Рамазоннинг ҳилол(ой)ини кўриш ва рўзанинг фазилати


Авваллари ҳам, бугунги кунда ҳам янги ойни кўриш масъаласи уламолар орасида ихтилофли масалалар жумласидандир.
Кўпчилик уламоларнинг қараши бундай: бир маконда Рамазон ҳилолини шаръий йўл билан (яъни,

ишончли одамнинг кўриши билан) дунёдаги жами мусулмонларга рўза лозим, шу хилда Шаввол ойи ҳилоли кўрилганда мусулмонлар рўзани тўхтатиши ҳам лозим. Бу фикр Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабининг машҳур ривоятларидандир. Бошқа мазҳаб уламолари ҳам иттифоқ билан шунга қўшилганлар. Ҳанафийларнинг зоҳири мазҳабининг қавли ҳам шудир. “Радд ул-муҳтор”да мана шу қавлга фатво берилган. “Фатовойи Қозийхон”да айтилишича, мазҳабимизнинг зоҳири ривоятига кўра ойнинг турли жойларда ҳар хил вақтда кўринишига эътибор йўқ. “Хулосат ал-фатово”да шунга фатво берилган. Абул Лайс ас-Самарқандий ва Шамс улаимма ал-Ҳалвоий шунга фатво бериб, мағриб аҳли Рамазон ҳилолини кўрсалар, машриқ аҳлига рўза тутиш вожиб бўлади, деганлар.
Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
اذا رأيتموه فصوموا واذا رأيتموه فأفتروا
“Қачон ҳилолни кўрсангизлар, бас, рўза тутинглар ва қачон уни кўрсангизлар, бас, рўзани тўхтатинглар!” (Абу Ҳурайрадан Бухорий ривояти) деган умумий сўзларини далил қиладилар.
Демак, дунёнинг қайсидир бурчагида Рамазон ҳилолини шаръий йўл ва шароитлари билан кўрсалар, дунёдаги жами мусулмонлар шунга иттифоқ қилиб, рўзани бошлашлари фарздир!
Мазкур қараш ноисломий давлатларда, руъйат ҳилолни кўриш шаръий йўллар билан, шаръий гувоҳликлар билан бўлмайдиган давлатларда яшайдиган мусулмонларга жуда қўл келади. Улар мусулмон давлатларнинг ойни кўриб тутишни бошлаганлари билан ўз рўзаларини ҳам бошлайверадилар.
Шунга кўра ўз шаҳрининг аҳли Рамазоннинг ҳилолини кўрмаса, ёки ҳаво булутли бўлса-ю, ҳилол кўринмаса, бошқа шаҳарнинг қозиси олдига икки гувоҳ келиб ҳилолни кўрганликларига гувоҳлик берсалар ва мана шу гувоҳликка яна иккита гувоҳ келиб Рамазон ҳилолини кўрмаган шаҳар аҳлининг қозиси олдида гувоҳлик берсалар, ёки ўша шаҳарда ҳилолни кўрганлик хабари оммавий эълон қилиниб, хабарлар тарқатилса, ўша қози ана ўша шаҳар билан бирга Рамазонни бошлаши лозим бўлади.
Аммо, бу фиқҳий қарашга амал қилиш ўша даврлардаёқ қийин бўлганлиги сабабли қабул қилинмай келинди. Ҳатто бугунги кунда ҳам, ахборотлар тез тарқалаётган бир пайтда, бу борада давлатлараро келишувлар йўқлиги, мусулмон уламоларининг иттифоқлари мустаҳкам эмаслиги сабабли бу масъала кун тартибида фақат долзарблигича қолмоқда.
1966 йилда Қоҳирада ўтган Ислом Конфренциясида уламолар ҳилол матолиъси – янги ой чиқиш вақти ва жойига эътибор йўқ, мадомики, кеча бир кунда бўладиган бўлса, деб қарор чиқарганлар. Шунга кўра араб диёрларининг ҳаммаси бир кунда рўзани бошлашга келишиб оладилар. Лекин, афсуски, бу келишувга ҳозиргача тўла амал қилинмай келмоқда. Аллоҳ таолодан бу борада ҳам ҳамма мусулмонлар бир хил фикр ва амал қилишларини таъминлашини сўраб қоламиз!
Юқорида ўтган муаммолар ҳамда, асосийси, ойнинг турли жойларда ҳар хил вақтда чиқиши сабабли кўпчилик уламолар ой кўрилган маконда ва ой чиқиши бир хил вақтга тўғри келган маконларда ой кўрилгандан сўнг рўза бошланиши лозим, деган фикрга тўхталганлар. Бу Ибн Таймиййа бошлиқ аҳли ҳадисларнинг ҳам ихтиёр қилган қавлларидир.  Имом Шофиъий мазҳаби ҳам шудир. Икрима, Қосим ибн Муҳаммад, Солим, Исҳоқ ва Аҳнаф каби тобиъинлар ҳам шу фикрда бўлганлар. Мазҳабимизнинг кейинги уламолари ҳам шу фикрга якдиллик билан қўшилганлар. Жумладан, “Фатовойи Таторхония”да бир шаҳар аҳли ҳилолни кўрсалар, бошқа шаҳар аҳли ҳақида ҳам рўза лозим бўладими, деган саволга жавоб берилиб, бу лозим эмас, эътиборлиси шуки, ҳар бир шаҳар аҳлига ўзларининг кўришлари мўътабардир, дейилган (Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 268.).
Уламоларимиз ой кўрилган маконлар аҳлигагина рўза бошланиши, ой кўрилмаган жойларда рўза ой кўрилгандан сўнг бошланиши лозимлигига далил қилиб Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Термизий ва бошқа сунан соҳибларининг (умуман, Имом Бухорий ва Ибн Можжалардан бошқа муҳаддислар жамоаси) ривоят қилган ҳадисларини келтиришади. Курайб деган тобиъийдан ривоят бўлиб, уни Умму Фазл бир иш билан Шомга жўнатган. Унинг ишини битказган Курайб айтадилар: "Мен Шомга келганимда Рамазон ҳилолини кўришга ошиқдим ва жумъа куни ҳилолни кўрдим. Сўнг Рамазон ойи охирида Мадинага кириб келдим. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу билан сўрашдим. Суҳбат асносида янги ойни кўриш эсланди ва мендан: “Ҳилолни қачон кўрдингизлар?” деб сўрадилар. Мен жумъа кўни кўрганлигимизни айтдим. Ул зот: “Ўзинг ҳам кўрдингми?”, дедилар. Мен тасдиқ жавобини бердим ва бошқа одамлар ҳам кўришганини, шу билан ҳамма, ҳатто, халифа Муовия разийаллоҳу анҳу ҳам рўза тутишни бошлаганларини  айтдим. Ул зот дедилар: “Лекин биз ҳилолни шанба кечаси кўрдик. Шундан рўза тутиб келаяпмиз, то Рамазонни ўттизга тўлдирамиз ёки Шаввол ҳилолини кўрамиз!”. Шунда мен дедим: “Сизга Муовия разийаллоҳу анҳунинг янги ойни кўргани ва унинг рўзаси кифоя қилмайдими?”. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу дедилар: “Йўқ, (кифоя қилмайди, биз ўзимиз янги ойни кўришимиз керак бўлади), бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрганлар!”.
Саҳобаларнинг улуғларидан Ибн Аббоснинг ушбу далилига суяниб, тобиъийнлардан Икрима, Қосим ибн Муҳаммад, Солим ибн Абдуллоҳ, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ каби зотлар ҳилолни бир шаҳар кўргани билан бошқа шаҳар кўрмаса, уларга рўзани бошлаш вожиб бўлмайди, деган қарашда бўлганлар. Имом ал-Ғаззолий ҳам шу фикрда бўлган.
Демак, ҳилолнинг чиқиши, кўриниши (матолиъ ал-ҳилол) ҳар хил бўлган жойларда ўша ҳилол кўринганда рўза тутиш ёки рўзани очиш лозим бўлади. Имом ал-Қудурий икки шаҳар орасида тафовут бўлгани билан ҳилол кўринишида ихтилоф-фарқ бўлмаса, улар биргаликда рўза бошлаши ва тугатиши лозим бўлади, деганлар. Шунинг учун ҳам Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоий каби мўътамад фақиҳларимиз бу қавлни саҳиҳ деб фатво берганлар. Кейинги давр уламоларидан Имом ат-Таҳтовий “Мароқий ал-фалоҳ” ҳошиясида ҳилол чиқиб келиши фарқли бўлиши билан рўза бошланиши ёки тугалланиши ҳам фарқли бўлади, деган.
Мавлоно Алий ал-қори рўзанинг вожиб бўлиш сабаби ойнинг кириши, яъни ҳилолнинг кўринишидир, бу намозга вақт сабаб бўлганига ўхшайди, дейдилар. Бир шаҳарда қуёш ботгани билан шом намозини ўқиш бошқа шаҳардагиларга вожиб бўлмагани каби ҳилол бир шаҳарда кўрингани билан ҳилол кўринмаган бошқа шаҳардагиларга рўзани бошлаш вожиб бўлмайди.
Ҳилол кўриниши, чиқиши ихтилофли, фарқли бўлиши эса илми фалак ва илми ҳайъатга мувофиқ қилинади. Ҳилол кўринишининг фарқли бўлишининг энг оз масофаси 1 ойлик (900-1000 км.) йўлдир. Имом аз-Зайлаъий ҳам шунга қўшилган.
Муфтий ас-сақалайн, яъни инсу жиннинг муфтийси лақабини олган, эътиқод илмининг машҳур устозларидан бири Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ан-Насафий бирор шаҳар бошқа шаҳарга тобеъ бўлмаса, уларнинг янги ойни кўришлари билан рўзани бошлаб юбормайдилар, уни тугатмайдилар ҳам, деб фатво берган. Шаҳарга тобеъ шаҳарча ва қишлоқларгина уларнинг кўришини эътиборга олади. Ҳатто Абу Ҳафс ан-Насафий айтишига қараганда, 531/1137 йилда Самарқанд аҳли Самарқандда Рамазон ҳилолини душанба куни кўрибдилар ва рўзани бошлабдилар. Сўнгра бир жамоа Рамазоннинг йигирма тўққизинчи сешанба куни келиб, “Кеш (Шаҳрисабз) аҳли ҳилолни якшанба куни кўрибди, бугун Рамазоннинг охирги кунидир”, деб гувоҳлик берибдилар. Қози ҳукм қилибди, жарчи одамларга “Бугун Рамазоннинг охирги куни, эртага ҳайит” деб эълон қилибди. Кечқурун эса ҳаво очиқ бўлса ҳам, бирорта булут бўлмаса ҳам, Самарқанд аҳли ҳилолни кўрмабди. Шундай бўлса ҳам эртасига – чоршанба куни ҳайит ўқилибди. Абу Ҳафс ан-Насафий қозикалоннинг тутган йўлини хато деб билади ва ўша кеча (яъни, гувоҳлар келиб гувоҳлик берган йигирма тўққизинчи кеча) таровеҳни тўхтатмасликка, чоршанба куни эса рўзани очмасликка ва ҳайит ўқиш керакмасликка фатво беради ҳамда “Тўғриси мана шу!” дейди (Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 269).   
Мазҳабимизнинг муътамад фиқҳий китобларидан бири, Бурҳониддин Марғинонийнинг асари “Мухторат ан-Навозил”да келганки, бирор шаҳар аҳли Рамазон ҳилолини кўриб 29 кун тутди. Бошқа шаҳар аҳли ҳам Рамазон ҳилолини кўриб 30 кун тутди. Биринчи тутганларга, агар ораларида ҳилол кўриниши фарқли бўлмаса, бир кун қазо тутиш буюрилади. Агар ҳилол кўриниши (матолиъ ал-ҳилол) фарқли бўлса, қазо вожиб эмас. Ушбу фатво Мавлоно Абдулҳай Лакнавийнинг “Мажмуат ал-фатово”сида ҳам келтирилган.
“Фатовойи Қозийхон”да келган: "Бир шаҳар аҳли Рамазон ҳилолини кўриб рўза тутишни бошладилар. Йигирма тўққиз кун рўза тутганларидан сўнг бир жамоа келиб фалон шаҳарнинг аҳли сизлардан бир кун аввал ҳилолни кўриб рўза тутмоқдалар, бугун эса Рамазоннинг ўттизинчи кунидир, деб гувоҳлик берди. Ўша кеча Шавволнинг ҳилолини осмон очиқ бўлса ҳам бу шаҳар аҳли кўрмади. Уларга эртаси рўзани очиш, тўхтатиш мубоҳ бўлмагай. Таровеҳни ҳам ўша кеча ўқийдилар”.    
Ана шу ривоятга биноан ҳар бир юрт аҳли ўзлари янги ойни кўришга ҳаракат қилмоқлари ва шунга қараб амал қилмоқлари лозим бўлади. Демак, Саудиййа Арабистони ёки бошқа исломий давлатларнинг Рамазонни бошлашлари бизнинг рўзани бошлашимиз кунига фарқ қилиши мумкин. Ҳар бир юртнинг ишончли одамлари бор, уламолари, масъуллари бор. Шу юртнинг рўзани бошлашлари ва тугатишларига улар масъулдирлар. Одамлар эса раҳбарларга, ишбошиларга итоат этиш маъносидаги ояти карима буйруғига биноан ўз юрти уламолари ва масъуллари гапига қараб амал қилишлари лозим бўлади.

Рамазон ойининг бошланиши ва тамом бўлиши Рамазон ва Шаввол ойи ҳилолларини кўриш билан собит бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в):
عن بن عمر رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال لاتصوموا حتى
تروا الهلال و لا تفطروا حتى تروه فإن غم عليكم فاقدروا اليه
“То ҳилолни кўрмагунча рўза тутишни бошламанглар. То уни кўрмагунча оғзи очиқ бўлманглар.

Агар сизлардан у булутлар билан тўсилиб қолса, ҳисобини қилинглар” дедилар.
Термизийнинг ривоятида “Рамазондан олдин рўза тутманглар. У (ой) ни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар. Агар уни булут тўсиб қолса, ўттиз кунни мукаммал қилинглар” дейилган. Бухорий (р.а) ривоятида эса: “Агар ой сизлардан булутлар билантўсилиб қолса, Шаъбонни ўттиз кун мукаммал қилинглар” дейилган.
Янги йил ҳар йили ўн икки кун олдинга сурилиб келади. Шунинг учун ҳам ҳар Рамазон аввалгисидан ўн икки кун олдин келади. Шу тариқа ўттиз уч йилда йилнинг ҳамма вақтида Рамазон тутилади. Бу эса турли шароитда рўза тутишни таъминлайди. Ой баъзида ўттиз, баъзида йигирма тўққиз бўлиши бир неча ҳадислар билан белгиланган. Шу сабабли рўзани фақат Ой кўрибгина аниқ кунларда тутиш мумкин.
عن حسين بن حارث رضى الله عنه قال خطب أميرمكة ثم قال عهد الينا
رسول الله صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ ان ننسك للرؤية فإن لم نره و شهد شاهد عدل نسكنا بشهدتهما
Ҳусайн ибн Ҳорис(р.а): “Бизга Макканинг амири хутба қилиб:
“Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларга ибодатларни Ойни кўриб қилишни, агар уни кўра олмасак ва икки адолатли шоҳид гувоҳлик берса, уларнинг гувоҳликлари ила ибодат қилишимизни амр қилганлар” деди”. Бу Макка амири Абдуллоҳ ибн Умар бўлганлар. У кишининг Ойни кўриб ибодат қилиш ҳақидаги сўзлари Рамазон ойи рўзаси ва Зулҳижжа ойи ҳаж ибодатлари вақтига тегишли эди. Агар икки адолатли киши биз янги Ойни кўрдик, деб гувоҳлик берса, уларнинг гувоҳлиги қабул қилинади.
عن بن عمر رضى الله عنه قال تراءى الناس الهلال فاخبرت
رسول الله صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ أنى رأيته فصامه و أمر الناس بصيامه
Ибн Умар (р.а) айтадилар: “Одамлар ҳилол ҳақида тортишиб қолдилар. Шунда мен Расулуллоҳ (с.а.в) га уни кўрганлигимни хабар қилдим. Бас у зот рўза тутдилар ва одамларни ҳам рўза тутишга амр қилдилар.”
Бир киши рўза тутиш ё оғиз очиш Ойини ёлғиз ўзи кўрса рўза тутади, агарчи уни сўзи инкор қилинса ҳам. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) :
صوموا لرؤيته و افطروا لرؤيته
“У (ой) ни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар.деганлар. Бу киши эса ойни кўрди. Агар оғиз очса қазо тутади, каффорат тутмайди Булутли кунларда бир одил кишининг гапи олинади, агарчи қул ё аёл бўлса ҳам. Оғиз очиш учун эса гувоҳлар нисоби шарт, булутли кунларда уларнинг лафзи, адли ҳам. Булутсиз кунларда эса иккиси учун улуғ жамоат шарт.
Улуғ жамоат 150 киши ё бир маҳалла одамидир. Ўттиз кун рўзадан кейин икки одил киши сўзи билан оғиз очиш ҳалолдир. Курайб (р.а): “Умми Фазл бинти Ҳорис мени Шомга юборди. Мен у ерда Рамазон киргани учун жума куни ойни кўрдим, ва рўза ичида Мадинага келдим. Ибн Аббос менга: - Қачон ой кўрдинг? – деди. Мен: Жума куни, дедим. У киши: Биз шанба кўрдик, ўттиз кун қилиб кейин очамиз. Расулуллоҳ (с.а.в) бизга шундай буюрганлар:”Ҳар ўлка ойни ўзи кўради”, деганлар. Бу ҳадисга баъзи уламолар амал қилганлар. Лекин Жумҳур, агар бир ўлкада ҳилолни кўриш собит бўлса, бошқа ўлкалар ҳам шунга амал қилади деганлар.

Ҳамидуллоҳ Беруний


7 йил аввал 7583 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Куни ёки туни узун ёки қисқа бўлган юртлардаги рўза
Бундай юртларда, масалан, Тундрага ўхшаш жойларда кун йигирма икки-йигирма уч соатгача давом этади. Ўша ерда яшовчилар ёки ўша ердаги мусофирлар қуёш ботганидан кейингина рўзаларини очишлари мумкин. Мусофирлар давоми...
7 йил аввал 12835 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мажбурлаб рўзани очдирса
Агар рўза тутган одамга рўзасини очмаса, жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишини айтиб, таҳдид қилинса, рўзасини очиши жоиздир. Лекин агар жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишидан бошқа сабабларни рўкач давоми...
7 йил аввал 7192 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳоизаларнинг рўзаларига оид савол-жавоблар
САВОЛ: аёл киши одат кунларида рўза тутса бўладими?ЖАВОБ: ҳайз ва нифос чоғида рўза тутишлик жоиз эмас, кейинчалик қазосини тутиб беришади. وَمِنْهَا الطَّهَارَةُ عَنْ давоми...
7 йил аввал 22935 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Рўза ва эътикоф
ибодат нияти билан субҳи содиқдан қуёш боткунгача рўзани ният қилиб еб-ичишдан ва еб-ичишнинг ҳукмида бўлган нарсалардан, яқинлик қилишдан ҳақиқатда ёки ҳукман тийилиб туришга айтилади. давоми...
7 йил аввал 8263 fiqh.uz