Сўнгги асрдаги кўзга кўринган фиқҳий ўзгаришлардан энг эътиборлиси Ислом Фиқҳи академиялари бўлди. Аввал-лари фиқҳ шахсий уриниш, ўқув юртлари, маҳаллий фиқҳий муассалар савиясида бўлар эди. Ҳар тараф ўз имконига ва ўзидаги илмга қараб ҳаракат қилар эди.
Замон ўзгариши, ҳаёт кечиришнинг мураккаблашиши, фан ва техниканинг тараққиёти каби омиллар
ўзига яраша муносабатни тақозо қила бошлади. Энди дунёда бўлаётган ўзгаришларни якка шахслар ёки маҳаллий муассасалар орқали қамраб олиш қийинлашди. Хусусан, бу ўзгаришларга шариат бўйича муносабат билдириш, улар ҳақида тўлақонли фатволар чиқариш мураккаблашди. Бу ва бунга ўхшаш бошқа омиллар фақиҳларнинг биргалашиб иш олиб бориш-ларини талаб қиларди.
Юзага келган вазиятга жавоб ўлароқ Ислом Фиқҳи ака-демиялари тузила бошлади. Бу илмий муассасаларга кўзга кўринган фақиҳлар аъзо бўлдилар. Ҳал қилиниши лозим бўлган масала бўйича академия идораси аъзоларга аввал-дан хабар беради. Аъзолар белгиланган муддатгача ўша ма-салани яхшилаб ўрганадилар. Ўзларидан илтимос қилинган мавзуларда илмий ишлар ёзадилар. Кейин академиянинг умумий мажлисида мазкур масала муҳокама қилинади. Ака-демиянинг мажлисига кўрилаётган масала бўйича мутахас-сис олимлар ҳам таклиф қилинади. Улар ўз мутахассислик-лари асосида маълумотлар тақдим қиладилар ва академия аъзоларининг саволларига жавоб берадилар.
Узоқ ва аниқлик билан давом этган мажлислардан сўнг таҳлил қилинган масала бўйича академиянинг бу борадаги қарори лойиҳаси муҳокамага ва овозга қўйилади. Кўпчилик овоз ила қарор қабул қилинади. Баъзи академиялар қарши овоз берганларнинг фикрини ҳам эълон қилади.
Шу тарийқа, замонамизда ўртага чиққан кўплаб муам-молар шариат таълимотлари асосида ҳал қилиниши йўлга қўйилди ва мусулмонларнинг таҳсинига сазовор бўлди. Ҳозирда халқаро исломий ташкилотлар, давлатлар, вазир-ликлар, ширкатлар, турли муассасалар ва шахслар ўзлари ҳал қила олмаган фиқҳий масалаларни ечишда Ислом Фиқҳи академияларига мурожаат қилишмоқда ва керакли ечимларни олишмоқда.
Ҳозирда фаолият кўрсатиб турган Ислом фиқҳи акаде-мияларининг баъзилари билан қисқача танишиб чиқайлик.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф