Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин!.
Аммо баъд:
Ислом фиқҳи академияси қимматбаҳо қоғозлар ва товарлар бозори (биржа),
унда қилинаётган қоғоз пуллар ҳамда ҳиссадорлик жамиятлари чиқарган пай қоғозларининг олди-сотди ақдлари, тижорий, ҳукуматга оид ва товарлар қарзларининг векселлари, ушбу ақдлардан нақд ёки насия тарзда қилинганлари ҳақидаги мавзуларни ўрганиб чиқди. Шу билан бирга академия мажлиси иқтисодчилар ва ушбу бозорда амалий муомалада бўлганлар назарида бозорнинг фойдали ижобий тарафлари ва зарарли томонларини ҳам ўрганди.
Фойдали ижобий тарафлари:
Биринчидан, бунинг доимий бозорни ташкил қилиб туришида ҳамда сотувчи ва харидорларнинг учрашувини енгиллаштишдаги манфаатлари. У ерда ҳиссадорлик жамиятлари чиқарган пай қоғозлари (акциялар), векселлар ва товарларнинг нақд ва насия битимлари бўлади.
Иккинчидан, у саноат, тижорат ва ҳукумат муассасаларининг ўша пай қоғозлар ва қарз векселларини сотувга қўйиш йўли билан молиялаштириш амалиётини енгиллаштиради.
Учинчидан, у пай қоғозлар ва қарз векселларининг бошқаларга сотишни ҳамда унинг қийматидан фойдаланишни осонлаштиради. Чунки, буларни чиқарувчи ширкатлар уларнинг қийматини эгаларига очиқ-ойдин кўрсатишмайди.
Тўртинчидан, у пай қоғозлар, қарз векселлар ва товарлар нархларининг мезонини ва муомала майдонидаги нархларни талаб ва таклифга қараб ўзгариб туриши маълумотини осонлаштиради.
Зарарли салбий томонлари:
Биринчидан, бу бозорда амалга оширилаётган насия ақдлар ҳақиқий олди-сотди эмас. Чунки, бунда ақднинг икки тарафида олди-берди амалга оширилмайди. Ҳолбуки, шариат бўйича битимларда икки эвазни ёки уларнинг бирини қабз қилиниши шартдир.
Иккинчидан, бу бозорда сотувчи кўпинча, ўзи эга бўлмаган пуллар, акционерлик жамиятлари чиқарган пай қоғозлар, қарз векселлари ва товарларни бозордан сотиб олиш ва харидорга ваъда қилинган вақтда топшириш умидида сотади. Лекин, ақд пайтида пулни олмаган бўлади. Ҳолбуки, салам савдосида пулни олдиндан олиш шарт қилинади.
Учинчидан, бу бозорда харидор кўпинча, сотиб олган нарсасини ҳали қўлига олмасдан туриб бошқасига сотади. Кейингиси ҳам шундай қилади. Шундай қилиб бир нарсанинг савдоси охирги харидорга етиб келгунича ҳеч ким товарни қўлга киритмаган ҳолда такрорланаверади. Охирги харидор гоҳида ўзи эга бўлмаган нарсани сотган биринчи сотувчидан сотилган нарсани қабул қилиб олади ёки нархнинг фарқига қараб амалга оширилиш вақтида, яъни савдо тугатилган кунда у билан ҳисоб-китоб қилиб олади. Биринчи ва охирги сотувчи ва харидорлардан бошқа сотувчи ва олувчилар ўша айтилган вақтда фойда ҳолатида нархнинг фарқини олиш билан ёки зарар ҳолатида уни бериш билан кифояланадилар. Худди шу ҳолат тўлалигича қимор ўйинига ўхшайди.
Тўртинчидан, капиталистлар, яъни катта маблағ эгалари битим тугатилиш вақтидан олдин арзон нархда сотиб олиш, вақти тугаш пайтида сотиш умидида ўзлари эга бўлмаган нарсаларни сотувчи инсонларга ҳукмронлик қилиш ва уларни оғир вазиятга солиш учун бозордаги қимматбаҳо қоғозлар ва товарларни сотиб олиб йиғишади.
Бешинчидан, бу бозорнинг хатари бошқа бозорларга умумий тарзда таъсир ўтказишга восита бўлишидир. Чунки, бу бозорда нархлар сотиш ёки харид қилишга муҳтожлар томонидан содир бўлаётган амалдаги талаб ва таклифга тўлалигича боғлиқ эмас. Балки, бошқа кўп нарсалардан таъсирланади. Буларнинг баъзиси бозорни назорат қилувчилар томонидан базилари эса бозордаги товарлар ёки қимматбаҳо қоғозлар сотиб олиб йиғувчи-монополистлар томонидан бўлади. Масалан, ёлғон хабар тарқатиш ва шу кабилар. Бу жойда шаръан сақланиш лозим бўлган хатарли иш беркингандир. Чунки, бу иш нархларнинг ғайри табиий ўзгаришига олиб келади. Бу эса иқтисодий ҳаётга ёмон таъсир кўрсатади.
Янада тушунарли бўлиш учун бир мисол келтирамиз:
Катта мулкдорлар таклиф кўпайиб, нархлар тушиши учун йиғилган қимматбаҳо қоғозларини бозорга чиқаради. Буни кўрган қимматбаҳо қоғоз эгаларининг кичиклари нархлар бунданда пасайиб кўпроқ зарар кўриб қолишидан қўрқиб, қоғозларини арзон нархларда сотишга шошиладилар. Натижада таклиф кўпайиб нархлар янада тушади. Катта мулкдорлар талаб кўпайиб нархлар ошиши умидида ўша қоғозларни қайтадан арзон нархга сотиб оладилар. Иш катталарнинг фойдалари ва кўпчиликни ташкил қилган кичикларнинг очиқ зарар кўришлари билан тугайди. Бу катта мулкдорларнинг қимматбаҳо қоғозлар нархларини ёлғондан туширишлари натижасидир. Бу ҳолатни товарлар бозорида ҳам учратиш мумкин. Шунинг учун биржа бозори иқтисодчилар ўртасида катта тортишувлар келтириб чиқармоқда. Бунга сабаб биржа бозори иқтисод олами тарихининг муайян даврларида қисқа вақт ичида катта-катта бойликларнинг зое бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда. Айни пайтда кимлардир ҳеч қандай ҳаракатсиз бой бўлиб қолишмоқда. Оламни танг аҳволга солиб қўядиган инқирозлар сабабли бойликлар йўқ бўлиб, иқтисодий ҳолат тез фурсатда жарлик томон қулайди. Буни зилзила ва ер ёрилишларида юзага келган йўқотишларга ўхшатиш мумкин. Ҳатто ҳамма бу инқироз ва тангликларни йўқотиш пайида турган бир пайтда, ўша кимлардир бойлик ичида туради.
Шунинг учун Ислом фиқҳи академияси мажлиси биржа бозори ҳақиқати, унда юзага келаётган акция, қарз векселлари, товарлар ва қоғоз пулларнинг нақд ва насия битимларини ўрганиб, Ислом шариати ҳукмлари асосида муҳокама қилганидан сўнг, қуйидагиларни қарор қилди:
1. Биржа бозорининг мақсади доимий бозорни вужудга келтиришдир. Унда талаб ва таклиф ҳамда олди-сотди қилувчилар бири-бирига рўбару бўлади. Бу яхши ва фойдали иш. Шу билан бирга бу бозор уддабуронларнинг олди-сотдига муҳтож, лекин нарх-наводан бехабар ҳамда кимнинг сотишга ва кимнинг олишга эҳтиёжи борлигини билмайдиганларни эксплуатация қилишларини олдини олади. Лекин, ушбу манфаатлар билан шаръан қайтарилган келишувлар, қимор, ўзгаларни ишлатиш ва инсонлар молини ботил йўл билан ейиш ёнма-ён туради. Шунинг учун бозор масаласида умумий шаръий ҳукм чиқариш мумкин эмас. Балки, у ерда содир бўлаётган ҳар бир муомаланинг ҳукмини алоҳида кўриб чиқиб, ўша ҳолатга хос фатво айтиш лозим.
2. Шариат юзасидан келишув жойида қабз шарт қилингандир. Шу ўринда сотувчининг мулкида мавжуд бўлган нақд товарлар устида қилинган ақдлар қабз топилиши билан жоиздир. Лекин, шаръан ҳаром нарсага келишилмаган бўлиши лозим. Агар товар сотувчининг мулкида бўлмаса, савдо дуруст бўлиши учун салам савдосининг шартлари тўлиқ топилиши шарт. Шундан сўнг харидор товарни қабз қилишидан олдин сотиши мумкин.
3. Ширкатлар ва муассасалар акциялари сотувчининг мулкида турган пайтда улар устида қилинган нақд ақдлар шаръан жоиздир. Лекин, ўша ширкат ёки муассаса ишларининг асоси шаръан ҳаром қилинмаган бўлиши лозим. Масалан, рибо банклари ва маст қилувчи ичимликлар ишлаб чиқарувчи муассасалар бунга мисол бўла олади. Агар ширкат ва муссаса шаръан ҳаром қилинган ишлар устига қурилган бўлса, унинг акцияларини сотиш ва сотиб олиш битимлари шаръан ҳаром ҳисобланади.
4. Фойда сабабли бўлган қарз векселларининг ҳар қандай кўринишдаги нақд ва насия ақдлари шаръан ножоиз. Чунки, бу ақдлар ҳаром қилинган рибо сабабли юзага чиқаётган муомалалар сирасидандир.
5. Сотувчининг мулкида бўлмаган мато ва акцияларнинг биржа бозорида юзага келаётган суратда қилинган ҳар қандай насия ақдлари шаръан ножоиз. Чунки, бу ақдлар бир шахс эндиликда сотиб олиб, савдо тугатилиши пайтида топшириш умидида ҳали эга бўлмаган нарсани сотиш ҳисобланади. Бу шаръан қайтарилган ишдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қўлингда бўлмаган нарсани сотма”, деганлар. Шунингдек, Имом Аҳмад ва Абу Довудлар саҳиҳ иснод билан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам товарлар сотиб олинаётганда савдогарлар уни юкларига қўшмагунларича сотилишидан қайтардилар”.
6. Биржа бозоридаги насия савдолар Ислом шариатида жоиз саналган салам савдоси жумласидан эмас. Булар орасида икки жиҳатдан фарқ бор.
А) Биржа бозорида насия савдоларда пул келишув жойида ўша вақтдаёқ берилмайди. Пулни бериш бозор тугатилиш вақтигача кечиктирилади. Салам савдосида эса пул ақд мажлисида берилиши шартдир.
Б) Биржа бозорида биринчи сотувчи зиммасида бўлган ақд қилинган товар биринчи харидор қўлига ўтишидан олдин бир неча бор сотилади. Бундан кўзланган мақсад фойда олишни таваккал қилинган ҳолда сотувчи ва харидорлар ўртасида нархлар фарқларини олиш ёки беришдир. Бу реал эмас балки эҳтимолий ҳолатдир. Бундай ишларнинг қимордан ҳеч қандай фарқи йўқ. Салам савдосида товарни қўлга киритишдан олдин сотиш жоиз эмас.
Юқорида айтиб ўтилганларга биноан Ислом фиқҳи академияси қуйидагиларни тўғри деб топди:
Ислом мамлакатларидаги масъуллар ўз юртларида биржа бозорларининг келишувларини жоиз ёки ножоиз суратда ўз ҳолига ташлаб қўймасликлари лозим. Улар бозорда нарх ўйини қилувчиларни хоҳлаган ишларини қилишларига йўл қўймасликлари, балки, шаръий йўлларга риоя қилишни шарт қилиб қўйишлари ва шаръан ножоиз ақдларни ман қилишлари керак. Бу билан улар молиявий касодга олиб келадиган, умумий иқтисодни хароб қилувчи ва кўпчиликни оғир вазиятга солиб қўйувчи ҳийла-найрангларга қарши курашган бўладилар. Чунки, барча яхшиликлар ҳар бир ишда Ислом шариати йўлини ушлашдадир. Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз”.
Аллоҳ субҳанаҳунинг Ўзи тавфиқ эгаси ва тўғри йўлга ҳидоят қилувчидир. Халқнинг энг яхшиси Саййидимиз ва Набиййимиз Муҳаммадга, у зотнинг оилалари ва саҳобаларига саловат ва салом бўлсин!
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ўринбосари: Абдуллоҳ Умар Насийф
Аъзолар:
1. Абдуллоҳ ал-Абд ар-Раҳмон Бассом,
2. Солиҳ ибн Фавзон ибн Абдуллоҳ Фавзон,
3. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Сабийл,
4. Муҳаммад Маҳмуд Совваф,
5. Ҳусайн Махлуф (йўқ),
6. Мустафо Зарқо,
7. Солиҳ ибн Усаймин,
8. Муҳаммад Солим Адуд (йўқ),
9. Муҳаммад Рашид Қаббоний,
10. Муҳаммад Шозилий Найфар,
11. Абу Бакр Муҳаммад Жумий,
12. Абдулқуддус Ҳошимий Надавий,
13. Муҳаммад Рашидий,
14. Ливоъ Маҳмуд Шийс Хаттоб (қатнашмади),
15. Абулҳасан Алий Ҳасаний Надавий (қатнашмади),
16. Мабрук Авводий (қатнашмади).
Ислом фиқҳи академияси мажлиси маърузачиси: Муҳаммад Аҳмад Қамар.
Таржимон: Абдулҳодий
Муҳаррир: Аброр Мухтор Алий.
Мулоҳаза: Бизда авваллари биржа бўлган эмас. ҳозир шакилланиб бормоқда. Бу ҳақда ислом фиқҳи ҳукмини билмоқчи бўлганлар учун ушбу қарорда келган маълумотлар фойдали бўлишидан умидвормиз.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф