Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин!
Аммо баъд:
Маккаи мукаррамада Робитатул Оламил Исломийнинг биносида Ислом Фиқҳи Академиясининг 1428-хижрий 22-26 шаввол ойида (2008 милодий йил 3-7 ноябр) бўлиб ўтган 19-йиғилишида уламолар “Sabic” ширкатидан
Академия почтасига безак шаклидаги қуроний оятларни сотиш хукми тўғрисидаги келган саволни кўриб чиқди. Йиғилишда ушбу мавзудаги баҳслар ва муноқашалар атрофлича эшитилгандан сўнг, Аллоҳнинг Китобини улуғлаш, ҳидоятига эргашиш ва унинг мақсадларини лозим тутиш вожиблиги таъкидланди. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръонни мавъиза ва ибрат, қалбларга шифо бўлишлиги ҳамда у орқали инсонлар ибодат ва муомалотларида ҳидоят топишлари, уни тадаббур ва тафаккур билан тиловат қилишлари, ҳар қандай ҳолатда ҳам у орқали тўғри йўлни топишлари учун нозил қилгандир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди”. (Юнус-57).
“Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас”. (Исро-82).
“...Сен: «У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир. Иймон келтирмайдиганларнинг қулоқларида оғирлик бордир. У улар учун кўрликдир. Улар узоқ макондан чақирилаётганлардир», деб айт”. (Фуссилат-44).
“Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир”. (Сод-29).
Яна мажлисда мусулмонларга Роббиларининг Китобини ҳурмат қилишлари, мақсадларини назарда тутишлари, Қуръон ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тўғри йўлда юришлари учун маёқ каби ушлашлари лозимлиги таъкидланди. Юқоридагиларнинг эътибори билан, мусулмонлар Қуръоний оятларни ҳурматига эътибор беришлари, уни хорлашдан сақлаб, беҳуда ўринлардан эҳтиёт қилишлари лозимлиги зикр қилиниб, қуйидаги қарорлар қабул қилинди:
Биринчидан: Қуръон оятларини ёзишлик ва ундан безак мақсадида машруъ-фойдали ўринларда ишлатишда, Қуръон ўрганиш ва ўргатиш, уни панд-насиҳат олишлари учун ёрдамчи восита қилиш кабилар қуйидаги шартларга мувофиқ бўлиши керак:
1. Қуръон ёзилган лавҳ-плакатларни ишлатиш ва кўчиришда мусҳаф босмасига қилингани каби муоамала қилиш керак ва ушбу ёзилган оятларнинг ҳурматини жойига қўйиб, уни хор қилишдан сақлаш лозимдир.
2. Қуръон лафзлари ва маъноларини енгил санаб, шаръий далолат қилиб турган маъносидан бошқа томонга буриш ва маъноларнинг ўзаро боғлиқлигини ҳам узиб қўйиш мутлақо жоиз эмас.
3. Нажосат ёки ишлатиш мумкин бўлмаган нарсалар билан ёзиш ва ишлатишдан сақланиш лозим.
4. Ҳарфларни узиб ёки сўзларни бир-бирининг ичига киргизиб ёзганда беҳудага ёзилган каби бўлиб қолмасин. Ҳамда оятларни безашда муболағага йўл қўйиб, ўқиш ҳам қийин бўлиб қолмасин.
5. Безак сифатида ёзилган оятлардан жонли нарсаларнинг сурати ҳосил бўлмасин. Яна қуръоний оятлар ёзилган лавҳа-плакатлар инсон, хайвон ёки қуш шаклида бўлмасин ва шунга ўхшаш Қуръон карим оятларига қолиб ясашда нолойиқ саналадиган шакллар ҳам бўлмасин.
6. Бидъат дуолар, ботил эътиқодлар ва қадрсиз-яроқсиз нарсалар, матоларнинг савдоси ривожи ва сотувда инсонларни алдаш учун ҳам ишлатиб ёзмасин.
Иккинчидан: Уламоларнинг мусҳафни сотиш ва сотиб олиш мумкинлигидаги қувватли фикрларига кўра, юқорида ўтган шартларга мувофиқ ёзилганларни сотиш ёки сотиб олишликда ҳеч қандай монеълик йўқдир.
Учинчидан: Қуръони карим оятларини телефон ва унинг ҳукмидаги нарсаларда қўнғироқ ва уйғотиш учун ишлатиш жоиз бўлмайди. Чунки бунда тиловатни тўлиқ эшитмаслик, унга бепарво бўлиш ва лойиқ бўлмаган ўринда ўқиб Қуръонга ҳурматсизлик қилиш бордир.
Аммо Қуръони каримни телефонда эшитиш ёки тиловат қилиш учун ёздиришнинг зарари йўқдир. Балки бу Қуръонни тарқатиш, эшиттириш ва фикрлаш учун ёрдамчидир ва унга қулоқ тутиш билан савоб бўлади ҳамда уни мусулмонларнинг орасида тарқалиши ҳам юзага чиқади.
Мажлис аъзолари Исломий давлатлардаги масъулларга Қуръоний лавҳларни ишлашда чегарадан чиқиб кетмаслик учун кузатув зарурлигини тавсия қилади.
Қуръоний лавҳлар ва шу кабиларни ояти карима ёзилган лавҳларни хурматини жойига қўймайдиган давлатлардан ҳам келтиришни ман қилади.
Аллоҳ тавфиқ эгасидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оилаларига ва саҳобаларига Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин!
Таржимон: Рафиқжон Болтабоев.
Масъул муҳаррир: Аброр Мухтор Алий.
Мулоҳаза: Мазкур нарсаларни ишлаб чиқарувчилар ҳам, уларни сотиб олиб, ишлатувчилар ҳам ушбу қарорда зикр қилинган шарт ва одоблар доирасидан четга чиқмасликлари лозим.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф