Ҳаж ҳақида рисола


БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Умрда бир маротаба ҳаж қилишни фарз қилган, ҳар вақт умра ибодатини бажаришни суннат қилган ва улуғ қабр соҳибига ҳаж ва фурқон сурасини нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оилаларига ва асҳобларига кўплаб солавоту саломлар бўлсин.
ҲАЖНИНГ ФАЗИЛАТИ
Ҳаж ислом динининг муҳим фарзи ҳамда ошиқона ибодатларидандир. Унга эътибор бериб, сидқи дилдан у ибодатни бажарувчиларга беҳисоб ажру савоблар ваъда қилинган. Унга бепарво бўлган кишиларга эса, ваъидлар мавжуддир.
Имом Табароний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Муъжами кабийр” асарларида ҳаж ибодатини бажаришга юзланган кишиларга бериладиган мукофат ҳақида ворид бўлган қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضى الله عَنْهُمَا ، أَنَّهُ قَالَ لِبَنِيهِ : اخْرُجُوا حَاجِّينَ مِنْ مَكَّةَ مُشَاةً ، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ : إِنَّ لِلْحَاجِّ الرَّاكِبِ بِكُلِّ خُطْوَةٍ تَخْطُوهَا رَاحِلَتُهُ سَبْعِينَ حَسَنَةً ، وَلِلْمَاشِي بِكُلِّ خُطْوَةٍ يَخْطُوهَا سَبْعُمِائَةِ حَسَنَةً.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўз ўғилларига: “Эй, ўғилларим! Маккадан (арафотга) пиёда ҳаж қилгувчи ҳолда чиқинглар. Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “(Маккадан Арофатгача улов билан борган) Уловлик ҳожи учун улови босиб ўтган ҳар бир қадамига етмишта ҳасанот, (Маккадан Арофатгача юриб бориб ҳаж қилган) пиёданинг ҳар бир қадамига эса, етти юзта ҳасанот бўлади” деяётганларини эшитганман” деди” (Муъжамул кабий).
________________________________________

Имом Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Мустадраку Ҳоким”, Имом Абу Бакр Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳўзларининг “Шуаъбул иймон” асарларида саҳиҳ санад билан қуйидаги ҳадисни нақл қилганлар:
عَنْ زَاذَانَ قَالَ : مَرِضَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُمَا مَرَضًا فَدَعَا وَلَدَهُ فَجَمَعَهُمْ فَقَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ :«مَنْ حَجَّ مِنْ مَكَّةَ مَاشِيًا حَتَّى يَرْجِعَ إِلَى مَكَّةَ كَتَبَ اللَّهُ لَهُ بِكُلِّ خَطْوَةٍ سَبْعَمِائَةِ حَسَنَةٍ كُلُّ حَسَنَةٍ مِثْلُ حَسَنَاتِ الْحَرَمِ» قِيلَ وَمَا حَسَنَاتُ الْحَرَمِ قَالَ «بِكُلِّ حَسَنَةٍ مِائَةُ أَلْفِ حَسَنَةٍ».
Зозон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қаттиқ касал бўлиб, фарзандини чақириб, уларни жамлаб:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким пиёда Маккадан ҳаж қилса, Маккага қайтгунича Аллоҳ унинг ҳар бир (босган) қадамига етти юзта ҳасана ёзади. Ҳар бир ҳасана ҳарам ҳасанотлари мисличадир” дедилар. “Ҳарам ҳасанотлари нима?” дейилди. У зот:
“Ҳар бир ҳасана эвазига юз минг ҳасана бордир” дедилар” деяётганларини эшитганман” деди” (Ҳоким, Байҳақий ривояти).
Юз мингни етти юзга кўпайтирилса етмиш миллион бўлади. Шунинг учун Маккадан Арафотгача пиёда юриб ҳаж қилинса, ҳар бир босилган қадамга етмиш миллион ҳасана берилади.
Бир ибодат эвазига юз минглаб, ўн миллионлаб ибодатлар савобини ато қилиш Аллоҳ таолонинг бандаларига берган инъоми ва фазлидир.
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم :«إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ يُدْخِلُ بِالْحَجَّةِ الْوَاحِدَةِ ثَلاَثَةَ نَفَرٍ الْجَنَّةَ الْمَيِّتَ وَالْحَاجَّ عَنْهُ وَالْمُنْفِذَ ذَلِكَ».
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ азза важалла битта ҳаж билан уч нафар кишини жаннатга киргазади: Маййит, ҲАЖИ БАДАЛ қилувчи, ҳажжи бадални қилдиргувчи(васий)ни” дедилар”(Байҳақий ривояти).
عَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ رَفَعَهُ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : الْحَاجُّ يَشْفَعُ فِي أَرْبَعِ مِائَةِ أَهْلِ بَيْتٍ ، أَوْ قَالَ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ ، وَيَخْرُجُ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу марфуъ ҳолатда ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ҳожи тўрт юз хонадон аҳлини ёки (бир ривоятда) “ўз аҳли байтидан тўрт юзтасини шафоат қилади ва гуноҳларидан онасидан туғилган кундагидек пок бўлади” дедилар” (Муснади Баззор).
عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " إِذَا خَرَجَ الْحَاجُّ مِنْ أَهْلِهِ فَسَارَ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ أَوْ ثَلَاثَ لَيَالٍ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ، وَكَانَ سَائِرُ أَيَّامِهِ دَرَجَاتٍ"...
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ҳожи аҳлидан чиқиб, уч кун ёки уч кеча юрса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек (пок) бўлиб чиқур. (ундан кейин ҳаж сафарида ўтказган) Қолган кунларда унинг мартабаси юқори бўлади” дедилар” (Байҳақий ривояти).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ حَجَّ هَذَا الْبَيْتَ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَمَا وَلَدَتْهُ أُمُّهُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким бу байтни ҳаж қилиб, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилган кундагидек бўлиб қайтади”, дедилар” (Бухорий ривояти).
Саҳобаи киромлар, тобиинлар қанчалар банд бўлишларига қарамай кўплаб ҳаж ва умра қилишга қаттиқ бел боғлаганлар. Ҳазрати Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам эллик беш маротаба ҳаж қилганлар. Шунинг учун кимгаки Аллоҳ таоло соғлик-саломатлик ҳамда мол-дунёда кенгчиликни ато қилган бўлса, фақат, фарз қилинган ҳаж билан кифояланиб қолмай, вақти-вақти билан қайта-қайта ҳаж қилишга ҳаракат қилиб туриш лозим. Энг камида ҳар тўрт ёки беш йилда бир маротаба ҳаж қилиб туриши лозим. Қайта-қайта ҳаж қилиш фарз ёки вожиб бўлмасада, лекин кўплаб ажру савобга сабаб бўлувчи амаллардандир. Шу билан бир қаторда қайта-қайта ҳаж қилиш билан фақирлик ва муҳтожликдан сақланилган бўлади.
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يَرْفَعُهُ قَالَ: " مَا أَمْعَرَ حَاجُّ قَطُّ "، فَقِيلَ لِجَابِرٍ: مَا الْإِمْعَارُ ؟، قَالَ: " مَا افْتَقَرَ".
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилинади:
“Ҳожи ҳаргиз имъор бўлмас” дедилар. Жобирга “Имъор нима?” дейилди. У:
“Фақир бўлмас (деганидир)” деди” (Байҳақий ривояти).
عَنْ أبي سعيد رَضِيَ الله عَنْه قال أَنَّ رَسُولَ الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال عن اللَّهِ عز وجل يقول إِنَّ عَبْدًا أَصْحَحْتُ لَهُ جِسْمَهُ وَأَوْسَعْتُ عَلَيْهِ في المعيشة تمضي عليه خمسة أَعْوَامٍ لَا يَفِدُ إِلَيَّ لَمَحْرُومٌ.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ азза важалла деди:
“Қайси бандани жисмини соғлом, ризқини кенг қилсам, сўнг у ҳар беш йилда мени ҳузуримга ҳозир бўлмаса, (у раҳматимдан) маҳрумдир” дедилар” (Ибн Ҳиббон ривояти).
Бошқа бир ҳадисда ҳар тўрт йилда деб ривоят қилинган. Эй, Аллоҳим! Бизларни мақбул бандаларингдан қилгин ва қайта-қайта Ўзингни байтингга боришга мушарраф қилгин ҳамда ҳабибинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни такрор-такрор зиёрат қилишни насиб этгин. Амийн!
صلِّ وَسَلِّم دائماً أبَدَاً على صَفِيِّكَ خَيرِ الخَلقِ كُلِّهِمُ
اللَّهُ أَكْبَرُ كَبِيراً وَالْحَمْدُ لِلَّهِ كَثِيراً
وَسُبْحَانَ اللَّهِ بُكْرَةً وَأَصِيلاً

ҲАЖ ВА УМАРАДА БАЖАРИЛАДИГАН АМАЛЛАРНИНГ ЖАДВАЛИ
Ҳажнинг уч қисми ва умрада бажариладиган фарз, вожиб ҳамда суннат амалларнинг барчасини қисқа тарзда ҳожиларга қулай бўлиши учун қуйида жадвал кўринишида тақдим қиламиз. Ҳаж ва умрада қилинадиган амалларга бу орқали кўз югиртириш жуда осон бўлади. Шу билан бир қаторда толиби илмларга ҳам ҳаж ва умра амалларини ўрганишларида енгиллик ва қулайлик пайдо бўлади.

Ифрод ҳажининг амаллари    Қирон ҳажининг амаллари
1    Эҳромга кириш    Шарт    1    Ҳаж ва умра иккисига бирдан эҳромга кириш    Шарт   
2    Рамл (паҳлавонча юриш) билан тавофи қудум қилиш    Суннат    2    Умра тавофи    Рукн   
3    Сафо ва Марво тепалигида саъй қилиш    Вожиб    3    Умра тавофида рамл қилиш    Суннат   
4    Арафотда туриш    Рукн    4    Умранинг саъйи    Вожиб   
5    Муздалифада туриш    Вожиб    5    Рамл билан тавофи қудум қилиш    Суннат   
6    Қурбонлик куни жамраи ақабада шайтонга тош отиш    Вожиб    6    Ҳажнинг саъйи    Вожиб   
7    Соч олдириш ёки қисқартириш    Вожиб    7    Арафотда туриш    Рукн   
8    Тавофи зиёрат    Рукн    8    Муздалифада туриш    Вожиб   
9    Ўн биринчи ва ўн иккинчи кунлари шайтонга тош отиш    Вожиб    9    Қурбонлик куни жамраи ақабада шайтонга тош отиш    Вожиб   
10    Минода кечани ўтказиш    Суннат    10    Қурбонлик қилиш    Вожиб   
11    Видолашув тавофи    Вожиб    11    Соч олдириш ёки қисқартириш    Вожиб   
            12    Жамраи ақабага тош отиш, қурбонлик ва соч олдиришда тартибга риоя қилиш    Вожиб   
            13    Зиёрат тавофи    Рукн   
            14    Ўн биринчи ва ўн иккинчи кунлари шайтонга тош отиш    Вожиб   
            15    Минода кечани ўтказиш    Суннат   
            16    Видолашув тавофи    Вожиб   
Таматтуъ ҳажининг амаллари    Умранинг амаллари   
1    Умрага эҳромга кириш    Шарт    1    Умарага эҳромга кириш    Шарт
2    Умранинг тавофи    Рукн    2    Умра тавофи    Рукн
3    Рамл билан умра тавофини қилиш    Суннат    3    Умранинг саъйи    Вожиб
4    Умранинг саъйи    Вожиб    4    Соч олдириш ёки қисқартириш    Вожиб
5    Умра арконларидан кейин соч олдириш ёки қисқартириш    Вожиб    5    Видолашув тавофи    На вожиб ва на суннат
6    Саккизинчи зул ҳижжа куни ҳажга эҳромга кириш    Шарт           
7    Арафотда туриш    Рукн           
8    Муздалифада туриш    Вожиб           
9    Қурбонлик куни жамраи ақабада шайтонга тош отиш    Вожиб           
10    Қурбонлик қилиш    Вожиб           
11    Соч олдириш    Вожиб           
12    Жамраи ақабага тош отиш, қурбонлик ва соч олдиришда тартибга риоя қилиш    Вожиб           
13    Зиёрат тавофи    Рукн           
14    Ҳажнинг саъйи    Вожиб           
15    Ўн биринчи, ўн иккинчи кунларнинг тошини отиш    Вожиб           
16    Минода кечани ўтказиш    Суннат           
17    Видолашув тавофи    Вожиб           
                           


ҲАЖНИНГ БЕШ КУНИ
Ҳажнинг биринчи куни: Саккизинчи зул ҳижжа ҳажнинг биринчи куни ҳисобланади. У кунда қуйидаги амал қилинади:
1. Бомдод номозидан кейин Мино томонга равона бўлинади ва Минода пешин, аср, шом, хуфтон ва зул ҳижжанинг тўққизинчи кунининг бомдод намозлари адо қилинади. Лекин, бугунги кунда йўл-йўриқ кўрсатувчилар еттинчидан саккизинчи кунга ўтар кечаси ҳожиларни Минога олиб чиқиб кетмоқдалар. Турли кўнгилсиз ҳолатларга тушмаслик учун улар билан Минога чиқиб кетиш лозим.
Ҳажнинг иккинчи куни: Зул ҳижжанинг тўққизинчи куни ҳажнинг иккинчи куни ҳисобланади. У куннинг бомдод намозидан кейин арафотга равона бўлинади. Арафотда қилинадиган амалларни қай тарзда бажарилишини “Арафот масалалари” сарлавҳаси остида келгуси сатрларда баён қиламиз.
Арафотда пешин билан аср намозларини биргаликда пешин вақтида адо қилинади ва арафот нускларидан фориғ бўлингач, қуёш ботганидан кейин Муздалифага равона бўлинади. Шом билан хуфтон намозларини Муздалифага бориб, хуфтон вақтида иккала намозни жам қилиб адо қилинади ва кечани Муздалифада ўтказилади.
Ҳажнинг учинчи куни: Зул ҳижжанинг ўнинчи куни ҳажнинг учинчи куни ҳисобланади. У кунда бир неча ҳаж амаллари бажарилади. Улардан тўрттаси вожиб, биттаси фарз бўлиб, жами бешта ҳаж амали бажарилади. Улар қуйидагилар:
1. Муздалифада бомдод намозини ўқигандан кейин, ҳали қуёш чиқишидан олдин вуқуф қилинади ва қуёш чиқишидан бироз аввал Минога равона бўлади;
2. Минога келиб, энг биринчи жамраи ақабага тош отади. Жамраи ақбага тош отишнинг энг афзал вақти зул ҳижжанинг ўнинчи куни қуёш чиққанидан бошлаб заволгачадир. Аслида заволдан кейин ҳам кароҳиятсиз дуруст бўлаверади. Лекин, қуёш ботиши билан макруҳ вақт киради. Агар шомгача тиқин бўлса ва бу тиқинлик шомдан кейин ҳам давом этса, қуёш ботгандан кейин жамраи ақабага тош отиш макруҳ бўлмайди ва зул ҳижжанинг ўнинчи куни жамраи ақабада йгирма тўрт соат тош отиш жоиздир;
3. Агар ҳожи таматтуъ ёки қирон қилгувчи бўлса, ўнинчи зул ҳижжа куни шайтонга тош отгандан кейин қурбонлик қилади;
4. Агар ҳожи таматтуъ ёки қирон қилгувчи бўлмаса, жамраи ақабадан кейин сочини олдиради. Агар ҳожи таматтуъ ёки қирон қилгувчи бўлса, қурбонликдан кейин соч олдиради;
5. Ҳажнинг энг муҳим рукни ва фарзи бу тавофи зиёратдир. Ўнинчи зул ҳижжа куни имкони борича тавофи зиёратни қилиш афзал ва яхшидир. Агар у куни тавофи зиёратни қилиш имкони бўлмаса, ўн биринчи, ўн иккинчи кунларигача кечиктиришни имкони бор. Лекин, ўн иккинчи зул ҳижжанинг қуёши ботишидан аввал тавофи зиёратдан фориғ бўлиш вожибдир. Ўнинчи зул ҳижжада қилинадиган амалларни қилиб бўлгандан кейин Минога келиб, ўнинчи кечани у ерда ўтказади. Ўн биринчи, ўн иккинчи кечаларни Минода ўтказиш суннатдир.
Ҳажнинг тўртинчи куни: Ҳажнинг тўртинчи куни Зул ҳижжанинг ўн биринчи кунига тўғри келади. У кунда фақат бир амал қилинади, у заволдан кейин учта жамаротга тош отишдир. Заволдан илгари у куннинг тошларини отиш жоиз эмас. Балки, заволдан кейин қуёш ботишидан аввал тош отиш афзалдир. Қуёш ботгандан кейин макруҳ вақт бошланади. Тиқин бўлгани сабабли у кунни тошларини отиш шомдан кейинга сурилиб кетса, субуҳ содиқдан аввалроққача шайтонга тош отиш кароҳиятсиз дуруст бўлади. Узурсиз тош отишни ортга суриш макруҳ бўлади. Лекин, унинг зиммасига тош отишни кечиктиргани учун бирор нарса вожиб бўлмайди. Агар кейинги куннинг субҳи чиқишигача шайтонга тош отмаса, унинг зиммасига қон вожиб бўлади. Ўн иккинчи куннинг заволидан кейин уни қазосини қилиши лозим бўлади. Ўн биринчи куннинг тошини отишга белгиланган вақт 12 кунни субҳи киргунича давом этади. У тахминан 16, 17 соатни ташкил қилади. Ўн биринчи куннинг кечасини Минода ўтказиш суннатдир.
Ҳажнинг бешинчи куни: Ҳажнинг бешинчи куни зул ҳижжанинг ўн иккинчи кунига тўғри келади. У куни ўн биринчи кунда шайтонга заволдан кейин тош отгани каби учта жойда тош отади. Агар ўн иккинчи куни Минодан Маккаи мукаррамага чиқиб кетишни хоҳласа, қуёш ботишидан олдин тош отиб, Минодан чиқиб кетади. Агар тиқин бўлгани боис тош ота олмаса, кечасида тош отиб Минодан чиқиб кетиши кароҳиятсиз жоиздир. Ўзини бепарволиги сабабли тош отишни ортга суриб, кечаси тош отиб Минодан чиқиб кетиши макруҳдир. Лекин, унинг зиммасига бирор нарса лозим бўлмайди. Узур ёки тиқин бўлгани сабабли ўн учинчи зул ҳижжанинг субҳ содиғидан аввалроқ шайтонга тош отиб, Маккаи мукаррамага чиқиб кетса, кароҳиятсиз дуруст бўлади. Ўн иккинчи куннинг тош отиш вақти у куннинг заволидан ўн учинчи куннинг субҳ содиғигачадир. Тахминан 16, 17 соатни ташкил қилади.
Агар ўн учинчи куннинг субҳ содиғигача Минода қолиб кетса, у куннинг тошини отиш лозим бўлиб қолади. Ўн учинчи куннинг тошини отиш ҳам рожиҳ қавлга биноан заволдан кейин бошланади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида заволдан олдин тош отиш кароҳият билан жоиз бўлади. Бу масалани батафсил тарзда шайтонга тош отиш мавзусида кўриб чиқамиз. Ўн учинчи куннинг қуёши ботгандан кейин батамом шайтонга тош отиш вақти тугайди.
صلِّ وَسَلِّم دائماً أبَدَاً على صَفِيِّكَ خَيرِ الخَلقِ كُلِّهِمُ
اللَّهُ أَكْبَرُ كَبِيراً وَالْحَمْدُ لِلَّهِ كَثِيراً
وَسُبْحَانَ اللَّهِ بُكْرَةً وَأَصِيلاً

________________________________________
[1] Қаранг: Саҳиҳи Бухорий Ж. I. Б. – 295, 474 (2166, 3247 ҳадислар).
[2] Маъорифул Қуръон. Ж. VII. Б. – 457.
[3] Фатҳул борий. Ж. VI. Б. – 461.
[4] Имом Азроқий. Ахбори Макка. Ж. I. Б. – 52.
[5] Саҳиҳи Бухорий. Ж. I. Б. – 475.
[6] Саҳиҳи Бухорий. Ж. I. Б. – 475-76 (3252, 3253 ҳадис).
[7] Қаранг: Маъорифул Қуръон. Соффот сураси 103 оят шарҳи.
[8] Қаранг: Маъорифул Қуръон. Ж.VII. Б. – 460.
[9] Қаранг:Саҳиҳи Бухорий. Ж. I. Б. – 474-77.
[10] Қаранг: Қаранг:Саҳиҳи Бухорий. Ж. I. Б. – 474-77 (3252, 3253 ҳадислар).
[11] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий. Ж. VI. Б. – 465 (3365 ҳадис шарҳи).
[12] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий. Ж. VI. Б. – 465.
[13] Руҳул маъоний. Ж. X. Б. – 213., Сунани кубро. Ж. VII. Б. – 385.
[14] Руҳул маъоний. Ж. X. Б. – 213., Тафсиру ибн Касир. Ж. II. Б. – 539.
[15] Ат-Тарғийб ват тарҳийб. Ж. II. – Б. 107.
[16] Қаранг: Ат-Тарғийб ват тарҳийб. Ж. II. – Б. 109.


8 йил аввал 8463 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳажнинг таърифи, фарзлиги ва шартлари
Ҳажнинг луғавий маъноси “қасд қилмоқ”. Истилоҳий маъноси эса “маълум вақтда”, “маълум маконда”, “маълум ибодатларни ният билан адо этиш”дир. Ҳаж ҳаж бўлиши учун албатта Зул-Ҳижжа ойининг тўққизинчи куни, яъни, давоми...
8 йил аввал 14715 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Шайтонга тош отиш ва муздалифада туриш
Агар тонг ёришиб, кун чиқар вақтига яқин бўлса, Минога келгай. Ул Мино Муздалифадан уч милдир, яъни бир тош йўлдир. Чунончи "Жомиъур – румуз"да мазкурдир.Таҳлил ва саловат айтгай. Лекин баён бўлган Водийи давоми...
8 йил аввал 11878 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Эҳромдаги кишига руxсат ишлар
1.Ғусл қилиши, бошини ювиши мумкин. Аммо бунда тук ёки сочни туширмаслик шарт.2. Эҳромни ювиш ва алмаштириш мумкин.3.Эр кишилар соябон тутсалар, дараxт шохи билан соялансалар, жоиз. 4. Белга ҳамён, белбоғ боғлаш давоми...
8 йил аввал 6904 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳожининг Маккаи мукаррамадаги ҳукми
Шаръий масофасини босиб ўтиб, Маккаи Мукаррамага етиб борган кишининг ҳукми икки хил кўринишда бўлади:1. Агар арафа кунидан ўн олти кун олдин ўша жойга етиб борган бўлса ва у ерда туришни ният қилса, муқимга давоми...
8 йил аввал 6894 fiqh.uz