1.Тўғридан-тўғри бўлмаган солиқлар.
Янги солиқлар икки турли бўлади.
А) Тўғридан-тўғри бўлган солиқлар.
Б) Тўғридан-тўғри бўлмаган солиқлар.
Тўғридан-тўғри солинадиган солиқлар сармояга ёки даромадга солинишидан билинади.
Фойдаларга солинадиган ёки иш ҳақи ва ойликларга солинадиган солиқлар шулар жумласидандир. Бунда солиқ солинувчи кишининг имконияти, шахсий солиқлари, оилавий ҳолати эътиборга олинади. Одатда тўғридан-тўғри солиқлар бир йилда бир марта солинмайди ва у бойларнинг зиммасида бўлади.
Тўғридан-тўғри бўлмаган солиқлар истеъмол молларига ёки ишлаб чиқаришга ёки импорт-экспортга солинади. Божхона тўловлари қўшимча молиявий маркалар, маркаблар, ва кўчмас мулкларни расмийлаштириш кабилар тўғридан-тўғри бўлмаган солиқлар жумласига киради. Ушбу солиқларни солишда кишиларнинг молиявий имкониятлари, шахсий солиқлари ва оилавий ҳолатлари инобатга олинмайди. Яна бу солиқлар йил давомида бойдан ҳам камбағалдан ҳам олинаверади. Шу сабабли ушбу солиқларнинг молиявий қийинчилиги бойлардан кўра камбағалларга оғирроқ бўлади. Баъзида ушбу турдаги солиқлар зарурат ва камолиёт молларига қараб турлича белгиланиши мумкин. Гарчи тўғридан-тўғри солинадиган солиқлар адолатли бўлсада, лекин тўғридан-тўғри бўлмаган солиқларда маблағ кўп йиғилади. Лекин бунда кўпинча солиқнинг оғирлиги истеъмолчига тушади. Савдогар солиқни савдо молига ёки хизмати устига бўлиб, қўшиб юборади. Аммо тўғридан-тўғри солиқларда эса буни акси бўлиб, яъни солинган солиқнинг оғирлиги мукаллафнинг зиммасида қолади. Бойлар, ажнабий имтиёз эгалари ва шу кабилар ўз нуфузларини ишга солиб, ғойри мубошир (яъни тўғридан-тўғри бўлмаган) солиқларни мубошир (яъни тўғридан-тўғри бўлган) солиқларга айлантириш харакатида бўладилар. Бу солиқдан қочишнинг бир тури ҳисобланади. Бунда имконияти бўла туриб, молиявий оғирликларни бошқалар зиммасига кўчирилади.
Ғойри мубошир солиқлар хусусида шаръий қарашларни қуйида келтирамиз.
а) Маълумки Исломда олинадиган закот молиявий таклифларнинг мубошир солиқлар жумласига киради. Чунки у нақд пуллар, тижорат моллари ва чорва ҳайвонлари каби сармояга ва яна ҳосилга, деҳқончилик экинларига солинади. Шу билан бирга мукаллафнинг имкониятларига ҳам риоя қилинади. Яъни нисобга қаралади, аслий, шахсий ва оилавий ҳожатлар чиқариб ташланади, йил айланиши ёки экинни пишиб етилиши ҳам эътиборга олинади.
б) Биз Исломда ғойри мубошир бўлган молиявий мажбуриятлар борлигини билмаймиз.
(Фақат истисно тариқасида божхона солиқлари ғойри мубошир бўлиб, бу хусуда кейинроқ тўхталамиз).
Чунки Ислом шариати фойдадан кўра адолатни устун қўяди.
(Исломнинг мақсади ҳидоятдир, зулм эмасдир).
в) Ибн Таймия айтади:
“Султоний таклифлар бош сонига, пулнинг миқдорига солинади. Гоҳида қонунга хилоф бўлган моллардан ҳам олинаверади. Яна сотувчи озиқ-овқат, кийим-кечак, ҳайвонлар ва мева-чевалари ва бошқа шу каби нарсаларни агар сотса улардан солиқ олинаверади. Булар баъзан сотувчидан олинса баъзан харидордан олинади ”.
Ибн Халдун айтади:
“Албатта ободончилиги кўп бўлган шаҳарларда бозор нархлари қиммат бўлади. Эҳтиёж моллари ҳам арзон бўлмайди. Сўнгра солиқлар ҳам кўтарилади. Чунки бозорчилар ва тожирлар ўз молларининг нархига сарф-харажатларни, ҳатто ўзлари учун ишлатган нарсаларини ҳам қўшиб юборишади. Бас шунда солиқлар ҳам ўз-ўзидан савдо молларининг қиймати ва нархига қўшилиб кетади... Ва гоҳида султон томонидан бозорларда, шаҳар дарвозаларида олинадиган солиқлар ва жарималар озиқ-овқатларнинг нархига қўшилиб, қимматлашиб кетади ”.
г) Ғойри мубошир солиқлар тўғрисида шаръий бахслар ниҳоятда кам кўзга ташланади. Асосан бу каби солиқларга дуруст эмас, ҳаром, зулм солиқлари деб эътибор қилинган.
(Чунки бу каби солиқларнинг ўзи шариатда бўлмагач булар хусусида бахслар ҳам ўз-ўзидан бўлмайди).
2. Ўсиб борувчи солиқлар.
Солиқлар нисбатли (яъни бир меъёрда турадиган) ёки ўсиб борувчи бўлиши мумкин. Ўсиб борувчи солиқлар ҳам ўз ўрнида икки турга бўлинади. Табақа билан ўсувчи ёки қатлам билан ўсувчи. Бу уч турни фарқлашимиз учун қуйидаги мисоллларни келтирамиз:
а) Нисбатли солиқ. 5000 га 10% солинса 500 бўлади;
б) Ўсувчи солиқнинг табақа билан ўсувчи тури:
Табақа Миқдори
1. 1 дан 1000 гача ҳеч нарса тўламайди.
2. 1001 дан 2000 гача 5% тўлайди.
3. 2001 дан 3000 гача 10% тўлайди.
4. 3001дан 4000 гача 15% тўлайди.
5. 4001 дан 5000 гача 20% тўлайди.
в) Ўсувчи солиқнинг қатлам билан ўсувчи тури:
Қатлам Миқдор
1.1 дан 1001 гача ҳеч нарса тўламайди.
2. 1001 дан 2001 гача 5% тўлайди.
3. 2001 дан 3001 гача 10% тўлайди.
4. 3000 дан 4001 гача 15% тўлайди.
5.4001 дан 5001 гача 20% тўлайди.
Ўсувчи солиқ турида 5000 маблағга қуйидагича солиқ солинади.
Биринчи мингликда ҳеч нарса йўқ.
Иккинчи мингликда 1000 дан 5% = 50.
Учинчи мингликда 1000 дан 10% = 100.
Тўртинчи мингликда 1000 дан 15% = 150.
Бешинчи мингликда 1000 дан 20% = 200.
Жаъми (Total) солиқ = 500 реал.
Шаръий томондан қараганда ўсувчи солиқ муноқашасини қуйида зикр қиламиз:
а) Маълумки закот нисбий мажбуриятлар жумласидан бўлиб, ўсувчи солиқлар қаторига кирмайди. Нақд пуллар ва тижорат молларидан 2,5%, суғориладиган ер экин ва меваларидан 10% лаълмикор ер хосилидан 5%, конлардан 20% миқдорда олинади.
б) Баъзилар закот ҳам ўсувчи солиқлар жумласига киради деб, бунга чорва молларининг закотини мисол келтиришади. Балки улар чорва моллари закотининг жадвали ўсувчи солиқлар жадвалига ўхшаганлиги учун шундай дейишса керак. Закот жадвалида ҳайвон сони кўпайса закот ҳам ортади. Лекин олинадиган закот умумий маблағнинг 2,5% идан ортмайди.
Туя закотининг жадвали.
Адади Бериш миқдори
1 тадан 4 тагача ҳеч нарса йўқ.
5 тадан 9 тагача битта қўй.
10 тадан 14 тагача иккита қўй.
15 тадан 19 тагача учта қўй.
20 тадан 24 тагача тўртта қўй.
25 тадан 35 тагача битта бинту махоз.
36 тадан 45 тагача битта бинту лабун.
46 тадан 60 тагача битта ҳиққа.
61 тадан 75 тагача битта жазаа.
76 тадан 90 тагача иккита бинту лабун.
91 тадан 120 тагача иккита ҳиққа.
Агар туя сони 120 тадан ошса ҳар 40 та туяга битта бинти лабун, ҳар 50 тага битта ҳиққа қўшилиб бораверади.
Қўй-эчкилар закотининг жадвали.
Адади Бериш миқдори
1 тадан 39 тагача ҳеч нарса йўқ.
40 тадан 120 тагача битта қўй.
121 тадан 200 тагача иккита қўй.
201 тадан 299 тагача учта қўй.
Сўнгра ҳар юзта қўйга битта қўй қўшилиб боради.
Сигирнинг закот жадвали.
Адади Бериш миқдори
1 тадан 29 тагача ҳеч нарса йўқ.
30 тадан 39 тагача табиъ ёки табиатун.
40 тадан 53 тагача мусинн ёки мусинна.
60 тадан 69 тагача иккита табиъ.
70 тадан 79 тагача битта мусинна ва битта табиъ.
80 тадан 89 тагача иккита мусинна.
90 тадан 99 тагача учта табиъ.
100 тадан 109 тагача битта мусинна ва иккита табиъ.
Ҳудди шу каби ҳар 30 тада битта табиъ ва ҳар 40 тада битта мусинна бериб борилади.
(Туя ва сигирларнинг луғатлари:
1. Бинту махоз – ҳомиладор туянинг қизи дегани, бир ёшга тўлиб икки ёшга қадам қўйган туя боласи.
2. Бинту лабун – сутли туянинг қизи дегани, икки ёшга тўлиб уч ёшга қадам қўйган туя.
3. Ҳиққа –минишга ҳақли бўлди деган маънода, уч ёшга тўлиб, тўрт ёшга қадам қўйган туя.
4. Жазаа – барваста гавдали дегани, тўрт ёшга тўлиб бешга қадам қўйган туя.
5. Табиъ – онасига эргашиб юрган маъносида, бир ёшга тўлган бузоқ.
6. Табиатун –бир ёшли бузоқнинг урғочиси.
7. Мусинн – тиши чиққан маъносида, икки ёшга тўлиб учга қадам қўйган эркак бузоқ.
8. Мусиннатун – икки ёшли бузоқнинг урғочиси).
Юқоридаги жадвални яхшилаб ўрганиб чиқсак чорва молларининг закоти ҳам нисбатли эканлиги, ўсувчи солиқлар жумласига кирмаслиги маълум бўлади. Демак бунда ҳам ўртача ҳисобда нақд пуллар ва тижорат молларидан олингани каби олинадиган закот 2,5% га тўғри келяпти.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туя, қўй ва сигир тўғрисидаги айтган ҳадислари ҳам бу сўзимизни қувватлайди:
“Ҳар қирқ туядан битта бинти лабун олинади” .
“Ҳар қирқта қўйдан битта қўй” .
“Албатта ҳар қирқта сигирдан битта мусинна” .
в) Гоҳо молларга ўсувчи солиқларни солишнинг ҳеч қандай ҳожати йўқ. Модомики молнинг асли ҳалол бўлиб, унда рибо, қимор монополия, пора, алдамчилик, ғибн (ноаниқлик), нажш (нархда кўпга алдаш) зулм ва бошқа шу кабилар аралашмаса, унга ўсувчи солиқ солишнинг нима кераги бор?! Агар мол ҳаромдан топилган бўлса, бундай фойда ноҳақлик билан бировдан олиб қўйилган ҳисобланади. Шундай экан уни эгасига қайтариш лозим. Давлат ҳам ушбу молга ўсувчи ёки нисбатли солиқ сола олмайди. Агар ўсувчи солиқлар солишдан давлатнинг мақсади умумий ортиб бораётган нафақаларни қоплаш бўлса, буни шаръий бўлган бошқа йўллари бор. Давлат мулкини ўстириш учун хорожни олиш мумкин, нисбий солиқларни кўпайтириш мумкин, хайр-садақага одамларни қизиқтириш ҳам мумкин ёки умумий қарз олиш, яна молиявий мажбуриятларни тўламасликдан ман қилиш, бой-бадавлат, мансабдорларнинг кўнглига қарашни йўқотиб, улардан ҳам молиявий мажбуриятларни талаб қилиш ва шу каби йўллар орқали давлат хазинасига маблағ тушуриш мумкин. Яна шу билан бирга исроф, беҳудалик ва ҳою-ҳавас каби нарсаларга сарф-харажат қилишдан ҳам оммани қайтариш лозим бўлади. Агар ўсувчи солиқлар орқали бойликлар ва даромадларни ўзаро тафовутини чегаралаш мақсади бўлса, бунинг ҳам, шариатга мувофиқ ўзига яраша, меросни бўлиш, ўлжаларни тақсимлаш ва ҳоказолар каби йўллари бор.
г) Ўсувчи солиқлар хусусида ҳамаср уламоларнинг шаръий мулоҳазаларига қарасак улар ўртасида жуда оз ихтилофни кўрамиз ва яна шу билан бирга бу бобда олиб борилган бахслар ҳам етарли эмас. Баъзи пайтларда айрим олимларимизнинг сўзларидан ўсиб борувчи солиқларни ман қилмаслик керак деган сўз тушунилса , бошқа уламолар эса уни очиқ-ойдин ман қилиш лозим деб айтишади .
д) Ўсиб борувчи солиқларга назар солсак, баъзи мутахасислар фикрича уни дуруст деб кўрамиз. Чунки бунда молиявий мажбуриятлар бойлар зиммасига юкланиб, фуқароларга эса енгиллик вужудга келади. Бой ва камбағаллар ўртасида солиқлар эвазига нисбий тенглик ҳосил бўлади. Агар ўсиб борувчи солиқ татбиқ қилинса, уни маъқул даражада жорий қилиш лозим. Солиқ миқдори мусодара қилиш даражасига етмаслиги, солиқдан кишиларни қочиш йўллари излайдиган миқдорда оғир бўлмаслиги, яна кишилардаги иқтисодий ғайратни сўндирадиган даражада бўлмаслиги зарурдир.
е) Сарфдаги тенгликнинг асоси нақд пулларнинг манфаат ҳудудидаги тенглик асосида бўлмоқлиги зарур. Ушбу қоида мусулмон уламолари учун янгилик эмас.
Имом Шофеъий шундай дейди: “Ўта қийналиб қолган фақирга нисбатан бир динор пул катта кўринади, аммо тўлиб-тошиб кетган бой учун юзлаб динорлар ҳам арзимас нарса ”.
Имом Жувайний айтади:
“Фақир тангани катта санаса, подшоҳга нисбатан қинторлар (катта-катта уюмлар) оз кўринади ”.
Иззудин ибн Абдуссаллом тенглик миқдорларда эмаслигини айтиб: “Нима нарсангни қурбон қила олишингга қараб тенгликни белгиласа бўлади”, деган .