Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
وَأَحَلَّ ٱللَّهُ ٱلْبَيْعَ وَحَرَّمَ ٱلرِّبَوٰا۟
“Аллоҳ савдони ҳалол, рибони ҳаром қилди”. ( Бақара сураси,275-оят).
يَـٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ لَا تَأْكُلُوٓا۟ أَمْوَٰلَكُم بَيْنَكُم بِٱلْبَـٰطِلِ إِلَّآ أَن تَكُونَ تِجَـٰرَةً عَن تَرَاضٍۢ مِّنكُمْ
“Эй мўминлар! Бир-бирингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг! Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли .” (Нисо сураси, 29-оят).
Биз «савдо» деб таржима қилган сўз арабчада “байъ” дейилиб луғатда «ўзаро бир нарсани алмаштириш» ни англатади.
Шариатда эса бир молни иккинчи бир мол муқобилига рози бўлиб қабул қилиб олишга “байъ” деб аталади. Умуман олганда савдо сўзи «тижорат» сўзидан кўра бозор иқтисоди деган сўз маъносига яқинрокдир.
Аллоҳ савдони ҳалол ва рибони ҳаром қилди. Чунки, тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий холатларнинг фойда кўриш ёки зарар топишга таъсири бор. Савдогар фойда куришга умид қилгани ҳолда, куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Харажат қилиб одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди, ва бошқа хизматларни қилади. Тижорат ҳалол меҳнатдир.
Тожир меҳнат қилиб, молу-пулини ишга солиб ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида восита бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо қилади. Энг муҳим омиллардан бири –тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса, олиш-олмасликда эркин, бошқа томонга кетаверади. Судхўрчи? У хеч нарса қилмай жойида утиради. Нима бўлишидан қатъий назар фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йуқ. Ушбу ва яна бошқа бир канча сабабларга кўра тижорат билан шуғулланиш инсон учун ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.
Пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссалом , Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарлик билан шуғулланганлар. Ҳалифалардан Усмон ибн Афон розияллоҳу анҳу ҳам савдогарлик билан шуғулланар эдилар.
عن عمربن الختاب رضى الله عنه انه قال يا معشرالفقراء ارفعوا رءوسكم و اتجروا فقد وضح الطريق و لا تكون عيالا على الناس
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: «Эй камбағаллар жамоаси! Бошларингни кўтаринглар ва савдогарлик қилинглар албатта йўл кушодадир ва одамларга муҳтож бўладиган фақир бўлманглар ». Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу дедилар: «Динда фақиҳ бўлмаган савдо конун коидаларини билмаган киши бозорда савдо қилмасин ё ўзига зарар қилади ёки ўзгага зарар қилади.»
عن رفاعة رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال التاجر الصدوق الامين مع النبيين و الصدقين و الشهداء الناس
Рифоа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда :
Расулуллоҳ расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар : “Ростгуй, омонатли, тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”.Уламоларимиз тижорат, зироатдан ва саноатдан энг афзал касб тижорат деганлар.
عن جابر رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال رحم الله رجلا سمحا اذا باع واذا اشترى و اذا اقتضى
Расулуллоҳ расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар : «Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса, карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин» дедилар.
Баъзи ҳукамолар шундай деган эканлар: «Ҳар вақтики савдогарда уч хислат бўлмаса, икки дунёда муҳтож бўлгай»:
1- Тили уч нарсадан: ёлғон, бадхулқлик, хиёнат ва касамдан пок бўлмаса,
2- Дили уч нарсадан: бадхулқлик, хиёнат ва ҳасаддан пок бўлмаса.
3- Намози жумъа ва жамоат намози , баъзан илм талаб қилмок ва бошқа одамлардан кўра Худойи таолонинг розилигини ихтиёр қилмок бўлмаса.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَيْهِ السَلام قَالَ: الْحَلِفُ مُنْفَقَةٌ لِلسِّلْعَةِ مَمْحَقَةٌ لِلْبَرَكَةِ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.
وَلِمُسْلِمٍ: إِيَّاكُمْ وَكَثْرَةَ الْحَلِفِ فِي الْبَيْعِ فَإِنَّهُ يُنَفِّقُ ثُمَّ يَمْحَقُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», дедилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
Муслимнинг ривоятида:
«Савдода кўп қасам ичишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради», дейилган.
Савдо ер юзида тинчлик ва осойишталикни таъминловчи асосий омиллардан биридир. Савдо тартибига риоя қилинган жамиятда сотувчи ва олувчи бир-бирларини дуо қилади, раҳмат айтади, барака ҳам шунда. Савдо мол айирбошлаш бўлиши билан бирга унда кишиларнинг тўғрисўзлиги, ваъдага вафодорлиги, омонатга содиқлиги каби кўплаб ахлоқий фазилатлар намоён бўлади.
Пайғамбаримиз расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Савдогарлик қилингларки, халқнинг ризқлари 10 қисмдир, 9қисми савдогарликда, яни сотмоқда ва олмоқдадир”.
Улуғлардан биридан сўрадилар: Обид устунроқми? Ё Омонатдор савдогар? Улуғ зот жавоб бердилар: “Омонатдор савдогар устунки тарозуда бермоқ ва олмоқда шайтон униоздирмоққа қасд қилур, омонатдор савдогар эса унинг хилофини қилиб, шайтонга ғолиб бўлур.
Энг муҳими ҳалол савдо ибодатга айланади. У орқали бу дунёда топилган ризқнинг ҳалол ва баракали бўлиши таъминланади. У дунёда эса шунга яраша ажру-савоб, мақомумартабага эришилади. Иншооллоҳ!
Савдодаги умумий қоидалар
Қуръони Каримнинг Нисо сураси 29-оятда шундай деб марҳамат қилинган:
يَـٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ لَا تَأْكُلُوٓا۟ أَمْوَٰلَكُم بَيْنَكُم بِٱلْبَـٰطِلِ إِلَّآ أَن تَكُونَ تِجَـٰرَةً عَن تَرَاضٍۢ مِّنكُمْ
“Эй мўминлар! Бир-бирингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг! Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли .”
Савдо ер юзида тинчилик ва осойишталикни таъминловчи асосий омиллардан бири.Савдо тартибига риоя қилган жамиятда сотувчи ва олувчи бир-бирларини дуо қиладилар ва раҳмат айтадилар. Зеро, барака ҳам шундадир.
Cавдо мол айирбошлаш бўлиши билан бирга кишиларнинг ахлоқини акс эттирувчи кўзгу ҳамдир.Савдода кишиларнинг тўғри сўзлиги, ваъдага вафодорлиги, омонатга содиқлиги каби кўплаб ахлоқий фазилатлар намоён бўлади.
Бирор жамиятда савдо қилмайдиган киши деярли топилмайди. Ҳар бир инсон нимадир сотиб олади ёки сотади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу савдо қонун-қоидаларини билмайдиганларни ўзига ё ўзгага зарар қилмасин деб бозорга киритмас эканлар. Ҳақиқатдан, савдо қоидаларини билмаслик оқибати хатарлидир.шунинг учун савдога оид баъзи қоидаларни ёдга олишни лозим кўрдик.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тижоратни дин ва илмга хизмат қилдирар эдилар. Фойдасини муҳтожларга улашардилар. Хатиб Боғдодий айтишларича, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ йиллик фойдаларини ҳисоблар ва атрофидаги илм аҳлига, талабаларга тарқатар эдилар. Уларга: “Буни эҳтиёжингиз учун ишлатинг ва фақат Аллоҳга ҳамд айтинг, бу мол ҳақиқатда менинг эмас, сизнинг насибангиздир, Аллоҳ фазли карамидан уни менинг қўлим билан сизга бермоқда” дер эдилар.
Фақат қийматли молнигина сотиш ёки сотиб олиш мумкин. Ҳамма ёки баъзиларнинг кўнгли тусайдиган ва зарур вақтгача сақлаб қўйиш мумкин бўлган, шаръан фойдаланиш жоиз нарса мол ҳисобланади.
Сотувчи ва сотиб олувчининг молни сотишга ёки сотиб олишга розилигини билдирувчи сўз ё амал савдонинг рукни – асосидир. Савдонинг бўлиши, тугаллиги, тўғрилиги ва амалга ошишининг шартлари бор.
Биринчидан, сотувчи ҳам олувчи ҳам ақлли бўлишлари керак. Мажнун ёки фойда-зарарни билмайдиган ёш боланинг савдоси бўлмайди.
Иккинчидан, сотувчи ё олувчининг савдога розилигини билдирувчи сўзлари бир-бирига мувофиқ, ўтган замон шаклида ва бир жойда айтилиши керак. Масалан, она-бола қўйларни сотувчи: “Буларни юз минг сўмга сотдим” дегач, сотиб олувчи: “Фақат она қўйни олтмиш минг сўмга сотиб олдим” ё “сотиб оламан” деса, ёки бозорни айланиб келиб сўнг: “юз минг сўмга олдим” деб айтса, савдо бўлмайди. Чунки биринчидан, сотиб олувчининг сўзи сотувчининг сўзига мувофиқ келмади, иккинчидан, келаси замон шаклида бўлди, учинчидан, сотувчи “сотдим” деган жойида “олдим” демади, балки айланиб келиб сўнг айтди. Бунда савдога розиликни билдирувчи сўзлар бир жойда бўлган ҳисобланмайди.
Учинчидан, сотилаётган нарса мавжуд ва олувчига уни топшириш мумкин бўлиши керак. Йўқ нарсани, йўқ бўлиш хавфи бор нарсани (масалан, етилмаган мева, овланмаган қуш ё балиқни) сотиб бўлмайди.
Тўртинчидан, сотилаётган нарса сотувчининг мулки бўлиши ёки сотувчининг уни сотишга ваколати бўлиши керак. Бу талаб савдонинг тугал бўлиши шартидир. Бировнинг мулкини унинг рухсатисиз сотиш мумкин эмас.
Бешинчидан, сотилаётган нарса ва унга тўланадиган пул миқдори аниқ бўлиши, савдони бузувчи шартлар (кейин баён этилади) қўйилмаслиги, савдога икки тараф рози бўлиши, мол насияга сотилганида пулни тўлаш куни аниқ белгиланиши, кўчмас мулкдан бошқа молларни харидор қабул қилиб олиши лозим. Бу саналганлардан ва юқоридаги шартлардан бири бўлмаса, савдо тўғри ва дуруст бўлмайди.
Мазкур шартларнинг бирортаси бузилмаса, ҳамда сотувчи ва олувчида ёки улардан бирида алоҳида бобларда зикр этилажак ихтиёрлардан савдодан айниш ихтиёрлари бўлмаса, савдо амалга ошган ҳисобланади ва сотилган мол сотиб олувчининг, унга тўланган пул сотувчининг мулки бўлиб қолади.
Cавдо учун муайян сўзлар тайин қилинмаган. Молни сотганида ва олганида розилигини билдирувчи барча сўзлар билан савдо бўлади.
Олувчи ва сотувчи молнинг нархига келишганлардан сўнг улардан қайси бири бўлсада, савдога розилигини билдирса (масалан, сотувчи “сотдим” ё “бердим” деса) иккинчи томон олувчи унга розилигини билдириши шарт эмас, балки шу жойнинг ўзида савдо ҳолатининг ўзгариши жой ўзгариши ҳисобланади савдога рози бўлиш ёки уни рад қилиш ихтиёрига эга. Агар истаса “олдим” деб розилигини билдириши ёки рад қилиши мумкин. Шунингдек, савдога розилигини биринчи бўлиб билдирган томонда ҳам, иккинчи томон унга розилигини билдирмасидан олдин фикридан қайтиш ҳуқуқи бор. Буни у сўз билан ёки савдо қилган жойини ўзгартириши (масалан, бошқа ишга машғул бўлиш, ўрнидан туриш) билан ифодалаши мумкин. Агар сотувчи биринчи бўлиб “сотдим” деса, олувчи “олдим” дейишдан олдин “йўқ, сотмайман” дейиши мумкин. Зеро у “сотдим” десада, олувчи “олдим” демаса мол сотувчининг мулкидан чиққан ҳисобланмайди. Ҳар бир инсонда ўз мулкини тасарруф қилиш ҳуқуқи бор. Келтирилган мисолга ўхшаш ҳолатда бирор кишининг ҳаққи поймол бўлмаганидан уларнинг иккисини ҳам айблаш мумкин эмас.
Хат ва чопар орқали ҳам савдо қилиш мумкин. Хат ё чопар юборилган томон хат ё чопар етиб бориши билан савдога розилигини билдириши керак. Акс ҳолда савдо бўлмайди.
Молнинг нархига келишилгандан сўнг ё дўкондаги нархи маълум нарсаларни олувчи ё сотувчи ҳеч нарса демай, бир-бирига пулини ё молини бериш билан савдо бўлади. Бу савдода олувчи пулини бериб молни олганда сотувчи норозилигини билдирса, шунингдек, молнинг нархига келишишда савдонинг дуруст бўлишига зид ҳолатлар юз берса, амал билан савдо бўлмайди.
Динимизнинг муомалага доир барча ҳукмлари кишилар ўртасида чиқиши мумкин бўлган низоънинг олдини олишга, уни бартараф қилишга қаратилган.
Сотилаётган нарса савдо жойида бўлса, “бу мол” деб кўрсатиш кифоя. Агар у савдо жойида бўлмаса, унинг миқдорини ва сифатини айтиш шартдир. Масалан, “Бир тонна кечпишар маккажўхори”, деб.
Муомалада бир неча пул юрса, улардан бирининг номини айтмай савдо қилинганда, масалан, “мингга олдим”, дейилганида, энг кўп муомалада юрадиган пул ҳисоб қилинади. Буларнинг ҳаммаси бир хилда муомалада юрса, ҳеч бирининг номи айтилмай қилинган савдо дуруст бўлмайди.
Мол насияга сотилганида унга тўланадиган пул касодга учраса (яъни, муомаладан чиқиб кетса), у пул муомалада бўлган охирги кундаги қиймати тўланади, деганлар Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ . Фатво ҳам шу сўзга берилган.
Пулнинг қиймати ортганида ёки пасайганида эса, Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздида унинг савдо бўлган қиймати тўланади. Фатво ҳам шунга берилган.
Килолаб сотиладиган нарсаларда ўз жинсига (масалан, буғдойни буғдойга) сотганида фақат килолаб сотиш керак. Ўзидан бошқа нарсаларга (масалан, буғдойни маккага сотганида) чамалаб сотиш жоиз.
Бўлиш, бир қисмини ажратиш қолган қисмига таъсир қилмайдиган гуруч, картошка каби килолаб сотиладиган нарсалар сотувчи умумий нархини ва оғирлигини айтса (қопдаги гуруч 50 кило, нархи 50000 сўм), сўнг ўлчаганда кам чиқса (масалан, 45 кило), олувчи истаса шунга яраша пулни тўлаб олиши ёки кам чиққани учун олмаслиги ҳам мумкин. Агар сотувчи айтганидан кўп чиқса (масалан, 51 кило), ошиқ чиққан қисми савдога кирмагани учун, сотувчиники бўлади. Олувчи уни сотувчига қайтаради.
Бўлиш, бир қисмини ажратиш қолган қисмига таъсир қиладиган тахта, қувур каби нарсаларда сотувчи умумий узунлиги ва нархини айтиб сотгандан кейин ўлчангач кам чиқса, олувчи истаса сотувчи айтган нархда олиши ёки умуман олмаслиги мумкин. Агар ортиқ чиқса олувчи ортиқ чиққан қисмига пул тўламай олади.
Худди шундай молларда ҳар бир ўлчамининг нархи айтиб сотилса, масалан, бу тахтанинг ҳар бир метри 500 сўмдан узунлиги 6 метр, деса кейин ўлчаганида 5 метр чиқса, олувчи истаса 5 метрга пул бериб олиши ёки кам чиққани учун савдони бузиши мумкин. Агар сотувчи айтган метрдан узун чиқса, ортиқ қисмига ҳам пул бериб олиши ёки савдодан айниши мумкин.
Таварруқ савдоси
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин!
Ортларидан набий йўқ зотга солавотлар бўлсин!
Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида, 1419 ҳ.с. 11 – Ражаб (1998 йил, 31 - октябр)да бошланган ўн бешинчи мажлисида таварруқ савдоси ҳукми ҳақидаги масалани кўриб чиқди.
Муноқаша, далил суриштириш, фиқҳий қоидаларни ишлатиб, уламоларнинг ижтиҳодларига қайтиш ва фикр алмашувлардан кейин Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:
1. Таварруқ савдоси – сотувчининг мулкида ва қўлида турган молни нархини кейин бериш шарти ила сотиб олиб, кейин уни бошқа кишига нақдга сотиш ила пулга эга бўлишдир.
2. Ушбу таварруқ савдоси шариат бўйича жоиздир. Буни уламолар жумҳури айтган. Чунки, аслида савдо мубоҳдир. Аллоҳ таоло «Аллоҳ савдони ҳалол қилди ва рибони ҳаром қилди», деган. Бу савдода рибонинг қасди ҳам, сурати ҳам йўқ. Одамлар қарзни узиш, уйланиш ва бошқа ишлар учун бунга муҳтождирлар.
3. Бу савдонинг асосий шартларидан бири сотиб олувчи савдо молини биринчи сотувчига баҳосидан оз нархга сотмаслигидир. Бевосита бўлса ҳам, восита орқали бўлса ҳам. Агар мазкур ишни қилсалар, шариат ҳаром қилган ишни амалга ошириган бўладилар. Чунки, бу ҳийла йўли ила рибо олишдир.
(Бу каби савдони бизда «реализатсияга мол олиш» дейишга одатланилган)