Суннатнинг усулул‑фиқҳдаги ўрни ва унинг асосида мазҳабларнинг келиб чиқиши


Инсониятга икки дунё саодатини кафолатлаш учун уммийлар орасида уларнинг ўзларидан уларга оятларини ўқиб берадиган, уларни поклайдиган ва уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган бир Пайғамбар чиқарган[1] Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

«Сизларга икки нарсани ташлаб кетмоқдаман, модомики, уларни маҳкам тутар экансиз, ҳаргиз адашмайсиз», ¬ деб марҳамат қилган Муҳаммад Мустафога салоту¬¬саломлар бўлсин. У кишининг суннатларини давом эттирган саҳобаи киромлар ва уни бизларгача етиб келишида хизмат қилган Ислом ўғлонларига Аллоҳнинг раҳмату, мағфирати бардавом бўлсин.

Мавзунинг мазмуни

«Суннатнинг усулул фиқҳдаги ўрни ва унинг асосида мазҳабларнинг келиб чиқиши» деган иборага, келинг, таҳлилий ёндашиб кўрайлик.

«Суннат» сўзи луғатда «йўл, тариқа, ҳаёт тарзи, йўсин, шариъат» маъноларини билдиради. Усулул фиқҳ истилоҳида эса, «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган сўз, амал ва тақрир»дир. [2]

«Усул» сўзи «асл»нинг кўплик шакли бўлиб, «асл» ҳар бир нарсанинг остки қисми, асоси, негизини билдиради. «Фиқҳ» сўзи луғатда «бир нарсани билиш, теран англаш» маъноларини ифодалайди. Шариъатда эса, аввалда барча Ислом илмларига ишлатилиб, кейинчалик Исломнинг зоҳирий аҳкомлари илмига атама бўлиб қолган. Унга биноан шаръий истилоҳда, «Фиқҳ ¬ амалий¬ шаръий ҳукмларни тафсилий далилларидан олинган билишдир», дейилади. Ушбу икки сўзнинг бирикмасидан ҳосил бўлган «усулу묬фиқҳ» ибораси Ислом шариъатида алоҳида фанга ном қилиб олинган. Уламолар истилоҳида у қуйидагича: «Батафсил далил ҳужжатлардан шариъатнинг амалий аҳкомларини истинбот қилиш (чиқариб олиш) қоидаларини ўргатувчи илм «Усулу묬фиқҳ»дир».

«Мазҳаб» сўзи луғатда «тариқа, бориш жойи, борилган, ¬хулоса қилинган фикр¬¬эътиқод, таҳорат жойи» деган маъноларни ифодалайди. Шунингдек, «асл, асос» мазмунида ҳам келади. Масалан: «Унинг мазҳаби маълум эмас» дегани «унинг асоси маълум эмас» деганидир. Шаръий истилоҳда эса, Ҳаттоб шундай дейди: «Ижтиҳодий масалаларда имомлардан бир имомнинг хулоса қилган (йўналиш)ини «мазҳаб» дейиш урфий ҳақиқатга айланган».

Бужайримий айтадилар: «Мазҳаб сўзи луғатда «йўл» деганидир. Истилоҳда эса, «ҳукмларни ўз ичига олган масалалар»дир. Уни йўлга қиёс қилинганининг боиси, йўл яшаш манзилига олиб боради, мазкур ҳукмлар эса, қайтиш манзили(охират)га олиб боради».

Шунингдек, кейинги моликий уламолар масалага берилган фатвони ҳам «мазҳаб» деб юритганлар. Мавзуимизда эса, «мазҳаблар» дейишдан фиқҳий мазҳаблар назарда тутилган.

Демак, биз мазкур тафсилотдан келиб чиқиб, мавзуни шундай тушунишимиз мумкин: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган сўз, амал ва тақрирлар(суннат)нинг батафсил далил ҳужжатлардан шариъатнинг амалий аҳкомларини истинбот қилиш қоидаларини ўргатувчи илм (усулул ¬фиқҳ)да ўрни ва унинг асосида имомлар хулоса қилган йўналишлар (мазҳаблар)нинг келиб чиқиши».

Мавзунинг долзарблиги

Маълумки, усулул¬фиқҳ илми шариъатнинг негиз илми бўлиб, шаръий ҳукмларни чиқаришда унинг суннатга нисбатан муносабати ўзига хос ўрин тутади. Аммо аҳли сунна ва묬жамоанинг фиқҳий мазҳаблари орасида мазкур муносабатда жузъий фарқлар бор. Буни яхши тушунмаган кишилар илмсизлик сабабидан турли ифрот ёки тафритга[3] йўл қўйганлар. Бунинг натижасида анчагина ихтилоф, келишмовчиликлар ҳамда кўнгилсиз ҳолатлар юзага келган.

Шу ўринда мавзунинг долзарблигини Муҳаммад Ғаззолийнинг ўзининг машҳур «Ас¬сунна ан-набавийя байна аҳлил¬ҳадиси вар¬раъй» китобида бундан ўнларча йил олдин бошқа Ислом ўлкаларида биз айтган сабабларга кўра пайдо бўлган вазият устида айтган сўзлари билан таъкидламоқ муносибдир:

«Айниқса, соддадил ёшларга: «Биз одамларнинг сўзлари, имомларнинг мазҳабларини хоҳламаймиз. Биз бевосита Китобу, суннатдан сипқоришни хоҳлаймиз», деб айтилган сўзлар дард устига чипқон бўлди.

Мен мазҳабга мутаассибликни ёқламайман. Буни фиқҳдаги қосирлик деб биламан. Балки, у баъзан бадхулқлик ҳамдир. Бироқ, мазҳабга (мутассибона) тақлидчиликнинг ҳам далилларни фаҳмлашда болаларча ижтиҳод қилишдан кўра зарари камроқдир.

Зеро, бу йўналишдан маърифий ва ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқиши табиий. Натижада бир ғўрнинг: «Молик истифтоҳ ҳадисини, истиозанинг суннатлигини, басмаланинг заруратини ҳам билмайди. У намоздан икки саломни тўла бермасдан чиқиб кетаверади, демак, у набавий суннатдан бехабар!», деётганини эшитасан. Бошқа бири эса: «Абу Ҳанифа рукуъдан олдин ҳам, кейин ҳам, рафъи ядайн қилмайди. Ўзига эргашганларга имомнинг орқасида ҳеч нарса ўқимасликни буюради. Баъзан эса, аёлни ушлагандан кейин ҳам намоз ўқаверади. Натижада у бетаҳорат намоз ўқийди», дея гап қотади.

Бу Исломни билмайдиган бир жоҳилдир!

Мусулмон оммаси бундай ёшларнинг йўналишларини кўриб, уларни инкор этадилар ва лаънатлайдилар...

Азҳарнинг олдинги уламолари бу фитналарни муолажа қилишга энг қудратли кишилар эди. Улар Исломни салафу¬халафнинг, тўртала имомларнинг фикрларини қамраб оладиган даражадаги таълим билан ўргатар, шунингдек, ҳар турдаги тафсир ва ҳадис китоблари, улардаги қавллар ва фикрларни дарс қилиб ўтар эдилар. Аммо, ўттиз йил ёки ундан кўпроқ вақтдан буён Азҳар ҳам илмийлик ва етакчилик мақомидан тушиб кетди. Шунинг учун ҳам йўл ҳар қандай вайсақи учун бўшаб қолди. Натижада бир қанча «ўқувчилар» карвоннинг бошига ўтиб олдилар, фитнани ўчириш ўрнига уни алангалатдилар.

Қишлоқича фақиҳлик, ақийда ва шаръий қонунларда гўдакларча тасаввур юзага келди..»

Муҳаммад Ғаззолий мазкур китобидан кўзлаган мақсадини баён қилиб шундай дейди:

«Шунингдек, менинг мақсадим Ислом маданияти¬маърифатини баъзи кишилардан ҳимоя қилишдир. Уларни шундай таърифланади: Улар шанба куни талаби илм қилиб, якшанба куни дарс берадилар, душанба устоз сифатида фаолият юргизиб, сешанба улуғ имомларга нисбатан сўз қотадилар ва «биз кишилармиз, улар ҳам кишилардир», дейдилар».

Биз ушбу баҳсда ана ўша масалага бироз бўлсବда ойдинлик киритишни мақсад қилиб олдик ва бу ўринда, Ислом таълимотига биноан, илмий ёндашишга ҳаракат қилдик. Аллоҳ таоло ушбу камтарона амални ўзи қабул қилиб, камчиликларимизни афв айласин.

Суннатнинг шариъатдаги ўрни

Ислом шариъати Аллоҳ таолонинг башарият учун юборган охирги ва мукаммал динидир. Унинг асоси оламлар Робби Аллоҳ таолонинг сўнгги китоби Қуръони каримдир. Ушбу китобнинг шарҳи ва амалий баёни учун эса, Аллоҳ таоло инсон фарзандалари орасидан энг буюк қалб соҳиби бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб танлади. У кишининг бутун башарият учун энг комил инсон намунаси бўлишини ирода қилди. У зотнинг ҳар бир сўзлари, хатти ҳаракатлари, феълуи атворлари, ҳаракоту ¬саканотлари, амалу- тарклари, барча ¬барчаси Аллоҳ таоло рози бўладиган суратда, ҳар бир инсон фарзандига икки дунё саодатини кафолатлайдиган шаклда бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи таминлади. Оламлар Робби бўлган зот Ўзининг абадий мўъжиз Каломини башар авлодига етказишда Ўзи билан уларнинг ўртасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни восита қилар экан, бандаларни Парвардигорларининг розилигини топиш, икки олам бахт ¬саодатига эга бўлиш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳтож қилиб қўйди. Бинобарин, шариъати Исломиянинг биринчи манбаи Қуръон бўлса, иккинчи манбаи суннат бўлиб қолди.

Аввалда айтганимиздек, усулул¬фиқҳ истилоҳида «суннат ¬ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган сўз, амал ва тақрирдир». Суннатнинг Қуръони карим каби шариъат манбаи эканига Ислом уламолари иттифоқ қилганлар ва қатор далил ва исботларни келтирганлар.

1. Қуръондан далил:

Аллоҳ таоло Ўзига бўлган итоат билан Росулига бўлган итоатни эгизак ҳукмлар қилдики, бири бўлмаса, иккинчиси қабул қилинмайдиган бўлди. Қуръони каримда Аллоҳга итоат қилиш билан унинг Росулига итоат этиш доимо ёнма¬ён келтирилди.

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга ва унинг Росулига итоат этинг. Эшитиб туриб, ундан юз ўгирманг». (Анфол 20)

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Аллоҳга ва Росулга итоат этинг», деб, айт. Агар юз ўгирсаларингиз, у(Росул)нинг зиммасида унга юкланган нарса, сизларнинг зиммангизда сизларга юкланган нарсадир. Агар унга итоат этсангиз, ҳидоят топасиз. Росулнинг зиммасида очиқ¬ойдин етказиш бор, холос». (Нур 54)

Аллоҳ таоло Росулига бўлган итоатни айнан Ўз зотига бўлган итоат деб эълон қилди.

«Ким Росулга итоат қилса, аниқки, Аллоҳга итоат қилибди». (Нисо 80)

Аллоҳ таолога муҳаббат қўйиш ҳамда У Зотнинг муҳаббати ва мағфиратига сазовор бўлишнинг ягона шарти Унинг Росулига эргашиш экани қатъий қоида қилиб белгиланди.

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Агар Аллоҳни севсаларингиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кўп мағфиратли ва раҳмли зотдир», деб айт». (Оли Имрон 31)

Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръондан ташқари шаръий кўрсатмалари ҳам ваҳйдан бошқа нарса эмас. У зот ўз нафсу ҳавосидан гапирмайдилар:

«Сизнинг Соҳибингиз адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. У ҳаводан гапирмас. У ваҳйдан ўзга нарса эмас». (Нажм 2 4)

Аллоҳ таоло Расулининг амрига хилоф қилганларни қаттиқ огоҳлантириб шундай дейди:

«Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур 63)

Ҳофиз Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди:

«Унинг, яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига хилоф қилишдан ҳазир бўлсинлар. У кишининг амрлари эса, йўллари, тутимлари, тариқалари, суннатлари ва шариъатларидир. Бас, барча сўзлар ва ишлар у кишининг сўзлари ва ишлари билан ўлчанади, унга мувофиқ бўлгани, қабул қилинади, мухолиф бўлгани эса, эгасига, у ким бўлишидан қатъи назар, рад қилинади. Саҳиҳайн ва бошқаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким бизнинг амримиз асосида бўлмаган амални қилса, у рад қилингусидир», деганлари собит бўлган».

2. Суннатдан далил.

Имом Ҳоким «Мустадрак»да Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул¬вадоъдаги хутбаларида шундай дедилар: «Эй одамлар! Мен сизларга шундай нарсани ташлаб кетяпманки, маҳкам тутсаларингиз ҳаргиз адашмассиз: Аллоҳнинг Китоби ва Набийининг суннати..»

3. Ижмоъдан далил.

Саҳобаи киромларнинг барчалари Қуръони Карим амрига мувофиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиш вожиб эканига иттифоқ қилганлар. Улар қайси бир ҳукмни Қуръондан топа олмаслар, албатта, бевосита суннатга мурожаат қилганлар. Бу йўлнинг ҳақ экани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иқрорлари билан ҳам собит бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуни Яманга юборар эканлар, у ерда нима билан ҳукм қилишлари ҳақида сўрадилар. У киши: «Аллоҳнинг Китоби билан», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳнинг Китобидан топа олмасанг¬чи?» дедилар. У киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан», деб жавоб бердилар. Мана шу тартиб барча саҳобаи киромлар ва улардан кейинги тобиъинлардан тортиб, ҳозиргача Ислом умматининг йўли ва шиори бўлиб келмоқда.

4. Ақлий далил.

Қуръони Каримда келган ижмолий, лўнда ҳукмларни агар суннат шарҳлаб, баён қилиб бермаса, уларга амал қилишнинг имкони ҳам йўқ. Мисол учун, Аллоҳ таоло «Намоз ўқинглар, закотни адо этинглар», «Сизларга рўза фарз қилинди» ёки «Одамларнинг зиммсида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш бордир» деган бўлса, мазкур амалларни мана шу амрларнинг ўзи билан адо этишни ўзлаштириб бўлмаслиги муқаррар. Буюрилган амалларнинг фарз экани Қуръондан англашилса¬да, уларни адо этиш тартиб¬қоидаси ва кайфияти ҳамда у нима билан дуруст ёки нима билан нодуруст бўлишини билиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига муҳтож бўлинади. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи: «Биз сенга уларга нозил қилинган нарсани баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик»[4], деб, равшан айтгандир.

Қуръон билан кифояланиб суннатни тарк этишнинг ножоизлиги

Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом доримийлар Миқдом Ибн Маъдий¬карибдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Ҳой, огоҳ бўлинглар! Бир кишига у ўз ўриндиғида суяниб ўтирган ҳолида мендан бир ҳадис етса, у: «Бизлар билан сизларнинг ўртангизда Аллоҳнинг Китоби бор, холос. Биз нимани унда ҳалол деб топсак, уни ҳалол билдик, нимани ҳаром деб топсак, ҳаром билдик» дейишига оз фурсат қолди. Албатта Аллоҳ Расулининг ҳаром қилгани ҳам Аллоҳнинг ҳаром қилганидир!»

Ҳофиз Имом Хаттобий «Маалимус¬сунан»да айтадилар: «Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда зикр қилинмасдан йўлга қўйган суннатларига хилоф иш тутишдан огоҳлантирмоқдалар. Хавориж ва рофизалар Қуръоннинг зоҳирига маҳкам ёпишиб, уни баён қилишни зиммасига олган суннатларни тарк этдилар. Натижада ҳайратда қотдилар ва залолатга кетдилар». Яна шундай дейдилар: «ўриндиғида суяниб ўтирган ҳолида» жумласидан маийшатпараст, бепарво, динга эътибори кам, мутакаббир, жавркорларни назарда тутганлар. Улар уйдан чиқмайдилар, илм талаб қилмайдилар. Илм талабида, уни илм аҳлидан олишга илм топиладиган жойларга на эрта, на кеч, ҳаргиз бормайдилар».

Суннатнинг шаръий ҳукмларни жорий қилишда мустақиллиги

Юқоридаги Миқдом ибн Маъдий¬карибдан ривоят қилинган ҳадис Имом Абу Довуднинг ривоятида қуйидагича келган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Огоҳ бўлинглар! Менга Китоб ва у билан бирга унинг мисли берилгандир. Яқин кунларда бир тўқ¬сероб кимса ўриндиғида суяниб ўтирган ҳолида: «Сизлар мана бу Қуръоннигина лозим тутинглар. Унда нимани ҳалол топсангиз, ҳалол деб билинг, нимани ҳаром топсангиз, ҳаром деб билинг», деган гапларни айтади. Ҳой, огоҳ бўлинглар! Сизларга хонаки эшак ҳалол эмас. Ҳар қандай тишли йиртқич ҳамда қушлардан ҳар қандай ваҳший тирноқлиси ва муоҳиднинг[5] топиб олинган нарсаси ҳам. Фақатгина у ўзи ундан беҳожатлигини айтса, майли. Ким бир қавмнинг орасига тушса, уларга уни меҳмон қилишлари лозимдир. Агар меҳмон қилмасалар, у (ҳалокат даражасидаги заруратда) меҳмонлик ҳаққича улардан олиши мумкин».

Аллома доктор Абдулғаний Абдулхолиқ роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менга Китоб ва у билан бирга унинг мисли берилгандир» деган сўзларидан ҳужжат бўлишда ҳамда (ҳужжатликдаги) мартабада Китоб билан суннатнинг баробар экани келиб чиқади. Агарчандики Китоб суннатдан кўпгина ўзига хос хусусиятлар билан ажралиб турса ҳам. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менга Китоб ва у билан бирга унинг мисли берилгандир» деган сўзларидан ва унинг орқасидан Қуръондан бўлмаганки нарсани тарк этадиганларни танқид қилишлари ҳамда кейин юқоридагидек муҳим ҳукмлардан бир мунчасини зикр қилишларидан маълум бўладики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан мазкур ҳукмлар мужтаҳид истинбот қилиб чиқариб оладиган ҳолда Қуръонда келмаганига ишора қилмоқдалар. Акс ҳолда айтмоқчи бўлган нарсаларининг аҳамиятига эътиборни қаратгувчи юқоридагидек муқаддимани келтирмаган бўлар эдилар».

Суннатнинг шаръий ҳужжат эканига далолат қилгувчи мазкур Миқдом розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳамда унга ўхшаш бошқа ҳадислар ва Қуръони Карим оятлари суннатнинг шаръий ҳукмларни жорий қилишда мустақил эканини қатъий ифода этади. Валлоҳу аълам.

Суннатнинг турлари

Суннатнинг усулул¬фиқҳдаги «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган сўз, амал ва тақрирдир» деган таърифидан маълум бўладики, суннат уч турли бўлади:

1. Қавлий суннат. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган сўзларидир. Масалан: «Амаллар ниятга боғлиқдир», «Зарар ҳам йўқ, зирор ҳам йўқ»[6], «Меросхўрга васият қилиш йўқ» каби сўзлари, ваҳоказо.

2. Фелий суннат. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш¬амалларидир. Мисол учун, намоз ўқиб кўрсатганлари, ҳаж ҳукмларини адо қилганлари, ўғрининг қўлини кесганлари каби.

3. Тақририй суннат. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ тасдиқ қилган ёки ҳузурларида содир бўлганидан ё ўз даврларида воқеъ бўлганини билганларидан сўнг индамаган ёки ўша нарсага нисбатан рози бўлганлари ё мақтовлари зоҳир бўлган нарсадир. Бунга қуйидагиларни мисол қилиш мумкин:

• Саҳобаи киромлардан иккиталари сув йўқлигида таяммум қилиб намоз ўқидилар ва кейин сув топиб олдилар. Улардан бири намозни қайта ўқиди, иккинчилари қайтармади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтариб ўқимаган саҳобага: «Суннатни топибсан, намозинг дуруст», дедилар ва қайтариб ўқиган саҳобага: «Сенга икки марта ажр бўлибди», дедилар.

• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган дастурхонда зобб деган жонивор ейилди. У зот уни емадилар, аммо еманглар ҳам демадилар.

• Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётган пайтлари у ерга борганда нима билан ҳукм қилишини сўраганларида Муоз розийаллоҳу анҳу аввало Қуръон билан билан, унда бўлмаса, суннат билан, унда ҳам бўлмаса, ижтиҳод билан ҳукм қилишларини айтганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Расулининг элчисига Аллоҳ ва унинг Расулини рози қиладиган нарсага тавфиқ берган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деб, хурсанд бўлдилар.

Суннатнинг санад жиҳатидан турланиши

Суннат санад жиҳатидан хумҳурниг наздида икки қисм: мутавотир ва оҳодга бўлинади. Ҳанафийларнинг наздида эса, уч қисм: мутавотир, машҳур ва оҳодга тақсимланади.

1. Мутавотир суннат.

Мутавотир сўзи луғатда кетма¬кетликни ифода этади. Истилоҳда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадисни ривоят қилган биринчи, иккинчи ва учинчи ҳалқа одамларининг ёлғонга келишиб бўлмайдиган даражада кўп бўлишидир. Масалан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, закот ва ҳаж каби амалий суннатлари мутавотир ҳадислар билан ривоят қилинган.

Шунингдек, «Ким менинг номимдан қасдан ёлғон тўқиса, жойини дўзахдан ҳозирлайверсин», «Товонларга дўзахдан ҳалокат бўлсин», деган сўзлари мутавотир ҳадислар жумласидандир.

Мутавотир ҳадиснинг ҳукми: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлгани қатъий, у илм[7] ва яқийнни ифода этади. Уни инкор қилган кофир бўлади. Тан олиб амал қилмаган киши фосиқ бўлади.

2. Машҳур суннат.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганларнинг адади мутавотир даражасига бир¬иккита етмай қолган ҳолда ривоят қилинган ҳадис бўлиб, саҳобалардан ривоят қилган тобеъинлар ва улардан кейинги табаъа тобеъинларнинг ададлари мутавотир даражасига етган бўлади. «Аммаллар ниятга боғлиқдир», Ислом беш нарсанинг устига қурилгандир», «Зарар келтириш ҳам, зарар қайтариш ҳам йўқ», каби ҳадислар, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг махсига масҳ тортганлари, зинокорни тошбўрон қилганлари машҳур ҳадислар жумласидандир.

Мутавотир билан машҳурнинг фарқи шундаки, мутавотир ҳадисда биринчи, иккинчи ва учинчи ҳалқа ровийларининг барчасида тавотур даражаси топилади, машҳур ҳадисда эса, биринчи ҳалқада тавотур даражаси топилмайди.

Машҳур ҳадиснинг ҳукми: роивоят қилган саҳобалардан собит бўлгани қатъий, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлгани қатъий эмас. У хотиржамлик ва илмга яқин «зонн»ни[8] ифода этади. Уни инкор этган фосиқ бўлади. унга амал қилмаган гуноҳкор бўлади. У билан Қуръонниг омми хосланади, мутлақи қайдланади.

3. Оҳод ҳадис.

Оҳод ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир¬икки ёки тавотур даражасига етмайдиган ададдаги кишилар ривоят қилган ҳадисдир. Оҳод ҳадис билан собит бўлган ҳукмга амал қилиш вожибдир. Унга амал қилмаган одам тарки вожиб билан гуноҳкор бўлади. Аксар ҳадислар оҳоддир.

Оҳод ҳадиснинг ҳукми: У яқийн ва хотиржамликни эмас, зоннни ифода этади. Унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлгани зонний бўлса¬да, унга амал қилиш вожибдир. Уни инкор қилган кофир бўлмайди, аммо, фосиқ бўлади.

Суннатнинг ҳукмларга далолати

Суннатнинг ҳукмларга далолат қилиши қатъий бўлиб, бошқача таъвилни кўтармайди. Баъзан таъвилни кўтарадиган зонний бўлиши ҳам мумкин. Бу маънода у Қуръон кабидир. Фақат Қуръоннинг Аллоҳдан эканининг собит бўлгани қатъийдир. Суннатнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлгани қатъийси мутавотир ҳадислар, холос. Демак, суннат собит бўлиш маъносида қатъий ва зоннийга бўлинади. Аммо, далолат қилиш маъносида суннат Қуръон каби бўлиб, собитлиги қатъий ёки зонний бўлишидан қатъи назар, далолати қатъий ёки зонний бўлади.

Суннатнинг Қуръонга нисбатан ўрни

Суннат ҳужжат бўлишда Қуръондан кейинги ўринда туради. Зеро Қуръони Каримнинг собит бўлиши қатъий, суннатнинг собит бўлиши зоннийдир. Қатъий нарса зонний нарсадан муқаддам экани муқаррардир. Шунингдек, суннат Қуръонни баён қилгувчидир. Баён қилгувчи баён қилинмишдан кейин туриши табиий. Суннат ҳукмларни жорий қилиш мазмунида Қуръонга нисбатан тўрт қисм бўлади:

1. Суннат Қуръонда келган ҳукмларни таъкидлаб келади. Масалан, «Аёлларга яхшилик қилишингизни васият қиламан, васиятимни қабул қилинглар» ҳадиси «Улар билан яхшилик (асоси)да ҳаёт кечиринг» оятини таъкидлаб келган.

2. Суннат Қуръонга баён бўлиб келади. Бу уч турда бўлади:

Биринчиси: Қуръонда ижмолий айтилган ҳукмларни тушунтириб, баён ва изоҳ этади. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларнинг кайфияти суннатдан олингани каби.

Иккинчиси: Қуръондаги омм ҳукмни хослайди. Масалан «Бундан бошқа аёллар сизларга ҳалол қилинди» оятини «Аёл ўз аммаси, холаси, ака¬ука ёки опа¬синглисининг қизи устига никоҳ қилинмайди» ҳадиси хослаган.

Учинчиси: Қуръондаги мутлақ ҳукмни қайдлайди. Масалан, «Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар» оятидаги мутлақ «қўл»ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғрининг қўлини тирсагидан кесганлари тирсакка қайдлаган.

3. Суннат Қуръондаги ҳукмни насх қилиб келади. Масалан, «Ворисга васият йўқ» ҳадиси «Сизлардан бирингизга ўлим ҳозир бўлса, агар хайрни тарк этиб кетаётган бўлса, ота¬она ва қариндошларга васият қилиши фарз қилинди» оятини насх қилган.

4. Суннат Қуръонда келмаган ҳукмларни жорий қилади. Масалан, оила қурган зинокорни тошбўрон қилиш ҳукми каби.

Оҳод ҳадисни қабул қилишда уламоларнинг фикрлари

Саҳобалар, тобиъинлар ва улардан кейингилар ҳам оҳод йўли билан қабул қилинган, яъни, мутавотир ёки машҳур даражасида бўлмаган ҳадисларга амал қилиш вожиб эканига иттифоқ қилганлар. Мазҳабларнинг имомлари эса, ривоятни аниқлаш ва саҳиҳ бўлмаганини четга чиқариш мақсадида маълум шартларни қўйганлар.

Ҳанафийлар оҳод хабарни қабул қилиш учун қуйидаги учта шартни қўйганлар:

1. Ривоят қилгувчининг ўзи ривоятига хилоф амал қилмаган бўлиши. Акс ҳолда унинг ривоятига эмас, раъйига (феълига) амал қилинади. Чунки унинг ўзи айтган ривоятга хилоф иш қилиши ўша ривоятнинг мансух бўлганини билганидан бўлади. Шунинг учун ҳам ҳанафийлар ит теккан нарсани етти марта ювиш ҳақидаги Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳунинг ҳадисини олмайдилар. Чунки Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳунинг ўзлари уч марта ювиш билан кифоялаганлари ривоят қилинган дейдилар.

2. Ҳадиснинг мавзуси ҳамма гувоҳ бўладиган, кўп содир бўладиган ҳолат бўлмаслиги керак. Чунки бундай нарсалар кўпчиликка маълум ва машҳур бўлгани боис мутавотир ёки машҳур даражасида ривоят қилинади. Унинг оҳод йўл билан ривоят қилиниши ҳадиснинг собит бўлишида гумонга олиб келади. Шунинг учун ҳам ҳанафийлар рукуъъ олдида қўл кўтаришни олимаганлар.

3. Ривоят шариъатнинг усулига, асос қоидаларига хилоф бўлмаслиги. Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилган бировнинг елини тўлиб турган қўйини соғиб ичган одам сутнинг ўрнига бир соъ миқдорида хурмо бериши ҳақидаги ҳадис олинмаган. Шариъатнинг доимий қоидаси бўйича бир нарсанинг ўрнига ўзига ўхшаш нарса қайтарилади. Гап шундаки, ҳанафийларнинг ушбу ҳадисни тарк этишлари саҳобийга нисбатан ишончсизликдан эмас, балки, ҳадисдаги изтироб ёки унинг насх бўлгани сабабидан бўлган.

Имом Молик эса, «Оҳод йўл билан қилинган хабар Мадина аҳлининг одатига хилоф бўлмаслиги керак» деган шартни қўядилар. Чунки Мадина аҳлининг амали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганнинг ҳукмидадир. Кўпчиликнинг ривояти бир кишининг ривоятидан устин туради, дейдилар. Шунинг учун ҳам Имом Молик: «Розилигисиз никоҳи эълон қилинган қизда, Мадина аҳлининг одатига кўра, «мажлис хиёри»га хилоф ўлароқ, уч кунгача ихтиёр ҳаққи бор», дейдилар.

Имом Шофиъий оҳод ҳадисга амал қилиш учун тўртта шартни айтганлар:

ровийнинг ишончли ва динида содиқ бўлиши,

оқил ва айтган ҳадисини фаҳмлайдиган бўлиши,

қилган ривоятида зобит бўлиши,

унинг ривоят аҳли илм ҳадисларига мухолиф бўлмаслиги.

Бу шарталар пировардида мурсал ҳадисга амал қилмасликни тақозо этади.

Имом Аҳмад эса, шарт қўймайдилар. Фақат Шофиъий сингари ривоятнинг саҳиҳлигига эътибор этадилар. Аммо, мурсал ҳадисга амал қиладилар.

Мазкур қоидалардан маълум бўладики, ривоят қилинган ҳадисга нисбатан ҳар бир мужтаҳид ўзидаги Китобу, суннат илми остида шаклланган қоидаси асосида муносабатда бўлади ва натижада, табиийки, уларнинг ижтиҳодларидан турлича хулосалар келиб чиқади.

Мурсал ҳадис

Мурсал ҳадис усулийларнинг наздида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқмаган адолатли кишининг «Расулуллоҳ айтдилар..» деган сўзидир. У мунқатиъ, муъзал ёки муаллақ[9] бўлсин, барибир. Яъни, санади тўла уланмаган бўлса, бас.

Саҳобанинг мурсалини қабул қилишда ихтилоф йўқ. Чунки саҳобаи киромларнинг барчалари адолатли бўлганлар. Саҳобий бўлмаган кишининг мурсали ҳам, Шофиъийдан бошқа жумҳур уламонинг наздида қабул қилингандир. Зеро адолатли сиқа[10] кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларига аниқ жазм қилмай туриб у кишидан бир нарсани ривоят қилиши мумкин эмас.

Аммо Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ эса, мурсал ҳадисни қабул қилишга қуйидаги беш шартни қўядилар:

мурсал ҳадис Саид ибн Мусаййиб, Ҳасан Басрий, Зуҳрий ва Ибн Сирин роҳимаҳумуллоҳ каби тобиъинларнинг буюкларидан бўлсин,

уни муснад[11] ҳадис маънан қувватласин,

уламоларнинг наздида мақбул бўлган мурсал ҳадис унга мувофиқ келсин,

бирор саҳобийнинг сўзи уни қуввутласин,

аксар уламоларнинг фатволари билан қувватлансин.

Имом Шофиъийнинг бу қоидалари у кишининг баъзи масалаларда жумҳурнинг олган ҳадисини олмасликларини тақозо қилади ва натижада фатволари ҳам ўшанга яраша бўлиб чиқади.

I. Асосий бўлим.

Ҳадислардаги турлиликнинг фақиҳлар ихтилофига таъсири

Ушбу мавзу баҳсимизнинг асосий мағзи десак, муболаға бўлмайди. Фуқаҳо ва муҳаддисларнинг (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин) турли фикр¬мазҳабга боришларига сабаб бўлган омилларнинг асосийларидан бири ҳадислардаги ихтилоф, яъни, турлилик бўлган. Ҳадислардаги ихтилоф эса, санад ёки матндаги ихтилоф билан бўлади. Санаддаги ихтилофга тадлис ва тафарруд, санаддаги мажҳуллик ёки узилиш каби иллатлар мисол бўлиши мумкин. Матндаги ихтилофга матндаги зиёдалик ёки камлик, бир лафзнинг ўрнига бошқа лафз келиши каби ҳолатлар мисол бўлади. Мисол учун, бир фақиҳга бир ҳадис заиф йўл билан келгани учун уни қабул қилмаган бўлса, бошқасига қувватли ровийлар силсиласи билан келгани учун уни қабул қилган бўлади. Ёки бир фақиҳга ҳадис бошқасига етганидан ўзгача лафзда етиб келган бўлади. Ёки санаддаги бир киши бир фақиҳнинг наздида ишончли бўлиб, бошқасининг наздида ишончсиз ёки номаълум бўлади. Шунингдек, бир мужтаҳига ҳадис бир лафз билан келган бўлса, бошқасига ўзгача лафз билан келган бўлади. Чунки ҳадисни маъносини ривоят қилса кифоя, деган маънода турли лафзлар билан ифода этиш кўп учрайди. Ёки бири топган ҳадисда ўзгаси топмаган жумла бўлади, ваҳоказо. Бу мавзу жуда ҳам кенг баҳс бўлгани боис уламолар бу борада алоҳида китоблар ҳам битганлар. Биз Моҳир Ясин ал¬Фаҳлнинг мазкур мавзуга бағишланган «Асар илалил¬ҳадис фий ихтилафил¬фуқоҳа» китобидан санаддаги сабабга биргина мисол келтириш билан кифояланамиз:

«Офтобда қизиган сув ҳақида уламолар икки хил фикр айтганлар:

1. Жумҳур уламолар айтадиларки, офтобда қизиган сув макруҳ эмас.

2. Шофиъийлардан айримлари уни макруҳ дейдилар.

Иккинчи қавлни айтган уламоларнинг далиллари қуйидагича:

Холид ибн Исмоил Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан, у Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилади, у киши айтадилар: «Мен офтобда сув иситган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: «Эй қизил юзлигинам, бундай қилма. Чунки у (офтобда исиган сув) песликни келтиради»[12].

Бу ерда ровий Холид ибн Исмоил ишнончсиз кишидир. У ҳақда Ибн Адий: «Ишончли кишиларга нисбатан ҳадис тўқир эди», деганлар. Ибн Ҳиббон айтадилар: «Ҳеч бир ҳолда уни ҳужжатга қабул қилиб бўлмайди». Дорақутний: «Матрук», дейдилар.

Шунинг учун ҳам уламолар жумҳури макруҳ эмас, деганлар. Баъзи шофиъийлар ҳам шу сўзни олганлар. Жумладан Имом Нававий шундай дейдилар: «Имом Молик, Абу Ҳанифа, Аҳмад, Довуд ва жумҳурнинг (роҳимаҳумуллоҳ) мазҳаби мана шу».

Мазкур мисолдан кўриниб турибдики, шофиъий уламоларининг офтобда исиб қолган сувни макруҳ дейишларига юқоридаги ҳадис асос бўлган. Аммо бошқа уламолар бу ҳадиснинг санад жиҳатидан асоссиз эканини исбот қилгандан кейин офтобда қизиган сув макруҳ эмас, деган қавлни муқаррар айтганлар. Агар макруҳ деганларнинг наздида ҳам мазкур иллат маълум бўлганида эди, улар ҳам Имом Нававий сингари жумҳурнинг сўзини айтган бўлар эдилар.

Бундан ташқари баъзи ҳадис кимгадир мутлақо етиб келмаган бўлиши ҳам мумкин. Натижада мужтаҳид ўзи ижтиҳод қилиб бир фатвони айтишга мажбур бўлади. У фатво ўша маънодаги бошқа мужтаҳид топган ҳадисга мувофиқ келиши ҳам, келмаслиги ҳам мумкин.

Мужтаҳид ва фуқаҳоларнинг ораларида бўлган бу каби ҳоллар, аввало, саҳобаи киромларнинг ўзларида ҳам бўлган. Бу ҳақда қуйида сўз юритамиз.

Саҳобаи киром ва тобиъинларнинг жузъий маслаларда ихтилофлари¬турлича йўл тутишлари

Саҳоба ва тобиъинлар ҳамда улардан кейинги ҳозиргача давом этиб келаётган Ислом умматининг асосий қисми, яъни, аҳли сунна вал¬жамоа авлоди диннинг асли бўлган масалаларда, ақийда масалаларида ихтилоф қилмаганлар. Бирор киши, маслан, Қуръонга иймон келтириш лозим, Тавротга эмас, деган эмас. Ёхуд ҳеч ким «намоз фарзми ёки фарз эмасми?» деган саволни бермаган ҳам. Бирорта мужтаҳид рўзанинг қайси ойда фарз бўлиши ҳақида ижтиҳод қилмаган. Ҳеч бир мусулмон ҳажни зулҳижжа ойидан бошқа ойда қилиш тўғрисида ўйлаган ҳам эмас. Аммо жузъий маслаларда турлича йўл тутган ҳоллари бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг асҳоблари даврида фиқҳ илми алоҳида фан сифатида шаклланмаган, истинбот қилиш қоидалари ўрнатилмаган, кейинги мужтаҳид фуқаҳолар баён қилганидек, амаллар вожиб, суннат, мандуб каби тафсилотлар билан баён қилинмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олар, намоз ўқир, ҳаж ва бошқа амалларни қилар, аммо, мана буниси фарз, мана буниси мандуб деб ажратиб кўрсатмас эдилар. Саҳобаи киромлар у зотнинг таҳорат, намоз, ҳаж ва бошқа амалларини кўрганларидек адо этиб кетаверар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга масалалар кўндаланг бўлар, у зот унга ҳукм қилар, савол берилса, жавоб берар, воқеаларни ўз ўрнида солиҳ бўлса, мақтар, мункар бўлса, ундан қайтарар эдилар. Бундай ҳолатлар барчанинг кўз ўнгида, саҳобаларнинг гувоҳлигида бўлар эди. Натижада ҳар бир саҳобий Аллоҳ муяссар қилганича у зотдан сўзлари, ибодатлари, ҳукмларини кўрар, ўз наздида тушинар ва ёдида сақлаб қолар эди. Ҳар бир нарсани ўзига яраша ишораларига, ўзидаги илмга асосланиб унинг ҳукм жиҳатини, мубоҳ ёки насх эканини хулоса қилиб олар эди. Улар бу борада қалблари хотиржамлик топиши билан кифояланар, истинбот қоидалари устида бош қотирмас эдилар. Қандай муаммога дуч келсалар, бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан масаланинг ҳақиқатини осонгина аниқлаб олар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқул¬аълога реҳлат қилганларида саҳобаи киромлар мана шу ҳолда бардавом эдилар. Кейин эса, саҳобаи киромлар Аллоҳнинг оламларга раҳмат қилиб юборган сўнгги дини Ислом омонатини бутун башариятга етказиш учун бел боғладилар ва дунёнинг ҳар тарафига, турли жойларига тарқалдилар. Уларнинг ҳар бири ўзи борган жойда раҳнамо ва устоз бўлиб, кишиларни тарбия қилдилар. Замон ва маконнинг ўзгариши билан ҳолатлар ўзгарди, турли ҳодиса ва вазиятлар юзага келди. Ҳар хил масалалар пайдо бўлиб, уларнинг Ислом шариъатидаги ҳукмини баён қилиш мазкур олим саҳобаларнинг зиммаларига тушди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрган¬билганлари, ёдлаб, англаб олганлари билан жавоб беришар ёки ўша асосда истинбот қилишар эди. Агар ёд олган нарсларидан мазкур муаммонинг жавоби чиқмаса, қалбларидаги илм асосида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси асос¬мақсадда ҳукм қилган бўлсалар ўшанга мувофиқ ўзлари ижтиҳод қилар эдилар. Натижада саҳобаи киромларнинг фатво ва амалларида турлилик вужудга келди. Биз улардан баъзи кўринишларни келтиришимиз мумкин:

1. Битта масалада бир саҳобий бирорта ҳукм ёки фатвони эшитган бўлиб, ўша билан ҳукм қилади. Аммо бошқаси уни эшитмагани учун ўз илми билан ижтиҳод қилади. Бунинг натижаси эса, турлича бўлиши мумкин:

а) унинг ижтиҳоди ҳадисга мувофиқ келади. Мисол учун, Имом Насоий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда келишича, Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан маҳри белгиланмасдан эри ўлиб кетган аёл ҳақида сўралганида у киши бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитмаганларини айтадилар ва ўз ижтиҳодлари билан аёлга ўзи тенги аёлларнинг маҳри белгиланиши, идда ўтириши ва мерос олишини фатво берадилар. Кейин Мақил ибн Ясор туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёлга худди шундай ҳукм қилганларини маълум қиладилар. Бундан Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу шундай хурсанд бўлиб кетадиларки, у киши учун мусулмон бўлганларидан кейиниги энг катта хурсандчилик мана шу бўлади.

б) ижтиҳод қилинган фатво билан ҳадис бир¬бирига зид келиб қолади. Ҳадис ғолибуззон тариқасида етиб келгани учун саҳобий ўз фатвосидан қайтади. Мисол учун, Абу Ҳураёра розийаллоҳу анҳунинг мазҳабларига кўра жунуб ҳолда тонг оттирган киши рўза тутмас эди.[13] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бири Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳуниг мазҳабига акс хабарни берганларидан кейин у киши ўз мазҳабларидан қайтганлар.

в) фатвога зид бўлган ҳадис ғолибуззон тариқаси билан келмаган бўлади. Бунга усул уламолари келтирган ривоятни мисол қилишимиз мумкин. Фотима бинт Қайс Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳунинг ҳузурларида уч талоқ қўйилгани ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга нафақа ҳам, турар жой ҳам таъйин қилмаганларини айтади. Шунда ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу унинг гувоҳлигини рад этиб: «Ёлғон ёки рост гапираётганинин аниқ билмаганимиз ҳолда бир аёлнинг гапи билан Аллоҳнинг Каломини ташламаймиз, унга нафақа ҳам, жой ҳам берилсин», деб ҳукм қиладилар.

г) саҳобийга масладаги ҳадис мутлақо етиб келмаган бўлади. Мисол учун, Имом Зуҳрий қилган ривоятда Ҳинд розийаллоҳу анҳога Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг истиҳозадаги аёлга намоз ўқишга рухсат берганларини эшитганларида йиғлаган эканлар. Чунки Ҳинд розийаллоҳу анҳо мазкур рухсатни эшитмаган ва истиҳозада намоз ўқимас эканлар.

2. Унутиш ёки хато сабабли. Масалан, Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражабда умра қилганлар деб юрар эканлар. Бу гап Оиша розийаллоҳу анҳога етганида у зот Ибн Умарнинг хато айтганинин баён қилганлар.

3. Ҳадисни нотўғри ёдлаб олингани сабабли. Мисол учун, Ибн Умар розийаллоҳу анҳу марҳум ортидан қолганларнинг йиғиси сабабли азобланади деб билганлар. Оиша розийаллоҳу анҳо Ибн Умар ҳадисни тўғри ёдламаганини айтиб, асли ҳадис қуйидагича эканини баён қилганлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудий аёлнинг аҳли унга йиғлаётган чоғда ўтиб қолдилар ва: «Булар унга йиғлаяптилар, у эса, қабрида азобланаяпти», дедилар.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳу эса, «Булар унга йиғлаяптилар, бас, у қабрида азобланаяпти» мазмунида тушуниб, бу сўздан йиғи азобнинг сабаби бўлган, деган нотўғри хулосани олган эканлар.

 

Умуман олганда юқоридаги ва бошқа сабабларга кўра саҳобаи киромларнинг мазҳаблари турлича бўлган. Худди шунингдек, тобиъинлар ҳам саҳобаи киромлардан ўзларига муяссар бўлганларини олганлар. Улардан баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва саҳобаи киромларнинг мазҳабларини ёдлаб, ўзлаштиргач, ихтилофлиларини солиштириб, бирини иккинчисидан таржиҳ қилганлар. Шунингдек, ҳар бир юрт аҳли ўша ердаги улуғ саҳобийларнинг мазҳабларини кўпроқ тутганлар. Натижада буюк тобиъинлардан ҳар бирларининг ўзларига яраша йўналишлари¬мазҳаблари шаклланган.

 

Фуқаҳоларнинг ихтилофлари

 

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тобиъинлардан кейин ваҳй илмини жамлаб қиёматгача боқий қолиши учун хизмат қиладиган буюк авлод ¬ мужтаҳидлар авлодини дунёга келтирди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган барча хабарларни ўрганиб, тўпладилар, диёрлардаги фатво ва ҳукмларни ўргандилар, билмаганларини сўраб ўзлаштирдилар, бу борада қаттиқ жидду¬жаҳд кўрсатдилар ва бутун умрларини илмга бағишладилар. Натижада ўз даврларининг пешволарига айландилар, Ислом уммати уларни ўзлари учун имом деб тан олдилар. Улар кейинги асрларда мустақил мутлақ мужтаҳид, деб таърифландилар.

 

Мужтаҳид фуқаҳоларнинг ихтилофлари ҳам юқоридаги каби кўринишларда бўлди. Уларнинг фатво беришдаги услублари қуйидагича тартибда юзага келган эди:

 

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар, саҳоба ва тобиъинларнинг сўзларига таяниш.

 

2. Қуръон ва ҳадисдан истинбот йўли билан ҳукм чиқариш.

 

3. Битта масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадислар турлича бўлиб қолса, саҳобаларнинг сўзларига қайтиш.

 

4. Агар саҳобалар ва тобиъинларнинг сўзлари ҳам турли бўлиб кетса, ҳар бир олимниг наздида ўз диёридаги уламоларнинг сўзига қайтиш кўринади. Чунки ҳар бир олим ўз диёридаги устозининг қавлларини яхши ажратади, унинг ўзига хос усулини пухтароқ билади ва унинг фазлу¬илмини бошқалардан кўра кўпроқ ҳис этади.

 

Масалан, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон, Ибн Умар, Ибн Аббос, Зайд ибн Собит, ҳазрати Оиша розийаллоҳу анҳумлар ва уларнинг асҳобларининг сўзлари ва мазҳаблари Мадина аҳли учун олишга ҳақлироқдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ва у кишининг асҳобларининг мазҳаблари, ҳазрати Алий, Шурайҳ, Шаъбийларнинг ҳукмлари, Иброҳим Нахаъийнинг фатволари Кўфа аҳли учун олишга ҳақлироқдир.

 

Агар ўз диёрларининг уламолари бир нарсага иттифоқ қилган бўлсалар, мужтаҳидлар уни маҳкам тутганлар, ихтилоф қилган бўлсалар, солиштириб, кучлироғини олганлар. Аммо бирор масалада улардан нақл бўлмаса, ўзлари ижтиҳод қилиб, ишоралар ва тақозога кўра иш кўрганлар.

 

Мана шу кейинги табақа мужтаҳидларига Аллоҳ толо илмни китоб шаклида жамлашни илҳом қилди. Мадинада Имом Молик ва Муҳаммад ибн Абдурраҳмон, Маккада Ибн Журайж ва Ибн Уяйна, Кўфада Имом Саврий, Басрада Робиъ ибн Субайҳ (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин) фиқҳни таълиф қилдилар. Ҳанафийлардан таълиф қилиш ва дарс беришда энг гўзал ва юксак даражадаги ишларни қилган зот Муҳаммад ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳ бўлганлар.[14]

 

Шу билан бирга ҳар бир имомнинг ўзига етиб келган Қуръон ва суннат илми асосида шаклланган усулий қоидалари бўлиб, улар мазкур қоидалар асосида ижтиҳод қилганлар. Маслан, Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳадисларни танлашда Қуръонга ва шариъатнинг умумий қоидаларига мувофиқ бўлишини риоя қилганлар. Имом Молик, кўпроқ, Мадина аҳлининг амалига мувофиқ келишини назарда тутганлар. Имом Шофиъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳлар эса, ҳадиснинг ривоятдаги қувватини муқаддам қўйганлар, ваҳоказо. Фуқаҳоларнинг мазҳабларидаги турлиликка сабаб бўлган яна бошқа омиллар фиқҳ китобларида батафсил баён қилинган.

 

Бу каби ёндашувлар саҳобаи киромларнинг ўзларида ҳам бўлган. Бунга юқорида ўтган Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳунинг Фотима бинт Қайснинг гувоҳлигини инкор этиб, оятга амал қилгани, Оиша розийаллоҳу анҳо ўликнинг ортидан қолган аҳлининг йиғиси сабабли азобланишини инкор қилган чоғлари «Ҳеч ким ўзганинг юкини кўтармас»[15] оятини далил қилганларини мисол қилиш мумкин.

 

Аммо бу каби илмий ёндашувлардан узоқ, Исломий илмлардан бебаҳра бўлган айрим кишилар бўлмағур гапларни тарқатиш билан умматнинг орасида фитнага сабаб бўладилар. Бу ҳақда Муҳаммад Ғаззолий юқорила зикр қилинган «Ас¬сунна ан¬набавийя байна аҳлил¬ҳадиси вар¬раъй» асарида қуйидагиларни айтади:

 

«Бизнинг замонамизда ҳадиси набавий ҳимояси номи билан фуқаҳо имомларга нисбатан тил чўзадиган нобакор ёшлар пайдо бўлди. Ваҳоланки, фуқаҳолар суннатдан тойган эмаслар, санади саҳиҳ, матни саломат бўлган ҳадисга беписандлик ҳам қилган эмаслар. Уларнинг қилган ишлари баъзи ривоятлардаги иллатларни кашф қилиб, уни илмий асосда рад қилганлари ҳамда умматни энг тўғри сўзга, энг ҳидоятли йўлга иршод қилганлари бўлган, холос».

 

«Шунинг учун ҳам Ислом фиқҳи уламолари энг аввало Қуръонга суянган кенг кўламли ижтиҳод асосида аҳкомларни ўрнатганлар, ривоятлар тўпламидан унга мувофиқ келганини қабул қилганлар, акс ҳолда, Қуръон эргашишга ҳақлироқ бўлиб қолган».

 

«Биз бу билан саҳиҳ дейиш мумкин бўлган ҳадисни заиф демоқчимасмиз. Биз ҳадисга Қуръоннинг узоқ ёки яқин далолатлари қўрғони ичида амал қилиншига тиришмоқдамиз, холос.

 

Саҳиҳ ҳадис шоззлиги ёки зарарли иллати сабабидан, агарчи санади саҳиҳ бўлса¬да, саҳиҳлигини йўқотади...

 

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ кофирлардан бизларга қарши уруш қилган шахс билан биз ҳам уруш қиламиз, агар ўлдирилса, йиқилган жойида қолади. Аммо зиммий[16] ёки муоҳидни мусулмон ўлдирса, у ҳам ўлдирилади, дейдилар. Шу ўринда у киши «Мусулмон кофир учун ўлдирилмайди»[17] ҳадисини, агарчи санади саҳиҳ бўлса ҳам, қабул қилмайдилар. Чунки ҳадиснинг матни Қуръони Каримнинг «Жонга жон» оятига ҳамда ундан кейинги «Уларнинг орасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қил», «Жоҳилият ҳукмини истарларми?!»[18] оятларига хилоф келмоқда.

 

Биз теран фикр юритиб кўрсак, ҳанафий фиқҳининг масалада адолатга, инсон ҳуқуқлари ҳимоясига, оқу¬қоралиги, ҳуру¬озодлиги, куфру¬иймонидан қатъи назар, инсоний жоннинг эҳтиромига яқин эканини кўрамиз.

 

Агар бир файласуф битта фаррошни ўлдириб қўйса, у ҳам қатл қилинади! Ҳа, жонга жон!

 

Жамиятда бирга яшаб, динлари биз билан бошқа¬бошқа бўлган кишилар билан муносабатдаги қоида шуки, бизнинг фойдамизга бўлган нарса уларнинг ҳам фойдасига бўлади, бизнинг зиёнимизга бўлган нарса уларнинг ҳам зиёнига бўлади. Шундай экан, қандай қилиб улардан ўлдирилган бир шахснинг қони бекордан тўкилади?!

 

Менга бир хабар етиб келди. Халиж давлатларидан бирида бир бадавий америкалик бир инжинерни ўлдириб қўйибди. Ҳадис аҳли «қасос олиш жоиз эмас», дебдилар! Ҳукумат қийинчиликка тушиб қолибди. Аммо қонуний сиёсат юзасидан қотилни ўлдириш билан бу тангликдан чиқилибди!

 

Қасос ¬ Аллоҳнинг шариъати. Қуръони Каримнинг зоҳири шу. Ҳанафийлар Қуръонинг зоҳирини оҳод ҳадисдан муқаддам қўйганлар».

 

Ҳанафий мазҳабининг ўзгаларда топилмайдиган ўзига хос бир жиҳати шундаки, мазҳабдаги фиқҳий қоидалар ва фатволар машварат йўли билан тасис этилган. Муғира ибн Ҳамза айтадилар: «Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг у киши билан бирга китобларни таълиф этадиган асҳоблари қирқ киши бўлиб, улар буюкларнинг буюклари эди».

 

Муваффиқ Маккий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ўз мазҳабини машварат устига қурган эдилар. Уларни қўйиб, бир ўзига таянмас эдилар. Бу у кишининг диндаги ижтиҳоди, Аллоҳ ва унинг Расули ҳамда мўминларга нисбатан насиҳатни маромига етказганларидан эди. У киши маслаларни бирма¬бир ўртага ташлар ва ўз наздидаги гапни айтар эдилар. Бир ой ёки ундан кўп муддат мунозарадан сўнг бир тўхтамга келар эдилар, кейин Имом Абу Юсуф уни усулий қоидаларга битар, ҳатто, ҳамма усулни шу тарзда битиб тугатган эди. Мана шу афзалроқ ва тўғрироқ, ҳаққа яқинроқ, қалбга ўрнашувчанроқ ва покроқдир. Хусусан, мазҳабини ёлғиз ўзи асослаган, унда ўз фикрига чекланган кишининг мазҳабига нисбатан».[19]

 

II. Хотима.

 

Фуқаҳоларнинг ихтилофларига муносабат

 

Юқорида айтиб ўтганимиздек, фуқаҳоларнинг ихтилофлари шариъатнинг мағзида бўлган эмас, балки, жузъий масалалрада бўлган. Хусусан, ташриқ такбирлари, икки ҳайит такбирлари, Ибн Аббос ва Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳумоларнинг ташаҳҳудлари, басмала ва «амин»ни жаҳрий ёки махфий айтиш, иқоматни иккитадан ёки биттадан айтиш каби саҳобаи киромлардан икки хил важҳи нақл қилинган амалларда фуқаҳоларнинг ихтилофлари икки қавлдан бирини таржиҳ қилиш юзасидан бўлган. Бирини жоиз, иккинчисини ножоиз, деган маънода бўлган эмас. Салафи солиҳинларнинг ихтилофлари ҳам, икки ишнинг афзалини танлашда бўлган, шариъатнинг асосида эмас. Бу, худди, қироат имомларининиг қироат важҳларидаги ихтилофларига ўхшайди.[20]

 

Доктор Ваҳба Зуҳайлий ўзининг дунёга машҳур «Ал¬фиқҳ ал¬исламий ва адиллатуҳу» китобининг биринчи жилдида фуқаҳолар орасидаги ихтилофнинг сабабларини баён қилишга киришишдан олдин қуйидаги танбеҳни беради:

 

Фиқҳий илмларда мутахассис бўлмаган оддий шахсга бу каби ихтилофлар эмас туюлиши мумкин. Чунки у ўзича: «Дин бир, шариъат бир бўлса, ҳақ бир нечта эмас, битта бўлса, манба ҳам битта ¬ ваҳй бўлса, нега энди бунчали қавллар турлича бўлади? Мусулмонлар битта миллат бўгланидан кейин, нима учун уларга осон бўлган битта қавл олиниб, ягона мазҳаб қилиб қўйилмайди?» деган ўйда бўлиши мумкин. Ёки у мазҳаблардаги ихтилофни шариъат ёки қонунчилик масдаридаги зиддиятга олиб боради, деб хаёл қилиши, ёхуд бу ихтилоф бошқа динлардаги арсузакс, католик ва протестантларнинг ихтилофига ўхшаш ақийдадаги ихтилоф, деб тасаввур қилиши мумкин. Аллоҳ асрасин!

 

Бу каби тасаввурларнинг барчаси ботилдир. Исломий мазҳаблардаги ихтилоф уммат учун осонлик ва раҳматдир. Қонунчиликдаги бу улкан бой мерос биз учун азизлик ва ифтихорнинг, айни пайтда, асос ва эътиқодларда эмас, фақатгина жузъий ва амалий¬ижтиҳодий, маданий-фиқҳий масалалардаги ихтилоф¬турлиликнинг манбаидир.

 

Биз Ислом тарихида фиқҳий мазҳабларнинг мусулмонларнинг бирлигига таҳдид соладиган ўзаро низоларга, қуролли тўқнашувларга олиб келганини ёхад уларнинг душман рўбарўсида туришда ҳимматларини сўндирганини билмаймиз. Зеро у зиёни йўқ жузъий ихтилофлардир. Аммо, умматга путур етказгувчи, унинг фарзандлари орасини айиргувчи, уларнинг қувватини парчалагувчи, борлиғини яксон этгувчи ихтлоф эса, ақийдадаги ихтилофдир. ...

 

Бундан маълум бўладики, фуқаҳоларнинг ихтилофлари шариъат масдарларидан олинган нарсанинг устида бўлади, холос. Балки, ижтиҳоднинг зарурати ўзи шу. Шаръий далиллардан ҳукмни англаб олишдаги ижтиҳоднинг ўзи бевосита шуни тақозо қилади. Худди, қонун матнларининг тафсирида ҳамда шарҳ қилгувчиларнинг ўзаро ихтилофларида бу ҳол табиий бўлганидек. Бунга сабаб араб тилининг табиатидан келиб чиқиб, лафзнинг мужмал ёки бир неча маъноларни кўтара оладиган бўлиши, ёхуд ҳадиснинг ривояти, унинг мужтаҳидга етиб келишидаги кучли ва кучсиз бўлиши, ёки мужтаҳидларнинг ораларидаги ташриъий масдарга кўпроқ ёки озроқ суяниши, манфаат ва ҳожатларни, ривожланиб, янгиланиб борадиган урф-одатларни риоя қилиш сабаб бўлиши мумкин.

 

Ихтилофнинг манбаи ¬ нассларни фаҳмлаш, аҳкомларни истинбот қилишда ҳамда шариъатнинг сир¬асрорлари, шаръий ҳукмларнинг сабабларини идрок этишда инсоний ақл ва тафаккурларнинг турлилигидир.

 

Буларнинг барчаси қонунчилик масдарининг бирлиги, шариъатнинг ўзида қарама¬қаршилик бўлмаслигига зид эмас. Зеро шариъатнинг ичида зиддият йўқ. Ихитлоф фақат инсонинг ожизлиги боисидандир. Лекин ана ўша турли фикрлардан бирига амал қилиш жоиздир. негаки, ваҳй тўхтаганидан кейин у ёки бу мужтаҳиднинг зонний далиллардан фаҳмлагани асосида фикрига ғолиб келган нарсани олишдан бошқа иложи бўлмаган одамларга қийинчилик туғдирмаслик керак. Зонн эса, фаҳмлардаги турлиликнинг асосидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шунинг учун ҳам айтганларки: «Ҳукм қилгувчи ижтиҳод қилса, тўғри топса, унга икки ажр, агар хато қилса, битта ажр бор»[21].

 

Аммо собит бўлгани қатъийлиги ҳамда истинбот қилинадиган далолатининг қатъийлиги сабабли ҳукмга аниқ ва қатъий далолат қиладиган Қуръон ҳамда мутавотир ва машҳур суннатлар каби қатъий далилларга келсак, улардан олинадиган аҳкомларда ихтилоф қилишга фуқаҳоларга ҳеч қандай ўрин йўқ»[22].

 

Гап шундаки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги дини Ислом таълимотини инсоният учун юборар экан, унинг асос қисмини ўзгармас, барқарор қилиб қўйди. Унда бирор кишининг ўзгача эҳтимолни кўтаришига ўрин қолдирмади. Бошқа қисмини эса, турли, ўзгарувчан бўлишини ирода қилди. Унда умматнинг ижтиҳод қилиши, танлаб олишига имконият берди. Аввалги қисми Ислом умматининг барқарорлиги ва бирлигини таъминласа, иккинчи қисми умматнинг турлиликка бўлган башарий эҳтиёжини қондиришга хизмат қилди. Қиёматгача инсоният учун ҳар бир замон ва маконга жавоб бериши лозим бўлган диннинг шундай бўлиши, албатта, лозим эди. Бу эса, айни Аллоҳнинг раҳмати бўлди. Шунинг учун ҳам рошид халифалардан Умар ибн Абдулъазиз роҳимаҳуллоҳ айтган эдилар: «Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ихтилоф қилмаганларида, мени хурсанд қилмас эди. Чунки агар улар ихтилоф қилмасалар, рухсат бўлмас эди».

 

Хулоса

 

Нима қилиш керак?

 

Маълумки, Ислом уммати исломий илм нуқтаи назаридан етти табақага бўлинади. Уларнинг энг юқориси мустақил мутлақ мужтаҳид бўлса, энг қуйиси муқаллиддир. Ҳозирги кунда мутлақ мужтаҳид даражасига етган киши маълум эмас. Умматнинг деярли барчаси муқаллиддир. Саноқли уламолар бундан мустасно бўлиши мумкин. Демак, бизлар муқаллидмиз. Бизга энди бирор мазҳабга эргашиш вожибдир. Аммо бу ўринда «Саҳиҳ ҳадис турганида нега бир олимнинг фикрига эргашишимиз керак. Ахир, бу маъсум[23]ни қўйиб номаъсумга эргашиш эмасми?!» деган эътироз ҳам бўлиши мумкин. Бироқ, биз юқорида келтирган қоидалардан маълум бўлдики, ҳадисни қабул қилинишининг ҳам ўзига хос шартлари бор. Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олиш учун ўшанга яраша лаёқат ҳам талаб қилинади.

 

Шунинг учун ҳам, «Аҳли сунна вал жамоанинг имоми» номини олган Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳдан «Юз мингта ҳадисни ўрганган киши фатво берса, жоизми?» деб сўралганида у киши «Йўқ», деб жавоб берганлар. Икки юз минг, уч юз минг, дейилса ҳам «йўқ» деганлар. Адад беш юз мингга етганидагина: «Умид қиламан», деб жавоб берган эдилар.

 

Уламолар, жумладан, Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: «Суннат китобларининг ўзи унинг тақозосича фатво бериш учун ярашга кифоя қилмайди, балки, улар билан бирга ижтиҳод даражасида бўлиш ҳамда баҳс ва текширишларга салоҳият ҳам лозим ва лобуддир. Агар кишида мазкур шартлар мужассам бўлмаса, унга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига амал қилиш фарздир:

 

«Бас, агар билмасаларингиз, зикр аҳлидан сўранг». (Наҳл 43)

 

Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг машҳур «Ар¬рисола» асарларида шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин бирор кишига ўзидан олдинги илм тарафидан бошқа жиҳатдан гапиришини жоиз қилмади. У илм жиҳати эса, ҳамон Қуръон, суннат, ижмоъ, асарлар ва уларга қиёсан олинган нарсалардир. Қиёс учун лозим бўлган воситаларни жамлаган кишидан бошқасига қиёс қилиш мумкин эмас. У воситалар: Аллоҳнинг Китобидаги ҳукмларни ¬ фарзу¬одоби, носих¬мансухи, ому¬хоси ва иршодини ¬ билишдир».

 

Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий мазҳаблар орасидаги ихтилофларнинг сабаблари ва асослари ҳақида жуда илмий, теран ва узоқ баҳс юритгач, «саҳроларида фаҳмлар адашган, қадамлар тойилган, қаламлар ҳаддан ошган масалалар»га алоҳида танбеҳ бериш мақсадида бир фасл очиб, биринчи бўлиб қуйидагиларни айтади:

 

«Ушбу таҳрир ва таълиф қилинган тўрттала мазҳабга тақлид қилиш жоиз эканига Ислом уммати ёки умматдан сўзи олинадиган таянчли зотлар иттифоқ қилганлар. Бунда ҳеч кимга сир бўлмаган кўплаб манфаатлар бор. Хусусан, ҳозирги ҳимматлар тубанлашиб кетган, нафс-ҳаво тўлиб¬тошган, ҳар ким ўз фикрига маҳлиё бўлиб ётган кунларда (бу яна¬да муҳим)».

 

Шу билан бирга: «Хўб, бирор мазҳабга эргашдик ҳам дейлик, бироқ, башқа мазҳаблар қабул қилган масалаларнинг орасидан айрим ўзимиз хоҳлаганларимизга амал қилсак¬чи?! Ахир улар ҳам ўзларига хос далилларга асосланганлар¬ку!» дейиш мумкин.

 

Муҳаммад Амин ибн Умар Обидин роҳимаҳуллоҳ «Уқуд расмил¬муфтий» манзумасининг шарҳида қуйидагиларни айтади:

 

«Билгинки, ўзи учун амал қилмоқчи ёки бошқага фатво бермоқчи бўлган кишига ўз мазҳаби уламоларининг таржиҳ қилган қавлларига эргашиши вожибдир. Маржуҳ қавлга баъзи ўринлардагина амал қилиниши мумкин»[24].

 

Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ мазкур сўзга мўътабар фуқаҳолар, жумладан, Ибн Ҳажар Маккий, Ибн Салоҳ, Божий, Қарофий[25] каби уламолардан бу фикрга ижмоъ қилингани, мужтаҳид ёки муқаллидга рожиҳ бўлмаган ҳукм ва фатвони қилиши ҳалол эмаслиги, чунки у динда нафсу-ҳавога эргашиш бўлиб, бунинг ҳаромлигига уммат ижмоъ қилганини нақл қилганлар. Ибн Обидин жумладан шундай дейдилар:

 

«Имом Абу Амр «Одобул¬муфтий» китобида айтади: «Билгинки, кимки масалада ўз фатвоси ёки амалини биронта важҳ ёки қавлга тўғри келиши ҳамда ҳеч қандай таржиҳсиз қавл ва важҳлардан хоҳлаганига амал қилиш билан кифояланса, аниқки, жоҳиллик қилибди ва ижмоъни бузибди».

 

Тўғри, баъзи уламолар бир мазҳабдан бошқа мазҳабга ўтишни жоиз дейдилар. Аммо улар бунинг учун маълум шартлар ва чегараларни қўядилар. Биз улардан айримларини зикр қилдик. Аммо бу ҳеч қандай илмий асоссиз, шунчаки кўнгил истаги асосида ёки бирор кишига кўр-кўрона эргашиш билан бўлса, мутлақо жоиз эмас.

 

Динда нафс ҳавосига эргашиш ҳам турли кўринишда бўлиши мумкин. Мисол учун қуйидаги ҳолатларга назар солайлик.

 

• Нафсга енгиллик исташ. Масалан, бир кишининг баданидан қон чиқди. У шофиъия мазҳабида қон таҳоратни бузмайди, деди¬да, намоз ўқийверди. Кейин аёлига қўли ёки бадани тегади. У эса, ҳанафия мазҳабида аёлга қўл ёки баданнинг тегиши таҳоратни бузмайди, деди¬да яна намоз ўқийверди. Бу одамнинг намози дуруст бўлмаслигина барча уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Агар киши бир мазҳабдан бошқа мазҳабга ўтишда нафсини ҳакам қилса, ана ўшандоқ адашувга бориши табиий.

 

• Бир киши ўзи яшаб турган халқнинг орасида амалда бўлмаган бир суннатни татбиқ қилмоқчи бўлади. Одамларга мазкур амал ғаройиб туюлади ва ихтилоф чиқа бошлайди. Агар киши амалидан Аллоҳнинг амрини бажармоқчи бўлса, у Аллоҳ таолонинг тарк қилинишига рухсат берилган талаби (мустаҳаб)ни маҳкам тутиб, тарк қилинишига рухсат берилмаган талаби (фарз)ни, яъни, халқнинг бирлигини сақлаш, динда тортишувдан йироқ бўлишга қилган амрини бузаётганидан бехабар қолади.

 

• Баъзан мазкур гап¬сўзли ҳолатдан шайтон ва нафс усталик билан фойдаланиб, кишининг араблардаги «холиф туъроф»[26] мақолидаги маънога дохил бўлиб қолишига олиб келади.

 

• Кўпинча инсон юқоридагидек ҳолларда ўзи тарафдор бўлган кишига эргашишга маҳкам боғланиш билан таассубга тушиб қолади. У ўзи сезмаган ҳолда суннатга мустаҳамлик эмас, маълум ғоянинг ҳимояси учун тиришаётган бўлади. Чунки у мазкур амалидан кўра муҳимроқ бўлган, аммо, тарафдорларига хос бўлмаган шаръий аҳкомларда унчалар жонбозлик қилмайди.

 

• Айрим ҳолларда эса, киши ўзи танлаган йўлдан қайтишдан бош тортиш маъносида, ўзининг ҳақ эканини исбот қилиш учун ўжарлик билан ўзи қўл урган ишга маҳкам ёпишиб олади. Баъзи пайтларда унга қарши турган одамларга зарба ўлароқ ўз аҳдида қатъий туриб олади. Натижада унинг фаолияти динни эмас, ўзини олий қилиш йўлидаги саъй¬ҳаракатга айланиб қолади.

 

• Шу билан бирга, шариъат рухсат берган турлиликни хилофга айлантириб, ундан гула кўтариб, ўзи сезган ёки сезмаган ҳолда юқорида зикр қилинган айрим нафсоний иллатларга чалинган, натижада умматнинг бирлигига раҳна солган, мусулмонларни турли лақаблар билан айблаган, ўзи эса Исломнинг моҳиятидан узоқлашганлар ҳам талайгина. Уларнинг Исломга келтирган зиёнлари ҳам юқоридагиларникидан қолишмайди.

 

Аслида эса, Ислом васатий диндир. Унда ҳаддан ошган ҳам, нуқсонга йўл қўйган ҳам адашади. Мусулмон киши доимо юқорида эслаб ўтилганидек суратлардаги таши солиҳ амал бўёғи билан бўялган гуноҳлардан эҳтиёт бўлмоғи лозимдир. Зеро у Иблиснинг Аллоҳ таолога «... ва (бандаларингга) ўнг тарафларидан келаман..уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмассан...»[27] деган аҳдидан кўзланган ҳолатдир. (бир тафсири шундай)

 

Доимо ёдда тутиш лозимки, диннинг равнақини истаган чин мусулмон ҳар қандай фитнага сабаб бўладиган сўз ва амаллардан ўзини йироқ тутади.

 

Ушбу ўринда замонамизнинг машҳур уламоларидан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ўзларига тушган саволга жавоб ўлароқ аллома Зафар Аҳмад Усмонийнинг «Эълоуссунан» номли китобидан келтирган иқтибосларини баҳсимизнинг хулосаси сифатида келтиришни муносиб деб топдик:

 

«Муайян мазҳабни лозим тутиш ҳақидаги таҳқиқ:

 

«Ҳақиқатни айтганда, дийнда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақийм ҳидоятдадирлар. Уларнинг мазҳабларидан қай бири бир юртда тарқаган бўлса ва унинг уламолари кўп бўлса, оммий ¬ ижтиҳод даражасига етмаган ¬ киши учун ўша мазҳаьга эргашмоқ вожиб бўлади. Унга ўз юртида мазҳаби тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган имомнинг мазҳабига эргашиш жоиз эмас. Чунки, бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши фаҳм этинг. Иншоаллоҳ, ҳақиқат бундан бошқа эмас.

 

Агар юртлардан бирида барча мазҳаблар тарқалган ва машҳур бўлган бўлс ҳамда ҳар мазҳабнинг уламолари ҳам етарли бўлса, оммийга истаган мазҳабига эргашиш жоиз бўлади. У муайян мазҳабни тутмасдан, мазҳабларнинг уламоларидан, бир сафар биридан, иккинчисида бошқасидан фатво сўраса, жоиз. Салафи солиҳ розийаллоҳу анҳум шундай қилганлар. Фақат шарт шулки, бир амалда икки мазҳабдан «талфиқ» қилмасин, ҳавойи нафсига эргашиб, фақат рухсатларнинг ортидан тушмасин. Чунки бундай қилиш далил ва ижмоъ ила ҳаром қилингандир». (20¬жуз, 290¬бет.)

 

(«Талфиқ» бир масалада икки мазҳабдан енгил нарсани жамлаб олишдир. Мисол учун, бир таҳоратли одамдан қон чиққанла, Шофиъий мазҳаби бўйича, «таҳоратим синмади» деб, бироздан сўнг номаҳрам аёлга қўли тегса, Ҳанафий мазҳабиб бўйича, «таҳоратим кетмади» дейиши)

 

«Бир мазҳабдан иккинчи мазҳабга ўтиш ҳақидаги таҳқиқ:

 

«Ҳанафийлардан «Жомиъул¬фатово»нинг соҳиби айтади: «Ҳанафийга Шофиъий мазҳабига ўтиш жоиздир. акси ҳам шундай. Аммо ўтиш бир йўла бўлиши шарт. Биргина маслада ўтиш мумкин эмас. Мисол учун, ҳанафийнинг баданидан қон чиқс ва оқса, таҳорати синади ва уни ювмасдан туриб, таҳорат олмай, бу маслада Шофиъий мазҳабини тутиб намоз ўқиши жоиз эмас. Чунки таҳорат ва намознинг бошқа ҳукмларида Шофиъий мазҳабига амал қилмаган. Баъзилар, оммий одам ҳанафий бўладими, шофиъий бўладими, бир мазҳабдан бошқасига ўтиши мумкин эмас, деганлар». (20¬жуз, 193¬бет)

 

«Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, бу замонда бир мазҳабга эргашиш вожибдир. Оммий бўладими, фақиҳ бўладими, бошқа мазҳабга ўтиши муьлақо манъ қилинади. Аммо мужтаҳид ёки мужтаҳид каби бўлса, майли. Бу асрда мазкур мансабни ким ҳам даъво қила олар эди?! Бир вақтлар Ин жарир Табарий даъво қилганда қабул қилмаганлар. Суютий даъво қилганда ҳам, рад қилганлар. (20¬жуз, 195¬бет)

 

Мазкур жавобга қуйидаги маълумотларни илова қилишга ижозат бергайсиз.

 

Ихтилофларнинг олдини олиш мақсадида, фиқҳий мазҳабларнинг Қуръон ва суннат доирасида қилган ижтиҳодларини қайта қўзғаб, «қани кўрайлик¬чи, кимнинг далили кучли экан» қабилида иш тутиш ҳам манъ қилинган. Ҳатто, баъзи бир кишилар илмда юқори даражаларга эришиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини кучсизидан ажратадиган даражага етса ҳам, ўзи учун фатво чиқариб олса, майли¬ю, кўпчиликнинг бошини айлантириб, ихтилоф чиқаришга сабаб бўлмасин, дейилган.[28]

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни Унинг динига холис, юзимизни ёлғиз Унга қаратган ҳолда амал қилишимизга, динимиздаги ҳар бир масалага илмий, холисона ёндашишимизга тавфиқ берсин. Омин.

 

Фойдаланилган адабиётлар

 

1. «Қуръони Карим».

2. «Қуръони Карим маъно таржималари». (Тафсири Ҳилол) Шайх Муҳаммад Содиқ муҳаммад Юсуф.

3. «Усулул фиқҳ». Шайх Муҳаммад Содиқ муҳаммад Юсуф. Тошкент 2010.

4. «Сунний ақийдалар». Шайх Муҳаммад Содиқ муҳаммад Юсуф.

5. «Алфиқҳул¬исламий ва адиллатуҳу». Доктор Ваҳба Зуҳайлий. Дорул¬фикр. 2007.

6. «Ҳужжатуллоҳил¬балиғоҳ». Аҳмад ибн Абдурраҳим Шоҳ валиййуллоҳ Деҳлавий. Мактабат ал-кавсар. 1999.

7. «Шарҳ манзумат уқуд росмил¬муфтий». Муҳаммад Амин ибн Умар Обидин.

8. «Надва ал¬қозо аш¬шаръий фий ал¬аср ал¬ҳазир. Бир гуруҳ боҳис ва улмолар. 2006. (Ал¬мактаба аш¬шамила).

9. «Туҳфатул¬ахяр бииҳяи суннати саййидил¬аброр». Абдулҳай Лакнавий. Таҳқиқ: Абдулфаттоҳ Абу Ғудда.

10. «Ас¬сунна ан¬набавийя ва баян мадлулиҳа аш¬шаръий». Аллома Абдулфаттоҳ Абу Ғудда.

11. «Ал¬фаваид ал¬мустамад фи илм муталаҳил¬ҳадис». Аллома Абдулфаттоҳ Абу Ғудда.

12. «Ал¬фусул фи мусталаҳ ҳадис ар¬росул». Ҳофиз Саноуллоҳ Зоҳидий. (Ал¬мактаба аш¬шамила.)

13. «Асар илал ал¬ҳадис фий ихтилаф ал¬фуқоҳа». Моҳир Ясин Фаҳл. (Ал¬мактаба аш¬шамила.)

14. «Ассунна ан¬набавийя байна аҳлил¬ҳадис вар¬раъй». Шайх Муҳаммад Ғаззолий.

15. «Аллаамазҳабийя». Муҳаммад Саид Рамазон Бутий.

16 . «Ал¬мақосид ал¬ҳасана фий касир минал¬аҳадис ал¬муштаҳирати алал¬алсина» Абдурраҳмон ас¬Саховий. (Ал¬мактаба аш¬шамила.)

17. «Буҳус фий илми усулил фиқҳ». Доктор Аҳмад ал Курдий. (Ал¬мактаба аш¬шамила.)

18. «Ал¬важиз фий усулил¬фиқҳ». Доктор Ваҳба Зуҳайлий. Дорул¬фикр. 1999.

19. «Ал инсоф фий баян асбаб ал ихтилаф». Аҳмад ибн Абдурраҳим Шоҳ валиййуллоҳ Деҳлавий. (Ал¬мактаба аш¬шамила).

 

[1] Жумъа сураси 2¬оятдан иқтибос.

[2] «Суннат» сўзининг шаръий таърифини уламолар ўзларининг шаръий илмлардаги соҳаларига биноан турлича баён қилганлар. Муҳаддисларнинг таърифи:

«Суннат , бу ¬ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ¬ пайғамбар бўлишларидан аввал ёки кейин бўлишидан қатъи назар ¬ нисбат берилган сўз, амал, тақрир ҳамда хилқий ва хулқий сифатлардир».

Фақиҳларнинг таърифи:

«Суннат, бу ¬ фарз ва вожибликсиз талаб қилинган шаръий далил билан собит бўлган нарсадир».

Ваъз ва иршод аҳлининг таърифи: «Суннат ¬ бидъатнинг зиддидир».

Аммо «суннат» лафзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ёки тобиъинлардан содир бўлса, у «динда эргашиладиган шаръий йўсин, тўғри набавий йўл» деган маънони билдиради. Бу, албатта, мақтовли ёки талаб ўринларида келганидадир. Бунда фарз, ва вожибнинг қаторидаги «суннат» тушунилмайди. Балки, у ақида, ахлоқ, фарз, вожиб, мандубларни, буйруқ ва қайтариқни ўз ичига олади. Зеро юқоридаги таърифлар кейинги асрларда пайдо бўлган илмий атамалардир. Сўзимизнинг тасдиғи учун бир¬¬икки мисол келтирайлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менинг суннатимдан юз бурса, у мендан эмасдир» деган сўзларининг шарҳида Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Фатҳу묬борий фий шарҳи соҳиҳи묬бухорий» асарида айтадилар: «Суннатдан мурод «тариқа»дир, фарзнинг муқобилидаги (суннат) эмас».

Шунингдек, рошид халифаларнинг йўллари ҳам шариъатда «суннат» деб аталган.

Ирбоз ибн Сория розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун жуда ҳам балоғатли, таъсирли ваъз қилдилар. Ундан кўзлар йиғлади, қалблар ларзага келди. Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, бу худди видолашгувчининг ваъзидек бўлди. Бизларга нимани васият қиласиз?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мен сизларга қулоқ осиш ва эргашишни васият қиламан. Агарчи (имо쬬халифангиз) ҳабаш қул бўлса ҳам. Сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўплаб ихтилофларни кўради. Бас, сизлар менинг суннатим ва тўғри йўлдаги, ҳидоятли халифаларимнинг суннатини лозим тутинглар. Уни маҳкам ушланг, қозиқ тишларингиз билан тишланг. Янги пайдо бўлган нарслардан сақланинг. Чунки ҳар бир бидъат залолатдир». Имом Абу Довуд ва Имом Термизийлар ривоят қилган.

(«Қозиқ тишлар» деганда озиқ тишлар билан олд тишларнинг орасидаги таянч тишлар, яъни, туювчи тишлар тушунилади. Баъзилар уни озиқ тишлар ҳам деган.)

Ушбу ҳадисдаги «менинг суннатим....» иборасининг шарҳида Шайх Абдулғаний Нобулисий ўзининг «А묬ҳадийқотун¬¬надийя шарҳут¬¬торийқоти묬муҳаммадийя» асарида шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «суннат»и ¬ бу¬ у зотнинг сўзлари, ишлари, эътиқодлари, ахлоқлари ҳамда ўзганинг айтган сўзи ёки амалига сукутларига нисбатан қўйилган номдир».

Шунга биноан рошид халифалардан кейин бошланган ихтилоф ва бўлининшлар авж олиб, турли тоифалар вужудга келгач, Ислом умматининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларнинг йўлларини оғишмай, маҳкам тутган асосий катта жамоаси «Аҳли сунна ва묬жамоа» деб ном олган.

«Суннат» сўзи «йўл, тариқа, одат» мазмунида салбий маънода ҳам ишлатилган. Имом Муслим, Имом Термизий ва бошқа имомлар Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан шундай дейдилар: «Кимки бир яхши суннатни йўлга қўйса, унга унинг савоби ҳамда ундан кейин ўшанга амал қилганларнинг ҳам ажрлари берилур. Албатта, уларнинг ажрлари камайтирилмаган ҳолда. Кимки бир ёмон суннатни йўлга қўйса, унга унинг гуноҳи ҳамда ундан кейин ўшанга амал қилганларнинг гуноҳи бўлур. Албатта, уларнинг гуноҳлари камайтирилмаган ҳолда». Яъни, ушбу ҳадисда яхши амалга ҳам, ёмон амалга ҳам «суннат» лафзи «одат, тариқа» маносида ишлатилгандир. Аммо ушбу мақолада «суннат» деганда усулул¬фиқҳ уламоларининг таърифларидаги суннат устида гап боришини таъкидлашимиз лозим.

[3] Ифрот ¬  ҳаддан ошиш, тафрит  ¬ ноқисликка йўл қўйиш.

[4] Наҳл 44.

[5] Муоҳид ¬ маълум шарт асосида Ислом ўлкасида яшовчи номусулмон.

[6] Ушбу ҳадиснинг шарҳида кўплаб фикрлар айтилган. Энг машҳурига кўра ҳадис қуйидагича тушунилади: «Зарар келтириш ҳам йўқ, зарар қайтариш ҳам йўқ».

[7] «Яқийн» сўзи луғатда «шакни кўтармайдиган аниқ ишонч» деган мазмунни ифодалайди. Уламолар истилоҳига келсак, Журжоний шундай дейди: «Яқин   бир нарса ҳақида завол бўлиши мумкин бўлмайдиган даражадаги воқеъга мувофиқ суратда, ўзгача бўлиши мумкин эмас, деган қатъий ишонч билан «фалондай» деб эътиқод қилмоқдир». Яъни, у қўл билан ушлаб, кўз билан кўрган даражадаги ишончни билдиради.

[8] «Зонн» сўзи луғатда «гумон» деган маънони билдиради. Шариъат уламолари истилоҳида эса, «зинҳор, заррача ҳам гумонни кўтармайдиган, аммо, қатъий илми яқийннинг даражасига етмаган саҳиҳ илм»ни англатади. Бу ерда ҳам, албатта, истилоҳий маъно назарда тутилган.

Илм сўзи луғатда «билмоқ» дегани. Ислом уламолари таърифида «ҳақиқатни худди воқеъликдагидек идрок қилиш илмдир». Усулийларнинг истилоҳида эса, «илм   яқийн ёки зонн тариқи билан ҳосил бўлган маърифатдир». Уламолар «илм»ни беш даражага бўладилар:

1) «Яқийн» ёки «қатъ»   қатъий ишонч даражасига етган илм. Унда ишонч тўла, яъни, 100% бўлади. Унинг зиддининг мавжуд бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун уни «илм» деб ҳам номлайдилар. 2) «Ғалабатуззонн»   у қарийб яқийнни ифодалайди. Унда зиддининг эҳтимоли жуда кучсиз бўлиб, ишонч 90% бўлади. 3) «Зонн»   унда ишонч жиҳати устин, тақрибан 70% бўлиб, аксининг эҳтимоли паст бўлади. 4) «Шак»   унда икки тарафнинг эҳтимоли баробар бўлади. 5) «Ваҳм»   унда аксининг эҳтимоли баланд бўлади.

[9] Мунқатиъ ¬ қайси жиҳатдан бўлмасин, санади узилган ҳадис.

Муъзал ¬ қайси ўринда бўлмасин, санадидан кетма¬кет икки ёки ундан ортиқ киши тушиб қолган ҳадис.

Муаллақ ¬ санадининг аввалидан баъзиси ёки ҳаммаси олиб ташланган ҳадис. Тушириб қолдирилган киши агар таниқли ва сиқа бўлса, ҳужжатга олинади, акс ҳолда заиф бўлади.

[10] Сиқа ¬ ўзида адолат ҳамда забт ва итқонни мужассам этган «ишончли» кишидир. Адолат ¬ ровийнинг ростгўйлик, омонатдорлик ва тақвода барқарорлиги, ширк, бидъат, фисқу¬фужур ва пасткаш ишлардан саломатлигир. Забт ва итқон ¬ ровийнинг ривоятни лозим бўлганидек эшитгани, уни дақиқ тушунгани, иккиланишсиз мукаммал ёд олгани ҳамда эшитганидан то адо (ривоят) қилгунича бўлган муддатда мазкурларда собит туришидир.

[11] «Муснад»   санади узилмаган ҳадис.

[12] Байҳақий ривоят қилган ва «саҳиҳ эмас» деган. Ибн Жавзий «Мавзуот»да келтирган.

[13] Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилган.

[14] Олдинги ва ушбу сарлавҳа остидаги шу ергача айтилган гаплар Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавийнинг «Ҳужжатуллоҳил¬балиғоҳ» (1 жуз,433¬448 ) асаридан бироз ўзгариш билан қисқартирилган ҳолда олинди.

[15] Исро 15.

[16] Зиммий ¬ мусулмон давлатида истиқомат қилувчи ғайри дин.

[17] Имом Бухорий ривоят қилган.

[18] Моида сураси 45, 48, 50 оятлардан иқтибос.

[19] Муҳаммад Аднон Дарвеш. «Бадоиъус¬саноиъ фий тартибиш¬шароиъ» китобининг таҳқиқига ёзган муқаддимасидан.

[20] «Ҳужжатуллоҳил¬балиғоҳ» (1 жуз, 485 б.)

[21] Мутафақун алайҳ.

[22] «Ал¬фиқҳ ал¬исламий ва адиллатуҳу», 1¬ж, 83¬85 б.

[23] Гуноҳдан холи.

[24] Таржиҳ ¬ бир¬бирига акс бўлган далилларни солиштириб, қувватлисини аниқлаш. Маржуҳ ¬ солиштирилганидан кейин қувватсизлиги маълум бўлган қавл. Маржуҳ қавлга амал қилишнинг жоиз ўринлари ҳақида Ибн Обидин рисоланинг охирларида баён қилиб, у махсус ўринларда, узрли ҳолларда бўлиши мумкинлигини таъкидлаганлар.

[25] Ибн Ҳажар ал¬Маккий ¬ Аҳмад ибн Ҳажар ал¬Ҳайтамий шофия мазҳабининг йирик фақиҳларидан. (909¬973 ёки 974 ҳ. 1504¬1567 м.)

Ибн Салоҳ ¬ Абу Амр Усмон ибн Абдурраҳмон Шаҳразурий (557¬643 ҳ. 1161¬1245 м.)

Божий ¬ Абулвалид Сулаймон ибн Халаф ал¬Қуртубий ал¬Божий. Моликия мазҳабининг буюк фақиҳларидан. (403¬474 ҳ. 1012¬1081 м.)

Қарофий ¬ Абул¬Аббос Аҳмад ибн Идрис ал¬Қарофий. Моликия мазҳабининг мўътабар фақиҳларидан. (в. 684 ҳ. 1285 м.)

[26] «Хилоф қил, таниласан!»

[27] Бу ерда Аъроф сурасининг 17¬оятига ишора қилинмоқда. Унда Иблиснинг сўзи ҳикоя қилинган:

«Сўнгра уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмассан».

[28] «Усулул¬фиқҳ» 526¬527 бетлар. Тошкент 2010.

 


1 ўн йил аввал 6009 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Маккаи мукаррама мадрасаси
Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда туғилиб ўсганлар, Қуръони Карим дастлаб шу ерда нозил бўлган ва дийннинг аввалги ўн уч йилги босқичи ҳам шу ерда кечган давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Усулул фиқҳ китоблари
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тарийқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Истинбот» сўзи давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фатво китоблари ва фатвога масъуллар
Араб тилида «фатво» сўзи «қийин саволга жавоб бе-риш» маъносини англатади.Шаръий истилоҳда эса, сўраган кишига далил асосида шаръий ҳукмни баён қилиб беришга «фатво» дейилади. Биринчи фатво давоми...
1 ўн йил аввал 11785 Одилхон қори Юнусхон ўғли
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳадис ва раъй мадрасалари
Ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақидаги эски маълумотлардан ҳозирда кўп тарқалгани кишилар орасида бу борада нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келган. Уларда айти-лишича, гўёки, ҳадис мадрасалари фиқҳий ижтиҳодни давоми...
1 ўн йил аввал 5968 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ихтилофчи бемазҳаблар
Инсоф билан айтадиган бўлсак, ихтилоф билан ихтилофнинг фарқи бор. Одамлар орасида ихтилоф бўлиш турган гап. Жумладан, дийний матнларни англашда ҳам ихтилоф бор ва бу табиий ҳолат. Аммо табиий ихтилофлар яхши давоми...