Раҳни соил


Ҳозирги кунда гаровнинг алоҳида бир суврати кенг кўламда ёйилмоқда. Унда гаровга олувчи(тақсийт савдоси орқали мол сотган сотувчи) гаровни қўлига олмай(қабз қилмай), гаровга берувчи (тақсийт савдоси орқали мол сотиб олувчи харидор) гаровни ўзида қолдиради.
Лекин, харидор зиммасидаги қарзни адо қила олмаса, сотувчи гаровга қўйилган нарсани гаровга қўювчидан талаб қилади ва уни сотиб, қарзини ундириб олади.
Бундай гаровга раҳнус созиж (содда гаров), зимматус соила(ўзгарувчи кафолат) дейилади. Масалан, харидор тақсийт савдосига сотиб олган машинасини сотувчига гаровга беришга келишди лекин, сотувчи уни қўлига олмай, фойдаланиб туриши учун харидорда қолдирди. Лекин, харидор сотувчини ҳаққини тўлиқ бермагунича машинани бошқага сота олмайди. Агар харидор қарзини бера олмаса, сотувчи харидордан гаровга қўйилган нарсани тортиб олиб, уни сотиб, ундан ўзининг ҳаққини чиқариб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Машинадан ортиб қолган маблағ харидорга қайтарилади. Гаровга қўйилган нарсани сотиш ҳаққизиммаи соила(ўзгарувчи кафолат) дейилади. Шу ўринда қарзни мустаҳкамлаб қўйиш учун шу тарзда гаров қўйиш мумкинми, деган савол пайдо бўлади.
Аксарият фақиҳлар гаровни жоиз бўлиши учун гаровга қўйиладиган нарсани гаровга олувчи қабз қилиши шарт, деб, Қуръони каримдан қуйидаги оятни далил қилиб келтирадилар:


فَرِهَانٌ مَقْبُوضَةٌ

“бас, қўлга олинадиган гаров бўлсин” (Бақара 283 оят)
Мазкур гаровда сотувчи гаровни қўлига олмагани учун гаров дуруст бўлмаслиги керак. Лекин, харидор гаровга қўйишга келишилинган нарсани аввало сотувчига гаровга бериб, кейин орият(шариатда, орият текинга фойдаланиб туриш, деган нарсани ифода қилади. Масалан, қўшнининг болта ва арра каби нарсаларини фойдаланишга олиб туриш каби) сифатида уни қайтариб олади. Бу билан гаров келишуви бекор бўлмайди. Балки, сотувчига қачон хоҳласа, гаровга қўйилган нарсани талаб қилиш ҳуқуқи бўлади. Шу ўринда бир масалани яхши билиб олиш керак, ориятга олинган нарса, олувчининг таъсирисиз ёки бепарволигисиз ҳалок бўлса, уни тўлаб берилмайди. Шунингдек, сотувчига пулини тўлаш муддати ўтиб кетганидан кейин гаровни сотиб, пулини ундириб олиши мумкин бўалди. Агар харидор инқироз(банкрот)га учраса ёки ҳалок бўлса, гаровда сотувчининг келишилинган миқдордаги ҳаққи бўлади. Агар вафот этган ёки инқирозга учраган харидорнинг бошқа кишилардан ҳам қарзи бўлса, сотувчи гаровга қўйилган нарсага ҳақдор бўлиб, бошқа ҳақдорлар унга шерик бўла олмайдилар.


وَإِذَا أَعَارَ الْمُرْتَهِنُ الرَّهْنَ لِلرَّاهِنِ لِيَخْدُمَهُ أَوْ لِيَعْمَلَ لَهُ عَمَلًا فَقَبَضَهُ خَرَجَ مِنْ ضَمَانِ الْمُرْتَهِنِ لِمُنَافَاةٍ بَيْنَ يَدِ الْعَارِيَّةِ وَيَدِ الرَّهْنِ فَإِنْ هَلَكَ فِي يَدِ الرَّاهِنِ هَلَكَ بِغَيْرِ شَيْءٍ لِفَوَاتِ الْقَبْضِ الْمَضْمُونِ وَلِلْمُرْتَهِنِ أَنْ يَسْتَرْجِعَهُ إلَى يَدِهِ؛ لِأَنَّ عَقْدَ الرَّهْنِ بَاقٍ إلَّا فِي حُكْمِ الضَّمَانِ فِي الْحَالِّ؛ أَلَا تَرَى أَنَّهُ لَوْ هَلَكَ الرَّاهِنُ قَبْلَ أَنْ يَرُدَّهُ عَلَى الْمُرْتَهِنِ كَانَ الْمُرْتَهِنُ أَحَقَّ بِهِ مِنْ سَائِرِ الْغُرَمَاءِ، وَهَذَا؛ لِأَنَّ يَدَ الْعَارِيَّةِ لَيْسَتْ بِلَازِمَةٍ وَالضَّمَانُ لَيْسَ مِنْ لَوَازِمِ الرَّهْنِ عَلَى كُلِّ حَالٍ

“Гаровга олувчи гаровга берилган нарсани хизмат ёки ишлатиш учун гаров берувчига берса, у уни қўлига олгандан кейин гаров олувчининг кафолатидан чиқади. Чунки, орият қўли билан гаров қўли бир-бирига зиддир. Агар у гаров қўювчининг қўлида ҳалок бўлса, ҳеч қандай кафолатсиз ҳалок бўлади. Чунки, ориятга олинганда тўлаб бериш кафолати йўқ бўлганлиги учун. Гаров олувчи гаров қўйилган нарсани қайтариб олиши ҳам мумкин. Чунки, (гаровга қўйилган нарсани харидорга ориятга берилган бўлсада) гаров муомаласи ҳали боқий турибди. Лекин, (гаровга олувчи гаровга қўювчидан гаровни иккинчи марта ортга қайтаришини сўрашни ўзи билан) ўша заҳоти гаров кафолатланган бўлмайди. Шунинг учун гаров олувчининг қўлига гаров ўтишидан олдин (харидор) ҳалок бўлса, гаров олувчи бошқа қарз берувчиларга нисбатан гаровга кўпроқ ҳақли бўлади. Ҳар доим ҳамкафолат (тўлаб беришлик) гаровга тегишли бўлавермайди” (Ҳидоя).
Демак, сотувчи гаровни қўлига олгандан кейин харидорга орият(фойдаланиб туриш)га бериши мумкин. Агар сотувчи гаровни қўлига олмай туриб харидорга ориятга бериб туриши жоизми ёки жоиз эмасми?
Фақиҳлар гаров, гаров олувчининг қўлига тўлиқ ўтишидан олдин гаров берувчига ориятга берилиши жоиз эмас, деганлар. Чунки, гаров тамомига етиши учун, гаровга қўйилган нарсани гаровга олувчи қўлига олган бўлиши шартдир. Лекин, бу ўринда фақиҳлар ўйлаб кўришлари учун бир неча мулоҳазаларни уларнинг эътиборларига ҳавола қиламан:
1. Раҳни соилда гаров олувчи гаровни айни ўзини қўлига олмасада, лекин, умумий ҳолатларда унга эгалик қилишни англатувчи ҳужжатларни қабз қилади. Бу сувратда гаров олувчи гаровга қўйилаётган нарсанинг ҳужжатларини қўлга олиши билан гаров тўлиқ бўлади ва у нарса орият сифатида гаровга қўювчининг қўлида қолади, дейиш мумкин;
2. Фақиҳлар зикр қилганларидек, гаровда қабзни шарт қилиниш иллати зарурат вақтидамуртаҳин(гаров олувчи) гаровни сотиб, берган қарзини ундириб олишига имконияти бўлишидир. Бу мақсад раҳни соилда ўз исботини топган. Чунки, гаров ҳужжатлари қўлида бўлган сотувчи қарзини тўлатиб олиши учун гаровдаги нарсани сотиш имкониятига эга. Бу ҳолатда ҳиссий қабза (сотилган мол ёки гаровни қўлга олиш) шарт бўлмаслиги мумкин;
3. Гаровдан кўзланган мақсад қарзни кафолатлашдир. Шу мақсадда шариат ҳақдор ўз ҳаққини ундириб олгунича қарздорнинг мулкини қўлга олиб, қарздорни ўз мулкидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳуқуқига эга. Лекин, ҳақдор ўз ҳақидан озроғига ҳам рози бўлиши мумкин, яъни гаровга олинган нарсани қарздорни қўлига бериб қўйиши ҳам мумкин. Бунда ҳақдорда гаровга қўйилган нарсадан ўзини ҳаққини тўлатиб олиш ҳуқуқигина қолади халос. Қарздор эса гаровга олинган нарсадан фойдаланиб тураверади. Шариат томонидан ҳам бунга ҳеч қандай монелик йўқ;
4. Раҳни соилда икки томоннинг фойдаси кўзланган. Чунки, роҳин(гаров берувчи)да гаровга бераётган молидан фойдаланиш имконияти юзага келади. Муртаҳин(гаровга олувчи)да эса, ҳеч бир нарсага кафил бўлмай ўзини қарзини ундириб олиши мумкин бўлади. Гаровнинг бу сувратида мабодо қарздор инқирозга учраса, гаров олувчи бошқа ҳақдорларга нисбатан гаровга ҳақлироқ бўлади;
5. Ҳозирги вақтда халқаро савдоларда гаровга қўйилган нарсани қабз қилиш узурлидир. Чунки, томонлардан бири бошқа давлатда, иккинчиси яна бошқа давлатда истиқомат қилиши мумкин. Бошқа томондан халқаро савдоларда гаровни бир давлатдан иккинчи давлатга олиб бориш жуда кўп маблағ талаб қилади. Бундай вақтда раҳни соилдан ўзга йўл билан қарзни кафолатлашни иложи бўлмайди.
Мазкур беш мулоҳазага асосланиб раҳни соилнинг жоизлик тарафдориман. Лекин, қатъий қарор қабул қилиш учун мазкур масалани уламолар фикрига ҳавола қиламан. Валлоҳу субҳанаҳу аълам.

 


Мавзуга оид мақолалар