. Ушбу оят далилидир:

و متعوهن على الموسع قدره

“Аёлларингизга қўшилмай ва маҳр белгиламай туриб талоқ қилсаларингиз уларни қодир одам қурби етгунча мато билан таъминланглар”. (Бақара сураси, 236-оят)
Бунга Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ хилоф қилганлар. Мутъа куйлак, рўмол, чодирдир. Мутъанинг миқдори маҳри мислнинг ярмидан ошмаслиги, беш дирҳамдан кам бўлмаслиги керак. Агар никоҳдан кейин аёл маҳрни оширса, ўша оширганини ҳам бериш лозим бўлади. Агар аёл ўз хоҳиши билан маҳрни камайтирса дуруст бўлади.
Агар эр хотини билан холи қолса ва у ерда уларнинг жинсий яқинлик қилишларига монеълик бўлмаса, кейин талоқ қилса, маҳрнинг ҳаммаси берилади. Агар закари кесилган, турмайдиган ва бичилганлар хотини билан холи қолса, тўлиқ маҳр беради ва агар хотин эри билан ажрашса, унга идда вожиб бўлади. Агар биров бошқага ўз қизини унинг қизи эвазига хотин қилиб берса ва шу никоҳ маҳр этиб белгиланса, бу икки никоҳ жоиз ва ҳар аёлга маҳри мисл вожиб бўлади.
Агар биров хотинига хизматни маҳр қилса ё Қуръондан таълим бериш эвазига никоҳига олса маҳри мисл вожиб бўлади. Агар аёлга уни бошқа шаҳарга олиб кетмаслик ёки унинг устига яна бошқа аёлга уйланмаслик шарти билан минг дирҳам эвазига уйланса ва шартга вафо қилса, аёлга минг дирҳам берилади. Агар вафо қилмаса аёлга маҳри мисл берилади. Агар сифати номаълум ҳайвон маҳрга қўйилса, ўртача ҳайвон бериш вожиб бўлади. Агар маҳрга мусулмон ароқ ё чўчқа қўйса, никоҳ жоиз ва маҳри мисл вожиб бўлади. Агар маҳрга икки қул қўйилса ва бири ҳур бўлса, ўша қул ўн дирҳамга етса, ўша қул берилади. Агар фосид никоҳда яқинликдан олдин ажратилса ҳеч нарса берилмайди. Агар қўшилса маҳри мисл вожиб бўлади ва аёл идда ўтиради.
Энди қуллар никоҳи ҳақида сўз юритамиз. Қул ва чўрининг никоҳи фақат уларнинг хўжайинлари рухсати билан амалга ошади. Бунга ушбу ҳадис далил бўлади:

ايما عبد تزوج بغير إذن مولاه فهو عاهر

Яъни: “Қайси бир қул ўз хўжайинининг рухсатисиз уйланса, бас у фожирдир.”
Мукотаб ҳам худди шундайдир. Мудаббар ва Умми валадга ҳам рухсат шартдир. Агар қул хўжайин рухсати билан уйланса, маҳр хўжайини бўйнида қарз бўлиб қолади – маҳрни тўлаш учун қул сотилади. Мудаббар ва Мукотаб ишлаб маҳрни ўзлари тўлайдилар. Агар қул хўжайинининг рухсатисиз уйланса, кейин хўжайин унга “Хотинингни талоқ қил ё ажраш” деса, унинг бу гапи ижозат ҳисобланмайди. Чунки бу раддия ҳисобланади. Агар хўжайин унга “Хотинингни бир талоқ қилгин, ражъат ҳуқуқига эга бўласан” деса, бу гап ижозат ҳисобланади. Хўжайин қулига уйланишга рухсат берса ва қул фосид никоҳда уйланса, маҳр учун қул сотилади.
Имомайн раҳматуллоҳи алайҳ маҳрни қул ўзи тўлайди, дейди. Чўрисини эрга берган киши унга уй қуриб бериши лозим бўлмайди, лекин чўри хўжайин хизматини қилаверади. Унинг эрига эса: “Қачон фурсат топсанг, шунда унга қўшиласан” дейилади. Агар хўжайин чўрисига жой қилиб берса, у ҳолда чўрига нафақа, уй-жой бериш лозим бўлади. Бу ҳолда ҳам хўжайин чўрисини ишлатишга қодир. Кимки чўрисини эрга берса, сўнгра эри унга яқинлик қилишдан олдин хўжайин чўрини ўлдириб қўйса, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ наздида, чўрига маҳр берилмайди. Имомайн раҳматуллоҳи алайҳ наздида эса, маҳрни эр чўрининг хўжайинига беради. Агар ҳур аёл эри унга яқинлик қилмасдан ўзини-ўзи ўлдириб қўйса, унга маҳри берилади. Азл чўрининг хўжайинига тегишлидир.

Никоҳи фосид ва маҳри мисл белгилаш

Ботил никоҳ бир неча xил бўлади:
1.Насаб тарафидан ҳаром қилинганларга уйланиш.
2.Қудачилик сабабидан ҳаром қилинганларга уйланиш.
3.Эмизиш туфайли ҳаром қилинганларга уйланиш.
4.Яна никоҳи вақтинча ҳаром қилинганларга уйланиш.
Ушбу тўртинчи никоҳ фосид никоҳ ҳисобланади. Улар қуйидагилар:
1.Эри бор xотинга уйланиш
2.Идда ўтирган аёлга уйланиш. Чунки идда ўтирган аёлга ҳам то иддаси чиққунча, агар ҳомиладор бўлса ҳомиласини туққунча, уйланиш ҳаром
3.Самовий, илоҳий китоби йўқ қавмларнинг аёлларига ҳам уйланиш. Чунки бу никоҳ ҳам ҳаром
4.Киши ўз чўрисини никоҳлаб олиши, ё саййида аёлнинг ўз қулига турмушга чиқиши
5.Тўртинчи xотиннинг иддасида бешинчига, қуллар иккинчи аёлнинг иддасида учинчисига уйланиши, чунки бу ҳам ҳаром
6.Ҳур аёлнинг устига ё иддаси устига чўрига уйланиш
7.Боласини насаби собит ҳомиладорга уйланиш ҳам ҳаром
8.Мутъа никоҳи, мутъа никоҳи деб маълум пул эвазига xотин қилиб никоҳлаб олиш
9.Муваққат никоҳи, бу маълум бир вақтни белгилаб никоҳлаб олиш
10.Қулларни ўз xожаси изнисиз уйланиб олиши
11.Ҳалола ниятида никоҳлаб олиш, чунки бундан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар.
Энди ушбу никоҳ билан никоҳланган аёлни маҳри тўғрисида сўз юритамиз.Аввало бу никоҳни кейинчалик тўғриласа ҳам бўлади. Агар қози фосид никоҳ билан турмуш қурган эр-xотинни бир-бирига яқинлик қилмасларидан олдин ажратиб юборса, xотинга маҳр берилмайди. Чунки маҳр фосид никоҳ боғланиши билан вожиб бўмайди, балки аёл билан яқинлик қилгандан кейингина вожиб бўлади. Шунингдек, фосид никоҳ билан турмуш қурган эр-xотин ўзаро xоли қолганларидан кейин ҳам маҳр вожиб бўлмайди. Чунки, фосид никоҳ ҳукмига биноан, эр-xотиннинг ўзаро xоли қолишлари яқинлик қилганлик ўрнига ўтмайди.
Агар аёлга қўшилса, тайин қилинган маҳрнинг миқдоридан оширмаган ҳолатда маҳри мисл берилади. Бу бизнинг мазҳабимизда. Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ эса, фосид никоҳни фосид савдога ўxшатганлар. Аёл эса сўнг идда сақлайди. Эҳтиёт юзасидан ҳамда ҳисобларнинг аралашиб кетмаслиги учун. Идданинг аввали ажралган вақтидан бошлаб ҳисобланади, оxирги марта бўлган жинсий яқинликдан ҳисобланмайди. Агар аёл ҳомиладор бўлса боланинг насаби тайин деб ҳисобланади. Чунки болани ҳаётга олиб кириш учун эҳтиёт юзасидан насаби тайин деб юритилади.

Маҳри мисл баёни

Маҳр икки қисм бўлади:
1-қисми тўғри ақди никоҳ ила вожиб бўладиган маҳр
2-қисми қовушиш ила вожиб бўладиган маҳр
Шариат қоидаларига тўғри равишда амалга оширилган ақди никоҳ туфайли, эру-xотин бўлиб яшамаслар ҳам маҳр тайин қилинган ёки тайин қилинмаган ҳолатда, "маҳри мисл" бериш вожиб бўлади. Аммо маҳрнинг ҳаммаси ёки ярми соқит бўлиш эҳтимоли бор. Мисол учун, аёл эркак билан тўғри никоҳ ақдидан ўтишда аёлга келишилган маҳрни бериши вожиб бўлади. Агар маҳр миқдори келишилган бўлса, маҳри мисл – ўша аёлга тенг аёлларнинг маҳрига ўxшаш маҳр бериш вожиб бўлади. Лекин аёл айби туфайли никоҳ бузилса, маҳр бериш эрнинг бўйнидан бутунлай соқит бўлади.
Аёлнинг маҳри мислини белгилашда ўз опа-сингиллари, аммалари ва амакиларини қизларининг маҳри мисллари эътиборга олинади. Ибн Масъуд раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: "Аёлга унга тегишли аёлларнинг маҳри мисли берилади, ундан камайтирилмайди ҳам, кўпайтирилмайди ҳам". Унга тегишли аёллар ота тараф қариндошларидир. Агар аёлнинг онаси ва xоласи унинг қабиласидан бўлмасалар, аёлнинг маҳри мислини белгилашда улар эътиборга олинмайди.
Маҳри мислини аниқлашда иккала аёлнинг ёши, ҳусни, мол-дунёси, ақл- заковати, дину-диёнати, яшаётган шаҳри ва яшаётган замони бир-бирига мос келиши эътиборга олинади. Чунки бокира билан саййибанинг маҳрлари ҳар xил бўлади.


8 йил аввал 84547 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Исломда бошқа диндаги аёлларга уйланиш
Инсониятни йўқдан халқ қилиб, унга ижтимоий ҳаётида қандай яшаш кераклигини таълим берган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин! Уммати учун ҳар лаҳзада мушфиқ ва меҳрибон бўлган, уларга ҳаётнинг барча давоми...
8 йил аввал 25520 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қиз овоз чиқармай, боши билан «Ҳа» деган ишорани қилса
Савол: Одатда бизнинг диёрларда никоҳни имом домлалар ўқишади. Агар домла келин бўлмишга: «Бағишладингизми?» деса, қиз эса: «Бағишладим», дейиш ўрнига  овоз чиқармай, боши билан «Ҳа» деган давоми...
8 йил аввал 9671 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Эр-xотиндан бирининг муртад бўлиши
 عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَجُلًا جَاءَ مُسْلِمًا عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ давоми...
8 йил аввал 11307 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Вақтинчалик никоҳ ҳақида