Аллоҳга ҳамд ва Расулуллоҳга, у зотнинг оилалари, саҳобалари, ҳамда ҳидоятлари ила ҳидоятланганларга салоту саломлар бўлсин!
Аммо баъд:
Ҳижрий 1405 йил 27 робиул охир 8 жумодул увла (милодий 1985 йил 18-29 январ) санасида Маккаи мукаррама шаҳридаги
Робитатул Оламил Исломийнинг биносига чақирилган Ислом Фиқҳи Академияси йиғилиши ижтиҳод мавзуси ҳақида баҳс ва мунозара қилди.
Бу (ижтиҳод) шаръий далиллардан истинбот қилиш йўли билан шаръий ҳукмлардан бирор нарсанинг илмини талаб қилишдир. Ижтиҳод учун асосан шартларни жамлаш билан мукаммал маърифат талаб қилинади. Бу фарзи кифоя бўлган ижтиҳодни ҳосил қилишга фақат шу билангина йўл бордир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғолишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар” (Тавба-122) ояти динда фақиҳ бўлишлик унинг учун фориғ бўлишни талаб этилишини ифода этмоқда. Бас ижтиҳод қилишда, тўғри фиқҳий тушунчага етишлик учун мукаммал эҳтиёткорликни ушлаш лозим бўлади. Суютий ижтиҳоднинг фарз эканлигини ўзининг “Ер юзида бўла туриб, дарҳақиқат ҳар бир асрда ижтиҳоднинг фарзлигини билмаган кишига раддия” деб номланмиш китобида мукаммал изоҳ қилган. Демак ижтиҳод эшиклари ёпилмаган, уни ёпишга ҳеч ким молик ҳам бўла олмайди. Хусусан усул фани уламолари “Замона мужтаҳиддан холий бўлиши ёки бўлмаслиги жоиз” деган масалада баҳс қилишиб, ижтиҳоднинг шартлари мукаммал суратда топилган киши учун ижтиҳод эшиклари доим очиқ эканлигига иттифоқ қилганлар. Қуръон каримни, Суннати мутоҳҳарани, усулул фиқҳ ва замон ҳолатлари ҳамда шариатнинг мақсадларини билишда, далиллар ўзаро бир-бирига қарши туриб қолганда устунини ажратиш қоидаларини, шу билан бирга мужтаҳиднинг адолати, тақвоси ва дини борасидаги ишончлилигини билишда инсонларнинг ҳимматлари пасайди.
Ижтиҳод тўрт қисмга бўлинади:
1. Мутлақ мужтаҳид. Бунга тўрт мазҳаб асосчилари мисол бўлади.
2. Мазҳаб ичидаги мужтаҳид. Бу эса усул уламолари наздида тўрт ҳолатда бўлади.
3. Таржиҳ берувчи мужтаҳид.
4. Бир фан ёки бир масала ёҳуд бир неча масалалар юзасидан мужтаҳид. Бу ижтиҳод бўлакларга бўлинганлигига биноан жоиздир.
Мажлис буларнинг ҳар бирини инобатга олиб қарор қилди.
1. Биздан аввалгилар бошидан ўтказмаган ва ҳозирда янги пайдо бўлган ҳамда келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммолар туфайли замонанинг ижтиҳодга эҳтиёжи каттадир. Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг:
“Аллоҳнинг китобидан ҳам Расулуллоҳнинг суннатидан ҳам бирор ҳужжат топа олмасам, ўз фикрим билан ижтиҳод қиламан, дангасалик қилмайман”, деган сўзини тасдиқладилар. Ўша пайтдаги Муоз ибн Жабалнинг жидди-жаҳди ва салоҳияти ҳар бир асрда Исломнинг фойдасига хизмат қилди. Чунки муомалот ва янги пайдо бўлган мулк масалаларини тартиблашдаги мушкилотлар ҳамда улардан бошқа ижтимоий мушкилотларнинг барчаси албатта, ижтиҳод билан ўз ечимини топади. Катта-катта анжуманларда, кенгашларда ижтиҳод бўлиб, эълон қилинган фатволарни жамлайдиган марказлар ташкил этилганида қандай яхши бўлар эди! Улардан барча фойда топар, улар билан шариат факултетлари, Ислом олий ўқув юртлари таминлаб турилар, натижада инсонларнинг тўғри ҳаёт кечиришлари кафолатланар эди!
2. Ижтиҳод Фиқҳий Академиядан жамоавий ҳолда содир бўлиши керак. Жамоавий ижтиҳод рошид халифалар даврида ҳам бўлган. Шотибий “Мувафақот” номли китобида қуйидагиларни айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ва энг яхши саҳобалар оммаси ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаган даврнинг вакиллари бўла туриб, масалалар ечими учун саҳобалардан иборат илм аҳлларини тўплаб, масалани ўртага ташлашар ҳамда улар ҳақида баҳс юритиб сўнгра фатво беришарди. Ададлари унчалик кўп бўлмаган ушбу фатво аҳлларига тобеинлар ҳам фатво учун қатнашар эдилар. Фатво бериш мақомида асосан машҳур саҳобалардан етти фақиҳ турарди. Ушбу ҳолатни Ҳофиз ибни Ҳажар “Таҳзиб”да қуйидагича ифодалайди: “Қачон уларга бир масала келса ҳаммалари тўпланар, масала уларга кўтарилиб, улар кўриб чиқмагунларича қози ҳукм чиқармас эди”.
3. Ижтиҳоднинг талаб қилинган шартлари мужтаҳидда тўлиқ бўлиши керак. Албатта ижтиҳод буларсиз бўлмайди. Ушбу шартлар фикрлар хато қилиб, Аллоҳнинг амридан қайтариб қўймаслиги учун муҳимдир. Чунки Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидаги шариатнинг мақсадларини тушуниш фақат мана шу шартлар билан мумкин бўлади. (Ижтиҳоднинг шартлари усулул фиқҳ китобларида батафсил ёритилган).
4. Ижтиҳод тўғри суратда воқеъ бўлган салафларнинг йўлларига таянмоқ, ҳар бир ишда уларнинг муқаддам тутган йўлларини билиш ва эргашиб келинаётган имомларнинг қилиб ўтган ишларига мурожаат этиш билан бўлади. Акс ҳолда йўллар чалкашиб кетади. Дарҳақиқат, Қуръон ва Суннатдан истинбот қилинган исломий фиқҳий китоблар, пайдо бўлиб турган мушкулотларнинг ечимида салафларнинг йўлларини намуна қилиб олинса, керакли жойда қўшимчалар қилинса, ижтиҳод учун улар энг катта ёрдамчи бўлишади.
5. “Насс (матн) ворид бўлган ўринда ижтиҳод қилинмайди” қоидасига амал қилмоқлик. Бу эса далолати ва субути қатъий бўлган насс ворид бўлган ўринда ишлатилади, акс ҳолда шариатнинг асоси бузилади.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз: “Лекин мен ижтиҳод жамоавий бўлиши шарт деб билмайман. Балки олим хилоф масалада ижтиҳод қилмоғи жоиз, сўнгра далилга яқинроқ бўлганига таржиҳ берилаверади”.
Ноиби раис: Абдуллоҳ Умар Насиф.
Аъзолар:
1. Абдуллоҳ Абдурраҳмон ал Бассом,
2. Солиҳ ибн Фавзон ибн Абдуллоҳ ал Фавзон,
3. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Сабийл (учинчи қарорнинг жоизлигида иккиланди),
4. Муҳаммад Маҳмуд Саввоф,
5. Мустафо Зарқо,
6. Солиҳ ибн Усаймин,
7. Муҳаммад Рошид Қаббоний,
8. Муҳаммад Шозилий ан Найфар,
9. Абу Бакр Маҳмуд Жумий,
10. Муҳаммад ибн Жубайр,
11. Аҳмад Фаҳмий Абу Ситта,
12. Ҳабиб бин Хўжа,
13. Доктор Абу Бакр Зайд(иккиланди),
14. Мабрук ибн Сауд ал Авводий (ҳамма суратларда иккиланди),
15. Муҳаммад ибн Солим ибн Абдулвадуд.
Ислом фиқҳи академияси мажлисининг маърузачиси: Доктор Тилол Умар Бофиқийҳ.
Таржимон: Муҳаммадраҳим Абдуллоҳ.
Муҳаррир: Аброр Мухтор Алий.
Мулоҳаза: Ижтиҳод ҳақидаги бу қарор жуда ҳам муҳимдир. Айниқса, баъзи ўзини билмаган бемазҳабларга раддия тарзида ўта муҳимдир. Улар ҳар бир киши ижтиҳод қилиш керак, тақлид қилиш ҳаромдир, деган сафсатани тез-тез такрорлаб турадилар. Ислом фиқҳи академиялари ўзларнинг илмий изланишларини ижтиҳоднинг бир тури деб қарасалар ҳам, катта мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари каби бошқаларга мажбурий эмаслиги кўп такрорлайдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф