Машҳур ҳинд олими, ҳанафий тадқиқотчиларидан бири Абдулҳайй ал-Лакнавий (1847-1886) қаламига мансуб "ал-Қавл ал-маншур фи ҳилоли хайр аш-шуҳур"("Ойларнинг яхшисининг ҳилоли борасида тарқатилган фиқҳий қараш") деб аталган ушбу рисола Рамазон ойининг ҳилоли борасида бўлиб,
янги ойни кўришнинг шарт-шароитлари, ҳукмлари тўғрисидадир. Мазкур рисоланинг тошбосма ва замонавий нашрлари мавжуд, ўзбек тилига эса Абдулҳайй ал-Лакнавийнинг юздан ортиқ асарлари ичида илк бор таржима қилинмоқда.
Бисмиллоҳир роҳманир роҳим
Эй, ҳилол – янги ойларни одамлар учун, ҳаж ва рўза учун вақтни белгиловчи, бизларга ҳалол ва ҳаромни баён қилувчи қилган зот! Сенга ҳамдлар бўлсин! Ул зотга қандай ҳам ҳамд айтмайин, қанақасига ҳамд айтмаслигим керак, ахир ул зот жалол ва икром соҳиби бўлса! Ноаниқ, шубҳали нарсаларни очиб берган ва одамларни исломга чақирган зотга солату саломлар бўлсин! Унинг оила аъзолари ва мукаррам саҳобаларига ҳам солату саломлар бўлсин!
Аммо баъд. Абу-л-Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳайй деб чақирилувчи – Аллоҳ унинг ошкора ва махфий гуноҳларидан ўтсин – ал-Лакнавий ватанли, ал-Ансорий ал-Айюбий ал-Қутбий насабли, ҳанафий мазҳабли ва машрабли қувватли парвардигорининг раҳматидан умидвор банда айтади: бу фойдали, ширин шарбат намунасини "ал-Қавл ал-маншур фи ҳилоли хайр аш-шуҳур" ("Ойларнинг яхшисининг ҳилоли борасида тарқатилган фиқҳий қараш") деб номладим. Уни ёзишликка боис шу бўлдики, бу даврда одамлардан айримлари кўпинча тажрибадан ўтган нарсаларига суяниб қолмоқдалар, ҳолбуки, буларнинг ҳаммаси шариатга хилоф бўлиб чиқиши мумкин. Бу баҳсни таҳқиқ қилишни хоҳладим, унда батафсил маълумотларга Жалил бўлмиш Аллоҳга таваккул қилган ҳолда тўхталмоқчиман.
Масъала. Одамларга рамазоннинг ҳилолини шаъбоннинг йигирма тўққизинчи куни ахтармоқлари, кузатмоқлари кифоя ҳолида вожиб ҳисобланади. Чунки, бу кун нуқсонлидир. Бу борада аш-Шурунбулолий ўзининг "Мароқий ал-фалоҳ" асарида алоҳида тўхталган бўлиб, у ал-Қудурийнинг сўзининг маъносидир: "Одамларга йигирма тўққизинчида ҳилолни кузатувлари лозим бўлади". Чунончи, уни Ибн ал-Ҳумом ҳам "Фатҳ ал-қадир"да изоҳлаган. Бу гапнинг далилини Имом Бухорий ҳазратлари Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар:
الشهر تسع و عشرون ليلة فلا تصوموا حتى تروه فانّ غمّ عليكم فأكملوا العدّة ثلاثين
"Ой йигирма тўққизнчи кеча бўлганида, рўза тутманглар, ҳатто янги ойни кўрмагунча. Агар ўша кеча сизларга ой яширинган бўлса, саноқни ўттизга тўлдиринглар!".
"Ғумма" сўзи нуқтали "ғайн" ҳарфи ва "мим"нинг ташдидли бўлиши билан ўқилади, унинг маъноси "сиз билан ҳилол орасида булут бўлса"дир. "Саноқни тўлдиринглар!" ибораси эса шаъбоннинг саноғини, деганидир. Чунки, ой тўғрисидаги асос унинг ўттиз кун боқий қолишидир.
Имом Муслим Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилган эканлар:
صوموا لرؤيته و أفطروا لرؤيته فان غمى عليكم فأكملوا العدد
"Ойни кўриб рўза тутинглар, уни кўриб оғиз очинглар! Агар сизларга булут бўлиб, тўсилса, унда саноқни тўлдиринглар!".
Имом Термизий Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилган эканлар:
لا تصوموا قبل رمضان صوموا لرؤيته و أفطروا لرؤيته فان حالت دونه غيابة فاكملوا ثلاثين يومًا
"Рамазондан олдин рўза тутманглар! Янги ойни кўриб рўза тутинглар, янги ойни кўриб, рўзани тўхтатинглар! Агар булут унинг атрофида айланиб қолса, унда ўттиз кун қилиб тўлдиринглар!".
"Ғаёбатан" деган сўз сенга булут ёки бошқа бирор нарса янги ойни кўришга халақит берса, шуни билдиради.
Яна Имом Бухорий ҳазратлари Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилганки, унда Абулқосим Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:
صوموا لرؤيته و أفطروا لرؤيته فان غبى عليكم فأكملوا عدة شعبان ثلاثين
"Янги ойни кўриб рўза тутинглар, янги ойни кўриб, рўзани тўхтатинглар! Агар сизларга ой яширин қолса, унда шаъбоннинг саноғини ўттизга тўлдиринглар!".
"Ғубийа" сўзи нуқтали "ғайн"нинг заммали, "бе"нинг касрали, "ёй"нинг эса ташдидли қилиб ўқилади, у мафъулга бино қилинган. Ал-Ҳамавий нуқтали "ғайн"ни фатҳали, "бе"ни касрали "алима" каби қилиб ўқишни таклиф қилган. Яъни, бу "сизларга янги ой махфий қолса", деганидир. "Ғабоват" сўзи "фатонат"нинг зидди бўлиб, янги ойнинг яширин қолишидан истиорадир.
Хуллас, ушбу ҳадислар рўзанинг бошланишига асос янги ойни кўриш эканига далолат қилади. Демак, уни излаш, кузатиш, ахтариш мустаҳаб бўлади. Шунинг учун ҳам фақиҳларимиз шак куни рамазондан деб ният қилиб рўза тутилмайди, деб зикр қилганлар. Чунки, рамазон рўзаси ойни кўришга боғлаб қўйилган.
Шайх ал-Ҳаддодий "Шарҳ Мухтасар ал-Қудурий"да айтади: "Шунингдек, саноқни тўлдириш ҳаққида шаъбоннинг ҳилолини ҳам излаш керак бўлади".
Мен айтаман: бу борада Имом Термизийнинг Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси бор. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилганлар:
أحصوا هلال شعبان لرمضان
"Шабъоннинг ҳилолини рамазон учун ҳисобга олинглар!".
Имом Абу Довуд эса Ойша (р.а.)дан ривоят қилишича, у бундай деган: Расулуллоҳ (с.а.в.) шаъбонни шундай ҳисобини сақлар эдики, ундан бошқасини бунчалик қилмасдилар. Сўнг рамазоннинг янги ойини кўриб рўза тутардилар. Агар ул зотга янги ой кўринмаса, шаъбонни ўттиз кун деб ҳисоблардилар, сўнг рўза тутардилар".
Масъала. Ҳилол борасида ҳисобчиларнинг ва астрономларнинг ҳисоб-китобининг эътибори йўқ. Бу борада ҳам олимлар ихтилоф қилганлар. Аксар уламоларнинг фикри уларнинг гапини эътиборга олмасликдир. Уларнинг гапини ўзи учун ҳам эътиборга олмайди, бошқалар учун ҳам эътиборга олмайди. Ибн Шурайҳ ва айрим шофиъийлар астрономларнинг фикрини эътиборга олишни эътироф қилганлар. Имом аз-Заркаший ҳам Тақийуддин ас-Субкийга эргашиб, шу фикрни тўғри деган. Уларнинг ихтилофининг сабаби бор. Бу ихтилофнинг келиб чиқишига Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган марфуъ ҳадис сабаб бўлган:
لا تصوموا حتى تروا الهلال و لا تفطروا حتى تروه فان غمّ عليكم فأقدروا له
"Ҳилолни кўрмагунча рўза тутманглар, ҳилони кўрмагунча, оғизингизни очманглар! Агар сизларга ҳилол яширин бўлса, унда унинг ўлчовини олинглар!".
Унинг маъносини "булут остидаги ўлчовини олинглар!" дегани бўлиб, ушбу фикрни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал билдириб ўтган. У булутли куннинг рўзасини рамазондан деб ҳисобланишини жоиз, деган.
Унинг яна бир маъноси "ой манзилларининг ҳисоб-китоби асосида ўлчовини олинглар!" дегани бўлиб, ушбу фикрни Ибн Шурайҳ, Мутарриф ибн Абдуллоҳ, Қутайба ва унга эргашганлар билдирганлар.
Имом Молик, аш-Шофиъий, Абу Ҳанифа, салаф ва халафларнинг барчаси келган фикр шуки, ушбу ҳадиснинг маъноси "ойни ўттиз кунга тўлиқ тўлдириш ила ўлчовини олинглар!"дир. Бунга биз зикр қилган очиқ-ойдин ривоятлар далил бўлади. Чунончи, уни Имом ан-Нававий "Шарҳ Саҳиҳ Муслим"да зикр қилиб кетган.
"ад-Дурр ал-мухтор"да бундай дейилган: "Вақтни белгиловчиларнинг гапининг эътибори йўқ, гарчи мазҳабга кўра адолатли бўлсалар ҳам". "ан-Наҳр ал-фоиқ"да эса "Вақтни белгиловчиларнинг мана шу кеча самода янги ой кўринади, деган гапидан рўза лозим бўлиб қолмайди. Гарчи улар саҳиҳ қавлга кўра адолатли деб ҳисоблансалар ҳам". "ал-Ийзоҳ"да ҳам худди шундай келган. Имом ас-Субкий уларнинг гапларига суянишга майл билдириб, "Ҳисоб-китоб қатъийдир" деган маънода битта рисола ҳам битган.
Ибн Обидин "Радд ал-муҳтор ҳошияти ад-Дурр ал-мухтор"да Шаҳобиддин ар-Рамлий аш-Шофиъийнинг "Фатово"сидан нақл қилиб, бундай келтирган: "ас-Субкийнинг гапидан сўралди. Агар ойни ўттизинчи кеча эканини ҳилолни кўриш ила ҳужжатга гувоҳ бўлсам, ҳисобчилар эса бу кечада янги ойни кўришнинг имкони йўқ, деб турган бўлсалар, нима қилинади? Ҳисоб аҳлининг сўзига амал қилинади. Чунки, ҳисоб қатъийдир, гувоҳлик эса зоннийдир. Бу борада Имом ас-Субкий кўп сўз юритган. Аслида, унинг гапига амал қилинадими ёки йўқми? Ар-Рамлий унга жавоб берган: "ас-Субкий айтган нарсани мутааххирин уламолар жамоаси рад қилганлар". Тамом.
Абу-л-Хайр аш-Шофиъий "ал-Иқноъ" асарида бундай деган: "Мунажжимнинг гапига кўра рўза вожиб бўлмайди ва жоиз ҳам бўлмайди. Лекин уларнинг ҳисоб-китоби намозга ўхшашларда амалга олинаверади". "ал-Мажмуъ"да ҳам шундай келган: "Уларнинг гапига кўра рўза фарз бўлиб қолмайди. Лекин уларнинг гапига кўра ўша айтилган вақтда ҳилолни қаралса, бу рўзани ўтказишга кифоя бўла олади. Уни шофиъий имомлардан нақл қилинган. Мана шу зоҳирдир! Ҳисобчи ой манзилларини уларнинг сайрига қараб эътиборга олишга суянадиган кимса бўлиб, у мунажжимлик маъносидадир. Улар ойнинг аввали фалон юлдузнинг чиқишига боғлиқ, деб қарайдилар". Тамом.
Фақиҳ Жамолиддин ал-Ардабилий аш-Шофиъийнинг "Фатовойи ал-анвор" асарида бундай келган: "Шаъбонни тўлдириш билан ёки ҳилолни кўриш билан рўза вожиб бўлади. Ой манзилларини таниш билан, уларни билувчига ҳам уларни билмайдиган кимсага ҳам рўза вожиб бўлмайди". Тамом.
"Меърож ад-дироя шарҳ ал-Ҳидоя"да айтилган: "Илми нужум аҳлининг гаплари ижмоъ билан эътиборга олинмайди. Мунажжимга ўзининг ҳисоб-китоби билан амал қилиши жоиз бўлмайди". Тамом.
Аллома Али ал-қори ал-Маккий ўзининг "Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ" асарида бу мавзудаги гапни узоқ давом қилдирган ва ҳисобчиларнинг гапига эътибор йўқлигининг ҳақиқатини баён қилган. Сўнг бундай деган: "Балки, мен айтаман: агар мунажжим янги ҳилолни кўрмасдан туриб, ўзининг билимига суяниб рамазон рўзасини тутадиган бўлса, рўза тутгани учун осий бўлади, рўзаси рўза ҳисобланмайди! Фақат ҳилол аниқ кўринган бўлса, рўзаси рўза бўлади. Агар рамазон ҳайитини қийшиқ ўй-фикрига асосланиб белгилайдиган бўлса, фосиқ бўлади. Бир қавлга кўра унга каффорат вожиб бўлади. Ушбу фикр саҳиҳдир! Агар уни – астрономик ҳисоб-китоблар билан ҳайитни белгилашни ҳалол санайдиган бўлса, кофир бўлади".
Сўнгра Али ал-қори бундай деган: "ан-Ниҳоя" соҳибининг Ибн Шурайҳнинг гапини нақл қилганлиги ғаройиб ишлардандир. У Пайғамбар (с.а.в.)нинг فأكملوا العدة "Саноқни тўлдиринглар!" деган гапи омма учундир, ул зоти шарифнинг فأقدروا له "Унинг ўлчовини қилинглар!" деганлари Аллоҳ таоло бу илм (астрономия) ила хос қилган кимсаларга хитобдир, деган экан. Али ал-қори "ан-Ниҳоя" соҳибининг ишини унинг Ибн Шурайҳнинг гапларини келтириб, унга сукут қилганини ғаройиб санаган. Чунки, Ибн Шурайҳнинг гапини фақатгина уни рад қилиш учунгина келтириб ўтиш инсонга лозим бўлади, деган. Тамом.
Аз-Зоҳидий "ал-Қунйа"да учта фиқҳий қарашни нақл қилган: аввало Қози Абдулжабборнинг ва "Жомеъ ал-улум" соҳибининг гапларини келтирилади. Уларнинг фикрича, ҳисобчиларнинг сўзига суянишнинг зарари йўқ. Сўнг Ибн ал-Муқотилдан нақл қилган: "ҳисобчилардан ҳилол тўғрисида сўраш мумкин ва уларнинг сўзига суяниш мумкин". Сўнг "Шарҳ ас-Сарахсий"да: "Бу гап ҳақиқатдан узоқдир! Шамс ал-аимма ал-Ҳалвоий "Рўзанинг ва ифторнинг вожиблиги борасида шарт янги ҳилолни кўришдир. Бу борада ҳисобчиларнинг гапи олинмайди" деган", дейилгани нақл қилинган. Сўнг Мажд ал-аимма ат-Таржумонийдан нақл қилинган: "Абу Ҳанифа асҳоблари – фақат озгинаси бундан мустасно – ва Имом аш-Шофиъий фикрларича, ҳисобчиларнинг сўзига эътимод йўқ!". Тамом.
Имом Муслим Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилишича, у Пайғамбар (с.а.в.)дан ҳадис айтган: ул зоти шариф бундай деб марҳамат қилганлар:
"انا أمة أمّية لا نكتب و لا نحسب الشهر هكذا و هكذا و هكذا و هكذا"
و عقد الإبهام فى الثالثة و الشهر هكذا هكذا هكذا يعنى تمام ثلاثين
"Биз оми умматмиз, ойни ундай-бундай, анақа-бунақа деб ҳисоб-китоб қилмаймиз, ёзиб ҳам ўтирмаймиз!". Расулуллоҳ (с.а.в.) учинчисида бош бармоқларини букиб, "Ой бундай, бундай, бундай!" деб ўттизга тўлдирганлар.
Ҳадиснинг маъноси шу: "Бизлар – араблар гуруҳи оми жамоадирмиз. Ёзмаймиз, ҳисоб-китоб қилмаймиз. Бизнинг илмимиз ҳисоб-китобга етмайди. Чунончи, у мунажжимлар ва ҳисобчиларнинг феълидир. Бироқ, бизнинг илмимиз ҳилолни кўришга боғланган. Бир марта ҳилолни йигирма тўққизда кўрамиз, бир марта ўттизда кўрамиз". Бу ерда "Ой" деганлари мубтадо (эга); "бундай" деганларининг биринчиси бармоқларини букишга қилинган ишора; иккинчи ва учинчи "бундай, бундай" дейишлари хабар (кесим)дир. Бош бармоқларининг бирини учинчи марта букишларининг асоси йигирма тўққиз бўлади. Сўнг "Ой бундай, бундай, бундай!" деб бош бармоқларини букмадилар. Шунда ҳаммаси ўттиз бўлади. Ровий ҳам уни шундай деб изоҳлаган.
Шайх Ибн Ҳажар ал-Маккий Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ишора билан қилинган баёнларида мунажжимлар ва ҳисобчиларнинг гапининг ботил эканлигига асос мавжуд, деган. Бу ҳадис Ибн Шурайҳ ва унга мувофиқ гап айтганларнинг гапининг ботил эканлигини билдиради. Аксар имомларимиз "мунажжимнинг ҳисоб-китоби билан амал қилинмайди", деган. Мунажжим ойнинг аввали фалон юлдузнинг чиқишига боғлиқ, деб қарайдиган кимсадир. "Ҳисобчининг ҳам ҳисобига қараб ўтирилмайди". Ҳисобчи ой манзилларини танийдиган, уларнинг сайрини ўлчайдиган кимсадир. Лекин бу иккиси ўзларининг билимларига асосланиб амал қилишлари мумкин. Бу борада ихтилофлар бор: уларга бунинг ўзи жоизми?! Тамом.
Агар "унда Аллоҳ таолонинг و بالنجم هم يهتدون "Улар юлдуз била тўғри йўл топадилар" деган оятининг маъноси нима? Аллоҳ таоло ўзининг миннатларини санаётган вақтда юлдузлар ҳидоятчи эканини зикр қилган. Шундан билинадики, мунажжим агар ўз илми ила ҳилол ишида ҳукм қилса, бу дуруст бўладими?", дейилса, мен айтаманки, бу оятдан мурод сафарда юлдузлардан тўғри йўл топиш қибла йўналишини белгилашдир. Бошқаси эмас, асло. Чунончи, Имом ар-Розий ва бошқалар ўз тафсирларида зикр қилганлар.
Масъала. Агар бир кимса "Тушимда Расулуллоҳ (с.а.в.) фалон кечани рамазоннинг аввали, дедилар" деган гапининг ҳам эътибори йўқдир. Албатта эътибор янги ойни кўришдир.
Мен айтаман: Хатиб "ал-Иқноъ"да: "Бизнинг наздимизда ҳам худди шундай. Чунки, Пайғамбар (с.а.в.) рўзани янги ойни кўришга боғлаб қўйганлар. Ҳукмлар эса тушлар ила собит бўлмайди", деб зикр қилган.
Азоннинг шариатга киритилиши ансорийлардан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абдуроббиҳнинг туши ила собит бўлган, уни Пайғамбар (с.а.в.) иқрор қилган эдилар-ку, дейилмайди. Чунки, унга жавобан биз айтамиз: азоннинг шаръий бўлиши фақатгина туш билан собит бўлган эмас, балки унга ваҳий ҳам аралашган дейишимиз жоиз бўлади. Унга айрим ривоятлар далолат қилади: Умар (р.а.) туши ҳақида хабар қилганида, Пайғамбар (с.а.в.) унга: "Сендан олдин ваҳий келган эди" дегандилар.
Масъала. Бу тўғрида ўтказилган тажрибаларнинг ҳам эътибори йўқдир. Ҳатто агар тажрибаларнинг акси аниқланса, ўша олинади. Улардан бирини ас-Сафурий ўзининг "Нузҳат ал-мажолис" асарида ал-Қазвинийнинг "Ажойиб ал-махлуқот"идан Жаъфар ас-Содиқ (р.а.)нинг тажрибасини нақл қилганини келтирган: Аввалги ўтган рамазоннинг бешинчи куни келгуси рамазоннинг биринчи кунидир! Уни одамлар эллик йил текширганлар ва тўғри эканини топганлар.
Мен айтаман: уни менинг ўзим ҳам текшириб кўрдим, унинг тўғри эканини топдим. Шу билан бирга айтиш керакки, унинг эътибори йўқ. Ҳатто агар ўтган рамазоннинг тўртинчи кунига тўғри келганда янги рамазоннинг ҳилоли кўринса, уни эътиборга олинади, чунки, рўза ҳилолни кўришга боғлиқ қилинган.
Яна улардан бирини Ибн Абдулбарр ва ан-Нававий зикр қилган. Гап шундаки, гоҳида икки ой кетма-кет ноқис (ўттиздан кам) бўлиб қолади. Гоҳида уч ой, ҳатто тўрт ой кетма-кет, пайдар-пай нуқсонли бўлиши мумкин. Лекин, тўрт ойдан ортиқ кетма-кет нуқсонли бўлмайди. Мана шу тадқиқ қилинган ҳукмдир. Али ал-қори айтади: "Шу билан бирга агар унинг акси аниқланса, ўшанинг олиниши зоҳирдир!". Тамом.
Масъала. Агар шаъбондан йигирма тўққизинчи куннинг қуёши чиқмасдан аввал кундузи ҳилол кўриниб қолса, сўнг икки гувоҳ ўттизинчи куни рамазон ҳилолини кўрганлигига гувоҳлик берсалар, уларнинг гувоҳлиги қабул қилинади. Бу ерда "Агар ой тўлиқ бўлса, охирги икки кеча, нуқсонли бўлса, бир кеча ой ғойиб бўлади", деган машҳур гап эътиборга олинмайди.
Мен айтаман: бу ҳадисларнинг далолат қилган очиқ ҳукмидир. Уни ар-Рамлий аш-Шофиъий ўзининг фатволар тўпламида аниқ ёзиб қолдирган.
Масъала. Ҳилол – янги ойнинг катта-ю кичиклигининг эътибори йўқ. Чунки, Имом Муслим Абу-л-Бухтарий (р.а.)дан ривоят қилган ҳадис бор. У бундай деган: "Биз умра қилиш учун йўлга чиқдик. Нахла водийсига келиб тушганимизда, "ҳилолни кўришимиз керак" дедилар. Қавмлардан баъзиси янги ойни уч кунлик, дедилар, айримлар эса уни икки кунлик эканини айтишди. Шунда биз Ибн Аббос (р.а.)нинг олдига бордик-да, унга ҳилолни кўрганимизни, айримлар янги ойни уч кунлик, бошқалар эса икки кунлик дейишаётганини гапириб бердик. Ибн Аббос (р.а.) қайси куни ҳилолни кўрганимизни сўради. Биз уни фалон куни кўрганимизни айтдик. Шунда у Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бундай деганини айтиб берди:
انّ الله تعالى مدّه للرؤية فهو لليلة رأيتموه
"Албатта Аллоҳ таоло ҳилолни кўриш учун чўзгандир. Демак, ҳилол уни кўрган кечангиздандир!".
Масъала. Агар ой учинчи кечада шафақ йўқолиши олдидан ғойиб бўлиб қолса, "у билан шаъбонинг йигирма тўққизинчи куни янги ҳилол бўлган", деб янги ой учинчи кечада шафақ йўқолиши вақтида ғойиб бўлади, деган гапга асосланган ҳолда ҳукм қилинмайди. Зотан, эътибор янги ҳилолни кўришдир.
Агар Имом Абу Довуд Нўъмон ибн Башир (р.а.)дан ривоят қилганини айтадиган бўлсангки, у "Бизлар одамларнинг орасида охирги хуфтан намозининг вақтини бу намоз билан энг билгувчироқмиз. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) уни учинчи кечанинг ойи йўқолган вақтда хуфтанни ўқигандилар" деган-ку?! Демак, бу ривоят ойнинг учинчи кечада шафақ йўқолиши пайтида ботиб кетишига, ундан олдин ботмаслигига очиқ далилдир.
Бунга жавобан мен айтаман: бу ҳадиси шарифда ой доимо шу хилда учинчи кеча ботишига далолат йўқ. Шундай бўлган ҳам бўлиши мумкин. Саҳобанинг гапи алдаб қўймаслиги керак, чунки, у ҳамиша шундай бўлишига далолат қилмайди. Чунончи, Имом ан-Нававий "Шарҳ Саҳиҳ Муслим"да нафллар бобида бу ҳақида кенгроқ тўхталган.
Биз шукр айтамиз, Аллоҳ билгувчи, унинг илми ҳукмга ошгувчидир.
Муаллиф – Аллоҳ унинг гуноҳларини кечирсин ва айбларини ёпсин – айтади: мана шу менга ушбу матлаб борасида осон бўлган нарсанинг охиридир. Ундан инсу жиннинг пайғамбари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳижратидан бир минг икки юз саксон тўрт йил ўтганида, рамазон ойининг тўртинчи куни чоршанба куни фориғ бўлинди. Охирги дуомиз оламлар роббисига ҳамду сано айтишдир. Солату саломлар саййидимиз Муҳаммадга, ул зотнинг оилалари ва жами асҳобларига бўлсин!
Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний