Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ижтиҳод бобида асосий ўрин тутгувчилардан бири “манот” деб номланиб, унинг маъноси бирор бир ҳукмнинг иллати ёки унинг сабабини билдиргувчи нарсага айтилади. Усул уламолари “манот”ни икки масалани бир-бирига боғловчи, жамловчи, иллат, аломат, жамлашга чақирувчи, сабаб, тақозо қилгувчи, вожиб қилгувчи, мадор (ҳукм суянган нуқта), муштарак (икки масала ўртасида муштарак бўлган нарса) деб номлайдилар.
“Манот”га уч нарса тегишли бўлади. Улар:
1. Тахрижул манот – бир ҳукмга иллат бўлган нарсани қидириб топишга айтилади. Масалан, ҳамр ҳаром қилинган нарсалардан, унинг ҳаромлигига бир неча иллат, сабаб бўлиши мумкин. Масалан, ҳамрнинг суюқлиги, узум, ҳурмо, буғдойдан тайёрланган бўлиши, ичимлик бўлиши, маст қилгувчи бўлиши каби. Мужтаҳид уламолар томонидан ҳамрни ҳаромлигига сабаб бўлгувчи иллатларни бир жойга жамлашга тахрижул манот дейилади;
2. Танқиҳул манот – бир ҳукмга иллат бўлишга лаёқатли бўлган нарсаларни тахрижул манот орқали бир жойга жамлаб олгандан кейин, ўша иллатларни чуқур таҳлил қилиб, ўрганиб чиқиб, улардан бирини ҳақиқий иллат сифатида бошқалардан ажратиб олишга танқиҳул манот дейилади. Масалан, ҳамрни ҳаром эканлигига юқоридаги иллатлардан бири маст қилишлик эканлигини таъйин қилиш танқиҳул манотдир. Қуръон ва ҳадисда келган ҳукмларнинг барчасини манотларини тахриж ва танқиҳ қилиш салаф ва халаф уламолари томонидан тўлиқ амалга оширилгандир. Бу борада улардан кейингиларга ижтиҳод эшиги беркилгандир. Мазҳаблар ҳам шу ерда бир-биридан ажралади; масалан : Рамазон ойида аёлига яқинлик қилган кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам каффоратни вожиб қилдилар. Ҳанафий мазҳаби уламолари каффоратни вожиб бўлишлигига қасддан рўзани бузишни манот(иллат) қилиб олдилар. Қачон бир киши қайси йўли билан ҳоҳ у еб ичиш бўлсин ёки аёлига яқинлик бўлсин қасддан рўзасини очса зиммасига каффорат лозим бўлади. Шофиъий мазҳаби уламолари эса, каффоратни вожиб бўлиши учун рамазон ойида қасддан аёлига яқинлик қилишни манот қилганлар.
3. Таҳқиқул манот – Бирор бир ҳукмнинг иллати нас ёки ижмо билан собит бўлгандан кейин, ўша иллат нас ва ижмода келмаган бирор нарсада топилса, ўша иллат орқали собит бўлган биринчи масаланинг ҳукмини иккинчи масалага татбиқ қилишлик таҳқиқул манот дейилади. Масалан, ҳамрни ҳаромлигига иллат маст қилишлик эканлигига иттифоқ қилинган. Қачон ва қайси замонда бирор ичимлик ихтиро қилинса ва унда маст қилишлик топилса, шу иллатга биноан ўша ихтиро қилинган ичимликнинг ҳаромлигига ҳукм қилишлик таҳқиқул манот дейилади. Таҳқиқул манотдаги ижтиҳод эшиги қиёматгача очиқ бўлади.
Жаврабга масҳ тортиш масаласи ҳам таҳқиқул манотга тегишли бўлиб, маҳсидаги масҳ тортишга қўйилган шартлар бу жаврабда ҳам топилганлиги учун унга масҳ тортишга ижозат берилинди. Қиёматгача оёққа кийиладиган бирор бир нарсада маҳсидаги шартлар топилса, уларга ҳам маҳсига тегишли ҳукмлар жорий қилинаверади. Шу ўринда шу нарсани яхши билишимиз керакки, жаврабга масҳ тортиш жоиз эканлигининг ҳукми жаврабга масҳ тортиш борасида келган ҳадислар билан собит бўлмаган. Чунки, жаврабга масҳ тортиш борасида келган барча ҳадислар заъифдир. Кимлардир уларни саҳиҳ десаларда оҳод ҳабарлардир, оҳод хабарлар билан Қуръони каримда келган оёқ ювиш ҳукмига зиёда қилинмайди.
Абдуманнон Қосимий