33-дарс. Рибо ҳийлалари


Аллоҳ таоло айтади: “Ва Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган”.
Аллоҳ таоло судҳўрликни ҳаром қилди ва судҳўрлар учун рибони очиқ-ойдин ейиши мумкин бўлган барча эшикларни беркитди. Шунинг учун ҳам судҳўрлар рибони ҳийла йўли билан ейиш йўлини қидирадилар. Шу маънода энг кўзга кўринган ҳийла ўзини савдогар қилиб кўрсатишдир. Аллоҳ таоло эса савдони ҳалол рибони эса ҳаром қилганини ояти каримада эълон қилди.
Рибони ҳам савдо дейишга ва шунинг учун ҳам рибо ҳийлаларининг аксарини савдо йўли орқали амалга оширишга уринилади. Бу ҳийлаларнинг айримлари рибонинг ҳаромлиги доирасида бўлса, баъзилари қонунда белгаланган фойда чегарасидан чиқиб, ундан ортиқроғини ундириш учун қилинади. Ҳолбуки ҳийла шаръан ва ақлан ҳам қабиҳ ишлар жумласига киради. Ҳар асрда “шаръий ҳийла” номи билан баъзилар ўз услубларида ҳийлага йўллар топишади. Бу йўллар пасткашлик ва разилликдан бошқа нарса эмасдир. Биз шу ўринда нифоқ ва кўзбўямачилик услублари билан қилинган рибо ҳийлаларидан машҳурларини келтирамиз.
1. Ҳийла   Байъул ийна
Яъни қарзга сотиш (ёки олиш). Бунда бир киши насияга бошқа кишидан бир нарсани мингга сотиб олади ва яна ўша нарсанинг ўзини қайтариб олган кишисига нақд тўққиз юзга сотади. Ўртада аслида савдо қилиш мақсади бўлмайди, балки сотилган мол яна эгасининг қўлига ўтади. Лекин юз биринчи киши қўлида рибо қарзи бўлиб қолади. Бу савдо тушунчаси остида амалга оширилаётган рибо қарзидир. Ийна (العينة)  деб номланиши қарз олди-бердисида айнни яъни нақдни ҳосил қилиш сабабидандир. Ёки молнинг айнан ўзи сотувчига яна қайтиб келганлигидан шундай номланган. Бунда нақддан кўра насияда нархни ошириш савдоси мақсад қилинмаган. Лекин ушбу ҳийлада насия савдосини рибо қарзи учун ҳийла воситаси қилиб олинади. Яъни ҳаромга етишиш учун ҳалол нарсани сабаб қилиб кўрсатилмоқда ва бу билан ҳийла амалга оширилмоқда. Бунинг тўғри эмаслиги очиқдир.
2. Ҳийла   Таварруқ савдоси 
Ийна савдосида кўриб чиққанимиздек киши насияга насияни сотиб олиб, яна эгасининг айнан ўзига арзонроқ нархда нақдга сотишлик ҳийласини амалга оширади. Энди ҳудди шундай савдо бўлиб, молни яна ўз эгасига эмас, балки бошқа одамга сотса бу ҳийлани таварруқ дейилади. Ийна айн сўзидан олинганидек (тиллони нақди), таварруқ ҳам вариқ сўзидан олингандир. (Вариқ кумуш нақдлари дегани). Мазкур икки савдода тилло ва кумушни ажратилмай балки нақдни қўлга киритиш мақсади асосида ҳаракат қилинмоқда. Таварруқ савдоси хусусида фуқаҳолар турли фикр билдиришган.
Баъзилар: “Агар бу савдо уч томоннинг олдиндан тил бириктириши бўлмай, фақат олди-сотди бўлса дуруст”, дейишган.
Бошқалар эса: “Агар тил бириктирилса жоиз эмас”,- дейишади.
Ибн Қаййим шундай дейди:
“Шайхимиз (Ибн Таймия) таварруқ масаласини жоиз эмас дер эдилар. Бир неча бор бу масала сўралганида мен у кишининг ёнларида эдим, ҳеч рухсат бермадилар...Рибонинг ҳаром қилинишидаги асосий сабаб таварруқнинг айнан ўзида бордир. Яна унга қўшимча таварруқда молни олиш ва сотиш, зиён қилиш кулфатлари ҳам мавжуд. Шариат зарарнинг озига рухсат бермайди, шундай экан кўп зарарга рухсат берармаслиги аниқ ”.
Бугунги кунда Ислом фиқҳи академияси томонидан бу савдо турига юқоридаги келишиб олмаслик шарти билан рухсат берилган. Чунки ҳозирги даврдаги савдони бусиз тасаввур қилиб бўлмайди. Инсонларнинг эҳтиёжлари доим бунга тушиб туради. Мол эгасидан насияга мол олиб бошқа бир шахсга нақдга сотиш билан ўртада маълум фойдага эга бўлиш мумкин. Аллоҳ таолонинг савдони ҳалол қилганлиги тўғрисида нозил қилган ояти умумийдир.
Таварруқ савдосига жумҳур уламолар рухсат беришган. Чунки савдо-сотиқдаги асл қоида мубоҳликдир. Таварруқ савдосида эса рибо мақсади ҳам сурати ҳам зоҳир эмас .
Қувайт фиқҳий мавсуасида ҳам таварруқ савдосига ижозат берилган .
3. Ҳийла   Савдо ва салаф (Яъни савдо билан қарзни ўзаро қўшиб ақд тузиш).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам савдо ва салафдан қайтардилар .
Ушбу савдо тури рибони олдини тўсиш учун ман қилинган. Чунки қарз берган киши савдодаги фойда орқали қарз устидан фойда кўради. Унинг ўзи сотувчи бўлса фойдаси кўпайиб, қарздорнинг фойдаси нуқсонга учрайди. (Чунки агар савдода зиён бўлса қарздор қарзни тўлашга мажбур, қарз берган яъни салаф қилган томон эса ҳеч нарсага зомин бўлмайди. Бундан эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар).
Ушбу қайтариқ сарф ва салафда (яъни пул алмаштириш ва қарзни қўшиб савдо қилиш) татбиқ қилинганидек, ижара ва салафда ҳам татбиқ қилинади. Чунки ижара ва сарф савдонинг алоҳида турларидандир.
(Демак турли ақдларни бир-бирига қўшиб шартнома қилиш фосид савдо ҳисобланади. Чунки буларда ақд тузувчиларнинг фақат бирига манфаат бор).
Савдо ва салафнинг маъноси.
“Сотувчи буни сенга сотаман, шарт шуки бу сенга қарз бўлади, ёки олувчи буни сендан сотиб оламан фақат шарт шуки у менга қарз бўлади”,-дейишликдир. Бу ҳаром қилинган, ботил савдодир.
4. Ҳийла. Вафо қилиш савдоси
“Муомалатул аҳкомил адлия”нинг 118 моддасида вафо қилиш савдосининг баёни келган.
(Турк султонлиги XIX аср охирларида XX аср бошларида адлия девонлиги ҳузурида савдо ишларини тўғрилаш яъни қонунни фиқҳга мослаштириш учун ишчи гуруҳини тузади. Девоннинг бошлиғи Жавдат Пошшо раҳбарлигида ҳанафий фиқҳи асосида янги пайдо бўлган савдо шартномаларини мувофиқлаштириш амалга оширилади. Аслида тижорат қонунлари мавжуд эди, лекин у Европа қонунчилигига ўхшаб қолганлиги учун уни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага чиқди. Тузилган уламолар гуруҳи ичида Муҳаммад Амин ибн Обидиннинг ўғиллари ҳам бўлган. Ушбу уламолар бир неча йиллар давомида муомалотлар фиқҳини тузиб чиқишган. Дастлаб муқаддимада Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳнинг 99 та фиқҳий қоидаларини келтириб, ундан кейин савдони таърифи ва бошқа фиқҳий муомалага тегишли масалаларни 100-101 модда қилиб давом этказишган. Юқорида 118-модда деб шу моддалардан бири айтилмоқда. Уламоларимиз: “Турк султонлигининг илмий ишлари ичида энг манфаатлиси ушбу мажалладир”,-дейишади. Лубноний деган бир олим уни шарҳлаб, Шарҳи мажалла номли китоб тасниф қилган. Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ушбу мажаллани шарҳлаган).
Вафо қилиш савдосида муҳтож одам кўчмас мулкини нақд пулга сотади ва агар пул топсам мулкимни қайтариб оламан, бошқа ҳеч кимга сотмайсан, дейди. Бунда вафо қилгунгача савдо қилган бўлиб қолади. Очиқроқ қилиб айтганда бу гарови олиб қўйилган рибо қарзидир. Бунда гаровга олиб қўйилган кўчмас мулкдан қарз берувчининг фойдаланиши рибо бўлмоқда. Ушбу савдони кўриниши қуйидагича бўлади:
 Сотувчи олувчига ушбу ерни сенга минг динорга сотдим ёки зиммамдаги минг динор қарзга сотдим, шарт шуки қачон шу пулни топсам ёки қарзимни адо қилсам ерни ўзимга қайтарасан, дейди. Гоҳо бу савдони, қайтариш шарти билан қилинган савдо, ҳам дейилади. Франция қонунида бу тур савдони, сотилган нарсани қайтариш шарти билан қилинган савдо, деб номланади. Бу савдо турига ҳанафийлар истеҳсон юзасидан ижозат беришган, яъни қиёсга хилоф равишда рухсат этилган. Лекин Жиддадаги Ислом фиқҳи академиясида ушбу савдо турини ман қилинган.


7 йил аввал 9306 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Даллоллик
Савол: Зайд даллол Умарга: «Мен сенинг машинангни Бакрга сотиб, ўн минг бераман, неча пул қолса, қолгани меники», дейиши, Умар шунга рози бўлса, Зайд машинани ўн икки мингга сотиб, ўн мингни Умарга бериб, давоми...
1 ўн йил аввал 5129 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Товар нархига устама қўйиш
Шу ўринда ҳалқ орасида оммавий тарқалиб кетган бир муомалага эътибор қаратишимиз лозим. Унинг суврати қуйидагичадир: Сотувчи харидорга машинани пулини бир йил давомида тўлашга сотади. Агар харидор бир йилда давоми...
7 йил аввал 6990 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Китоб ва суннат асосида рибонинг зарарлари
بسم الله الرحمن الرحيم Шак йўқки рибо мавзуси, унинг зарарлари жуда аҳамиятлидир. Ҳар бир мусулмон ундан узоқ бўлиши учун унинг ҳукмларини ва турларини билиши лозим. Чунки рибо билан давоми...
7 йил аввал 13386 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Оилавий муомала
Савол: Оилавий жамғарилган пулни отамиз бир кишига маълум бир фойда эвазига шерикчиликка берди. Мен эса, бу судхўрлик деб, унга қарши чиқдим. Айтингчи, шундай қилишимиз жоизми? Жавоб: давоми...
1 ўн йил аввал 7128 fiqh.uz