Истисноъ савдоси


Фиқҳ китобларимизда кўпинча “Истисноъ” лафзи учраб туради. Жамиятимизда истисноъ воситасидан фойдаланмайдиган киши бўлмаса керак. Кунлик ҳаётимизда барчани тижоратнинг истисноъ турига иҳтиёжи бор. Шунинг учун, биз бу ҳақида бир оз сўз юритмоқчимиз.

Истисноъ луғатда бир одамни касби ва ҳунаридан фойдаланишга айтилади, фиқҳ истилоҳида эса, ҳунарманд кишидан махсус тарзда махсус нарсани ясаб ёки қилиб беришлигини талаб қилишни билдиради, ёки “Ҳунарманд билан муъаййан бир нарсани ясаб беришлигини зиммасига олишлик битими” дейилади. Қадимда тижоратнинг бу суврати жуда содда бўлиб, уй асбоб-анжомлари, тақинчоқлар, кийим-кечак, оёқ кийимларини қилиб беришга буюртма бериш билан чегараланган эди. Кейинчалик истисноъ тараққиётга учраб, ҳозирги кунимизга келиб тижоратнинг энг асосий турларидан бирига айланиб қолди. Бу тижорат йўли орқали катта кемалар, самалётлар, авто уловлар, поездлар ва шу каби қимматбаҳо нарсаларни буюртма беришлик даражасига ҳам етди. Ҳунарманд, сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи, дурадгор, темирчи, пойафзал тикувчи кабиларни “сонеъ” дейилади. Харидор буюртмачини “мустасниъ” дейилади. Ясаб беришга келишилган нарсани “масенуъ” дейилади. Истисноъ битимида, нархини аввалдан бериб молни кейинчалик олишда салам савдосига ўхшайди. Чунки, бунда ҳам битм вақтида йўқ нарсани савдо қилинади. Ясаб бериладиган нарса хунармандни, сотувчини зиммасига юклатилади. Лекин бир неча жиҳатлардан салам савдосидан фарқ қилади.
1-салам савдосида молни нархини битм вақтида сотувчига тўлалигича беришлиги шарт. Молнинг нархини баъзиси берилиб, баъзиси берилмай қолса ёки умуман берилмаса салам савдоси жоиз бўлмайди.
2-салам савдосида молни қўлга олиш муддати тайин қилинган бўлишлиги керак. Истисноъда эса битмни дуруст бўлиши учун бу нарса шарт эмас.
3-салам савдосида етказиб беришлиги келишилинган мол келишилинаётган вақтдан топширадиган вақтгача бозорларда топилиши шарт. Истисноъда эса бу нарса шарт эмас.
Истисноъ битими ижарага ҳам ўхшаб кетади. Лекин ижарада ясаб бериладиган нарса ижарага олувчининг тарафидан бўлади. Масалан, бинони қуриш учун қурилиш моллари буюртмачи тарафидан бўлиб, ижарага олинган киши тарафидан меҳнат бўлади холос. Истисноъда эса, буюртма хом-ашёси хунарманд тарафидан бўлади. Ҳанафий мазҳаби уламолари наздларида рожиҳ қовл(қувватланган ва қабул қилинган фикр) истисноъ "Байъ ун лил маснуъа"да ҳунарманднинг амалини сотишлик эмас, икки тарафдан ваъдалашув ҳам эмас, балки буюртма олинган муъаййан нарсани сотишлик ҳисобланади. Масалан, истисноъда буюртмачи айтган нарсаси тайёр бўлганидан кейин уни ололмаслик шароити туғилиб қолса, унинг олмасликка узри ўтмайди.

Истисноънинг шариъатда жоизлиги

Ҳанафий уламолари урфни ва одамларнинг истисноъга бўлган эҳтиёжларини эътиборга олиб истеҳсон(Қуръон, ҳадис, ижмоъ, қиёслардан кейин турувчи шаръий далиллардан бири) йўлига кўра истисноъга ижозат берганлар. Истисноъ салам ва ижарадан алоҳида бошқа бир тижорат туридир. Ҳанафий мазҳабини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам узук ясаттирганлари, қон олувчига хизмат ҳаққини берганликлари, ҳамда авратни беркитадиган нарсалар бўлиши шарти билан ҳаммомлардан фойдаланишни мубоҳ қилганликлари қувватлайди. Ҳаммомнинг сувидан фойдаланаётганда қанча вақт кетиши ва қанча сув кетишлиги аниқ бўлмаслигида кенгчилик бор. Ҳанафий фуқаҳолардан бошқа уламолар салам савдоси ва унинг барча шартлари топилишлиги асосига кўра, истисноъга ижозат берганлар. Масалан, салам садосида молнинг тўлалигича қийматини келишув мажлисида топшириш шарт. Истисноъда ҳам шарт дейишади. Лекин бу воқеъликда жуда қийин ишдир. Моликий мазҳабида истисноъни салам савдоси каби бир ёки икки кун билан белгилашни зарари йўқ – дейилган. Шофиъий мазҳабида эса буюртма берилган нарсани топшириш муддатини белгилаш ва белгиламасликда фарқ йўқ, икки сувратда ҳам истисноъ жоиз бўлаверади.

Истисноънинг шартлари

Ҳанафий мазҳабида истисноънинг жоиз бўлишлиги учун уч нарса шарт қилинади.
1-буюртма берилган нарсанинг жинси, нави, миқдори, сифати тайин қилинган бўлиши керак. Чунки, буюртма хунарманд тарафидан сотиладиган мол саналади, яъни сотиладиган мол маълум бўлиши шарт. Буюртманинг юқоридаги меъёри тайин қилинмаса, келишув фосид бўлади. Чунки у хунарманд билан буюртмачининг жанжалига олиб бориши мумкин. Жанжалга олиб борувчи ноаниқлик битмни фосид қилади.
2-буюртма берилган нарса одатда инсонлар орасида буюртма бериладиган нарсалар жумласидан бўлсин. Идиш, уй-рўзғор анжомлари, кийим-кечаклар каби. Яъни шариъатда ножоиз бўлган нарсалардан бўлмаслиги керак.
3-Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ наздларида буюртма топшириладиган муддатни зикр қилмаслик керак. Агар зикр қилинса истисноъ салам савдосига айланиб қолади. Салам савдосида эса буюртмани топширишлик муддати бир ой ёки ундан ортиқроқ бўлиши шарт. Ундан камига жоиз эмас. Лекин истисноъда муддатдан шошилтириш мақсад қилинса жоиздир, лекин “фалон куни топширишинг шарт” деган нарса қасд қилинса жоиз эмас. Имом Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳимаҳумаллоҳлар учинчи шарт яъни муддат тайин қилинмаслиги керак – деган шартни, шарт қилмаганлар. Чунки одатда буюртмага муддат белгиланади. Одамларнинг урфи ҳам шунга жорий бўлган. Амалий тарзда ҳам шу гап қабул қилинган. Урфга биноан муддатни тайин қилишлик саҳиҳ шарт саналади. Ҳанафий уламолари иттифоқига кўра битмга қўшимча тарзда киритилинган шарт саҳиҳ шарт саналса битмга қўшимча тарзда қабул қилинади. Агар битмга қўшимча тарзда киритилган шарт фосид шарт бўлса Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ наздларида битм вақтида қилинган шарт қаторига киритилиб битм фосид бўлади. Имомайнларнинг наздларида эса қўшимча киритилган фосид шарт битм остига кирмай шартнинг ўзи бекор қилинади ва битм ўз ҳолича қолади.

Истисноънинг ҳукми

Истисноъ битми тузилгач ҳунарманд зиммасидаги буюртма буюртмачининг мулки ҳисобланиб, эвазига бериладиган қиймат ҳунарманднинг мулки ҳисобланади.

Истисноъ битмининг сифати

Буюртма олувчи ишга киришмасидан олдин, буюртмани битирганидан кейин буюртмачи нарсани кўришидан олдин икки тараф битмни бекор қилишлари ёки битмни амалга оширишлари ҳуқуқига эгадирлар. Буюртма қабул қилувчи, буюртмачи тарафидан нарсани у буюртма қилганидек ясаб бўлганидан кейин буюртмачи олдига олиб келгач ундан бошқасига сотиб юбориш ҳаққи бекор бўлади. Буюртмачи эса унга эгадор саналади. Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ "Буюртма, буюртмачи талаб қилганидек тайёрланган бўлса, буюртмачи уни олишлиги лозим" деганлар. "Мажаллатул аҳкамул адлиййа" ушбу фикрни олган ва бу ҳакимона ва тўғри йўлдир.
Шунга биноан баъзи бир нарсаларга буюртма берилганидан кейин уни олишлик шарт бўлади. Хозирги кунда нонвойларга “фалон вақтга фалонча нон тайёрлаб бер” деб, кейин ўша нон айтганидек айтган вақтига тайёр бўлса, буюртмачи уни рад қилиши мумкин эмас. Хозирда урфга айланган "Буюртмани қийматининг фалон қисмини(заклад) ташлаб кетинг, агар тайёр бўлганидан кейин олишдан айниб қолсангиз берган ўша қисмга куясиз яъни ўзимда олиб қоламан" деб шарт қўйиш мутлақо жоиз эмас. Лекин "Кафолат учун фалон қисмини ташлаб кетинг" дейиши жоиз.


9 йил аввал 6106 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тижоратда фойданинг шаръий меъёри
Савол: Шариатда сотаётган нарсасидан қанча фойда кўриш тайин қилинган? Жавоб: Шариатда сотувчи сотиладиган молни шунчага сотсин ёки сотмасин деб тайин қилмаган. Лекин, одамларга зулм етадиган давоми...
9 йил аввал 47019 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Даллолликнинг ҳукми
Фиқҳ китобларимизда «самсара» (даллоллик), «симсор» (даллол) лафзлари истеъмол қилинади. Даллол деб кимнингдир сотишига, кимнингдир сотиб олишига ёрдам берувчи, сотувчи ва олувчининг ўртасини боғловчи давоми...
9 йил аввал 26628 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
32-дарс. Тушир ва тезлат.
Тезроқ бериш эвазига нархни тушириш.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Надир яҳудийларини чиқаришга буюрганларида, улардан баъзи инсонлар келиб:“Эй давоми...
9 йил аввал 4468 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фаҳш ва бузғунчилик ғояларини тарқалишига сабаб бўлгувчи омиллар савдоси
Турмушда баъзи нарсаларни фақат яхшиликка истеъмол қилинади. Баъзи бир нарсаларни эса  жоиз томонга ҳам ножоиз томонга ҳам истеъмол қилиш мумкин. Жоизга ҳам, ножоизга ҳам истеъмол қилинадиган нарсалар давоми...
9 йил аввал 9564 fiqh.uz