Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин.
Аммо баъд:
Ислом Фиҳқи Академияси кенгаши Маккаи мукаррамадаги бутун жаҳон мусулмонлар лигаси бош котибияти қароргоҳида ҳижрий 1401-йил робиъул охир ойининг еттинчи ва ўн еттинчи кунлар оралиғида
ўтказилган тўртинчи сессиясида ҳижрий 1399 йил 16-шавволда милодий 1979 йил 8-август кунида Сингапурдаги Саудия Арабистони элчихонаси ишларини бажарувчи элчи жаноби олийларига йўлланган исломий даъватнома билан танишиб чиқди. Даъватнома бу уюшма билан Сингапурдаги исломий кенгаш ўртасида ҳижрий 1399 милодий 1979 йил рамазон ойининг бошланиши ва ниҳояси тўғрисида ихтилоф пайдо бўлганлигини ўз ичига олади. Чунки, уюшма рамазон ойининг бошланиши ва тугаши умумий шаръий далилларига мувофиқ шаръий кўришга асосланган бўлади деб билса, Сингапурдаги исломий кенгаш эса мазкур рамазон ойининг бошланиш ва тугаши фалакий ҳисоб билан бўлади дейишган. Бунга, Осиё минтақасидаги давлатларга нисбатан у давлатларнинг осмони, хусусан Сингапур давлати булут билан тўсилган. Демак ўша жойларнинг аксари ойни кўришдан тўсилган ҳолатда бўлиб, бу шубҳасиз узурлардан деб эътибор қилинади. Шунинг учун фалакий ҳисоб билан белгилаш керак, деган сабабни кўрсатишган.
Ислом фиқҳи академияси аъзолари бу мавзуни шаръий далиллар асосида тўлиқ ўрганиб чиққанидан кейин исломий давлат уюшмасини сўзини қўллаб-қувватлашни қарор қилди. Чунки бу тўғрисида шаръий далиллар очиқ ойдиндир. Шунингдек кенгаш қарор қилади:
Сингапурга ўхшаш жойларда, Осиё ва бошқа баъзи осмони ойни кўришдан тўсилиб турадиган минтақалардаги мусулмонлар қандай шаклда бўлмасин ҳисоб билан эмас, балки ойни кўз билан кўришга эътимод қиладиган исломий диёрлардаги ўзлари ишонадиган кимсаларнинг сўзларини олишлари керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“У(ой)ни кўриб, рўза тутинглар ва уни кўриб, очинглар. Агар сизлардан (булут-ла) тўсилиб қолса, Шаъбоннинг саноғини ўттизга етказинглар”, дедилар.
Ва яна у зот:
“Ҳилолни кўрмагунингизча рўза тутманглар. Уни кўрмагунингизча оғиз очманглар. Агар сизлардан у булут билан тўсилиб қолса, ҳисобини қилинглар”, дедилар. (Икки ҳадисни ҳам Имом Бухорий ривоят қилган). Шу маънода бир неча ҳадислар ворид бўлган. Ушбу ҳадисларга амал қилиш муқаддамдир!
Раис: Муҳаммад ибн Ҳумайд.
Раис ноиби: Муҳаммад Алий Ҳаркон.
Аъзолар:
1. Абдулазиз Абдуллоҳ ибн Боз,
2. Муҳаммад ибн Солим ибн Абдулвадуд (йўқ эди),
3. Мустафо Зарқо,
4. Муҳаммад Рошидий,
5. Муҳаммад Абдуллоҳ Сабийл,
6. Ҳусайн Маҳлуф,
7. Муҳаммад Рашид Қаббоний,
8. Солиҳ ибн Усаймин,
9. Абдулмуҳсин Аббод,
10. Алливо Маҳмуд Шийт Хаттоб,
11. Муҳаммад Шозилий Найфар,
12. Маҳмуд Саввоф,
13. Абдулқуддус Ҳошимий,
14. Мабрук Авводий,
15. Абулҳасан Надавий.
Таржимон: Муҳаммад Зафар.
Муҳаррир: Аброр Мухтор Алий.
Мулоҳаза: Ушбу қарор чиққан пайтда рамазонни бошланишини ва тугашини аниқлаш учун албатта ойни кўриш, ўзида кўринмаса, кўрганларга эргашиш қаттиқ талаб қилинади эди. Ҳозир эса, фалакий расадхоналарга ҳам мурожаат қилишга мойиллик ортиб бормоқда. Хусусан, ўтган 2011 йилда бу нарса алоҳида аҳамият касб этди. Чунки расадхона ойнинг бошланишини қуруқ ҳисоб билан эмас, замонавий кучли телескоплар билан кўриш орқали белгилаши ҳам таъкидланди. Бир қанча расадхоналар, зиёлилар, диний олимлар қари кишиларнинг кўзлари билан ой кўришлари ҳақидаги гувоҳликни қабул қилиб, кучли телескоплар орқали мутахассисларнинг кўрганини қабул қилмаслик инсофдан эмаслигини таъкидладилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф