“Рўза” арабчада “Савм” дейилиб луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқ, сақланмоқ маъноларини билдиради. Шариат истилоҳида эса, тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир. Рамазон ойи рўзасини тутмоқ 2 – ҳижрий санада фарз қилинган.
Рамазон рўзасининг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Булар: 1 – Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Аллоҳ рўза оятининг охирида: “Шоядки, тақво қилсангиз”, деган. Аллоҳнинг “шоядки” дегани “албатта” маъносидадар.
2-Рўза туфайли рўзадор соғлигини тиклаб олади. Бир вақтлар худосизлар рўзани соғлиқ учун кони зарар деб, одамларни мажбурлаб рўзасини очирган бўлса, бугун барча бир овоздан рўзанинг соғлиққа фойдалари ҳақида гапиряпти. Яқинда Россия олимлари рўза йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилди. Натижа ҳайратлантирадиган даражада муваффақиятли якунланди.
Рўза ҳавои нафсни синдиради. Рўза тутган киши иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиш билан ҳавойи нафсини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучаяди, ҳавои нафсини жиловлаб олади. 4–Рўза туфайли инсон шайтонга қаҳр кўрсатади. Шайтони лаин инсонни ёмонликки буюриши маълум. Инсон рўза ва шунга ўхшаш ибодатлар туфайли шайтонга қарши бориб, унга қаҳр қилади. 5 – Рўза билан рўзадорнинг қалби мусаффо бўлади. Рўза туфайли инсон доимо Аллоҳни ҳис қилиб туради. Бу эса киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. 6 – Рўза туфайли рўзадорнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир. 7-Рўзадор рўзаси туфайли фаришталар сифати билан сифатланади. Маълумки емаслик, ичмаслик, жинсий яқинликдан тийилиш, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. 8-Рўзадор рўза туфайли сабр бардошли киши сифатига эга бўлади. 9 – Рўза рўзадорда раҳм шафқат сифатини шакллантиришга ёрдам беради. Рўзадор ихтиёрий оч қолиб, бева – бечора, камбағалларга нисбатан меҳр – шафқатли бўлиб, доимо уларга яхшилик қилиш кераклигини ҳис қилиб туради.
Рўза янги ибодат эмас, балки барча динларда қадимдан бор бўлган ибодатдир. Рўза барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам бор эди. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юриш ҳам рўза дейилган. Мисол: Насороларда ҳайвон озуқаларидан ўзини тийиш ҳам рўза дейилади. Уларнинг рўзаси қирқ кун бўлади. Баъзи динларда ойда 3 кундан рўза тутиш фарз ҳисобланган.
Аллоҳ мусулмонларга рўзани 30 кун фарз қилди. Аллоҳ Бақара сурасининг 183 – 184 – оятларида шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
أَيَّامًا مَّعْدُودَاتٍ
“Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки тақво қилсангиз. Саноқли кунларда”,дейилган.
Рўза ушбу оят билан фарз бўлди. Яна Бақара сурасининг 185 – оятида шундай дейилган:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ
“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас рўзасини тутсин”.
Бундан аввалги оятда рўза “саноқли кунлар”да фарз қилингани айтилган эди. Бу оят ўша саноқли кунлар – Рамазон ойи эканини баён қилаяпти.
Набий (с.а.в): “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ маҳрум бўлибди”, дедилар.
Набий (с.а.в): “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мен учундир. Ва унинг мукофотини мен Ўзим бераман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи, уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандчилик бордир. Иккисини ҳамкўргай. Қачон ифтор қилса хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда рўзаси ила хурсанд бўлгай”, дедилар.
Бошқа бир ривоятда: “Одам боласининг ҳамма амалларининг савобиникўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригачадейилган.
Аллоҳ: “Магар рўза мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. Одам боласи шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур”, деди. Демак инсоннинг рўзадан бошқа ҳамма қилган амали ўзи учун бўлади. Чунки рўзадан бошқа ҳамма амалларда амал қилувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бироз хўжакўрсинлик, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, обрў-эътиборини талаб қилиш пайдо бўлади. Мисол учун намоз ўқиган одам жой танлаганда, намоз ўқиётганда бошқалар кўриб, бу одам намоз ўқияпти, яхши одам экан, деб ҳурмати ошади. Закот ҳам шундай. Ҳаж эса бутунлай шов-шув бўлиб кетади.
Набий (с.а.в): “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Раййон деб номланур. Қиёмат куни рўзадарлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. “Рўзадор қаерда?” деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у беркитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас”, дедилар.
عن ابى امامة رضى الله عنها يا رسول الله مرنى بأمر ينفعنى الله به قال عليك باالصيام فإنه لا مثل له رواه حاكم
Абу Умома (р.а): “Мен: “Эй, Аллоҳнинг расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг”, дедим. У зот (с.а.в): “Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир”,дедилар”.
Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в) шундай деганлар: “Ким Рамазонда иймонан ва иҳтисобан рўза тутса, унинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечилади”. (Муттафақун алайҳ). Муфассирлар “иймонан”ни Аллоҳга иймон келтириб, рўзанинг фарз эканига рози бўлиш, деганлар. “Ихтисобан”ни эса сабр – қаноат билан савоб ва ажрни умид қилиб тутиши деб тафсир қилганлар.
Рўзанинг фазилатларидан яна бири, рўза рўзадорни қиёмат куни шафоат қилишидир. Абдуллоҳ ибн Умар (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганларини ривоят қилган: “Рўза ва Қуръон бандани қиёмат куни шафоат қилур. Рўза: “Эй Роббим! Мен уни таом ва шаҳватдан тўсган эдим, мени деб уни шафоат қил” деса, Қуръон: “Мен уни кечаси уйқудан тўсган эдим. Мени деб уни шафоат қил” дейди. Бас иккови шафоат қилади”.
Бир ривоятда келишича Юсуф (а.с) га: “Ер хазиналари қўлингда бўла туриб, нима учун оч юрасан?” дейилганда у киши: “Очларни унутиб тўйишдан қўрқаман” деганлар.
Абу Сулаймон Дороний: “Агар нафс оч қолса ва чанқаса қалб покланади ва юмшайди. Агар у тўқ бўлса, қалб кўр бўлади” деган.
Салафлардан бири: “Очлик охират калити ва зуҳд эшигидир. Тўқлик эса дунё калити ва рағбат эшигидир” деган.
Луқмони Ҳаким ўғлига: “Эй ўғлим, агар қорин тўқ бўлса, фикр ухлайди, ҳикмат тилдан қолади ва аъзолар ибодатдан тўхтайди” деган.
Абу Язид Бастомий (р.а): “Очлик булутга ўхшайди, агар банда оч бўлса, қалбга ҳикмат ёмғирдай ёғилади” деган.
Имоми Шиблий (р.а) “Аллоҳ учун бир кун оч юриб, қалбимда олдин кўрмаган ҳикмат ва ибрат эшиги очилганини кўрдим” деган.
Ҳазрати Оиша (р.а): “Расулуллоҳ (с.а.в)дан кейин содир бўлган энг биринчи бидъат тўқлик бўлди” деганлар.
Рўзани тарк қилиш гуноҳи кабира ҳисобланади.